Бизга боғланинг
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир!
«Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир»
(Раҳмон сураси, 60-оят)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммадга ва у зотнинг аҳли байтлари, саҳобалари ҳамда уларга гўзал суратда эргашган зотларга беҳисоб салавоту саломлар бўлсин!
Аллоҳ таоло барча яратган нарсалари ичида Одам алайҳиссалом ва у кишининг зурриётини азизу мукаррам қилди. Улар қиёмат кунигача Аллоҳ таолога ибодат қилиб яшаб туришлари учун уларга ушбу заминни маскан қилиб берди. Уларга шу заминда беҳисоб неъматлар ато этиб, агар таъбир жоиз бўлса, уларни ушбу заминнинг хўжайинлари қилиб тайинлади. У буюк зотнинг одамларга кўрсатган яна бир марҳамати шуки, уларни ахлоқсиз суратда ҳайвонлар каби яшашлари учун ўз ҳолларига ташлаб қўймади, балки ўз марҳамати билан ўзларининг ичларидан покиза инсонларни танлаб олиб, уларга Парвардигорларини танитиш, Унинг ёлғиз ўзига ибодат қилишни ўргатиш ва гўзал хулқларни таълим бериши учун пайғамбар қилиб юборди. Ана ўша пайғамбарларнинг энг улуғи, энг ҳурматлиси, беқиёс гўзал хулқлиси бизларнинг пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида Аллоҳ таоло: «Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз» — деб марҳамат қилган[1]. Мазкур улуғ хулқни ўзида мужассам этган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ″Мен улуғ хулқларни адоғига етказиб, баркамол қилмоқ учун юборилдим″ — деганлар. Ҳа, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз асҳобларига, улар эса тобеинларга, тобеинлар эса ўзларидан кейингиларга шу гўзал хулқларни комил равишда таълим бериб ўтдилар. Бу улуғ хулқларни ўзида мужассам этмоқчи бўлган ҳар бир мусулмон Пайғамбаримиз, саҳобалар, тобеинлар ва салаф уламоларимизнинг сийрат-тарихларини ўқиб ўрганса, Аллоҳнинг изни билан у ҳам ўша гўзал хулқлар соҳиби бўлгай.
Ҳурматли ўқувчи! Биз қуйидаги сатрларда Пайғамбаримизнинг гўзал ҳулқларини ўргатадиган мактабларида таълим олган улуғ салаф уламоларидан бири Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулбоқийнинг ҳаётида бўлиб ўтган ва уни ўз тили билан сўзлаб берган бир воқеани баён қилмоқчимиз. У киши ҳижрий 442 йили туғилган, етти ёшидаёқ Куръони каримни ёд олган, умрини исломий илм ва унинг таълимига бағишлаган, ҳижрий 535 санада тўқсон уч ёшида вафот этган муҳаддис олим ва қозидир. Қолаверса, улуғ хулқлардан омонатдорлик, вафо, хайрли ишни ҳеч қандай муқобилсиз адо этиб, унинг мукофотини охиратга захира қилиб қолдиришдек гўзал хулққа намуна бўладиган инсондир. Умид қиламизки, ушбу воқеа сиз ҳам мазкур улуғ хулқларни касб этишингизда сизга албатта кўмакчи бўлгай.
У зот воқеани бундай ҳикоя қилади:
«Маккаи мукаррамада вақтинча яшаб турган кунларимнинг бирида ейишга ҳеч вақо топа олмай, оч қолдим. Бу очликдан мени халос этгудек бирор егулик қидириб кўчага чиқдим. Кўчада ипак матодан ишланган, оғзи ҳам ипак билан боғлаб қўйилган бир ҳамён топиб олдим. Уни бошпанамга олиб келиб очиб қарасам, ичида бир шода марварид бор экан. Ҳаётимда бундайин чиройли, бундайин тоза марваридни кўрмаганман. Қайтиб кўчага чиқдим. Кўчада қўлига беш юз динор пулни ушлаб олиб: ″Ҳамёнимни топиб берган кишига мана шу беш юз динорни мукофот қилиб бераман″ — деб турган бир кишини кўрдим. Ўзимча ўйладим: ″Мен ҳозир оч қолган муҳтож бир кишиман, ҳамённи эгасига қайтиб берсам-у, мана шу беш юз динор тиллони олиб, тирикчилигимга сарф қилсаммикин?″ Кейин, у кишини манзилимга бошлаб келдим. У менга ҳамённи, унинг оғзи боғланган боғични ҳамда унинг ичидаги марваридни тўғри сифатлаб берганидан сўнг омонатни унинг қўлига тутқаздим. У менга ваъда қилган беш юз динорни бермоқчи бўлган эди, мен унга: ″Йўқ, ушбу омонатни ҳеч қандай мукофотсиз ўз эгасига топшириш менинг бурчимдир″ — деб, ҳар қанча илтимос қилса ҳам ҳадясини қабул қилмадим. У менинг мукофотни қабул қилмаслигимни билгач ҳаққимга дуо қилиб, йўлига равона бўлди.
Кўп ўтмай мен ҳам Маккадан ўз юртимга денгиз орқали кема билан сафарга чиқдим. Йўлда бахтсиз воқеа содир бўлди, кема ҳалокатга учради. Кемадаги барча одам бор будлари билан денгизга ғарқ бўлди. Аллоҳнинг марҳамати билан кеманинг бир синиқ бўлагига тирмашиб олиб фақат мен омон қолдим. Денгиз тўлқини мен тирмашиб олган кема парчасини мусулмонлар яшайдиган бир оролга олиб бориб ташлади. Денгиздан соғ-саломат қутулиб, ўша жойдаги бир масжидга бориб ўтирдим. Орол аҳли менинг масжидда Қуръон ўқиб ўтирганимни кўриб, илм аҳлидан эканимни билди. Сўнгра улар менинг ҳузуримга Қуръондан таълим беришим ва ёзувни ўргатишим учун тўп-тўп бўлиб келишди. Деярли оролдаги ҳамма – ёшу қари олдимда тўпланиб таълим ола бошлади.
Кўп ўтмай анча-мунча мол-дунё орттириб, ўзимни ўнглаб олдим. Шундан кейин улар мени уйлантириб қўймоқчи бўлишди. Менга отасидан анча мол-дунё мерос олган бир етим қизни таклиф қилишди. Мен уйланишга рағбатим йўқлигини билдиришимга қарамай, улар қаттиқ туриб олишди. Ноилож рози бўлдим. Қизни ясантириб, тақинчоқларини тақтириб ҳузуримга олиб келишди. Мен қизга назар ташлар эканман, Маккада мен топиб олиб эгасига топширганим бир шода марвариднинг айни ўзи мен аввал кўрган сифатда унинг бўйнида осилиб турар эди. Мен беихтиёр марваридга узоқ тикилиб қараб қолдим. Улар: ″Эй шайх, мунча марваридга тикилмасангиз, бу ишингиз билан бечора қизни хижолатга қўймоқдасиз″ — деб, менга танбеҳ бера бошладилар. Шунда мен уларга марварид воқеасини сўзлаб бердим. Улар: ″Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ″ — деб, шу даражада баланд овоз билан такбиру таҳлил айтишдики, ҳатто овозлари орол аҳлининг барчасига етиб борди. Мен ажабланиб: ″Сизларга нима бўлди ўзи″ — деб сўрадим. Улар: ″Ўша сиздан марваридни қайтиб олган марварид эгаси шу етим қизнинг отаси эди. У доимо сизни мақтаб: ″Мен дунёда у кишидан бошқа бундайин ҳалол чин мусулмон кишини кўрмаганман. Эй Аллоҳ, мени у кишига қайта рўбарў қилгин, қизимни унга никоҳлаб берайин″— деб, дуо қилиб юрарди, бироқ у орзусига етолмай ҳаётдан кўз юмди. Мана энди унинг дуоси ижобат бўлиб, орзуси ушалмоқда″ — дейишди. Кейин ўша қиз билан бирга ҳаёт кечира бошладим. Аллоҳ таоло менга ундан икки ўғил ато этди. Кўп ўтмай аввал аёлим, кейинроқ икки ўғлим ҳам вафот топишди. Ҳалиги қимматбаҳо марварид менга мерос бўлиб қолди. Мен уни минг динорга сотиб юбордим. Сизлар кўриб турганларинг мана шу бойликларим ўша марвариднинг пулидан қолганларидир»[2].
Мана азиз ўқувчи, ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, омонатга вафо қилган шундай улуғ хулқ соҳибини Аллоҳ таоло шу дунёнинг ўзидаёқ яхшилик ила мукофотлаб қўйди. Охиратда эса бундан-да олийроқ, бундан-да яхшироқ мукофотлар билан сийлашига асло шубҳамиз йўқдир. Аллоҳ таоло рост сўзлагувчи Зотдир. У буюк зот улуғ Китобида: «Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир», деган[3].
Аллоҳ таолодан барчамизни шундай улуғ ва гўзал хулқларга муваффақ айлашини сўраймиз.
Ҳикояни арабчадан Абу Муҳаммад таржима қилди.
Манба: www.islomnuri.com
[1] Қалам сураси, 4-оят.
[2] Ҳоний ал-Ҳожнинг “Алф қисса ва қисса мин қисас ас-солиҳин” (Солиҳ кишилар ҳаётидан минг бир ҳикоя) китобидан олинди.
[3] Раҳмон сураси, 60-оят.