Аёллар учун Рамазон насиҳатлари (6-10)

    Олтинчи насиҳат

    Рамазон саховат ва эҳсон ойидир.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни садақа қилишга чақириб, шундай дедилар: «Эй аёллар! Садақа қилинглар ва кўп истиғфор айтинглар. Жаҳаннам аҳлининг кўпчилиги сизлардан эканини кўрдим»[1].

    «Эй аёллар! Тақинчоқларингиздан бўлса ҳам, садақа қилинглар»[2].

    Оиша разияллоҳу анҳо онамиз бир куни юз минг садақа қилиб юбордилар. Ўша куни рўзадор эдилар. Хизматчиси: «Инфоқ-эҳсон қилган нарсаларингиздан бир дирҳамига ифторлик қилишингиз учун гўшт сотиб олсангиз бўларди-ку?» деди. Оиша разияллоҳу анҳо айтдилар: «Агар эслатганингда, шундай қилган бўлардим».

    Рамазонда қилинган саховат бошқа ойда қилинган эҳсондан афзалдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда тез эсадиган шамолдан ҳам сахийроқ бўлар эдилар. У кишининг сахийликлари саховатнинг барча турларини ўз ичига олар эди. Аллоҳнинг динини ғолиб қилишда ва бандаларни тўғри йўлга бошлашда Аллоҳ учун илмини, молини ва жонини сарфлар эдилар. Инсонларга кўп томонлама фойда етказар эдилар. Очларни таомлантирар, одамларга ваъз-насиҳат қилар, уларнинг ҳожатларини раво этиб, оғирларини енгил қилар эдилар.

    Рўзадорларга таом бериш Рамазондаги саховатлар жумласидандир.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам рўзадорнинг ажридек ажр бўлади. Лекин (бу билан) рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди»[3].

    Шунингдек, ажри мудом етиб турувчи садақа – садақаи жорияга ҳам ҳарис бўлинг.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам боласи вафот этса, амали тўхтайди. Фақат уч нарсада тўхтамасдан давом этиб туради; садақаи жория, фойдаланиладиган илм ёки уни дуо қиладиган солиҳ фарзанд»[4].

    Еттинчи насиҳат

    Рамазон кечалари қоим бўлиш ойидир.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечалари намоз ўқиб қоим турар, ҳатто оёқлари шишиб кетар эди. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ! Сиз нега бундай қиляпсиз, ваҳоланки сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингиз кечирилган-ку?» деганида, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?!» дедилар[5].

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазонда (кечалари) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади»[6].

    Аёл киши ҳам намоз учун масжидга чиқиши мумкин, лекин уйда ўқиган намози афзал саналади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёлларингизни масжиддан тўсманглар. Лекин уйлари улар учун яхшироқдир»[7].

    Ҳофиз Димётий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақтларида аёллар намозга чиқсалар, кийимлари, ёпинчиқлари билан ўраниб чиқардилар. Ғира-ширада уларни таниб бўлмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб салом берсалар, эркакларга: «Аёллар кетгунларича жойларингда ўтиринглар!» дер эдилар. Шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ: «Уйларида ўқиган намозлари афзал», деб айтдилар. Энди бўяниб, ясан-тусан қилиб, «танноз» бўлиб кўчага чиқадиган аёллар хусусида нима дейсиз?! Оиша разияллоҳу анҳо айтдилар: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларнинг у кишидан кейин нималар қилганларини билганларида, уларни масжидга чиқишдан ман этиб қўйган бўлар эдилар». Бу Оиша онамизнинг ўз даврларидаги аёллар хусусида гапирган сўзларидир. Агар у зот бизнинг замона аёлларини кўрганларида нима дер эдилар?!»

    Оқила аёл масжидга чиқмоқчи бўлса, салафларнинг аёллари каби ўраниб, мастура бўлиб чиқиши керак.

    Аёлнинг нияти тўғри бўлсин. Яъни намозни адо қилиш учун ва Аллоҳнинг оятларини эшитиш учун боряпман, деб ният қилиб олсин. Бу уни хотиржамлик, виқор ва бошқаларнинг эътиборини ўзига тортмасдан юришга чақиради.

    Аёл киши уйидан чиқаётганида хушбўйлик сепиши мумкин эмас.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси аёл хушбўйлик сепса, биз билан бирга хуфтон намозига ҳозир бўлмасин»[8].

    Агар ўз ҳолига ташлаб қўйилса йиғлаб, бақириб ёки масжиддаги нарсаларни ўйнаб, атрофдаги мусулмонлар хаёлини чалғитадиган ёш болаларни аёллар ўзлари билан бирга намозга олиб чиқмасликлари керак.

    Саккизинчи насиҳат

    Тана аъзоларининг рўзаси ҳақида.

    Муҳтарама опа-сингиллар! Рўзадор ўзининг аъзоларини гуноҳлардан тияди. Кўзлари ҳаромга қарашдан, қулоқлари ёлғон, ғийбат, чақимчилик ва мусиқа каби ҳаром овозларни эшитишдан тийилади. Қўллари зулмдан, оёқлари ҳаромга боришдан, тили ғийбат, ёлғон, туҳмат ва бузуқ сўзлардан, қорни еб-ичишдан ҳамда фаржи қўшилишдан тийилади. Фақат фойдали ва яхши сўзларни сўзлайди. Рўзасига зарар етказадиган ёки бузиб юборадиган беҳаё ва бузуқ сўзларни гапирмайди. Шунингдек, мусулмонларнинг шаънига ёлғон, ғийбат, чақимчилик ва ҳасад тўқимайди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳилликни тарк қилмас экан, унинг емай-ичмай юришига Аллоҳнинг бирор-бир ҳожати йўқ»[9].

    «Агар биронтангиз рўза тутса, бузуқ сўзни айтмасин, бақирмасин. Бирортаси уни ҳақорат қилса ёки уришса: «Мен рўзадорман» деб айтсин»[10].

    Фақат еб-ичишдан тийилиб, мусулмонларнинг гўштлари ва обрўларига чанг солишдан тийилмаган кимсага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари тааллуқлидир. «Қанчадан-қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзадан насибалари фақат очлик ва ташналикдан иборат»[11].

    Тўққизинчи насиҳат

    Рамазон ойида вақтни беҳуда ўтказмаслик учун амалий қадамлар.

    Муслима опа-сингиллар! Бу улуғ ойда вақтларингизни Қиёмат куни сизга ютуқ ва бахт келтирадиган ишларга сарфланг. Жаннатга яқинлаштирадиган ва жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ишларда Рамазон кеча ва кундузларини ғанимат билинг. Албатта бу Аллоҳга итоат қилиб, маъсиятлардан узоқлашиш билан бўлади. Рамазонни хайрли ўтказиш учун қуйидагиларга риоя қилинг:

    1. Уйдан фақат зарурат ёки ибодат учун чиқинг.
    2. Бозорларда айланиб юрманг. Хусусан Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўзингизни ушланг. Ҳайит учун кийим-кечакларни охирги ўн кунликкача ёки Рамазонгача харид қилиш ҳам мумкин.
    3. Беҳуда меҳмондорчиликларни йиғиштиринг. Агар касални кўриш каби сабабли зиёрат бўлса, узоқ ўтириб қолманг.
    4. Ёмон давралардан четланинг. У ерлар ғийбат, чақимчилик, ёлғон, бошқаларнинг устидан кулиб, таъна етказиш мажлисларидир.
    5. Мусобақаларга, (топишмоқ) бошқотирма ечишга, кино ва сериаллар кўришга вақтингизни кетказманг. Акс ҳолда сиз Рамазондан фойдалана олмайсиз.
    6. Бомдодгача бедор бўлишдан четланинг. Чунки бу намозларни зое қилишга ва кун бўйи ухлашга олиб боради.
    7. Ёмонлар суҳбатидан қочинг.
    8. Кунни ухлаб ўтказманг. Баъзи бировлар бомдоддан кейин уйқуга кетиб, пешиндан кейин уйғонадилар. Бу қанақа рўза бўлди?
    9. Бутун вақтингиз турли егуликлар тайёрлаш билан ўтмасин.
    10. Вақтни ясан-тусан қилиб, бўяниб-тараниб ойна олдида ўтказманг.
    11. Вақтни телефон  (ҳозирги кунда мессенжер (таҳр.))да гаплашишга сарфламанг. Бу иймони заифларнинг очлик ва чанқоқни енгиш учун тутган йўлларидир. Агар улар Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, дарс қилганларида, ўзлари учун яхшироқ бўларди.
    12. Талашиб-тортишишдан йироқ бўлинг. Чунки бу фақат вақтни зое кетказиш ва ҳаром ишларни қилишга олиб боради. Агар сиз билан кимдир тортишмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман» деб айтинг.

    Ўнинчи насиҳат

    Рамазоннинг охирги ўн кунлигини ғанимат билинг.

    Муслима опа-сингиллар! Рамазон ойининг йигирма куни ўтган бўлса, яна ўн кун фурсат бор. Агар ўтиб кетган кунларда сусткашлик қилган бўлсангиз, қолган ўн кунни ғанимат билинг. Чунки амаллар хотималарига қараб баҳоланади.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликда кечасини бедор ўтказар, оила аъзоларини уйғотар, белларини маҳкам боғлар эдилар»[12].

    Бу саноқли кунларни баъзи инсонлар ғанимат билишади, баъзилар эса ҳасратда қолишади.

    Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг аёли кечаси унга шундай дерди: «Кеча ўтиб кетди. Йўл эса узоқ. Озуқамиз жуда оз. Солиҳларнинг карвони узоқлашиб бораяпти. Биз эса ортда қолиб кетдик».

    Аллоҳ таоло Ўз фазли билан «Қадр кечаси»ни охирги ўн куннинг бирида қилиб қўйди. Бу охирги ўн куннинг тоқ кечаларида бўлади. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қадр кечасини Рамазонда охирги ўн куннинг тоқ кечаларидан қидиринглар»[13], деганлар.

    Қадр кечаси улуғ кеча ва ғанимат фурсатдир. Унда қилинган ибодат минг ойлик ибодатдан яхшидир. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта бу ой келди. Унда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор. Ким бу кечадан маҳрум бўлса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Унинг яхшилигидан фақат маҳрум кимсагина бебаҳра қолади»[14].

    Қадр кечаси талабида бедор бўлинг. Бу улуғ ажрдан маҳрум бўлманг. Агар сиз охирги ўн куннинг барча кечаларида қоим бўлсангиз ҳамда уни ибодат ва тоат билан ўтказсангиз, шубҳасиз қадр кечасини топасиз.

    Қадр кечасида қилинадиган дуо. Оиша разияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: «Қадр кечасига етсам, нима деб дуо қилай?» У зот дедилар: «Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний»[15].

    Маъноси: «Эй Аллоҳ! Сен афв этгувчисан. Афвни яхши кўрасан. Мени афв этгин«.

    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг аҳли оилаларига ҳамда асҳобларига салавоту саломлар бўлсин!

    [1] Муслим ривояти.
    [2] Бухорий ривояти.
    [3] Аҳмад ва Термизий ривояти.
    [4] Муслим ривояти.
    [5] Муттафақун алайҳ.
    [6] Муттафақун алайҳ.
    [7] Аҳмад ва Абу Довуд ривояти. Албоний саҳиҳ деган.
    [8] Муслим ривояти.
    [9] Бухорий ривояти.
    [10] Муттафақун алайҳ.
    [11] Аҳмад ва Ибн Можа ривояти.
    [12] Муттафақун алайҳ.
    [13] Муттафақун алайҳ.
    [14] Ибн Можа ривояти. Албоний саҳиҳ деган.
    [15] Аҳмад ва Термизий ривояти.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963