Бизга боғланинг
Иймон асосларининг шарҳи (2)
Охират кунига иймон келтириш
Охират – одамлар ҳисоб бериш ва мукофотланиш учун қайта тириладиган Қиёмат кунидир.
Охират (охирги кун) деб номланишининг сабаби, жаннат аҳли жаннатдаги, жаҳаннам аҳли жаҳаннамдаги жойларини олганидан сўнг, (бу дунё кунлари каби) ҳеч қандай кун бўлмайди.
Охиратга бўлган иймон уч нарсани ўз ичига олади.
Биринчиси: қайта тирилишга ишониш.
У – сурга иккинчи марта дам урилганида ўликларни тирилтиришдир. У пайтда одамлар Оламлар Рабби учун ялангоёқ, кийимсиз яланғоч ва аъзолари бус-бутун хатна қилинмаган ҳолатда қабрлардан чиқиб келадилар. Аллоҳ таоло деди:
«У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилувчидирмиз.» (Анбиё: 104).
Қайта тирилиш Қуръон, Суннат ва мусулмонлар ижмоъси далолат қилган ўзгармас ҳақиқатдир.
Аллоҳ таоло деди:
«Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар (эй инсонлар), мана шундан (яъни яралиб, ҳаётга келганингиздан) кейин (ажалларингиз битгач) албатта вафот топгувчидирсизлар. Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар қиёмат кунида қайта тирилурсизлар.» (Муъминун: 15, 16).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар Қиёмат кунида ялангоёқ ва хатна қилинмаган ҳолатларида (маҳшаргоҳга) жамланадилар» (Муттафақун алайҳ).
Мусулмонлар ҳам қайта тирилишнинг ҳақлигини бир овоздан тасдиқ – ижмоъ қилганлар. Қайта тирилиш — Аллох таоло пайғамбарлар юбориб, бандаларга етказган топшириқ-вазифаларга биноан мукофотлаш ёки азоблаш учун бўлган ҳикматнинг тақозосидир. Аллоҳ таоло деди:
«Ё сизларнинг гумонингизча : Биз сизларни беҳуда яратдигу, сизлар Бизнинг хузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Муъминун: 115).
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга деди:
«(Эй Муҳаммад), албатта сизга (ушбу) Қуръонни (яъни уни тиловат қилишни унга амал қилишни ва уни умматларингизга (етказишни) фарз қилган зот, шак-шубҳасиз сизни бир қайтадиган жойга (қиёматга) қайтарувчидир.» (Қасас: 85).
Иккинчиси: ҳисоб ва жазога ишониш.
Банда ўзининг қилган барча амаллари учун ҳисоб қилиниб, мукофотланади. Бунга Қуръон, Суннат ва мусулмонлар ижмоъси далолат қилади.
Аллоҳ таоло деди: «Зеро ёлғиз Ўзимизга қайтишлари бордир! Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш (жазо бериш) ҳам ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир!» (Ғошия: 25, 26);
«Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур). Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас.» (Анъом: 160);
«Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз.» (Анбиё: 47).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни Аллоҳ таоло мўъминни ўзига яқинлаштириб, бошқалардан тўсади-да: «Фалон ва фалон гуноҳларингни биласанми?»- деб сўрайди. Банда: «Ҳа, Раббим»- деб жавоб беради. Аллоҳ таоло барча гуноҳларига иқрор қилдириб, банда ўз ҳалокатини кўрганида: «Бандам, Мен сенинг бу гунохларингни дунёда яширдим. Бугун эса, сен учун уларни кечираман»- дейди-да, бандага яхшилик номаси ўнг тарафидан берилади. Аммо кофир ва мунофиқларга барча халойиқ олдида жар солиниб: «Анавилар Раббиларига ёлғон сўзладилар. Билингларки, золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, дейилади»» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу саҳиҳ ҳадис ҳам ривоят қилинган: «Ким яхшиликка қасд қилиб, уни қилса, Аллоҳ унга ўз ҳузурида ўнтадан етти юзтага қадар ва ундан бир неча баробар кўп савоб беради. Ким ёмонликка қасд қилса ва уни қилса, Аллоҳ унга битта ёмонлик ёзади».
Мусулмонлар, қилинган амалларга Қиёмат куни ҳисоб бўлиши ва мукофот ёки жазо бўлишини тасдиқлайдилар. Бу илоҳий ҳикматнинг тақозосидир. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръон нозил қилди, пайғамбарларни юборди, уларга келган ваҳийни қабул қилиш ва амал қилиш вожиб бўлган нарсаларга амал қилишни бандаларга фарз қилди, бунга қарши бўлган кофирларга жанг қилишни вожиб қилди ва уларнинг қонлари, зурриётлари, аёллари ва мол-дунёларини ҳалол қилди. Агар Қиёматдаги ҳисоб ва мукофот ёки жазо бўлмаса, бу ишларнинг барчаси беҳуда бўлган бўларди. Аллоҳ бундай беҳуда ишни қилишдан пок зотдир. Аллоҳ таоло бунга қуйидаги сўзлари билан ишора қилади: «Энди албатта пайғамбар юборилган кишилар билан ҳам, юборилган пайғамбарлар билан ҳам савол-жавоб қилурмиз. Энди албатта уларга, билган ҳолимизда, (қилиб ўтган ишлари ҳақида) сўйлаб берурмиз. (Зотан) Биз ғойиб — йўқ эмас эдик, (балки барча нарсага гувоҳ бўлиб турган эдик).» (Аъроф: 6-7).
Учинчиси: Жаннат ва жаҳаннамга ишониш.
Бу иккиси бандаларнинг мангу келажагидир.
Жаннат – Аллоҳ таоло иймон келтиришга буюрган нарсаларга иймон келтирган, Аллоҳ таолога ихлос билан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан итоат қилган тақводор мўъминларга Аллоҳ таоло тайёрлаб қўйган неъматлар диёридир. Жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсоннинг хаёлига келмаган анвойи турдаги неъматлар бор.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар — ана ўшалар яралмиш жонзотларнинг энг яхшисидирлар. Уларнинг Роббилари ҳузуридаги жазо-мукофотлари остидан дарёлар оқиб турадиган мангу жаннатлардир. Улар ўша жойда абадул-абад қолгувчидирлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар (Аллоҳдан) рози бўлдилар. Бу (мукофот) Роббидан қўрққан киши учундир.» (Баййина: 7-8).
«Ҳеч бир жон қилган амалларининг мукофоти учун ўзига беркитиб қўйилган қувончларни билмас». (Сажда: 17).
Жаҳаннам эса, пайғамбарларга иймон келтирмаган ва осий бўлган золим кофирлар учун Аллоҳ тайёрлаб қўйган, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган турли-туман қийноқлар маконидир.
Аллоҳ таоло деди:
«Кофирлар учун тайёрлаб кўйилган дўзахдан қўрқинглар!» (Оли Имрон: 131);
«Биз золим — кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдирувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у! » (Каҳф: 29);
«Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қоладилар. Юзлари оловда айлантириладиган – куйдириладиган кунда, улар: «Кошки эди бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда», дерлар.». (Аҳзоб: 65-66).
Охират кунига иймон келтириш ичига ўлимдан сўнг бўладиган барча нарсаларга иймон келтириш ҳам киради.
а) Қабр синови
Қабр синови, маййитнинг дафн килинганидан сўнг Рабби, дини ва пайғамбари ҳақида сўроқ қилинишидир. Аллоҳ таоло бу синовда мўъминларни мустаҳкам сўз билан собитқадам қилади. Шунинг учун ҳам мўъмин: Раббим — Аллоҳ, диним – Ислом ва пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, деб айтади. Золимларни эса Аллоҳ таоло адаштиради. Кофир: «А… а… билмайман», дейди. Мунофиқ ёки (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диндан) шубҳа қилган киши эса: «Билмайман одамларнинг алланарсалар деганини эшитардим ва мен ҳам ўша сўзларни айтар эдим», дейди.
б) қабр азоблари ва неъматлари
Қабр азоби мунофиқ ва кофирлар каби золимлар учун тайёрлаб қўйилгандир. Аллоҳ таоло деди:
«(Эй Муҳаммад), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни берингиз! Бу Кун — Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганингиз ва Унинг оятларидан юз ўгириб кибру ҳаво қилганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланадиган Кунингиздир», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди.» (Анъом: 93).
Аллоҳ таоло Фиръавн хонадони ҳақида шундай дейди: «(У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур). » (Ғофир: 46).
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Зайд ибн Собитдан ривоят қилинади. У деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар бир-бирингизни дафн қилишингиз бўлмаганида эди, мен ўзим эшитаётган қабр азобини сизларга ҳам эшиттиришини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилар эдим»- дедилар. Сўнгра, ўгирилиб: «Аллоҳдан жаҳаннам азобидан паноҳ сўранглар!»- дедилар. Саҳобалар: «Аллоҳдан жаҳаннам азобидан паноҳ сўраймиз»- дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Аллоҳдан зоҳирий ва ботиний фитналардан паноҳ сўранглар!» дедилар. Саҳобалар: «Аллоҳдан зоҳирий ва ботиний фитналардан паноҳ сўраймиз»- дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан Дажжол фитнасидан паноҳ сўранглар!»- дедилар. Саҳобалар: «Аллоҳдан Дажжол фитнасидан паноҳ сўраймиз»- дедилар».
Қабр неъматлари садоқатли мусулмонлар учунгина тайёрлаб қўйилгандир. Аллоҳ таоло деди:
«Раббимиз – Аллоҳдир, деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!» (Фуссилат: 30).
«Бас, қачон (вафот қилаётган кишининг жони) халқумига етганида — ҳолбуки ўша вақтда сизлар қараб турурсизлар ва Биз унга сизлардан кўра яқинроқ бўлурмиз, лекин сизлар (буни) кўрмайсизлар (билмайсизлар) — Бас, агар сизлар эгасиз бўлсангизлар, (ва ўзларингизнинг: «ҳеч қандай эга — Роб ҳам, қайта тирилиш ҳам йўқ», деган сўзларингизда) ростгўй бўлсангизлар ўша (жонни яна жасадга) қайтара олсангизлар эди! (Йўқ, ҳеч қачон қайтара олмассизлар). Энди агар ўша (вафот қилувчи киши Аллоҳга) яқин қилинган (пешқадам) лардан бўлса, у ҳолда (унинг учун) роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир!» (Воқеа: 83-89).
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, қабрида икки фариштанинг саволига жавоб берган мўъмин ҳақида шундай дедилар: «Осмондаги зот: Бандам тўғри сўзлади, унинг ўрнини жаннатдан тўшаб, унга жаннат кийимини кийдиринглар ва жаннат томон эшик очинглар!, — деб нидо қилади. Натижада, унга жаннатнинг роҳатлари ва хушбўйларидан келтирилади. Унинг қабрини эса, кўзи илғайдиган миқдорда кенгайтирилади» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилдилар).
Охиратга иймон келтиришнинг улкан самаралари бор. Улардан:
Биринчиси: охиратда бериладиган савоб умидида тоат ибодатга рағбат ва жидди жаҳд қилиш.
Иккинчиси: охират жазосидан хавф қилиб, гуноҳларни қилмаслик ёки гуноҳга рози бўлишдан қўрқиш.
Учинчиси: бу дунёда эриша олмаган неъматлар эвазига охират неъматлари ва савобларини умид қилиш билан мўъминнинг хотиржам бўлиши.
Кофирлар «мумкин эмас» деган гумон билан, ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор этдилар. Бу гумоннинг ботил эканига шаръий, ҳиссий ва ақлий далиллар бор:
1) Шаръий далиллар:
Аллоҳ таоло деди:
«Кофир бўлган кимсалар (ўлгандан сўнг) қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Уларга) айтинг: «Йўқ Раббимга қасамки, албатта қайта тириласизлар, сўнгра сизга қилган амалларингиздан хабар берилади. Бу Аллоҳга осондир» (Тағобун: 7).
Самовий китобларнинг барчаси қайта тирилиш ҳақ ва рост эканига иттифоқ бўлгандир.
2) Ҳиссий далиллар:
Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам ўликларни қайта тирилтиришни бандаларга кўрсатди. «Бақара» сурасида бунинг бешта мисоли бор.
Биринчи мисол: Мусо алайҳис-саломга қавми: «Аллоҳ таолони аниқ кўрмагунимизча сенга иймон келтирмаймиз» – деб айтганларида, Аллоҳ таоло уларни ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди. Аллоҳ таоло бу ҳақда Бани Исроилга хитоб қилиб деди:
«Эй бани Исроил, эсланг: «Эй Мусо, Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча ҳаргиз сенга ишонмаймиз», дейишингиз билан қараб турган ҳолингизда сизларни чақмоқ урди. Сўнгра шукр қилишингиз учун ўлганингиздан кейин тирилтирдик.» (Бақара: 55-56).
Иккинчи мисол: бани Исроил ўзаро тортишиб қолишгани ва қотиллик сабабли ўлдирилган ўлик қиссаси.
Аллоҳ таоло бани Исроилни сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни уришга буюриб, шундагина ўлик тирилиб, қотилни айтиб беришидан хабар берди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:
«Эсланг (эй бани Исроил), бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг қотили ким экани ҳақида жанжаллашиб қолганингизда — ҳолбуки, Аллоҳ яширган нарсаларингизни юзага чиқарувчидир — «уни (ўлдирилганни) сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар», дегандик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга фикр қилишингиз учун ўз оятларини кўрсатади.» (Бақара: 72-73).
Учинчи мисол: Аллоҳ таоло ўз диёрларидан ўлимдан қочиб чиққан минглаб кишиларни ўлдириб, сўнгра тирилтиргани ҳақидаги қисса.
Аллоҳ таоло деди: «Ўлимдан қочиб, диёрларидан чиққан мингларча кишининг ҳоли-хабарларини билмадингизми! Аллоҳ уларга ўлинглар, деди, сўнгра уларни (ўлганларидан кейин) қайта тирилтирди. Аллоҳ одамларга фазлу карам қилувчидир, лекин жуда кўп одамлар шукр қилмайдилар» (Бақара: 243).
Тўртинчи мисол: хароб бўлган қишлоқдан ўтиб, Аллоҳ таолонинг бу қишлоқни қайта чиройли (файзли) қила олишига шубҳа қилган, натижада, Аллоҳ таоло уни ўлдириб, юз йил ўтгандан сўнг қайта тирилтирган инсон қиссаси.
Аллоҳ таоло деди: «Ёки бир киши ҳақидаги масални (билмадингизмики), у киши томлари йиқилиб ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ бу хароб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб сўради: «Қанча муддат турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара — бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят — ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин. Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: «Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан», деди. » (Бақара: 259).
Бешинчи мисол: Иброҳим алайҳис-салом қиссаси.
Иброҳим алайҳис-салом Аллоҳ таолодан ўликларни қайта тирилтириши ҳақида сўради. Аллоҳ таоло тўртта қушни сўйиб, майдалаб, бир – бирига аралаштириб сўнгра уларнинг бўлакларини атрофдаги тоғларга тарқатишга, сўнгра эса, уларни чақиришга буюрди. Уларни чақирганда бўлаклар бир-бирига бирикиб, Иброҳим алайҳис-саломнинг олдиларига югуриб келди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деди:
«Эсланг (эй Муҳаммад), Иброҳим: «Роббим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат», деганида, Аллоҳ: «Ишонмайсанми?» — деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, ишонаманку, лекин дилим яна ҳам таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўртта қушни олиб, ўзингга бургин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб, узиб, сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофдаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, дарҳол келадилар. Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз қудратли ва ҳикматлидир».» (Бақара: 260).
Ушбу ҳиссий-воқеъий мисоллар ўликларни тирилтириш имкониятларини кўрсатиб турибди. Зеро, юқорида Аллоҳ таолонинг изни билан ўликларнинг тирилиши ва уларнинг қабрдан чиқарилишидаги Аллоҳ таолонинг бир мўъжизасига ишора қилиб ўтилди.
Ўлганларни тирилтириш ҳақиқат эканига ақлий далиллар.
Ақл ўликларни тирилтириш ҳақ эканига икки томонлама далолат қилади:
Биринчидан: Аллоҳ таоло Ер, Осмонлар ва уларнинг ўртасидаги нарсаларни биринчи мартада яратган экан, уларни яна қайта яратишга, албатта қодирдир. Аллоҳ таоло деди:
«У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир.» (Рум: 27);
«… биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз. » (Анбиё: 104).
Аллоҳ таоло чириган суякларни тирилтиришини инкор қилган кимсаларга раддия бериб деди:
«Айтинг: «У (чириган суякларни) дастлаб пайдо қилган зотнинг ўзи қайта тирилтиради. У ҳамма халқларни яхши билгувчи зотдир» (Ёсин: 79).
Иккинчидан: майса ва дарахтлари бўлмаган бўз ер ёмгир ёғиши билан ҳаракатланади ва одамлар учун қувонч бўлиб, тирик — ям-яшил тусни олади. Ерни ўлганидан сўнг тирилтира оладиган Зот ўликларни қайта тирилтиришга албатта қодирдир. Аллоҳ таоло деди:
«Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) сиз ерни қуп – қуруқ ҳолда кўришингиздир. Бас қачон Биз унинг устига сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келар ва униб-ўсар. Албатта ўша ерни тирилтирган зот ўликларни ҳам тирилтира олувчидир. Зеро У барча ишга қодирдир. » (Фуссилат: 39);
«Биз осмондан баракотли сув — ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олинувчи дон-дунларни ҳамда терилган (мевали) бошлари бўлган баланд хурмоларни ундириб-ўстирдик. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у (сув) ёрдамида ўлик шаҳарни — ерни тирилтирдик. (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур.» (Қоф: 9-11).
Адашган баъзи қавмлар қабр азоби ва неъматларини: «Бу вокеъга мухолиф бўлгани учун мумкин эмас. Чунки, қабрни очиб кўрилса, ўлик ўзининг аввалги ҳолатида турибди. Қабр эса на кенгайибди ва на торайибди» деб гумон қилишиб, инкор этадилар. Бу гумон шаръий, ҳиссий ва ақлий далиллар билан ботилдир.
Шаръий далиллар:
Қабр азоби ва неъматларига далолат қиладиган насслар (оят ва ҳадислар) охиратга иймон келтиришга қўшимча бўлган нарсаларни «б» бандида айтиб ўтилди.
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинанинг баъзи бўстонларига чиқиб, қабрларида азобланаётган икки одамнинг овозини эшитдилар… ва: «Уларнинг бири ўз сийдигидан сақланмас, иккинчиси эса чақимчилик қилар эди» — дедилар».
Ҳиссий далиллар:
Уйқудаги одам тушида воқеъга мутаносиб нарсаларни кўради. Ҳатто, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳам ўз сифатлари билан кўриши мумкин. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўрган киши у зотни айнан кўрган бўлади. Шундай бўлсада, ухлаётган одам кўрган нарсасидан жуда олисда, ўз хонасида кўрпасига ўраниб ётган бўлади. Бундай ишлар дунё ишларида мумкин бўлар экан, охират ишларида қандай мумкин бўлмасин?!
Аммо юқоридаги одамларнинг: «Қабрни очиб кўрилса, ўлик ўзининг аввалги ҳолатида турибди. Қабр на кенгайибди ва на торайибди» деган гумонларига бир неча хил жавоб бериш мумкин.
Биринчи жавоб:
Шариат олиб келган хабарларга бундай ғализ шубҳалар билан қараш мумкин эмас. Агар ушбу сўзларни айтаётган кимсалар шариат олиб келган нарсалар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрсалар эди, ушбу хабарларнинг ботил эканини ўзлари ҳам билиб олар эдилар. Бир шоир қуйидаги шеърларни айтиб тўғри сўзлаган, маъноси:
«Тўғри сўзни сўзлаган қанча-қанча одам борки, унинг офати нотўғри тушунишдадир».
Иккинчи жавоб:
Барзах ҳаёти ҳиссиёт аъзолари идрок эта олмайдиган ғайб ишларидандир. Агар уни ҳиссиёт аъзолари идрок эта олганда эди, ғайбга иймон келтиришни фойдаси йўқолар ҳамда ғайбга иймон келтирган ва иймон келтирмаган кимсалар баробар бўлар эдилар.
Учинчи жавоб:
Қийноқ, неъматлар, қабрнинг кенглиги ва торлигини бошқалар эмас, маййитнинг ўзи ҳис қилади. Ҳолбуки, уйқудаги одам тушида ўзининг тор ва қўрқинчли жойда ёки кенг ва роҳатбахш ўринда эканини кўради. Худди шу пайтда бошқаларга нисбатан унинг ўз хонаси ва кўрпасидаги ухлаб ётиши ўзгармайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан турганларида ваҳий нозил бўлар, буни саҳобалар эшитмас, фаришта баъзида инсон шаклида намоён бўлиб сўзлар, саҳобалар уни на кўришар ва на эшитишар эди.
Тўртинчи жавоб:
Махлуқотларнинг идрок этиши Аллоҳ таоло берган имкон билан чекланган. Улар барча мавжудотларни идрок этиш имкониятига эга эмаслар. Шунинг учун ҳам, етти қават Осмон, Ер ва улар ўртасидаги барча нарсалар Аллоҳ таолога ҳамду тасбиҳлар айтадиларки, Аллоҳ таоло буни гоҳо ўзи хоҳлаган бандасига эшиттиради. Шундай бўлса-да, бу нарсалар биздан пардаланган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:
«Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишлари-ни — поклашларини англамассизлар. » (Исро: 44).
Жин ва шайтонлар Ер юзида юрадилар, бироқ биз уларни хис этмаймиз. Уларнинг бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, Қуръон тиловатини сукут сақлаб эшитдилар ва ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар. Аллоҳ таоло бу тўғрида шундай деди:
«Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Чунки у ва унинг малайлари сизларни ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб турадилар (яъни қандай алдашганини сезмай қолишингиз мумкин). Албатта Биз шайтонни иймонсиз кимсаларга дўст қилиб қўйганмиз.» (Аъроф: 27).
Демак, махлуқотлар, модомики, барча нарсаларни идрок эта олмасалар-да, далиллар билан собит бўлган ғайб ишларини инкор этишлари мумкин эмасдир.
Қадар (тақдирга) иймон келтириш
Қадар — Аллоҳ таолонинг нарсаларни бўлишидан аввал билиши ва Ўз ҳикмати тақозосига мутаносиб ўлароқ, бутун Коинот учун қўйган ўлчовидир.
Қадарга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади.
Биринчи: Аллоҳ таоло барча нарсаларни улар хоҳ Ўзининг, хоҳ бандаларнинг ишларига тааллуқли бўлсин, азалий ва абадий, умумий ва батафсил суратда билган эканига ишониш.
Иккинчи: Аллоҳ таоло барча нарсани «Лавҳул-Маҳфуз»га ёзиб қўйган эканига ишониш.
Аллоҳ таоло бу икки нарса ҳақида шундай деди:
«(Эй Муҳаммад), сиз Аллоҳ осмон ва ердаги бор нарсани билишини билмадингизми?! Албатта, бу Китобда (яъни Лавҳул-маҳфузда ёзиб қўйилгандир). Албатта, бу Аллоҳга осондир.» (Хаж: 70).
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «У киши деди: мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «(Аллоҳ таоло) махлуқотларнинг тақдирини Ер ва Осмонни яратишдан эллик минг йил аввал ёзиб қўйган» – деб айтганларини эшитдим».
Учинчи: Барча нарсалар, улар хоҳ Аллоҳ таолонинг ишларига, хоҳ махлуқотларнинг ишларига тааллуқли бўлсин, Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлишига ишониш.
Аллоҳ таоло деди:
«…Ва Раббингиз хоҳлаган ва ихтиёр қилган нарсасини ярата олади» (Қасас: 68);
«Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасини қилади». (Иброҳим: 27);
«У сизларга оналарингиз қорнида қандай хоҳласа шундай сурат беради» (Оли Имрон: 6);
Аллоҳ таоло бандаларнинг ишларига тааллуқли нарсалар ҳақида шундай деди:
«Агар Аллоҳ хоҳласа, уларни сизларнинг устингиздан ҳукмрон қилар ва улар сизларга қарши уруш қилар эдилар» (Нисо: 90);
«Агар Аллоҳ хоҳласа, улар бундай қилмас эдилар. Уларнинг тўқиган уйдирмалари билан қўйиб қўйинг» (Анъом: 137).
Тўртинчи: барча мавжудотлар ўз зоти, сифатлари ва ҳаракатлари билан Аллоҳ таолонинг махлуқотларидир. Аллоҳ таоло деди:
«Аллоҳ таоло барча нарсанинг яратувчисидир, ҳолбуки У барча нарсага вакилдир» (Зумар: 62);
«У — … барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир.». (Фурқон: 2);
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломнинг ўз қавмига айтган сўзларини келтиради:
«Ҳолбуки сизларни ҳам, қилаётган амалларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» (Соффат: 96).
Юқорида айтиб ўтганимиздек, тақдирга иймон келтириш банданинг ишларидаги ихтиёри, хоҳиши ёки қудрати бор эканини инкор этмайди. Чунки, шариат ва воқеълик бунинг исботига далолат қилади.
Шариатнинг далолати:
«Ким хоҳласа ўз Робби томон қайтадиган йўлни тутади. » (Набаъ:39);
«Хотинларингиз зироатгоҳингиздир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг» (Бақара: 223).
Қудрат ҳақида эса, Аллоҳ таоло шундай деди:
«Кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар » (Тағобун: 16);
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир.» (Бақара: 286).
Воқеъликнинг далолати:
Ҳар бир инсон ўзининг хоҳиши билан рўй бераётган бир ишни қилиш ёки қилмаслик, ўтириш, юриш каби ҳаракатлар билан, титроқ сингари ўз хоҳишидан ташқари бўлган нарсалар ўртасини фарқлай оладиган хоҳиш ва қудрати бор эканини билади.
Бироқ, банданинг хоҳиш ва қудрати Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва қудрати билан содир бўлади.
Аллоҳ таоло деди:
«……Сизлардан тўғри йўлда бўлишни хоҳлаган кишиларга эслатмадир. Сизлар бутун оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина хоҳларсизлар». (Таквир: 28,29).
Чунки, барча Коинот Аллоҳ таолонинг мулки бўлиб, Унинг мулкида Унинг илми ва хоҳишисиз бирон нарса содир бўлмайди. Биз тақдирни тавсиф этганимиздек иймон келтириш бандага зиммасидаги масъулият ва тоат ибодатларни тарк қилишга ёки гуноҳларни қилишга ҳужжат бўлмайди.
Биринчидан: Аллоҳ таоло деди:
«Ҳали мушрик бўлган кимсалар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам на мушрик бўлган ва на бирон нарсани ҳаром қилиб олган бўлур эдик», дедилар. Улардан аввалгилари ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини) мана шундай ёлғончи қилганлар. Айтинг (эй Муҳаммад): «Ҳузурингизда бизга кўрсатадиган (айтаётган сўзларингизни тасдиқловчи) бирон ҳужжатингиз борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз!» (Анъом: 148).
Уларнинг тақдир билан ҳужжат келтиришлари тўғри бўлса эди, Аллоҳ таоло уларга балосини тоттирмаган бўлар эди.
Иккинчидан: Аллоҳ таоло деди:
«Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик.Аллоҳ таоло Азиз ва Ҳаким зотдир» (Нисо: 165).
Агар тақдир Аллоҳ таолонинг ҳукмига мухолиф бўлган кимсалар учун ҳужжат бўлса эди, пайғамбарларни юбориш билан рад қилинмаган бўларди. Зеро, пайғамбар юборилганидан сўнг мухолиф бўлиш ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири билан содир бўлади.
Учинчидан: Имом Бухорий ва Имом Муслим Алий ибн Аби Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар: У деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан ҳар бирингизнинг жаҳаннам ёки жаннатдаги жойи тақдирда ёзиб қўйилган», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни тиловат қилдилар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидан закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса…». (Бу Бухорий ривояти. Муслим ривоятида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир киши ўзи яратилган нарса учун муяссар қилинади»– дедилар).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам амал қилишга буюриб, тақдирга суянишдан қайтардилар. Чунки тақдирда нима ёзилганини билмаймиз.
Тўртинчидан: Аллоҳ таоло бандани баъзи нарсаларни қилиш ва баъзи нарсаларни қилмасликка ҳамда уни қодир бўла оладиган нарсаларгагина буюрди. Аллоҳ таоло деди:
«Кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар!» (Тағобун:16);
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. » (Бақара:286).
Агар банда Аллоҳ таоло томонидан бирон ишни қилишга мажбур қилинса эди, унда тоқат қила олмайдиган нарсаларга таклиф қилинган ва ундан халос бўла олмаган бўлар эди. Бу (тоқатидан ташқари нарсага мажбуран буюрилиши) – ботил ишдир. Шунинг учун ҳам, билмасдан ёки унутиб ёки зўрлаш оқибатида содир этган гуноҳидан банда масъул эмасдир.
Бешинчидан: Аллоҳ таолонинг тақдири махфий сир бўлиб, тақдирдаги нарса содир бўлганидагина ошкор бўлади. Банданинг қилмоқчи бўлган нарсасини хоҳлаши, шу нарсани қилишдан олдин содир бўлади. Демак, унинг бир нарсани хоҳлаши, Аллоҳ таолонинг тақдирини билишликка асосланган эмас. Шундай экан, шахсни билмаган нарсасида ҳужжати бўлмагани учун, тақдирни ҳужжат қилиши бекор бўлади.
Олтинчидан: Биз инсоннинг ўзи ёқтирган дунё ишларига эришмагунича интилавериши, ёқтирмаган нарсаларига берилмаслиги ва бу берилмаслигига тақдирни ҳужжат қилмаётганини кўрамиз. Бунинг қаршисида у диний ишларда, ўзи учун фойдали бўлган нарсалардан зарарли нарсаларга қайрилиб, тақдирни ҳужжат қилади? У ва бу ҳолат бир хил эмасми?
Буни тушунтириш учун сизга бир мисол келтирамиз. Фараз қилингки, бир одамнинг олдида икки йўл бор. Йўлларнинг биринчиси бошбошдоқлик, қотиллик, обрўларни тўкиш, хатар ва очарчилик ҳукмрон бўлган шаҳарга, иккинчиси эса интизом, осудалик, фаровонлик, шахсларнинг обрўлари ва мол-мулкини ҳимоя қилиш ҳукмрон бўлган шаҳар томон олиб боради. Хўш, у қайси йўлдан боради? Шубҳасиз, у иккинчи йўлдан юради. Ақлли одамнинг эса, бош-бошдоқлик ва хавф-хатар бўлган шаҳар томон юриши ва бунга тақдирни ҳужжат қилиши мумкин эмас. Шундай экан, нима учун инсон, жаҳаннам йўлидан юради ва бу юришига тақдирни ҳужжат қилади?!
Иккинчи мисол: Бемор учун дори тайинланади-да, у уни хоҳламсада истеъмол қилади. Ва зарар қиладиган таомлар тақиқланади-да, у уларни хоҳласада истеъмол қилмайди. Зеро, бу ишларнинг барчаси шифо топиш ва соғлик илинжидадир. Унинг тақдирни ҳужжат қилиб, дорини истеъмол қилишдан бош тортиши ёки зарар қиладиган таомни истеъмол қилиши мумкин эмас.
Шундай экан, нега инсон тақдирни ҳужжат қилиб, Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган нарсаларни тарк қилади ёки Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаган ишларни қилади?!
Еттинчидан: Аллоҳ таоло буюрган ибодатларни қилмаслиги ёки таъқиқлаган ишларни қилишга тақдирни ҳужжат қилаётган кишига бирор киши тажовуз қилиб, унинг мол-мулкини тортиб олиб, обрўларини тўкиб: «Мени маломат қилма! Менинг тажовузим Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлди» деса, у бу ҳужжатни қабул қилмайди. Шундай экан, яъни, тақдирни ҳужжат қилиб бировнинг ўзига тажовуз қилишини қабул қилмас экан, банда қандай қилиб тақдирни ўзи учун Аллоҳ таолонинг ҳаққига тажовуз қилишида ҳужжат қилади?!
Ривоят қилинадики, амирул-мўъминийн Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурига ўғрилик қилган бир кишини олиб келдилар. Амирул-мўъминийн унинг қўлини кесишга ҳукм қилдилар. Жиноятчи: «Эй амирул-мўъминийн, шошилманг, ахир мен Аллоҳ таолонинг тақдири билан ўғирладим-ку!», деганида Умар разияллоҳу анҳу унга жавобан: «Биз ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири билан (қўлингни) кесамиз» – дедилар.
Тақдирга иймон келтиришни улкан самаралари бор. Улардан:
Биринчи: сабабларни қилиш пайтида сабабларга эмас, балки, Аллоҳ таолонинг ўзигагина суяниш. Чунки, барча нарса Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлади.
Иккинчи: тақдирга иймон келтирган шахс ўз мақсадига эришгач мағрурланмайди. Чунки, бу эришиш Аллоҳ таолонинг тақдир қилиб қўйган яхшилик ва муваффақият сабаблари билан берган неъматидир. Инсоннинг ўзи билан мағрурланиши эса, ушбу неъматга бўлган шукронани унуттиради.
Учинчи: хотиржамлик Аллоҳ таолонинг жорий бўлган тақдиридан руҳининг лаззат олиши, бунинг натижасида эса инсон севимли нарсага эриша олмагани ёки ёқтирмаган нарсани содир бўлиши билан безовталанмайди. Чунки, бу – Ер ва Осмонлар мулки қўлида бўлган Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлган ва бўлиши муқаррар эди. Аллоҳ таоло бу хақда шундай деди:
«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта бу Аллоҳга осондир. Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар. Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас». (Ҳадид: 22-23).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўъминниг иши жуда ажойиб. Унинг барча иши яхшидир. Бу фақат мўъмин учунгинадир. Агар унга яхшилик етса шукр қилади. Бу унинг учун яхшидир. Агар унга зарар етса, сабр қилади. Бу унинг учун яхшидир» (Муслим ривояти).
Тақдир бобида икки тоифа адашди:
Биринчи тоифа — жабрийялар. Улар: «Инсон ўз амалларини қилишда мажбурланган бўлиб, унинг ўз ишларида хоҳиш ва қудрати йўқ»- деб айтадилар.
Иккинчи тоифа — қадарийялардир. Улар: «Инсон ўз амалини қилишда хоҳиш ва қудрат билан мустақилдир. Унинг амалида Аллоҳ таолонинг хоҳиш ва қудратининг асари ҳам йўқдир»- деб айтадилар.
Биринчи тоифа — жабрийяларга шариат ва вокеълик билан раддия берамиз.
Шариат билан раддия шуки, Аллоҳ таоло банда учун ирода ҳамда хоҳишни исбот этиб, унга амал қилишни ҳам қўшиб қўйди. Аллоҳ таоло деди:
«Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди.» (Оли Имрон: 152);
«Айтинг: Хақиқат Раббингиз тарафидандир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин. Биз золимлар учун дўзахни тайёрлаб қўйдик-ки, унинг алангалари золимларни қамраб олади» (Каҳф: 29);
«Ким бирон яхши амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса, ўз зиёнига қилур. Роббингиз бандаларига зулм қилувчи эмасдир.» (Фуссилат: 46).
Воқеълик билан раддия шуки, ҳар бир инсон ўз хоҳиши билан қилаётган ейиш, ичиш, савдо-сотиқ сингари ихтиёрий ишлари билан, ихтиёрдан ташқари ҳароратининг кўтарилиши, титроқ ва баландликдан йиқилиб тушиш сингари содир бўлган ишларнинг ўртасини фарқлай олади. Яъни, у биринчи ҳолатда мажбурсиз, ўз ихтиёри билан ҳаракат содир этган, иккинчи ҳолатда эса содир бўлган нарса унинг хоҳишисиз ва ихтиёрисиз бўлган.
Иккинчи тоифа қадарийяларга ҳам шариат ва ақл билан раддия берамиз.
Шариат билан раддиямиз шуки, Аллоҳ таоло барча нарсаларнинг Яратувчисидир. Ҳар бир нарса Унинг хоҳиши билан вужудга келади. Аллоҳ таоло ўзининг Китобида бандаларнинг амаллари ҳам Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан содир бўлишини баён қилиб, шундай деди:
«Агар Аллоҳ хоҳлаганда у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ҳужжатлар келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўминлар ҳам бор, кофирлар ҳам. Агар Аллоҳ хоҳлаганда уришишмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилади. » (Бақара:253);
«Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу сўз ҳақ-собит бўлгандир: «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва (динсиз) одамларнинг барчаси билан тўлдирурман». » (Сажда: 13).
Ақл билан раддиямиз эса, бутун Борлиқ Аллоҳ таолонинг мулкидир. Инсон эса шу борлиқнинг бир қисмидир. Демак, у ҳам Аллоҳ таолонинг мулкидир. Зотан, қул хожасининг мулкида хожанинг изни ва хоҳиши билангина тасарруф қилиши мумкин.
Ислом ақидасининг мақсадлари
«Мақсад» сўзининг мазмуни кўп бўлиб, шулардан бири: «интилиш учун қўйилган ғоя ва қасд қилинган барча нарсадир».
Ислом эътиқодининг мақсад ва буюк ғоялари шу эътиқодни қабул қилишга асосланади. Бу ғоя ва мақсадлар кўп ва хилма-хил бўлиб, уларнинг баъзилари қуйидагилардир:
Биринчи: ният ва ибодатни Аллоҳ таоло учун холис қилиш.
Чунки, Аллоҳ таоло шериги бўлмаган яратувчи-Холиқдир. Демак, қасд ва ибодат Аллоҳ таолонинг Ўзи учунгина бўлиши фарздир.
Иккинчи: ақл ва фикрни, қалбнинг шу эътиқоддан холи эканидан вужудга келадиган бошбошдоқлик гирдобида сарсон бўлиб тентирашидан озод қилиш.
Чунки, бу эътиқоддан қалби бўш кимса, қалби барча эътиқодлардан холи ва фақатгина ҳиссий моддага ибодат қилган, ёки эътиқодлар ва хурофотларнинг залолат биёбонида дарбадар юрган бўлади.
Учинчи : фикрий ва руҳий роҳат.
Бунинг натижаси эса, инсон руҳиятда безовта, фикрлашда беқарор бўлмайди. Чунки, бу эътиқод мўъминни ўз Холиқига боғлайди. Бунинг оқибатида мўъмин киши Аллоҳ таолонинг бошқарувчи Раб, қонун чиқарувчи Ҳоким, деб рози бўлади-да, унинг қалби Аллоҳ таолонинг тақдиридан қониқиш ҳосил қилади. Дили Ислом учун кенг бўлади-да, унинг ўрнига бадал изламайди.
Тўртинчи: Аллоҳ таолога ибодат қилиш ёки халқлар билан муомала қилишда мақсад ва амалнинг хурофотдан саломат бўлиши.
Чунки, мақсад ва амалнинг асоси — йўлларига эргашганлар учун соғлом мақсад ва соғлом амални кафолатловчи пайғамбарларга иймон келтиришдир.
Бешинчи: ишлардаги қатъийлик ва жиддийлик. Мўъмин савоб умидида солиҳ амалларни қилиш учун ҳар бир фурсатни ғанимат билади ҳамда гуноҳ содир этилаётган ўринлардан жазодан қўрқиб узоқ бўлади.
Чунки, буларнинг асоси – қайта тирилиш ва амалларга лойиқ мукофот берилишига иймон келтирилишидир. Аллоҳ таоло деди:
«Ҳар ким учун қилган амалларидан даражот-савоблар бор. Роббингиз уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир.» (Анъом:132).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ғояга қуйидаги сўзлари билан рағбатлантирдилар: «Кучли мўъмин заиф мўъминдан кўра яхшироқдир ва Аллоҳга севимлироқдир. Уларнинг ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Ўзингизга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўлинг ва Аллоҳ таолодан ёрдам сўранг, ожизлик килманг! Агар бирор мусибат етса: «Агар ундай қилсам, бундай бўлар эди»- деб айтманг. Чунки, «агар» сўзи шайтоннинг амал (йўл)ларини очиб беради» ( Имом Муслим ривояти).
Олтинчи: ўз динини ўрнатиш ва дин устунларини мустаҳкамлаш учун ўзидаги қадр-қимматли бўлган барча нарсаларни фидо этадиган ва бунинг йўлида етадиган мусибатларга эътибор бермайдиган қудратли умматни вужудга келтириш.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деди:
«Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир» (Ҳужурот: 15).
Еттинчи: шахс ва жамоаларни ислоҳ қилиш билан дунё ва охират бахт-саодатига ҳамда Аллоҳ таолонинг ажр ва савобларига эришиш.
Аллоҳ таоло деди:
«Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўъмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, Биз унга покиза хаёт насиб этамиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган энг гўзал амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97).
Бу санаб ўтганларимиз, Ислом эътиқодининг мақсад ва ғояларининг баъзилари, холос.
Биз бу мақсадларни ўзимиз ва барча мусулмонлар учун рўёбга чиқаришини Аллоҳ таолодан тилаб қоламиз.
* * *