«Ҳиснул муслим» шарҳи (15): Зикрнинг фазилати (3)

    Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши: “Ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, менга Ислом аҳкомлари кўпайиб кетди. Сиз менга бирор амални ўргатинг, мен унга қаттиқ амал қилайин!” деди. Шунда у зот: “Тилинг Аллоҳнинг зикридан бўшамасин!” дедилар”[1].

    “Ислом аҳкомлари” – намоз, закот, ҳаж, рўза, жиҳод ва булардан бошқа бадан ва молга оид амаллар. Шунингдек, ҳаромдан сақланиш ҳамда жазо ва каффорат тайинланган жиноятлардан тийилиш ва ҳоказо Ислом динида жорий қилинган амаллар шулар жумласидан. Саҳобий: “Мазкур амаллар менга нисбатан кўпайиб кетди ва уларнинг барчасини баражаришга кучим етмайди”, демоқда.

    “Сиз менга бирор амални ўргатинг”. Яъни, шариатимизда буюрилган амалларнинг барчасини тўла-тўкис адо этишга ва уларнинг ҳаммасини қолдирмай давомий кўринишда бажаришга кучим етмайди. Бинобарин, уни маҳкам ушлаб амал қиладиган, охират тарозисида оғир, бажариш осон бир амални менга айтинг. Шояд у сабабли (охиратда) нажот топсам.

    Мен унга қаттиқ амал қилайин”. Яъни у амални маҳкам ушлаб, ҳечам ташламай амал қилайин.

    Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким Аллоҳнинг китобидан (Қуръондан)  бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана – яъни битта савоб берилади. Бир ҳасана ўн баробарича кўпайтирилади. Мен алиф, лом, мим бир ҳарф, демайман. Балки алиф ўзи бир ҳарф, лом бир ҳарф, мим ҳам бир ҳарфдир![2]

    Ҳадисни Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилган.

    Ким Аллоҳнинг китобидан (Қуръондан) бир ҳарф ўқиса”, қандай ҳарф бўлишидан қатъи назар “унга бир ҳасана – яъни битта савоб берилади. Битта ҳасана эса, ўн баробарича кўпайтирилади”, яъни битта савоб ўнлаб баробар кўпайтириб берилади.

    Мен алиф, лом, мим бир ҳарф демайман”. Бу ерда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфи учун савоб берилишини баён қилмоқдалар ва таъкидламоқдалар. Айрим сураларнинг бошида келган “алиф лом мим” ҳарфларини баъзи инсонлар битта ҳарф деб ўйлаб қолмаслиги учун алифнинг ўзи битта ҳарф ва уни ўқиганга ўнта савоб, лом битта ҳарф ва уни ўқиганга ўнта савоб, мим ҳам алоҳида битта ҳарф ва уни ўқиганга ўнта савоб берилишини айтдилар.

    Мазкур ҳадисда Пайғамбаримиз савоби бир неча баробар кўпайтирилиб бериладиган энг буюк зикр бўлмиш Қуръон каримни кўп тиловат қилишга – ўқишга тарғиб қилмоқдалар.

    Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни биз суффада ўтирган эдик, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан чиқиб келиб, бундай дедилар: “Қайси бирингиз ҳар куни Бутҳон ёки Ақийққа бориб, маъсиятга қўл урмаган ва қариндош-уруғчиликни ҳам узмаган ҳолда у ердан ўркачлари катта-катта иккитадан туя олиб келишни ҳоҳлайди?» дедилар. “Ҳаммамиз ҳоҳлаймиз!”, дедик. Шунда у зот айтдилар: “Бирингиз масжидга бориб, Аллоҳнинг китобидан икки оят ўрганмайдими? Ёки ўқимайдими? Бу унинг учун икки туядан афзалдир. Уч оят эса учта туядан яхшидир. Тўртаси, тўрт туядан, ва ҳоказо[3].

    “Бир куни биз суффада ўтирган эдик”. Суффа – Масжиди Набавийнинг орқа тарафида ўйи ва борар жойи йўқ одамлар учун тайёрланган бошпана.

    Қайси бирингиз ҳар куни”, яъни ҳар куни эрталаб.

    Бутҳон” – Мадинаи мунавварада жойлашган водийнинг номи. Бу водий кенг ва бепоён бўлгани боис “бутҳон” деб номланган. Чунки араб тилида “батҳ” сўзи кенгликни билдиради.

    Ақийқ” – баъзи уламолар айтишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда Ақийқи асғар (кичик ақийқ)ни назарда тутганлар. У Мадинаи мунавварадан уч ё икки мил узоқликда жойлашган.

    Бутҳон ёки Ақийққа бориб” – “ёки” деган сўзни ҳадис ровийларидан бири иккилангани учун айтган ёки Пайғамбаримиз турли ерларни мисол тарзида келтириб ўтган бўлишлари мумкин. Чунки Бутҳон ва Ақийқ Мадинага энг яқин туя бозори ҳисобланади.

    …ўркачлари катта-катта бўлган” – улар араблар орасида энг яхши (қимматбаҳо)  туялар саналган.

    …маъсиятга қўл урмаган”, яъни бировники ўғирламаган ва тортиб олмаган ҳолда.

    қариндош-уруғчиликни ҳам узмаган”, яъни қариндош-уруғчиликни узишни тақазо этадиган амални қилмаган ҳолда.

    …ва ҳоказо”, яъни қанча оят ўқисангиз, бу амалингиз шунча ададда туяга эга бўлишингиздан яхшироқ.

    Хулоса шуки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда саҳобаларни Қуръон ўқишга қизиқтиришни ҳамда дунё ва унинг матоҳидан юз ўгиришга рағбатлантиришни ирода қилганлар.

    [1] Термизий (3375) ва Ибн Можа (3793) ривояти. Қаранг: “Саҳиҳи Термизий” (3/139) ва “Саҳиҳи Ибн Можа” (2/317). (Қ).
    [2] Термизий ривояти, 2910. Қаранг: “Саҳиҳи Термизий”, 3/9 ва “Саҳиҳи ал-жомеъ ас-сағир”, 5/340 (6469). (Қ).
    [3] Муслим ривояти, 803-ҳадис. (1/553). (Қ).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962