Бизга боғланинг
Чекиш ҳаромдир!
Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримиз, унинг оиласи, саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган кишиларга салавот ва саломлар бўлсин.
Сўнг…
Ислом уммати, хусусан, унинг ёш авлоди маст қилувчи ичимликларни ичиш ва сигаретларни чекиш каби оғу ва ёмон одатларга мубтало бўлди. Мусулмон ёшларнинг ахлоқини бузишда Бутунжахон яҳудий харакатларининг катта ҳиссаси бор. Чунки, бу ҳаракатлар эътиқодсиз мусулмонларни етиштириш ҳамда мусулмонларнинг иззат ва шарафи қолмаслигини мақсад қилиб оммавий ахборот воситалари, сиёсат ва таълим-тарбия ишларига ҳукмрон бўлдилар… «Улар макр қиладилар. Аллоҳ ҳам макр қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ макр қилувчилар(нинг макрига яраша жазо берувчилар)нинг яхшироғидир». (Анфол: 30)
Эй, чекувчи дўстим, Исломий биродарлик, бир-биримизга бўлган эътибор, эзгулик ва тақво асосида ҳамкор бўлиш ҳамда сизнинг қабул қилишингиз ва жиддий эътибор беришингиз учун ушбу рисолани ёзмоқдамиз. Шояд Аллоҳ таоло буни сиз учун фойдали қилса. Бундан ташқари, биз ушбу рисолада чекишнинг Ислом ва тиббиёт нуқтаи назаридан зарарларини ҳам баён қилмоқчимиз.
Чекиш тарихининг бошланиши
Тақрибан мелодий 1492 йилда баъзи Европалик сайёҳлар Америка қитъасини кашф этдилар ва у ерда тамаки (сигара) дарахтини кўрдилар. Сигара Ислом оламида ҳижрий ўнинчи асрда пайдо бўлди. Уни масиҳийлар олиб келдилар.
Сигарет оғир заҳарли қўрғошин оксиди (РЬОЗ), саратон (рак) касаллигига сабаб бўладиган бензобурин моддаси, никотин, ҳашаротларни ўлдиришда қўлланиладиган ……, спирт ва заҳарли бўлган бошқа моддаларни ўзида жам қилган.
Чекишнинг зарарлари
Чекишнинг инсонга катта зарарлари бўлиб, у турли касалликларни келиб чиқишига сабабдир. Улардан: саратон (рак), сил, оғиз, лаб, тил, кичик тил, ҳазм ва нафас олиш аъзоларининг яллиғланиши ҳамда сийдик йўллари касалликлари. Чекишнинг наслга, бундан ташқари ишлаб чиқаришга таъсири, иқтисодий зарарлари бўлиб, ёнғин ва йўл ҳаракати ҳодисалари, атроф-муҳитни ифлосланиши ва бундан бошқа уммат учун кўп зарарлари бор. Бу балодан қутулишда Аллоҳ ўзи қувват берсин.
Чекишнинг ҳаром эканига Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан далиллар:
Сигарет Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаган даврда йўқ эди. Шундай бўлсада, бизнинг улуғ динимиз, остида кўплаб жузъий нарсалар ётган умумий асосларни олиб келди. Ислом уламолари ушбу умумий асослар билан чекишнинг ҳаром эканига далиллар келтирдилар:
*Аллоҳ таоло деди: «У пайғамбар… пок нарсаларни улар учун ҳалол ва ифлос нарсаларни уларга ҳаром қилади». (Аъроф: 157) Заррача ақли бўлган одам чекишниг ифлос-жирканч нарсалардан бири эканида шубҳа қилмайди. Чунки, «ифлос» сўзи таъми ва ҳиди жирканч бўлган нарса учун истеъмол қилинади. Сигарет шундайдир. Ҳолбуки, дин ва тиббиёт олимлари сигаретнинг жирканч нарса эканига иттифоқ қилганлар.
*Аллоҳ таоло деди: «Ҳеч ҳам исроф қилманг! Чунки, исроф қилувчилар шайтонларнинг дўстларидир». (Исро: 27)
«Исроф қилманглар! Аллоҳ исроф қилувчи кимсаларни севмайди» (Анъом: 141)
«(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган мол-дунёларингизни бериб кўймангиз» (Нисо: 5)
«ақлсиз» мол-дунёда ўринли тасарруф қила олмайдиган кимсадир.
Расулулллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Аллоҳ сизлар учун миш-миш, кўп савол бериш ва молни зое қилишни ҳаром қилди» – дедилар. (Муттафақун алайҳи).
Шубҳасиз, чекиш молни зое қилиш демакдир. Чунки, у Аллоҳ таоло айтганидек: «На семиртиради ва на оч қоринни тўйдиради». (Ғошия: 7)
*Аллоҳ таоло деди: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирмангиз! Аллоҳ сизларга раҳмлидир». (Нисо: 29)
Кашанда шаръий далилсиз ҳалокатли нарсаларни истеъмол қилади ва ўз жонини хилма-хил касалларга мубтало қилади. Уламолар заҳар, тупроқ, шиша, тош ва зарарли бўлган барча нарсаларни истеъмол қилишни соғлиқни ҳимоя қилиш учун ҳаром этилганини баён қилдилар.
Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «… Заҳар ичиб ўз жонини қатл этган кимса жаҳаннам оловида заҳарини мангу ичади». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари)
Чекиш — ўз жонини аста-секин қатл этиш, демакдир. Табиблар ўлимининг сабаби чекиш бўлган кимсаларни ўз жонларига суиқасд қилган деб ҳисоблайдилар. Аллоҳ сақласин! Бир жонни ўлдириш эса, у бевосита ёки билвосита, секин ёки тез бўлсин, ҳаромдир. Чунки, натижа бир хилдир… Кашанданинг ўз жонини қатл қилиш учун ҳаракат қилаётганлигида шак-шубҳа йўқдир.
Чекиш баъзида ўлимга олиб бормасада, лекин, кашанда ўз қувватини йўқотади. Балки, чекиш инсон вужуди ва қувватини парчалаб ташлайдиган ҳатарли касалликларга олиб боради.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам маст қилувчи ва бўшаштирувчи нарсалардан кайтардилар. (Ҳасан ҳадис. Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти)
«Бўшаштирувчи» – инсон вужудида кайф ва одатланишни келтириб чиқаради. Кашанда буни (ароқхўр каби) ҳис этмасада, ҳаромлик ўз кучида қолади. Чунки, унинг асли ароққа қиёсланади. Яъни кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаром бўлади. Ароқнинг бир неча қатраси янги бошлаган одамни маст қилганидек, чекиш ҳам янги бошлаган, ёки чекишни ташлаб қайтадан бошлаган, ёки рўзадорнинг ифтордан сўнгги ҳолатида бўшашишликни келтириб чиқаради.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Ўзига зарар бериш ҳам йўқ бошқага зарар бериш ҳам йўқдир» – дедилар. ( «Саҳиҳул-Жомеъ»: 17393)
Чекиш, ўзига зарар ва бошқага зарар беришдир.
Аллоҳ таоло деди: «Булар(ароқ ва қимор)нинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир». (Бакара: 219)
Чекишнинг фойдалари бор деб фараз қилайлик. Энди ушбу мавҳум фойдалар билан ҳақиқий зарарларни таққослаб кўрайлик. Уларнинг қайси бири кўпроқ?!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Саримсоқ ва пиёз (ни хом) еган киши биздан ва масжидимиздан узоқ турсин ва уйида ўтирсин». (Имом Муслим ривояти)
Кашанданинг оғзидан келган ҳид саримсоқ ва пиёзнинг ҳидидан кўра сассиқроқ, энг камида у иккисининг ҳиди кабидир. Жума намози учун хушбўйланиш суннат эканини унутмаган бўлсак, сигарет ҳиди бу суннатга хилофдир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Солиҳ ва ёмон суҳбатдош билан ўтиришнинг мисоли мушк сотувчи ва босқонга дам урувчи кишиларнинг мисолига ўхшайди». (Муттафақун алайҳ)
Кашанда олов ва тутунни пуфлаётган ёмон суҳбатдошдир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмон — мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир». (Имом Бухорий ривояти)
Эй кашанда, мусулмонлар сизнинг чекишингиздан қачон қутиладилар?!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган кимса қўшнисига озор бермасин». (Имом Бухорий ривояти)
Кашанда ўзининг сассиқ ҳиди билан хотини, фарзандлари, кўшнилари, фаришталар ва масжиддаги намозхонларга озор беради.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир, бироқ гуноҳларини ошкор қилувчи улардан эмас». (Муттафақун алайҳ) Кашанда гуноҳларни ошкор қилгани учун кечирилмаслик хавфи бор..
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бирон қавмга ўзини ўхшатса у улардандир». (Саҳиҳ ҳадис, Абу Довуд ривояти)
Чекиш мустамлакачилик асорати, қолдиғи ҳамда руҳий мағлубият белгисидир. Чекиш-кофирларга ўхшашлик, демакдир. Чунки, кофирлар сигаретни мусулмонлар яшаётган ўлкаларга олиб келиб, ёшлар ичида чекишни ривожлантирдилар. Бундан ташқари чекиш билан жаҳаннам оловида ёнаётган ҳамда оғиз ва бурунларидан тутун чиқаётган кофирларга ҳам ўхшашлик бордир. Бу балодан Аллоҳ сақласин!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Тўрт нарса: умрини нима билан ўтказгани, жисмини нималарда ишлатгани, бойликларини қаердан топиб, қаерга сарф этгани ҳамда илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралмай туриб, банданинг оёқлари ўрнидан қимирламайди». (Саҳиҳут-Термизий Албоний)
Кашанда қиёмат куни қандай жавоб беради? Унинг:
— Умри чекиш билан ўтди;
— Илми; У чекишнинг ҳаромлигини билди, бироқ чекишда давом этиб ўзининг зарарига ҳужжатни барпо қилди;
— Бойликлари; У бойликларини фойдасиз ерларга ва ўз жасадини ёндириш учун сарф этди ёки уни сигарет сотиш орқали топди;
— Жасади; У жасадини шайтонлар учун ташлаб қўйди. Шайтонлар унинг жасадида хоҳлаган ишини қилдилар. Чекиш – шайтонлар кирадиган даричалардан биридир.
Чекиш – Аллоҳнинг зикри, ибодати, хусусан, рўза ибодатидан тўсади.
Рўза кашанда учун энг оғир бўлган ибодатлардан биридир. Кашанда масжидларда эътикоф қилиш, узоқ муддат Қуръони Каримни тиловат қилиш, илм мажлисларида ўтириш ҳамда намозларга эрта боришни ёқтирмайди. Кашандаларнинг кўплари жамоат намозларида ҳозир бўлишмайди. Ҳозир бўлсаларда кўлларидаги сигаретни «тортиб-тортиб» масжиднинг эшиги олдига отадиларда, масжидга кириб келадилар. Суннат эса жамоатга ҳозир бўлишдан олдин хушбўйланишдир.
Шариатнинг асос ва қоидалари ҳам чекишни ҳаром қилади. Баъзи умумий қоидалар борки, унинг остига минглаб ҳукмлар киради. Шулардан:
— Ўзига ҳам ўзгага ҳам зарар бериш йўқ.
— Фойдали нарсаларнинг асл ҳукми рухсат, зарарли нарсаларники эса-таъқиқдир.
— Фасодларни тўсиш манфаатларни келтиришдан муқаддамдир.
— Ҳалол ва ҳаром аралашса, ҳаром ғолибдир.
— Гуноҳлар олдини тўсиш асосдир. Гуноҳларнинг кичик кўриниши унда шубҳанинг бўлишидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шубҳалардан сақланишга буюриб шундай дедилар: «Ҳалол ва ҳаром равшандир. Уларнинг ўртасида одамларнинг кўплари билмайдиган шубҳали нарсалар бордир. Шубҳалардан сақланган одам ўз дини ва номусини сақлабди. Шубҳаларга тушган одам, ҳаромга тушибди». (Муттафақун алайҳ)
Мусулмон дўстим, билингки, ҳалол-барча пок ва фойдали нарсадир. Ҳаром эса барча ифлос ва зарарли нарсадир.
Юқоридаги маълумотлардан сўнг, одам мутакаббирлик қилиб, биз баён қилган далил ва ҳужжатларни олмаса, ўз жонига Аллоҳдан қўрқсин, Аллоҳга тавба қилиш учун шошилсин. Зеро , Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи раҳмли зотдир.
Аллоҳ сизни ҳидоят қилсин, шуни ҳам билингки, сигарет пайдо бўлган илк кунларда унинг ҳақиқатини кўп одамлар билмас эдилар: у маст қиладими, бўшаштирадими, соғлиққа зарар берадими ёки йўқми! Шунинг учун ҳам, уламоларнинг сигарет ҳаром ёки макруҳ, ёки зарар берган кишилар учун ҳаром, зарар бермаган кишилар учун ҳаром эмас деб ихтилофга боришлари табиий эди. Агар у олимлар сигаретнинг бугунги кунда ўрганилган зарарларини билсалар эди, унинг ҳаром эканида ҳеч шубҳа қилмас эдилар. Чунки, улар Ислом динининг қоидалари ва асосларини жуда яхши билган эдилар.
Агар бирор киши сигаретнинг ҳаром эканини эътироф этмаса, ундан сўраймиз: «Агар сигарет ҳаром бўлмаса нега уни масжид ва бошқа муқаддас жойларда чекмайсиз? Балки, уни ҳаммом, хожатхона ва бошқа бемаъни ўйин-кулгилар бўладиган жойда чекасиз. Ёки биз мусулмонлар ўлароқ Аллоҳнинг пок неъматларини истеъмол қилишдан аввал ва кейин айтганимиздек, сигарет чекишдан аввал: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», чекиб бўлгандан кейин эса: «Алҳамду лиллаҳ» демайсиз?! Бундан ташқари, бирорта одам сизга сигарет тақдим қилса, бошқа ҳалол неъматларни тақдим этган пайтидаги каби нега Аллоҳга шукрлар айтмайсиз?!».
Эй кашанда, Аллоҳдан қўрқгин! Сен, баъзи одамлар сени сигарет чекишингни кўришларидан уяласан. Сенинг назарингда ким улуғроқ ва ҳурматлироқ: уларми ёки Аллоҳ таоломи?! Аллоҳдан уялмайсанми?! «Агар мўъмин бўлсангизлар Аллоҳ қўрқишингизга лойиқроқдир». (Тавба: 13)
Ва охириги савол: чекиш тарозининг яхшилик палласига қўйиладими ёки ёмонлик палласигами?
Эй кашанда, Аллоҳ ҳисоб-китоб қилишидан аввал ўзингни ҳисоб қил! Аллоҳдан чекишни ташлашда мадад сўра! Аллоҳ учун бир ишни тарк қилган одамга, Аллоҳ ёрдам бериб, унинг ўрнига яхшироқ бўлган бошқа бир нарсани эваз қилиб беради. Бас, Аллоҳдан ёрдам сўра, ҳаддингдан ошма! Чекишни ташлашда сабрли бўл! Чунки, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир. Сабр қилишни хоҳлаган кишиларга Аллоҳ сабр беради. Сен қуйидаги дуони кўп қил: «Илоҳим, бизларни чекиш балоси, жаҳаннам азоби, озорлар ва вайрон бўлишдан узоқ қил. Соғлигимиз ва жасадимизни бизлар учун сақла. Оғизларимиз ва қалбларимзни пок ҳамда фикр ва тушунчаларимизни тўғри қил. Бизларни гўзал бўлган хулқ ва одатларга ҳидоят қил. Бизларга иймонни, ширин бўлган ҳид ва амалларни севимли қил. Сен дуоларни эшитувчи ва қабул қилувчи зотсан».
Аллоҳ барча нарсаларни билувчидир.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, унинг оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин!
Абу Муҳаммад Ал Бухорий