Бизга боғланинг
Бахтсизлик ҳовлиси
3713 марта кўрилган
الشيخ محمد حسان
في رحاب الدار الآخرة
دار الشقاوة
Охират ҳовлиси силсиласи
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд…
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Сиз билан биз бугун Аллоҳнинг тавфиқи ва мадади билан «Охират ҳовлиси» силсиласидан йигирманчи суҳбат устида кўришиб турибмиз.
Бугунги суҳбатимизда Аллоҳнинг изни билан дўзах ҳақида сўз юритамиз, Аллоҳ барчамизни унинг азобидан сақласин. Бунда биз Қуръони Каримнинг тарҳиб ва тарғиб, яъни қўрқитув ва қизиқтирув услубидан келиб чиқамиз.
Аллоҳ таоло айтади: «Ҳо, Мим. (Ушбу Қуръон) қудратли ва билувчи, гуноҳни мағфират қилувчи, тавба-тазарруъни қабул қилувчи, азоби қаттиқ ва инъом-эҳсон эгаси бўлмиш Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир. Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Фақат Унинг Ўзига қайтилур» (Ғофир: 1-3).
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бандаларимга ёлғиз Менинг Ўзимгина мағфиратли, меҳрибон эканлигимни ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг!» (Ҳижр: 49-50).
Шунингдек, аҳли суннат ва жамоанинг эътиқодидан келиб чиқамиз. Бу эътиқодга кўра, жаннат ва дўзах яратиб қўйилган, асло йўқ бўлмайди ва тугаб битмайди. Аллоҳ таоло жаннат ва дўзахни халқларни яратишидан аввал яратиб қўйган. Жаннат Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, у билан Ўзи истаган бандаларига раҳм қилади. Дўзах эса Аллоҳнинг азоби бўлиб, у билан Ўзи истаган бандаларига азоб беради. Аллоҳ таоло ҳар иккиси учун ўзига лойиқ бўлган халқларни яратган. Ким жаннатга кирса, Унинг фазли ва раҳмати билан, ким дўзахга тушса, Унинг адли ва ҳикмати биландир. «Парвардигорингиз бандаларига зулм қилувчи эмасдир» (Фуссилат: 46).
Одатимизга кўра, келинг, вақтдан унумли фойдаланиш учун ушбу ўта муҳим ва ғоят долзарб мавзудаги сўзимизни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб оламиз:
- Биринчи: Дўзахнинг сифати.
- Иккинчи: Дўзах аҳлига бўладиган азоблар.
- Учинчи: Абадий қолувчилар ва чиқувчилар.
- ўртинчи: Дўзахдан қандай қилиб қутулиш мумкин?!
Суҳбатимизни жон қулоқ билан тинглашингизни умид қиламан. Зеро, мавзу жуда муҳим мавзулардандир. Аллоҳ таолодан сизу бизни дўзах азобидан асрашини ва барчамизни жаннат аҳлидан қилишини сўрайман. У бунга қодир Зотдир.
Биринчи: Дўзахнинг сифати
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Қай бирингиз ўрмонга ўт кетганида ёки нефт қудуғида ёнғин чиққанида ёки газ омборида портлаш юз бергаганида ёки ҳеч бўлмаса бировнинг уйи ёниб кетганида ўша ёнғинни яқиндан туриб кузатган?! Биласизларми эй мусулмонлар, инсон яқинига боришга ҳам журъат этмайдиган мана шу даҳшатли ёнғин жаҳаннам алангасининг бор йўғи етмишдан бир қисмига тўғри келади!!
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ёқаётган бу ўтларингиз дўзах ҳароратининг етмишдан бир бўлагидир». «Аллоҳга қасамки, бир бўлаги ҳам етарди, Ё Расулуллоҳ», дейилди. «Дўзах ўти ўша ҳолатига олтмиш тўққиз баробар кучайтирилгандир ва ҳар бири ўшанча ҳароратдадир», дедилар (Бухорий: №3256, Муслим: №2843, Муваттоъ: №2/994, Термизий: №2592).
Дўзах Аллоҳга шикоят қилганини эшитганмисиз?! Нима деб шикоят қилибди, дейсизми?! Алангасининг ўта кучайиб кетганидан ва бир-бирини еб юбораётганидан шикоят қилган!!
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дўзах Раббига шикоят қилиб: «Эй Раббим, (алангаларим) бир-бирини еб юборди» деди. Шунда Аллоҳ унга икки марта – бир бор қишда ва бир бор ёзда – нафас (чиқариши)га изн берди. Сизлар билган энг қаттиқ иссиқ ва сизлар билган энг қаттиқ совуқ ана шу (нафасдан)дир» (Бухорий: №3260, Муслим: №617, Термизий: №2595).
Термизий ривоятида: «Унинг қишдаги нафаси замҳарир (қаҳратон совуқ), ёздаги нафаси эса самум (жазирама иссиқ)дир».
У – яъни, жаҳаннам самумдир:
Аллоҳ таоло айтади: «Чап томон эгалари… Чап томон эгалари (бўлмоқ), не (бахтсизлик)дир! (Улар дўзахдан тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида. Ва на салқин, на фойдали бўлмаган қора тутундан иборат «соя» (ости)дадирлар» (Воқеа: 41-44).
У сақардир:
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Сақарнинг нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз. У (бирон кофирни) қолдирмас — қўймас (балки куйдириб ҳалок қилур)! (У) инсонларга яққол кўриниб турувчидир. Унинг устида ўн тўққиз (фаришта қўриқчилик-эгалик қилур)» (Муддассир: 27-30).
У ҳумаза (яъни чил-парчин қилувчи)дир:
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй пайғамбар), чил-парчин қилувчи нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?! (У) Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки, (ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур! Албатта (у кофирлар) узундан-узун занжирлар билан боғлаб қўйилган ҳолларида олов уларнинг устида қопланиб қолувчидир (яъни, на улар жаҳаннам қаъридан қутулиб чиқа олурлар ва на улар нафас олишлари учун бир ютум тоза ҳаво кирур)! (Ҳумаза: 5-9).
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳаннамни қиёмат кунида олиб келинишини жуда ажойиб сифатлаб берганлар. Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу саҳиҳ ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат кунида жаҳаннам олиб келинади ва унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади» (Муслим: №2842, Термизий: №2576).
Маҳшарда тўпланиб турган халойиқларни кўргач, жаҳаннам Парвардигор таолонинг ғазаби ифодаси ўлароқ ғазаб билан наъра тортади.
Аллоҳ таоло айтади: «(Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг хайқириқ ва бўкиригини эшитурлар» (Фурқон: 12).
Субҳаналлоҳ!! Жаҳаннам қиёмат куни кўрар экан! Жаҳаннам қиёмат куни эшитар экан! Жаҳаннам қиёмат куни гапирар экан!
Ҳа, Қуръон карим гувоҳлик берадики, жаҳаннам қиёмат куни гапиради!!
Аллоҳ таоло айтади: «У Кунда Биз жаҳаннамга «тўлиб битдингми?» дермиз, у эса «Яна қўшимча борми?» дер» (Қоф: 30).
Эй Аллоҳим, Ўзинг асрагайсан!! Яна қўшимча кофирлар борми?! Яна қўшимча мунофиқлар борми?! Яна қўшимча мушрик ва мужримлар борми?! Яна қўшимча фожирлар борми?! Жаҳаннам тинмасдан: «Яна қўшимча борми?», деб ҳайқирар! Охири Парвардигори олам унинг тўлишига изн берур. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жаҳаннам: «Яна борми?», деб талаб қилаверади, ҳатто Қудрат эгаси бўлган Парвардигор таборака ва таоло унга қадамини қўяди ва жаҳаннам алангалари бир-бирига ўралиб: «Иззатинг ва караминга қасамки, бас, етар» дейди» (Муслим: №2846).
Аллоҳ таоло айтади:
«(Шундан кейин дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур): «Барча (ҳаққа қаршилик қилувчи) қайсар, яхшиликни манъ қилувчи, зўравон ва (Аллоҳнинг динига шак келтирувчи) кофир-кўрнамакни жаҳаннамга ташланглар! (Қай) бир кимса Аллоҳ билан бирга бошқа бир «илоҳ» қилиб олса (яъни ёлғиз Аллоҳга бирон нарса ё кимсани шерик қилиб олса), бас, уни қаттиқ азобга ташланглар!» Унинг яқини (бўлган шайтон): «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (ҳақ йўлдан) йироқ-залолатда бўлди», деди. (Аллоҳ кофир ва унинг шайтонига) айтди: «Менинг даргоҳимда талашиб-тортишманглар, аниқки, Мен илгари сизларга (кофир бўлганларингиз сабабли охиратда азобга гирифтор бўлишларингиз тўғрисида) ваъда қилганман. Менинг даргоҳимда (ваъда қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга зулм қилувчи ҳам эмасдирман». У Кунда Биз жаҳаннамга «тўлиб битдингми?» дермиз, у эса «яна қўшимча борми?» дер» (Қоф: 24-30).
Мусулмонлар! Аллоҳга қасамки, агар дўзах азоби ҳақиқатидан озгинасидан воқиф бўлсак, юракларимиз ёрилиб кетишга яқин бўлади. Суҳбатимизнинг иккинчи моддасида шу ҳақда сўз юритилади.
Иккинчи: Дўзах аҳлига бўладиган азоблар
Парвардигоримиз жалла ва ало ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳаннам аҳли азобланиш борасида ўзаро тафовутли бўлишларини хабар берганлар. Жаҳаннамнинг еттита эшиги бўлиб, ҳар бир эшикдан муайян турдаги одамлар гуноҳларига қараб киритилади.
Аллоҳ таоло айтади: «У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз, жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозадан уларнинг бир тўдаси кирур» (Ҳижр: 43-44).
Жаҳаннам ҳам бир неча даражадир.
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!» (Нисо: 145).
«Саҳиҳ Муслим»да Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Дўзах ўти айримларини тўпиқларигача олади, айримларини тиззаларигача олади, айримларини белигача олади, айримларини томоқларигача олади» (Муслим: №2845).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўзах аҳлининг энг азоби енгили ҳақида берган хабар ҳам кишининг юрагини юриб юборгудек даҳшатдир.
«Саҳиҳайн»да Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дўзах аҳлининг энг азоби енгили бир кишики, унинг бир жуфт оёқ кийими ва унинг иплари ўтдан бўлиб, шу билан унинг мияси худди қозон қайнагандек қайнаб туради. Мендан кўра қаттиқроқ азоб тортаётган ҳеч ким бўлмаса керак деб ўйлайди, ҳолбуки у энг енгил азобда бўлади» (Бухорий: №6561, Муслим: №213, Термизий: №2607).
Ўзинг асрагин эй Парвардигор!! Эй Аллоҳ, бизлар ўта заифмиз, Сенинг дўзахингга ва Сенинг азобингга дош беролмаймиз, Ўзинг бизларга нажот бергайсан эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!!
Жаҳаннам ўтида ўтказган бир неча саноқли лаҳзалар бандага бу дунё ҳаётида кўрган барча роҳат ва лаззатларини унуттириб юборади. «Саҳиҳ Муслим»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дўзах аҳлидан бўлган, дунёда ҳисобсиз ноз-неъматлар берилган киши олиб келиниб, дўзахга бир ботириб олинади-да, ундан: «Эй одам боласи, (дунёда) бирон яхшилик кўрдингми? Сенга бирон неъмат берилган эканми?» деб сўралади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Роббим», дейди…» (Муслим: №2807).
Тасаввур қилаяпсизми ҳадисда айтилган ҳолатни?!
Дунё ҳаётида кўрмаган роҳати-ю тотмаган лаззати қолмаган, бутун умрини дабдабали ҳаётда ўтказган кишига жаҳаннамда кўрган бир лаҳзалик азоби дунёда кўрган барча роҳат-фароғатларини унуттириб юборади. Балки, кофир ва жиноятчилар жаҳаннам азобидан қутулиш учун ер юзи миқдорида олтинлари бўлса беришга тайёр бўлишади, бироқ азобдан қутулиша олмайди! Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар, агар улардан биронтаси Ер юзи тўла олтинни тўлов қилиб берса ҳам ҳаргиз қабул қилинмас. Ундай кимсалар учун аламли азоб бордир. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас» (Оли Имрон: 91).
«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни азоби энг енгил бўлган дўзахийдан: «Ердаги нарсаларнинг ҳаммаси сеники бўлганида, бу азобдан қутулиш учун уларни берган бўлармидинг?» деб сўрайди. У: «Ҳа», дейди. Шунда: «Мен сендан Одамнинг пуштикамарида эканингда бундан кўра анча енгил нарсани – Менга ширк келтирмаслигингни истаган эдим, сен эса Менга ширк келтиришдан бошқасини хоҳламадинг», дейди» (Бухорий: №6557, Муслим: №2805).
Шундоқ экан, ширкдан ҳазир бўлинг, фақат тавҳидни лозим тутинг! Сиз билан биз, қасамки, фақат тавҳид калимаси учун яралганмиз. Ширк дўзах азобида абадий қолишнинг энг катта сабабларидан, тавҳид эса дўзахдан нажот топишнинг энг катта сабабларидандир. Аллоҳ таоло одам боласидан у отасининг пуштикамарида эканидаёқ тавҳидни истаган, у эса ширкдан бошқасига кўнмади. Энди мужрим кофир кимса азобни кўзи билан кўриб, бадани билан тотиб турган паллада ўз жигарбандини – боласини бериб бўлса ҳам Аллоҳнинг азобидан қутулиб қолишни орзу қилади. Балки, суюкли аёлини ўз ўрнига азобга итариб бўлса ҳам, ўзини қутқариб қолгиси келади. Бутун оиласини, қавму қариндошларини ва ҳатто бутун ер юзи аҳлини бериб ҳам, ўзини азобдан қутқариб қолишни жон-жон деб истайди. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзлари ҳақида бир ўйланиб кўринг-а: «Жиноятчи-кофир кимса у Куннинг азобидан (қутулиш учун) ўғилларини, биродарини, уни ўз паноҳига оладиган қариндош-уруғини ва Ердаги барча кишиларини тўлов қилиб бериб юборишни, сўнгра (бу тўлов) унга нажот беришини истар. Йўқ, (ҳеч қандай тўлов уни азобдан қутқара олмас)! Албатта (кофирлар ташланадиган дўзах ўз ҳарорати билан бош териларини сидириб олувчи бўлган) бир оловдир! У (Ҳақ йўлидан) юз ўгириб, терс қараб кетган ва (пул-мол) йиғиб тўплаган (яъни уни Аллоҳ буюрган жойларга сарфламаган) кимсаларни (ўзига) чорлаб турар!» (Маориж: 11-18).
Қаранг, кофир кимса у куни Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун агар имкони бўлса, ўзининг болаларини, хотинларини, ака-укалари-ю ёру биродарларини, қўйингки бутун ер юзи аҳлини беришга тайёр бўларкан!! Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!
Нега ҳам шундай бўлмасин, ахир?! Дўзах аҳлининг емаги ўт бўлса, ичмаги ўт бўлса, кийими ўтдан бўлса?! Дўзахиларнинг таоми заққум, зариъ ва ғислийн бўлади.
Заққум нималигини биласизми?!
Зарийъ нималигини биласизми?!
Ғислийн нималигини биласизми?!
Ким дўзахга дош бера олади?! Ким ўтда ёнишга тоқат қилади?!
Бу дунё ўти баданингизни бир ялаб ўтишини кўтаришга бардошингиз етмайди-ю, бу ўтдан етмиш баробар кучли ўтга қандай тоқат қиласиз?!
Заққум – жаҳаннам қаъридан ўсиб чиққан, мевалари шайтоннинг бошларига ўхшайдиган ифлос бир дарахтдир. Аллоҳ таоло заққум таърифида хабар берган сўзларни бир тасаввур қилиб кўринг: «Дарҳақиқат у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир» (Вас-соффат: 64).
Имом Термизий саҳиҳ санад билан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақда шундай деганлар: «Агар заққумдан бир томчиси бу дунёга томиб кетса, дунё аҳли ҳаётини бузиб юборарди. Энди емиши заққум бўлган кимсанинг ҳоли не кечаркин?!» (Термизий: №2588, Саҳиҳул-жомиъ: №5250).
Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта (дўзахнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахти гуноҳкорнинг таомидир. (У таом) мисоли қайноқ сувнинг қайнаши каби қоринларда қайнайдиган эритилган (доғланган) ёғдир!» (Духон: 43-46).
Аллоҳ таоло айтади:
«Сўнгра албатта сизлар, эй (қайта тирилишни) ёлғон дегувчи гумроҳлар, Шак-шубҳасиз (жаҳаннамнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахтидан еб, ундан қоринларингизни тўлдирувчидирсизлар» (Воқеа: 51-53).
Аллоҳ таоло айтади:
«62. Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки Заққум дарахтими?
63. Ҳақиқатан Биз уни (яъни Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-алдов қилиб қўйдик.
64. Дарҳақиқат у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир.
65. Унинг мевалари (хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар (шундай экан унинг мазасини сўрамай қўяверинг).
66. Бас улар (яъни дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдирувчидирлар» (Вас-соффат: 62-66).
Ўт қоринлари ичини ёндиргач, ичларини ловуллатаётган бу алангани ўчириш учун сув сўрайдилар. Шунда уларга қорин ва ичакларни тилка-пора қилиб юборадиган қайноқ сув берилади. Аллоҳ таоло айтади: «(Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!» (Муҳаммад: 15).
Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини фикрлаб кўринг:
«Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золим — кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб кўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдирувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!» (Каҳф: 29).
Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини ҳам фикрлаб кўринг:
«(Сўнгра пайғамбарлар Аллоҳдан) мадад тиладилар ва барча жабркор-саркаш кимсалар бахтсизликка дучор бўлдилар. Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Унинг ортида (бундан-да) оғир азоб бордир» (Иброҳим: 15-17).
Бу Заққум ҳақидаги сўз эди. Энди Зарийъ ҳақида.
Зарийъ – Ҳижоз ерларида ўсувчи заҳарли ва бадбўй тиканакдир.
«1. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ўраб олувчи (Қиёмат Куни) ҳақидаги хабар келдими? 2. У Кунда (кофирларнинг) юзлари эгилиб қолувчи. 3. (Бўйин ва қўл-оёқлари кишан ва занжирларни судраш билан) меҳнат-машаққат чеккувчидир. 4. (Улар) қизиган дўзахга кирур! 5. Қайнаб турган булоқдан суғорилур! 6-7. Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат (еган кимсани) семиртирмайдиган ва очликдан халос қилмайдиган зарийъдан (заҳарли ва бадбўй сертикан ўсимлик) бўлур!» (Ғошия: 1-7).
Зарийъ шудир. Ғислийн ҳақида нима биласиз?!
У дўзахилар баданидан чиқувчи қон-йирингдир, дўзах аҳлининг емиши шудир. Аллоҳ таоло айтади:
«25. Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди! 26. Мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! 27. Эҳ қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатувчи-узувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! 28. Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! 29. Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» 30. (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! 31. Сўнгра дўзахга ташланглар! 32. Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!» 33. Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. 34. Мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди. 35. Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир! 36. Бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки), 37. Уни фақат (йўлдан) адашган (кофир)ларгина ерлар!» (Ал-ҳааққо: 25-37).
Эй осий! Эй бепарво! Эй дунёга машғул!
Ўз нафсингга йиғла, гуноҳларингга йиғла! Бугун йиғламасанг, қачон йиғлайсан?!
Эй дили тош бўлиб кетган, дийдаси қаттиқ инсон! Агар бугун, шу лаҳзаларда қалбингга йўл тополмасанг, аниқ ишонавер, қалбингни йўқотиб бўлибсан!
Эй дийдаси тош қотган, бугун, шу лаҳзаларда Роббул оламийннинг сўзларидан қалбинг титрамаса, пайғамбарлар саййидининг сўзларидан кўзингга ёш келмаса, унда қачон йиғлайсан?!
Эй ўйин-кулгига берилган.. Эй ғафлатга ботган.. Эй гуноҳларга ғарқ бўлган.. Эй намозни зое қилиб юрган.. Эй закотга бепарво.. Эй имкони бўла туриб, ҳаж ва умрани зое қилаётган.. Эй ота-онасига оқ бўлиб юрган.. Эй қўни-қўшниларига озор берувчи.. Эй Аллоҳнинг даъватидан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсувчи.. Мана шу лаҳзаларда, ҳозир ўқиб ўтганимиз оятларни эсга ол.. Ўз хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган Содиқ ва Масдуқ зотнинг сўзларини эсга ол.. Емаги ўт бўлса.. Ичмаги ўт бўлса.. Кийими ўтдан бўлса..
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганларидек, дўзах аҳлига ўтдан бўлган кийим кийдирган Зот баракотли-буюкдир. Ҳатто, кийимлар ҳам ўтдан бўлади.. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у Кунда жиноятчи кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур» (Иброҳим: 49-50).
«Қора мой» деб таржима қилинган «Қатирон» (قَطِران) сўзининг яна бир маъноси – жуда кучли оловда эритилган мисдир. Кийимлар ана шу қатирондан бўлади. Аллоҳ азза ва жалланинг мана бу сўзларини эшитинг:
«19. Мана шу икки ғаним (яъни мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар (яъни мўминлар Аллоҳнинг ҳақ дини бўлмиш Исломнинг ғолиб бўлишини истадилар, кофирлар эса бу динни йўқ қилмоқчи бўлдилар). Бас, кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуюлиб.
20. У (сув) билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур.
21. Улар учун темир гурзилар бордир.
22. Ҳар қачон улар (дўзах) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтарилурлар ва (уларга): «Ўт азобини тотиб кўрингиз», (дейилур)» (Ҳаж: 19-22).
Таом ўт, ичимлик ўт, кийим ўт.. Шунда дўзахилар ёрдам сўрайдилар. Кимдан ёрдам сўрайдилар?! Жаҳаннам посбонларидан, азоб фаришталаридан ёрдам сўрайдилар. Нима деб ёрдам сўрайдилар?! Дўзах аҳлидан азобни бир кунга бўлса ҳам бироз енгиллатишини парвардигори оламдан сўранглар, деб илтимос қиладилар улардан. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«(Шунда) дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингларга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар келтирмаганмидилар?!» «Ҳа, (келтирган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни бефойдадир)» (Ғофир: 49-50).
Шундай қилиб, улар ноумид қайтишади. Шундан сўнг улар дўзах посбонлари бошлиғи Моликка нидо қилиб, ундан ёрдам сўрайдилар.
Аллоҳ таоло айтади: «Улар: «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни тезроқ жонимизни олcин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб) нидо қилганларида, у «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) турувчидирсизлар», деди» (Зухруф: 77).
Шунда дўзахилар дунёда ўзлари улар устидан масхаралаб кулиб юрган мўминларни эслаб қоладилар ва бир қултум сув сўраб, уларга нидо қиладилар.
Аллоҳ таоло айтади: «Дўзах эгалари жаннат эгаларига: «Бизларга ҳам сувдан ё Аллоҳ сизларни баҳраманд қилган нарсалардан тўкинглар», деб нидо қилганларида, улар: «Аллоҳ бу неъматларини динларини ҳазил-мазах қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб қолган кофирларга ҳаром қилгандир», дедилар. Бас бу КУН улар бугунги учрашувни унутиб қўйганлари ва Бизнинг оятларимизни инкор қилувчи бўлганлари каби Биз ҳам уларни «унутиб қўярмиз» (Аъроф: 50-51).
Шундан сўнг улар яна-да ноумид бўлишади. Шундан сўнг улар кимга нидо қилишади, биласизми?! Аллоҳга нидо қилишади!! Шунда уларга жавоб тариқасида Аллоҳ таоло томонидан адолатли ҳукм янграйди:
«(Уларга): «Сизларга менинг оятларим тиловат қилинган эмасмиди, сизлар уларни ёлғон деган эмасмидингизлар?!» (дейилганида), улар дедилар: «Парвардигоро, бадбахтлигимиз бизлардан ғолиб келиб, адашган қавм бўлиб қолган эканмиз. Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан ҳаёти дунёга) чиқаргин. Бас агар яна (туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз (ўз жонимизга) жабр қилувчидирмиз». (Аллоҳ) айтди: «(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!» (Муъминун: 105-108).
Ўзинг асрагайсан ё Парвардигор!! Шундан сўнг куфр аҳли дўзахда абадий қолиб кетишади. Тавҳид аҳли бўлган кишилар эса Роббул оламийннинг раҳмати ва пайғамбарлар саййидининг шафоатлари, шунингдек содиқ мўминларнинг шафоатлари билан дўзахдан қутулиб чиқадилар.
Суҳбатимизнинг учинчи моддасида шу ҳақда сўз боради.
Учинчи: Абадий қолувчилар ва қутулиб чиқувчилар
Ҳа, куфр аҳли, ширк аҳли, мўмин-мусулмонларни ўлдирган ва сўйган, Аллоҳнинг йўлидан юз ўгирган ва Аллоҳнинг бандаларига кибр қилган кибр аҳли дўзахда абадий қолади.
Аллоҳ таоло уларга китоблар туширган эди, пайғамбарлар юборган эди, ораларидан уламоларни чиқариб қўйган эди. Уламолар уларга Аллоҳни эслатишган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини етказишган, бироқ улар кибр қилиб, кофирлик йўлини тутишган, қайсарлик билан ширкларида, кибрларида ва Аллоҳнинг йўлидан юз ўгиришда маҳкам тураверишган эди. Ана ўшалар дўзахда абадий қолувчилардир.
Аллоҳ таоло айтади: «У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар Унинг (Аллоҳнинг) изни билангина гапирур. Бас, у (Кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам. Бас, энди бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фарёд қилурлар. Улар унда осмонлар ва Ер бор экан (яъни абадий) қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳлаган (тавҳид аҳлидан бўлган осийларни дўзахда бир муддат турганларидан кейин чиқариши бундан мустаснодир). Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилувчи зотдир! Энди бахтиёр зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва Ер тургунча (яъни тоабад) турурлар, магар Парвардигорингиз (дўзахда бир муддат туришларини) хоҳлаган (тавҳид аҳлидан бўлган осийларнинг жаннатга киришларининг кечиктирилиши бундан мустаснодир). Бу (яъни жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас инъомидир» (Ҳуд: 105-108).
Абадий қолувчилар куфр ва ширк аҳлидир. Қутулиб чиқувчилар тавҳид аҳлидир.
Ўзи тавҳид аҳлидан бўлгани ҳолда зино, ароқхўрлик, баччавозлик каби бирон гуноҳи кабира устида ўлган ёки ёмонликлари яхшиликларига ғолиб келган кишиларни Аллоҳ таоло албатта дўзах ўти билан тозалайди. Қай биримиз бир соатга бўлса-да ўтга дош бера олади?!!
Шундан сўнг у раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зотнинг раҳмати билан ёки пайғамбарлар саййидининг шафоатлари билан ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари ичидаги содиқ мўмин кишиларнинг шафоатлари билан дўзахдан чиқишга муваффақ бўлади.
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар бир пайғамбарнинг ижобат қилинадиган дуоси бўлади, ҳар бир пайғамбар у дуони қилишга шошилган, мен эса уни қиёмат куни умматимнинг шафоати учун асраб қўйганман, у умматимдан Аллоҳга ширк келтирмай ўтган ҳар бир кишига – иншоаллоҳ – албатта етгусидир» (Муслим: №200).
Эй Аллоҳим, Сени гувоҳ қилиб айтамизки, бизлар барчамиз Сенинг тавҳидингга-ягоналигингга иқрор бўлганмиз ва пайғамбарингга иймон келтирганмиз, умримиз хотимасини Ўзинг тавҳид устида қилгайсан.
Бухорий ва Муслим Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларнинг дўзахга тушиб қолган биродарларини шафоат қилишларини айтганлар:
«Улар: «Эй Раббимиз, у биродарларимиз биз билан бирга рўза тутишарди, намоз ўқишарди, ҳаж қилишарди», дейдилар. Шунда уларга айтилади: «Таниган кишиларингизни чиқаринглар. Уларнинг суратлари (баданларига таъсир қилиш) дўзахга ҳаром қилинади». Шунда улар кўп халойиқни у ердан олиб чиқишади, уларнинг болдир ва тиззалари ярмигача олов теккан бўлади. Мўминлар: «Эй Раббимиз! У ерда Сен бизга (чиқаришга) амр қилган кишилардан биронта ҳам қолмади», деб айтишади. Уларга: «Қайтинглар, кимнинг қалбида динор мисқолича яхшилик борлигини топсангиз, уларни ҳам чиқаринглар», дейди. Шунда улар яна кўп одамларни олиб чиқишади. Сўнгра улар: «Эй Раббимиз! Бизларга буюрган кишиларингдан ҳеч бир кишини у ерда қолдирмадик», дейишади. Уларга: «Қайтинглар, кимнинг қалбида ярим динор мисқолича яхшилик борлигини топсангиз, уларни ҳам чиқаринглар», дейди. Шунда улар яна кўп одамларни олиб чиқишади. Сўнгра улар яна: «Эй Раббимиз! Бизларга буюрган кишиларингдан бирон кишини у ерда қолдирмадик», дейишади. Уларга: «Қайтинглар, кимнинг қалбида зарра мисқолича яхшилик борлигини топсангиз, уларни ҳам чиқаринглар», дейди. Шунда улар яна кўп одамларни олиб чиқишади. Сўнгра улар: «Эй Раббимиз! Биз у ерда биронта ҳам яхшилик (эгаси)ни қолдирмадик», дейишади. Аллоҳ таоло: «Фаришталар, пайғамбарлар ва мўминлар шафоат қилишди, фақат раҳм қилувчиларнинг энг раҳмлисигина қолди», дейди-да, дўзахдан бир сиқимни сиқимлаб олиб, ундан ҳеч яхшилик қилмаган, куйиб кўмирга айланиб кетган бир қавмни чиқаради. Уларни жаннат бўсағасидаги «ҳаёт анҳори» деб номланувчи бир анҳорга ташлайди. Улар у ердан худди сел лойқасида уруғ униб чиққани каби униб чиқишади. Кўргансизлар-ку, (сел лойқасидаги ўша уруғ) бирон тош ё дарахт ёнида бўлса, қуёшга қарагани сарғиш ва кўкимтир бўлиб, сояга қарагани оппоқ бўлиб унади».
Шунда саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, сиз худди дала-даштларда қўй боқиб юрган одамдек (тасвирлаб бердингиз)», дейишди.
У зот сўзларида давом этдилар: «Улар марвариддек (товланиб), бўйинларида тақинчоқлар бўлган ҳолда чиқишади. Жаннат аҳли уларни бирон амал қилишмаган ва бирон яхшилик тақдим қилишмаган ҳолларида Аллоҳ таоло жаннатга киритган «Раҳмоннинг озод этган қуллари», деб танишади.
Севикли дўстларим! Суҳбатимиз давомида энди дўзахдан нажот топиш йўллари ҳақида сўз юритамиз.
Иккинчи хутба
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар деб гувоҳлик бераман.
Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.
Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.
Аммо баъд…
Тўртинчи: Дўзахдан қандай қилиб қутулиш мумкин?!
Дўзахдан қутулиш йўли фақат икки калимада – яъни, Аллоҳнинг тавҳидини рўёбга чиқариш ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда мужассамдир, бундан бошқа йўл йўқдир. Фақат тавҳид ва эргашиш нажот йўлидир.
Тавҳид тил билангина айтиб қўйиладиган сўз эмас. Балки, тавҳид тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир. Акс ҳолда, тил билан тавҳид калимасини такрорлаганингиз ҳолда дил уни инкор қилса ва аъзолар унга амал қилмаса, унинг нима қиймати бор?!
Тавҳид – сўз, тасдиқ ва амалдир. Аллоҳ жалла жалолуҳу Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтади: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!» (Зумар: 6-66).
«Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга киради».
Ибн Масъуд айтадилар: «Мен айтаман: Ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради». (Бухорий: №1238, Муслим: №92).
«Саҳиҳайн»да Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва расули, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, расули, чўрисининг ўғли ва Марямга туширган сўзидир, жаннат ва дўзах ҳақдир деб гувоҳлик берса, амалига қараб Аллоҳ уни жаннатга киритади» (Бухорий: №3435, Муслим: №29).
Бир лафзда: «Жаннатнинг саккиз эшигидан ўзи истаганидан киради».
Итбон ибн Молик ривоятида: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг юзини истаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир».
Тавҳид ва эргашиш тилдагина бўлиши керак эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, меҳрибондир» (Оли Имрон: 31).
Шеър мазмуни:
«Ким Пайғамбар севгисини даъво қилса-ю, унинг йўлидан юрмаса, унинг даъвоси қуруқ гапдир.
Агар севгиси чин бўлса, севгининг энг биринчи шарти итоат ва вафодир».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш у зотнинг буйруқларига бўйсуниш ва у зот қайтарган ишлардан тийилишдир.
«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилингандир» (Бухорий, Муслим: №1718).
Ким Аллоҳнинг динида бир бидъатни қилса, у мардуд – рад қилингандир. Унинг бу ибодати ўзига қайтарилади. Аллоҳ таоло унинг амалидан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашувчи бўлган ҳолда қилганини қабул қилади.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган баъзи бир солиҳ ишлар ҳам борки, улар жаннатга йўл очиб, бандани дўзахдан қутқариб қолади. Қуйидагилар шулар жумласидан:
Рўза. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, шу бир куни эвазига Аллоҳ унинг юзини етмиш йил (масофасида) дўзахдан узоқлатади» (Насоий: №4/174, Саҳиҳул-жомиъ: №6322).
Жиҳод. «Саҳиҳул Бухорий»да келган ҳадис борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимнинг икки қадамига Аллоҳнинг йўлида чанг-ғубор етса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади». (Бухорий: №811, Термизий: №1632).
Илм мажлислари. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Аллоҳ таолонинг шундай фаришталари борки, улар зикр аҳлини қидириб айланиб юрадилар. Агар Аллоҳни зикр қилаётган кишиларни топсалар «Қидирган нарсаларингга келинглар», деб бир-бирларини чақирадилар. Фаришталар зикр аҳлини қанотлари билан ўраб (устма-уст бўлиб), дунё осмонигача етадилар. Аллоҳ таоло Ўзи яхши билиб турса-да, фаришталаридан сўрайди:
– Бандаларим нима дейишяпти?
– Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтиб сени улуғлаяптилар.
– Улар Мени кўришганми?
– Йўқ, Аллоҳга қасам-ки, кўрмаганлар.
– Агар мени кўрсалар нима қилишади?
– Унда сенга янада кўпроқ ибодат қилиб, бундан-да кўп тасбеҳ айтиб, сени улуғлашади.
– Улар мендан нима сўраяптилар?
– Сендан жаннат сўрашяпти.
– Жаннатни кўришганми?
– Йўқ, Аллоҳга қасам-ки, эй Парвардигор, жаннатни кўрмаганлар.
– Агар кўрганларида нима бўларди?
– Агар жаннатни кўрсалар унга янада қаттиқроқ интилиб, талабгор бўлиб рағбатлари ошиб кетарди.
– Нимадан паноҳ тилаяптилар?
– Дўзахдан.
– Улар дўзахни кўришганми?
– Йўқ, Аллоҳга қасам-ки, эй Парвардигор, уни кўрмаганлар.
– Агар кўрсалар нима бўларди?
– Агар кўрсалар дўзахдан яна ҳам кўпроқ қўрққан ва яна ҳам қаттиқроқ қочган бўлардилар.
– Сизлар гувоҳсизлар, Мен уларни мағфират қилдим.
Аллоҳ муҳаббати. Агар Аллоҳ сизни яхши кўрса, асло дўзах юзини кўрмайсиз. Аҳмад ва Ҳоким Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ Ўзи севган кишисини асло дўзахга ташламайди» (Термизий: №1633, Насоий: №6/12).
Йиғи. Биласизми, Аллоҳ қўрқувидан ҳосил бўлган йиғи ҳам ўз эгасини дўзахдан қутқаради. Нақадар улкан фазл!!
Термизий ва Насоий ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши то сут елинига қайтмагунича (яъни, ҳеч қачон) дўзахга кирмайди». (Термизий: №1633, Насоий: №6/12).
Демак, нажот йўли фақат Аллоҳ таолонинг тавҳидини рўёбга чиқаришда ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдадир.
Эй Аллоҳ, бизларни (гуноҳларимизни) яширгин ва шарманда қилмагин, бизларни икром этгин ва хор қилмагин, биз томонда бўлгин, бизга қарши бўлмагин.
Эй Аллоҳ, бизлардан бирон кишининг ҳам гуноҳини қўймай кечиргин, биронта ҳам беморни қолдирмай шифо бергин, қарздорларимизнинг қарзини ўтагин, вафот этганларимизни раҳматингга олгин, осийларимизга ҳидоят бергин, тоат-ибодатда бўлганларимизни собитқадам қилгин, Ўзинг рози бўладиган ва биз учун фойдали бўлган ҳожатларимизни раво қилгин эй раҳмлиларнинг раҳлироғи!
Эй Аллоҳ, ушбу жамоатимизни раҳматинг инган жамоат қилгин, бу ердан тарқалишимизни гуноҳдан холи тарқалиш қилгин, ораларимизда биронта ҳам бахтсиз ва маҳрумни қолдирмагин.
Эй Аллоҳ, бизни ҳидоят қилгин, биз сабабли ҳидоят қилгин, бизни ҳидоятланувчиларга сабабчи қилгин.
Эй Аллоҳ, Ўзинг агар одамларни фитналашни истасанг, бизни расво ва шармисор бўлмаган, фитналанмаган ҳолимизда Ўз ҳузурингга олгин.
Эй Аллоҳ, ҳимоясиз мусулмонларни ҳимоя қилгин, кийимсизларига кийим бергин, очларини тўйдиргин.
Аллоҳ йўлидаги дўстларим!
Неки тўғриликка муваффақ этилган бўлсам, ҳаммаси Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан, неки хато, унутиш содир бўлган бўлса, бари ўзимдан ва шайтондандир, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен устидан сизлар жаннатга ўтиб оладиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган кўприк бўлиб қолишдан, сизларга насиҳат қилиб, ўзимни унутишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.
Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўллагин.
2012 йил 13-январ