Бизга боғланинг
Аллоҳ таолога иймон келтиришнинг илмий далиллари
(китобдан парча)
Муаллиф: Шайх Абдулмажид Зиндоний
Таржимон: Абдулҳафиз Домла раҳимаҳуллоҳ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Биринчи қоида: Асли бўлмаган йўқлик бирор нарсани яратишга қодир эмас. Чунки унинг ўзи мавжуд эмас.
Бор нарса
Агар биз ҳар куни туғилаётган инсон, ҳайвон ва ўсимликлардан иборат махлуқотлар ҳақида ўйлансак, борлиқда рўй бераётган шамоллар, ёмғирлар, кеча ва кундуз ҳақида фикр юритсак, сурункали давом этаётган қуёш, ой, юлдузлар ва сайёраларнинг ҳаракатларига назар ташласак ҳамда бу ва бундан бошқа ҳар-бир лаҳзада борлиқда рўй бераётган нозик ўзгаришларга қарасак, ақл бу ишларнинг ҳаммаси йўқликнинг яратиши эмаслиги, балки бу Ҳақ Яратувчининг яратиши жумласидан эканига қатъий иқрор бўлади. Аллоҳ таоло деди:
“Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!” (Тур сураси, 35-36).
Иккинчи қоида: Яратилган нарсада фикр юритиш яратувчининг баъзи сифатларига далолат қилади.
Яралмишдаги ҳар бир нарса яратувчидаги бирон сифат ёки қудратга далолат қилади. Яралмишда яратувчи қодир бўлмайдиган ёки уни ана шу нарсани қилишга қодир қиладиган сифат бўлмаган ҳолда бирон нарсанинг мавжуд бўлиши мумкин эмас.
Бунга мисол: Агар сиз ёғочдан ясалган чиройли эшикни кўрсангиз, қуйидаги нарсаларни биласиз: бу эшикни ясовчи одам ёғочга эга эканлиги, унинг ёғочни маҳорат билан кесишга ва уни силлиқлашга қодирлиги, михга эга эканлиги, эшик бўлакларини михлар билан бирлаштиришга кодирлиги ва унинг эшик ясашда тажрибаси борлиги. Агар биз эшикни усталик билан тешилгани ва бу тешикка қулф ўрнатилганини кўрсак, бу унинг шу ишда моҳирлигига далолат қилади. Шунингдек, яралмиш (ясалган нарса)даги ҳар бир нарса яратувчидаги қудрат ёки сифатга далолат қилишини топамиз. Чунки яралмишда яратувчи қодир бўлмайдиган ёки уни ана шу нарсани қилишга қодир қиладиган сифат бўлмаган ҳолда бирон нарсанинг топилиши мумкин эмас.
Шундай қилиб, яралмиш ҳақида фикр юритиш бизни яратувчининг баъзи сифатларига йўллашини топамиз ва махлуқотлар ҳақида ўйланиш Холиқнинг баъзи сифатларига йўллашини биламиз. Аллоҳ таоло деди:
“Шак-шубҳасиз, осмонлар ва ерда мўминлар учун (Аллоҳнинг қудрат ва ҳикматига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир. Яна сизларнииг (бир томчи сув-нутфадан) яралишингизда ва (Аллоҳ ер юзига) тарқатиб юборган жониворлардан иборат нарсаларда ҳам аниқ ишонадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. Яна кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб, унинг ёрдамида «ўлган» Ерни тирилтирган ризқ-ёмғирда ҳамда шамолларнинг йуналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. (Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам,) булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, Биз уларни сизга ҳаққирост тиловат қилиб бермоқдамиз. Бас, улар (Макка кофирлари) Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб қайси сўзга иймон келтирурлар?!” (Жосия, 3-6).
Яна бир оятда бундай деди: “(Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам,) айтинг: “Осмонлар ва Ердаги нарсаларни (яъни, ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бор эканига далолат қилувчи белгиларни) кузатинглар” (Юнус, 101).
Бошқа бир оятда бундай дейди: “Ахир улар осмонлар ва ер мулклари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида ўйламайдиларми?! Ундан (Қуръондан) сўнг (яъни, унга ишонмаганларидан кейин) яна қандай гапга ишонадилар-а?!” (Аъроф, 185).
Учинчи қоида: Ўзида йўқ нарсани ўзгага бера олмайди.
Молга эга бўлмаган кишидан одамлар пул сўрамайдилар. Жоҳил одам илм бера олмайди. Чунки ҳеч ким ўзида йўқ нарсани ўзгага бера олмайди.
Фикрлаш билан аломатларни кўрдик, махлуқотлардаги белгилар бизга Буюк Яратувчини танитди. Сифатларни билсак, улар билан сифатланган зотни хам биламиз.
Бизни табиат яратган деб даъво қилаётган кимсалар ақлга мухолиф бўлган ва ҳаққа қарши курашган кимсалардир. Чунки коинот ўзининг яратувчиси ҳикматли, билимдон, ҳар нарсадан хабардор, тўғри йўлга йўлловчи, ризқ берувчи, сақлагувчи, меҳрибон ва яккаю ягона эканига гувоҳлик бериб турибди.
На илмга, на ҳикматга, на ҳаётга, на раҳматга ва на иродага эга бўлган жонсиз табиат ҳақида анави жоҳил кимсалар қандай қилиб бу хаёлларга борадилар?! Ахир ўзида йўқ бошқага ҳам бера олмайди-ку!
Табиат нима?
Табиат мана шу махлуқотлар ва улар эга бўлган сифатлардир. Бутпарастлар табиатнинг баъзи қисмларига ибодат қилганлар. Бунга мисол тариқасида қуёш, ой, юлдузлар, олов, тошлар ва инсонни келтиришимиз мумкин. Янги бутпарастлар (табиатга сиғинувчилар) ўзларини аввалги санамларнинг тўплами (яъни, табиат) яратган деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, табиатнинг ақли йўқ, уларнинг эса ақллари бор! Табиат илмга эга эмас, улар эса эгалар! Табиатнинг тажрибаси йўқ, уларники эса бор! Табиат иродага эга эмас, улар эса ўз ихтиёрлари билан юрадилар! Наҳотки улар ўзида йўқ бошқага бера олмаслигини англамасалар?!
Аллоҳ таоло айтади: “Эй одамлар, мана бу ўхшатишга бир қулоқ тутиб, у ҳақда фикр юритинглар: Сизлар Аллоҳдан бошқа сиғинаётган бут-санамларингиз ҳаммаси жамланиб, биргина пашшани яратишга ҳам қодир бўлмайдилар. Пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ўшани ҳам қутқариб олишга қодир бўлмайдилар. Бундан ортиқ ожизлик бўладими?! Ҳар иккаласи ҳам заифдир. Талаб қилувчи (яъни пашша олиб қўйган нарсани қайтариб олишни истаётган сохта илоҳ) ҳам, талаб қилинувчи (яъни пашша) ҳам заиф-нотавондир. (Шундай экан, ўшандай заиф-нотавон бут-санамларни қандай қилиб илоҳ қилиб олиш мумкин?!)” (Ҳаж, 73).