Ҳаётингизнинг бир дақиқаси

    Муаллиф: Шайх Оиз ибн Абдуллоҳ Қарний
    Мутаржим: Толиб Абу Жаъфар ал-Бухорий

    Китобнинг арабча номи:
    «حدائق ذات بهجة»: «الدقيقة من عمرك»

    Мен, ҳаётнинг бир дақиқасида талайгина хайрли ишларни қилиш мумкин эканига амин бўлдим. Масалан, Қуръон оятларини ўқиш. Ҳар бир оятда ўнлаб ҳарфлар бор ва шу ҳарфларнинг ҳар бирига ўнтадан савоб берилса, юзлаб савобга эга бўласиз. Юз марта: “Субҳаналоҳ ва биҳамдиҳ” десангиз, бир дақиқа вақтингиз кетади. Ҳолбуки, “Субҳаналоҳ ва биҳамдиҳ” ни айтган одамнинг гуноҳлари, денгиз кўпиклари миқдорича кўп бўлсада, мағфират қилинади.

    Бир дақиқада бир китобнинг тўрт саҳифасига кўз югуртириб чиқдим. Фотиҳа сурасини ичимда тезлик билан бир дақиқада етти марта ўқидим. Баъзилар Фотиҳа сурасига бериладиган ҳасанотларни ҳисоблашган экан, бир минг тўрт юздан ортиқроқ чиқибди. Ихлос сурасини эса, бир дақиқада йигирма марта ўқишингиз мумкин. Ишонмасангиз, синаб кўринг!

    Буларни баён қилар эканман, сизга умрингизнинг бир дақиқаси қанчалар қийматли эканини айтмоқчиман, холос. Уни зикр, тиловат, дуо, тафаккур, мутолаа ва таълифга қиёслаб кўрилса, жуда ҳам катта нарса (рақамлар)ни ифодалайди.

    Биргина дақиқа сизнинг умрингиз, фикрингиз, тушунчангиз, хотирангиз ва ҳасанотларингизга кўплаб нарсани зиёда қилиши мумкин.

    Бу бир дақиқадан унумли фойдалансангиз, ўз ўрнига сарфласангиз, шундагина амал саҳифангизга ёзилади. Ўйлаб кўринг, қанча-қанча дақиқаларимиз, соатларимиз, кунларимиз, ойларимиз, ҳаттоки йилларимиз бекорга кетмоқда. Ўйин-кулги ва кераксиз нарсалар билан ўтмоқда. Изсиз йўқ бўлмоқда! Кошки бу вақтларни зое қилган одам фойда ҳам, зарар ҳам кўрмасдан саломат қутулиб қолса. Йўқ, у бунинг акси ўлароқ, ана шу вақтларни гуноҳ ва хато ишларни қилишга сарфламоқда. Аллоҳ ўзи ёрдам берсин!

    Бир дақиқада “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр” деб йигирма марта айтсангиз бўлади. Унинг савоби эса Исмоил алайҳиссалом авлодидан саккизтасини Аллоҳ йўлида қулликдан озод қилиш савобига тенгдир.

    Юқорида айтиб ўтганимиздек, бир дақиқа давомида Ихлос сурасини йигирма марта ўқиш мумкинки, бу Қуръон Каримни етти марта ўқиб чиқиш ажрига тенг. Чунки, Ихлос сураси Қуръон Каримнинг учдан бирига тўғри келади. Ўйлаб кўринг, қанча вақтингиз бекорга кетибди?! Қанча савоблардан маҳрум қолибсиз?! Қанча-қанча онларингиз мишмиш, ғийбат, чақимчилик, ғаламислик, охиратдан ғафлатда қолиш, беҳуда ишлар билан машғул бўлиш ва бекорчилар билан бирга ўтириш билан ўтиб кетибди?!

    Таълиф оламига келсак, бир дақиқада хотирангиздан тўрт, бошқа бир китобдан эса беш сатрни, яъни, тақрибан бир саҳифанинг учдан бирини ёза оласиз. Агар бир кунда беш сатр ёзишингизни фараз қилсак, бир ойда беш, бир йилда бир юз йигирма, ўн йилда эса бир минг икки юз саҳифани тўлдира оласиз. Бу, тақрибан аллома ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳнинг “Зодул-маод”и ёки ҳеч бўлмаса Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг тафсирича ҳажмда бўлади. Агар ҳар куни бир дақиқада йигирма марта Ихлос сурасини ўқий олсангиз, бир ойда олти юз, бир йилда эса етти минг икки юз марта ўқий оласиз. Бу эса Қуръон Каримни икки минг тўрт юз марта ўқиш ажрига тенгдир.

    Мен ўзим шеърнинг бир байтини бир дақиқада йигирма марта такрорлаб, ёд олишни синаб кўрдим. Демак, агар ҳар куни ҳикматли шеърнинг бир байтини ёдлашга одат қилсам, ўн йилда уч минг олти юз байтни ёд олар эканман. Ҳолбуки, бу байтлар сиз учун мажлисларингизга файз, нутқингизга ҳикмат ва тилингизга бойлик бағишлайди.

    “Соллаллоҳу алайҳи ва саллам” лафзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир дақиқада эллик марта салавот айтишингиз мумкин. Бунга мукофот ўлароқ Аллоҳ таоло сизга беш юз марта салавот айтади. Чунки сиз тарафингиздан айтилган бир салавот ўн баробар савоб билан тақдирланади.

    Енгил, фарз ва вожибларига риоя қилинган, рукуъ ва саждаларда уч марта тасбиҳ айтишга чекланилган бир ракаатни бир дақиқада ўқий оладиган одам бўлса, у ҳар куни икки ракаат зуҳо-чошгоҳ намозини ўқиса, бир йилда етти юз ракаатдан кўпроқ намоз ўқийди. Ҳар бир ракаатда икки сажда бўлса, бир йилда чошгоҳ намозининг ўзида бир минг тўрт юздан ортиқ сажда қилган бўлади. Бунинг учун унинг кундалик ҳаётидан икки дақиқа кифоя.

    Саҳиҳ ҳадисда: “Сиз Аллоҳ учун бир сажда қилсангиз, Аллоҳ бу сажда билан (мақомингизни) бир даража кўтаради ва битта гуноҳингизни кечиради” дейилган.

    Демак, бир дақиқада Роббингизни рози қилишингиз, гуноҳларингизни ўчиришингиз, Аллоҳ ҳузурида савоблар олишингиз ва Унинг ҳузурида ўзингиз учун заҳиралар тайёрлашингиз, ёзишингиз, таълиф қилишингиз, ёдлашингиз, лаёқатингизни ўстиришингиз, билимингизни кўпайтиришингиз, вирд (кундалик вазифа)ингизга риоя қилишингиз, маданиятингизни бойитишингиз, билимингизни кенгайтиришингиз ва маҳоратингизни турли нарсаларда оширишингиз мумкин экан.

    Дўстим, буларнинг барчаси ҳимматга боғлиқ. Аллоҳ таолодан ҳимматларнинг ўлиши, ғайратларнинг совуши ва табиатларнинг хасислигидан паноҳ сўрайман!

    Арабчадан Муҳаррам ойининг 10 куни (9 феврал, 2005 йилда) ўзбекчага ўгирилди.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962