Эркаклар кийинишида ман қилинган нарсалар (1)

    Нашрга тайёрловчи: Муҳаммад Фатҳий
    Ислом Нури таржимаси

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

    Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига ва у зотнинг аҳли-оиласи, саҳобалари ва у зотга яхшиликда эргашган барча кишиларга салавот ва саломлар бўлсин.

    1. Исбол

    Исбол – эркак кишининг кийими тўпиғидан[1] пастга тушиб туриши маъносида бўлиб, устки кийим, изор[2], шим, шалвар, узун кўйлак каби нарсаларни ўз ичига олади.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобаи киромлар ва улуғ имомлардан исболни ман қилувчи ва унга бепарво қарашдан қайтарувчи кўп ривоятлар келган. Улар шу қадар кўпки, маъно жиҳатидан мутавотирлик даражасига етган. Ўттизга яқин саҳоба бу ҳақда ривоят қилган бўлиб, баъзилари «Саҳиҳ»ларда, баъзилари «Сунан» ва «Муснад»ларда, айримлари бошқа ҳадис девонларида битилган.

    Исболнинг иккитта ҳолати бор:

    Биринчи: Кийимни такаббурлик билан судраб юриш. Бунинг ҳаром ва гуноҳи кабиралардан эканига ижмо (иттифоқ) қилинган ҳамда мўътабар аҳли илмлардан ҳеч бири бунга қарши фикр айтмаган. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари бунга асос бўлади:

    «Ерда кибру-ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи — мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон, 18).

    «Ўз диёрларидан кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар каби бўлмангизлар!» (Анфол, 47).

    Мазкур оятларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кибру ҳаволи ва мақтанчоқ кимсаларни қоралади.

    Исболнинг ҳаромлиги ва ман қилингани ҳақида саҳиҳ ҳадислар ҳам келган.

    Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Муслим «Саҳиҳ»да қуйидаги ҳадисларни келтиради:

    Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кийимини такаббурлик билан судраб юрган кишига Аллоҳ таоло (қиёмат куни раҳмат назари билан) қарамайди».

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кеккайиб, изорини судраб юрган кимсага қиёмат куни Аллоҳ қарамайди».

    Муҳаммад ибн Зиёд айтади: Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг шундай деганини эшитдим: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар – ёки Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши сочларини силлиқ тараб, ўзига бино қўйиб, ипак кийимларга ўраниб кетаётган пайт Аллоҳ уни ерга юттирди. У то қиёмат кунигача ерга киришда давом этади».

    Солим ибн Абдуллоҳ отаси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши изорини судраб бораётганида уни ер ютиб юборди, энди у то қиёмат кунигача ерга киришда давом этади».

    Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч тоифа кишилар борки, қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга гапирмайди, қарамайди, уларни покламайди, уларга аламли азоб бордир». Бу сўзларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч бор такрорладилар. Шунда Абу Зар: «Бундай зиёнкор ва ноумид кимсалар кимлар, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Кийимини тўпиқдан пастга осилтириб юрувчилар, яхшилигини миннат қилувчилар, молини ёлғон қасам билан ўтказувчилар», дедилар.

    Булардан бошқа кўп ҳадислар бор. Уларнинг барчасида кийимни тўпиқдан пастга туширишнинг ва кибрланиб судраб юришнинг ҳаром экани, бундай қилувчига қиёмат куни Аллоҳ таоло гапирмаслиги, қарамаслиги ва уни покламаслиги, унга аламли азоб борлиги ҳақида огоҳлантиришлар келган.

    Иккинчи: Кийимни кибрланмаган ҳолда тўпиқдан пастга тушириб кийиш. Бу ҳам ҳаром ва қилувчисига қиёмат куни азоб борлиги ваъда қилинган ишдир. Яъни, кийими оёғининг тўпиқдан пастини ўраб турган жойига дўзах ўти тегади.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Изорнинг тўпиқдан пастки қисми дўзахдадир»[3].

    Хаттобий айтади: Бу ҳадисда изорнинг тўпиқдан пасти дўзахда, деб айтилган бўлса-да, аслида унинг ўрни, яъни киювчисининг бадани кўзда тутилган. Маъно шуки, оёқнинг тўпиқдан пасти азобланади.

    Абдурраззоқ Абдулазиз ибн Абу Равводдан ривоят қилиб келтиради: Нофеъдан шу ҳадис ҳақда сўралди. У айтди: «Кийимда нима гуноҳ?! Аксинча, икки оёқнинг тўпиқдан пасти куяди».

    Ўтганлардан хулоса қилиш мумкинки, кийимни тўпиқдан пастга тушириб юриш мутлақо мумкин эмас. Буни кибр билан қиладими, кибрсиз қиладими, баробар.

    Илм аҳлига маълумки, қоидага кўра мутлақ (чекланмаган) нарса муқайяд (чекланган) нарсага нисбат берилади. Бу икки ҳолат ўртасини улар хусусидаги ваъийд (азоб ваъдаси) ҳар хил бўлгани учун тенглаштириш мусаллам (жоиз) эмас.

    Ибн Ҳажар Умму Салама ривоят қилган ҳадис шарҳида айтади: «Мазкур тушунчадан олинадган фойда шуки, исболдан мутлақ қайтарган ҳадислар уни кибр сабабли қилган киши ҳақида очиқ-ойдин айтилган бошқа ҳадислар билан муқайяддир, деган кишининг гапи тўғри эмас. Нававий айтади: «Кибр билан судраб юришга чеклаган ҳадисларнинг зоҳири ҳаромлик кибр билан судрашга хос бўлишини тақозо қилади. Бироқ, яхшироқ изланилса маълум бўладики, агар шундай бўлганида Умму Саламанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан аёлларнинг этакларини судраб юришлари ҳукмини сўрашида маъно бўлмас эди. Зотан, Умму Салама исболнинг мутлақ тақиқланиши кибр билан бўладими, кибрсиз бўладими, баробар, деб тушунганлиги боис аёлларнинг бу ҳақдаги ҳукмини сўради. Зеро, аёллар авратларини яшириш зарурати туфайли исболга мажбур бўлардилар[4]. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга аёлларнинг бу борадаги ҳукми эркакларнинг ҳукмидан фарқли эканини баён қилдилар».

    Шу ўринда эътибор қаратиш керак бўладиган бир масала бор, яъни исболнинг ўзи кишининг кибрли эканида гумон қилинишга олиб келади. Шариат соҳиби бўлган Зот кибрнинг асосини ҳам қатъий бартараф этди ва бу хоҳиш-истакларга йўл бермайдиган умумий ҳукм бўлиб қолди.

    Ибн Ҳажар айтади: «Исболдан ман қилинишнинг бошқа бир тарафи ҳам борки, ундан кибр гумон қилинади. Ибн Арабий айтган: «Бир киши кийимини тўпиғидан осилтириб юрган ҳолда «мен буни кибр билан қилмаяпман» дейиши жоиз эмас. Чунки қайтариқ лафзан уни ҳам ўз ичига олади. Мен бунга бўйсунмайман, чунки бундаги иллат-сабаб менда топилмаяпти, деган даъво олинмайди. Балки этагини судраб юришининг ўзи унинг мутакаббирлигига далилдир». Хулоса шуки, исбол – кийимни судраб юришни, кийимни судраб юриш эса кибрни англатади, агарчи киювчи кибрни қасд қилмаса ҳам. Биз ана шу одамга айтамиз: қани кибр қилмаётган бўлсангиз, тўпиқдан пастини кестириб юборинг-чи! Айни даъвони қиладиганларнинг аксарлари «ҳўп» деб жавоб бера олмайдилар. Ана шунинг ўзи кибрга далолат қилиш учун кифоядир.

    Шунга ҳам аҳамият қаратиш керакки, изор, узун кўйлак ва шимларнинг исболида фарқ йўқ ва ҳаммасидаги исбол битта нарсадир.

    Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умардан изорни судраб юриш ҳақида келган ҳадис тўғрисида сўралиб, «бу изорга хосми?» дейилди: Солим: «Ундай эмас, бу кўйлак, изор, чопон ва салла ҳақида» деди.

    Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Кўйлак, шалвар ва бошқа кийимларнинг узунлиги ҳар қанча бўлсин, тўпиқдан пастга тушмаслиги керак. Бунга далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган ҳадислардир. Исбол кўйлак, шалвар ва изорда бўлади».

    Ибн Ҳажар айтади: «Табарий деди: «Ҳадисда «изор» лафзи билан келгани боиси у даврда аксарият одамлар изор ва ридо кийишар эди, эндиликда одамлар кўйлак ва шимлар кийишга ўтган бўлса ҳам уларнинг ҳукми изорнинг ҳукми каби бўлаверади».

    Зайд ибн Абу Сумайя Ибн Умарнинг бундай деганини эшитдим, дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг изор ҳақидаги сўзлари кўйлакка ҳам тааллуқлидир, яъни кўйлакнинг тўпиқдан пастга тушган қисми ҳам худди изорда бўлганидек дўзахдадир».

    Ҳатто аксар уламолар енгларни, саллани ва осилтириб юриш мумкин бўлган ҳамма нарсани исболга киритишган ва бундан қайтаришган.

    Санъоний айтади: «Шунингдек, айрим ҳижозликлар каби кўйлак енгларини ҳам одатдагидан узайтириб кийиш ҳаром қилинган исболдир. Қози Иёз олимлардан нақл қилиб келтиришича, кийимларнинг кенглиги ва узунлигида одатдан ташқари зиёда қилингани макруҳдир.

    Қизиқки, баъзи эркак ва аёллар пайғамбарларининг ҳидоятига зид ўлароқ у зотнинг суннатларига эргашмай ва буйруқларига қарши иш тутиб, эркаклар кийимларини ерга теггудек қилиб юришади, ваҳоланки улар калта кийишга буюрилган эдилар. Аёллар эса болдирларини очиб юришади, ваҳоланки баданларини беркитишга буюрилган ва этакларини бир газгача судраб юришга рухсат берилган эдилар. Бундай кимсалар Аллоҳ таоло огоҳлантирган қаттиқ азоб ваъдасидан қўрқмасмикинлар?!»

    «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур, 63).

    Имом Аҳмад айтади: «Оятдаги фитнадан мурод ширкдир. Агар у зотнинг сўзларидан баъзиларини қилмаса, қалбига ҳақдан оғдирувчи нарсалар келиб, оқибатда ҳалок бўлиши мумкин».

    Бу уммат пешволарининг юқорида ўтган гаплари уларнинг изларидан юришингиз, уларнинг тезлик билан қабул қилишлари, бўйсуниш ва итоат қилишларидан ўрнак олишингиз учун келтирилди.

    Жубайр ибн Абу Сулаймон ибн Жубайр ибн Мутъим Абдуллоҳ ибн Умар билан бирга ўтирган эди. Шунда бир ёш йигит олдиларидан ўтиб қолди. Унинг устида санъоний жубба (чопон) бўлиб, уни судраб келар эди. Ибн Умар унга: «Буёққа кел, эй йигит» деди. Йигит унга: «Нима гап, эй Абу Абдурраҳмон?» деди. Ибн Умар: «Шўрингга шўрва тўкилгур, қиёмат куни Аллоҳ сенга қарашини истайсанми?» деди. Йигит: «Субҳаналлоҳ, нега истамас эканман», деди. Ибн Умар деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: »Изорини кибр билан судраб юрган бандага Аллоҳ таоло қиёмат куни қарамайди», деганларини эшитганман».

    Жубайр айтади: Шу кундан кейин ҳалиги йигит ўлгунига қадар фақат кийимлари йиғиштирилган ҳолда кўрилди.

    Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу одамларга нима бўлганки, этакларини осилтириб, кийимларини узайтириб олишади-да, кейин ўзларини қийнаб қўллари билан кўтариб юришади. Бу кибр ҳолати ва манманлик асосидир. Бундан ҳам ёмони, улар осий бўлишади, нажосатга аралашиб юришади-да, кейин Аллоҳ бировларга хос қилиб берган улуғ фазилатларга ўзларини ҳақдор деб кўраяптилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кибрланиб кийимини судраб юрганларга Аллоҳ таоло қарамайди», деганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, изоримнинг бир томони осилиб қолади, сезиб қолганимда кўтариб оламан, нима қилай?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз кибрланиб шундай қиладиган кишилардан эмассиз», деб жавоб бердилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимни судраб юришдаги тақиқни умумий қилиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳуни бундан истисно қилдилар. Паст кишилар ўзларини улуғ зотларга тенглаштиришни исташади, бироқ аслида бу уларга муносиб эмас». Ана ўшаларга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳлик берганларида эди, биз ҳам уларнинг гапларини қабул қилган бўлардик.

    2. Шуҳрат кийими

    Кийимдаги шуҳрат уни судраб кийишни ҳам, ўта калта кийишни ҳам, кенг-торлигини, рангини, кўринишини, сифатини, қўйингки, шариат чекловларидан ташқарига чиққан барча ҳолатни қамраб олади.

    Абу Довуд Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким шуҳрат кийимини кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга худди шундай кийим кийдиради, сўнг унинг ичида ўт алангаланади»[5].

    Шайхулислом айтади: «Кийимнинг бошқаларникидан ажралиб туриши макруҳдир. У одатдан ташқари юқори (башанг, зўр) кийиниш ва одатдан ташқари паст (йиртиқ-ямоқ) кийинишдир. Салафлар ҳар икки шуҳратни, яъни юқориликни ҳам, пастликни ҳам ёмон кўрардилар. Ҳадисда келганки: «Ким шуҳрат кийимини кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга хорлик кийимини кийгизади» (Албоний, «Саҳиҳ Ибн Можа»). Ишларнинг энг яхшиси ўртачаларидир. Зоҳирда бир хил кўринган ишни қилиш билан инсон ниятига кўра савобга ёки азобга ҳақли бўлади».

    Шайх Бакр Абу Зайд айтади: «Шуҳрат кийими одатийликдан ранги билан, бичими (фасони) билан ё шакли билан ё кийишдаги кўриниши билан ё одатдагидан башанг-зўр ё тубан-хор кийиниш билан ажралиб туриш билан вужудга келади».

    Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Шуҳрат кийимини кийиш ҳаромдир, шуҳрат кийими – манманлик ва кеккайиш мақсадида ёки ўта тавозелик ва таркидунёликни кўрсатиш мақсадида кийиладиган кийимдир. Салафлар ҳар иккисини ёқтирмасдилар».

    Шуҳрат кийимига яна урф-одатга хилоф кийиниш ҳам киради, баъзи бемаза кимсалар қиладиган ғаройиб ва бегона фасонлар ёки кийимларни тескари кийиш ҳам шу жумладандир. Инсон ўзи яшаб турган юртнинг одати агар шариатга хилоф бўлмаса, улардан бошқача кийиниши макруҳ бўлади. Чунки бундай қилиш шуҳратпарастликка киради. Агар бошқача кийиниш билан манманликни қасд қилса ёки ўта камтарлик-тавозеъни кўрсатишни истаса, ҳаром бўлади, чунки у риёдир. «Ким биров кўрсин деса, уни Аллоҳ кўрсатиб қўяди, ким биров эшитсин деса, Аллоҳ уни эшиттириб қўяди»[6].

    Одамлар орасида машҳур қиладиган нарсалардан тақиқлашнинг сабаби – уларни ғийбатга олиб боришга сабаб бўлиб қолмаслик ва натижада уларнинг ғийбатининг гуноҳига шерик бўлиб қолмаслик учун ҳамдир деган баъзи аҳли илмлар.

    Шуҳрат кийимига яна кийинишда танаттуъ ва такаллуф қилиш – ўта дидли ва нозиктабиатлик билан кийиниш киради.

    Шайхулислом айтади: «Сатр қилиб турадиган кийимни калтайтирганда болдирнинг ярмидан юқорига ўтказиб юбориш макруҳдир».

    Исҳоқ ибн Иброҳим айтади: «Абу Абдуллоҳ олдига кирдим, устимда тиззамдан пастроққача тушадиган ва болдиримнинг ярмидан юқори турадиган калта кўйлак бор эди. «Бу нимаси?» деди ва инкор қилди». Бошқа бир ривоятда: «Бу нимаси? Нега ўзингни машҳур қилаяпсан?» дейилган.

    Бунинг боиси шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин кийимининг ҳадди болдирининг ярмигача», яъни ундан юқори эмас, деб баён қилиб берганликлари ва шунга буюриб, ўзлари ҳам амал қилганликларидир.

    Бундан зиёдасини очиш ўраш лозим бўладиган аъзони яланғочлаш бўлади, агар уни диндан деб қилса, бу ҳаддан ошиш ва суннат доирасидан чиқиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли санамаган нарсани чиройли санаш бўлиб қолади.

    [1] Тўпиқ – болдир ва қадамнинг қўшилган жойидан бўртиб чиққан суяк.
    [2] Изор – белдан пастга ўраб олинадиган мато.
    [3] Имом Бухорий ривояти.
    [4] Сўз бораётган ҳадисда аёллар учун ҳижобларининг ости кўриниб қолмаслиги учун бир газ миқдорича судраб юришга рухсат берилган.
    [5] Албоний ҳасан деган.
    [6] Имом Муслим ривояти.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963