الغفلة

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, даврамизга хуш келибсиз, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини восита қилиб сўрайман, бу дунёда барчамизни доимо Ўзининг тоатида бирга қилсин, охиратда эса Ўзининг жаннатида ва улуғлик ҳовлисида ҳам ҳаммамизни жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган зот билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг хожаси ва бунга қодирдир.

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимизни «Ғафлат» деб атадик. Одатимизга кўра, уни қуйидаги бир неча моддага бўлиб олиб борамиз:

    • Биринчи: Дунёга берилиш ва охиратдан ғофил бўлиш.
    • Иккинчи: Аллоҳ ва Расулининг амрларини енгил санаш.
    • Учинчи: Ғоядан ғофил бўлиш.
    • Тўртинчи: Аллоҳ сари шошилингиз.

    Диққат-эътибор билан тинглашингизни, бутун вужудингиз қулоққа айланишини умид қиламан. Зеро, суҳбатимиз мавзуси бугунги кунимиз учун ғоят долзарб мавзулардан биридир. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини, кўзларимизни муваҳҳидларнинг ғалабаси ҳамда Исломнинг ва мусулмонларнинг азизлиги билан қувонтиришини сўрайман. У бунга Қодир Зотдир.

    Дунёга берилиш ва охиратдан ғофиллик

    Аллоҳ таоло айтади: «Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни қиёмат қойим бўлиши) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгирувчидирлар. Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма — оят келар экан, албатта уни масхара қилиб, диллари ғофил бўлган ҳолларида тингладилар» (Анбиё: 1-3).

    Ғофилларни қаттиқ силкитувчи сўзлар… Ҳисоб-китоблари яқинлашмоқда, улар эса ғафлатдалар!! Парвардигорнинг оятлари тиловат қилинади, улар эса юз ўгирадилар.. . Чунки, улар ўйин-кулги билан, ботил ишлар билан бандлар, йўқ бўлиб кетувчи матолар билан оворалар.

    «Диллари ғофил бўлган ҳолларида»… Аллоҳдан ғофил бўлган қалб эгаси гарчи неъматларга ғарқ бўлиб, роҳат-фароғатда ҳаёт кечириб турган бўлса ҳам, аслида бахтсиз ва танг ҳаёт ичида бўлади. Бахтсизлик эса Аллоҳдан юз ўгиришнинг самарасидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубхасиз қаттиқроқ ва узунроқдир» (Тоҳа: 124-127).

    Бахтсизлик залолат натижасидир, танг ҳаёт юз ўгириш самарасидир.

    Севикли дўстларим! Мусулмон киши Аллоҳдан юз ўгириши қизиқ эмасми?!

    Мусулмон киши умрининг кўп қисмини ўз Хожасидан ғофилликда ўтказиши қизиқ эмасми?!

    Ўзига бўлган Аллоҳнинг неъматлари унинг фақат юз ўгиришини ҳамда исён ва залолатини ошириши, Аллоҳнинг унга ҳалимлик қилиши, унинг гуноҳларини ўраб-яшириши унинг фақат залолатда чуқурлашишини, Аллоҳнинг амрларини назар-писанд қилмаслигини ва Ундан юз ўгиришини зиёда қилиши қизиқ эмасми?! Бир хил одам бўладики, Аллоҳ унга неъматларини тўхтовсиз бераётганига алданиб; Аллоҳ мени яхши кўргани учун бу неъматларини бермоқда, агар шу неъматларга муносиб бўлмасам, Аллоҳ ҳаргиз уларни менга бермаган бўларди, деб ўйлайди. Шу билан гуноҳларда давом этади, тоатларга бепарво бўлади. Бу бечора билмайдики, бу унга Роббул оламин томонидан қилинаётган истидрождир (яъни, ўзларига сездирмасдан секин-аста ҳалокатга етказишдир). Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбарлар саййиди айтганидек: «Агар Аллоҳ таолонинг маъсиятларга ботган бир бандага у яхши кўрадиган нарсаларни бераётганини кўрсангиз, билингки, бу Унинг тарафидан истидрождир» Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг: «Энди  ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутган вақтларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар. Бутун оламларнинг Парвардигори  Аллоҳга ҳамд бўлсинки, золим қавмнинг думлари қирқилди (ҳалок қилиндилар)» (Анъом: 44, 45) оятларини ўқидилар». (Аҳмад, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилганлар, Ҳофиз Ироқий ва шайх Албоний саҳиҳ санаганлар).

    Бир хил одам бўладики, Аллоҳнинг унга бўлган ҳалимлигидан алданиб, Аллоҳнинг халқларига ва Аллоҳнинг бандаларига зулм қилади, одамларни Аллоҳнинг йўлидан ва Аллоҳнинг давъатидан тўсади, гуноҳу маъсиятларга ғарқ бўлади. Лекин, Аллоҳ азза ва жалла унга жазо беришни кечиктиради ва уни гуноҳлари билан ушламайди. Шунда бу бечора маъсиятни ҳақир ва гуноҳни арзимас нарса деб ўйлаб қолади, агар гуноҳ Аллоҳ наздида оғир иш бўлганида эди, Аллоҳ мени гуноҳимга яраша жазоимни берган, уни ортга суриб ўтирмаган бўларди, деб ўйлайди. Бу бечора билмайдики ё ўзини билмасликка соладики, Аллоҳ таоло муҳлатни кечиктириб туради, холос, уни эсидан чиқариб қўймайди ё бепарво қарамайди. «Саҳиҳайн»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло золимни маълум вақт ташлаб қўяди. Токи (бир куни) уни (азоб билан) ушлаганида, қутулиб кета олмайди», дедилар, сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102).

    Айрим одамлар бутун борлиғи билан дунёга шўнғиб кетади, бор вақтини, бутун ҳаракатини, фикри-зикрини унга сарфлайди. Бутун ғами дунё бўлиб қолади, унга эришиш йўлида ҳамма нарсадан, ҳатто охиратидан ҳам кечиб юборади.

    Яна шу ҳолида: «Биз Аллоҳга гумонимизни яхши қиламиз» (яъни, Унинг раҳматидан умидвормиз), дейишади. Агар гумонларини яхши қилишганда эди, амалларини ҳам яхши қилишган бўларди.

    Бу хил одамлар Аллоҳнинг йўлига йўлланмайдилар, эслатилса, эслатма олмайдилар, насиҳат қилинса, қабул қилмайдилар. Садоқатли ва омонатли одам уларни Аллоҳ йўлига йўлласа, унинг устидан куладилар, ўзларини бу ишга ҳеч қандай алоқаси йўқ одамдек тутадилар.

    Бутун ташвиши дунё… Бор мақсади дунё топиш… Ҳамма куч-тоқатини шу дунё учун сарфлаган, дунё у учун холис амаллари ва холис ибодати билан юзланадиган илоҳга айланиб қолган.. ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азийм.

    Шунча ҳоли билан дунё матосидан Аллоҳ таоло у учун белгилаб қўйганидан ортиқча ҳеч вақога эришолмайди!! Анас, Ибн Аббос, Зайд ибн Собит ва бошқалардан – розияллоҳу анҳум – ривоят қилинган ҳадисда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг ишини тирқиратиб ташлайди ва фақирлигини икки кўзи ўртасига қилиб қўяди ва Аллоҳ унинг шамлини (бирлигини) тарқатиб ташлайди, дунёдан эса унга фақат ўзига тақдир қилиб қўйилган нарсагина келади. Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига беҳожатликни жо қилади, унинг шамлини (тарқоқ ишларини) жам қилади, дунё унга ўз ихтиёри билан келади» (Термизий (№2467) ривояти, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№949) саҳиҳ санаган).

    Ахир Аллоҳ таоло айтиб қўймаганми: «Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2, 3).

    Ахир Аллоҳ таоло айтиб қўймаганми: «Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик» (Аъроф: 96).

    Ахир Аллоҳ таоло айтиб қўймаганми: «Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур. Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!» (Нуҳ: 10-13).

    Аллоҳ жалла ва ало дунёга берилиб кетишдан ва охиратдан ғофил бўлиб қолишдан қаттиқ огоҳлантириб айтган: «(Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни ўлиб, қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди!» (Такосур: 1, 2).

    Яъни, сизлар дунё ва унинг йўқ бўлиб кетувчи ноз-неъматларига машғул бўлиб қолдингиз ва қабрга кириб, бор ҳақиқатни ўз кўзларингиз билан кўргандан кейингина огоҳландингиз.

    Қуръоннинг «қабрларни зиёрат қилиш» ибораси билан ифодалашида бир латиф ишора борки, қабрга қўйилган маййит гўё бир зиёрат қилувчидир ва албатта унинг зиёрати ниҳоясига етади ва бир кун келиб, Парвардигори ҳузуридаги ҳеч нарсани унутмай ва қолдирмай ёзиб қўйилган китобида (номаи аъмолида)ги ўзининг амалларини кўриш учун қабридан чиқиб келувчидир.

    Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг, (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдириб (аввал — киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир). Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)(У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик. Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни, Қиёматни пайдо) қила олмас, деб ўйлагандирсизлар?!» (Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлғай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 45-49).

    Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7, 8).

    Сиз шу оятларни эшитганмисиз ё ўқиганмисиз?!

    Ким дунёга рози бўлиб, фақат у билангина хотиржам бўлса, бундай одам Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлиши, нафақат умидвор бўлиши, буни хаёлига келтириши ҳам амри маҳолдир.. Хўш, нима учун шундай?!!

    Чунки, у дунё ҳаётининг ўзигагина рози бўлди, фақат ўша билан хотиржам бўлди.. Яъни, фақат дунёсини обод қилди, охиратини эса хароб қилди!!

    Энди обод ўриндан хароба жойга ўтишни истамайди.

    Ахир ким ҳам обод ва яшнаган масканни тарк этиб, харобазор ва чўл-саҳрога кўчиб ўтгиси келарди?!! Бундай бўлиши мумкинмас!! Биз дунёмизни обод қилдик, охиратимизни эса хароб қилдик, шунинг учун ўлимдан қўрқамиз, шунинг учун ўлимни ёмон кўрамиз! Чунки, обод масканимиздан харобазорга кўчиб ўтишни истамаймиз!

    Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7, 8).

    Ҳа, инсон дунё косасидан истаганича сипқоради, нафси кусаганича симиради, охират ишларини эса пайсалга солади, уларни эсга соладиган ҳамма нарсадан кўз юмади. Охират ҳақида фикр юритмайди.. Аксинча, охиратни эсга солувчи Қуръон оятлари ўқилганда қўрқиб, қулоқларини беркитади!.. Ваъз-насиҳатлар ёзилган магнит тасмасини кўздан узоқроққа яшириб ташлайди!..

    Ўз нафси олдида ўзини шармандаи шармисор қилишдан қўрқади, Аллоҳга чорловчи бирон шарит (кассета) эшитишни истамайди, Аллоҳнинг бирон бир амрини етказувчи сўзни эшитгиси келмайди, Аллоҳ қайтарган нарсадан тийилишни истамайди, Аллоҳ белгилаб берган ҳад-ҳудудларда туришни истамайди!!

    Эй ғофиллар ва эй қобиллар! «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни хайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдовчи матодир» (Ҳадид: 20).

    Бу Парвардигоримиз жалла ва алонинг каломидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони карим баён қилиб берган ушбу ҳақиқатлар жилосини яна-да сайқаллаб, яна-да очиқлаб берганлар. Қуръон таъкидлайдики, ким Аллоҳдан ғофил бўлса ва Аллоҳни унутса, Аллоҳ уни ўзига ўзини унуттириб қўяди.

    Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган (яъни, У зотнинг амр-фармонларига итоат этмаган), бас (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган (яъни, ўзларига охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиртириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир! Дўзах эгалари билан жаннат эгалари баробар бўлмас. Жаннат эгалари (бахт-саодатга) эришувчи зотлардир» (Ҳашр: 18-20).

    Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди» (Тавба: 67).

    Аллоҳ таоло айтади: «Бас (эй кофирлар), ушбу кунингиздаги учрашувни унутиб қўйганларингиз сабабли (аламли азобни) тотингиз! Дарвоқе, Биз Ҳам (бугун) сизларни «унутдик». Қилиб ўтган амалларингиз сабабли мангу азобни тотингиз!» (Сажда: 14).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу маъноларни таъкидлаганлар, дунё биз учун ғояга айланиб қолмаслиги учун бизга унинг моҳиятни баён қилиб берганлар. «Саҳиҳайн»да Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтганлар: «Қасамки, мен сизларга камбағаллик (зараридан) қўрқмайман, балки дунё сизларга худди аввалгиларга мўл-кўл қилингани каби мўл-кўл қилиб қўйилишидан ва сизлар ҳам улардек дунё йиғишда мусобақалашиб, оқибатда бу уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман» (Имом Бухорий (8/12) ва Имом Муслим (4/2273, 2274) ривоятлари).

    Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дунё яшнаб турган, ширин нарсадир. Аллоҳ азза ва жалла қандай амал қилишларингизни кўриш учун сизларни унда халифа қилган. Шундай экан, дунёдан эҳтиёт бўлинглар ва аёллардан эҳтиёт бўлинглар!..» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 911).

    «Сунанут-Термизий»да келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг пашша (искабтопар) қанотичалик қиймати бўлганида, кофирга ундан бир қултум сув ҳам ичирмас эди».

    «Саҳиҳ Муслим»да Анас розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дўзах аҳлидан бўлган, дунёда ҳисобсиз ноз-неъматлар берилган киши олиб келиниб, дўзахга бир ботириб олинади-да, ундан: «Эй одам боласи, (дунёда) бирон яхшилик кўрдингми? Сенга бирон неъмат берилганмиди?» деб сўралади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Роббим», дейди. Кейин жаннат аҳлидан бўлган, дунёда турли машаққатларни бошидан ўтказган киши олиб келиниб, уни бир марта жаннатга киргизиб чиқарилади-да сўнгра ундан: «Эй одам боласи, (дунёда) бирон бир машаққат кўрганмидинг? Бошингга бирон бир қийинчилик тушганмиди?, деб сўралади. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Эй Роббим, ҳаргиз машаққат кўрмадим ва бошимга бирон қийинчилик ҳам тушмади», дейди».

    «У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар Унинг (Аллоҳнинг) изни билангина гапирур. Бас, у (Кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам. Бас, энди бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фарёд қилурлар. Улар унда осмонлар ва Ер бор экан (яъни абадий) қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳлаган (тавҳид аҳлидан бўлган осийларни дўзахда бир муддат турганларидан кейин чиқариши бундан мустаснодир). Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилувчи зотдир! Энди бахтиёр зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмон­лар ва Ер тургунча (яъни тоабад) турурлар, магар Парвардигорингиз (дўзахда бир муддат туришларини) хоҳлаган (тавҳид аҳлидан бўлган осийларнинг жаннатга киришларининг кечиктирилиши бундан мустаснодир). Бу (яъни жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас инъомидир» (Ҳуд: 105-108).

    Эй Аллоҳим, Ўзингнинг фазлинг ва раҳматинг билан бизларни саодат аҳлидан қилгин, амалларимиз сабабли бадбахт кимсалар қаторида қилиб қўймагин. Сен бунга қодирсан, эй оламлар Парвардигори!

    Севикли дўстим! Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига ва улардан кейин келувчи содиқ мўминларга қуйидагидек васият қилардилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй Ибн Умар, дунёда бир ғариб ёки йўловчидек бўлгин». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтардилар: «Кун ботса, тонгни кутма (яъни, тонггача яшайман деб ўйлама). Тонг отса, кеч киришини кутма. Касалликдан олдин соғлигингни, ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил» (Имом Бухорий ривояти).

    Шеър мазмуни:Аллоҳнинг хўп оқил бандалари бор,
    Дунёни талоқ қилдилар ва фитналардан қўрқдилар.
    Дунёга боқиб, унинг тириклар учун ватан эмаслигини билдилар,
    Уни тўлқин билиб, солиҳ амалларини кемага айлантирдилар.

    Севикли биродарим! Умид қиламанки, сиз мазкур оят ва ҳадисларни нотўғри тушуниб қолмайсиз. Биз уларни келтириш билан одамларни дунёдан бутунлай юз ўгиришга чақирмоқчи эмасмиз. Йўқ, асло ундай эмас. Ислом дини иш-амал дини, жиддийлик дини, қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиш динидир. Шу билан бир қаторда биз одамларнинг охиратни бой бериш ҳисобига дунёга шўнғиб кетишларини истамаймиз. Истаймизки, улар на ҳаддан ошсинлар ва на сусткашликка йўл қўйсинлар. Билсинларки, Ислом бир вақтнинг ўзида дин ва дунёдир.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб дуо қилардилар: «Аллоҳим, мен учун ишимнинг тутқичи бўлган динимни, тирикчилигим бўлган дунё ҳаётимни, оқибатим унда бўлган охиратимни ислоҳ этгайсан! Ҳаётни мен учун барча яхшиликларнинг зиёдаланиши, ўлимни мен учун барча ёмонликлардан роҳат қилгайсан!» (Имом Муслим ривояти).

    Қаранг, дин билан дунё ўртасини қандай гўзал суратда жамланди бу ҳадисда!

    Дунё охиратнинг экинзоридир. Қуръонда ва Суннатда дунё ҳақида айтилган ҳар қандай айбу-мазаммат унинг замонига ё маконига ё унда содир бўладиган яхшиликлар ва неъматларга қаратилган эмас.

    Зеро, унинг замони бўлмиш кеча ва кундузни Аллоҳ таоло эслатма-ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун бирин-кетин келувчи қилиб қўйгандир.

    Унинг макони бўлмиш ер юзини Аллоҳ таоло одамзотга маскан-қароргоҳ қилиб қўйди, унда бўлган яхшилик ва неъматлар – само, дов-дарахт ва ўт-ўланлар, анҳору-булоқлар, хазиналар ва денгизларни Аллоҳ таоло бандалари учун неъмат қилиб қўйди.

    Ундай бўлса, дунё ҳақида келган мазамматни қандай тушуниш керак?! Унинг тафсири нима, шарҳи қандай?!

    Жавоб шуки, Қуръон ва Суннатда дунё ҳақида ворид бўлган мазамматлар асосан юқорида бир қисмини айтиб ўтганим каби дунёда қилинадиган, Аллоҳ жалла ва ало рози бўлмайдиган ҳар қандай маъсиятларга қарши қаратилган. Оқил инсон дунёнинг ҳақиқатидан огоҳ бўлиб, дунёсини охирати учун экинзорга айлантириб олувчи кишидир. Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Дунё унга нисбатан ростгўй бўлган кишига ростгўйлик ҳовлисидир, ундан озуқа олувчи киши учун ғанийлик ҳовлисидир, уни яхши тушунган киши учун неъматлар ҳовлисидир. У Аллоҳнинг ваҳийси нозил бўлган ўриндир, унда пайғамбарларининг намозгоҳлари мавжуд. У Аллоҳнинг дўстларининг тижоратгоҳидир, улар унда раҳматни фойда қилиб олдилар ва жаннатни топдилар».

    Ушбу ҳақиқатни яхши англаб олмоқ лозим. Чунки, кўпчилик биродарлар дунё ҳақида сўзлаган пайтларида уларнинг сўзларидан дунёда неъмат соҳиби бўлган ҳар қандай одам хорликка гирифтор бўлган ва жарликка қулаган деган маъно чиқади. Бундай дейиш ярамайди, бу чуқур ўйланмай айтилган гап бўлиб қолади.

    Биз масалани Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда огоҳлантирган муҳим нуқтага қаратишимиз лозим. Яъни, «ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар», дунёга берилиб, охиратдан ғофил бўлиб қолганлар!!.. Қабрга киришини унутган, Аллоҳ ҳузурида туришини унутган, амаллари тарозида ўлчанишини унутган, номаи аъмоллари берилишини унутган, жаннат ва дўзахни унутган кимсалар!! Ундай кимсани кўрасизки, дуч келган ишдан қайтмайди, усти бут, қорни тўқ бўлса, яхши еб-ичса, ўйнаб-кулса бас!! Ўзини мусулмонликка нисбатлайди, бироқ Исломнинг амрини қилмайди, Ислом қайтарган нарсадан қайтмайди, Ислом ўрнатиб қўйган ҳад-ҳудудларда турмайди.

    Аллоҳ таоло айтади: «Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» (Аъроф: 179).

    Бу турдаги одам Қуръон ибораси билан айтганда, чорва ҳайвонларидек, балки улардан ҳам баттарроқ ва адашганроқдир.

    Кўзи бору кўрмайди!! Қулоғи бору эшитмайди!! Қалби бору англамайди!! Кўзи билан фақат ҳаромга назар солади!! Қулоғи билан фақат ҳаромни эшитади!! Дили билан Қуръону ҳадис сўзларини фикрламайди ва англамайди!!

    Мусулмон биродарлар! Ўзини Исломга мансуб деб билган қанчадан-қанча одам борки, ғафлатда юрибди. Диндан бирон нарсани билмайди, динга умуман алоқаси йўқ! Насиҳат қилсангиз, насиҳатланмайди. Насиҳатланиш у ёқда турсин, ҳатто сизни масхаралаб, устингиздан кулади. Бундан инсоннинг қалби эзилади, юраги пора бўлади.

    «Дарвоқе жинояткор  кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулувчи бўлдилар. Қачон (мўминлар) уларнинг олдидан ўтсалар улар бир-бирларига кўз қисишиб имо-ишоралар қилардилар. Қачон уйларига қайтсалар (мўминларни масхара қилиб озор берганларидан) роҳатланиб қайтардилар» (Мутаффифун: 29-31).

    Севикли дўстларим! Аввало ўзимга, кейин сизларга насиҳат қиламанки, мол-дунё йўқ бўлиб кетувчи соядир, мансаб ҳам бир куни кетади, сиз бугун ўтирган амал курсисига сиздан олдин юзлаб, минглаб, балки миллионлаб одамлар ўтирган… Сиздан кейин ҳам минглаб, миллионлаб одамлар ўтирса ажаб эмас ҳали. Аллоҳ номи билан сўрайман, бу курсингиз сизни жаннатга олиб борсин, у сизни дўзахга етказиб қўйишидан эҳтиёт бўлинг. Такрор айтаманки, курси ва мансаб кетади, мол-дунё йўқ бўлади. Зеро, мол қайтариб олинадиган орият (вақтинча фойдаланиб туриладиган нарса), дунё ҳаёти ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир, умр ҳар қанча узоқ бўлмасин, барибир бир кун қабрга кириш бор. Шундай экан, дунёни охират экинзорига айлантириб олинг, охиратни ҳеч қачон эсдан чиқарманг!

    «Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар. Ер (яъни маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди, китоб – номаи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди» (Зумар: 68, 69).

    Севикли дўстларим, Аллоҳ таолодан барчаларимизни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

    Иккинчи хутба

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

    Аммо баъд… Севикли дўстларим!

    Аллоҳ ва Расулининг амрларини енгил санаш

    Ғафлатнинг энг нохуш кўринишларидан бири – Исломга нисбатланувчи эркак ё Исломга нисбатланувчи аёл Аллоҳ ва Расулининг амрларига панжа орасидан қарашидир. Агар унга: «Аллоҳ азза ва жалла сизни ўз вақтида намоз ўқишга буюрган.. Аллоҳ азза ва жалла ибодатни Унинг Ўзига холис қилишингизга буюрган.. Аллоҳ азза ва жалла сизни Ўзининг шариатига бўйсунишга буюрган.. Аллоҳ азза ва жалла сизни – эй сингил – шаръий ҳижобга буюрган», десангиз, Аллоҳнинг амрига бепарволик билан қарайди, сизга: «Ҳозир ишларим кўп, бундай нарсаларга вақтим йўқ» деб жавоб беради!!

    Бу жуда кўп мусулмонларга маълум бўлган воқеликдир. Хонасида (офисида) ё дўконида ўтириб, азонни эшитади-ю, худди унга тааллуқи йўқдек, худди эшитмагандек, пинжини бузмай ўтираверади.

    Сиз агар: «Эй сингил, ҳижоб фарз», десангиз: «Аввал қаноат ҳосил қилишни истайман», дейди.

    Аллоҳ азза ва жалланинг амрларига, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига ўта бепарво қарайди. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган: «Сўнгра (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни (дин) ишидан бир ша­риат (аниқ-равшан йўл) устида (барқарор) қилдик. Бас, сиз (фақат мана шу йўлга) эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!» (Жосия: 18) деган сўзлар у зот воситаларида барча содиқ мўминларга қилинган хитобдир.

    Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир оқил шаръий жазолар борасида шариатга таъна қилишдек тубанликдан юксалиши лозим. Зеро, ҳадлар (шаръий жазолар) бандалар ўртасидаги муомалаларга тегишли боблардан бир бобдир, муомалалар эса шариатнинг кенг ва умумий қисмларидан бир қисмдир. Агар шариатдан сўзлайдиган бўлсак, дарҳол оғзимизга урмоқчи бўлишади: «Нима, қўл кесишни истайсизларми?! Зинокорларни тошбўрон қилишга ошиқяпсизларми?! Фалон-фалон ишни қилмоқчимисизлар?!.. Қон тўкишга, жон олишга ташнамисизлар?!!»..

    Йўқ!! Мутлақо ундай эмас!! Бир нарсани яхши тушуниб олиш лозимки, шаръий жазоларни қўллашнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари, шартлари мавжуд. Бир бурда нон илинжида ўғирликка қўл урган кишининг қўлини кесиш ва уни талафот ва ҳалокатга дучор этиш ақлсизлик бўлади..

    Биз динни яхши англаб олишимиз керак.. Ислом адолат ва инсоф динидир. Ислом башарият учун ҳамма замон ва маконларда яроқли диндир. Зеро, у Аллоҳнинг динидир.

    Инсонлар томонидан чиқарилган қонунлар замон ва маконга маҳдуддир. Чунки, уларни ишлаб чиққан инсон ўз замонига ва ўзи яшаб турган маконга маҳкум, инсоний заифлигига қарам, шаҳватларига қарам, нафс-ҳавосига қарам. Инсоннинг қонуни ўзи яшаб турган ўриндан бошқа жойни назарда тутмайди, ўзи яшаб турган замондан ташқарига чиқолмайди. Шу боис унинг чиқарган қонуни қосир ва ноқис бўлиб қолаверади. Аммо, Ўзи яратган халқини жуда яхши билувчи Буюк Яратувчи томонидан чиқарилган қонун ҳақиқий мукаммал қонун бўлади. Шундоқ экан, нега энди инсоннинг яратувчиси томонидан тузиб берилган, унинг саодати учун хизмат қилувчи қонунларга эътиборсиз қараш керак?!!

    «Сўнгра (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни (дин) ишидан бир ша­риат (аниқ-равшан йўл) устида (барқарор) қилдик. Бас, сиз (фақат мана шу йўлга) эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!» (Жосия: 18).

    Ҳақиқий, содиқ мўмин ушбу амри илоҳийни эшитгач дарҳол унга бўйсунади, зеро унинг шиори «эшитдик ва бўйсундик»дир.

    Тавҳидга буюрилса, «эшитдик ва бўйсундик» дейди.

    Намозга буюрилса, «эшитдик ва бўйсундик», дейди.

    Ҳижобга буюрилса, «эшитдик ва бўйсундик», дейди.

    Аллоҳ йўлида мол сарфлашга буюрилса, «эшитдик ва бўйсундик», дейди.

    Аллоҳнинг барча буйруқлари ва барча қайтариқларига нисбатан унинг жавоби: «эшитдик ва бўйсундик» бўлади:

    «Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи «эшитдик ва бўйсундик», (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топувчилардир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришувчилардир» (Нур: 51, 52).

    Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!» (Ҳужурот: 1, 2).

    Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар пайғамбарга овозни кўтаришнинг ўзиёқ амалларни бекорга чиқариб юборадиган бўлса, энди ақлини, фикрини, сиёсатини Аллоҳнинг сўзидан ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидан муқаддам қўядиган кимсанинг ҳоли нима бўларкин?!!».

    Мен бунга қўшимча қилиб айтаманки, агар овозни кўтаришнинг ўзи амалларни бекор қилиб юборадиган бўлса, энди Аллоҳнинг шариатини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини қолоқлик ва қосирликка, йигирманчи аср маданиятига мувофиқ келмасликка ва у билан ҳамоҳанг бўлолмасликка нисбат берадиган кишининг ҳоли нима бўларкин?!!

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг тоғутга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) тоғут уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди. Қачон уларга «Аллоҳ нозил қилган Китобга ва пайғамбар ўгитларига келинглар», дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз» (Нисо: 60, 61).

    Қуръон ибораси билан айтганда, эшитиб, бўйсунувчи киши мўминдир.. Юз ўгирувчи кимса эса мунофиқдир.

    Аллоҳ таолодан сизу бизни мунофиқликдан сақлашини ва барчамизни содиқ мўминлардан қилишини сўрайман, умматни Унинг шариатига чиройли суратда қайтаришини илтижо қиламан.

    Ғоядан ғофил бўлиш

    Муҳтарам ота, ҳурматли оға, азиз фарзанд, фазилатли опа ва сингил!

    Бизлар барчамиз уни яхши англаб олишимиз ва у учун яшашимиз, ундан асло ғофил бўлмаслигимиз зарур бўлган бир ғоя-мақсад учун яратилганмиз. Биласизми, у ғоя нимадан иборат?

    Аллоҳ таоло айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман» (Ваз-зариёт: 56, 57).

    Яратилишимиздан бўлган ғоя-мақсад мана, нимадан иборат!!

    Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади:

    «Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги бир энг тақводор инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмайди.

    Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз энг фожир инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимдан бирон нарсани камайтира олмайди.

    Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз бир жойга тўпланиб Мендан (ҳожатларини) сўрасалар ва Мен уларнинг ҳар бирига сўраган нарсасини берганимда ҳам, бу Менинг ҳузуримдаги нарсаларни игна денгизга ботирилганда (денгиз сувидан) қанчалик камайтирадиган бўлса, ўшанча миқдорда камайтиради.

    Эй бандаларим, мана шу амалларингиз, Мен уларни ҳисоблаб қўяман ва шунга қараб сизларга тўлиқ жазо-мукофот берурман. Ким яхши мукофотни топса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким бошқа нарсани топса, фақат ўзини маломат қилсин!» (Имом Муслим ривояти).

    Демак, яратилишимиздан мақсад-ғоя шу экан: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим».

    Ибодат намоз, закот, рўза ва ҳажга чекланмайди. Ибодат Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган ҳар қандай зоҳиру ботиндаги сўз ва амалларни ўз ичига олади.

    Аллоҳ сари шошилингиз

    Шошилиш ва чопиш икки хилдир: саодатли зотларнинг шошилиши ва бахтсиз кимсаларнинг шошилиши.

    Саодатли кишиларнинг чопиши Аллоҳ сари чопишдир.

    Бахтсиз кимсаларнинг чопиши эса Аллоҳдан қочишдир.

    Ҳар қандай ҳолда ҳам Ундан ҳаргиз қочиб қутулиш имконсиздир, нажот ва паноҳ фақат Унинг ўзидандир! Қочиб қаерга ҳам борардик?!!

    Аллоҳга қайт эй инсон!

    Эй ширк келтирган кимса!

    Эй осий банда!

    Эй гуноҳи кабираларга қўл уриб юрган шахс!

    Эй Лут қавмининг амалига гирифтор бўлиб қолган кимса!

    Эй намозни зое қилувчи!

    Эй закот беришдан бўйин товловчи!

    Эй ота-онасига оқ бўлган кимса! Аллоҳга қайт ва Унинг эшигини қоқ!! Ялиниб, ёлвориб қоқ эшигини, шунда албатта у сенга очилади!

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

    «Парвардигорин­гиз томонидан бўлғувси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз! (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик килувчиларни севади. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир» (Оли Имрон: 133-135).

    «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

    Парвардигорим, гуноҳларимизни ва ишларимиздаги хатоларимизни мағфират айла, қадамларимизни собит қил ва кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!

    Парвардигорим, ушбу муборак жамоатда бўлганлардан ҳеч биримизнинг бирон гуноҳимизни қолдирмай мағфират айлагин, ҳеч бир беморимизни қолдирмай Ўзинг шифо бергин, ҳеч бир қарзни қўймасдан Ўзинг ўтагин, ҳеч бир ғам-қайғуни қўймасдан Ўзинг аритгин, ҳеч бир маййитимизни қўймасдан Ўзинг раҳмат қилгин, ҳеч бир гуноҳкорни қўймасдан Ўзинг қалбини очгин ва ҳидоят қилгин, ҳеч бир тоат-ибодатли бандангни қўймасдан уни ибодатда яна ҳам зиёда ва саботли қилгин!

    Парвардигорим, гуноҳларимиз сабабли биздан юз ўгирмагин. Парвардигорим, Ўзинг бизга раҳм эт, Сенгина бизга раҳм қилувчисан! Сендан ўзга маъбудимиз йўқ, Сенгагина дуо қиламиз! Сендан ўзга парвардигоримиз йўқ, фақат Сендан умидвормиз!

    Эй ғарқ бўлаётганларни қутқариб қолувчи зот! Эй ҳалок бўлувчиларга нажот берувчи зот! Эй ҳар бир пичирлашни эшитувчи зот! Эй эҳсони буюк зот! Эй яхшиликлари туганмас зот!

    Эй Парвардигорим, гуноҳларимизни мағфират қилгин. Парвардигорим, айбларимизни ёпгин. Парвардигорим, қайғуларимизни кетказгин. Парвардигорим, ғамларимизни аритгин!

    Парвардигорим, амалларимизни солиҳ амаллар билан хотималантир.

    Парвардигорим, дунёни энг катта ғамимиз ва илмимиз билан эришадиган мақсадимиз қилмагин!

    Парвардигорим, ҳаётни биз учун барча яхшиликларнинг зиёдаланиши қилгин, ўлимни биз учун барча ёмонликлардан роҳат қилгин!

    Парвардигорим, нафсларимизга тақво бергин, уларни поклагин, Сен уларни энг яхши покловчи зотсан, Сен уларнинг эгаси ва хожасисан!

    Парвардигорим, модомики тирик эканмиз, қулоқларимиз, кўзларимиз ва куч-қувватимизни бизларга фойдали қилгин, бизга зулм қилганлардан қасосимизни олиб бергин, бизга душманлик қилганлар устидан нусрат ато этгин!

    Парвардигорим, Исломга нусрат ато этгин ва мусулмонларни азиз-ғолиб қилгин, Ўз фазлинг билан ҳақ сўзни олий қилгин!

    Парвардигорим, раҳбарларимизни фақат Ўзинг яхши кўрадиган ва Ўзинг рози бўладиган ишларга муваффақ этгин!

    Парвардигорим, бизларни ўрагин, шарманда қилмагин! Бизларни икром этгин, хор қилмагин! Одамларни фитна-имтиҳонга солишни истасанг, бизларни фитналанмаган ва расво бўлмаган ҳолда Ўз ҳузурингга олгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

    Севикли биродарим! Бугун сизларга етказмоқчи бўлган сўзларим шулардан иборат эди. Нимаики хато-нуқсон ва унутиш содир бўлган бўлса, у менинг ўзимдан ва шайтондандир, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен сизлар унинг устидан жаннатга юриб ўтадиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган бир кўприк бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ тилайман. Мен сизларга панд-насиҳат қилиб, ўзимни унутиб қўйишдан Аллоҳдан паноҳ тилайман.

    Саййидимиз Муҳаммадга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963