Ҳижрат ва унинг ҳукмлари (3)

    Ҳижратга тегишли масалар

    Китобимиз янада фойдалироқ бўлиши ва айни мавзуни атрофлича кўриб чиқиш мақсадида келинг, ҳижрат мавзусига доир бир неча масалаларга жавоб бериб ўтайлик.

    Биринчи масала: Ўтган фаслларда ҳижратнинг қиёматга қадар давом этиши ҳақидаги ҳадисларни кўриб чиқдик. Ўша ҳадислар билан қуйидаги ҳадис ўртасида қандай боғланиш бор деб ўйлайсиз:

    «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ. Лекин жиҳод ва ният (қолади). Агар жиҳодга чорлансангиз, (албатта) отланинг!». (Муттафақун алайҳ).

    Бир қарашда ушбу ҳадис юқоридаги далилларга зиддек кўринади. Бироқ бу ерда алҳамду лиллаҳ ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ» сўзлари олимлар томонидан қуйидагича шарҳланган:

    – Биринчи маъно: Фатҳдан кейин Макка ислом ва омонлик шаҳрига айланди. Энди аввал бўлганидек, бу ердан бошқа юртларга ҳижрат қилишни тақозо этувчи сабаб қолмади.

    – Иккинчи маъно: Бошқа ҳижратлардан ажралиб турадиган Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага қилинадиган хос ва муфаззал ҳижрат тугади. Бу мартабага фақат Макка фатҳига қадар ҳижрат қилган муҳожирларгина ноил бўлдилар.

    Қуйида келтирилган ҳадислар ҳам уламоларнинг мазкур шарҳини қувватлайди.

    Мужошеъ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади.

    «Мен биродарим Абу Маъбад билан Макка фатҳидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим.

    – Ё Расулуллоҳ, биродаримдан ҳижрат қилишини шарт қилиб байъат олинг,- дедим.

    (Сен айтаётган) ҳижрат аҳли ўтиб бўлди,- дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

    – Унда нимани шарт қилиб байъат оласиз?

    – Ислом, жиҳод ва яхшилик шартини қўйиб,- дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам». (Ибн Можа ва бошқалар ривояти).

    Ушбу ҳадисдаги «ҳижрат аҳли ўтиб бўлди» деган сўз – «Маккадан Мадинага қилинадиган хос ҳижрат вақти ўтди. Бу мартабага Макка фатҳигача ҳижрат қилганлар эришди. Макканинг фатҳ этилиб ислом ва омонлик юртига айланиши билан бу яхшилик эшиги беркитилди», деган маънони англатади.

    «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», жумласини Нававий қуйидагича шарҳ қилган:

    «Аслида, дорул-ҳарбдан дорул-исломга ҳижрат қиёматга қадар мавжуд бўлади. Аммо бу ҳадисни уламолар икки хил тушунтирадилар: 1) – Фатҳдан сўнг Макка ҳам ислом ерига айлангани боис энди у ердан ҳижрат қилинмайди. 2) – Афзал, муҳим ва фарз бўлган ҳижрат муддати Макка фатҳ қилиниши билан тугади, бу ҳижратни ўз вақтида бажарган аввалги муҳожирлар бошқалардан тамомила фарқ қиладилар (яъни ана шу афзал ҳижратни қилган муҳожирларга фазлда ҳеч бир муҳожир баробар бўлолмайди)».

    Ибн Ҳажар шарҳи: «Маккада яшаган мусулмонларга фарзи айн саналган – уй-жойларини тарк этиб, Мадинага йўл олиш шарт қилинган ҳижрат – тугади. Бироқ жиҳод учун ватанни тарк этиш ҳечам йўқ бўлмайди. Шунингдек, куфр еридан қочиш, илм қидириш ёҳуд динини фитналардан сақлаш каби солиҳ мақсадларда ҳижрат қилиш ҳамда шу нарсаларни ният қилиш қиёматгача боқийдир».

    Ибн Арабий ёзади: «Ҳижрат дорул ҳарбдан дорул исломга қочиш демакдир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида фарз эди. Пайғамбаримиздан кейин хавф-хатар домида қолганлар учун давом этди. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етишиш мақсадида қилинган ҳижрат тугади».

    Ибн Таймийя ушбу ҳадислар тўғрисида шундай дейди:

    «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ. Лекин жиҳод ва ният (қолади). Агар жиҳодга чорлансангиз, (албатта) отланинг!» ва «Модомики жиҳод бор экан, ҳижрат тўхтамайди» ҳадисларнинг иккиси ҳам – ҳақ. Биринчи ҳадисдан мурод – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги маълум ҳижрат, яъни Макка ва бошқа шаҳарлардан Мадинага сари ҳижратдир. Ушбу ҳижрат Макка ва бошқа ерлар куфр ерлари бўлган, иймон эса Мадинада тўпланган бир вақтда машруъ эди. Ўшанда куфр диёридан ислом диёрига ҳижрат қилиш бунга қодир ҳар бир мусулмонга вожиб эди. Кейин Макка фатҳ этилиб ислом ерига айланди, қолган араблар ҳам исломга кириб уларнинг ҳам ерлари ислом ватани бўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», деб айтдилар.

    Аммо мўминнинг куфр ва маъсият еридан ислом ва тоат-ибодат юртига ҳижрат қилиши- худди унинг куфру маъсиятдан тавба қилиб иймон ва ибодатга қайтиши сингари – Қиёматга қадар давом этаверади. Зеро Аллоҳ таъоло айтади:

    «(Муҳожир ва ансорлардан) сўнг ҳижрат қилган ва сизлар билан бирга жиҳод қилган зотлар – ана ўшалар сизлардандир».

    Бир гуруҳ салаф уламолари ушбу оятда зикр қилинганлар қаторига қиёматга қадар иймон келтирган, ҳижрат қилган ва жиҳод қилган барча мўминлар кириб кетади, дейишган».

    Иккинчи масала: Юқорида дорул куфр ёки дорул ҳарб ва дорул ислом деган иборалар ўтди. Хўш биз нимага асосланиб бир юртнинг дорул ислом ёки дорул куфр эканини аниқлаймиз?

    Дорул ислом деб – ислом аҳкомлари билан ҳукм юритиладиган ва ислом шариати устун бўлган ерни айтилади. Агарчи, аксарият аҳолиси мусулмонлардан бўлмаса ҳам.

    Дорул куфр ёки дорул ҳарб эса – куфр ҳокимияти ғолиб бўлган ва куфр ҳукми устун бўлган ердир. Агарчи аҳолисининг аксарият қисми мусулмонлардан бўлса ҳам.

    Ибн Қаййим ёзади: «Жумҳур сўзига биноан мусулмонлар қўним топган ва ислом аҳкоми жорий бўлган юрт дорул исломдир. Ислом диёрининг ёнида бўлса-да, ислом ҳукмлари жорий этилмаган юрт дорул ислом ҳисобланмайди. Маккага анча яқин бўлган Тоиф ҳам, шунингдек соҳил бўйи ерлари ҳам Макка фатҳи билан дорул исломга айланиб қолгани йўқ».

    Шавконий ёзади: «Қаерда, кимнинг сўзи олий бўлса, шунга қараб ҳукм чиқарилади. Агар бир юртда буйруқ ва таъқиқ ҳуқуқи мусулмонлар қўлида бўлса, яъни, у ердаги кофирлар ислом аҳлидан берухсат ўз куфрларини зоҳир эта олмасалар, бу юрт дорул исломдир. Бундай юртда айрим куфр хислатларининг кўриниши уни дорул ислом ҳукмидан чиқаролмайди. Чунки бунга сабаб кофирларнинг шон-шавкати эмаслиги аниқ. Ахир ислом ўлкаларидаги яҳудий, насоро ва бошқа зиммийлар ҳолати шундай эмасмиди?! Қайси ерда бунинг акси бўлиб, куч-салтанат кофирлар қўлида бўлса, ундай юртнинг ҳукми – дорул куфр бўлади».

    Ибн Қудома ёзади: «Қайси ўлка аҳолиси диндан қайтиб, ўзларига исломдан бошқа ҳукмни қабул этса, бу ўлка дорул ҳарб ҳисобланади. Уларнинг муртадликдан кейин дунёга келган фарзандлари асир олиниб, мол-мулклари ўлжа қилинади. Ислом амири уларга қарши уруш очиши лозим бўлади. Шунинг учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобалар билан бирга аҳли риддага қарши уруш қилди. «Биз учун у ер куфр аҳкомларини жорий этилган кофирлар юртидир»- деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу. Шу билан муртадлар яшаган ерлар дорул ҳарб деб эътибор қилинди».

    Саййид Қутб «Зилол»да ёзади: «Ислом назарида ва мўмин эътиқодида бутун дунё фақат иккига бўлинади: дорул ислом ёки дорул ҳарб. Бундан бошқа учинчи бир тараф бўлиши мумкин эмас. Мусулмон ҳокимлар қўл остида яшаётган ва ислом шариати жорий бўлган юрт – дорул исломдир. Дорул ислом аҳолисининг ҳаммаси мусулмон бўлиши ҳам, ярми мусулмон, ярми эса зиммийлардан ташкил топиши ҳам ёҳуд бутун аҳолиси зиммий бўлиши ҳам мумкин. Муҳими – юрт дорул ислом деб аталмоғи учун у ерда ислом ҳукмлари ва ислом шариати татбиқ этилмоғи шарт.

    Ислом аҳкомлари татбиқ этилмаган, ислом шариати ҳукм қилмайдиган юрт – дорул ҳарбдир. Дорул ҳарб аҳолисининг ҳам кимлардан ташкил топган бўлиши аҳамиятсиздир. Дорул ҳарб аҳолиси ўзини мусулмон деб санаши мумкин ёки фақат аҳли китоб ё бошқа кофирлардан бўлиши ҳам мумкин. Бу ерда ҳам юртнинг куфр ё ислом диёри саналишидаги асосий мезон – ислом аҳкомлари ва шариат татбиқининг йўқлигидир. Яъни, ушбу асосга биноан мусулмон жамоа учун бундай юрт дорул ҳарб деб ҳисобланади».

    Шайх Ҳасан Банно ёзади: «Ислом ҳеч шубҳасиз дин ва давлатдир. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, ислом инсоният таълими ва ижтимоий аҳкомлар таълимини ўзида жамлаган бир раббоний шариатдирки, унинг ҳимояси, ёйилиши, мўминлар орасида татбиқ этилиши ва иймон келтирмаган одамларга етказилиши давлат устига яъни, мусулмон жамоасининг раҳбари зиммасига юкланган. Айни аҳкомлар ҳимоясини таъминлай олмаган ҳоким исломий ҳоким эмас. Ислом шариатини беэътибор ташлаб қўйган давлат ислом давлати эмас. Агар исломий жамоа ёки уммат исломнинг оёқости қилинишига рози бўлса, бундай жамоанинг исломийлиги фақат тилидагина қолади, у ислом жамоати эмас».

    Муҳаммад Қутб ёзади: «Жумҳур уламо сўзига биноан қаерда қайси қайси ҳукм юритилишига қараб юртнинг ислом ёки куфр юрти эканлиги аниқланади.

    Аксарият аҳолиси ғайридин бўлса-да, шариат ҳукми юритилган жой дорул ислом ҳисобланади. Шунинг учун аҳолиси асосан мажусийлардан ташкил топган Ҳиндистон ҳам бир пайтлар шариат ҳукми юритилгани учун дорул ислом саналган. Аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қиладиган юртда Аллоҳ шариати ҳукм юритмас экан, бу юрт дорул ҳарбдир. Агар у ердаги мусулмонлар динларидан қайтган бўлсалар, улар юрти муртадлар ери дейилади».

    Бироқ, мазкур диёрларнинг дорул ҳарб ва дорул куфр деб аталиши у ердаги жами аҳолининг кофир ва муртадлигини англатмайди. Бинобарин уларга кофир ёки муртадга қилингандек муомала қилинмайди. Уларнинг орасида мўмини ҳам, кофири ҳам бор. Ҳар бирига ўзига хос муносабатда бўлмоқ лозим.

    Мардин шаҳрида ҳокимият ва куч-қудрат кофирлар қўлида эди. Айни пайтда унинг аҳолиси мусулмонлардан ташкил топган эди. Шайхул ислом Ибн Таймийядан ана шу шаҳар хусусида сўрашди:

    – У ер дорул куфр ва дорул ҳарб саналиб, аҳолисига куфрга қилинган муомала кўрсатиладими ёки аҳолисининг аксарияти мусулмонлиги назарда тутилиб у ерни дорул ислом дейиладими?

    Шайхул исломнинг жавоби қуйидагича бўлди:

    «Мусулмонларнинг Мардин ёки бошқа ерда яшашларидан қатъий назар қонлари ва моллари ҳаромдир. Агар Мардин аҳли у ерда ўз динларини зоҳир қилишдан ожиз бўлсалар, уларга ҳижрат қилиш вожиб бўлади, мабодо динларини зоҳир қилишга қурбилари етса, у ҳолда улар учун ҳижрат мустаҳаб.

    У ерда яшовчи мусулмонлар дин душманларига моллари ё жонлари билан ёрдам бермоқлари ҳаромдир. Улар ўзларини панага олибми, бирон баҳона топибми – қандай қилиб бўлмасин – бу ҳаром ишдан тийилмоқлари шарт. Агар кофирга ёрдамчи бўлиб қолмаслик учун ҳижратдан ўзга чора тополмасалар, уларга ҳижрат қилиш фарзи айн бўлади.

    Мардинликларнинг ҳаммасини мунофиққа чиқариш, уларни ҳақорат қилиш мумкин эмас. Зеро мунофиқларнинг сифатлари қуръону суннатда аниқ баён қилинган ва Мардин аҳлининг фақат бир қисмигина ушбу сифат остига кириши мумкин.

    Бу шаҳарни дорул ислом ҳам, дорул ҳарб ҳам деб бўлмайди. Бу учинчи тоифага мансуб бир шаҳар бўлиб, мусулмонларига алоҳида, шариатдан бош тортганларига алоҳида муомала қилиниши керак. Чунки бу ер ислом ҳукмлари жорий бўлган дорул ислом мақомида ҳам, аҳолиси кофирлардан ташкил топган дорул ҳарб мақомида ҳам турмайди».

    Аксарият ислом шаҳарларидаги аҳвол юқоридаги зикр қилинган Мардин шаҳридаги ҳолат билан бир хил бўлгани боис, Ибн Таймийя фатвосини уларга нисбатан ҳам қўллаш мумкин.

    Шаҳарлар ҳамиша ҳам бир хил сифатда ва ҳолатда туравермайди. Худди инсон баъзан кофир ё фосиқ бўлиб, сўнг мўминга айлангани ёки аксинча бўлганидек, шаҳарлар ҳам баъзан дорул ислом, базан дорул куфр номини олади.

    Шайхул ислом Ибн Таймийя ёзади:

    – Дорул ислом, дорул куфр ва дорул фисқ сифатлари ҳеч қачон ўзгармайдиган таъриф эмас. Шаҳар аҳолисининг ҳолатига қараб мазкур сифатлар ҳам ўзгариб – ўрин алмашиб туради. Тақводор мўминлар ватан тутган ер – дорул ислом, кофирлар маконига айланган жой эса – дорул куфрдир. Фосиқлар яшаётган ер фосиқлар юрти деб аталади. Бир ер аҳолисининг сифатлари ўзгариши билан ер номи (яъни, мўминлар юрти, кофирлар ери каби номлар) ҳам ўзгаради. Аллоҳ таъоло айтади:

    «Аллоҳ (бир) қишлоқни зарбулмасал қилди: (У қишлоқ) тинч-омон, хотиржам эди».

    Ушбу оят дорул куфр бўлган Макка хусусида нозил қилинган. Макка Аллоҳ таъолога ер юзидаги энг суюкли шаҳар. Оятда шаҳарни «тинч-хотиржам» дейилганда – табиийки шаҳарнинг ўзи эмас, унинг аҳолиси назарда тутилган, демак шаҳарлар бамисоли одамлар кабидир. Инсон баъзан кофир, баъзан мўмин, баъзан фосиқ ва баъзан тақводор бўлганидек, жойлар ҳам аҳолиси эътибори билан турланиб туради.

    Учинчи масала: Ҳижрат фақат дорул куфрдан дорул исломга қилинадими ёки унинг бошқа кўринишлари мавжудми?

    Ҳижратнинг ўз сабаблари, ғоялари бор. Қачон ушбу сабаблар ва ғоялар вужудга келса, ҳижрат муаммоси ҳам вужудга келади. Бинобарин, ҳижрат фақат дорул куфрдан дорул исломга қилинадиган сафар эмас. Ҳижрат дорул куфрдан дорул исломга, мураккаб куфр еридан соддароқ куфр юртига, зулм ва фосиқлик авж олган макондан зулм камроқ ерга, хавф-хатар бор жойдан тинч-хотиржамлик диёрига – шариат қоидасига биноан енгилроқ зарарга рози бўлиб, кичик зарар билан улкан зарарни дафъ этиб – ҳижрат қилиш мумкин.

    Имом Шавконий ёзади: «Ҳижрат ёлғиз куфр еридан бўлиши шарт этилмаган. Қаерда мункар тантана қилса ва амри маъруф, наҳйи мункар қилиш имкони бўлмаса, ҳаромхўрларнинг таъзирини берадиганлар топилмаса, мўмин бандага бундай ердан жони ва динини қутқариб қочмоқ вожиб бўлади. У қурби етса, маъсият авж олмасдан бошқа бир ерни ватан тутади».

    Демак, бир ўлкада жойлашган икки шаҳарнинг биридан иккинчисига, бир қишлоқдан бошқасига ва ҳатто бир маҳалладан қўшни маҳаллага ҳам ҳижрат қилиш мумкин экан. Чунки бир шаҳар иккинчисидан, бир маҳалла бошқа бир маҳалладан фарқи дин эътибори билан яхшироқ, солиҳроқ бўлиши мумкин.

    Баъзида шаҳарнинг бир бурчаги зулм, маъсият ва фисқу фужур билан тўлиб-тошган бўлса, иккинчи қисми тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан яшнаётган бўлади. Яхшилар орасида яшаш, маъсиятларнинг кўзга ташланмаслиги, исломий жамоатлар бўлиши албатта, кишига ижобий таъсир кўрсатади. Бундай ҳолатда, ҳеч шубҳасиз Аллоҳ таъоло учун ҳижрат қилиш ниятида фисқ ва аҳлоқсизлик маконини тарк этиб, яхшилар даврасига кўчиб ўтмоқ мандуб амал ҳисобланади. Айрим ҳолатларда (юқорида баён қилиб ўтганимиздек) фарз ҳам бўлиши мумкин.

    Исломий жамоатлардан холи, жумъалар ўқилмайдиган фосиқлар маконини тарк этиб, яхшилар даврасига – солиҳлар жамоатига қўшилмоқ лозим. Азонлар баралла айтиладиган ва хайрли амаллар макони бўлган юртни ватан тутинг.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    – Қишлоқда ёки саҳрода уч киши бўлсаю улар ўртасида намоз жамоат қоим қилинмас экан, шайтон уларни эгаллаб олади. Сизлар жамоатни маҳкам тутингиз. Бўри ҳам суровидан ажралиб қолган қўйни ейди». (Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривояти).

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    – Кимки заруратсиз уч жумъани тарк қилса Аллоҳ унинг қалбини муҳрлаб қўяди».

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    – Кетма-кет учта жумъани тарк қилган кимса исломни орқасига улоқтирган бўлади».

    Шундай экан эй азиз биродар, ҳеч қачон жумъа ва жамоатга нисбатан эътиборсиз қараманг. Зеро, исломда уларнинг шаъни улуғ.

    Тақво қилмоқчи бўлган мўмин учун ҳижрат фақат дорул куфрдан дорул исломга кўчиш билан чекланмайди. Агар сиз холис ният қилиб динингиз ва жонингизни фитна-зулмлардан асрашга киришсангиз, Аллоҳ сизни чорасиз қолдирмайди.

    «Ким Аллоҳдан қўрқса, У Зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлини (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир (яъни, Унинг хоҳишига қарши тургувчи кимса йўқдир). Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир». («Талоқ»-2,3).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962