Бизга боғланинг
Асллар (кўчмас мулк) байъига доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Асллар, яъни кўчмас мулклар – ҳовли-жойлар, ер-мулклар, дарахтлар ва уларга тааллуқли бўлган нарсалар сотилгач, мазкур аслларга тобеъ бўлганлари (яъни, одатда улардан ажралмайдиган ва уларнинг бир қисми ҳисобланадиганлари) харидорнинг мулкига айланади, тобеъ бўлмаганлари эса сотувчининг мулкида қолади. Бу нарсаларни билиш билан икки тараф ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низолар олди олинади ва ҳар икки тараф ўзига тегишли бўлган ва бўлмаган нарсаларни билиб олади. Чунки, динимиз биз учун манфаат ёки зарар бўлган нарсалардан ҳеч нарсани қолдирмай баён қилиб берган. Агар бу дин татбиқ қилинса ва унинг аҳкомлари ҳаётга кўчса, низо ва хусуматларга ўрин қолмас эди.
Биз ҳозир сўз юритмоқчи бўлган мавзу ҳам шулар жумласидандир. Инсон баъзан ўзининг мол-мулкидан биронтасини сотади, шунда бу нарсага тегишли бўлган, унга тобеълар, унинг қўшимчалари ва унинг ичидаги қулайлик воситалари ёки ўша нарсага бириккан ё ундан ажралган ҳолда ўсиб-кўпайиб турган нарсалар масаласи ўртага чиқади, сотувчи ва харидор ўртасида бу нарсалардан қай бирига қайсилари ҳақли бўлишлари хусусида келишмовчилик келиб чиқади. Ана шу каби ихтилофларга барҳам бериш учун фуқаҳолар ислом фиқҳида «кўчмас мулк ва ҳосиллар савдоси» деган бобни тартиблаганлар.
Агар биров бир ҳовли сотса, байъ унинг биноси-ю томини ўз ичига олади. Чунки, булар ҳовли деган ном остига дохилдир. Ундан ташқари, бу байъ ўша ҳовлига бириккан ва унинг манфаатига хизмат қиладиган нарсаларга, масалан, ўрнатиб қўйилган эшиклар, зинапоялар, маҳкамлаб қўйилган токчаларга, шу уйга тегишли бўлган лифт, электр ўтказгич қурилмалар, ёритиш анжомлари, ер остига ёки томга ўрнатилган сув сақловчи мосламалар, сув тақсимлаш учун тортилган қувурлар, ҳаво совутгич ёки сув иситгич асбобларга, шунингдек, ушбу ҳовлида бўлган дарахтлар, зироатлар, унда ўрнатилган соябонларга ҳам умумий бўлади.
Шу ҳовлининг ери остида бўлган қаттиқ маъдан-кон ҳам харидорнинг ҳаққига айланади.
Аммо, ҳовлига қўйиб қўилган, бироқ унга бирикмаган нарсалар, масалан, ёғочлар, арқонлар, идишлар, гилам ва тўшамалар, шунингдек, унинг ерига сақлаш учун кўмиб қўйилган тошлар, хазиналар ва шу каби нарсалар байъ остига кирмайди. Чунки, улар ҳовлидан ажралган нарсалар бўлиб, ҳовли номи остига кирмайди. Фақатгна шу ҳовлига тегишли бўлган калитлар, агарчи ундан ажралган бўлса ҳам, унга тобеъ бўлади.
Агар ер сотса, шу ерга бириккан ва шу ерда давомий қоладиган кўчат ва бинолар ҳам байъ остига киради.
Агар боғ сотса, шу боғнинг ери ҳам, дарахтлари ҳам, деворлари ҳам, унинг ичида бўлган шийпон ва хоналар ҳам байъ остига киради.
Агар бир марта йиғиштириб олинадиган буғдой, арпа каби экин экиб қўйилган ерни сотса, экинлар сотувчининг ҳаққи бўлади ва байъ остига кирмайди.
Агар сотилган ерда вақти-вақти билан ўриб туриладиган ўт ёки давомий йиғиб-териб туриладиган бодринг, бақлажон каби экинлар бўлса, сотилган пайтда пишиб-етилиб турган ҳосили сотувчининг ҳаққи бўлади, ерда қолган экин эса ерга қўшилиб харидорнинг мулкига айланади.
Юқорида айтиб ўтилган тафсилотларнинг ҳаммаси қачонки, сотувчи билан харидор ўртасида келишиб олинган шарт бўлмаган ҳолларга тегишли.
Аммо, агар ўрталарида ушбу нарсалар улардан бирига тегиши ҳақида шарт бўлса, унга амал қилиш лозим бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар ўз шартлари устидадирлар», деганлар (Абу Довуд (3594) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Термизий (1352) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Агар чанглатилган хурмо дарахтини сотса, унинг ҳосили сотувчининг ҳаққи бўлади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бир киши хурмони чанглатилганидан кейин сотса, унинг ҳосили сотган одамники бўлади, фақат қачонки сотиб олган одам (уни ўзига бўлишини) шарт қилган бўлса (харидорники бўлади)», деганлар (Бухорий (2379) ва Муслим (1543) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Меваси кўзга кўриниб қолганидан кейин сотилган ток, тут, анор дарахтлари ҳам ушбу ҳукмда хурмо билан бир хил, яъни, сотувчининг ҳаққи бўлади. Аммо, хурмони чангитишдан олдин ёки узум ва шу кабиларни меваси кўзга кўринишидан олдин сотилган бўлса, унинг ҳосили харидорники бўлади. Чунки, юқоридаги хурмо ҳақида айтилган ҳадиси шариф маъноси шуни тақозо қилади ва бошқа дарахтлар хурмога қиёс қилинади.
Бу айтиб ўтилган ечимлар Ислом шариатининг нақадар комил шариат эканини, унинг одамларнинг муаммоларини қандай ҳал қилиб беришини ва ҳеч кимга зулм қилмаган ҳолда ҳар бир ҳақдорга ўз ҳаққини беришини кўрсатади. Қандай бир муаммо бўлмасин, шариатимизда унга қониқарли ечимлар мавжудки, уларни бандаларининг манфаатлари нимада, зарарлари нимада эканини яхши билувчи улуғ ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ таоло тузиб бергандир.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).
Фақат Аллоҳ ва Расулининг ҳукмигина одамлар ўртасида юзага келадиган низоларга барҳам беришга ва манфаатларни рўёбга чиқариб, мўминларнинг дилларини қаноатлантиришга қодирдир.
Аммо, одамлар томонидан тузилган тузумлар худди инсонларнинг ўзларига ўхшаган қосир, уларга хоҳиш-ҳаволар ва низолар аралашиб кетган. Аллоҳ таоло айтганидек: «Агар Ҳақиқат — Қуръон уларнинг ҳавои нафсларига эргашса эди, албатта осмонлар, ер ва улардаги бор жонзот бузилиб-ҳалок бўлган бўлур эди» (Муъминун: 71). Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини башар қонунларига алмаштираётган ақллар қуриб кетсин, ҳалокатга дучор бўлсин! «Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким бор?!» (Моида: 50).
Аллоҳ таолодан Ўз динига нусрат беришини ва калимасини олий қилишини ҳамда
мусулмонларни душманлар макридан Ўзи ҳимоя қилишини сўраймиз. У эшитувчи ва
ижобат қилувчи Зотдир.