Гуноҳкорлик баракани кетказувчи иллатдир

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли-оилалари, саҳобалари ва уларга эргашган кишиларга салавоту саломлар бўлсин!

    Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади:

    Гуноҳкорлик умрдаги, ризқдаги, илмдаги, тоат-ибодатдаги, қўйингки, барча нарсадаги баракани ўчириб юборади. Умуман олганда, дину дунёдаги бирор баракани қолдирмай барчасини батамом маҳв этади. Аллоҳ таолога гуноҳкор бўлган банда динию дунёсидаги барча баракадан маҳрум этилган кишидир, деб айтилса хато бўлмайди.

    Ер юзидан барака кўтарилиб кетишининг бирдан-бир сабаби ҳам бандалар тарафидан содир этилган гуноҳлардир.

    Аллоҳ таоло айтади: «Агар ўша шаҳарлар аҳолиси ўзларига келган пайғамбарларни тасдиқлаб, уларга эргашиб, Аллоҳ тақиқлаган ишлардан тийилганда эди, албатта Аллоҳ таоло уларга ҳар тарафдан барча яхшилик эшикларини очган бўлар эди. Лекин улар пайғамбарларни ёлғончига чиқарди, шундан сўнг Аллоҳ куфр ва гуноҳлари сабабли уларни ҳалокатли азобга дучор этди» (Аъроф, 96);

    «Агар инсу жиндан бўлган кофирлар Ислом йўлида юрганларида ва ундан бурилиб кетмаганларида эди, Аллоҳ берган неъматларга шукур қиладиларми, йўқми, синаш учун Биз уларга дунёда мўл-кўл ёмғирлар ёғдирган ва ризқларини кенг қилган бўлар эдик. Ким Раббига тоат қилишдан юз ўгирса, Рабби уни оғир ва машаққатли азобга гирифтор этади» (Жин, 16-17).

    Банда гуноҳи туфайли баракали ризқдан маҳрум қилинади.

    Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлари ривоят қилинган: «Руҳул қудс – Жаброил алайҳиссалом қалбимга нафҳ қилдики (яъни илҳом қилиб қалбимга солдики), бирор жон ўз ризқини тўла қилиб олмагунича ҳаргиз ўлмайди. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва талабни чиройли қилинглар (яъни ризқни талаб қилишда тўғри йўл тутинглар). Зеро, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага У зотга тоат этиш билангина эришилади. Аллоҳ таоло шоду ҳуррамликни розилик ва ишончда (яъни Ўзи рози бўлиб, банда иймону ишончда бўлишида), қайғу ва хафачиликни эса шубҳа ва ғазабда (яъни банда шубҳаю ишончсизликда бўлиб, Аллоҳ Ўзи ғазабланишида) қилди»[1].

    Имом Аҳмад «Зуҳд» китобида қуйидаги асар (нақл)ни келтиради: «Мен Аллоҳман! Рози бўлсам, барака бераман ва Менинг баракаим чексиздир. Агар ғазаб қилсам, лаънатлайман ва Менинг лаънатим етти пуштга етади».

    Банданинг ҳаёти фаровон бўлгани учун ризқи кенг, амали кўп бўлгани учун амаллари хайрли, узоқ яшагани учун умри узун дейилмайди, балки ризқида, амалида ва ҳаётида барака бўлсагина унинг ризқи кенг, амаллари хайрли ва умри узун дейиш тўғри бўлади.

    «Банданинг умри» дейилганида унинг ҳаёт кечирган муддати тушунилади, бироқ у бу муддатда Аллоҳ таолога бўйсуниб, ибодат қилиб яшамоғи шартдир. Агар у Аллоҳдан юз ўгириб, Ундан ўзга билан овора бўлиб, буюк Аллоҳни унутиб яшаса, унинг ҳаёти ҳаёт ҳисобланмайди, балки тўрт оёқли ҳайвонларнинг ҳаёти унинг ҳаётидан яхшироқ бўлиб қолади. Зеро, инсоннинг қалби ва руҳи тирик бўлсагина ўзи ҳам тирик ҳисобланади. Қалбининг тириклиги эса Яратувчисини таниши, Уни яхши кўриши, Унга сидқидилдан ибодат қилиши ҳамда Уни зикр қилиб, қалби ором олиши билангина бўлади. Бу яхшиликлардан маҳрум бўлган одам барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Банда бу дунё матоларидан йўқотган нарсаларини қайта топиши мумкин. Бироқ ҳақиқий ҳаётни, яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таолони йўқотган банда неча ойу йиллар умр кўриб, бутун дунёга эга бўлганида ҳам, аслида у барча яхшиликлардан, ҳақиқий ҳаётдан маҳрум ҳисобланади.

    (Таржимон томонидан илова: Шу ўринда шоирнинг қуйидаги рубоийсини эслашни муносиб кўрдим:

    «Кўп қувонма, кўрмишам деб, неча ойу йил ҳаёт,
    Суъд йўқтур юз мунингдек бўлса беҳосил ҳаёт.
    Кўрганинг бори абас, фармони Раҳмон тутмасанг,
    Чунки шайтон ҳам кўрар то сури Исрофил ҳаёт
    ».

    Эътибор берган бўлсангиз, шоир ҳам бесамар ва бемаъни ҳаёт ҳар қанча узоқ бўлмасин, аслида ҳақиқий ҳаёт эмаслигини тушунтиради).

    Гуноҳкорлик ризқдаги ва умрдаги баракани ўчириб юборишининг сабаби шуки, гуноҳкор кимсаларни шайтон жиловлаб олади. Улар эса ўзларини шайтонга бутунлай топшириб кўядилар, натижада у уларнинг устларидан мутлақ ҳокимга айланади. Шайтон эгалик қилган ўринлардан барака батамом ўчиб кетади. Шунинг учун ейиш, ичиш, кийиниш, аёлига яқинлик қилиш ва бошқа барча хайрли ишларни бажариш вақтида Аллоҳнинг зикри баракага сабаб бўлгани учун Унинг номини зикр қилиб, «Бисмиллаҳ» дейиш суннат бўлди. Чунки Аллоҳ таолонинг номини зикр этиш шайтонни қувади, натижада у жойда беҳисоб барака ҳосил бўлади. Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган ўринда эса барака бўлмайди.

    Барака ато этувчи Парвардигорнинг ўзидир. Унга нисбат этилган барча нарсалар муборакдир. Масалан, Унинг каломи, Расули, мўъмин бандаси, байтуллоҳ, барака это этилган Шом ерлари – буларнинг барчаси муборакдир. Яъни Аллоҳнинг ўзига, улуҳиятига, муҳаббатига, розилигига нисбат этилган нарсаларгина муборакдир. Рубубиятига, холиқлигига нисбат этилган нарсалар эса ҳаммаси ҳам муборак эмас. (Яъни, аслида ҳамма нарсани Аллоҳ таоло яратгани учун Унга нисбат берилади, лекин ҳамма яратган нарсаси ҳам муборак эмас). Ўзидан йироқлаштирган барча шахслар, амаллар ва сўзлар муборак эмас ва уларда яхшилик йўқдир. Барака ва яхшилик фақат Ўзига нисбат берган ва яқинлаштирган нарсалардадир.

    Бараканинг зидди лаънатдир.

    Аллоҳ лаънатлаган ерлар, Аллоҳ лаънатлаган шахслар, Аллоҳ лаънатлаган амаллар ва буларга алоқадор бўлган ҳамма нарсалар баракадан йироқ ва бехосият нарсалардир.

    Аллоҳ таоло ўзининг душмани Иблисни лаънатлади ва уни махлуқотлари орасида Ўзидан энг йироғи қилиб қўйди. Шайтонга алоқаси бўлган барча нарсалар Аллоҳ таолонинг лаънатига йўлиқди.

    Юқорида айтиб ўтганларимиздан умр ва ризқдаги, илм ва амалдаги бараканинг ўчирилишида гуноҳкорликнинг катта таъсири бор экани маълум бўлади. Аллоҳга гуноҳкор бўлиш йўлида сарфланган вақт, молу дунё, обрў-иззат, илм ва амалларнинг барчаси банданинг фойдасига эмасдир. Банда Аллоҳ таолога итоат этиб, ибодат қилиб, гуноҳ ишлардан сақлансагина ўтказган умри, сарфлаган молу дунёси, куч-қуввати, обрў-иззати ва ҳосил қилган илми ва қилган амали унинг фойдасига бўлади.

    Баъзи одамлар бу дунёда юз йил яшаши мумкин, лекин унинг бу умри самарасиз ва баракасиз бўлгани учун баракали ўн йилга тенг кела олмайди. Кимдир ҳисобсиз тиллою кумушга эга бўлар, бироқ унинг ҳисобсиз ва баракасиз мол-дунёси баракали ўн дирҳамга баробар бўла олмайди. Обрў-иззат, илм ва амаллар ҳам шу жумладан.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир, фақат Аллоҳнинг зикри ва унга тобе бўлган нарсалар (яъни қолган ибодатлар), олим ва толиби илм бундан мустасно»[2].

    Бошқа ҳадисда: «Дунё ва ундаги барча нарса лаънатлангандир, фақат Аллоҳ таоло учун бўлганлари бундан мустасно», дейилган.

    Демак, Аллоҳ учун бўлган нарсалардагина барака ва яхшилик бор. Аллоҳ учун бўлмаган барча нарсалар эса хосиятсиз ва баракасиздир.

    Барчамизга Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин! Омин.

    Аллома Ибн Қаййимнинг «Ал-жавобул кофий» асаридан эркин таржима қилинди.

    Таржимон: Ибн Сирож Убайдуллоҳ

    [1] Абу Нуайм «Ҳиля»да Абу Умомадан ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳул жомеус сағир»да ҳадисни саҳиҳ деган.

    [2] Термизий ривояти. Албоний ҳадисни саҳиҳ деган.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962