Бизга боғланинг
«Ҳиснул муслим» шарҳи (3): Зикр ва дуога тааллуқли масалалар (2)
(Биринчиси: зикрнинг фойдалари. Давоми.)
Йигирма олтинчиси: Зикр қилувчи банда айтган зикри билан бахтли бўлади ва бирга ўтирган инсонни ҳам бахтли қилади. Бундай одам қаерда бўлмасин муборак (баракали) бўлади. Ғофил банда беҳуда сўзлар вайсаши ва ғофиллиги сабабли бахтсиз бўлади ва бирга ўтирган одамни ҳам бахтсиз қилади.
Йигирма еттинчиси: бандани қиёмат куни ҳасрат-надомат чекишидан сақлайди. Чунки банда қиёмат куни зикр қилмаган ҳар бир они учун ҳасрат-надомат чекади.
Йигирма саккизинчиси: холи қолганда Аллоҳни зикр қилиб (эслаб) йиғлаш барча одамзот тўпланадиган қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг арши соясида паналанишига сабаб бўлади. У куни барча одамлар қуёш оташи остида туришади. Уларни қуёш куйдириб турган пайтда зикр қилувчи банда Раҳмоннинг арши соясида туради.
Йигирма тўққизинчиси: зикр билан банд бўлиш Аллоҳ таоло унга сўраган нарсасининг энг яхшисини беришига сабаб бўлади.
Ўттизинчиси: зикр энг енгил, энг лаззатли ва энг афзал ибодатдир. Зеро, тилни қимирлатиш бошқа аъзоларни қимирлатишга қараганда анча енгил ва осон иш. Агар инсон танасидаги бошқа бирон аъзо тил қимирлаганчалик кўп қимирласа, бу аъзога жуда қийин бўларди, балки бунинг иложи йўқ.
Ўттиз биринчиси: зикр жаннат экинидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким “Субҳоналлоҳи ал-азийм ва биҳамдиҳ” (Улуғ Аллоҳни барча айбу нуқсондан поклайман ва Унга ҳамд айтаман) деса, жаннатда унга битта хурмо дарахти экилади”[1].
Ўттиз иккинчиси: зикрга бериладиган туҳфа (савоб) ва фазилат бошқа бирон амалга берилмаган.
Ўттиз учинчи: Мудом Аллоҳ таолони зикр қилиш бандани тилининг касофатидан сақлайди. Зеро, тил бандани дунё ва охиратда бахтсиз бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳни унутиш банда ўзини ва ўзига манфаатли ишларни унутишига олиб боради. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳни унутганлари сабабли уларга ўзларини унуттириб қўйган кимсалар каби бўлманглар. Ана ўшалар фосиқлардир”[2].
Ўттиз тўртинчи: зикр бандага тўшагида, бозорда, соғлом ва касал пайтида, роҳат-фароғат ҳолатида, ҳаётида, туришида, ўтиришида, ётишида, сафарида ва муқимлик пайтида ҳамроҳ бўлади. Ҳеч бир нарса зикрчалик барча вақт ва ҳолатларни қамрай олмайди.
Ўттиз бешинчи: зикр инсонга дунёда, қабрда ва охиратда нур бўлади. Сирот кўпригидан ўтишда олдини ёритиб, бирга юради. Шу сабабли Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Яратгандан нур ато этишини ўта қаттиқ сўрар эдилар. Ҳатто у зот гўшти, суяги, пайлари, соч ва туклари, қулоғи, кўзи, тепасию остида, ўнгу сўлида, ортию олдида нур ато этишини сўрар, ҳатто: “Менинг ўзимни нур қилгин”, дея зоҳирию ботинини нур қилишини ва барча томонидан нур ўраб туришини сўрар эдилар. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг дини нур, китоби (Қуръон) нур, Пайғамбари нур, авлиёларига ҳозирлаб қўйган диёри (жаннат) порлоқ нур, Аллоҳ таолонинг ўзи осмонлару ернинг нуридир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг исмларидан бири ҳам “Нур”дир.
Ўттиз олтинчиси: зикр барча яхшиликнинг негизи, солиҳ инсонларнинг йўли, Аллоҳга яқинлаштирадиган амал (Аллоҳга яқин банда эканининг белгиси)дир. Кимга мана шунда эшик очилса, Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига кириш эшиги очилди демак. Бас, покланиб, Аллоҳ ҳузурига кирсин. Кирса, унинг ҳузурида истаган барча нарсани топади. Зеро, ким Раббини топса, барча нарсани топади, ким Раббини йўқотса, барча нарсани йўқотади.
Ўттиз еттинчиси: зикр сочилиб ётган нарсаларни жамлайди, тўпланиб қолган нарсаларни тарқатади, узоқни яқин, яқинни узоқ қилади. Масалан, банданинг қалби ва иродасида сочилиб ётган нарсаларни (ўйларни) жамлайди, тўпланиб қолган ғам-ташвиш, қайғу ва надоматни тарқатади. Шунингдек, унинг қаршисида турган шайтоннинг лашкарини тарқатиб юборади. Иблис – унга Аллоҳнинг лаъни бўлсин – бандага қарши бирин кетин қўшин жўнатиб ўтиради. Зикр банда қалбида охиратни яқинлаштиради ва уни улуғлаб, унга жиддий қарашга ундайди. Дунёни эса кичик (ҳақир, арзимас) қилиб кўрсатади ҳамда қалби ва тилидан узоқлаштиради.
Ўттиз саккизинчиси: зикр қалбни уйқудан уйғотади, мудрок тутган бўлса, ўзига келтиради. Қалб ухласа, фойдали амалларни қўлдан бой беради ва кўп ишларда касодга учрайди.
Ўттиз тўққизинчиси: зикр бамисоли дарахт бўлиб, унинг меваси маърифатдир.
Қирқинчиси: зикр қилувчи банда зикр қилаётган Зотга яқин бўлади ва У зот у билан бирга бўлади. Бирга бўлиш дегани Аллоҳ уни яқин бандалари қаторига киргизади, яхши кўради, ёрдам беради ва яхши амалларга муваффақ этади, демакдир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ тақводор ва муҳсин (яхшилик қилувчи) бандалар билан биргадир”[3]. Бошқа оятда: “Аллоҳ муҳсин бандалар билан биргадир”[4], деган. Яна бир оятда бундай дейди: “Маҳзун бўлма, Аллоҳ биз билан бирга”[5]. “Аллоҳ у билан бирга” деган улкан хосиятдан зикр қилувчи банданинг улуши катта. Ҳадиси қудсийда айтилади: “Банда мени зикр қилар ва Мени эслаб оғзини қимирлатар экан, Мен у билан биргаман”[6].
(Давоми бор)
[1] Термизий, 3464. Албоний саҳиҳ деган. Қаранг: “Саҳиҳи Термизий”. (М)
[2] Ҳашр сураси, 19-оят.
[3] Наҳл сураси, 128-оят.
[4] Анкабут сураси, 69-оят.
[5] Тавба сураси, 40-оят.
[6] Аҳмад, 2/540 ва бошқалар ривояти. Албоний саҳиҳ деган. Қаранг: “Саҳиҳ ал-жомеъ”, 1906-рақам. (М).