Эркаклар кийинишида ман қилинган нарсалар (2)

    3. Суратли кийимлар кийиш

    Ман қилинган кийим турларидан яна бири жонзотлар расми туширилган кийимларни кийишдир. Ҳозирда суратли кийимлар шу қадар кенг тарқалдики, жуда кўп ёшлар шундай кийимлар кийишга одатланиб қолдилар. Ҳатто баъзан катта ёшли кишилар ҳам суратли кийимлар кийиб олганига кўзимиз тушади. Бундай кийимларда кўпинча беҳаё қўшиқчи йигит-қизларнинг ёки қайсидир соҳанинг «юлдуз»ларининг суратлари бўлади. Айримлар шундай кийимлар билан масжидларга намоз ўқиш учун ҳам киришади. Масжидга шу ҳолда кирган одам уйида шундай ҳолда намоз ўқиши табиийдир. Аллоҳ ҳолимизга раҳм қилсин.

    Буҳутий айтади: Абу Талҳа ривоят қилган ҳадисга кўра эркак ва аёлга жониворлар сурати бор кийимларни кийиш ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сурат ёки ит бор уйга фаришта кирмайди»[1].

    Шайхулислом айтади: Ҳайвон, қуш ёки бошқа жонзотларнинг сурати бор кийимни кийиш жоиз эмас, уни эркак ҳам, аёл ҳам киймайди. Суратли мато парда қилиб осилмайди, фақат уни ерга тўшаб қўйиш жоиз. Аксар асҳобларимиз шундай деганлар ва бу гап Имом Аҳмад тарафидан айтилгани машҳур.

    Солиҳнинг ривоятида: «Суратли нарсани кийиб бўлмайди», деди. Асрамнинг ривоятида сурати бор парда ҳақида сўралганида, Имом Аҳмад: «Йўқ, мумкин эмас, агар суратнинг боши бўлмаса бу енгилроқ, аммо боши бўлса умуман мумкин эмас», деб жавоб берди.

    4. Кофирларга ўхшашга интилиш

    Аллоҳ мени ҳам, сизни ҳам Ўз розилигига муваффақ айласин. Билингки, кофирларга тақлид қилиш масаласи хусусан кийиниш бобида жуда нозик масалалардан биридир. Бу ишда қадамлар кўп тойилди, ақллар кўп адашди, баъзилар чегарадан чиққан бўлсалар, баъзилар бунга бепарво бўлди. Бу борада Қуръон ва Суннатдаги очиқ далилларга суяниб ҳамда бу умматнинг салафлари бўлган раббоний олимларнинг саҳиҳ тушунчасини маҳкам ушлаб, кофирларга ўхшашни тарк қилган ва масалани билимдон олимига қайтарган ҳамда ҳалол-ҳаром фатвоси билан авло ва тақво фатвоси ўртасини ажратган кишилар бахтлидирлар.

    Билингки, кийимлар орасида кофирларга хос бўлган ва уларнинг кофирлигига аломат бўлиб турадиган кийимлар бор. Масалан, яҳудийларнинг дўпписи, сингхларнинг салласи ёки насроний роҳибларнинг кийими ва шу кабилар уларнинг динига, эътиқодларига боғлиқ кийимлар бўлиб, мусулмонларнинг бундай кийимларни кийишлари ҳаром эканига шубҳа йўқ, ҳатто буни кийиш билан кофирга ўхшашни қасд қилмаган бўлса ҳам. Мўътабар аҳли илмлар мана шу фикрга ижмо қилганлар.

    Шу ўринда кофирлар мамлакатида кенг тарқалган кийимлар ҳақида сўз юритсак. Бундай кийимлар мусулмон диёрларига оқиб келди ва оммавий кийимга айланди. Аммо булар ичида кийиш ман қилинган кийимлар ҳам бор. Масалан, баданни сифатлаб турадиган ниҳоятда тор ёки ичи кўриниб турадиган юпқа ёки салиб (хоч), турли суратлари бор ёки фақат кофирларда машҳур бўлган бичимда (яъни фасонда) бўлган кийимларни кийиш мумкин эмас. Бундай кийимларни ана шу кофирларга мафтун бўлган фосиқ мусулмонларгина киядилар.

    Энди костюм-шим, эркакларнинг европача кўйлаклари ва авратни тўсиб турадиган кенг шимлар ҳақида тўхталсак. Баъзи олимлар бундай кийимларни кийиш мумкин деса, баъзилари мумкин эмас дейдилар. Қисқача айтадиган бўлсак, мусулмон киши ўзини ихтилофли нарсалардан сақлаши ва иложи борича бундай кийимлардан узоқ бўлиши керак, эҳтиёж бўлса кийиши ва ўзига мухолиф бўлган (мазкур кийимларни бемалол кийса бўлаверади дейидиган) кишига инкор қилмаслиги лозим. Бу масала гарчи ихтилофли бўлса-да, унинг устида талашиб-тортишиш ва фирқаларга ажралиб кетиш яхши эмас. Чунки салафлар ихтилофли масалаларда муроса қилганлар.

    Аммо бўйинбоғ (галстук, капалаксимон галстук) кабиларда ихтилоф жуда кучли. Баъзилар айтганидек, насронийлар хоч осиб юриш бўйинларига оғирлик қилгани учун унинг ўрнига галстукни ўйлаб топганлар, дейилган гап балки тўғридир, балки нотўғридир, нима бўлганда ҳам, бундай нарсалардан узоқ бўлиш, умуман яқинлашмаслик афзал.

    «Доимий фатво ва илмий тадқиқот қўмитаси» костюм-шим ва шим кийишнинг ҳукми ҳақида берилган саволга қуйидагича жавоб берган:

    «Шим, костюм ва шу каби кийимларни кийишга келсак, барча турдаги кийимларни кийиш аслида мубоҳ, чунки у одатий ишлардан. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад,) Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!» Айтинг: «Улар (яъни безак ва ҳалол ризқлар) ҳаёти дунёда иймон эгалари учун (бўлиб, кофирлар ҳам уларга шерик бўлур), Қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир» (Аъроф, 32). Ҳаром ёки макруҳ эканлигига шаръий далил келган кийимлар, жумладан, эркакларнинг ипак кийим кийиши, тор бўлгани учун баданни сифатлаб турадиган, юпқалигидан бадан кўриниб турадиган кийимларни кийиш юқорида айтилган умумий мубоҳликдан мустасно, буларни кийиш ҳаромдир.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирларларга ўхшашдан қайтарганлари боис уларнинг аломатидан бўлган кийимларни эркаклар ҳам, аёллар ҳам кийишлари мумкин эмас. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркакларни аёлларга ўхшаб олишдан, аёларни эркакларга ўхшаб олишдан қайтарганлари боис эркаклар аёллар кийимини, аёллар эса эркаклар кийимини кийишлари ҳам жоиз эмас.

    Шим деб номланувчи кийим фақат кофирларга хос эмас, балки у кўп мамлакат ва давлатларда мусулмон ва кофирлар орасидаги умумий либос саналади. Шим кийиш айрим мусулмонларнинг одатига мувофиқ бўлишига қарамасдан баъзи мамлакатларда одат бўлмагани, ўрганмаганлари учун уни ёқтирмайдилар. Шу боис мусулмон киши, агар ўзи яшаб турган диёрдаги кишилар бундай либосларни кийишга одатланмаган бўлсалар, намозга, умумий жамоат жойларига бундай кийимлар билан бормаслиги афзал. Тавфиқ Аллоҳдандир, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оила ва асҳобларига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин. Доимий фатво ва илмий тадқиқот қўмитаси».

    5. Ипак кийим кийиш

    Эркакларга ипак кийим кийиш ҳаром бўлиб, бунга Қуръон, Суннат ва ижмодан далиллар бор.

    Қуръонда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга умумий буйруқ келган: «Пайғамбар сизларга нимани келтирса уни олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр, 7).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари Аллоҳ таоло томонидан ваҳийдир: «У (сизларга келтираётган Қуръон ёки ҳадисни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон ва ҳадис) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Нажм, 3-4).

    Суннатда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан эркакларга ипак кийим кийишнинг ҳаромлигини баён қилувчи ва ундан огоҳлантирувчи кўплаб ҳадислар келган.

    Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўлларига ипакни, чап қўлларига тиллани олиб: «Бу иккиси умматимнинг эркакларига ҳаромдир» дедилар»[2].

    Нофеъ Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ипакдан бўлган ҳулланинг (яктак-иштон) сотилаётганини кўрди ва: «Ё Расулуллоҳ, бу ҳуллани сотиб олсангиз, элчилар келганида ва жума кунларида кияр эдингиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Буни охиратда насибаси йўқ кимсалар кияди», дедилар»[3].

    Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ипак ва шойини кийманглар, тилла ва кумуш идишларда еманглар ва ичманглар. Чунки булар дунёда кофирларга, охиратда эса сизларгадир»[4].

    Умар, Анас, Ибн Зубайр ва Абу Умома розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким дунёда ипак кийим кийса, охиратда киймайди»[5].

    Бу ҳақдаги ижмога келсак, уни бир неча имомлар нақл қилганлар.

    Шайхулислом айтади: «Эркакларнинг ипак кийим кийишлари, гарчи унга пахта ёки каноп аралашган бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига ва уламолар ижмосига кўра ҳаромдир. Ипакнинг эркакларга ҳаром қилинишидаги иллат-сабаб ҳақида кўпчилик аҳли илмлар сўз юритганлар, бироқ унга бир чек-чегара тайин қилишда ихтилоф қилганлар».

    Ибн Қаййим айтади: Агар сўралса: «Ипак кийим энг мўътадил ва баданга ёқимли кийим бўлса, нима учун комил ва фозил шариатимиз уни ҳаром қилди, ахир у пок нарсаларга рухсат бериб, жирканч нарсаларни ҳаром қилган-ку?»

    Бу саволга мусулмонларнинг турли тоифалари турлича жавоб беришган.

    Айримлар айтади: «Шариат буни ҳаром қилишининг сабаби нафслар унга сабр қилиши ва Аллоҳ учун ундан воз кечиши учундир, натижада инсон бу амалига савоб олади, хусусан унинг ўрнига бошқа кийим ҳам бор бўлган ҳолатда».

    Баъзилар айтади: «Ипак аслида худди тилла тақинчоқлар каби аёлларга хослаб яратилган, унда эркакларнинг аёлларга ўхшаб қолиш иллати борлиги учун ҳам эркакларга ҳаром қилинган».

    Айримлар айтади: «Ипак фахр, кибр, манманликни пайдо қиладиган нарса бўлгани учун ҳаром қилинган».

    Айримлар айтади: «Ипак юмшоқ бўлганидан баданга аёлларга хос юмшоқлик ва нозикликни, яъни мардлик ва эркакликка зид сифатларни пайдо қилгани учун ҳаром қилинган. Чунки уни кийилса, қалбда аёллик сифатларидан қандайдир бир сифат вужудга келади. Шунинг учун ипак кийим киядиган кишиларга қарасангиз, кўпинча уларнинг хулқ-атворида, кўринишида нозикойимлик, аёлларга хослик яққол кўриниб туради. Гарчи у энг мард, паҳлавон, жасур йигит бўлса ҳам ипак кийим кийиш унинг бу сифатларини бутунлай кетказиб юбормаса-да, албатта уларга нуқсон етказади».

    Кимнинг табиати айниган ва буни тушунишга фаросати етмаётган бўлса, шариат соҳиби бўлмиш Ҳаким Зотга таслим бўлсин. Зеро, мусулмончилик Аллоҳнинг буйруғига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амру фармонларига лаббай деб таслим бўлишдир. Буйруқнинг ҳикмати зоҳиран кўринмаётган бўлса-да, бу нарса таслим бўлиш ва бўйсиниш тақозосидир.

    Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун ўз ишларида ихтиёрли бўлиш жоиз эмасдир» (Аҳзоб, 36).

    Аёлларга ипак кийим кийиш эҳтиёж сабабли, яъни эрига зийнатланиш учун мубоҳ бўлди. Худди шунингдек, у эркакларга ҳам эҳтиёж сабабли мубоҳ бўлади. Масалан, қичима каби касалликлардан даволаниш, бошқа кийим бўлмаган ҳолда қаттиқ совуқдан сақланиш ёки жангда шу нарса Аллоҳнинг душманларининг кўнглига қўрқув солиш учун ва шу каби эҳтиёж тушадиган ўринларда кийишга рухсат берилди. Шарти шуки, эҳтиёждан ўтиб кетмаслиги керак. Шариат шуларга рухсат берган.

    Шайхулислом айтади: «Агар киши иссиқ ё совуқдан сақланиш, авратини ёпиш ёки душмандан ҳимояланиш учун ипак кийим кийишга эҳтиёж сезса ва ўрнига бошқа нарса топмаса, кийишга рухсат берилади. Чунки аёлларнинг зийнатланишга умумий эҳтиёжлари борлиги сабабли уларга рухсат берилган экан, эркаклар учун зарурат вақтида рухсат берилиши лойиқроқ ҳамда хос зарурат умумий эҳтиёждан кўра кучлироқдир. Ҳаром қилинган таомларни истеъмол қилишга мажбурлик пайтида рухсат берилган экан, демак, кийимлардан ҳаром қилинганларига ҳам мажбурий ҳолатда рухсат берилади».

    Ибн Қаййим айтади: «Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан аниқ маълум бўлдики, аёлларга ипак мутлақ ҳалол, эркакларга эса ҳаром, фақат эҳтиёж учун ёки манфаати кўпроқ бўлганда кийиш мумкин. Эҳтиёж деганда қаттиқ совуқда, аврати очилиб қолганда уни тўсиш учун ипакдан бошқа нарса топмаса ва яна урушда, касалликда, қичимада ва Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилганидек битлар кўпайганда кийиш тушунилади. Кийиш ҳаром бўлган нарсаларнинг барчасини тўшаш, устида ўтириш, уларга суяниш, дастрўмол ёки сочиқ қилиб фойдаланиш ҳам ҳаром бўлади».

    Шайхулислом айтади: «Кимга бир нарсани кийиш ҳаром бўлган бўлса, унга ўтириш, суяниш, парда қилиб осиш каби бошқа томонлама фойдаланиш хам ҳаромдир. Зеро, кийиш лафзи буларнинг ҳаммасини ўз ичига олади. Бунга Анас розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзлари далил бўлади: «Бизнинг узоқ кийилганидан (яъни, тутилганидан) қорайиб кетган бўйрамиз бор эди».

    Абу Умома ривоят қилади: У Холид ибн Язидникига кирганида Холид унга тўшак тўшади. Шунда уни ипак деб ўйлаб ўзини четга олди ва деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг кунларидан (охиратдан) умидвор бўлган киши ипакдан фойдаланмайди»[6].

    Имом Аҳмад Солиҳ ва Жаъфарнинг ривоятларида айтади: «Ипакни тўшаш кийиш кабидир, шунингдек унга суяниш ҳам».

    Ибн Сийрин айтади: «Убайдадан: «Ипакни тўшак қилиш ҳам уни кийиш кабими?» деб сўрадим. У: «Ҳа», деб жавоб берди».

    Ҳаром қилинган ипак – ипак қурти маҳсулоти бўлган табиий ипакдир, сунъий ипакни ипак деб номлансада ҳақиқий ипак ҳукмини олмайди. Аммо одамларга табиийдек кўриниб, фитналаниб қолишларига сабаб бўладиган нарсадан ёки уларни ғийбат қилишларига сабаб бўладиган нарсадан воз кечган афзал.

    6. Тўқ қизил рангли кийим кийиш

    Шайхулислом айтади: «Тўқ қизил кийим кийишни уламолар макруҳ санашган. Шунингдек, қизил кимҳоб ва бахмалдан ҳам қайтариқлар келган. Умар ибн Хаттоб: «Бу барқутларни аёлларга қўйинглар», деган. Бу каби ривоятлар кўп».

    Буҳутий айтади: «Абдуллоҳ ибн Умардан ворид бўлган ривоятга кўра, ҳамма жойи қип-қизил кийим кийиш эркакларга макруҳдир. Ибн Умар айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан қип-қизил либос кийган кийган икки киши салом бериб ўтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг саломига алик олмадилар»[7].

    Имом Аҳмад айтади: «Айтишларича, қизил кийимни илк бор Қорун ва Фиръавн оилалари кийган экан».

    Аввалу охирда Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

    [1] Муттафақун алайҳ.
    [2] Албоний, «Саҳиҳи сунани Аби Довуд».
    [3] Бухорий ривояти.
    [4] Муттафақун алайҳ.
    [5] Муттафақун алайҳ.
    [6] Аҳмад ривояти.
    [7] Абу Довуд ривоят қилган, Албоний заиф деган.

    Ислом Нури
    Ислом Нури
    Articles: 2