«Ҳиснул муслим» шарҳи (11): зикр ва дуога тааллуқли масалалар (7)

    Еттинчиси: дуога тарғиб қилиш

    Аллоҳ таоло айтади: “Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларда жаҳаннамга кирурлар[1].

    Бошқа оятда: “Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуо қилувчиларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар[2], деган. 

    Аъроф сурасида: “Парвардигорингизга тазарру билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз! Зотан, у ҳаддан ошувчи кимсаларни севмас. Ва (Аллоҳнинг дини билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, ерда (куфр йўлини тутиб) бузғунчилик қилманг! У зотга (азобидан) қўрқиб, (раҳматидан) умидвор бўлган ҳолингизда ибодат қилингиз! Зеро Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир[3], деб марҳамат қилган.

    Аллома ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ мазкур Аъроф сурасидаги икки оят ҳақида бундай деган: “Ушбу икки оят дуонинг икки турининг – ибодат ва масала (бирон нарса сўраш) дуосининг – одобларини ўзида мужассам этган. Қуръонда дуо сўзидан гоҳо биринчиси, гоҳо иккинчиси, гоҳо иккиси ҳам ирода қилинади. Ваҳоланки, у иккиси бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.

    Масала (бирон нарса сўраш) дуоси дегани банда ўзига фойдаси тегадиган нарсани беришини ёки зарар берадиган нарсани аритишини ё қайтаришини сўрашидир. Бандага зарар ва фойда етиш-етмаслиги тасарруфида бўлган зот – ана ўша ҳақиқий илоҳ саналади. Зеро, чинакам илоҳ фойда беришга ва зарарни аритишга қодир зотдир”.

    Мусаҳҳиҳ айтади: “Шуруту ад-дуо ва мавонеъ ал-ижоба” (дуонинг шартлари ва уни ижобатдан тўсадиган нарсалар) номли китобимда дуонинг бешта шарти борлигини айтиб ўтганман. Улар: ихлос; Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш; Аллоҳ таоло дуони аниқ ижобат қилишига ишониш; ўй-фикрни жамлаб, умид қилган ва тавозели ҳолда туриш; дуони қатъият ва жиддийлик билан сўраш.

    Дуо ижобат бўлишидан тўсадиган нарсалар тўртта эканини зикр қилганман. Улар: ҳаром нарсаларни еб-ичишга беписанд қараш; бесабрлик қилиб дуони ташлаб қўйиш; гуноҳ ва ҳаром ишларга қўл уриш, гуноҳ нарсани ёки қариндош-уруғ билан алоқани узишни сўраб дуо қилиш; илоҳий ҳикматга кўра сўраган нарсаси берилмасдан ўрнига ундан ҳам яхшироғини ато этилиши. 

    Дуонинг йигирма битта одоби борлигини зикр қилганман. Улар:  дуо ва зикр қилмоқчи бўлган одам Аллоҳ таолога ҳамд ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтиш билан бошлаб, дуо ва зикрини ҳамд ва саловат билан якунлаши, фаровонликда ҳам, қийинчилик вақтида ҳам дуо қилиш, ўз аҳли-оиласи, мол-дунёси, жони ва фарзандига ёмонлик тилаб дуо қилмаслик, овозни қаттиқ ҳам, махфий ҳам қилмай паст овозда дуо қилиш, Аллоҳ таолога тазарру қилиб дуо қилиш, ялиниб-ёлвориб дуо қилиш, Аллоҳ таолонинг исмларидан ё сифатларидан бирини ё ўзи қилган бирон яхши амалини васила қилиб (ўртага қўйиб) сўраш ёки тирик, дуо қилишга қодир ва олдида турган солиҳ мусулмон одамдан дуо қилишини сўраш, дуо қилиш пайтида қилган гуноҳларини ва Аллоҳнинг бераётган неъматларини эътироф этиш, қофияли дуо қилишга ҳаракат қилиб ўзини қийнамаслик, дуони уч марта такрорлаш, қиблага юзланиш, қўлларни кўтариш, имкони бўлса дуодан олдин таҳорат олиш, Аллоҳдан қўрқиб яширинча йиғлаш, Аллоҳга муҳтожлигини кўрсатиш ва у Зотга бор ҳожатини айтиш, дуода ҳаддан ошмаслик, тавба қилиш ва зулм қилган одамларидан кечирим сўраб ҳақларини қайтариб бериш, ўзи билан бирга ота-онаси ҳаққига дуо қилиш, ўзи билан бирга барча мўмин ва мўминалар ҳаққига дуо қилиш, бошқа одам ҳаққига дуо қилганда аввал ўзига дуо қилиш, ёлғиз Аллоҳдангина сўраш.

    Дуо ижобат бўладиган ўттиз тўртта вақт, ҳолат ва вазиятларни зикр қилдим. Улар: қадр кечаси, фарз намозлардан сўнг, кечанинг охирги қисми, азон ва иқомат ораси, фарз намозларига азон айтилган пайт, намозга иқомат айтилаётганда, ёмғир ёғаётганда, Аллоҳ йўлидаги жангда душман билан тўқнашганда, кечадаги бир вақтда, жума кунидаги бир вақтда, яхши ният билан зам-зам сувини ичганда, саҳар пайтида, кечаси уйғониб, оят ва ҳадисларда келган дуони айтган пайтда, “Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Сен барча айбу-нуқсондан поксан, дарҳақиқат мен ўз жонимга зулм қилганлардан бўлдим”, дея дуо қилган вақтда, бошига мусибат тушганда: “Албатта биз Аллоҳникимиз ва Унга (Унинг ҳузурига) қайтурмиз”, деб айтгандан кейин, бир киши оламдан ўтганда шариатимизда белгиланган дуоларни айтиб бўлгач, намозни “Аллоҳу акбару кабирон” истифтоҳ дуоси билан бошлаганда, намознинг бошида “Алҳамду лиллаҳи ҳамдан касирон тоййибан муборакан фийҳ”, деб айтган вақтда, намозда Фотиҳа сурасини ундаги маъноларни тадаббур қилиб ўқиганда, рукудан бошини кўтариб белигиланган дуоларни айтганда, намозда “Омин” деган сўзи фаришталарникига тўғри келганда, рукуъдан кўтарилганда “Раббана ва лакал ҳамд” деб айтганда, охирги ташаҳҳудда Пайғамбаримизга саловат айтиб бўлгач, салом беришдан олдин Қуръон ва суннатда келган дуоларни айтганда, таҳорат олиб бўлгач белгиланган дуони айтганда, ҳаж қилган киши Арафа куни Арафа тоғи (теппалиги)да турганда, қуёш оғиб, пешин вақти кирмасдан олдин, Рамазон ойида, мусулмонлар зикр ҳалқасига жамланганда, хўроз қичқирган пайтда, қалб Аллоҳга талпиниб турганда, Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида.

    Шунингдек, дуо ижобат бўладиган олтита жойни зикр қилдим. Улар: ҳаж ёки умра қилган одам учун Сафо ва Марва тепалигида, Каъбанинг ичида, Ҳижрнинг ичида қилган дуо. Аслида у ҳам Каъбанинг бир қисми ҳисобланади. Шунингдек, ҳаж қилган одам учун ташриқ кунлари Суғро (кичик) ва Вусто (ўртача) жаморатида тош отиш пайтида, ҳаж қилган одам учун Қурбонлик куни Машъарул ҳаромда, ҳаж қилган одам учун Арафа куни Арафа тепалигида қилган дуо.

    Ижобат бўладиган йигирма битта дуони зикр қилдим. Улар: мусулмон одам ўзининг мусулмон биродарининг ҳаққига ғойбона қилган дуоси, мазлумнинг дуоси, отанинг фарзандига қилган дуоси, мусофирнинг дуоси, рўзадорнинг дуоси, рўзадор оғиз очаётганда қилган дуоси, адолатли раҳбарнинг дуоси, солиҳ фарзанднинг ота-онаси ҳаққига қилган дуоси, уйқудан уйғонганда Қуръон ва суннатда келган дуони айтгач қилган дуоси, чорасиз вазиятда қолган одамнинг дуоси, таҳоратли ҳолда Аллоҳни зикр қилиб ётган одам уйғонганда айтган дуоси, Зуннун алайҳиссалом айтган сўзлар билан қилинган дуо, бошига мусибат тушган одам Қуръон ва суннатда кўрсатилган дуоларни айтгандан сўнг қилган дуо, Аллоҳнинг “Аъзам” (Буюк) исми билан қилинган дуо, ота-онасига яхшилик қиладиган (рози қиладиган) фарзанднинг дуоси, ҳаж қилаётган одамнинг дуоси, умра қилаётган одамнинг дуоси, Аллоҳ йўлида жанг қилаётган кишининг дуоси, Аллоҳни кўп зикр қиладиган одамнинг дуоси, Аллоҳ уни яхши кўрадиган ва рози бўладиган банданинг дуоси.

    Банда Аллоҳдан дуо қилиб сўраши керак бўлган энг муҳим нарсаларни зикр қилдим. Улар тўққизта: ҳидоятга йўллашини, гуноҳларини кечиришини, жаннатга киритишини ва дўзахдан қутқаришини, дунё ва охиратда офият беришини, динда собит қадам қилишини, ҳар бир иши яхшилик билан якунланишини, дини, дунёси ва охиратини ислоҳ қилишини, Аллоҳнинг неъмати бардавом бўлишини ва ундан маҳрум бўлишдан сақлашини ҳамда оғир балодан, бахтсизлик етишидан, ёмон қазои қадардан ва бошига тушган мусибат сабабли ғанимларнинг шодланишидан паноҳ сўраш.

    Мазкур масалаларнинг барчасига далилларни манбалари билан зикр қилдим. Ким уларни батафсил билмоқчи бўлса, ушбу китобга (Шурут ад-дуо ва мавонеъ ал-ижоба китобига) мурожаат қилиши мумкин. Аллоҳ таолодан ҳаққа муваффақ қилишини сўрайман[4].

    [1] Ғофир сураси, 60-оят.
    [2] Бақара сураси, 186-оят.
    [3] Аъроф сураси, 55-56-оятлар.
    [4] Қаранг: “Шурут ад-дуо ва мавонеъ ал-ижоба фи завъи ал-китоб ва ас-сунна” (5-149-бетлар). Шунингдек, “Аз-зикр ва ад-дуо ва ал-илож бир-руқо мин ал-китоб ва ас-сунна”, (3/863-1117). Кўрсатилган манбаларда барча далилларни зикр қилдим. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. (Мусаҳҳиҳ).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963