Бизга боғланинг
«Ҳиснул муслим» шарҳи (18): Уйқудан уйғонганда айтиладиган дуолар (2)
3 – [الحمد لله الذي عافاني في جسدي ورد علي روحي وأذن لي بذكره]
“Менинг жисмимга офият ато этган, менга руҳимни қайтарган ва менга Ўзини зикр қилишга изн берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”[1].
Изоҳ: Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейди: “Албатта бу дуо остида бўйинсуниш фақатгина Аллоҳ учун ва ўлдириш ҳамда қайта тирилтириш амали ҳам унинг ўзига хос, деб эътироф қилиш маънолари бор. Ва дуоларни бошга бирор мусибат тушгандагина ўқиш керак, деган гумонлар мутлақо нотўғри эканлигини ҳам ифодалайди.
“Менинг жисмимга офият ато этган”. Офият – Аллоҳ таоло бандага келаётган бало ва мусибатларни қайтаришидир. Масалан, уни турли зараркунанда ва заҳарли ҳашоратлардан ҳамда кечаси юз берадиган нохуш ҳодисалардан сақлаши. Шунингдек, уйқудан соғ-саломат турғизгани учун Унга ҳамд айтади.
“…менга руҳимни қайтарган”. Аллоҳ таоло бандалар руҳини қайтариш сифатига эга экани билан У зотни васфлайди. Чунки мазкур ҳолатда Аллоҳнинг ушбу сифатини зикр қилиш ўта муносибдир.
“…менга Ўзини зикр қилишга изн берган…”. Яъни менга Уни зикр қилишни енгиллатиб ва осонлаштириб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
4 – ﴿إِنَّ في خَلقِ السَّماواتِ وَالأَرضِ وَاختِلافِ اللَّيلِ وَالنَّهارِ لَآياتٍ لِأُولِي الأَلبابِ الَّذينَ يَذكُرونَ اللَّهَ قِيامًا وَقُعودًا وَعَلى جُنوبِهِم وَيَتَفَكَّرونَ في خَلقِ السَّماواتِ وَالأَرضِ رَبَّنا ما خَلَقتَ هذا باطِلًا سُبحانَكَ فَقِنا عَذابَ النّارِ رَبَّنا إِنَّكَ مَن تُدخِلِ النّارَ فَقَد أَخزَيتَهُ وَما لِلظّالِمينَ مِن أَنصارٍ رَبَّنا إِنَّنا سَمِعنا مُنادِيًا يُنادي لِلإيمانِ أَن آمِنوا بِرَبِّكُم فَآمَنّا رَبَّنا فَاغفِر لَنا ذُنوبَنا وَكَفِّر عَنّا سَيِّئَاتِنا وَتَوَفَّنا مَعَ الأَبرارِ رَبَّنا وَآتِنا ما وَعَدتَنا عَلى رُسُلِكَ وَلا تُخزِنا يَومَ القِيامَةِ إِنَّكَ لا تُخلِفُ الميعادَ فَاستَجابَ لَهُم رَبُّهُم أَنّي لا أُضيعُ عَمَلَ عامِلٍ مِنكُم مِن ذَكَرٍ أَو أُنثى بَعضُكُم مِن بَعضٍ فَالَّذينَ هاجَروا وَأُخرِجوا مِن دِيارِهِم وَأوذوا في سَبيلي وَقاتَلوا وَقُتِلوا لَأُكَفِّرَنَّ عَنهُم سَيِّئَاتِهِم وَلَأُدخِلَنَّهُم جَنّاتٍ تَجري مِن تَحتِهَا الأَنهارُ ثَوابًا مِن عِندِ اللَّهِ وَاللَّهُ عِندَهُ حُسنُ الثَّوابِ لا يَغُرَّنَّكَ تَقَلُّبُ الَّذينَ كَفَروا فِي البِلادِ مَتاعٌ قَليلٌ ثُمَّ مَأواهُم جَهَنَّمُ وَبِئسَ المِهادُ لكِنِ الَّذينَ اتَّقَوا رَبَّهُم لَهُم جَنّاتٌ تَجري مِن تَحتِهَا الأَنهارُ خالِدينَ فيها نُزُلًا مِن عِندِ اللَّهِ وَما عِندَ اللَّهِ خَيرٌ لِلأَبرارِ وَإِنَّ مِن أَهلِ الكِتابِ لَمَن يُؤمِنُ بِاللَّهِ وَما أُنزِلَ إِلَيكُم وَما أُنزِلَ إِلَيهِم خاشِعينَ لِلَّهِ لا يَشتَرونَ بِآياتِ اللَّهِ ثَمَنًا قَليلًا أُولئِكَ لَهُم أَجرُهُم عِندَ رَبِّهِم إِنَّ اللَّهَ سَريعُ الحِسابِ يا أَيُّهَا الَّذينَ آمَنُوا اصبِروا وَصابِروا وَرابِطوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُم تُفلِحونَ﴾ [آل عمران: ١٩٠-٢٠٠]
Бу оятлар Оли Имрон сурасининг охирги ўн ояти бўлиб, уларнинг маънолари қуйидагича:
190. «Осмонлар ва Ернинг яралишида, ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида, ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир. 191. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда, осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил! 192. Парвардигоро, албатта Сен кимни жаҳаннамга киритсанг, муҳаққақ уни расво қилурсан. Ва бундай золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир. 193. Парвардигоро, албатта биз: «Парвардигорингизга иймон келтирингиз!» — деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад алайҳис-саломнинг нидоларини) эшитдигу иймон келтирдик. Парвардигоро, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қил, қилган ёмонликларимизни (саҳифайи аъмолимиздан) ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга ўлдир! 194. Парвардигоро, бизларга пайғамбарларинг орқали ваъда қилган нарсаларингни (жаннат, мағфират, висолингдан баҳраманд этиш каби неъматларингни) ато қил ва бизларни Қиёмат Кунида расво қилмагил! Албатта, Сен ваъдангга хилоф қилмагайсан. 195. Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро бировингиз бировингиздандирсиз. (Яъни эркак аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган). Бас, ватанларидан ҳижрат қилган, диёрларидан қувилган, менинг йўлимда азиятлар чеккан ва (менинг йўлимда) жанг қилиб, қатл этилган зотларнинг қилган гуноҳларини ўчиргайман ва уларни Аллоҳ ҳузуридан савоб — мукофот қилиб тагларидан дарёлар оқиб турадиган боғларга киритурман. Ва энг гўзал савоб — мукофот Аллоҳнинг ҳузуридадир». 196. Сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари алдаб қўймасин! 197. (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай! Нақадар ёмон жой у! 198. Аммо Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун Аллоҳ ҳузуридан зиёфат бўлмиш — тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар бордирки, улар бу боғларда абадий қолажаклар. Яхшилар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарса (яъни савоб-ажр кофирларнинг муваққат кайф-сафоларидан) афзалроқдир. 199. Албатта аҳли китоб ичида Аллоҳга ҳамда сизларга нозил қилинган ва ўзларига нозил қилинган нарсаларга иймон келтирувчи, Аллоҳга итоат қилиб бош эгувчи, Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга сотиб юбормайдиган зотлар ҳам бор эканлиги аниқ-равшандир. Ана ўшалар учун Парвардигорлари ҳузурида ажру савоб бордир. Албатта Аллоҳ тезда ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир. 200. Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш — жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) ҳозир бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар«.
Ушбу оят Ибн Аббос ривоят қилган қуйидаги ҳадисда зикр қилинган.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари Маймунаникида – у унинг холаси эди – тунаб қолгани ҳақида хабар қилиб, айтади:
“Мен ёстиқнинг ён тарафига ёнбошладим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан у зотнинг аёллари унинг узунасига ёнбошладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ухладилар. Ниҳоят, кеча яримлаганда ёхуд ундан бир оз олдин ёки бир оз кейин у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйғондилар ва ўтириб, қўллари билан юзларини ишқалаб, уйқуларини очдилар. Кейин Оли Имрон сурасининг охирги ўн оятини ўқидилар. Кейин осиғлиқ эски меш томон бориб, ундан таҳорат олдилар. Гўзал (мукаммал) таҳорат олдилар. Кейин намоз ўқишга турдилар. Мен ҳам туриб, у зотнинг ишларини қайталадим. Кейин бориб, ёнларига турдим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўлларини бошимга қўйдилар ва ўнг қулоғимдан тутиб, уни ушлаб енгилгина бураб қўйдилар. Кейин икки ракаат, кейин икки ракаат, кейин икки ракаат, кейин икки ракаат, кейин икки ракаат, кейин яна икки ракаат намоз ўқидилар, сўнг витр ўқидилар. Кейин ҳузурларига муаззин келгунча ёнбошлаб ётдилар. Кейин туриб, енгилгина икки ракаат намоз ўқидилар. Сўнгра чиқиб, бомдод намозини ўқидилар”.
[1] Термизий (3401). Қаранг: “Саҳиҳи Термизий”, 3\144. (Қ).