Бизга боғланинг
Ар-раҳиқ ал-махтум
الرحيق المختوم
بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام
صفي الرحمن المباركفوري
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар
Ислом Нури таржимаси
Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли оилалари ҳамда асҳоби киромларига беадад саловату саломлар бўлсин.
Аммо баъд…
Ақида машъаласини бошлари узра баланд кўтарган, нубувват ворислари бўлмиш барча даврдаги авлодлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари энг бирламчи тарихий манба, улар учун асосий йўл озиғи, уларнинг давомийлиги ва ҳаётийлигини таъминловчи асл асос бўлиб қолаверади.
Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарихларини инсоф назари билан чуқур ўрганиб чиққан инсон қаршисида тарихнинг ажиб бир қисми намоён бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У Зотнинг этакларини тутган мукаррам мўминлар моддиятнинг қуруқ унсурлари ҳамда ернинг тортиш кучини енгиб ўтиб, шундай юксакликка кўтарилдиларки, инсоният ҳали ҳеч қачон ва ҳеч қаерда бу қадар олий мартабага кўтарилмаган эди.
Агар сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаракатларини диққат билан кузатсангиз, У зот сизга: «Мен шундай бир умматни тарбия қиламанки, ер тарихи минбаъд унга тобе бўлиб ўтади», деяётгандек бўлади.
Балоларга сабр қилишда, ҳақ устида собит туришда, дунё силкинишларига ирода ва хотиржамлик билан жавоб беришда, меҳрибонликда, мулойимликда, нозик қалблиликда ва умуман ерга хос бўлган барча тушунчаларнинг чўққисида туришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мисли бўлмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам воқеа – ҳодисалардан устун келиш, моддият устидан ғолиб туриш учун яратилган эдилар.
Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун инсоният тарихи ва унинг энг саҳиҳ фикрлари учун ҳамиша асосий манба бўлганлар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларига илоҳий муҳр босиб, У Зотни ҳавойи нафснинг тойилишлари ва инсоний табиатнинг ғолибликларидан йироқ қилди. Бинобарин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини, сифатларини ва ҳадисларини ўқиб-ўрганаётган ҳар бир инсон ҳар бир нуқтада ўша илоҳий муҳрнинг изларини изламоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари изоҳида унга маълум бўлади-ки, дунё ўзининг олий аҳлоқ хусусидаги ғояларини фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларидагина амалда кўришга муваффақ бўлган.
Инсон фарзанди бўлган бу Зот айни пайтда инсоният юксалишидаги ҳаракат ҳам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан бири сифатида қуйидагиларни ҳам таъкидлаш жоиз:
– Башарият бутун тарихи мобайнида ожиз қолиб келган нуқтани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз сийратларида амалда кўрсатиб кетдилар. У зотнинг барча ишлари илоҳий илҳом билан тартиб этилган бўлиб, бамисоли ҳаёт давом этмоғи учун самога қуёш илиб қўйилганидек улар ҳам ҳаёт мазмун-моҳияти учун тарихга муҳрлаб қўйилган олий сифатлардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари билан танишар экансиз, беихтиёр ҳаёт нафаси уфуриб турган, кўриниши хаёлни қитиқлайдиган, хуш бўйлари томирлардаги қонни гупиртирадиган ва айни пайтда ором, сакинат ва хотиржамлик туйдирадиган бир гўзал боғ кўз олдингизга келади. Сўнг сиз ҳам ана шу нурдан Аллоҳ марҳамат қилганлар қатори баҳраманд бўласиз. Ҳадислар баёнининг завқи шунчалар тотлики, гўё саҳифалар ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитгандай бўласиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг каломларига назар ташлаш ана шундай бўлади. Бу калом хусусида қанчалик кўп фикр қилсангиз, шунчалик кўп маъно топасиз. Бу каломнинг изоҳи дилларга яқин. Худди танадаги жон каби бизларга яқин, айни пайтда танадаги жоннинг илоҳий сирлилиги каби узоқ ҳамдир. Хуллас, сиз унга қанчалик яқин бўлсангиз, у ҳам сизга шунчалик яқин бўлади. Агар сиз маълум масофада тўхтаб қолсангиз, у ҳам тўхтайди. Унга қараб интилсангиз, у ҳам сизга қараб интилади. Сўзингиз ишингиз билан қанчалик бир эканлигига қараб, у сизга яқинлашаверади. Дунёнинг сўзга чечан бандалари одат қилган ҳуда-беҳуда гап-сўзлар, суяксиз тилнинг керак-нокерак луғатлару маъноларни қалаштириб ташлайверишлари ва ҳоказо нуқсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларига мутлақо ётдир. Чунки бу Зотнинг сўзлари маъноларни ҳақиқатга айлантириш учунгина айтилган эди. Бу сўзлар фикр, қалб, иймон ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг илҳоми билан айтилган сўзлардир. Бу сўзлар мажмуаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак вужудларидан отилиб чиққан бир дунё эдики, у ўзининг ҳақ йўлида ҳеч қандай хилоф ёхуд адоватга заррача ўрин қолдирмаган.
Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва сўзлари мўминлар учун танадаги қалб вазифасини адо этишининг лозимлиги, инсон қалбининг ақлни кузатиб туришидек мўминни кузатиб туришининг зарурлиги ана шу ўринда ёрқин кўринади. Токи танлар моддиятнинг кишанларини ва ернинг тортиш кучини парчалаб ташлаб юксак-юксакларга парвоз қилсин.
Бироқ моддиятнинг таъсиридан холи бўлмаган инсонга бу юксакликка кўтарилиш маҳол саналади. Бунинг учун у ўзининг узоқ тарихий асосларига таяниб, дунёга аслида нима учун келганлигини англамоғи керак. Аслида ушбу юксак ғояни ҳали ҳеч қайси уммат ислом уммати каби амалга оширолган эмас: «Бизни Аллоҳ таоло Ўзининг ҳоҳлаган бандаларини инсонларга қуллик қилишдан инсонларнинг Раббига қуллик қилишга, ботил динларнинг жабру зулмидан Исломнинг адлу адолатига, дунёнинг танглигидан дунё-ю охират кенглигига олиб чиқмоғимиз учун жўнатди.»
Иймон билан тўлиб-тошган, нурлари кўзни қамаштирувчи мазкур жумлалар умматнинг энг биринчи устози ва раҳнамоси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тарбия топган чин мўминнинг сўзлари эди. У ўзининг нима учун бу дунёга келганлигини англаган ва англаган нарсасини амалга оширишга киришган мўмин эди. Узоқ сафарда чин мўминлар карвонидан узилиб қолмасликни мақсад қилган ҳар бир киши ана шундай йўл тутмоғи керак.
Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам мусулмонлар ҳаётида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари муҳим ўрин тутгани боис, бу хусусда услублари ва йўналишлари турлича бўлган кўп асарлар битилган. Улардан баъзилари ўзининг кенг қамровлилиги, тўғри услуби ва комиллиги билан ажралиб туради.
Албатта, бундай сийрат китоблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарихларини батафсил ва саҳиҳ тарзда ўрганиб чиқишда ўқувчига анча енгилликлар беради.
Ҳиндистонлик олим Софиюрраҳмон Муборакпурий қаламига мансуб ушбу «Ар-раҳиқ ал-махтум» асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаттар сийратларини чуқур ва айни пайтда енгил услубда баён қилиши, баъзи сийрат китобларида учрайдиган ботил ва асоссиз ривоятлардан холилиги билан ана шундай мумтоз асарлар сафидан ўрин олган. Мазкур асарни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи ўзи қидирган нарсасини топади, иншааллоҳ.
«Ар-раҳиқул-махтум» асари Робитатул Оламил Исломий томонидан жорий қилинган пайғамбаримиз сийратларига бағишланган мусобақада биринчи мукофот билан тақдирланган.
Биз ер юзининг машриқу мағрибидаги биродарларимизга мазкур асарни тақдим этар эканмиз, Аллоҳдан унинг фойдасини мўл-кўл қилишини сўраб қоламиз.
Ношир.