Бизга боғланинг
Бидъат (4)
Тўртинчи бўлим
Замонамиздаги баъзи бидъатлар
Пайғамбаримиз замонлари билан бизнинг замонамиз орасида кўп вақт ўтгани, илмсизлик ҳамда бидъатга чақирувчилар кўпайгани ва кофирларга тақлид қилиш кучайиб кетгани сабабли ҳозирда бидъатлар кўпайиб кетган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингиздан аввалги умматларнинг урф-одатига эргашиб кетасизлар»[1], деб бежиз айтмаганлар.
Қуйида бу бидъатларнинг баъзилари билан танишиб ўтамиз:
1. Рабеул аввал ойида Пайғамбаримизнинг туғилган кунларини – мавлудни нишонлаш.
Бу одат насронийларнинг ўз пайғамбарлари туғилган кунини нишонлашларига ўхшайди. Оми мусулмонлар ёки адашган уламолар ҳар йили рабеул аввал ойида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари муносабати билан масжидларда, уйларда ёки махсус ҳозирланган жойларда байрам уюштирадилар, уларга кўпчилик ташриф буюради. Бундай муносабатлар ширк ва мункар (ёмон) ишларга олиб боради. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларига қасидалар тўқилади ва бу қасидаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ҳаддан ошиш, баъзиларида Аллоҳни қўйиб Пайғамбарга дуо қилиш ва ундан ёрдам сўраш ҳолатлари кузатилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини ҳаддан ортиқ мақташдан қайтариб, бундай деганлар: «Насронийлар Исо ибн Марямни ҳаддан ортиқ мақтаганлари каби сизлар ҳам мени ҳаддан ортиқ мақтаманглар. Мен бир бандаман, холос. Шундай экан, «Аллоҳнинг қули ва элчиси», денглар»[2].
Баъзилар мавлуд бўлаётган жойга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳлари келади, деб ишонишади.
Бу бидъатдаги хунук ҳолатлардан яна бири жўр бўлиб қасида айтиш, унга доирани жўр қилиш каби ишлар бўлиб, булар бидъатчи тасаввуф аҳлининг одатларидан саналади. Баъзи ўринларда эркагу аёлнинг аралашиб кетиши каби фитнага сабаб бўладиган ношаръий ҳолатлар ҳам юз беради.
Мавлуд мазкур ишлардан холи бўлиб, фақат одамлар йиғилиб, овқатланиб, ҳурсандчилик қилиб ўтирадиган маросим бўлган тақдирда ҳам бидъатдир. (Диндаги ҳар бир янгилик бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир. Бундан ташқари, мавлуд байрам ва тантаналарда келиб чиқадиган кўнгилсизликлар ва уларнинг ривожланишига ҳам сабаб бўлади).
Бу ишни бидъат дейишимизга сабаб шуки, Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам, ўтган уламоларнинг китобларида ҳам бунга асос йўқ. Бу маросимни ҳижрий IV асрда шиалардан бўлмиш фотимийлар тоифаси ўйлаб топган. Имом Абу Ҳафс Тожуддин ал-Фокиҳоний «Ал-маврид фий ҳукмил мавлид» номли китобида шундай ёзади: «Рабеул аввал ойида ўтказиладиган «мавлуд» номли маросим ҳақида талай мусулмонлар менга кўп марта савол бериб, асосли жавоб ва мукаммал изоҳ сўрашди. Мен қуйидагича жавоб бердим: «Тавфиқ Аллоҳдандир. Мен бу байрам ёки маросимга Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам ҳеч қандай асос кўрмаганман. Ислом динида йўлбошчи бўлган олимлардан биронталари бу маросимни ўтказганликлари ҳам ҳеч қаерда айтилмаган. Бу баттол кимсалар ўйлаб топган бидъатдир. Бу маросимнинг фақат қорин ғамида юрганлар учун фойдаси бор».
Шайхулислом Ибн Таймия ўзининг «Иқтизоус сиротил мустақим» номли китобида бундай дейди: «Одамлар насронийларга тақлид қилиб, ёки Пайғамбаримизни яхши кўриб, ҳурмат қилганлари учун мавлуд бидъатини ўйлаб топишди. Аслида Пайғамбаримизнинг туғилган кунлари ҳақида тарихчилар турли кунларни айтганлар. Агар бу дуруст ва фойдали амал бўлганида эди, ўтмишдаги солиҳ уламолар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) шу ишни қилган бўлардилар. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сиз билан биздан кўра кўпроқ яхши кўрар, кўпроқ ҳурмат қилар эдилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳурмат қилиш ва яхши кўриш у зотга эргашиш, итоат этиш, амрларига бўйсуниш, суннатларини тирилтириш (хоҳ махфий ва хоҳ ошкор суннат бўлсин), у киши олиб келган динни ёйиш, шу йўлда қалби, тили ва қўли билан жидди-жаҳд қилишда кўринади. Бу йўл дини Исломни биринчи бўлиб қабул қилган муҳожирлар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида у зотга бошпана бериб, ҳидоятларига эргашган ансорлар йўлидир».
Бу бидъатга барҳам бериш учун кўп китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Мавлуд маросими бидъатлиги ва насронийларга тақлид эканлигидан ташқари авлиёлар, шайхлар, подшоҳлар ва бошқа нуфузли кишилар туғилган кунларини нишонлашга йўл очиб беради ва кўп ёмонликларга сабаб бўлади.
2. Баъзи маконларни, қадамжоларни ёки (хоҳ тирик ва хоҳ ўлик) инсонларни табаррук қилиб олиш:
«Табаррук» арабча сўз бўлиб, «барака сўраш» деган маънони англатади. «Барака» ҳам арабча сўз бўлиб, «яхшиликнинг зиёда бўлиши ва доимий қолиши» маъносини билдиради. Барака талаб қилиш фақат уни беришга қодир бўлган Зотга қаратилмоғи лозим. У зот ёлғиз Аллоҳ таолодир. Аллоҳдан бошқалар эса (у ким ёки нима бўлишидан катъи назар) барака беришга ҳам, уни давомли қолдиришга ҳам қодир эмаслар. Энди баъзи жойларга, қадамжоларга ва тирик ёки вафот этган инсонларга бориб, уларни табаррук деб билиш, яъни ундан барака умид қилишга қуйидагича ҳукм чиқариш мумкин: Бу ишни қилувчи одам шу нарса ё кимсалар барака беради, деб эътиқод қилса, ширк келтирган бўлади. Агар шу нарса ёки кимсалар сабабли Аллоҳ менга барака беради, деган бўлса, ширк томон қадам ташлаган бўлади.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соч ёки соқол толалари, терлари ёки баданларидан чиққан шу каби нарсаларни табаррук қилиб олганлар. Бу фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг тириклик чоғларига хос бўлган. Модомики Пайғамбаримизга шундай муносабатда бўлинган экан, демак авлиёларнинг ўзини, қабрини ёки улар босган жойларни табаррук қилиб олиш мутлақо мумкин эмас.
Ўтмишдаги солиҳ уламолар ҳатто Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо каби Ислом оламидаги буюк шахсларни ҳаётлик вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам табаррук билишмаган ёки солиҳ уламолардан биронталари Ҳиро ғорига бориб, намоз ўқиб ёки дуо қилиб келмаган. Ҳеч бир киши Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан сўзлашган Тур тоғига бориб намоз ўқиб, дуо қилиб келмаган. Умуман бирон пайғамбар ёки авлиёнинг қадами теккан жойларга бориб табаррук қилишмаган. Мадинаи мунавварадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий намоз ўқиган жойларни биронталари бориб силаб ўпмаган ёки Маккадаги қадамлари теккан жойларни тавоф қилмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қадамлари теккан ёки намоз ўқиган жойларини силаб ўпишни умматларига ўргатмаганлар. Шундай экан, қайси асосга биноан бировлар намоз ўқиган ёки ухлаган жойларини ўпиб силаш ёки табаррук қилиш мумкин?! Уламолар бундай ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларидан эмаслигини таъкидлаганлар.
3. Ибодатлар ва Аллоҳга яқин бўлиш иилнжида қилинадиган ишлардаги бидъатлар.
Ҳозирда ибодатлар орасида ҳам бидъат амаллар кўпайиб кетган. Ибодатлар масаласида фақат шариат буюрган ишларни қилиш керак. Шариат айтмаган нарсаларни кўзига чиройли кўрингани учун ўзича ибодатга қўшиб олиш мумкин эмас. Буюрилган ишлар эса далил билан исботланади, далил топилмаган ишлар қуйидаги ҳадисга биноан бидъат бўлади: «Ким бизнинг шариатимиздан бўлмаган бир ишни қилса, у иш рад қилинади».
Ҳозир далили бўлмаган ишлар кўп. Масалан, «Фалон намозни ўқишга ният қилдим», деб овоз чиқариб ният қилиш. Бу бидъатдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари бундай эмас эди. «Эй Пайғамбар, аъробийларга айтинг: «Сизлар динингизни ва қалбингиздаги нарсаларни Аллоҳга билдирасизми?! Ҳолбуки, Аллоҳ еру осмонлардаги барча нарсани яхши билади. У ҳар бир нарсани яхши билувчи зотдир» (Ҳужурот, 16).
Ниятнинг ўрни қалбдир, тил эмас.
Намоздан кейин ўтириб, жамоат бўлиб тасбеҳ ва бошқа зикрларни айтиш ҳам бидъатдир. Чунки шариатда зикр-тасбеҳларни ҳар ким ўзи мустақил айтиши кўрсатилган.
Шунингдек, дуодан кейин, маросимларда ёхуд ўликларга атаб «Фотиҳа» сурасини ўқиш ҳам бидъатдир. Ўликларга атаб маросимлар ўтказадиган, таомлар пиширадиган, қориларни ёллаб Қуръон ўқитадиган ва шу билан ўликка бирон фойда етказдим деб ўйлайдиганлар кам эмас. Бу амалларнинг ҳаммаси бидъат бўлиб, динимизда уларни қўллаб-қувватлайдиган асос йўқ. Улар инсонлар ўзлари ўйлаб топган уйдирмалардир.
Баъзи диний саналарни, масалан, Исро ва Меърож кечаси ёки ҳижрат кунини байрам қилиб маросим ўтказиш ҳам бидъатдир.
Шунингдек, Ражаб ойида қасддан «Ражаб умраси» дея умра қилиш, ўша ерда рўза тутиш, қасддан ўша куни нафл намозлар ўқиш ҳам бидъатлар жумласидандир. (Бу амалларга бошқа ойда қанча савоб бўлса, бу ойда ҳам худди шунча савоб бўлади. Бу ойда қурбонлик қилса, Қурбон ҳайитидан бошқа пайт қилган қурбонлик савоби билан бир хил ажр бўлади, ундан ортиқ эмас.) Шунингдек, баъзи тасаввуф аҳлининг ўйлаб чиқарган маълум усулда ва маълум вақтларда айтиладиган зикрлари ҳам бидъатдир. Чунки улар шариатда кўрсатилган зикрлар услуби ва вақтига хилофдир. Шаъбон ойининг ўртасидаги кечада қасддан намоз ўқиш ва кундузида қасддан рўза тутиш ҳам бидъат. (Аммо одатий вақти ва шароити шу кун ёки шу кечага тасодифан тўғри келиб қолса, зарари йўқ.)
Бундан ташқари, қабрлар устига мақбаралар қуриб, у ерларни масжид қилиб олиш ҳам бидъат саналади. Қабрларни табаррук санаб тавоф қилиш, ўликларга илтижо қилиш ва қабр зиёратига аёлларнинг бориши ҳам шулар жумласидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни, у ерни масжид қилиб олиб намоз ўқувчиларни ва қабрларга шам ёки чироқ ёқувчиларни лаънатлаганлар.
Хотима
Бидъат – куфрга олиб борувчи йўл. У Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий этмаган нарсани динга қўшишдир. Бидъат гуноҳи кабиралардан ёмонроқдир. Шайтон гуноҳи кабирадан кўра бидъат сабабли кўпроқ қувонади. Чунки гуноҳкор гуноҳ қилаётганини билиб туради ва у вақти келиб тавба қилиши мумкин. Бидъатчи эса қилаётган ишини диний амал деб ўйлайди ва савоб умид қилади. Шу боис тавба қилиш у ёқда турсин, қилаётган иши гуноҳ эканини ҳам билмайди.
Бидъат суннат амалларнинг йўқолишига олиб келади ҳамда бидъатчиларга суннатни ва унга амал қилувчиларни ёмон кўрсатиб кўяди. Бидъат инсонни Аллоҳдан узоқлаштиради, Аллоҳнинг ғазаби ва азобига дучор қилади ва қалбларнинг бузилиб, қорайишига олиб келади.
Бидъатчилар билан қандай муомалада бўлиш керак?
Бидъатчи билан бир даврада ўтириш ёки унинг зиёратига бориш ман этилади. Агар унга насиҳат қилиш ёки қилаётган ишидан қайтариш учун борилса, жоиз. Бидъатчилар билан алоқа қилиш кишига ёмон таъсир кўрсатади ва улардаги нафрат-адоват бошқаларга ҳам юқишига сабаб бўлади. Агар уларни бу йўлдан қайтаришнинг иложи бўлмаса, давлат раҳбарлари бидъатчиларни ман қилишлари ва бу йўлларидан қайтаришлари шарт бўлади. Чунки улар Исломга жуда катта хавф келтирадилар.
Кофир давлатлар бидъатчиларни қўллаб-қувватлаётгани, Ислом дини оёғига болта уриш учун бидъатчилар жуда қулай восита бўлгани боис бидъат амалларини халқ ичида тарқатишга катта ёрдам бераётганини ҳам мусулмонлар билишлари лозим.
Аллоҳ таолодан динига ёрдам бериб, шаҳодат калимасини ғолиб қилишини ва душманларини хор этишини сўраймиз. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли-оилаларига ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.