Бизга боғланинг
Чин мусулмон бўлайлик
Саййид Абул Аъло
Ислом Нури нашрга тайёрлади
Мундарижа
- Билим, биринчи қадам
- Ислом ва куфр орасидаги фарқ
- Мусулмонларнинг Қуръонга муносабатлари
- Иймоннинг асл маъноси
- Калиманинг ғайриоддийлиги
- Нима сабабдан калимага ишониш керак?
- Қалбаки илоҳлар
- Бизлар ўзимизни мусулмон деб аташимиз мумкинми?
- Бизлар ҳақиқий мусулмонмизми?
- Нега Аллоҳга бўйсуниш керак?
- Дин ва Шариат орасидаги фарқ
- Ибодатнинг асл маъноси
Биринчи нашрга муқаддима.
1357 ҳижрий йили мен илк бор Панжобга, дорул-исломда яшашлик учун келганимда, тезда жумъа намозларини бошқариб, маҳаллий деҳқонларга Исломнинг асл моҳиятини тушунтира бошладим. Бу тўплам ўша вақтдаги мен ўтказган маърузалардан ташкил топгандир. Менинг эшитувчиларим оддий Панжоб деҳқонлари бўлиб, уларнинг она тили урду тили бўлмагани учун мен уларга уларнинг ўз она тилларида ва улар тушуна оладиган жуда содда сўзлар билан гапиришимга тўғри келди. Шундай қилиб, мана шу тўплам вужудга келди ва иншааллоҳ кўпчилик оммага Ислом динини таълим беришда ёрдам беради деб ўйлайман.
Бу китобда бир бутун мурожаатномам (9-маърузам) мен мақсад қилган ҳақиқий Исломни тушунтириб беради. Аслида 2 турдаги Ислом бўлиб, лекин кўпчилик бунинг фарқига бормайди. Биринчи турдаги Ислом, расмий бўлиб, у ҳақида фиқҳшунос ва файласуфлар бош қотирадилар. Бу расмий Ислом, тоинки мусулмонликнинг маълум бирон-бир шартлари бузилмас экан, ҳеч кимни Исломдан чиқариш ва у берган ҳуқуқлардан маҳрум қила олмаслигини кафолатлайди. Иккинчи турдаги Иймон эса, ҳаққоний ёки реал бўлиб, унга қараб инсон қиёмат куни савол-жавоб қилинади. Бу иккисини ажратиб, мен барча пайғамбарларнинг вазифаси биринчи турдаги мусулмонларни шакллантириш эмас, балки уларнинг вазифаси-комил ихлос, итоат, садоқат ва ҳусни-хулқга тўла иймонни таълим бериш бўлганлигини тушунтириб ўтдим. Мен мусулмонлардан, уларни фақатгина куфрдан ажратиб турувчи маълум бир чегара-доирадаги Ислом билан қаноатланмасликларини сўрардим. Балки уларга Аллоҳ наздида холис ва итоатли мўминларнинг даражасини кафолатловчи Исломни, ўзларида ва атрофда тараққий қилдиришлари зарурдир. Бу огоҳлантириш ва насиҳат, маслаҳат ва ёрдам китобидир. Унинг мақсади инсонларни Аллоҳнинг итоатига руҳлантириш, Унга осий бўлишдан қайтариш ва Аллоҳга нисбатан холис бўлишга чақирмоқдир. Ва бу, менинг мақсадимдир.
Бу китоб, Аллоҳнинг марҳамати билан ҳақиқий Исломга бошловчи етарли даражада машъала бўлиб қолади деб умид қиламан.
16-август 1952 йил
Саййид Абуль Аъло
1-қисм. Иймон
1. Билим, биринчи қадам
Аллоҳнинг энг улкан неъмати
Диндош биродарлар! Биз, барча мусулмонлар биламизки, Ислом дини Аллоҳ тарафидан бизларга бу дунёда берилган улкан ва муқаддас неъматдир. У бизларни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига қўшганлиги ва бизларни, бу Ислом неъмати билан сийлаганидан, қалбларимиз миннатдорчилик ва ташаккурга тўлиб кетмоқдадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи, бу Исломни, бандаларга берилган қанчалик улкан, бебаҳо неъмати эканлигини тасвирлайди:
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб
бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим».
(Моида-3)
Ўз навбатида сизлар, Унинг бу улкан марҳаматига миннатдорчилик билдириш учун,
бу неъматга мувофиқ равишда, ташаккур айтмоғингиз лозим. Агар сиз буни
қилмасангиз, у ҳолда сиз ношукур одам бўласиз. Аллоҳга шукр қилмасликдан кўра
ҳам каттароқ кўрнамаклик бўладими?!
Сизлар, бу миннатдорчиликни қандай адо қилса бўлади деб, сўрашингиз
мумкин.
Модомики Аллоҳ сизларни Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
умматига қўшиб, сизларга шунчалик катта илтифот кўрсатган экан ва бунга
миннатдорчилик билдиришнинг энг тўғри йўли ва бундан бошқа йўл йўқ, у ҳам бўлса,
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳаққоний эргашишдир. Ва Аллоҳ сизларни
мусулмон умматининг бир қисми қилган экан, ўзингизни ҳақиқий мусулмон қилишингиз
зарур бўлади. Агар сиз ундай бўлмасангиз, у ҳолда сизнинг бу
кўрнамаклигингизнинг жазоси, берилган неъматнинг қанчалик улканлигига қараб оғир
бўлади. Аллоҳ бундай жазодан Ўзи асрасин! Амин!!!
Энди сизлар: «Бизлар қандай қилиб, ҳақиқий мусулмон бўла оламиз?» деб,
сўрашингиз мумкин. Бу саволга мен муфассал равишда кейинги мавъизаларимда жавоб
бераман. Бугун эса мен, жуда ҳам муҳим, зарур масалага тўхталиб ўтмоқчиман ва
бунга жавоб топмасдан туриб, бизлар ҳақиқий иймонни топишни умид қилмасак ҳам
бўлади. Бу эса сизларнинг ҳақиқий мусулмонликка бўлган биринчи қадамингиз
бўлади.
Ислом туғилиш билан бериладими?
Аввал биз, мана бу ҳақда ўйлаб кўрайлик, яъни бизлар кўп ишлатадиган
«мусулмон» сўзи нимани англатади? Инсон туғилиши билан, ҳақиқий мусулмон бўла
оладими? Инсон шунчаки бир мусулмоннинг ўғли ёки набираси бўлганлиги учун
мусулмон бўладими? Ёки худди англичаннинг ўғли англичан, ҳинд брахманнинг ўғли
брахман, оқ танлининг ўғли оқ, қора танлининг фарзанди қора бўлиб туғилгани каби
мусулмон ҳам чин мусулмон бўлиб туғиладими? Мусулмонлик ирқми, миллатми ёки
табақами? Манголлар манголоид ирқига мансублиги каби, мусулмонлар ҳам мусулмон
умматига мансубми? Ёки япон Японияда туғулгани сабабли япон бўлгани каби,
мусулмон киши ҳам мусулмон юртида туғилгани учун мусулмон бўладими?
Ўз-ўзидан маълумки, сизлар «йўқ» деб, жавоб берасиз. Мусулмон ҳеч вақт
бирон-бир ирқга мансублиги жиҳатидан чин мусулмон бўлмайди. У, Исломга амал
қилиши билан мусулмон бўлади. Агар у, Исломни инкор қилса, у ҳолда
мусулмонликдан чиқади. Ҳар бир одам, брахман ё ражпур, инглиз ёки япон, оқ ёки
қора, Исломни қабул қилиб мусулмон жамоасининг тенг ҳуқуқлик аъзоси бўлади. Шу
билан бир қаторда, мусулмон оиласида туғилган киши Исломга амал қилишдан бош
тортса, бу жамоадан, ҳаттоки у араб ёки Пайғамбарнинг авлоди бўлса ҳам,
ҳайдалиши мумкин.
Шубҳасизки, сизнинг жавобингиз ҳам, худди шундай бўлса керак. Бундан келиб
чиқадики, Аллоҳ тарафидан сизларга берилган мусулмонлик, сизларнинг ахлоқ-одоб
ва феъл-атворингиз қандай бўлишидан қатъий назар, ота-онангиз тарафидан
автоматик равишда сизларга мерос бўлиб қоладиган нарса эмас. Бу неъматни
ўзингизда сақлаб қолиш учун унга муносиб бўлмоғингиз зарур. Агар сиз унга
беэътибор бўлсангиз, у ҳолда, агар Аллоҳ хоҳласа, уни сиздан тортиб олиниши
мумкин.
Фақат оғзаки иқрор бўлиш эмас
Бизлар, Исломни қабул қилибгина мусулмон бўламиз. Лекин бу «Исломни қабул
қилиш, нима дегани?» Ҳар бир, оғзаки равишда «Мен мусулмонман» ёки «Мен Исломни
қабул қилдим» деган кимса, ҳақиқий мусулмон бўлади деганими? Ёки брахман дини
ибодатчиси, ўзининг «санскрит» китобидан, маъносини билмай бир неча сўзларни
қайтаргани каби, бошқа бир киши баъзи араб калималарини такрорлаши билан,
мусулмон бўлиб қоладими? Бу саволларга жавоб нима? Жавоб битта-Исломни қабул
қилиш, бу, ҳар бир мусулмон ақл ва идрок билан пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу
алайҳи ва саллам ўргатган нарсаларни тушунмоғи ва бунга мувофиқ яшамоғи
деганидир. Бунга зид иш қилувчилар, ҳақиқий мусулмон эмаслар.
Билимсиз Ислом бўлмас
Шундай қилиб, Ислом билим ва бу билимни ҳаётга татбиқ қилишдан иборат экан.
Инсон оқ танли бўлиб, умрининг охиригача шундай қолади. Худди шундай, инглиз ҳам
умрининг охиригача инглиз бўлиб қолади, лекин бундан унинг билими ортмайди. Ҳеч
бир инсон Исломнинг асл моҳиятини билмай туриб ҳақиқий мусулмон бўла олмайди,
чунки у туғилиш билан эмас, балки билим орқали мусулмон бўлади. Тоинки, сизлар
пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асосий ва муҳим бўлган
таълимотларини ўрганмасдан туриб, қандай қилиб унга ишонасиз. Ва бу билимсиз
қандай қилиб сизлар ҳақиқий мусулмон бўласиз?
Ўз-ўзидан маълумки, саводсиз-жоҳил бўлиб, шу билан бир қаторда ҳақиқий
мусулмон бўлиш мумкин эмас. Мусулмон оиласида туғилиб, Исломий исмлар билан
номланиш, мусулмонча кийиниш ва ўзини мусулмон деб номлашлик, ҳақиқий мусулмон
бўлишга етарли эмасдир. Ҳақиқий мусулмонлар Ислом нимага курашишини биладилар ва
бу курашни ақлан ҳақ деб, эътироф этадилар.
Кофир ва мусулмон ўртасидаги ҳақиқий фарқ исмда эмас, яъни Смит, Рам, Джон ва
Абдуллоҳ каби. Ким кофиру, ким мусулмон эканлигини исм аниқлаб бермайди. Галстук
билан тоқия дўпписи ҳам, улар орасидаги ҳақиқий фарқни кўрсатмайди. Бу фарқ
билимдадир. Кофир Аллоҳни инкор қилади. Модомики, у Илоҳий дастурни билмас экан,
тўғри турмуш тарзини ҳам билмайди. Агар мусулмон Илоҳий дастурга беэътибор
улғайса, у ҳолда, нимага асосланиб биз уни кофир эмас, мусулмон деб
чақирамиз.
Нодонликнинг хатарлари
Биродарлар! Менинг сўзларимни диққат билан эшитинг. Бир нарсани яхши тушуниб
олинглар, яъни сизларни миннатдорчиликка тўлдириб юбораётан Аллоҳнинг улкан
неъматини сақлаб қолиш ва ундан жудо бўлиш биринчи навбатда, билимга боғлиқдир.
Билимсиз сизлар Аллоҳнинг Ислом неъматига эга бўла олмайсиз. Агар сизнинг
илмингиз кам бўлса, худди шунга яраша, бир бутун нарсанинг озгина қисмига эга
буласиз. Лекин сиз доимо ўзингизнинг бу нодонлигингиз билан курашмасангиз, у
ҳолда мана шу неъматнинг озгина қисмини ҳам йўқотиб қўйишингиз мумкин.
Ислом билан куфр, тавҳид билан ширкнинг фарқини тушунмаган одам, зулмат ичида
бир сўқмоқ бўйлаб кетаётган киши кабидир. У йўлдан четга чиқиб кетиши ёки бошқа
сўқмоққа тушиб қолиши мумкин. Ёки «Сен қоронғуда адашдинг. Юр, мен сенга йулни
кўрсатаман» деб, пичирлаётган шайтоннинг гапига алданади. Бечора, ўз кўзи билан
тўғри йўлни кўрмай, шайтонга эргашиб, тўғри йўлдан адашади. У бундай
хавфу-хатарларга, нурли чироғи бўлмагани учун дуч келади ва йўлдаги белгиларни
кўра олмайди. Агар унинг нурли чироғи бўлганида эди, йўлдан адашмасди ва ўзини
адаштиришга йўл қўймасди.
Бу мисолдан кўриниб турибдики, сизларга таҳдид солаётган энг катта хавф, бу,
Ислом таълимотини, яъни Қуръон ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам
рисолатларини билмаслигингиздир. Аммо агар сизлар илм нури билан марҳаматланган
бўлсангиз, у ҳолда, ҳаётингизнинг турли бурилишларида осонлик билан Ислом
кўрсатган йўлни топиб оласиз. Худди шу тарзда куфр, ширк ва ахлоқсизлик
сўқмоқларини кўриб, улардан четлана оласиз. Қачонки сизга сохта йўлбошчи дуч
келса, сизлар бир икки калимадан кейин, унинг ким эканлигини билиб оласиз.
Илм олинглар!
Биродарлар! Мен яна бир бор таъкидлаб ўтаманки, сизларнинг ва
фарзандларингизнинг ҳақиқий мусулмон бўлиш ёки бўлмаслигингиз билимга боғлиқдир.
Шунинг учун, бу эсдан чиқариб юбориладиган бекорчи нарса эмас. Сизлар турмуш
шароитингизни яхшилаш учун, ўз ерингизни ҳайдаб шудгор қилиб, ўз ҳосилингизни
муҳофаза қилишни, чорва молларингизга ем-хашак тайёрлашни эсдан чиқармайсиз.
Чунки, сиз буни эсдан чиқарсангиз, у ҳолда, очликдан ўлишингиз мумкин. Нега
энди, сизларни мусулмон бўлиш ёки бўлмаслигингизни сизларга кафолатловчи
билимларни ўрганишка эътибор бермаяпсизлар? Ахир бу эътиборсизлик, сизларга жуда
ҳам қадрли бўлган иймон неъматингизни йўқотишингизга хавф солмайдими? Ахир
иймон, ҳаётдан кўра қадрли эмасми? Сизлар вақт ва кучингизнинг аксар қисмини ўз
жисмоний ҳаётингизни сақлаб туриш учун сарф қиласиз. Лекин нима сабабдан,
сизларнинг дунё ва охиратингизни қандай бўлишини белгилаб берувчи иймонингизни
муҳофаза қилувчи билимларни эгаллаш учун, ўз ҳаётингиз ва қувватингизнинг ўндан
бир қисмини сарф қилмайсиз?!
Мен сизлардан катта фақиҳ-уламо бўлишни, катта китобларни ўқишни ва
ҳаётингизнинг кўп қисмини илм талабида ўтказишни талаб қилмайман. Ҳақиқий
мусулмон бўлиш учун, унчалик кенг миқёсда шуғулланмаса ҳам бўлади. Мен сизлардан
ҳар бирингиздан, бир кеча-кундузда бир соат вақтингизни диний илмларни ва ҳаёт
йўлингиз бўлган Исломни ўрганишка сарф қилишингизни сўрайман.
Сизларни ҳар бирингиз, ёшу-қари, эркак ва аёл, Қуръон таълимотини ва бу
таълимотнинг асл моҳиятини тушунтириб берадиган фарзи айн даражасидаги илмни
эгаллашингиз зарур. Ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келган
рисолатни очиқ ойдин тушунишингиз керак. Шу билан бир қаторда, У зот йўқ қилиши
буюрилган турмуш тарзини, яъни куфрни ажрата билишингиз лозим. Аллоҳ таоло
мусулмонларга буюрган турмуш тарзи билан яқиндан танишмоғингиз керак.
Бу оддий билимларни ўрганиш учун жуда кўп вақт талаб қилинмайди. Агар сизлар
иймоннинг қадрини билсангиз, у ҳолда, бунга бир соат вақт топиш, сиз учун қийин
бўлмайди.
2. Ислом ва куфр орасидаги фарқ
Мусулмон ёки кофирми?
Диндош биродарлар! Ҳар бир мусулмон, худди сиз каби, мусулмонлар кофирлардан
фарқ қилишига ишонади. Яъни Аллоҳ мусулмонларни яхши кўради ва кофирларни ёмон
кўради. Мусулмонлар Аллоҳнинг мағфиратига эришадилар, кофирлар эса йўқ, ва
мусулмонлар жаннатга кирса, кофирлар эса дўзахга тушади. Мен сизлардан, бу
мусулмон ва кофирлар бир-биридан нимаси билан фарқ қилиши ҳақида ўйлаб
кўришингизни сўрардим.
Кофирлар ҳам худди сизлар каби Одам Ато ва Момо Ҳавволарнинг зурриётларидир.
Улар ҳам худди шу ҳаводан нафас олишади, шу сувдан ичишади ва худди шу ер юзида
яшайдилар. Уларни ҳам худди сизлар каби Аллоҳ яратган. Нега энди уларни пастга
ва сизларни юқорига қўйиш керак? Нега сизлар жаннатгаю, улар эса дўзахга
тушишлари керак?
Яхшилаб ўйлаб кўринглар. Инсонлар орасидаги бундай катта фарқ баъзи бир
нарсаларга қараб белгиланмайди, яъни сизнинг исмингиз Абдуллоҳ ё Абдурраҳмон
бўлсаю, уларники эса Картар Сингх, Смит ёки Робертсон, ёки сизлар хатна
қилингансиз, улар эса йўқ, ёки улар чўчқа гўштини ейдилару, сизлар эса йўқ.
Барча инсонларни яратган Раззоқ Аллоҳ, бундай адолатсиз эмаски (Аллоҳ Ўзи
кечирсин), кимни жаннатга ва кимни дўзахга ташлашликни мана шу каби арзимас
нарсаларга қараб ҳал қилса.
Ундай бўлса, мусулмонлар ва кофирлар орасидаги ҳақиқий фарқ нимада?! Жавоб
оддий, у Ислом ва куфрнинг асл табиатидадир. Исломнинг моҳияти Аллоҳга итоат,
Куфрнинг моҳияти эса Аллоҳни инкор қилиш ва Унга осий бўлишдир. Мусулмонлар
билан кофирлар бир-бирига ўхшаш Аллоҳнинг бандаларидир. Аммо уларнинг бири
Аллоҳни ўзининг Хожаси деб, Унинг буйруқларига итоат қилиб ва итоатсизликнинг
ёмон оқибатларидан қўрқиб, руҳи билан юксалса, бошқаси эса Уни тан олмай, Унинг
буйруқларини инкор қилиб, ўзини бадбахт қилади. Мана шу сабабдан, Аллоҳ
мусулмонлардан рози ва иймонсизлардан норозидир. Мана шу сабабдан, Аллоҳ таоло
Мусулмонларга жаннатдаги мукофотларни ваъда қилиб, кофирларни эса дўзах билан
огоҳлантиради.
Билим ва амаллар
Шундай қилиб, мусулмон ва кофирларни билим ва амаллар ажратиб туради. Яъни
сизлар аввал сизнинг Хожангиз Ким, Унинг буйруқлари нимадан иборат, қайси ишлар
Уни хурсанд қиладию, қайсилари йўқ билишингиз керак. Қачон бу нарсалар маълум
бўлгач, кейинги қадам, ўзингизни Аллоҳнинг ҳақиқий қули ва унга ҳақиқий бандалик
қилиб юқоридагиларга амал қилишингиз керак бўлади. Бунга, ўз ҳою-ҳавасларингизни
Унинг хоҳиш-истакларига бўйсиндиришингиз билан эришасиз.
Агар сиз бир ишни қилмоқчи бўлсангизу, лекин Хожангиз бунинг аксини буюрган
бўлса, у ҳолда сиз буйруқни бажаришингиз керак. Агар бир нарса сизга яхши бўлиб
туюлсаю, аммо Ҳожангиз буни ёмон деса, сиз Унинг сўзини қабул қилишингиз зарур.
Ёки бошқа-бир нарса сизларга ёмон бўлиб кўринсаю, лекин Хожангиз буни яхши деса,
бу ҳолда ҳам сиз уни қабул қилишингиз керак. Агар сиз бирон-бир ишни зарарли деб
ҳисобласангизу, лекин Хожангиз бу ишни қилиш керак деса, бу ишни нима бўлганда
ҳам, ҳатто молу-жонингизни хавф остига қўйиб бўлса ҳам қилишингиз шарт. Худди
шунга ўхшаб, сизлар ўзингизга бирон-бир фойда келтирмоқчи бўлсангизу, лекин
Хожангиз буни ман қилса, у ҳолда, агар бу иш сизларга бутун дунё бойликларини
келтирса ҳам, ундан тийилишингиз керак бўлади.
Мана шу билим ва амаллар, мусулмонларни, Аллоҳнинг ҳақиқий бандалари
даражасига олиб чиқади. Ва бундай бандаларни, У Ўз раҳматига олади ва уларга
обрў-эътибор ва азизликни беради. Бунинг акси ўлароқ, кофирлар бу илмлардан
бебаҳра бўлганлари сабабли Аллоҳга осий бўладилар ва Унинг марҳаматига дохил
бўлмайдилар.
Ана энди, инсоф билан менга айтингчи; агар сизлар ўзингизни мусулмон
десангиз-у, лекин ҳақиқатда эса, худди кофирлар каби жоҳил ва итоатсиз
бўлсангиз, у ҳолда, сизлар улардан фақат исмларингиз, кийим ва таомларингиз яхши
бўлганлиги сабабли устун бўлишингиз керакми?! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Сизларни
дунё ва охиратда мана шу нарсаларга асосланиб марҳаматига оладими? Ислом дини бу
ирқ ёки оила каби автоматик равишда отадан фарзандга ўтадиган нарса эмас. Қабиҳ
амаллар қилиб юрувчи юқори табақадаги уламонинг ўғли, Роб таолонинг ҳузурида ҳеч
қандай эътиборга лойиқ бўлмайди, ҳаттоки у исломий оилада туғилган бўлса ҳам.
Худди шу каби, Аллоҳ таоло солиҳ амаллар қилувчи энг қуйи табақадаги оиланинг
фарзандини камситиб қўймайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Очиқ ойдин хабар беради:
«Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз
тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билувчи ва огоҳдир.» (Ҳужурот-13)
Бундан кўриниб турибдики, сизлар қанчалик Аллоҳни яхши таниб, Унинг
буйруқларига итоат қилсангиз, шунчалик Унинг наздида обрў-эътиборга эга бўласиз.
Иброҳим алайҳиссалом бутпарастнинг уйида туғилдилар, лекин У киши Аллоҳни таниб,
Унга бўйсундилар. Шу сабабдан Парвардигор У кишини бутун инсониятнинг имоми
қилиб тайинлади. Нуҳ алайаҳиссаломнинг ўғли пайғамбар хонадонида туғилди. Аммо у
Аллоҳни тан олмади ва Унга бўйсунмади. Аллоҳ барча инсониятга дарс, ўгит
бўлишлиги учун, пайғамбарнинг ўғли бўлишига қарамай, уни қаттиқ жазолади.
Шунинг учун яхшилаб тушуниб олингларки, Аллоҳнинг наздида инсонлар орасидаги
фарқ, фақат илм ва амаллар билан ўлчанади. Худди бу дунёдаги каби, охиратдаги
Аллоҳнинг марҳаматига, фақат Уни тан олган, У кўрсатган йўлни танлаган ва Унинг
буйруқларини бажарган кишилар мушарраф бўладилар. Буни қилмаганлар, уларнинг
отлари нима бўлишидан қатъий назар, Абдуллоҳми, Смит, Картар Сингх ёки
Робертсонми, фарқи йўқ. Улар Аллоҳнинг марҳаматига лойиқ эмаслар.
Нима сабабдан мусулмонлар бугун хор аҳволда
Биродарлар! Сизлар ўзингизни мусулмон дейсизлар ва Аллоҳ сизларга меҳрибон ва
марҳаматли деб, ишонасизлар. Лекин кўзингизни очиб, назар ташланглар, ҳақиқатда
ҳам, Аллоҳнинг бу марҳамати-илтифоти сизларга берилганми? Сизлар то жисмонан
ўлмай туриб, барзаҳ (қабр) ҳаётида қандай ҳолатда бўлишингизни билмайсиз. Лекин
ҳозир Ер юзида ҳеч бир қийинчиликсиз ён-атрофга қараб, қандай аҳволда кун
кечираётганингизни кўришингиз мумкин. Дунёда сонингиз юзлаб миллион бўлиб, ҳар
бирингиз биттадан тош ташласангиз тоғ пайдо бўлади. Лекин мусулмонларнинг ва
мусулмон ҳукуматларининг кўплигига қарамай, ҳозирги кунда дунё, Аллоҳга қарши
бош кўтарганларнинг қўлидадир. Сизлар уларнинг қўлларида худди қўғирчоқдай,
сизларни хоҳлаган кўйга солишяпти. Фақат Аллоҳгагина таъзим қилишга буюрилган
бошларингиз, ўзингизга ўхшаш инсонларга эгиляпти. Бирон-бир кимса, тегишга
журъат қилмаган обрўйингиз, бугунги кунда балчиқда топталяпти. Доим юқорида
турадиган қўлларингиз бугунга келиб, душманларингиз юзи олдида тиланяпти.
Нодонлик, қарамлик, очлик ва қарзлар сизларни дунё бўйлаб хор аҳволга туширди.
Ахир бу Аллоҳнинг марҳаматими? Ундай бўлмай, аксинча ғазаб аломати бўлса, у
ҳолда, Аллоҳ мусулмонларга ғазаб қилиши ажабланарли эмасми?! Сизлар
мусулмонсизлар, аммо хорликда яшаяпсизлар! Сизлар мусулмонсизлар, аммо қулликда
эзиляпсизлар! Худди оқ танли қора бўлмагани каби, аҳвол ғайриоддийдир. Агар
мусулмонлар Аллоҳга суюкли бўлсалар, у ҳолда, У қандай қилиб уларни бу хорликка
ташлаб қўйди? Ахир сизнинг Роббингиз шу даражада адолатсизми-ки (Аллоҳнинг Ўзи
кечирсин!), сизлар Унга У талаб қилганидек итоат қилиб, ибодат қилсангизу, У
эса, осий бандалари сизларга ҳукмронлик қилиб, сизларни жазолашига йўл қўйиб
берса?
Лекин сизлар Унинг адолатига ва Унга итоат ҳеч вақт хорлик-зиллатга олиб
келмаслигига ишонсангиз, у ҳолда, сизнинг мусулмончилигингизда камчилик, нуқсон
борлигини тан олишингиз керак. Туғилганлик гувоҳномаси бўйича сизлар мусулмон
бўлишингиз мумкин, лекин Аллоҳ бундай арзимас қоғозчага қарамайди. Парвардигор
итоатли ва осий бандаларига, ўзининг хусусий рўйҳатини олиб боради ва сизлар бу
рўйҳатдаги ўзингизнинг қайси ўринда эканлигингизга эътибор беришингиз
керак.
Аллоҳ сизларга Ўз китобини, уни ўқиб Роббингизни таниб, уни ҳаётингизга
татбиқ қилишингиз учун нозил қилди. Сизлар бу китобда нима дейилганини билиш
учун ҳаракат қилдингизми?! Аллоҳ Ўз пайғамбарини сизларга ҳақиқий мусулмонликни
таълим бериш учун юборди. Сизлар Пайғамбарнинг бу таълимотини ўрганишга ҳаракат
қилдингизми?! Аллоҳ сизларга, инсон бу дунёда ўзини қандай тутиши кераклигини
очиқ-ойдин тушунтириб қўйди. Сизлар бу аҳлоқ-одоб нормаларига риоя қиласизми?!
Бу саволларга нима деб жавоб берасиз? Агар сизлар бу билимларни на Аллоҳнинг
китобидан, ва на Пайғамбарнинг ҳаётидан қидирмай, У киши кўрсатган йўлдан
юрмаган бўлсангиз, у ҳолда қандай қилиб ўзингизни мусулмон деб, Унинг раҳматига
умидвор бўласиз. Бизлар ҳозир қандай мусулмон бўлсак, шунга яраша мукофот
олаяпмиз. Ва охиратда ҳам, худди шу асосда мукофотланамиз.
Мусулмон ва кофирлар орасидаги ягона фарқ, билим ва амалдадир. Ўзларини
мусулмон деб, лекин ўзини худди кофирлар каби тутувчи инсонлар ғирт
ёлғончи-каззобдирлар. Кофирлар Қуръонни ўқимайдилар ва унда нима дейилганини
билмайдилар. Агар ўзларини мусулмон деб ҳисобловчи-номигагина мусулмонлар худди
кофирлар каби жоҳил-нодон бўлсалар, унда нимага асосланиб, уларни мусулмон деб
аташ керак? Кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимотларини ва
У зот кўрсатган йўлни билмайдилар. Агар мусулмонлар ҳам улардек нодон бўлсалар,
қандай қилиб мусулмонликни даъво қиладилар? Кофирлар Аллоҳнинг буйруқларига
бўйсунмай, балки ўз ҳавои-нафсларига эргашадилар. Агар мусулмонлар ҳам худди
шундай беахлоқ, ўзбошимча бўлиб, фақат ўзларининг фикрларини мақуллайдиган,
шаҳватпараст, Аллоҳга беэътибор бўлсалар, нимага асосланиб ўзларини мусулмон деб
атайдилар?! Кофирлар ҳалол-ҳаромни ажратмайдилар ва ундан хоҳлаганча
фойдаланадилар. Агар мусулмонлар ўзларини мусулмондек тутмасалар, у ҳолда улар
билан кофирлар орасида нима фарқ бор?!
Келинглар бундан ҳам ойдинлаштирайлик. Агар мусулмонлар худди кофирлар каби
Исломга беэътибор, ғофил бўлиб, кофирлар қилган ишларни қилсалар, нега энди
уларни кофирлардан устун қўйишимиз керак ва нега уларнинг охиратдаги тақдири
яхши бўлиши керак. Бу ҳақда барчамиз жиддий ўйлаб кўришимиз керак.
Азиз биродарлар! Сизлар мени, мусулмонларни кофирлардек тамғаламоқчи деб
ўйлаб қолманг. Менинг мақсадим бу эмас. Мен ўзимдан сўрайман ва сизлар ҳам
ўзингизга шу саволни беришингизни хоҳлардим: Нега бизлар Аллоҳнинг марҳаматидан
бебаҳрамиз? Нима сабабдан бизлар ҳар тарафдан хужум, ҳамлаларга дуч келяпмиз?
Нега бизлар фирқаланиб бир-биримизнинг қонимизни тўкаяпмиз? Нима сабабдан,
кофирлар бизларга хукмронлик қиляптилар? Ва нима сабабдан бизлар, Аллоҳнинг
итоатли бандалари Ер юзининг кўплаб бурчакларида хорликда кун кечиряпмиз?
Мен бу ҳақда қанчалик кўп ўйласам, менга шунчалик кўп аён бўлдики, хозир
бизлар ва кофирлар ўртасидаги қолган «деярли, ягона фарқ», фақат исмда қолган
экан. Чунки биз ҳам, Аллоҳни писанд қилмаймиз, Ундан қўрқмаймиз ва Унга қулоқ
солмаймиз, улар ҳам.
Мен, «деярли ягона фарқ» дедим, чунки, ҳақиқатда ҳам фарқ бор. Бизлар Қуръони
Каримни Аллоҳнинг китоби эканлигини биламиз, кофирлар эса йўқ, лекин бизлар ҳам
у билан худди кофирлардек муомала қиламиз. Бу эса бизларни бунданда бадтар
жазога лойиқ қиляпти. Бизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг
пайғамбари деб биламиз, лекин худди кофирлардек У кишига эргашишдан бош
тортамиз. Аллоҳ ёлғончи-каззобларни лаънатлашини, ҳар бир пора берувчи ва
олувчиларга дўзах ваъда қилганини, судхўрликни катта гуноҳ деб ҳукм қилганини,
ғийбатни-худди ўлик одам гўштини ейишга тенглаштириб, уни лаънатлаганини ва
бузуқ ахлоқ, беҳаёлик ва иғвогарлик қаттиқ жазоланишини биламиз. Лекин бу барча
билимларга қарамай, гўё Парвардигорнинг ғазабига қолишдан чўчимай, бу гуноҳлар
билан бепарволик ила лаззатланяпмиз. Мана шу сабабдан ҳам, бизлар
тақдирланмаяпмиз ва бизлар илтифотга лойиқ эмасмиз. Бизлар фақат ташқи
кўринишдан мусулмонмиз, холос. Аллоҳнинг илоҳий рисолатини қабул қилмаган
кимсаларнинг бизларга ҳукмронлик қилиб ва бизларни ҳар бир нарса учун хорлаши
шуни кўрсатадики, бизлар бу мусибатларга Аллоҳнинг буюк неъмати бўлган Исломни
ҳақиқий қабул қилмаганимиз сабаблидир.
Азиз биродарлар! Бугун мен гапирган нарсаларни танбеҳ-айблов деб қабул
қилманглар. Мен сизларни муҳокама қилиш учун келганим йўқ. Менинг мақсадим фақат
ва фақат сизлар йўқотган улкан бойликни қайтариб олиш учун, сизларда хоҳиш
истакни уйғотиш эди, холос. Бу хоҳиш-истак қачонки, инсон йўқотган нарсасининг
қанчалик бебаҳо эканлигини тўлиқ тушуниб етгандагина пайдо бўлади. Мен аччиқ ва
аламли сўзларни фақат сизларни бу ғафлатдан уйғотиш ва озгина бўлса ҳам
фикрлашингиз учун гапирдим, холос.
Билимга ташналик
Мен айтиб ўтганимдек, ҳақиқий мусулмон бўлиш учун, энг аввал Ислом дини
таълимотини билиш керак. Ҳар бир мусулмон Қуръон таълимотини, Пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатларини, Исломнинг моҳиятини ва Ислом билан
куфрнинг фарқини билиши керак. Бу билимларсиз ҳеч ким мусулмон бўла олмайди.
Лекин ачинарли нарса шуки, сизлар бу билимларни ўзлаштиришни хоҳламаяпсизлар.
Бу, сизларни қанчалик улкан неъматдан бебаҳра эканлигингизни билдиради.
Биродарлар! Она фарзандига, тоинки, у йиғлаб, сут талаб қилмагунича сутни
бермайди. Инсон ташна қолсагина сувни қидиради ва Аллоҳ уни керакли жойга олиб
келади. Агар сизлар ўз ташналигингизни сезмасангиз, у ҳолда сизлар учун оғзигача
сув билан тўла қудуқ ҳам эътиборсиз бўлади. Сизлар аввал, Исломни билмаслик
билан нимадан маҳрум бўлаётганингизни тушунишингиз керак. Аллоҳнинг китоби сиз
билан, лекин сизлар унда нима ёзилганини билмайсизлар. Сизлар ҳатто, уни айтиб
Исломга кирадиган «Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-росулуллоҳ» калимасининг
маъносини билмайсизлар ва бу калимани қайтариш билан сизларга қандай маъсулият
юкланишини ҳис қилмайсизлар. Мусулмонлар учун бундан ҳам катта мусибат, йўқотиш
борми?
Сизлар, ёнғин ҳосилга қандай зиён етказишини биласиз. Сизлар ўз-ўзини тўйғаза
олмаслик қанчалик азоб-уқубатларга олиб келишини биласиз ва мол-дунёни
йўқотишнинг қанчалик оғир эканлигини биласиз. Лекин сизлар Исломни билмаслик
қанчалик катта мусибат эканини билмайсизлар. Қачон сизлар бу маҳрумликнинг
моҳиятини тушуниб етсангиз, ана шунда ўзингиз келасиз ва бу камчиликни
тўлдиришни талаб қиласиз. Ана шунда, инша Аллоҳ бу улкан неъматни мукаммал қилиш
учун сизнинг ихтиёрингизда ҳамма шарту шароитлар муҳайё бўлади.
3. Мусулмонларнинг Қуръонга муносабатлари
Диндош биродарлар! Ҳозирги кунда фақат мусулмонларгина, ўзининг аввалги
ҳолатида, ҳеч бир ўзгаришсиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил
бўлган ҳолатида сақланиб қолган Аллоҳнинг каломига эгадирлар. Лекин шуниси
ажабланарлики, худди шу мусулмонлар бу- Аллоҳнинг каломидан келадиган фойдаю
марҳаматлардан бебаҳра қолмоқдалар. Қуръон уларга ўқиб, тушуниб ва унга мувофиқ
ҳаёт кечириш учун ва шу билан бир қаторда, унинг ёрдамида Ер юзида Илоҳий
ҳукмларни ўрнатиш учун юборилгандир. Қуръон уларга обрў-эътибор ва куч-қувват
бағишлаш учун келгандир. У, уларни Ерда Аллоҳнинг ҳақиқий халифалари қилиш учун
нозил қилинди. Улар бу Қуръонга амал қилган пайтларида, у уларни бутун дунёга
ҳоким қилганига тарих гувоҳлик беради.
Ҳурматсизлик ва нотўғри фойдаланиш
Лекин ҳозирги кунда кўпчилик мусулмонлар Қуръонни у билан жину шайтонларни
ҳайдаш учун уйларда сақлайдилар, унинг сураларини туморга ёзиб, осиб олиш учун,
ёки, уни қоғозга ёзиб сувда эритиб ичиш учун, ёки унинг маъносини билмай ўқиб,
бундан маълум бир ҳақ олиш учун фойдаланадилар. Улар ундан ўз ҳаётларига
раҳбарлик қилувчи манбани изламаяптилар. Улар ундан иймон, ахлоқ-одоб ва муомала
саволларига жавоб қидирмаяптилар, ёки бундан бошқа, қандай ҳаёт кечириш, дўсту
душманлар билан қандай тамойилларга амал қилиш кераклигини ва ўз биродарлари ва
ўзлари қандай ҳуқуқларга эга эканликлари ҳақида билиш учун унга мурожат
қилмаяптилар. Улар ундан нима ҳақ ва нима ботил, кимга итоат қилиш керак ва
кимга йўқ, ким дўсту, ким душман, обрў-эътибор, фаровонлик ва шон-шарафни
қаердан қидириш керак ва қандай қилиб, хато, ноинсофлик ва балолардан ўзини
сақлашлик ҳақидаги саволларга жавоб қидирмай қўйдилар.
Биз мусулмонлар, бу саволларга жавобни Қуръони Каримдан излаб топишга
беэътибор бўлиб қолдик. Бунинг ўрнига бу ҳақда кофир ва мушриклардан, адашган ва
жоҳиллардан ва гоҳида ўзимизнинг ҳавою нафсимиздан сўраб, уларнинг
маслаҳатларига эргашаяпмиз. Шу сабабли, Аллоҳни инкор қилувчи ва бошқаларга
итоат қилувчилар билан содир бўлган балолар бизларнинг бошимизга тушди. Биз дунё
бўйлаб-Фаластин, Ўрта Шарқ, Покистон, Индонезия ва бошқа кўп жойларда, нима
эккан бўлсак шунинг ҳосилини ўраяпмиз.
Қуръон бутун яхшиликлар манбаидир. Сизлар ундан нимани ва қанча талаб
қилсангиз, у сизларга беради. Агар сизлар ундан жину шайтонларни ҳайдаш, тумов
ва ҳароратни кетказиш, суд жараёнида ва иш топишда ёрдам сўраш каби паст,
арзимас ва ғайриоддий нарсаларни сўрасангиз, сизлар уларни олишингиз мумкин ва
фақат уларни. Лекин агар сизлар бутун дунёга ҳукмронликни ва дунёни бошқариш
учун зарур бўлгар куч-қувватни изласангиз, у ҳолда сизлар бунга етишингиз
мумкин. Агар сиз Аллоҳнинг аршига етишни сўрасангиз, Қуръон сизларни унга
етказади. Лекин агар сизларга океандан озгина томчилардан бошқа нарса тегмаса,
Қуръонни маломат қилмай, айбни ўзингиздан қидиринг. Билимдон одам, бутун океанга
эга бўлиши мумкин.
Ғалати қарама-қаршиликлар
Ачинарли ва кулгили ҳолат шундаки, биз мусулмонлар Аллоҳнинг китоби билан
шунчалик ахмоқона муомала қиляпмизки, агар бу ҳолатни бошқа бир кишиларда, бошқа
бир нарсада кўрганимизда эди, уларни мазах қилиб, беақлликка ҳукм қилган
бўлардик.
Менга айтингчи, агар сиз бир кишининг табиб ё шифокордан олган дорилар васфи
ёзилган қоғозни бир латтага ўраб бўйнига илиб олса, ё сувда ҳўллаб, бу сувни
ичиб, бу билан шифо топаман деб ишонса, сизлар бу киши ҳақида қандай хаёлга
борган бўлар эдингиз. Ахир сиз уни масхара қилиб, ахмоқ демайсизми? Лекин
сизнинг кўз олдингизда ҳар қандай касалликдан шифо берувчи шифокорларнинг энг
улуғи бўлмиш Аллоҳнинг бебаҳо рецепти билан худди шу алфозда муомала қилиняпти
ва ҳеч ким бунга кулмаяпти! Ҳатто ҳеч ким, бу қоғоз бўйинга илиб юриш учун
эмаслиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаяпти.
Айтингчи, сизлар бир касал, тиббиёт китобини олиб уни ўқишни бошласа ва буни
ўқиб чиқсам шифо топаман деб ишонса, сизлар у ҳақда нима гумонга борасизлар?
Ахир сизлар у ақлдан озибди демайсизларми? Лекин бизлар, ҳар қандай касалликдан
шифо берувчи улуғ шифокорнинг китоби билан шундай муомала қиляпмиз. Бизлар унинг
варақларини варақлаб, барча касалликлардан фориғ бўламиз деб ўйлаб, лекин унинг
буйруқларига эргашиб, унда қайтарилган нарсалардан қайтиш худди кераксиз,
беэътибор нарса деб ҳисоблаяпмиз. Ахир бизлар тиббиёт китобини олиб, фақат ўқиш
билан касалликдан тузаламан деб ўйлаган касалга ўхшаб қолмаяпмизми?
Агар сизлар бирон-бир сиз билмайдиган чет тилида ёзилган «расмий мактуб»
олсангиз, сизлар бу тилни билган одамнинг олдига борасиз. Агар ҳаттоки, бу
унчалик эътиборсиз бўлса ҳам, сиз унда нима ёзилганини билиш учун бетоқатлик ва
катта қизиқиш билан кутасиз. Аммо бутун оламлар Тарбияткунандаси тарафидан
юборилган ва сизларга бу дунёю-охиратнинг бахт-саодатини келтирувчи мактубни
сизлар назарга илмай, четга суриб қўясизлар. Ва унда нима ёзилганини
билмаслигингиздан ҳатто ташвишланмайсизлар ҳам. Ахир бу ажабланарли эмасми?!
Мен сизларни кулдирмоқчи эмасман. Сизлар бу ҳақда озгина ўйлаб кўринг ва
Аллоҳнинг китоби бениҳоят катта адолатсизликка учраганига чин дилдан иқрор
бўласиз. Қизиғи шундаки, худди шу ноинсофлар, яъни беамал қорилар ўзларининг
унга иймон келтирганларини ва бунга ҳаётларини фидо қилишга тайёр эканликларини
овоза қиладилар. Дарҳақиқат, улар унга чин дилдан ишонадилар ва уни жонларидан
ортиқ яхши кўрадилар, лекин минг афсуски, худди шулар у билан жуда қабиҳона
муомала қиладилар. Натижалар эса, ўз-ўзидан маълум.
Натижалар
Яхшилаб бир бор ва умрбор тушуниб олингларки, Аллоҳнинг каломи бизларга
қашшоқлик, хорлик ва мусибатлар келтириш учун нозил бўлмаган.
«То, Ҳа. Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун нозил
қилмадик» (Тоҳа-1,2).
Аксинча, Қуръон фаровонлик ва бахт-саодат манбаидир. Инсонлар Аллоҳнинг
каломига эга бўлиб, шу вақтнинг ўзида хорлик ва зорлик, қуллик кишанлари ва
ҳайвонона муносабатлардан азоб тортишлари ақлга сиғмас нарсадир. Қачонки
инсонлар, Аллоҳнинг каломини назар-писанд қилмасалар, шундай ҳолатга тушадилар.
Бани Исроилнинг тақдирини қаранг. Уларга Таврот ва Инжил берилиб, айтилди:
«Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари тамонидан нозил
қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устиларидан (осмондан)
ҳам, остилардан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эдилар» (Моида-66).
Лекин улар Аллоҳнинг бу китобларига нотўғри муносабатда бўлдилар ва бунинг
натижасида:
«Уларга хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилди ва Аллоҳнинг ғазабига
дучор бўлдилар. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилганлари ва
пайғамбарларни ноҳақ қатл қилганларидир. Бунга сабаб итоат қилмай тажовузкор
бўлганларидир» (Бақара-61).
Агар инсонлар Аллоҳнинг китобига эга бўлиб, хорликда ва қулликда ҳаёт
кечаришар экан, демак улар Аллоҳнинг каломига беодилона, қабиҳ муносабатда
бўлганлари сабабли жазоланган бўладилар. Аллоҳнинг ғазабидан қутулишнинг ягона
йўли, бу оғир гуноҳга чек қўйиб, унинг китобининг ҳаққини муносиб равишда адо
этмоқликдадир. Тоинки, сизлар буни қилмас экансиз, сизларнинг аҳволингиз
ўзгармайди, ҳаттоки сизлар ҳар бир қишлоқда колледж очсангиз ҳам, барча
фарзандларингиз университетларда ўқиса ҳам ва сизлар мўмай даромад манбайи
топсангиз ҳам, ҳолат яхшиланмайди.
Қуръонга итоатсиз Ислом бўлмас
Биродарлар! Аллоҳнинг китобига муносиб равишда муомала қилиш учун ҳар бир
мусулмон икки нарсани билиши зарур: Ким ҳақиқий мусулмон ва «мусулмон» сўзи
нимани англатади.
Инсоният инсоннинг табиатини ва инсон билан ҳайвон орасидаги фарқни билмас
экан, охир-оқибат инсонга номуносиб феъл-атворга тушиб қолади ва ўзининг
инсонийлик насл-насабини қадрламай қўяди. Худди шундай, мусулмонликнинг асл
моҳиятини ва у билан ўзга дин орасидаги фарқни билмаган кишилар, ўзларини
мусулмон бўлмаган кимса каби тутсалар, бу номга нолойиқ бўладилар.
Шу сабабдан, ҳар бир мусулмон, ёшу қари, мусулмон бўлиш нима дегани, мусулмон
қандай ҳаёт кечириши кераклиги, қандай мажбуриятлар унга юкланиши ва инсонни
мусулмонликдан чиқарувчи Ислом чегараларини, ҳудудларини билмоғи зарурдир.
Ислом Аллоҳга бўйсуниш ва итоат демакдир. Ислом ўзини бутунлай Аллоҳга
топширишдир. Ислом бу, мутлақ эркинлик ва мустақилликдан воз кечиб, Аллоҳнингг
амрига тўла бўйсунишдир. Агар сизлар ўз ишларингизни Илоҳий дастур бўйича олиб
борсангиз, сиз мусулмонсиз, лекин сиз агар ишларингизни ўз хоҳишингиз, ёки
Аллоҳдан бошқаларнинг фикри бўйича олиб борсангиз, сиз мусулмон эмассиз. Барча
ишларни Илоҳона олиб бориш бу, Аллоҳ Ўз китоби ва Расуллари орқали юборган
Илоҳий шариатни сўзсиз қабул қилиш демакдир. Шу сабабдан, Қуръон ва пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатига эргашиш зарур бўлади. Мусулмонлар
тушунган ҳолдами ё анъанавий суъратдами, фарқи йўқ, улар фақат Аллоҳнинг ҳукмига
бўйсунадилар. Улар ҳар бир муаммога жавобни, нима қилиш керагу ва нимани йўқ,
Парвардигорнинг китобидан ва Пайғамбарининг ҳаётидан қидирадилар. Улар ҳеч
иккиланмай улардан келган ҳукмларни оладилар ва унга зид бўлган барча нарсани
инкор қиладилар. Мана шундай тўлиқ итоат инсонни ҳақиқий мусулмон қилади. Бунинг
зидди ўлароқ, Қуръон ва Суннатга эргашиш ўрнига ўз ҳавою-нафсларига эргашувчи,
ота-боболарнинг йўлларини ушловчи ва жамиятдаги бўлаётган нарсаларнинг барчасини
сўзсиз қабул қилиб, аммо Қуръон ва Суннатга қарашга эринадиган ва ҳатто Қуръон
ва Суннат ҳақида «улар менга тўғри келмаяпти» ёки «улар ота-боболарим йўлига
зид» ёки «дунё бошқа тарафга ҳаракат қиляпти» деб, бу Илоҳий дастурни рад
қилувчилар мусулмон эмаслар. Бундай одамлар ўзларини мусулмон деб даъво
қилсалар, ғирт каззоб бўладилар.
Сизлар «Лаа Илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-росулуллоҳ» калимасини айтишингиз
билан, сизнинг ягона қонунингиз Аллоҳнинг қонуни ва фақат Аллоҳ сизнинг Хожангиз
ва бошқарувчингиз, ва сизлар фақат Аллоҳга бўйсуниб ва энг тўғри ҳақ нарсалар
Аллоҳнинг пайғамбарларига нозил бўлган китобларда деб, тан оласиз. Бу, сизлар
мусулмон бўлишингиз билан Аллоҳнинг барча ҳукмларига бўйсунган ҳар қандай
ҳукуматни қабул қилишингиз шарт деганидир. Шу сабабдан сизлар «мен бундай деб
ўйлайман, урф-одат, оилавий расм-русм бундай, бир уламо ёки бир авлиё бундай
деди» дейишга ҳаққингиз йўқ. Сизлар Аллоҳнинг сўзи ва Пайғамбарининг Суннати
олдида бундай фикр юритмоғингиз мумкин эмас. Сизлар ҳар бир нарса ҳақида, Қуръон
ва Суннат билан ҳукм қилиб, уларга тўғри келадиган нарсаларни қабул қилиб ва
уларга зид бўлган нарсаларни, кимнинг фикри бўлишидан қатъий назар, рад
қилишингиз лозимдир. Ўзини мусулмон деб, шу билан бир қаторда, Қуръон ва
Суннатга тескари бўлган шахсий фикр, жамият урф-одатлари ва бирон-бир кишининг
сўзларига эргашиш бир-бирига зиддир. Худди кўзи кўр кўраман ёки кар эшитаман
дегани каби, ким ўзиниг амалий ишларини Қуръон ва Суннатга мувофиқ олиб бормас
экан, у ўзини мусулмон дейишга ҳаққи йўқдир.
Ҳеч кимни мажбурлаб мусулмон қилиб бўлмайди. Сизлар ҳар қандай динни қабул
қилишга ва ўзингизни қандай номлашга ихтиёрлисиз. Лекин сизлар ўзингизни
мусулмон деб номлаб, Ислом ҳудудидан чиқмаган ҳолдагина, бу номда қолишингизни
яхши тушуниб олинг. Бу чегаралар ушбудир: Аллоҳнинг Каломи ва Пайғамбарининг
Суннатини ҳақиқат ва адолат мезони ва уларга зид бўлган ҳар қандай нарсаларни
ботил деб тан олишингиз лозим. Агар сизлар бу ҳудуд ичида бўлсангиз сиз
мусулмонсиз, лекин агар бу чегараларни бузсангиз, сиз Исломнинг бир қисми бўла
олмайсиз. Бу ҳолатда ўзини мусулмон деб ҳисоблаб юриш ўз-ўзини ва бошқаларни
алдаш билан баробардир:
«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар
кофирлардир» (Моида-44).
4. Иймоннинг асл маъноси
Калимадан келиб чиқадиган фарқ
Диндош биродарлар! Сизлар Калима деб номланувчи баъзи бир сўзларни талаффуз
қилиш билан мусулмон бўласизлар, яъни: «Лаа Илаҳа иллаллоҳ,
Муҳаммадур-росулуллоҳ».
Бу сўзларни айтиш билан инсон ўзгаради деб, гумон қилинади. У кофир эди, энди
мусулмон бўлди. У нопок нажас эди, энди эса покланди. У Аллоҳнинг норозилигига
сазовор эди, энди эса унинг муҳаббатига лойиқ. У дўзахга тушар эди, энди эса
жаннат унга мунтазир.
Бунданда амалий мавқеъда, турмуш фаъолиятида «Калима» инсонлар ўртасидаги
фарқнинг асосидир. Уни айтадиганлар бир миллат ва инкор қилувчилар бошқа бир
миллатни ташкил этадилар. Агар ота бу Калимани айтсаю, ўғил рад қилса, улар
аввалги ота ва ўғил эмас. Бу фарзанд отадан ҳеч қандай мерос олмайди ва мумкин,
ҳатто онаси ва опалари ундан ҳижоб билан сатрланадилар. Лекин аксинча, агар етти
ёт бегона одам «Калимани» такрорласа ва мусулмон оиласига никоҳ орқали қўшилса,
у ҳолда, у ва унинг фарзандлари мерос олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Шундай қилиб, Калиманинг кучи шунчалик каттаки, қардошлик алоқаларидан ҳам
ўтиб кетади. У бир-бирига бегона бўлган инсонларни бир миллатга жамлаб ва
қариндош ака-укаларни бир-биридан ажратиб юбориши мумкин.
Талаффуз қилишнинг ўзи етарлими?
Нима сабабдан Калима инсонлар орасида шундай катта фарқни келтириб чиқаради?
Унинг нима хосияти хислати бор? Аслида бу, баъзи «т», «а», «ҳ», «л», «м», «р» ва
«с» каби оддий ҳарфларнинг бирикмаси ва қўшиб айтилиши, холос. Ёки бу ҳарфлар
инсонларни ўзгартирадиган мўъжизавий қудратга эгами? Уларнинг оддий бир
талаффузи шундай фарқни келтириб чиқарадими?
Биродарлар! Албатта сизлар ўйлаб кўриб, оддий оғизни очиб бу ҳарфларни
талаффуз қилиш, бундай таъсир ўтказа олмайди деб айтасизлар. Дарҳақиқат,
мушриклар баъзи бир сўзларни такрорлаш билан тоғларни силжитиш, ерни ёриб ундан
фавворалар чиқариш мумкин деб ҳисоблайдилар. Ва бунда, маъноларни биласанми
йўқми, фарқи йўқ. Чунки улар бу ҳарфларга ғайритабиий кучни нисбатлаб ва уларни
ҳаракатлантиришга фақат талаффузнинг ўзи кифоя деб ҳисоблайдилар.
Исломда бу нарса йўқ. Сўзларнинг таъсири, уларнинг маъносидадир. Агар улар
қалбга таъсир қилмаса ва сизнинг фикрингизни, ахлоқ-одобингиз ва
феъл-атворингизни ўзгартирмаса, уларни такрорлаш бесамара ва маъносиздир.
Мана, буни кўрсатувчи оддий мисол. Фараз қилинг, сиз совуқ қотиб: «Жунлик
кўрпа», «Жунлик кўрпа» деб қичқиряпсиз. Ҳатто сизлар буни, кечаси билан миллион
бор тасбиҳ тошлари ила такрорласангиз ҳам совуқ камаймайди. Лекин сиз, жунга
тўлдирилган кўрпани тайёрлаб, унга ўралиб олсангиз, исиниб оласиз. Ёки фараз
қилинг, сиз ташна қолдингиз, ва кун бўйи: «сув», «сув» деб бақиряпсиз. Ахир
бундан сизнинг ташналигингиз босилмайди. Аслида сиз сувни топиб ичишингиз керак.
Ёки фараз қилинг, сизни титроқ босиб, иситмалаяпсиз ва сиз шу касалликка оид
дориларнинг номини такрорлаб ҳиргойи қилишни, бу касалга энг яхши даъво деб
ҳисоблаяпсиз. Лекин бундан аҳволингиз яхшиланмайди. Агар сиз бу дориларни
истеъмол қилсангиз, титроқ ва иситма инша Аллоҳ тўхтайди.
Калима билан ҳам худди шундай. Бу олти-еттита сўзларни талаффуз қилиш кофирни
мусулмон ёки нопокни пок, лаънатланганни хушбахт қилиб, дўзахийни жаннатга
киргизмайди. Бундай ўзгариш фақат бу сўзларнинг маъносини англаб, бутун қалб
билан ҳис қилиш ва турмуш тарзини бу калимага мувофиқ қуриш орқали бўлади.
Шунинг учун бу Калимани такрорлаганда сизлар Роббингизга қанчалик муҳим
байъат-ваъда бераётганингизни ва ўзингизга жуда катта маъсулиятни
юклаётганингизни ва бутун олам бунга шоҳид эканини ҳис қилишингиз керак. Уни бир
маротаба тушуниб айтиб, бу калимани ҳаётингиз ва фикру хаёлларингизнинг асоси
қилишингиз керак бўлади. Ва ўз мафкурангизга бошқа бирон-бир ғояни киритишингиз
мумкин эмас. Шу Калимага зид бўлган барча нарсани ботил ва фақат шу Калима
ҳақиқат деб ҳисоблашингиз керак. Калимани тасдиқ қилганингиздан кейин, сизлар
кофирлар сингари хоҳлаган ишингизни қиладиган, эркин бўлмайсизлар. Сизлар
буюрилган нарсани қилиб, қайтарилган нарсадан қайтишингиз керак бўлади.
Агар сизлар Калима талаб қилган бу нарсаларни ижро қилсангизгина ҳақиқий
мусулмон бўла оласиз ва шундагина, сизларга кўрсатиб ўтилган инсонлар орасидаги
фарқ юзага келади.
Калиманинг маъноси
Ана энди ижозатингиз билан Калиманинг маъноси нимадан иборат эканлигинини
айтиб ўтсак. Аслида у нимани англатади?
Калиманинг сўзма-сўз маъноси оддий: «Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг Росулидир».
Аллоҳ билан аҳдлашув
Калимадаги «илоҳ» сўзи Парвардигор маъносини билдиради. Фақат-Яратувчи,
Ризқлантирувчи, Ёрдам берувчи ва бизларнинг дуоларимизни эшитиб уларни ижобат
қилувчи зотгина бизларга Парвардигор бўла олади. Фақат шундай зот ибодат ва
итоат қилинишга лойиқдир.
«Лаа илаҳа иллаллоҳ» калимаси икки нарсани билдиради. Биринчиси: сизлар, бу
оламни Аллоҳ яратди ва бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ, У бор ва У якка ва Ундан ўзга
муқаддас бирон кимса йўқ деб тасдиқлайсиз. Иккинчиси: сизлар бу Робб таоло Барча
оламларнинг Хожаси бўлгани каби, сизнинг ҳам Ҳоким ва Хожангиз деб тан оласиз.
Сиз ўзингиз ва сиздаги бор нарса ва дунёдаги барча нарса Аллоҳники, У яратувчи
ва қазою-қадарни белгиловчидир. У ўлдиради ва тирилтиради. Ҳар қандай ташвиш ва
хотиржамлик унинг тамонидан келади. Сизларга келадиган барча неъматлар У
тарафидандир. Сизлардан кетадиган барча нарса унинг фармони билан сиздан
олинади. Фақат ундан қўрқиш керак. Фақат унгагина бўйин эгишимиз зарур. Фақат
Угина ибодат ва хизмат қилинишга лойиқ. Бизлар, ундан бошқанинг хизматкори ва
бандаси бўла олмаганимиз каби, ҳеч ким бизнинг Хожамиз ва Бошқарувчимиз бўла
олмагай. Бизнинг бурчимиз унга итоат қилиб, Унинг ва фақат Унинг қонунларини
бажаришимиздир.
Мана бу, сизлар «Лаа илаҳа иллалоҳ»ни талқин қилишингиз билан Аллоҳ ва
ўртангиздаги аҳду-паймондир. Бу аҳдга бутун олам гувоҳдир. Агар сизлар бу аҳдни
бузсангиз, қўлу-оёқларингиз, танангиздаги энг охирги тола ва бу аҳдни
бузишингизга гувоҳ бўлган барча нарсалар, осмону ернинг ҳар бир бўлаги қиёмат
куни сизнинг қаршингизга гувоҳлик беради. Сиз ночор аҳволда қоласиз ва ҳеч бир
кимса сизнинг тарафингизни олмайди. Ҳеч қандай оқловчилар сизга ёрдам бера
олмайди. Аслида, қонунларнинг бузулишига бу оқловчиларнинг ўзлари сабабчидирлар
ва улар ҳам у кунда сиз каби ночор аҳволда қоладилар. Бу маҳкама сизларни ёлғон
гувоҳлик, ё қалбаки ҳужжатлар, ё чиройли сўзамол оқловга асосланиб оқламайди.
Сизлар ўз гуноҳ жиноятларингизни ердаги миршаблардан беркитишингиз мумкин, лекин
самовий назоратчилардан эмас. Ердаги назоратчиларни сотиб олишингиз мумкин,
лекин самовийни эмас. Бошқа бир ҳолатда гувоҳ ёлғон гапириши мумкин, лекин
Аллоҳнинг гувоҳи ҳеч қачон. Ердаги қозилар адолатсизлик қилиши мумкин, аммо
Аллоҳ ҳеч қачон. Аллоҳнинг хукмидан қочиб қутулиб ҳам бўлмайди.
Аллоҳ билан қалбаки ва сохта аҳд боғлашликдан кўра катта ахмоқлик йўқ.
Аҳду-паймон боғлашдан олдин жиддий ўйлаб кўринг ва унга аҳамият бериб амал
қилинг. Сизларни ҳеч ким оғзаки, расмий аҳд беришга мажбурламайди ва беҳуда
сўзлар фойда бермайди.
Пайғамбар солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг етакчилигини қабул
қилиб
«Лаа илаҳа иллаллоҳ»дан кейин, сизлар «Муҳаммадур-росулуллоҳ» дейсизлар. Бу
дегани, сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ У киши орқали
сизларга ўз рисолатини юборган инсон деб қабул қиласизлар. Агар биз Аллоҳни Хожа
ва Ҳоким деб тан олсак, Унинг мақсади нимадан иборат эканлигини билишимиз зарур.
Уни хушнуд қилиш учун нима қилиш ва уни ранжитмаслик учун қандай ишлардан
қайтишимиз керак? Унинг мағфиратига эришиш ва унинг жазосидан омонда қолиш учун
қайси қоидаларга бўйсунишимиз керак? Мана бу нарсаларни бизларга тушунтириб
бериш учун Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ўзининг Росули
қилиб тайинлади ва У кишига Ўз китобини нозил қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи
ва саллам Аллоҳнинг шариатига мувофиқ ҳаёт кечириб, бизларга қандай яшаш
кераклигини кўрсатиб бердилар. Бизлар «Муҳаммадур-росулуллоҳ» дейишимиз билан У
киши кўрсатган йўл ва қонун-қоидаларга эргашамиз ва бунга зид нарсаларни инкор
қиламиз деб аҳд берган бўламиз. Агар сизлар бу қасамдан кейин Пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ҳаёт кодексини унутиб, унга зид бўлган
қонунларга бўйсунсангиз, у ҳолда сиздек ёлғончи ва ноинсоф одам йўқдир.
Сизлар Ислом динига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт кодексини
энг тўғри деб ва сизлар унга содиқлик билан эргашамиз дея тантанали равишда
ваъда бериш орқали кирасиз. Мана шу аҳду-паймон асосида сизлар мусулмон умматига
қўшилиб, мусулмон оталарингиздан мерос олиш, мусулмонлардан ёрдам талаб қилиш,
ўз обрў-эътиборингиз, мол-мулкингизни ва ҳаётингизни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга
бўласиз. Агар бунга қарамай, ўз аҳдингизни бузсангиз, у ҳолда сиз энг ноинсоф
одам бўласиз.
Агар сиз «Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-росулуллоҳ» Калимасини мукаммал
тушуниб, аҳдлашсангиз бундан кейин Аллоҳнинг ҳудудларига риоя қилмаслигингизни
тасаввур қилиб бўлмайди, ҳатто ҳеч қандай миршаб ва терговчилар сизларни бу
қонунларни риоя қилишга буюрмаса ҳам. Аллоҳнинг миршаблари, аскарлари, суду
турмалари кўзга кўринмагани сабабли Аллоҳнинг қонунларни бузиш осон деб ва
аксинча, ҳукуматнинг миршаб, аскар, суд ва турмалари бевосита ҳозиру-нозир
бўлгани сабабли ердаги инсонлар чиқарган қонунларни бузиш анчалик қийин деб
ўйлайдиган ҳар бир кимсага мен ҳеч иккиланмасдан: сизнинг «Лаа илаҳа иллаллоҳ,
Муҳаммадур-росулуллоҳ» деб берган аҳдингиз ёлғон», дейман. Сиз Роббингизни,
бутун оламни, барча мусулмонларни ва ўзингизни алдамоқчи бўляпсиз, холос.
Аҳднинг мажбуриятлари
Биродарлар! Энди Калиманинг маъносини билгандан кейин мен эътиборингизни
бундан келиб чиқадиган мажбуриятларга қаратмоқчиман.
Аллоҳ ҳамманинг ва ҳар бир нарсанинг Хўжайини дейиш нимани англатади? Бу
дегани, сизларнинг ҳаётингиз сизларники эмас, у Аллоҳникидир. На қўлларингиз, на
қулоқ, кўз ва бошқа аъзоларингиз сизникидир. Сизлар шудгор қиладиган ерингиз,
чорва молларингиз, ва улар келтирадиган бойликлар, буларнинг барчаси сизники
эмас, ҳамма ва барча нарса Аллоҳникидир ва сизларга ҳадя сифатида берилгандир.
Шу сабабдан, сизлар «бу ҳаёт» меники, танаю молу-мулк ҳам меники» деб
таъкидлашингизга ҳеч қандай асосингиз йўқ. Сизлар бошқа бир кимсани ҳақиқий Хожа
деб тан олганингиздан кейин бундай дейишингиз бемаъниликдир. Агар сизлар Аллоҳ
барча нарсанинг Хожаси деб чин дилдан ишонсангиз, бундан икки нарса келиб
чиқади.
Биринчиси; модомики, Аллоҳ ҳақиқий Хожа ва сиз, У нарсаларини ишониб
топширган омонатдор кишиси экансиз, у ҳолда бу нарсалардан Аллоҳ сизларга
айтгандай фойдаланишингиз зарур. Агар сизлар тескари йўл тутсангиз, омонатга
хиёнат қилган бўласиз ва бу Роб таолони алдаш деган гап. Сизлар ҳатто унинг
истагига қарши бармоғингизни ҳам қимирлатишга ёки унга ёқмайдиган нарсаларга
қарашга ҳаққингиз йўқ. Унинг кўрсатмаларга зид бўлган ҳар бир нарсалардан
сизнинг кўнглингиз беҳузур бўлиши керак. Сизлар Хўжайиннинг хоҳиш-истагига қарши
ўз ер ва мол-мулкингиздан фойдаланишга ҳаққингиз йўқ. Сиз ўзингизники деб
ҳисоблайдиган аёл ва фарзандларингиз, Хожангиз уларни сизга бергани учунгина
сизникидир. Шунинг учун улар билан ўзингиз хоҳлагандек эмас, балки Аллоҳ
кўрсатганидек муомала қилишингиз керак. Агар сизлар Унинг кўрсатмаларини
оёқ-ости қилсангиз, мустабид, золим бўласиз. Сизлар бошқа кишиларнинг
нарсаларини ўзлаштириб олувчиларни ноинсоф, беномус дейишингиз сингари, сизлар
ҳам агар Аллоҳнинг ҳадяларини худди ўзингизнинг шахсий молингиз деб, Аллоҳ
айтганидек эмас, ўз хоҳишингиз бўйича ишлатсангиз, у ҳолда сизлар ҳам худди
шундай ноинсоф бўласиз.
Агар сизлар Аллоҳнинг хоҳиш-истагига риоя қилиб машаққат тортаётган бўлсангиз
майли, шундай бўла қолсин. Агар ҳаётлар узилса, жасадлар майиб-мажруҳ бўлса ҳам,
оилалар бузилса, мол-мулклар йуқотилса ҳам, ачинишга не ҳожат? Агар Хожамиз
Ўзининг бу неъматларини йўқотилишини Ўзи ирода қилган бўлса, бу унинг хоҳишидир.
Дарҳақиқат, агар сизлар Хўжайиннинг хоҳиш-истагига қарши чиқиб, қийинчилик
кўраётган бўлсангиз, у ҳолда сиз, Унинг мулкига зарар келтиришда айбдорсиз.
Масалан, сизлар ўз ҳаётингизга Хўжайин эмассиз. Агар сиз ўз ҳаётингизни
Хожангизнинг талаби бўйича қурбон қилсангиз ҳам, сиз ўз бурчингизни адо қиласиз,
холос. Лекин Унга қарши чиқиб ҳаётни қурбон қилиш бу гуноҳдир.
Иккинчидан, агар сизлар Хожангиз берган бирон-бир нарсани Унинг йўлида қурбон
қилсангиз ҳам, Унга ёки бошқа бирон-бир кишига илтифот кўрсатган бўлмайсиз. Сиз
ҳамма нарсангизни беришингиз, ҳар қандай иш қилишингиз ва ҳатто сизларга энг
суюкли бўлган ҳаётингизни Унинг йўлида қурбон қилишингиз мумкин, лекин бу билан
сиз бари-бир Унга бирон-бир илтифот кўрсатган бўлмайсиз! Сизлар қиладиган энг
ката нарса, у ҳам бўлса, Унинг марҳаматига жавобан шукр қилган бўласиз холос.
Ахир бу билан мақтанса ва унинг эвазига бирон-бир нарса талаб қилса бўладими?
Ахир марҳаматга шукр қилиш билан ҳам мақтанадими? Шуни эсда тутингки, ҳақиқий
мусулмон ҳеч вақт, Робби учун бирон-бир нарсасини қурбон қилганлиги ёки Унинг
олдидаги ўз бурчини адо қилганлиги билан мағрурланмайди. Аксинча, у ўз
ҳокисорлигида қолади. Мақтанчоқлик ва ман-манлик ҳар қандай яхши амалларни йўқ
қилади. Ҳар қандай мақтов изловчи ёки яхши ишларни шон-шуҳрат учун қилувчи инсон
Аллоҳнинг ҳузуридаги юқори мартабага эришиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. «У
мукофотни бу дунёда излаган эди ва уни шу ерда олди».
Бизнинг хатти-ҳаракатимиз
Биродарлар! Хожангиз Роб таоло Сизларга қанчалик катта мурувват қилганлигини
бир тасаввур қилиб кўринг-а! У аслида Ўзига тегишли нарсани сизлардан сўраяпти
ва бунга тўла ҳисобда ҳақ тўлашини ваъда қиляпти. Қандай бениҳоя саҳоват!
«Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат
баробарига сотиб олди» (Тавба-111).
Хожангизнинг марҳамати шунчалик кенгдир. Энди эса ўзингизнинг
хулқ-атворингизга қаранг. Сизлар Хожангиз берган ва сизлардан қайта сотиб
оладиган нарсаларини бошқаларга сотаяпсизлар. Ва бу қимматбаҳо ашёларингизга
қандай нарх белгилаяпсизлар!? Харидорлар сизларни Хожангизнинг хоҳиш иродасига
қарши иш қилишга мажбурлаяпти. Сизлар уларга гўё улар сизга ризқ-насиба
улашадиган кишидек хизмат қилаяпсизлар. Аллоҳга қарши исён кўтарганлар сизлардан
нимани талаб қилса, ақл-заковатингиз, тана-аъзойингиз, барчасини уларга
сотаяпсиз. Бунданда катта хиёнат бўладими? Сотилган нарсани қайта сотиш бу
дунёда ҳам, маънавий ва жиноий хиёнатдир. Бундай жиноятни содир этганлар
муттаҳамлик ва қаллобликда айбланадилар. Наҳот сизлар бу жиноятлар учун
Аллоҳнинг маҳкамасидаги жазодан қутулиб қоламан деб ўйлаяпсизлар?
5. Калиманинг ғайриоддийлиги
Диндош биродарлар! Келинглар, Калиманинг маъноси ва унинг натижалари ҳақида
янада батафсил ўйлаб кўрайлик. Ахир бу Исломнинг асоси эмас-ми?! Сизлар унга
иймон келтиринг, шунда Исломга тўғри қадам қўйиб кирасизлар. Буни мукаммал
тушунинг, ҳаётингизни унга мувофиқлаштиринг ва сиз ҳақиқий мусулмон бўласизлар.
Буларсиз сиз на Исломга кира оласиз ва на унда қола биласиз.
Парабола
Аллоҳ уни яхши, пок, табаррук Калимайи Тоййиба дейди ва уни қуйидагича
тасвирлайди:йди:
«(Эй инсон), Аллоҳ яхши Сўзга (яъни, иймон
калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у сўз худди бир асл дарахтга
ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда
бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамлар
эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур. Ёмон сўзнинг
(яъни, куфр сўзнинг) мисоли эса ердан (илдизи) узилиб қолган, бир
жойда (ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар». (Иброҳим
24-26).
Бу ерда Калимайи Тоййиба илдизлари ерга чуқур ўрнашган, шохлари эса
осмонларга етувчи мустаҳкам фазилатли дарахтга таққосланяпти. Хожаси
буюрганидек, у доимо мўл-кўл ҳосил беришдан тўхтамайди. Бунинг зиддида, қабиҳ ва
ҳиёнаткор сўз, қалбаки иймон ва далилсиз нутқга ўхшаш ёмон калимаки, у тақир,
турпоқсиз ерда ўсувчи ва илдизларида мустаҳкам асос йўқлиги сабабидан бир
силкитишда суғуриб олинадиган ёввойи ўсимликка ўхшатилади.
Бу парабола шунчалик қизиқ ва бежиримки, у ҳақда қанча кўп фикрласак шунчалик
унинг илмини ўзлаштириб оламиз.
Икки турдаги дарахт
Икки турдаги дарахтнинг мисолини кўриб чиқамиз. Мана эман дарахти. Унинг
илдизлари бақувват, ўзи баланд, шохлари кенг ёйилган ва барглари қанчалик
ажойиб! Бу дарахт бундай қувват ва чиройга қандай етишади? Фақат ўз уруғининг
табиатидан. Унинг уруғи улкан дарахт бўлиб етишадиган туғма хусусиятга эга. Бу
хусусият шунчалик аниқки, ҳатто ер, сув, ҳаво, куннинг иссиғи ва туннинг
шабадаси, хуллас унинг ўсишига ҳисса қўшувчи барча элементлар бу хусусиятни тан
олиб, нимаики, улардан талаб қилинса, сарф қиладилар.
Шундай қилиб, бу уруғ улкан дарахтга айланади. Ўз меваларининг ҳосили ва
ўлчамларининг катталиги билан ўзининг азаматли дарахт номига муносиб эканлиги,
дунёвий ва самовий кучларнинг қўшма меҳнатлари бекор кетмаганлигини кўрсатади.
Бундан ташқари, дарахтга ёрдам бериш бу элементларнинг бурчидир, чунки, ер,
ҳаво, сув ва бошқа элементларнинг қуввати худди шундай фазилатли дарахтларга
ёрдам бериш учун берилгандир.
Лекин ёввойи ўсимликлар ҳақида нима деса бўлади? Уларнинг қуввати ва
фойдалари қани? Уларнинг илдизлари шунчалик майдаки, ҳатто ёш бола ҳам уларни
юлиб олиши мумкин. Улар нозик бўлганидан шамол ҳам уларни суғуриб ташлайди.
Уларга яқинлашсанг, тиканларини санчиб олиши мумкин. Мевалари аксар ҳолда нордон
ва зарарлидир. Ҳар куни уларнинг қанчаси ўсиб чиқиб, қанчаси йўқ бўлиб
кетаётгани, ёлғиз Аллоҳга аён. Нега улар бундай? Жавоб шундаки, улар яман
дарахти каби улкан дарахт бўлиб етишишдек туғма хусусиятга эга эмас.
Агар юқорига ўсадиган фазилатли дарахтлар бўлмаса, ўз табиати билан ўзича
ҳосил бермайдиган ер, ёввойи ўт-ўлан ва буталарнинг ўсишига сабр қилинади. Сув
уларга озуқа беради, ҳаво эса қувват, аммо бу элементларнинг ҳеч бири уларнинг
эман дарахтидек кун кечиришини тан олмайди. Мана шу сабабли ер уларнинг
илдизлари чуқур ўрнашишига, сув мўл озуқа беришга, ҳаво эса, гуллаб яшнашига йўл
қўймайди. Ва бундай жуда кам озуқа билан бу ўсимликлар нозик, нордон, тиканли ва
заҳарли мевалар бериб ўсиши ўз-ўзидан, ер ва осмон бундай ўсимликларга ёрдам
бериш учун яратилмаганлигини кўрсатади.
Бу икки мисолни ёдда сақлаб, Калимайи Тоййиба ва қабиҳ калима орасидаги фарқ
ҳақида ўйлаб кўринг.
Калимайи Тоййибанинг хусусиятлари
Калимайи Тоййиба ҳақиқатдир. Шундай ҳақиқатки, оламда бундан кўра ҳақроқ
калима йўқдир. Бунинг ҳақиқати шундаки, бутун оламларнинг Парвардигори фақат
ягона Аллоҳдир. Осмондаги ва ердаги барча нарса бу ҳақиқатни исботлайди. Инсон
ва ҳайвонлар, тош ва дарахтлар, қум ва дарёлар, чароғон қуёш ва қолган барча
нарсаларни Аллоҳ яратди. Аллоҳдан бошқа бирон-бир киши уларни ярата олмайди ва
ҳеч нарса Унинг ёрдами ва ғамхўрлигисиз яшай олмайди ва уларни Аллоҳдан ўзга ҳеч
ким йўқ қила олмайди.
Барча оламларни Аллоҳ яратган ва уларнинг ҳаёти ва тириклиги Унинг
мурувватига боғлиқдир. Фақат Аллоҳ уларнинг Хожаси ва Тарбияткунандасидир.
Сизлар бу дунёда Илоҳият ва Раббоният фақат ёлғиз Аллоҳга хосдир деб айтган
вақтингизда, осмону ердаги барча нарса: «Сиз ҳақиқатни айтдингиз. Биз барчамиз
буни тасдиқлаймиз», деб жавоб беради. Сизлар Унга сажда қилганингизда оламдаги
барча нарса сиз билан бирга сажда қилади, чунки ҳар бир нарса Унга бўйсунади.
Сизлар Унинг буйруқларини бажарганингизда оламдаги барча нарса ҳам Унинг
буйруғини бажаради. Агар сизлар Унинг йўлида юрган бўлсангиз, билингки сиз ёлғиз
эмассиз. Аслида, бутун олам ва ердаги барча нарса сиз билан биргадир. Осмондаги
қуёшдан тортиб, то энг майда чанг заррасигача ҳаммаси У чизиб берган йўлдан
юради. Сизлар қандайдир эътиборсиз кучга эмас, балки барча оламларни
ҳаракатлантирувчи улкан қувват эгасига суянасиз.
Энди сизлар еру осмондаги барча кучлар, Калимайи Тоййибага иймон келтириб,
ҳаётларини унга тобеъ қилган кишиларни қўллаб қувватлашини тушунган бўлсангиз
керак. Улар бутун ҳаётлари давомида ўсиб улғайиб ва равнақ топадилар. Уларга ҳеч
вақт мағлубият ва муваффақиятсизлик етмайди. Худди шу нарсани Аллоҳ субҳанаҳу ва
таоло Юқорида келтирилган оятда тасдиқлади. Калимайи Тоййиба худди илдизлари
ерга чуқур ўрнашган, шохлари самога чўзилган ва Аллоҳнинг фармони билан доимо
ҳосил берувчи дарахтга ўхшайди.
Қабиҳ калиманинг хислатлари
Бунга зид бўлган қабиҳ калима нимани ифодалайди? Худо йўқ, ёки унинг
ҳукмронлигига шерик бўлган бирон-бир кимса бор деганидир. (наъузу биллаҳ). Бир
ўйлаб кўринг-а! Бундан ҳам асоссиз ва бемаъни гумон ҳам бўладими? Дунёда буни
тасдиқловчи бирон-бир нарса борми? Худосиз атеистлар Худони йўқ дейдилар,
ваҳоланки дунёдаги барча нарса уларнинг сўзини инкор қилиб: «Бошқалар каби
сизларни ҳам Аллоҳ яратган, мана шу Аллоҳ, сизларга шу ёлғонни гапираётган тилни
ҳам яратди» дейдилар. Мушриклар Ундан бошқа ҳам илоҳий қудратга эга илоҳлар бор
деб, улар бизга ёрдам беради, нарсаларни бошқаради ва бизларнинг тақдиримизни
белгилайди деб эътиқод қиладилар. Улар ҳам бизларга фойда ва зарар келтиради.
Улар ҳам дуоларни эшитиб ижобат қилади. Улар ҳам умид ва қўрқишга ҳақлидир.
Уларнинг ҳукмронлиги ҳам Аллоҳнинг ерига ёйилган ва уларнинг фармон ва
қонунларига, худди Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунгандек бўйсуниш керак дейдилар.
Лекин оламдаги барча нарса уларнинг бу иддаоларини мутлақ ёлғон ва ўта бемаъни
сафсата деб инкор қиладилар.
Энди ўйлаб кўринглар, ахир бундай хато, асоссиз гумонга ишонувчи одам ҳеч
вақт дунёю охиратда равнақ топадими? Аллоҳ ўзининг раҳмати билан уларга маълум
вақтга эркинлик ва ризқ насиба беради. Шу сабабдан табиат кучлари уларга маълум
вақт ёрдам беради, лекин улар буни хоҳламай фақат мажбур бўлиб қиладилар. Бу
одамлар, мен юқорида гапириб ўтган ёввойи ўт-ўлан ё буталарга ўхшайдилар.
Натижалар фарқ қилади
Худди шундай уларнинг мевалари ҳам фарқ қилади. Калимайи Тоййиба ширин
мевалар беради. Ер-юзида тинчлик, фаровонлик ўрнатади. Яхшилик, тўғри сўз ва
адолат ҳукм суради ва инсонлар бундан фақат ютадилар. Аммо қабиҳ калима каби
бемаъни илдизлардан нима етишиб чиқади? У қанчалик ўсиб катталашса шунчалик кўп
ўзининг тиканларини ён атрофга сочади. Унинг томирларида заҳарли қон оқади.
Бундай шохчаларда қандай мевалар етилиши мумкин? Фақат аччиқ ва
заҳарлилари.
Сизлар, асосан куфр, ширк ва секталар ҳукм сураётган ўлкаларга назар солинг;
инсон ўзининг ака-укаларини қириб ташлаяпти. Доимий равишда урушга тайёргарлик
кетаяпти. Ядровий қурол ва заҳарловчи газлар ишлаб чиқариляпти. Миллатлар
бир-бирини йўқ қилишга шай турибди. Кучли кучсизни, бир бурда нонини тортиб олиш
учунгина ўзига бўйсундиряпти. Бечора фақирларни аскару полиция, суд ва қамоқ
органлари таъқиб қилаяпти. Золимларнинг зулмидан қочишга имкон йўқ. Баъзи бир
юқори лавозимдаги одамларчи? Уларнинг ахлоқларидан шайтон ҳам ҳазар қилади.
Инсонлар ҳатто ҳайвонлар қилмайдиган ишларни қиляптилар. Бойлар фақирларни
ўзларининг шахсий қулларидек ишлатиб қонини ичяпти. Инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари
поймол қилинган.
Инсонлар ўз шаҳватларига қул бўлганлигидан аборт кенг ёйилган. Ҳатто
хотинларни алмашиб зино қилиш илдиз отаяпти.
Шу сабабдан, қаерда бу қабиҳ калимадан бирон-бир ўсимлик униб чиқса, у доимо
тиканак билан тўла ва унинг барча мевалари аччиқ ва заҳарли бўлиши турган
гапдир. Бу икки дарахтни таққослагандан кейин Аллоҳ айтади:
«Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор
Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ йўлдан
оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Иброҳим 27).
Шундай қилиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Калимайи Тоййибага иймон келтирган
зотларни дунёю охиратда қўллаб қувватлаб уларни собитқадам қилади. Ва аксинча,
қабиҳ калима эгаларининг барча ҳаракатларини бекор қилади, улар на бу дунёда ва
на охиратда бирон-бир яхшиликка эришмайдилар.
Нега Калимайи Тоййибага иймон келтирганлар равнақ топмаяпти?
Биродарлар, сизлар Калимайи Тоййиба билан қабиҳ калима ва уларнинг натижалари
орасидаги фарқни билиб олдингиз. Энди эса сизлар савол беришингиз мумкин:
«Бизлар Калимайи Тоййибага ишонамиз, лекин нега бизлар равнақ топмаяпмизу,
кофирлар эса илгарилаб кетиб, фаровон ҳаёт кечиряптилар?». Мен бу саволга жавоб
беришим керак ва мен жавоб бераман. Лекин менинг сўзларимга хафа бўлишдан олдин
ўз қалбингизга қаранг ва мен тўғри айтаяпманми, йўқми кейин хулоса чиқаринг..
Биринчи навбатда сизлар Калимайи Тоййибага ишонамиз деган даъвойингиз чин
эмас. Калимага ишонч уни оғзаки талаффуз қилишда эмас. У қалбда ниш отган
бўлиши, ҳар қандай унга қарши бўлган ғояни рад қилиши ва унга зид бўладиган ҳар
қандай ҳаракатни ўз-ўзидан йўқ қилиши керак. Биродарлар! Аллоҳнинг номини ўртага
қўйиб айтингчи, шундай эмасми?! Ахир сизларнинг орангизда юзлаб, Калимайи
Тоййибага бегона бўлган сиёсий мафкура эгалари ва ширк аҳллари мавжуд эмасми?!
Ахир мусулмонларнинг бошлари Роб Таолога эмас, балки бошқа махлуқларга
эгилмаяптими?! Ахир улар Аллоҳдан эмас бошқадан яхшилик кутмаяптиларми?! Ахир
улар ўз тақдирларини мунажжимларнинг башоратига боғламаяптиларми?! Ахир улар
аксар ҳолларда Аллоҳнинг қонунларини четга суриб, ҳеч тортинмай, бошқа
қонунларга эргашмаяптиларми?! Ахир улар суд маҳкамаларида шариатга эмас, балки
урф-одат ва ўзларига фойда келтирадиган нарсаларга эргашишларини очиқ-ойдин баён
қилмаяптиларми?! Ахир уларнинг орасида арзимас моддий манфаат учун ҳеч
иккиланмай Аллоҳнинг қонунларини бузувчилар бор эмасми?! Ахир улар орасида
Аллоҳдан эмас, балки кофирларнинг ғазабидан қўрқувчилар бор эмасми?! Бизнинг
орамизда кофирларнинг хайрихоҳлари учун ҳар нарсага тайёр, аммо Аллоҳнинг
розилиги учун бирон-бир иш қилишни хоҳламайдиганлар бор эмасми?! Кофирларнинг
устунлигини табиий, реал нарса деб, Аллоҳнинг ҳукмронлиги эса, тасаввур
қилинадиган нарса деб ҳисобловчилар кўпчиликни ташкил қилмайдими?!
Қани менга Аллоҳ учун айтингларчи, ахир шундай эмасми? Агар шундай бўлса, у
ҳолда сизлар Калимайи Тоййибага ишонишингизга қарамай тараққий қилмаслигингиздан
шикоят қилишга нима ҳаққингиз бор? Аввал сизлар Калимайи Тоййибага ҳақиқий,
холис иймон келтиринг ва ўз ҳаётингизни У кўрсатиб бергандек юритинг. Агар
шундан кейин ҳам сизнинг ҳаётингиз, илдизлари мустаҳкам, чуқур ўрнашган ва қуюқ
шохлари осмонгача узайиб кетган дарахтларнинг ҳаётига ўхшаб ўзгармаса, у ҳолда
сизлар Ўз ваъдасига вафо қилмаган (Аллоҳ Ўзи кечирсин, Аллоҳ ваъдасига доимо
вафо қилади) Роббингизни ёлғончиликда айблашингиз мумкин (Аллоҳ Ўзи
кечирсин).
Қабиҳ калима аҳли равнақ топаяптими?
Шу ўринда таъкиламоқчиман, сизларнинг «қабиҳ калима эгалари бу дунёда фаровон ҳаёт кечирияптилар» деган фикрингиз хато. Аслида бу кимсалар ҳеч қачон ва ҳеч вақт муваффақиятга эришмаган ва эришмайди ҳам. Сизлар уларнинг беҳисоб бойликлари, ҳаддан зиёд дабдабаси ва ташқи, қалбаки савлатига қарайсизлар. Бу моддий фаровонлик ҳақиқий эмас. Уларнинг қайси бири роҳат-фароғатга етишган экан? қани, етишганлари бўлса, чин юракдан айтишсинчи. Улар ҳашамат, дабдабага шунғиб кетишгану, лекин қалблари худди аламзаданинг қалбидаги оташ каби нотинч ва беором. Аллоҳнинг қонунларига итоатсизлик уларнинг уйларини жаҳаннамга айлантирмадими? Европа ва Америкада ўз-ўзини ўлдириш қанчалик кўпайган. Оилаларнинг бузилиши оддий ҳол эмасми? Улар қатлиом, туғулишни чегаралаш ва абортлар билан инсонлар ирқини бузиб, камайтириб ташламаяпдиларми? Наркотик ва ичкилик минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлмаяптими? Миллатлар ва табақалар орасида бозор ва иқтисодий манфаъатлар учун, шиддатли кураш кетмаяптими? Ҳасад, бахиллик ва адоват инсонларни бир-бирига қанчалик қайраб қўйди? Бу, манфаъат кетидан бўлган пойга, қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётини ғам-ғуссага ботирмадими? Бу, узоқдан жаннатмакон бўлиб кўринган, аслида минг-минглаб оч-ялонғочларни ўзига қамраган улкан ва хашаматли шаҳарларчи? Сизлар буларнинг барчасини фаровон ҳаёт деяпсизларми? Ва шу нарсаларга сизлар ҳавас билан талпиняпсизларми?
Биродарлар! Аллоҳнинг сўзи ҳеч вақт ёлғон бўлмаслигини эсингиздан чиқарманг!
Инсонларга бу дунё ва охиратда азизлик келтирувчи Калимайи Тоййибадан бошқа
бирон-бир Калима йўқ. Сиз қанча хоҳласангиз изланг, лекин ундан бирон-бир
кам-кўст топа олмайсиз.