Гуноҳлар асорати

    Носир Варрош
    Ислом Нури таржимаси

    Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

    Аммо баъд…

    Мўмин биродарлар! Одамлар кечаю кундуз қўл ураётган гуноҳ ва маъсиятлар шахс ва жамият ҳаётида жуда катта асоратлар қолдиради. Зотан, ҳаётнинг тиргаги ва салоҳияти фақат тоатда, Аллоҳнинг амрларига бўйсунишда ва Унинг покиза шариатига муқайяд бўлишдадир. Унинг амридан ҳар қандай бурилиш, Унинг динидан ҳар қандай четланиш ва шайтоннинг чақириғига ҳар қандай эргашиш фақат сароб ортидан кетишдир, бахтсизлик биёбонида саргардон кезишдир. Шундай экан, инсон гуноҳларнинг шу бугун ҳам, шунингдек охиратда Парвардигорига йўлиқадиган кунда ҳам унинг шахсига ва ҳаётига кўрсатадиган таъсирларидан огоҳ бўлмоғи даркор.

    Маъсиятларнинг асоратлари ҳақида сўз юритишдан мақсад уларга шўнғиб кетиш ва Аллоҳ белгилаб қўйган чегараларни бузиб ўтиш оқибатидан огоҳлантиришдир. Аввалгилар айтганидек: «Ёмонликни унга қўл уриш учун эмас, балки ундан сақланиш учун танидим, ёмонликни яхшиликдан ажрата олмаган киши унга тушиб қолади».

    Мўмин биродарлар! Қуйида осий ва гуноҳкорлар ўз гуноҳу исёнлари самараси ўлароқ қўлга киритадиган оқибатлардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

    Биринчи: Илмнинг унутилиши ва ҳофиза қувватининг сусайиши. Илм аҳли ва толиби илмлар учун бундан кўра оғирроқ ва ёмонроқ жазо бўлмаса керак. Зеро, илм Аллоҳ таоло Унинг тоати билан обод бўлган қалбларга солиб қўядиган нурдир, маъсият эса қалбни ўраб оладиган зулматдир. Нур билан зулмат қандай бириксин?!

    Шунинг учун ҳам, ривоят қилишларича, Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ Дорул-ҳижра имоми бўлмиш Имом Моликнинг хузурида ўқиган пайтларида Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Шофеийдаги зийраклик, ўткир зеҳнлилик, етук зукколикни кўриб, ғоятда ажабланиб, унга шундай насиҳат қилган эканлар: «Шубҳасиз, мен сизнинг қалбингизга Аллоҳ нурни солиб қўйганини кўраяпман. Энди сиз уни гуноҳлар зулмати билан сўндириб қўйманг».

    Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ толиби илмлар ўртасида ғоят машҳур бўлган қуйидаги байтларида айтадилар:Вакиъга «Зеҳним паст» дея арз қилдим,
    Деди: Гуноҳларни тарк қил, даво шул.
    Билгилки, Аллоҳнинг нуридир илм,
    Осийга Аллоҳнинг нури олмас йўл.

    Кимдир, фалончи фожирлик билан танилганига қарамасдан унинг зеҳн ва ҳофизаси жуда ўткир-ку!, деб айтиши ҳам мумкин.

    Унга айтамизки, сиз Аллоҳ таолонинг Китобини ўқинг, жавобни бериб қўйибди. Аллоҳ азза ва жалла айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг  у кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озувчилардан бўлиб қолди. Агар хоҳласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлур эдик. Лекин у Ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи-нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади» (Аъроф: 175, 176).

    Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу оят далилки, Аллоҳ Ўзи берган илми билан ҳамма одамни ҳам юксалтириб қўявермайди. Илм сабабли юксалиш илм берилишидан бошқа алоҳида мартабадир».

    Ҳар фожирлар бўладики, илм билан довруғи кетган бўлади, лекин унинг илми Аллоҳ ҳузурида ўзига қарши ҳужжат бўлади.

    Азиз толиби илмлар! Умрнинг илм талаб қилиш билан ўтадиган энг азиз кунларида Аллоҳдан тақво қилайлик, бу кунларимизни маъсиятлар гирдобига ташлаб қўймайлик. Билайликки, азоб қамчиси фурсат кутиб турибди.

    Иккинчи: Маъсиятларнинг энг катта ва банда учун энг хатарли оқибатларидан бири шуки, улар банда билан Парвардигори ўртасида ваҳшат (узоқлашиш) пайдо қилади, бандани тоатларга ялқов қилиб қўяди, фаҳшу мункар ишларга одатлантиради. Ҳидоят ва раҳмат эпкинларидан баҳраманд бўлмаган қалбни гуноҳлар мастлиги кўр қилиб қўяди. Бундай қалб соҳиби бахтсизлик ва азоб чоҳларига қулаши чорасиздир.

    Мўмин биродарлар! Инсоннинг ҳақиқий ҳаёти тоатда ўтказган ҳаётидир, унинг халқларга қуллик қилиш бўйинбоғини бўйнидан ечиб ташлаганини, ернинг жозибадор тортиш кучини енгиб ҳақиқий убудият-бандалик сари юксалганини ҳис қилишидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло кофирни ўлик деб атади: «(Улар) жонсиз ўликлардир» (Наҳл: 21). Бунинг муқобилида тоат ва инобат бахтига эришган баъзи обид ва солиҳ зотларнинг сўзларига қулоқ тутинг: «Қалбда шундай лаҳзалар кечадики, мен у лаҳзаларда: «Агар жаннат аҳли мана шундай ҳолатда бўлса, улар жуда катта яхшилик устида эканлар» деб юбораман». Дунёда бир жаннат борки, у жаннатга кирмаганлар охиратдаги жаннатга киролмайдилар. У осий ва фожирлар ундан маҳрум бўлган тоат ва убудият жаннатидир.

    Учинчи: Маъсиятнинг нохуш асоратларидан яна бири – у гангиш ва бахтсизликдир, қалбнинг дунёга берилиб кетишидир, сароб ортидан ҳакиллаб чопишдир, йўл бошида туриб олиб, ҳақ йўлдан оздирадиган шайтонларнинг йўлларига эргашиб кетишдир.

    Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга бир чизиқ чизиб: «Бу Аллоҳнинг йўли», дедилар. Кейин унинг ўнг ва чап томонига бир неча чизиқлар чизиб: «Булар турли-туман йўллар, улардан ҳар бирининг бошида унга чорлаб турадиган бир шайтон бор», дедилар, сўнг: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153) оятини ўқидилар.

    Зеро, ҳидоят фақат Аллоҳнинг Ўзидандир, «Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун тўғри йўлга йўлловчи бирон дўст топа олмассан» (Каҳф: 17). Аллоҳ таолонинг ҳидоят йўли қилиб қўйган манҳажидан ҳар қандай бурилиш фақат адашиш саҳроларида йўл йўқотишдир, ҳақдан юз ўгирган кофир халқлар дучор бўлган аччиқ самараларни теришдир.

    Уламолар сўзларига кўра, инсонга тўртта савол кўндаланг келади. Улар: «Қаердан келгансан?», «Қаерга борасан?», «Нега?» ва «Қандай?» деган саволлардир. Ушбу саволларнинг жавобида ҳар қандай адашиш – инсон ҳаётидаги бахтсизлик ва вайроналикдир. Уларнинг тўғри жавоби эса фақат ҳақ диндадир.

    Кофир ғарбнинг воқелигига бир назар солиш, улар яшаб турган мафкуравий бўшлиқ ва ахлоқий таназзулни, инсоннинг ҳайвонийлик даражасига тубанлашиб кетганини кўришнинг ўзи бор ҳақиқатдан хабар беради. Зеро, уларнинг машҳур файласуфларидан бири даъво қилганидек, инсоннинг вужудга келишидан ҳеч қандай мақсад ҳам, ғоя ҳам йўқ экан. Ана шу фалсафа таъсирида ҳозирда Европада кўча-кўйларда ҳам эшакдан фарқсиз, ҳушига келганини қилиб кетаверадиган, худди ҳайвонлардек кун кечирадиган жамоалар пайдо бўлган. Аллоҳ таолонинг мана бу оятлари уларга нақадар мос келади: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа: 124).

    Тўртинчи: Куч-қудратнинг кетиши, душманларнинг ғолиб келиши ва душманлар қалбидан ҳайбатнинг йўқолиши.

    Имом Аҳмад «Муснад»ида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен қиёмат олдидан Аллоҳнинг Ўзига шериксиз ибодат қилиниши учун қилич билан юборилдим. Ризқим найзам сояси остида қилинди. Менинг ишимга мухолиф бўлганлар учун хорлик ва хўрлик битилди. Ким бир қавмга ўхшашга уринса, у ўшалардандир».

    Мўмин биродарлар! Тарих саҳифалари маъсиятларнинг халқларга таъсири ҳақида энг яхши гувоҳдир. Мана, ислом уммати ўтмишда ғолиб ва азиз уммат эди, куч-қудрати чексиз ва шон-шавкати адоқсиз уммат эди. Лекин, бу уммат Аллоҳнинг амрини зое қилгач, ўз ҳаётидан унинг шариатини четлатгач ва ислом оламида ширк бозори ривож топгач, тавҳид уммати бўлган бу умматнинг иши орқага кетди, азизлиги хорликка алмашди, ёруғ куни кофир мустамлаканинг узун тунига айланди. Агар у Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан сўнгги уммат бўлиши эълон қилинмаганида, эҳтимол, авлодлар тилидагина кўчиб юрувчи ва ўзи аллақачон йўқ бўлиб кетган ўтмишга айланиб қолса керак эди. Бизнинг бошимизга тушган ва тушаётган мусибат ва кўргиликларни асло Раббимизнинг бизга зулми деб билмаслик керак. Асло ундай эмас! У зот саҳиҳ ҳадиси қудсийда марҳамат қилганки: «Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилмангиз!». Бизга тушаётган бу кўргиликлар ҳеч кимга тарафкашлик қилмайдиган ва ҳаммага баробар бўлган раббоний қонуниятдан бошқа нарса эмас! «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11), «Бунга (яъни, уларнинг азобга гирифтор бўлишларига) сабаб  Аллоҳ бир қавмга инъом қилган неъматини то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи эмаслиги ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи эканлигидир» (Анъом: 53).

    Имом Аҳмад «Муснад»ида Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали устингизга ҳар тарафдан халқлар худди очофатлар лаганига ёпирилганидек ёпирилиб келади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?», деб сўрадик. «Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби кўпик бўласизлар, душманларингиз қалбидан маҳобат (қўрқув) олиб қўйилади ва қалбларингизга ваҳн (заифлик) солиб қўйилади», дедилар. «Ваҳн нима?», дедик. «Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш», дедилар.

    Мусулмон биродарлар, биз бугунги кунда ўзимизни эзиб ётган хорлик остида инграмоқдамиз. Жуда кўп мусулмонлар бу балонинг сабабидан ҳануз ғофил қолмоқдалар. Ваҳоланки, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча ҳадисларида огоҳлантирганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар ийна (рибонинг бир тури) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди» (Абу Довуд ривояти).

    Амирул муъминийн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Биз хор бир қавм эдик, Аллоҳ бизни шу дин билан азиз қилди. Агар энди азизликни ундан бошқасида изласак, Аллоҳ бизни хор қилади».

    Мўмин биродарлар! Бошланиш нуқтамиз ана шу эди. Яна ана шу нуқтадан бошлашимиз лозим бўлади. Ислом уммати тарихидаги хорлик ва зоеликнинг бошланиши динимизни тарк қилишимиздан бўлди. Агар яна азизликка ва қўлдан берган шарафимизни қайтариб олишга бел боғламоқчи бўлсак, бунинг бошланиши динимизга қайтиш ва Раббимизга тавба қилиш билан бўлади.

    Ўз маъсиятларидан тавба қилувчи ҳар бир киши билсинки, у бу билан тавҳид умматининг олийлик китобига бир сатр ёзаётган бўлади.

    Бешинчи: Гуноҳу маъсиятларнинг машъум асоратларидан яна бири шуки, улар сабабли ҳалокатли касалликлар пайдо бўлади, ризқлардан қут-барака кўтарилади.

    Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй муҳожирлар жамоаси! Беш нарса борки, улар билан мубтало бўлсангизлар – улар сизларга етишидан Аллоҳдан паноҳ тилайман: – қайси бир қавмда фаҳш пайдо бўлиб, улар у билан очиқдан очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади. Ўлчов ва тарозидан уриб қоларканлар, қурғоқчилик, қаттиқ етишмовчилик ва подшоҳнинг зулмига дучор этиладилар. Молларининг закотини бермас эканлар, уларга самодан ёмғирни тўсиб қўйилади, агар чорва ҳайвонлари бўлмаса эди, умуман ёмғирсиз қолишарди. Аллоҳга беришган аҳдни ва Расулига беришган аҳдни бузишаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди ва улар буларнинг қўлларидаги баъзи нарсаларни тортиб олишади. Раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас эканлар ва яхшиликни Аллоҳ нозил қилган нарсада деб билмас эканлар, Аллоҳ уларнинг жабр-зулмларини ўз ўрталарида қилади» (Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 106).

    Мўмин биродарлар! Юқорида айтиб ўтилганлар маъсиятларнинг вайрон қилувчи асоратларидан ва аччиқ меваларидан айримлари эди. Қани, тавбага енг шимарувчилар борми?! Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Менинг турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга) айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир»» (Зумар: 53).

    05.07.2009.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962