«Ҳиснул муслим» шарҳи (4): Зикр ва дуога тааллуқли масалалар (3)

    (Биринчиси: зикрнинг фойдалари. Охири.)

    Қирқ биринчиси: зикр Аллоҳ йўлида қилич билан душманни уришга (жанг қилишга, қилич яланғочлашга) тенг бўлиб, (ажр жиҳатидан) Аллоҳ йўлидаги жангга мол-дунё ва от (улов) эҳсон қилишдан кейинги мартабада туради.

    Қирқ иккинчиси: зикр шукр қилишнинг асоси саналади. Зеро, Аллоҳ таолони зикр қилмаган одам У зотга шукр қилмаган ҳисобланади.

    Қирқ учинчиси: мўминлар орасида Аллоҳ таоло ҳузурида энг катта ҳурматга сазовор инсон тили ҳеч қачон зикрдан бўшамайдиган одамдир. У ҳар бир ишида Аллоҳни зикр қилади ва зикрни ўзининг шиори этиб олади. Тақво унинг жаннатга киришини ва дўзахдан қутулишини таъминлайди.

    Қирқ тўртинчиси: қалбда қаттиқлик бор, уни фақат зикр кетказа олади. Бир киши Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳга: “Эй Абу Саид, олдингизга қалбим қотиб қолганидан шикоят қилиб келдим”, деди. Шунда у: “Уни зикр билан эрит”, деб жавоб берган экан.

    Қирқ бешинчиси: зикр қалбнинг шифоси ва давоси, ғофиллик қалбнинг дарди. Аслида қалблар касал ҳолида бўлади. Уларни даволаш йўли Аллоҳни зикр қилишдир.

    Қирқ олтинчиси: зикр Аллоҳ азза ва жалла бандани яхши кўриши ва дўст тутишининг асосий омили, ғофиллик эса У зот бандани ёмон кўриши ва душман тутишининг асосий омилидир. Банда Аллоҳни зикр қилишда бардавом бўлар экан, Аллоҳ таоло уни яхши кўриб, оқибатда ўзига дўст тутади. Қай банда Аллоҳни унутиб, ғофил бўлишда давом этар экан, бора-бора Аллоҳ уни ёмон кўриб, охир-оқибат душманига айланади.

    Қирқ еттичиси: Аллоҳнинг неъматларини ҳеч нарса зикрчалик жалб қила олмайди ҳамда Аллоҳнинг ғазабини ҳеч нарса зикрчалик қайтара олмайди. Зикр неъматларни жалб қилувчи, азоб уқубатни даф қилувчи энг кучли омил саналади. Баъзи салафи солиҳларимиз айтган экан: “Сенга ҳар доим яхшилик қилиб турган Зотни эсламай Ундан ғофил бўлишинг нақадар қабиҳ ишдир”.  

    Қирқ саккизинчиси: зикр Аллоҳ ва фаришталарнинг зикр қилувчи бандага саловат айтишига (Аллоҳ раҳматини нозил қилишига ва фаришталар улар ҳаққига истиғфор айтишига) сабаб бўлади. Аллоҳ ва фаришталар кимга саловат айтса, батаҳқиқ нажот топиб, ютуққа эришибди. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар ва эртаю кеч У зотни поклаб тасбеҳ айтинглар! У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга салавот айтадиган (марҳамат кўрсатадиган) ва фаришталари ҳам сизларга салавот айтадиган (ҳақларингизга дуо қиладиган) зотдир[1].

    Қирқ тўққизинчиси: ким шу дунёнинг ўзида жаннат боғларининг бирида яшамоқчи бўлса, у ҳолда зикр ҳалқалари ичида яшасин. Зеро, у жаннат боғларидан биридир.

    Эллигинчиси: зикр айтиладиган давралар фаришталар даврасидир. Дунёда фаришталарнинг бундан бошқа тўпланадиган давраси йўқ. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳнинг шундай фаришталари борки, улар йўлларни кезиб, зикр айтувчиларни излаб юришади[2].

    Эллик биринчиси: Аллоҳ азза ва жалла зикр айтувчилар билан фаришталари олдида фахрланади. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муовия разияллоҳу анҳумо масжиддаги одамлар даврасига чиқди ва: “Нима учун ўтирибсизлар?” деди. Улар: “Аллоҳ таолони зикр қилиб ўтирибмиз”, дейишди. “Фақат шу мақсадда ўтирганингизга Аллоҳга қасам ичасизларми?” деди. “Аллоҳга қасамки, бундан бошқа ниятимиз йўқ”, дейишди. “Мен сизлардан шубҳаланганим учун қасам ичишингизни сўрамадим. Пайғамбаримизга мендек яқин бўлатуриб, у зотдан менчалик оз ҳадис ривоят этган саҳоба бўлмаса керак. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар даврасига кириб келдилар ва: “Бу ерда нима учун ўтирибсизлар?” деб сўрадилар. Улар: “Аллоҳ таолони зикр қилиб, бизни Ислом динига йўллаб қўйгани ва уни бизга сиз орқали инъом этгани учун У зотга ҳамдлар айтиб ўтирибмиз”, деб жавоб беришди. У зот: “Фақат шунинг учун тўпланиб ўтирганингизга Аллоҳни гувоҳ қилиб айта оласизларми?” деб сўрадилар. “Аллоҳга қасамки, фақат шу мақсадда ўтирибмиз”, дейишди. “Мен сизларга ишонмаганим учун қасам ичишингизни талаб қилмадим. Балки ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб хабар бердики, Аллоҳ сизлар билан фаришталарига мақтанади”[3]. Аллоҳ таолонинг ушбу мақтаниши зикрнинг Унинг ҳузурида шарфли амал эканига, уни яхши кўришига ва бошқа амалларга қараганда алоҳида фазилати борлигига далолат қилади.  

    Эллик иккинчиси: диндаги барча амаллар Аллоҳни зикр қилиш (эслаш, ёдга олиш) учун жорий қилинган. Аллоҳ таоло айтади: “Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил![4]. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан энг афзал амал ҳақида сўрашганида: “Аллоҳни эслаш энг катта амал”, деб жавоб берган.

    Эллик учинчиси: ҳар қандай амалнинг энг яхшиси унда Аллоҳни энг кўп зикр қилганидир. Масалан, энг яхши рўза рўза асносида Аллоҳни энг кўп зикр қилган одамнинг рўзаси, энг афзал ҳаж ҳажида Аллоҳни энг кўп эслаган одамнинг ҳажи, энг кўп (яхши) садақа Аллоҳни энг кўп эслаб берилган садақа ва ҳоказо.

    Эллик тўртинчиси: давомий равишда зикрларни айтиб юриш нафл ибодатларнинг – у хоҳ баданий, хоҳ молиявий, хоҳ ҳаж каби баданий ва молиявий ибодатдан иборат бўлсин – ўрнини босади ва у билан баробар бўлади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда очиқ айтилган. Абу Ҳурайра айтади: “Бир куни фақир муҳожирлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб дедилар: “Ë Расулуллоҳ, давлатманд одамлар олий даражаларга (катта савобларга) ва (жаннатдаги) мангу ноз-неъматларга эга бўлиб бормоқдалар. Ваҳоланки, улар бизлар билан бирдек намоз ўқишади, бизлар билан бирдек рўза тутишади, аммо уларнинг қўшимча мол-дунёлари бор ва шу билан улар ҳаж ва умра қилишмоқда ва жиҳодга чиқишмоқда”. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларга бир нарса ўргатайми?! У орқали ўзингиздан аввалгиларга етиб оласизлар ва кейингилардан ўзиб кетасизлар ҳамда сизлардан афзал ҳеч ким бўлмайди. Магар сизлар қилган ушбу ишни қилган инсон бундан мустасно”. Улар: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дейишди. Пайғамбаримиз дедилар: “Ҳар намоз кетидан Аллоҳга тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтасизлар…[5].

    Зикрни улар бажара олмаган ҳаж, умра ва жиҳоднинг ўрнини босадиган амал қилдилар ва ушбу зикр орқали улардан ўзиб кетишларини айтдилар.

    Эллик бешинчиси: Аллоҳ таолони зикр қилиш тоат-ибодатни бажаришга ёрдам берадиган эг катта омиллардан биридир. Зеро, у тоат-ибодатни бандага суюкли, енгил ва лаззатли қилади ва кўзининг қувончига айлантиради.

    Эллик олтинчиси: Аллоҳни зикр қилиш қийинчилик ва машаққатларни енгиллаштиради ҳамда мушкулларни осонлаштиради.

    Эллик еттинчиси: Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш қалбдаги барча қўрқинчларни кетказади. Қалб хотиржам бўлишига унинг ажойиб таъсири бор. Бинобарин, қаттиқ қўрқиб турган одамга Аллоҳни зикр қилишдан кўра фойдалироқ амал йўқ.

    Эллик саккизинчиси: зикр бандага куч-қувват беради. Банда зикр ёрдамида зикрсиз қила олмайдиган ишларини бажара олади. Фотима разияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кундалик уй юмушларидан чарчаётгани ва ушбу ишларда унга ёрдам берадиган хизматчи беришларини сўраб келганида у зот қизлари Фотима ва куёвлари Али разияллоҳу анҳумога қандай жавоб берганларини биласизми? У зот у иккисига ҳар кеча ётишдан олдин ўттиз уч марта субҳаналлоҳ, ўттиз уч марта алҳамдулиллаҳ, ўттиз тўрт марта Аллоҳу акбар деб айтишларини ўргатдилар ва: “Бу сизлар учун хизматкордан яхшироқ[6], дедилар.

    Олимларимиз айтишадики, ким мазкур ҳадисда айтилган зикрни бардавом айтиб юрса, ўзида куни бўйи хизматчига эҳтиёж қолдирмайдиган кучни кўради.

    Эллик тўққизинчиси: охиратга тегишли амалларнинг барчаси мусобақа майдонига қўйилган бўлиб, зикр айтувчилар ушбу мусобақада энг пешқадамларидир.

    Олтимишинчиси: Аллоҳ азза ва жаллани кўп зикр қилиш мунофиқликдан сақлайди. Чунки мунофиқ одам Аллоҳ таолони кам зикр қилади. Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида: “Аллоҳни оз зикр қиладилар (эслайдилар)” деган[7]. Каъб айтади: “Ким Аллоҳни кўп зикр қилса, мунофиқликдан қутулади”.

    [1] Аҳзоб сураси, 41-43.
    [2] Бухорий, 6408 ва Муслим, 2789. (М)
    [3] Муслим, 2701. (М)
    [4] Тоҳа сураси, 14-оят.
    [5] Бухорий, 843 ва Муслим, 595. (М).
    [6] Бухорий, 3705 ва Муслим, 2727. (М).
    [7] Нисо сураси, 142-оят.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963