Сеҳр ва унинг давоси

    «Етти ҳалок қилувчилардан сақланингиз»
    силсиласи

    سلسلة اجتنبوا السبع الموبقات

    السحر وعلاجه

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

    Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Маълумки, «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб бораётган эдик:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.

    «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидаги ўтган сафарги суҳбатимиз сеҳрнинг луғавий ва истилоҳий маъноси, сеҳрнинг моҳияти ва турлари ҳақида бўлган, ундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилинганми, деган савол атрофида ҳам баҳс юритган эдик.

    Бугунги суҳбатимизда юқоридаги мавзунинг давоми ўлароқ, қуйидаги икки модда ҳақида сўз олиб борамиз:

    1. Биринчи: Сеҳрнинг ҳукми ва сеҳргарнинг шаръий жазоси
    2. Иккинчи: Сеҳрнинг давоси ва ундан сақланиш йўллари.
    Сеҳрнинг ҳукми:

    Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади:

    «Бақара» сурасидаги «Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шай­тонлар кофир эдилар. Ва Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар.Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» (Бақара: 102) ояти сеҳрнинг куфр эканига ва уни ўрганувчи, яъни сеҳргар кофир бўлишига далил бўлади. Бу (яъни, сеҳргарнинг кофирлиги) сеҳрнинг айрим турларида, жумладан, шайтонларга ё юлдузларга сиғинишда очиқ кўринади. Аммо, шаъваза (яъни кўз бойлаш) бобидан бўлган яна бир тури борки, у билан шуғулланган кишини кофир саналмайди.

    Шу ўринда асосли бир савол ўртага чиқади. Яъни, Сулаймон алайҳиссаломни ким кофирга чиқарган, нима учун оятда уни кофир эмас эди, дейилмоқда?

    Ушбу масала борасида «Бақара» сурасидаги сеҳр оятлари устида бироз тўхтаб ўтишга тўғри келади. Чунки, бу оятлар сеҳрга тааллуқли ҳукмлар учун асос бўлиб саналади, қолаверса, айрим тафсир китобларида бу оятлар тафсирида кўплаб тўқима ва ёлғон хабарлар келтирилган.

    Ушбу оятларнинг нозил бўлиши сабаби ҳақида гапирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Бану Исроилга пок ва муборак шариат бўлмиш Таврот шариатини туширган, улар эса бу шариатни тарк қилиб, четга улоқтиришган ва ўзларини шайтонга қул қилиб қўядиган сеҳр билан машғул бўлган эдилар.

    Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга туширган порлоқ шариат келганидан сўнг ҳам улар (яъни яҳудийлар) ўзларининг сеҳрга эргашиш ва пок шариатдан юз ўгиришдан иборат залолатларида давом этишди. Улар Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом ҳақида унга инсу-жин, қурт-қумурсқа, қушу ҳайвонлар сеҳр воситасида бўйсундирилган эди деб даъво қилишарди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларни мазаммат қилувчи ва куфру залолатларини баён қилувчи ҳамда Ўзининг бандаси ва пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломни уларнинг туҳматларидан покловчи мана бу оятларни туширди.

    Ибнул Жавзий «Зодул-масийр»да ушбу оят сабаби нузули ҳақида Ибн Исҳоқдан шундай ривоят келтиради: «Қуръонда Сулаймон алайҳиссалом ҳақида зикр қилингач, Мадина яҳудийлари: «Муҳаммаднинг гапини қаранглар, у Довуд ўғлини пайғамбар бўлган, деб даъво қилмоқда. Ваҳоланки, у бор-йўғи бир сеҳргар эди», дедилар. Шундан сўнг ушбу оят нозил бўлди».

    Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний «Фатҳул Борий»да (10/223) айтади:

    Оятдан мурод нима экани ҳақида ихтилоф қилинди. Айтилишича, Сулаймон сеҳр ва коҳинликка доир китобларни йиғиб, курсиси остига кўмиб қўйган, жин-шайтонлардан биронтаси ҳам унинг курсисига яқинлашишга қодир бўлмасди. Сулаймон вафот этгач ва ишдан хабардор уламолар (ўтиб) кетишгач, шайтон инсон суратида келиб, яҳудийларга: «Сизларни Сулаймоннинг беназир хазинасига йўллаб қўяйми?!», деди.

    Улар: «Ҳа», дейишди.

    «Курси остини очинглар», деди.

    Курси остидан ҳалиги китобларни топишди.

    Шайтон уларга: «Сулаймон инсу-жинни шу билан ушлаб турарди», деди.

    Шундан сўнг улар орасида Сулаймон сеҳргар бўлган, деган гап тарқалди.

    Қуръонда Сулаймонни пайғамбарлар сафида зикр қилувчи оятлар нозил бўлгач, яҳудийлар буни инкор қилиб: «Қаранглар, Муҳаммад Довуд ўғлини пайғамбар бўлган деб даъво қилмоқда. Аллоҳга қасамки, у бор-йўғи бир сеҳргар эди», дейишди. Шунда бу оят нозил бўлди.

    Ушбу хабарни Табарий ва бошқалар Суддий орқали, шунингдек, саҳиҳ санад билан Саид ибн Жубайр орқали, яна Имрон ибн Ҳорис Ибн Аббосдан ривоят қилган йўл орқали келтирганлар.

    Аммо, баъзи муфассирлар Ҳорут ва Морут қиссаси ҳақида келтирган гаплар, Алий, Ибн Аббос ва бошқалардан деб келтирган ривоятлар ҳаммаси яҳудларнинг ёлғон ва тўқима гаплари бўлиб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон саҳиҳ хабар ривоят қилинмаган.

    Ҳофиз Ибн Касир «Тафсир»ида (1/248) айтади:

    Ҳорут ва Морут қиссаси ҳақида ворид бўлган ҳадислар ва асарлар ҳосиласи ўз тафсилотида Бану Исроил хабарларига қайтади. Чунки, улар ичида санади содиқ ва масдуқ зотга (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга) етиб борадиган бирон бир саҳиҳ ва марфуъ ҳадис йўқдир.

    Қуръон сиёқи (оқими)нинг зоҳири – қиссани қисқача тарзда, чўзмасдан келтиришдир. Биз Қуръонда келган нарсалар билан Аллоҳ ирода қилган нарсага иймон келтирамиз, ишнинг ҳақиқатини Аллоҳ билувчироқдир.

    Аммо, Қуръоннинг сариҳ лафзида келганидек, икки фариштанинг одамларга сеҳрни таълим беришлари имтиҳон ва синов бобидан бўлган эди.

    Аллоҳ бандаларини Ўзи истаган нарса билан имтиҳон қилиши мумкин. Мана, Аллоҳ барча ёмонликнинг уяси бўлган Иблисни яратди ва бандаларни унга эргашишдан қайтарди ва огоҳлантирди. Толут қўшинини анҳордан сув ичмаслик билан имтиҳон қилди. Мазкур икки фаришта ҳам одамларга сеҳрни таълим беришларида Аллоҳга осий бўлмаган, балки Аллоҳга итоат қилган эдилар. Сабаби, улар Аллоҳ томонидан бандаларга имтиҳон ва синов бўлиши учун шу ишга буюрилган эдилар.

    Хулоса шуки, оят сеҳрнинг куфр, сеҳргарнинг эса кофир эканига далил бўлади. Бу эса сеҳргар ўз ишида Аллоҳга кофир бўлиш ва жин-шайтонларга ва юлдузларга сиғинишга суянадиган ҳақиқий сеҳрга тааллуқлидир. Сеҳргар жин-шайтонга қиладиган куфр ва ширк амалида нақадар зиёдалашса, жин-шайтон ҳам унга шу қадар кўпроқ хизмат қилади.

    Ҳофиз Ҳакамий «Ал-маориж»да айтади:

    Маълум бўлганидек, сеҳр фақат Аллоҳга кофир бўлиш билан биргаликда амалга оширилади. Бу эса оятнинг нозил бўлиши сабабидан маълум бўлмоқда.

    Имом Нававий айтади:

    Сеҳр қилиш ҳаромдир, у билиттифоқ кабира гуноҳлардан саналади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни етти ҳалок қилувчилар қаторида зикр қилганлар. Унинг баъзи тури куфр бўлади, баъзи тури куфр бўлмайди, балки катта маъсият бўлади. Агар унинг ичида куфрни тақозо қилувчи сўз ё феъл бўлса, у куфр бўлади, йўқса куфр бўлмайди.

    Имом Қуртубий айтади:

    (Ушбу) ҳунар аҳллари айтишларича, сеҳр фақат куфр, ширк ё шайтонга таъзим қилиш билангина амалга ошади. Демак, бу тақдирда сеҳр куфрга далолат қилади.

    «Тайсирул-азизил-ҳамид фий шарҳи китабит-тавҳид» соҳиби айтади:

    Сеҳр ширк турларидан бўлиб, ширксиз амалга ошмагани учун ҳам мусанниф ундан огоҳлантириш мақсадида бошқа ширк турлари қаторида уни «Тавҳид китоби»га киритди.

    Ибн Обидийн айтади:

    Асҳоблардан нақл қилинган, сеҳргарнинг кофирлиги ҳақидаги гапнинг асли-асоси, сеҳр фақат куфр бўлган нарсалар орқали амалга ошгани учун бўлса керак. Буни Аллоҳ таолонинг мана бу сўзи ҳам ифодалайди: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» (Бақара: 102).

    Шунинг учун Исломда сеҳргарнинг жазоси қатл қилинишдир.

    «Сунан Аби Довуд»да ишончли тобиинлардан бўлган Бажола ибн Абададан ривоят қилинади:

    Умар ибн Хаттоб ҳар қандай сеҳргар эркак ва аёлни ўлдирингиз, деб ёзиб юборди.

    «Сеҳргарнинг жазоси қилич билан урилишдир» ҳадиси заифдир.

    Молик, Аҳмад, Абу Ҳанифа шу фикрни (яъни қатл қилишни) айтганлар, саҳобалардан Умар, Усмон, Ибн Умар, Ҳафса ва бошқалар ҳам шундай деганлар.

    Шофиий сеҳргарни сеҳр сабаблигина қатл қилишни рай қилмаган, фақат сеҳрида куфрга етказадиган амални қилса, ўлдирилади, деган. Аҳмад ибн Ҳанбалдан бир ривоятда ҳам шундай дейилган.

    Шу ўринда савол бўлиши мумкинки, нега Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини сеҳрлаган Лабид ибн Аъсомни қатл қилмаганлар?

    Жавоб шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан яҳудлар ўртасида аҳд-битим бор эди. Агар уни қатл қилганларида ўша аҳдни бузган бўлардилар. Усиз ҳам улар мусулмонларга кўп фириб-найранглар қилишаётган, уларнинг динларига нуқсон етказишга уринишаётган эди, агар уни қатл қилсалар, одамлар Муҳаммад асҳобларини ўлдирмоқда деб гап тарқатишлари мумкин эди. Маълумки, Лабид ибн Аъсом яҳудларнинг иттифоқчиси эди, бу «Саҳиҳул Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳо ривоятларида собит бўлган. Аммо, аҳли китоб сеҳргарнинг ҳукмига келсак, жумҳур аҳли илмлар аҳли китоб бўлган сеҳргарни ўлдирилмаслиги, фақатгина сеҳри билан бировни ўлдирган бўлса, шундагина ўлдирилишини айтганлар.

    Аммо, Имом Абу Ҳанифа аҳли китоб сеҳргарни ҳам қатл қилиш фарзлигини айтганлар ва мусулмон билан аҳли китоб ўртасини ажратмаганлар.

    Бундан ташқари Имом Абу Ҳанифа бошқа уч имомга сеҳргар аёлни қатл қилинмайди, деган ҳукмда мухолиф бўлган, учала имом сеҳргар аёлни қатл қилинишини айтганлар ва улар ўртасини ажратадиган далил бўлмагани учун эркак ва аёл ўртасини фарқламаганлар.

    Уламолар ўртасида сеҳргарнинг тавбаси қабул бўлиш-бўлмаслиги ҳақида ҳам ихтилоф бор.

    Тўғрироқ гап шуки – иншооллоҳ – Аллоҳ таоло халқларидан бирон киши учун ҳам тавба эшигини ёпиб қўймаган, ҳатто мушрик ҳам тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади.

    Қуръон бизга хабар берганки, Фиръавннинг сеҳргарлари Аллоҳга кофир эдилар. Аллоҳга тавба қилишганида Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилди.

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Юқорида айтилганлар сеҳрнинг ҳукми ва сеҳргарга бериладиган шаръий жазо ҳақида эди.

    Энди сеҳргар, фолбин ва коҳинларга борадиган одамларнинг ҳукми қандай бўлади?

    Бунинг жавобини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берганлар. «Саҳиҳ Муслим»да Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким фолбинга бориб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса (Аҳмад лафзида: ва унинг айтганини тасдиқласа), ундан қирқ кун намоз қабул бўлмайди» (Муслим: №2230).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким арроф (фолбин) ё коҳинга бориб, у айтаётган сўзларни тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди» (Аҳмад, Байҳақий, Ҳоким ривоят қилган, Ҳоким: «Икки шайх шартига кўра саҳиҳ» деган, унга Заҳабий мувофиқ бўлган, шайх Албоний «Ал-ирвоъ»да (№2006) саҳиҳ санаган).

    «Фатҳул-мажид шарҳу китабит-тавҳид» соҳиби айтади: «Ҳадис зоҳирига кўра, у (яъни фолбин ё коҳинга борган одам) фолбин ё коҳиннинг сўзи ростлигини эътиқод қилган паллада кофир бўлади.

    Фолбин ким-у коҳин ким?

    Бағавий айтади:

    Арроф (фолбин) ишларни муқаддималар (яъни айрим белгилари) воситасида билишини даъво қилувчи киши бўлиб, ўша орқали ўғирланган нарсани ё йўқолган нарсанинг жойини айтиб беради.

    Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Арроф – коҳин, мунажжим, раммол (қумга чизиб фол очувчи) ва шунга ўхшаш, ишларни шу йўллар билан билишини айтадиган кишидир».

    Имом Аҳмад айтади: «Фолбинлик сеҳр ва сеҳргарликнинг бир тарафидир».

    Абу-Саъадат айтади: «Арроф – мунажжимдир».

    Коҳин эса, ғайб илмини даъво қиладиган кимсадир.

    Шу ўринда кўнгилда пайдо бўладиган, бироқ киши сўрашга ийманиб турадиган бир савол ўртага чиқади. Яъни, айрим фолбин ва коҳинлар бирон нарса ҳақида хабар берган бўлса, баъзи ҳолларда шу нарса тўппа-тўғри чиқади. Буни қандай тушуниш мумкин?

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айни шу нарса ҳақида сўралган экан. «Саҳиҳ Муслим»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда келади:

    Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан коҳинлар ҳақида сўрашганида: «Бари пуч-ботил», деб жавоб бердилар.

    Шунда улар: «Ё Расулуллоҳ, гоҳо улар баъзи сўзларни айтишади-да, шу гап тўғри бўлиб чиқади», дейишди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

    «Ўша тўғри сўзни бир жин бошқа бир жиндан илиб олиб, хожаси (яъни фолбинлар) қулоғига қуяди, улар унга юзта ёлғонни аралаштиришади», дедилар (Бухорий: №5726, Муслим: №2228).

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Маълумки, мунажжимлик, коҳинлик, фолбинлик, сеҳргарлик каби ишлар фақат мусулмон ўлкаларига чекланган иш бўлмасдан, балки бутун оламда кенг тарқалган ишдир.

    «Ал-муслимун» газетаси ўзининг 205-сонида ёзишича, Америка президенти Рейган ва унинг аёли иш жадвалини белгилаш ва айрим қарорлар олишда Жоан Квигли деган мунажжим аёл ёрдамидан фойдаланиб келишган.

    Индонезия президенти Сухарто мунтазам равишда руҳонийлар ва сеҳргарлар билан кўришиб турар, улардан бири президент қасрида доимий истиқомат ҳам қилар экан.

    Франциянинг собиқ президенти Жискар д’Эстен 1984 йилги президентлик сайловларида башоратчи билан маслаҳатлашган.

    Газета келтирган энг қизиқ маълумотлардан бири шуки, энди калкулятор ҳажмида бир жиҳоз ихтиро қилиб, уни «электрон фолбин» деб аташибди. Унга ўз туғилган тарихингизни киритсангиз, бас, «электрон фолбин» сизга учта давра (цикл) асосида – биологик, нафсий (психологик) ва асабий давра асосида «башорат» чиқариб беради. Сиз ўшаларга қараб, бемалол кундалик ишларингиз режасини тузишингиз ёки муҳим қарорларга қўл уришингиз ё тийилиб туришингиз мумкин бўлар экан!!.

    Ва ниҳоят.. Биз Аллоҳ жалла ва алога бизларни тавҳид аҳлидан қилиб қўйгани шукронасига пешонамизни саждага қўямиз. Зотан, биз ўз ақидамиздан келиб чиқиб, барча ишлар Аллоҳнинг қўлида ва барча мулк Аллоҳники эканига, борлиқдаги ҳеч бир иш Аллоҳнинг амрисиз бўлмаслигига, У ҳамма нарсадан хабардор эканига қатъий ишонамиз.

    Аллоҳ таоло айтади: «Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни Лавҳул Маҳфузда) мавжуддир» (Анъом: 59).

    Аниқ биламизки, борлиқдаги бирон куч Аллоҳ жалла ва алонинг изнисиз бировга фойда ё зарар етказишга қодир эмас.

    Бу гапнинг асоси Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир:

    «Улар Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар» (Бақара: 102).

    Аллоҳу акбар… Аллоҳ истаган иш бўлади, истамаса бўлмайди.

    Оламдаги барча сеҳргарлар йиғилиб, бировга зарар етказмоқчи бўлишса, Аллоҳ изн бермаса, асло бунга қодир бўлмайдилар.

    Шундай экан, дилингизни подшоҳлар подшоҳи, осмонлару ернинг ёлғиз эгаси Аллоҳга буринг, Унга таваккул қилинг ва Унга ишонинг. Ёлғиз Угина паноҳ берувчи ва асровчидир.

    Ким Унга таваккул қилса, Ўзи кифоя қилади, ким Унга боғланса, Ўзи нажот беради, ким ишини Унга топширса, Ўзи уни йўллаб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ Ўз бандасига (барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?!» (Зумар: 36).

    Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3).

    Имом Жавзий раҳимаҳуллоҳ «Талбису иблис» номли қимматли китобида шундай гўзал сўзларни келтиради:

    Салафларидан биридан ҳикоя қилинишича, у шогирдидан: «Агар шайтон сени гуноҳларга бошласа, нима қиласан?», деб сўради.

    «Унга қарши жиҳод қиламан», жавоб берди шогирд.

    «Агар яна қайтиб келса-чи?», сўради устоз.

    «Яна жиҳод қиламан», жавоб берди шогирд.

    «Агар яна қайтиб келса-чи?», сўради устоз.

    «Яна жиҳод қиламан», жавоб берди шогирд.

    Шунда устоз деди: «У ҳолда жуда чўзилиб кетади, эй болам. Лекин, сен қўйлар суруви ёнидан ўтаётганингда сурувнинг итлари сенга қараб ҳурса ё ўтиб кетишингга қўймаса, нима қиласан? Улар билан урушасанми?! Бу жуда чўзилиб кетадиган иш бўлади. Ундан кўра, сен сурувнинг эгасини ёрдамга чақир, унинг ўзи итларини тийиб қўяди».

    Бас, шундай экан, азиз дўстим, Аллоҳдан ёрдам сўранг, Унинг паноҳига қочинг.
    Шугина мустаҳкам қалъа ва ўтиб бўлмас истеҳкомдир. Яратувчимиз бўлган Зот
    бизнинг заифлигимизни, ожизлигимизни билади. Шу боис У бизга сеҳр ва
    жин-шайтонлардан сақланадиган қўрғон ва қалъалар бериб қўйди. Бироқ, кўпларимиз
    то бошимизга дард келиб етмагунича унинг олдини олишга бепарволик қиламиз.
    Суҳбатимиз давоми сеҳр ва сеҳргарлардан сақланиш йўллари ҳақида боради.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963