Бенамозни ким — деб атаймиз?

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

    Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир — деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

    Аллоҳ таоло айтади: «Ана ўша Одам зурриётидан бўлган (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан (яъни уларнинг фарзандларидан бўлган Иброҳим каби), Иброҳим зурриётидан бўлган (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил-Яъқуб (зурриётидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Ийсо каби) ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан бўлган пайғамбарлардан иборат Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотларга қачон Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида йиқилурлар» (Марям: 58).

    Ушбу оятда Аллоҳ таоло пайғамбарлар ва уларга эргашган бахтли инсонларнинг Аллоҳ белгилаб берган ҳад-ҳудудларда туришларини, Аллоҳнинг фарзларини адо қилиб, қайтариқларидан тийилишларини зикр қилиб ўтганидан сўнг навбатдаги оятда айтади: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни жаҳаннамда ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям: 59).

    Иккала гуруҳ ўртасидаги ажиб фарқланиш..

    Бири қачон уларга Раҳмон таолонинг оятлари тиловат қилинса, йиғлаб саждага бош қўядиган гуруҳ..

    Иккинчиси намозни зое қиладиган, шайтони ва нафси ҳавоси кетидан кетиб, шаҳватларига эргашган ва намозларни зое қилган гуруҳ..

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган… кимсалар ўринбосар бўлдилар» оятини «Яъни, намозларини вақтидан кечиктирадиган кимсалар», — деб тафсир қилганлар.

    Абу Яъло, Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Аби Ҳотим, Табароний «Ал-авсат»да, Ибн Мардавайҳ, Байҳақий «Сунан»ида Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «… намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар» (Моъувн: 5) ояти ҳақида сўрадим. У зот: «Улар намозни ўз вақтидан кечиктирадиган кимсалардир», — дедилар» (Байҳақий ва Ҳоким ҳадиснинг марфуълигини (Расулуллоҳгача етказилганини) заиф санаганлар ва мавқуфлигини (саҳобийда тўхтаганини) саҳиҳ санаганлар).

    Аллоҳу акбар!! Намозни зое қиладиган кишилардан мурод намозни вақтидан кечиктирадиган кимсалар экан.. Уларнинг жазоси – «албатта ёмонликка (яъни жаҳаннамда ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям: 59).

    Оятдаги «ёмонлик» — деб таржима қилинган «ғой»» (غَيّ) сўзи маъноси, Имом Бухорий «Ат-тарих»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганларидек, жаҳаннамдаги анҳордир.

    Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Аби Ҳотим, Табароний, Ҳоким ривоят қилган ва Байҳақий саҳиҳ санаган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ғой – жаҳаннамдаги бир анҳор ёки водийдир, қаъри жуда чуқур, ўта бадбўйдир, унга шаҳватларига эргашадиган кимсалар ташланади», деганлар.

    Бу Ибн Аббос ва бошқа саҳобаларнинг ҳам сўзларидир.

    Ибн Мунзир, Байҳақий «Шуъабул-иймон»да Аллоҳ таолонинг: «Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан юз ўгиртириб қўймасин!» (Мунофиқуун: 9) ояти шарҳида Ато — раҳимаҳуллоҳнинг: «Яъни, фарз намозлардан, кимни моли, тижорати ва бола-чақалари намозни вақтида ўқишдан машғул қилса, у зиёнкорлардан бўлади», деганларини ривоят қилганлар.

    Чунки, унинг давомида: «Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир!» ояти келади.

    Мусулмон биродарлар! Бу айтилганлар ўзи намоз ўқийдиган, бироқ, намозни ҳеч қандай узрсиз вақтидан кечиктириб юборадиган одамнинг жазоси эди.

    Шундай экан, энди умуман намоз ўқимайдиган бенамоз кимсалар ҳақида нима дейиш мумкин?!

    Диққат-эътибор билан қулоқ солинг, бугун бенамозликнинг ҳукми ҳақида сўз юритамиз.

    Унинг ҳукми юракларни тилка-пора қилгудек оғир.. Бироқ…

    Ҳайҳот! Жуда кўпчиликнинг диллари тош қотган, қалблари ўлиб қолган.. Аллоҳ раҳм қилган кишиларгина бундан мустасно.

    Имом Шавконий «Найлул-автор»да айтади: «Намознинг фарзлигини инкор қилиб, тарк қилувчи кишининг кофир бўлишида мусулмонлар ўртасида хилоф йўқдир».

    Яъни, кимда-ким намознинг фарз эканини инкор қилиб ўқимаса, у кишининг кофир бўлиб, диндан чиқишига мусулмонлар ижмоъ-иттифоқ қилганлар.

    Кейин Шавконий — раҳимаҳуллоҳ — сўзида давом этиб, айтади: «Агар намозни тарк қилиши, кўпчиликда бўлгани каби, унинг фарзлигини эътиқод қилгани ҳолда, ялқовлик сабабидан бўлса, уламолар бу борада ихтилоф қилганлар. Баъзилари ундай одам кофир бўлмайди, балки у фосиқдир, агар тавба қилмаса, жазо сифатида қилич билан қатл қилинади», деганлар. (Бу Молик ва Шофиийнинг сўзларидир).

    Баъзи уламолар эса намозни ялқовлик ёки бепарволик билан, шаръий узрсиз тарк қилган одам ҳам кофир бўлади, унинг кофир бўлиши ва қатл қилиниши лозимлигини очиқ ифодаловчи ҳадислар бор, — деб айтганлар.

    Мен бу ерда намозни тарк қилувчи кишининг қатл қилиниши вожиблигига ҳукм қилувчи иккита ҳадисни келтириш билан кифояланаман.

    Биринчиси: Бухорий ва Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен одамлар билан то улар «Аллоҳдан бошқа барҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир» — деб гувоҳлик бермагунларича ва намозни барпо қилиб, закотни адо этмагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шу (айтилган ишлар)ни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаб қоладилар – Исломнинг ҳаққи бундан мустасно – ва уларнинг ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг зиммасидадир».

    Ушбу ҳадиснинг далиллиги шу жиҳатданки, у зот одамлар билан то улар намозни адо қилмагунларича урушишга буюрилдилар, уларнинг қонлари ва моллари фақат икки шаҳодатни айтиб, намоз ва закотни адо қилганларидан кейингина ҳаром бўлади.

    Иккинчиси: Бухорий ва Муслим Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Алий ибн Аби Толиб Ямандан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир бўлак тилла юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тўрт кишига тақсимлаб бердилар. Шунда бир киши: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳдан қўрқинг», деган эди, у зот: «Қуриб кетгур, мен ер юзи аҳлининг Аллоҳдан қўрқишга энг ҳақлироғи эмасманми?!», — дедилар.Ҳалиги одам орқасига бурилиб кетди. Холид ибн Валид: «Ё Расулуллоҳ, унинг бошини танидан жудо қилайми?», — деб сўраган эди: «Йўқ, шояд у намоз ўқувчилардан бўлса», — дедилар. Холид деди: «Қанча-қанча одам бўладики, тили билан қалбида бўлмаган нарсани сўзлайди». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен одамларнинг қалбларини тешиб кўришга ва қоринларини ёриб кўришга буюрилмаганман», — дедилар.

    Имом Ибнул Қаййим — раҳимаҳуллоҳ — ушбу ҳадисни шундай изоҳлайди: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни бу одамни ўлдиришдан ман қилган монеълик унинг намоз ўқиши бўлди». Демак, бу кимда-ким намоз ўқимаса, ушбу гуноҳи кабирада қаттиқ турса, ўлдирилишига далил бўлади.

    Бенамозни кофир саналишини айтганлар кўпдир. Имом Ибн Ҳазм — раҳимаҳуллоҳ — айтади: «Умар, Абдурраҳмон ибн Авф, Муоз ибн Жабал, Абу Ҳурайра, Ибн Масъуд, Ибн Аббос ва бошқа саҳобаларнинг: «Ким биргина намозни то вақти чиқиб кетгунича қасддан тарк қилса, у одам кофир ва муртаддир» деганлари ривоят қилинган. Биз бу саҳобаларга биров мухолиф бўлганини билмаймиз».

    Бенамоз одамнинг кофир бўлишига далолат қилувчи далиллар Қуръон ва Суннатда кўп. Имом Ибнул Қаййим — раҳимаҳуллоҳ — ўзининг «Намоз ва уни тарк қилувчининг ҳукми» — деб номланган қимматли китобида далилларни батафсил келтирган.Қуръондан далиллар:

    Биринчи далил: Аллоҳ таолонинг «Қалам» сурасидаги қуйидаги оятлари: «Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?… Болдирлар очиладиган (яъни, оғир ҳисоб-китобга чоғланиладиган) ва улар (кофирлар) кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида сажда қилишга чорланишиб, (лекин саждага) кучлари етмай қоладиган Кунни (эсланг)! (Чунки ҳаёти дунёдалик пайтларида) улар соғ-саломат бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо саждага қодир бўла туриб ундан бош тортар эдилар). (Қалам: 35-43).

    Ушбу оятларнинг далил бўлиши шу жиҳатданки, Аллоҳ таоло мусулмонларни жиноятчи кофир кимсаларга баробар қилмаслигини, бу иш Унинг ҳикматига, ҳукми ва адолатига лойиқ эмаслигини хабар берди, сўнгра жиноятчи кофирларнинг мусулмонлар ҳолидан бутунлай бошқача бўлган аҳволларини баён қилди.

    Уларнинг қиёмат кунидаги ҳолатларини шундай зикр қилди: Аллоҳ таоло болдирни очганда чин мусулмонлар исломларига содиқ далил ва иймонларига ёрқин ҳужжат сифатида Аллоҳ Роббул оламийнга сажда қилиб йиқиладилар.

    Кофир ва мунофиқлар эса мусулмонлар билан бирга сажда қилиш учун келганларида уларни истакларига қарши ўлароқ бундай қилишдан тўсиб қўйилади ва беллари букилмай қотиб қолади. Агар мусулмонлардан бўлганларида эди, уларга ҳам мусулмонлар қаторида сажда қилишга изн берилган бўларди.

    Демак, мусулмон киши сажда қилади, номусулмон эса сажда қилишга қодир бўлмайди. Улар ичида оятда айтилгани каби, дунёдалик чоғида намозни зое қилган кимсалар бўлади: «(Чунки ҳаёти дунёдалик пайтларида) улар соғ-саломат бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо саждага қодир бўла туриб ундан бош тортар эдилар)».

    Иккинчи далил: Аллоҳ таолонинг «Муддассир» сурасидаги қуйидаги оятлари: «Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушланувчидир. Фақат ўнг қўл эгаларигина (яъни ҳаёти-дунёда иймон келтирганлари ва эзгу амаллар қилганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилган саодатманд зотларгина дўзахдан) нажот топувчидирлар. Улар жаннатларда бир-бирлари билан (дўзахга ташланган) жиноятчи-кофир ҳақида савол-жавоб қилишурлар. (Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида,) улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқувчилардан бўлмадик. Мискин-бечорага таом берувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик). То бизларга аниқ (ўлим) келгунича бизлар Жазо — Қиёмат Кунини ёлғон дер эдик». Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!» (Муддассир: 38-48).

    Ушбу оятларнинг далил бўлиш жиҳати – Аллоҳ таоло мужримларни, яъни жиноятчи-кофирларни мусулмонлар қаршисига қўйди. Бенамоз эса оятда айтилганидек, Сақарга – дўзахга йўл олувчи жиноятчилар сафида бўлади.

    Учинчи далил: Аллоҳ таолонинг «Тавба» сурасидаги қуйидаги оятлари: «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар» (Тавба: 11).

    Оятнинг далил бўлиш жиҳати – Аллоҳ таоло уларнинг мўминларга биродар бўлишларини намоз ўқишларига боғлиқ қилиб қўйди, агар намоз ўқишмаса, биродар ҳам, мўмин ҳам бўлмайдилар. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир»(Ҳужурот: 10). Қуръони Каримдан шу миқдорда далиллар келтириш билан кифояланаман. Кўпроқ далиллардан бохабар бўлишни истаганлар Ибнул Қаййим — раҳимаҳуллоҳ —нинг юқорида зикр этилган китобига мурожаат қилишлари мумкин.

    Бенамоз кишининг кофир бўлишига саҳиҳ суннатда ҳам кўп ва хўб далиллар мавжуд:

    Биринчи далил: Имом Муслим «Саҳиҳ»ида ва «Сунан» соҳиблари ривоят қилган, Имом Термизий саҳиҳ санаган, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Киши билан куфр ўртасида намозни тарк этиш туради». (Саҳиҳул-жомиъ: №2848, Муслим: №82, Абу Довуд: №4678, Термизий: №2622).

    Иккинчи далил: Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Термизий ривоят қилган, Термизий Муслим шартига кўра иснодини саҳиҳ санаган, Язид ибн ал-Ҳабиб ал-Асламийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Биз билан улар ўртасидаги аҳд (белги) намоздир. Кимда-ким уни тарк қилса, шубҳасиз кофир бўлибди». (Саҳиҳул-жомиъ: №4143, Термизий: №2623, Насоий: 1/231, Аҳмад: 5/346, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоят қилган ва саҳиҳ санаган, Заҳабий унга мувофиқ бўлган).

    Учинчи далил: Табарий ривоят қилган ва Муслим шартига кўра иснодини саҳиҳ санаган, Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Банда билан куфр ва иймон ўртасида намоз бордир, агар уни тарк қилса, мушрик бўлади».

    Тўртинчи далил: Имом Аҳмад «Муснад»ида, Абу Ҳотим, Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда айтилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни намоз ҳақида гапириб, шундай дедилар: «Ким уни муҳофаза қилса, у қиёмат куни у учун нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Ким уни муҳофаза қилмаса, у қиёмат куни у учун нур ҳам, ҳужжат ҳам, нажот ҳам бўлмайди. Қиёмат куни у Қорун, Фиръавн, Ҳомон ва Убай ибн Халаф билан бирга бўлади» (Мишкот: №578, Аҳмад: 2/169, Доримий: 2/301).

    Имом Ибнул Қаййим ушбу ҳадисдан латиф илмий нукталарни чиқаради. Яъни, бенамоз кишини намоздан бурадиган нарса ё моли, ё мулки (ҳукмдорлиги) ё вазирлиги ё бошлиқлиги ё тижорати бўлади.

    Кимни моли намозидан машғул қилиб, намозни зое қилса, у Қорун билан бирга бўлади.

    Кимни ҳукмдорлиги намозидан машғул қилиб, намозни зое қилса, у Фиръавн билан бирга бўлади.

    Кимни вазирлиги намозидан машғул қилиб, намозни зое қилса, у Ҳомон билан бирга бўлади.

    Кимни тижорати намозидан машғул қилиб, намозни зое қилса, у Убай ибн Халаф билан бирга бўлади.

    Буларнинг ҳаммаси жаҳаннамнинг энг тубида бўладилар. Аллоҳдан паноҳ сўраймиз..

    Бешинчи далил: Имом Аҳмад «Муснад»ида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким фарз намозни қасддан тарк қилса, Аллоҳнинг зиммаси (яъни ҳимояси) ундан холи бўлади» (Саҳиҳут-тарғиб: №572, Аҳмад: 6/421, Байҳақий).

    Олтинчи далил: Намозни буткул тарк қилиш барча амалларни бекорга чиқаради. Амалларнинг қабул бўлиши намозга боғлиқдир.

    Аллоҳ таоло бенамоз кимсанинг на рўзасини, на ҳажини, на садақасини, на жиҳодини, на бошқа амалини қабул қилади. Чунки, банда энг биринчи навбатда намозидан сўралади.

    Имом Аҳмад «Муснад»ида, «Сунан» соҳиблари ва Табароний яхши иснод билан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали намоздир. Агар намози яхши бўлса, бошқа амаллари ҳам яхши бўлади. Агар намози фосид (ёмон) бўлса, бошқа амаллари ҳам фосид бўлади» (Саҳиҳул-жомиъ: 2573, Термизий: №413, Насоий: 1/232, Аҳмад: 5/72, Ҳоким: 1/263).

    Ҳадиснинг далиллик жиҳати шуки, агар бенамоздан яхшилик амалларидан бирортаси қабул қилинса эди, у ноумид ва зиёнкорлардан бўлмас эди.

    Бенамоз кимсанинг кофир бўлишини баён қилувчи ҳадиси шарифлардан шу миқдорини келтириш билан кифояланаман. Бу айтилганлар ҳаммаси ўз ҳавои ҳоҳишларидан сўзламайдиган шариат соҳиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидир.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари турганда бошқа бировнинг — ким бўлишидан қатъий назар — сўзи инобатга олинмайди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деганлар» десангиз, «Фалоний шайхимиз бундай деганлар-ку» — деб, бу сўзни рад қилиш ўта беҳаёлик бўлади. Аллоҳдан паноҳ сўраймиз..

    Иккинчи хутба:

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир, — деб гувоҳлик бераман.

    Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

    Аммо баъд…

    Севикли биродарларим!

    Бенамозликнинг ҳукмини баён қилганимиздан сўнг энди мухтасар шаклда жамоат намози ҳукми ҳақида сўз юритамиз, шояд уйида намоз ўқишни хуш кўрадиган кишилар бироз ҳушёр тортсалар. Биз уларга айтамизки, Аллоҳдан қўрқинглар, сизлар катта хатар устидасизлар!.

    Кўпчилик уламолар жамоат намозининг фарзлигини айтадилар, ҳақиқатан ҳам далил улар томондадир. Қуйида баъзи далилларни келтирамиз:

    Жамоат намози фарзлигига биринчи далил:

    Аллоҳ таоло айтади: «Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва руку қилувчилар билан бирга руку қилинглар» (Бақара: 43).

    Бу ояти карима жамоат намози фарзлигига далилдир. Чунки, оятдан мақсад фақат намоз ўқишнинг ўзи бўлганида эди, Аллоҳ таоло оятнинг бошида «Намозни тўкис адо қилинглар» деганидан сўнг оят охирида «… ва руку қилувчилар билан бирга руку қилинглар» демаган бўларди.

    Иккинчи далил: Ҳатто, жанг майдонида, уруш авжига чиққан ва душман билан тўқнашув бўлиб турган пайтда ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларга жамоат намозини фарз қилди.

    Агар иш енгил бўлганида эди, уларга жанг майдонида ҳар ким ўзи ёлғиз намоз ўқишига рухсат берган бўларди.

    Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон сиз (жанг майдонида) мўминлар орасида бўлиб, уларга имом бўлган ҳолда намоз ўқимоқчи бўлсангиз, улардан бир тоифаси қуролланган ҳолларида сиз билан намозга турсинлар. Бас, қачон сажда қилишгач (яъни намознинг бир ракаатини ўқиб бўлишгач), орқаларингга бориб, (сизларни қўриқлаб) турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сиз билан бирга намоз ўқисинлар. Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар» (Нисо: 102).

    Учинчи далил: Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Бир кўзи ожиз киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, мени масжидга етаклаб келадиган одамим йўқ» — деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уйида намоз ўқишга рухсат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга рухсат бердилар. Эндигина бурилиб кетаётган эди, ул зот уни чақирдилар ва: «Намозга айтиладиган азонни эшитасизми?», — деб сўрадилар. «Ҳа», — деб жавоб берди. «Ундай бўлса ижобат қилинг (яъни, жамоатга келинг)», — дедилар» (Саҳиҳут-тарғиб: №428, Муслим: №653, Насоий: 2/109).

    Тўртинчи далил: Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мунофиқларга энг оғир намоз – хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар бу икки намозда қандай савоб борлигини билишганида эди, эмаклаб бўлса-да келган бўлишар эди. Хоҳлардимки, буюрсам, намозга такбир айтилса, сўнгра бир кишини ўрнимга одамларга намоз ўқиб беришга буюрсам, — ўзим эса — ўтин кўтарган одамлар билан биргаликда жамоат намозига келмаётган кишиларнинг уйларига бориб, устларидан ёқиб юборсам». (Бухорий: 2/104, Муслим: №651, Муваттоъ: 1/129, Абу Довуд: №548,Термизий: №217, Насоий: 2/107).

    Бешинчи далил: Имом Муслим ва «Сунан» соҳиблари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши: «Ким эртага Аллоҳга мусулмон ҳолатда йўлиқишни истаса, (азон айтилиб) чақирилаётган мана бу намозларни (жамоат билан) адо этсин. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳидоятга бошловчи йўлларга буюрган, намозни жамоатда ўқиш ҳам ҳидоятга бошловчи йўллардан. Агар сизлар жамоатга келмайдиган анови кимсага ўхшаб намозларни уйларингизда ўқисангиз, Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингиз суннатини тарк қилсангиз, шубҳасиз, адашиб кетасиз. Қай бир киши таҳорат олса ва таҳоратини чиройли қилса, сўнг масжидлардан биронтасига йўл олса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир босган қадамига биттадан савоб ёзади, бир даража юксалтиради ва битта гуноҳини ўчиради. Дарҳақиқат, бизнинг давримизда жамоат намозидан фақатгина мунофиқлиги ҳаммага маълум бўлган мунофиқларгина қолар эди. Ҳатто, битта одамни икки киши суяб олиб келишиб, сафга тургизишарди», — дедилар (Муслим: №654, Абу Довуд: №550, Насоий: 2/108, 109).

    Бухорий ва Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жамоат намози ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража ортиқ бўлади», — дедилар (Бухорий: 2/109, 110, Муслим: №650, Муваттоъ: 1/129, Термизий: №215, Насоий: 2/103).

    Намознинг фазилати

    Севикли дўстларим! Энди намознинг фазилатига далолат қилувчи ҳадислардан иккитагинасини келтириб ўтаман.

    Биринчи ҳадис: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Айтингизчи, агар бирортангизнинг эшиги олдида анҳор бўлиб, унда ҳар куни беш марта чўмилса, нима дейсиз, бу унинг кирлигидан (бирор нарсани) қолдирадими?» (Саҳобалар:) «Бирорта ҳам кирлик қолдирмайди» — деб жавоб беришди. «Беш вақт намознинг мисоли шудир, Аллоҳ улар билан барча хатоларни ўчириб юборади» дедилар» (Муттафақун алайҳ, Бухорий: 2/9, Муслим: №667, Термизий: №2872, Насоий: 1/231).

    Иккинчи ҳадис: Табароний «Ас-сағийр» ва «Ал-авсат»да ҳасан санад билан келтирган, ровийлари «Саҳиҳ» тўпламларда ҳужжат қилинадиган, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Гуноҳлар ўтида) куясизлар, куясизлар. Агар бамдод намозини ўқисангизлар, уни ювиб юборади. Яна куясизлар, куясизлар. Агар пешин намозини ўқисангизлар, уни ювиб юборади. Яна куясизлар, куясизлар. Агар аср намозини ўқисангизлар, уни ювиб юборади. Яна куясизлар, куясизлар. Агар шом намозини ўқисангизлар, уни ювиб юборади. Яна куясизлар, куясизлар. Агар хуфтон намозини ўқисангизлар, уни ювиб юборади. Кейин ухлайсизлар ва то уйғонгунларингизгача сизларга ҳеч нарса ёзилмайди».

    Мусулмон биродарлар! Муҳтарам оға-иним! Муҳтарама опа-синглим!

    Намоз ҳақида Аллоҳдан қўрқинг!

    Намоз ҳақида Аллоҳдан қўрқинг!

    Намоз ҳақида Аллоҳдан қўрқинг!

    Унинг фазилатларини билдингиз, бенамозликнинг хатарларидан огоҳ бўлдингиз.

    Аллоҳ таолодан сизу бизни Ўзининг зикри, шукри ва чиройли ибодатига муваффақ қилишини сўрайман.

    Эй Парвардигор! Бизларга ўлимдан аввал тавба қилиб қолишни, ўлим пайтида шаҳидликни, ўлимдан сўнг жаннат ва розилигингни насиб этишингни сўраймиз, Ўз раҳматинг билан эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!2012 йил 3-феврал

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962