Бизга боғланинг
Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг одоб ва ҳуқуқлари (1)
Муаллиф: Аҳмад Саъдуддин
Таржимон: Исмоил Ёқуб
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда бундай дейди: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот, 10). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир», деганлар. Бу исломий биродарликнинг ўзига хос одоб ва ҳуқуқлари бўлиб, уларга амал қилинсагина Аллоҳ ва Расули хоҳлаган биродарлик рўёбга чиқади. Шунга биноан биз қуйида ана шу одоб ва ҳуқуқларни баҳоли қудрат баён қилишга ҳаракат қиламиз.
- Яхши ният.
Сўзда бўлсин, амалда бўлсин, ҳар бир нарсада яхши ният қилиш лозим. Зотан, амаллар ниятларга қараб эътиборга олинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Амаллар фақат ниятлар билан эътиборлидир ва ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсасигина бўлади»[1]. Шундай экан, киши дини ва дунёсида ўзига суянч ҳамда Аллоҳнинг тоат-ибодатида унга ёрдамчи бўладиган бир солиҳ инсон билан дўст ва биродар тутинишга ният қилиши лозим. Мана шу ниятларига қараб Аллоҳ таоло ҳар икки дўстни яхшиликка муваффақ қилиб, уларнинг дўстлик ва биродарлигини асрайди.
- Солиҳ мўмин киши билан дўст ва биродар бўлиш
Аллоҳ таоло айтади:
«Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот, 10).
«Сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз» (Оли Имрон, 103).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фақат мўмин билан дўстлашгин»[2].
Мўмин бўлмаган кишилар билан дўстлашиш эса Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш жумласидан бўлмай, аксинча, иймоннинг ушбу тармоғида хатарли иллат борлигига далилдир. Иймонсиз кимса билан дўстлашиш кишига дунёю охиратда фақат зиён келтиради. Дунёдаги зиёни шуки, кофир ёки фожир кимсадан хотиржам бўлинмайди, ҳар қанча дўстлик изҳор қилмасин унга ишониб бўлмайди, бир кун келиб Ислом аҳлига бўлган адовати, ўз дини аҳлига бўлган муҳаббати ва фожир табиати албатта ғолиб келади, мўмин биродарига хиёнат қилади, унга Аллоҳнинг тоатида ёрдам бериши у ёқда турсин, аксинча гуноҳ-маъсиятга бошлайди. Охиратда эса унга ашаддий душманга айланади. Аллоҳ таоло айтади: «У кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)» (Зухруф, 67).
- Аллоҳ учун яхши кўриш.
Яъни, дўст ва биродарга бўлган муҳаббат Аллоҳ учун бўлиши, қариндошлик ёки тижорат каби дунёвий манфаатлар учун бўлмаслиги лозим. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади. Жумладан, бир кишини яхши кўрса, фақат Аллоҳ учун яхши кўриши»[3].
Мана шу ҳақиқий муҳаббат, иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидан ва энг улуғ тармоқларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлик қилиш, Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидан»[4].
Дунёвий мақсад йўлидаги муҳаббат эса ўша мақсад амалга ошиши билан барҳам топади. Бундай муҳаббат вақтинчалик ва беқарор муҳаббат бўлиб, унда на давомийлик ва на яхшилик бўлади. Кўпинча у арзимас сабаблар ва оддий зиддиятлар туфайли адоватга айланиб кетади.
- Биродарига уни Аллоҳ учун яхши кўришини билдириш.
Дўст дўстига уни Аллоҳ учун яхши кўришини айтиб қўйиши ўртадаги дўстлик ва муҳаббат ришталарининг кучайишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан бирингиз биродарини яхши кўрса, яхши кўришини унга билдириб қўйсин»[5]. Ҳатто унинг уйига бориб, бу ҳақда айтиб, хабардор қилиши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бирингиз дўстини яхши кўрса, унинг уйига бориб, уни Аллоҳ учун яхши кўришини етказиб қўйсин»[6].
Қаранг, қандай гўзал одоб! Дилга нечоғли таъсирли! Бироқ бунга амал қиладиганлар нақадар кам! Ҳолбуки, мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ҳаётга татбиқ этишдан, уни ёйиш ва одамлар орасида изҳор қилишдан асло хижолат бўлмаслиги керак. Аслида бу иш унга савоби келиб турадиган солиҳ амаллар ичида энг улуғларидандир.
- Биродарига салом бериш ва унинг саломига алик олиш.
Яъни, учрашган пайтингизда унга салом беришингиз ёки у биринчи бўлиб салом берган бўлса алик олишингиз. Бу, албатта, Исломий салом билан, яъни «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» дейиш билан бўлади. Ушбу саломлашув калималаридан воз кечиш, бунинг ўрнига одатда кофирлар ишлатадиган саломлашув ибораларини қўллаш, масалан: «гуд монинг», «привет» каби ажнабий сўзлар билан саломлашиш, ёки бўлмасам уни «хайрли тонг», «салом» каби сўзларга алмаштириш жоиз эмас. Бироқ аввал исломий салом билан бошлаб, ортидан бошқа салом лафзларини ишлатса зарари йўқ, аммо бунда ҳам кофирларнинг саломлашуви бўлмаслиги шарт қилинади. Афзали ва яхшиси Ислом саломи билан кифояланишдир. Зеро, бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, саҳобаларнинг ва уларга яхшилик билан эргашган зотларнинг феълларидан. Ушбу одобга далолат қиладиган ҳадислардан бири шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмоннинг мусулмон устида олтита ҳаққи бор», дедилар. «Улар қайсилар, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашганида: «Учрашсанг унга салом бер, меҳмонга чақирса ижобат қил, насиҳат сўраса насиҳат қил, акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» деса «Ярҳамукаллоҳ» деб ташмит айт, бемор бўлса бориб кўр, вафот этса жанозасига қатнаш», деб жавоб бердилар[7].
- Биродари акса урса унга ташмит айтиш.
Яъни, чучкириб, кейин «Алҳамдулиллаҳ» (Аллоҳга ҳамд бўлсин) деса, юқоридаги ҳадисда айтилганидек, унга «Ярҳамукаллоҳ» (Аллоҳ сизга раҳм қилсин) деб жавоб айтади. Бунга жавобан чучкирган киши «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу баалакум» (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва дунёю охиратда ишларингизни ўнгласин) дейди.
- Бемор бўлганида бориб кўриш.
Бу унинг кўнглини кўтарадиган ва биродари учун унинг эътиборли эканини ҳис қилдирадиган, дўстлик ришталарини мустаҳкамлайдиган, беморнинг руҳиятига яхши таъсир қиладиган ишдир. Бироқ бундай пайтларда касал кўриш одобларига риоя қилиш зарур.
- Дўстнинг чорловини қабул қилиш.
Яъни, дўстингиз сизни бирон таомга чақирса, ақиқа бўлсин, валима бўлсин ё оддий зиёфат бўлсин, унинг чақириғини қабул қилишингиз лозим. Юқоридаги ҳадисда бу ҳақда ҳам сўз ўтди. Бироқ агар бу зиёфатда сиз ўзгартиришга қодир бўлмайдиган бирон ҳаром ёки мункар иш бўлса, унга боришингиз жоиз бўлмайди.
- Дўстга насиҳат қилиш.
Яъни, насиҳатталаб биродарга фойдали бўлган холис насиҳат билан насиҳат қилиш. Бу эса у учун дини ва дунёсида яхшилик бўлган нарсаларни гапириш билан бўлади. Бу юқоридаги ҳадисда айтилганидек, сизнинг зиммангиздаги унинг ҳаққидир. Насиҳат қилишда аччиқ бўлсада ҳақни айтиш, ёлғон сўзламаслик, алдамаслик лозим. Чунки алдаш унга нисбатан хиёнат бўлади.
- Дўстнинг ҳадясини қабул қилиш.
Арзимас ва оз нарса бўлса-да, қўлини қайтармаслик керак. Зеро, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Чорлаган одамнинг чақириғини қабул қилинглар ва ҳадяни қайтарманглар»[8]. Дўстнинг ҳадясини рад этиш кўпинча шайтонга ўртадаги дўстлик ришталарини узиб ташлаши учун имконият эшигини очиб беради.
- Дўстга ҳадя бериш.
Бу ишга беэътибор бўлмаслик, вақти-вақти билан, ҳар хил муносабатларда имконият даражасида дўст дўстига ҳадялар бериб туриши яхши бўлади. Зеро, бу дўстнинг муҳаббатини зиёда қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Бир-бирингизга ҳадя беринг, муҳаббатларингиз ортади»[9].
- Қайғусига шерик бўлиш.
Яъни, дўст бошига мусибат етганда у билан тенгма-тенг қайғуриш, ширин сўз билан далда бериш, керак бўлса моддий ёрдам кўрсатиш. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин мўминга нисбатан чор-атрофи бир-бирини маҳкам тутиб турган бино кабидир»[10].
- Шодлигини баҳам кўриш.
Яъни, дўстнинг хурсанд бўлганига хурсанд бўлиш, унинг шодлигига шерик бўлиш, бирон неъматга эришган бўлса унга ҳасад қилмаслик, аксинча барака тилаб дуо қилиш.
- Унга яхшилик тилаш.
Яъни, ўзингиз учун яхши кўрган нарсани унга ҳам раво кўришингиз. Зеро, бу иймоннинг хосиятларидан. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг бирортангиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича иймони комил бўлмайди»[11]. Шунингдек, ўзингиз учун ёмон кўрган ёмонлик ва зарарни унга ҳам ёмон кўришингиз. Зеро, иймон бусиз мукаммал бўлмайди ва бу чин муҳаббат ва олийжанобликнинг белгисидир.
- Уни ғийбат қилдириб қўймаслик.
Яъни, орқасидан ғийбат қилинганида уни ҳимоя қилиш ва обрўсини сақлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким биродари йўқлигида унинг обрў-номусини ҳимоя қилса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилишни Ўз зиммасига олди»[12]. Биров уни орқасидан камситмоқчи бўлса, бунга йўл қўймаслик, балки уни бундан ман қилиш. Шундай экан, энди ўзингиз уни ғийбат қилмаслигингиз албатта авлодир. Чунки бу унинг сизнинг зиммангиздаги ҳаққидир. Яхши дўст ҳеч қачон дўстини ғийбат қилмайди.
- Унинг айбу нуқсонини беркитиш.
Яъни, барча кўринишларда, хоҳ номусини ҳимоя қилиш билан, хоҳ авратини[13] ёпиш билан, хоҳ айби, хато ва гуноҳини яшириш билан бўлсин, уни ўраш – сатр қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким дунёда мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади»[14]. Бу – ўз нафсингиз учун қай даражада бўлишига рози бўлсангиз, биродарингизга ҳам шу даражада бўлиши лозим.
- Унга хоҳ золим, хоҳ мазлум бўлсин, ёрдам бериш.
Мазлум бўлганда ёрдам бериш – у билан елкама-елка туриб, поймол бўлган ҳақ-ҳуқуқини қайтариб олиш, золим бўлганда ёрдам бериш эса уни зулм қилишдан тўхтатиш ва тўғриликка қайтариш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер», дедилар. «Золим бўлса қандай ёрдам бераман?» деб сўралганида: «Уни зулмдан тиясан, мана шу унга ёрдам бериш бўлади», дедилар[15].
Мусулмон киши мусулмон биродари унинг ёрдамига муҳтож бўлганида уни ёрдамсиз ташлаб қўйиши жоиз эмас, балки тезлик билан унинг ёрдамига шошилиши керак бўлади.
- Унинг совчилиги устига совчи қўймаслик.
Яъни, биродари бирон аёлга уйланиш мақсадида харидор бўлган бўлса, то никоҳлангунича ё унга уйланиш ниятидан қайтгунича кутиши, шундан сўнг агар истаса совчи қўйиши лозим. Акс ҳолда икки ўртада кўнгилсизлик келиб чиқишига ва адоват пайдо бўлишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин мўминнинг биродаридир. Мўмин ўз биродарининг байи устига бай қилиши ва биродарининг совчилиги устига совчи қўйиши ҳалол бўлмайди»[16].
- Байи устига бай қилмаслик.
Яъни, бирон нарсага харидор бўлиб турган бўлса у ҳам ўшанга харидор бўлмаслиги, уни сотиб олишини ё сотиб олиш фикридан қайтишини кутиб туриши лозим. Кўпинча мана шу нарса дилларнинг ўзгаришига, муҳаббат ва дўстлик ўрнига адоват ва нафрат ўрнашига сабаб бўлади. Бундай қилишнинг ҳаром эканига далолат қилувчи ҳадис юқорида ўтди.
- Биродарига рост сўзлаш ва ёлғон гапирмаслик.
Бу гап-сўзда ҳам, насиҳат қилганда ҳам ва бошқа пайт учун ҳам бирдек тааллуқлидир. Чунки бундай қилиш хиёнат ва алдамчилик саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга хиёнат қилмайди, ёлғон гапирмайди, ёрдамсиз қўймайди. Ҳар бир мусулмоннинг обрўси, моли ва қони бошқа мусулмонга ҳаромдир. Тақво мана бу ердадир – шундай деб қалбларига ишора қилдилар – мусулмон биродарига паст назар билан қараш кишининг ёмонлигига кифоядир»[17].
[1] Бухорий ва Муслим ривояти.
[2] Абу Довуд ва Термизий ривояти.
[3] Бухорий ва Муслим ривояти.
[4] Аҳмад ва Ибн Абу Шайба ривояти.
[5] Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.
[6] Аҳмад ривояти.
[7] Муслим ривояти.
[8] Аҳмад, Табароний, Байҳақий ва Бухорий («Адабул муфрад») ривояти.
[9] Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.
[10] Бухорий ва Муслим ривояти.
[11] Бухорий ва Муслим ривояти.
[12] Аҳмад ва Табароний ривояти.
[13] Бу ерда “аврат” сўзи бегоналар ҳузурида у ҳақда гапириш мумкин бўлмаган, кишининг ички сирлари маъносида ишлатилган. Бунга кишининг аёлига қиладиган хос муомалалари, аёлининг умумий сифатлари, умуман олганда бегоналардан сақланиши керак бўлган шахсий ҳолатлар ва ишлар киради.
[14] Аҳмад ривояти.
[15] Бухорий ривояти.
[16] Муслим ривояти.
[17] Термизий ривояти.