Нажот кемасидан қолиб кетманг (3)

    Ширк қандай пайдо бўлган?!

    Ер юзида ширк қандай пайдо бўлганини ўрганиб кўрсангиз, биласизки, у даставвал солиҳлар ҳақида ғулувга кетиш ва уларни ўз даражаларидан юқори кўтариб юбориш орқали кириб келган..

    Нуҳ алайҳиссалом қавмида ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган ва Унга ширк келтирмайдиган солиҳ муваҳҳидлар бор бўлиб, ер юзида умуман ширк деган нарса тарқалмаган эди.. Улар ичида беш нафар солиҳ зотлар бор эди. Уларнинг исмлари Вад, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Наср эди. Улар тоат-ибодат билан машғул бўлган, одамларга динни ўргатган кишилар эди. Улар вафот этиб кетишгач, қавмлари бизга ибодатнинг фазилатини эслатиб турадиган, Аллоҳнинг тоатига буюриб турадиган зотлар орамиздан кетиб қолди, деб кўп қайғурдилар..

    Кейин орага шайтон аралашди.. Уларнинг суратларини тасвирлаб, ҳайкалларини ясаб, намозгоҳларингизга қўйиб қўйинглар, шунда уларни кўрганда ибодат завқи ёдларингизга тушиб, завқ-шавқ билан ибодатга киришасизлар, деб васваса қилди..

    Уларга бу гап маъқул келиб, мазкур солиҳларнинг шаклларини тасвирга тушириб, масжидларига қўйиб қўйдилар..

    Дарҳақиқат, шайтон айтганидек бўлди.. Ҳар сафар уларнинг суратларига боқишганда у зотларнинг ибодатлари эсларига тушиб, худди улардек ибодат қилишга тиришар эдилар..

    Шу зайлда йиллар ўтди.. Бу авлод дунёдан ўтиб кетиб, ортларидан уларнинг фарзандлари ўсиб-улғайди.. Оталари доим мазкур тимсол эгаларини яхшилик билан тилга олишларини кўриб катта бўлишгани учун улар ҳам оталаридан ўрнак олиб, уларни улуғлаб, табаррук кўриб ўтдилар..

    Сўнг улардан кейинги авлодлар даври келди.. Шайтон уларга ота-боболари мазкур ҳайкалларга ибодат қилишганини, қаҳатчилик ва бошқа қийинчилик пайтларида улардан мадад тилаб ўтишганини уқтирди.. Шундай қилиб, уларга ибодат қилиш бошланди..

    Кейин Аллоҳ таоло уларга Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У зот 950 йил улар ичида даъват билан машғул бўлдилар. Аммо, жуда озчилик кишиларгина унинг даъватини қабул қилди..

    Шундан сўнг Аллоҳ таоло кофирларга ғазабини туширди.. Уларни тўфон балосига гирифтор этиб, ҳалок қилди.

    Нуҳ алайҳиссалом қавмидаги ширк ана шундай бўлиб бошланган ва ривожланган эди..

    Иброҳим алайҳиссалом қавмида ширк қандай пайдо бўлган?

    Улар юлдузларга сиғинишар, юлдузларнинг борлиқ ишларига таъсир кўрсатишига, мусибатларни аритишига, дуоларни ижобат қилишига, ҳожатларни бароридан келтиришига ишонишар эди.. Юлдузларни Аллоҳ билан халқи ўртасидаги воситачи деб кўришар, оламдаги ишларни бошқариш уларга топширилган деб эътиқод қилишарди..

    Уларга атаб, юлдузлар ва малоикалар шаклида санамлар ясаб олишганди..

    Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси ҳам буттарош бўлиб, ясаган бутларини фарзандлари олиб чиқиб сотишарди.. У Иброҳимни ҳам бут сотишга чиқишга мажбурларди. Иброҳим бозорга чиқиб: «На фойда, на зарар етказишга қодир бу ҳайкалларни ким сотиб олади?!» деб қичқирарди.. Оға-инилари олиб чиққан бутларини сотиб қайтишар, Иброҳимдаги бутлар эса қандай бўлса, шундайлигича қайтарди.

    Кейин у отаси ва қавмини бутларни тарк қилишга чақирди. Улар табиийки, унинг даъватини қабул қилишмади..

    Сўнг у уларнинг бут-санамларини чопиб ташлади..

    Шундан сўнг уни ўтда куйдириб ўлдиришга уриндилар, бироқ Аллоҳ таоло унга нажот берди.

    Ширкка ворислар..

    Нуҳ ва Иброҳим алайҳимассалом қавмларининг аҳволи ана шундай бўлганди..

    Энди бугунги қабрпарастларга келсак.. Хўш, уларнинг мақбара ва сағаналарга боғланишлари қандай бошланади? Кейин қандай қилиб бу уларни ширкка олиб бориб қўяди?

    Алоқа солиҳ ва тақводор зотларнинг шахсини муқаддас санаш билан бошланади..

    Шундан келиб чиқиб, мазкур муқаддас маконлар зиёрати мустаҳаб саналади.. Зиёрат, ўлим ва охиратни эсга олиш учун эмас, балки солиҳ шайхни эслаш ва ундан ибрат олиш мақсадида бўлади.. Унинг қабри олдида Аллоҳга қилинган дуо ижобат бўлади, деб эътиқод қилинади.. Сўнг қабрни силаш, ўпиш, унинг тапроғини юз-кўзга суртиш бошланади.

    Кейин эса қабр эгасини ўзлари билан Аллоҳ орасида шафоатчи ва воситачи қилиб олишади. Қабр эгасини гуноҳлардан пок ва мукаррам зот деб, унинг Аллоҳ ҳузурида алоҳида жоҳи (ҳурмати) бор деб эътиқод қиладилар. Ўзларини гуноҳларга ботган ва Аллоҳга бевосита дуо қилишга нолойиқ одамлар деб кўрадилар. Шунинг учун ҳам қабр соҳиби улар билан Аллоҳ ўртасида воситачи бўлиши зарур деб ўйлайдилар.

    Сўнг зиёратчилар қалбига шайтон йўл солади.. Уларга модомики, мазкур қабр соҳиби мукаррам зот экан, Аллоҳ унга қудрат ва тасарруф бериши мумкин-ку, деб уқтиради.

    Шундан сўнг зиёратчи ич-ичидан қабр эгасини улуғлай бошлайди, қалбини унинг маҳобати эгаллайди, ундан умидвор бўлади.

    Охири бориб, унга дуо-илтижо қилишга, ундан мадад сўрашга ўтади. Унинг қабри устига масжид солади ё махсус сағана ва мақбара кўтаради.. Унга чироқлар ёқади, устига ёпқилар ёпади.. Унга сажда қилиб, тавоф қилиб, силаб ва ўпиб, зиёратини ҳаж атаб, унинг ёнида жонлиқ бўғизлаб ибодат қилишга ўтади..

    Унинг кароматлари ҳақида сўзлай бошлайдилар.. Бу ҳақда қиссалар, ҳикоялар тарқалади.. Мана бу аёл у зотга дуо қилиб, яхши жойга турмушга чиқибди.. Бошқа бир фарзандсизи эса фарзандли бўлибди.. ва ҳоказо..

    Кимда-ким мозорлар остонасига бош урса ноумид қайтмайди, албатта ҳожати бароридан келади, муродига етади, деб бот-бот такрорлайдилар..

    Бир тижоратчидан: «Нега сен харидорларингга доим фалон шайхнинг мозори билан қасам ичасан, Аллоҳга қасам ичиб қўя қолсанг нима бўлади?!», деб сўралганда у: «Бу ердагилар Аллоҳ номига ичилган қасамга кўнмайдилар, фақат фалончи пиримизнинг мозори билан қасам ичсангиз қабул қилишади», деб жавоб берибди..

    Қаранг, мозорни улуғлашлари Аллоҳни улуғлашдан ўтиб кетибди!!

    Модомики, иш шундай экан, нима фарқи бор.. бир уюм тупроқ бўладими.. ёғоч ва тош бўладими.. мақбара ва сағана бўладими.. ҳайкал ва санамлар бўладими.. ё бошқа бирон махлуқот бўладими.. ҳеч қандай фарқи йўқ. Муҳими, ниманидир муқаддас санаш, унга топиниш, уни фойда ва зарар етказишга қодир деб, шафоатчи бўлади, беҳожат қилади, деб эътиқод қилиш..

    Уларнинг ҳолатлари Абу Ражо ал-Аторудий розияллоҳу анҳу айтиб берган ҳолатга нақадар ўхшаш!! У киши ҳикоя қилади:

    Жоҳилият пайтида бутларга, тош ва дарахтларга сиғинардик.

    Бировимиз бир тошга сиғиниб юриб, ундан чиройлироқ бошқа бир тошни кўриб қолса, қўлидаги «илоҳ»ини улоқтириб, ҳалиги янги «илоҳ»га сиғиниб кетаверарди.

    Агар тош топилмаса, бир ҳовуч тупроққа қўйни соғиб, қотган лойига сиғинардик..

    Бир марта сафарга чиқдик. Одатда сиғинадиган «илоҳ»имиз – тошимизни ҳам бирга олиб уни хуржунга солиб қўярдик. Йўлда таом тайёрлаш учун ўт қалаб, қозон қўйишга иккита тош топиб, учинчисини топа олмасак, учинчиси ўрнига «илоҳ»имизни қўйиб, устига қозон қўярдик… Бир манзилга тушдик.. Хуржундан тошни олиб, ибодат қилдик.. Кейин йўлга тушдик.. Бир қанча юрганимиздан кейин ичимиздан кимдир: «Ҳой, худойимиз йўқолиб қолибди, уни қидириб топайлик!» деб қичқириб қолди. Шундан сўнг ҳаммамиз туяга минганча уни қидиришга тушдик.. Қидириб юрарканмиз, кимдир биров: «Ҳой, мен худойимизни топдим.. ё худди унга ўхшайдиган бир тош топдим», деб хитоб қилди. Кўчларимиз олдига қайтиб келсам, қавмим бир санамга сажда қилаётган экан.. Шу ерда унга атаб туя сўйдик.

    Мушрикларнинг Исломдан олдинги жоҳилият давридаги жаҳолатларидан ажабланамиз.. Бироқ, бугунги кундагиларининг жаҳолатлари ҳам ундан кам эмас!!

    Худо ҳаққи, айтингчи, тошга сиғинадиган одам билан қабрга сиғинадиган одамнинг нима фарқи бор?!

    Ҳожатини санамлардан сўрайдиган одам билан тупроқ ва суяклардан сўрайдиган одам ўртасида нима фарқ бор?!

    Авлиёларнинг қабрларига топинадиган одам билан лой ва сувга топинадиган одам ўртасида нима фарқ бор?!

    Ҳа, уларнинг ҳаммаси ҳам бир хил: «Биз уларга фақат улар бизни Аллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат қиламиз», дейишади.

    Мана шу нарса у қабрпарастларни очиқ бутпарастликка тушириб қўйган.

    * * *

    Тўртта эътироз…
    Биринчи эътироз:

    Кўпинча, ўша қабрларга боғланиб қолган ва уларга дуо-илтижо қиладиганлар эътироз билдиришади: «Сизлар ўта қаттиқ оласизлар.. Аслида, биз ўликларга сиғинмаймиз.. Лекин, у қабр соҳибларининг Аллоҳ ҳузурида алоҳида ҳурмат-эътиборлари бор, улар Аллоҳ олдида бизга шафоатчи бўладилар».

    Биз айтамиз: Қурайш кофирларининг санамларга ибодат қилишдаги ширклари ҳам шу эди, ўзи. Араб мушриклари ҳам рубубият тавҳидига иқрор эдилар.. Яратувчи, ризқ берувчи, борлиқ ишларини юргизувчи ягона ва шериксиз Аллоҳ эканига ишонардилар.

    Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир Ўша зотдан қўрқмайсизларми?!» (Юнус: 31).

    Бироқ, шунга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши жиҳод қилдилар, қонларини ва молларини ҳалол қилдилар.. Чунки, улар Аллоҳ азза ва жаллани ибодатнинг барча турида яккаламаган ва ибодатларини ёлғиз Унгагина қилмаган эдилар..

    Аллоҳдан бошқага сиғинишдан огоҳлантирувчи оят ва ҳадислар Аллоҳга ширк келтириш – банда ибодатда Аллоҳга бошқа бировни тенг қилишидир деб тушунтиради. Ўша бошқа биров санам бўладими, тошми, пайғамбар бўладими, валийми ё қабрми, фарқсиздир.

    Ҳа, ширк – ёлғиз Аллоҳгагина хос бўлган нарсани Ундан ўзгасига бағишлашдир, бунда Аллоҳдан ўзгасини жоҳилият даврида бўлганидек бут ё санам деб аталадими, ёки ҳозирда айтилаётганидек валий, қабр, қадамжо деб аталадими, фарқи йўқдир.

    Агар ҳозир қандайдир янги бир фирқа чиқиб, Аллоҳнинг жуфти ва фарзанди бор, деб даъво қилса, унинг ҳукми насронийларнинг ҳукми билан бир хил бўлади. Уларга насронийлар ҳақида нозил бўлган оятлар қўлланади. Гарчи улар ўзларини насроний атамасалар ҳам.. Чунки, ҳар иккисининг ҳукми битта.. Бугунги кундаги қабрпарастлар ҳақида ҳам шу гап айтилади.

    * * *

    Иккинчи эътироз:

    Қабрларга боғланиб қолган айрим кишилар эътироз билдиришади:

    Биз қабрлардаги валий ва солиҳларга фақат улардан шафоат талаб қилиб, қурбат қиламиз. Мазкур улуғ зотлар дунёдалик пайтларида солиҳ кишилар бўлиб, кундузлари рўзадор, кечалари йиғи ва ибодат билан ўтган зотлар эди. Уларнинг Аллоҳ ҳузурида ҳурматлари бор. Биз улардан фақат Аллоҳ олдида бизга шафоатчи бўлишларини сўраймиз, холос…

    Уларга айтамиз:

    Эй шўрлик қавм, сизлар Аллоҳнинг чорловига ижобат қилинглар ва Унга иймон келтиринглар!..

    Аллоҳ таоло бировларни шафоатчилар қилиб олишни ширк деб атади. Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳга осмонлар ва Ердаги У зот билмайдиган нарсаларни (шерикларни) билдириб қўймоқчимисизлар?! Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан пок ва юксак бўлган зотдир» (Юнус: 18).

    Уларга яна айтамиз: Биз ҳам Аллоҳ таоло пайғамбарлар ва авлиёларга шафоат ато этишига худди сизлардек ишонамиз.. Улар Аллоҳга энг яқин одамлар деймиз.. Лекин, Раббимиз уларга дуо қилишдан ва улардан сўрашдан қайтарган.

    Ҳа.. Анбиёлар, авлиёлар ва шаҳидларнинг Аллоҳ ҳузурида шафоатлари бор.. Лекин, у уларнинг қўлларига бериб қўйилган ва улар ўзлари истаган кишиларига қилаверадиган, истаган кишиларини ундан маҳрум қиладиган шафоат эмас. Йўқ, асло ундай эмас. Балки, улар Аллоҳ таоло изн берганидан кейин ва У рози бўлсагина шафоат қила оладилар.

    * * *

    Учинчи эътироз:

    Қабрларга боғланиб қолган айрим кишилар баъзан эътироз билдиришади:

    Аксарият мусулмонлар қадимда ҳам, ҳозирда ҳам қабрлар устига бино қуриб келишади, мозор ва қадамжолар барпо қилишади, улар олдида дуо қилишга интилишади.. Бундан чиқди, умматнинг ҳаммаси ботилда экан-да?! Фақат сизларгина ҳақ устида экансизлар-да?!

    Биз уларга айтамиз: Юқорида айтиб ўтганимиздек, ушбу мақбара ва қадамжоларнинг аксарияти сохта бўлиб, эгаларига нотўғри нисбат берилади.. Қолаверса, қабрлар устига бино қилиш ва улар олдида дуони қасд қилиш бидъатдир.

    Ҳадисда келганидек: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди» деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар» (Муттафақун алайҳ).

    * * *

    Тўртинчи эътироз:

    Шайтон баъзи қалбларга тез-тез келтириб турадиган яна бир шубҳа бор.. Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ҳам у зотнинг масжидлари ичида жойлашган, ҳеч ким бунга эътироз билдирмайди-ку?! Агар бундай қилиш ҳаром бўлганида у киши масжидга дафн қилинмаган бўлардилар. Ундан ташқари, у зотнинг қабрлари устида баланд қубба ҳам тикланган!

    Жавоб шуки: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган ўринларига дафн қилинганлар. Зотан, ҳадисда келганидек, пайғамбарлар вафот этган ўринларига дафн қилинадилар. У зот ҳам ўзлари вафот этган хонага – Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраларига дафн қилинганлар, масжидга эмас. Ишнинг аввалида шундай эди..

    Саҳобалар улардан кейин биров у зотнинг қабрларини масжидга айлантириб олмаслиги учун ҳам у зотни Оиша розияллоҳу анҳо ҳужраларига дафн этганлар.. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган касалликлари ичида: «Аллоҳ яҳуд ва насороларни лаънатласин, улар пайғамбарларининг қабрларини масжидларга айлантириб олишди», деганлар.. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Агар шундай демаганларида эди, у кишининг қабрлари (девор билан ўралмасдан) очиб қўйилган бўларди. Лекин, у зот масжид қилиб олинишидан қўрқдилар» (Муттафақун алайҳ).

    Ҳа, даставвал у зот Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраларига дафн этилдилар.. Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужралари масжиднинг шарқий томонига жипс қилиб солинган эди..

    Йиллар ўтиб, мусулмонлар сони кўпайиб борди.. Саҳобалар масжидни ҳамма тарафидан кенгайтириб бордилар, фақат қабрлари жойлашган томонга тегмадилар.. Уни ғарб, шимол, жануб томонидан кенгайтирдилар.. Фақат шарқ томони кенгаймасдан қолди.. Чунки, у зотнинг қабрлари бундан тўсиб турарди..

    Саксон саккизинчи йилга келиб, яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан 77 йил ўтгач, Мадинада яшаб турган саҳобалар деярли ҳаммаси вафот этиб кетишгач, халифа Валид ибн Абдулмалик масжиди набавийни кенгайтириш мақсадида бузишга амр қилди. Уни барча тарафидан кенгайтиришга буюрди.. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаларига тегишли барча ҳужралар ҳам масжидга қўшиб юборилди. Шу қаторда Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужралари ҳам масжид ичига кириб қолди (Қаранг: «Ар-радду алал-Ахнаъий», 184-бет, «Мажмуъул-фатава», 27/323, «Тарих Ибн Касир», 9/74).

    Қабр ва масжид воқеаси ана шундай бўлганди..

    Бинобарин, саҳобалардан кейин содир бўлган иш билан ҳужжат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.. Бу иш собит ҳадисларга ва умматнинг салафлари тушунчасига хилоф бўлган.. Валид ибн Абдулмалик – Аллоҳ уни афв қилсин – ҳужраи саодатни масжид ичига киритиб хато қилган.. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига масжидлар бино қилишдан қайтаргандилар.. Масжидни қолган учала тарафдан кенгайтириб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳужраларига тегилмаслик тўғри бўларди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари устига тикланган қубба ҳам шундай бўлган. Уни на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари, на саҳобалари ва на тобеин ва табаъ тобеинлар ва на умматнинг уламолари ва миллатнинг имомлари қурдиришган.. Балки, у зотнинг қабрлари устига тикланган бу қубба кейинги даврдаги миср подшоҳларидан бирининг, яъни Малик Мансур деган ном билан машҳур бўлган Қаловун ас-Солиҳийнинг амри билан 678-ҳижрийда барпо қилинган.. (Қаранг: «Таҳзирус-сажид», Албоний, 93-бет, «Сироъ байнал-ҳаққи вал-батил», Саъд Содиқ, 106-бет, «Татҳирул-эътиқод», 43-бет).

    * * *

    Нидо.. Нидо..

    Қабрдагиларга боғланиб қолганларга айтаман: Эй қавмимиз! Аллоҳга даъват қилувчининг даъватини қабул қилинглар ва Аллоҳга иймон келтиринглар!

    Аллоҳ ҳаққи, айтингларчи, салафи солиҳлар қабрларни гипслаб сувармидилар?!.. Мозор ва сағаналарни воситачи қилармидилар?!.. Ҳамма нарсадан Хабардор ва ҳамма нарсанинг Эгасидан ғофилмидилар?!.

    Улардан бирорталарини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида ё у зотнинг асҳобларидан ё аҳли байтларидан бирининг қабрига келиб, ҳожатини тилаганини, мусибатини аритишини сўраганини биласизларми?!

    Рифоий, Дасуқий, Жийлоний, Бадавийлар Аллоҳ ҳузурида ҳурматлироқми ё пайғамбарлар, саҳобалар ва тобеинларми?!

    Қаранг, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Мадинада қурғоқчилик бўлиб, ёмғир узилиб қолганида саҳобалар бу ҳақда Умарга шикоят қилиб келдилар. Шундан сўнг Умар розияллоҳу анҳу улар билан бирга Аллоҳдан ёмғир тилаш учун чиқдилар.. Истисқо намозини ўқигач, қўлларини кўтариб, дуо қилдилар: «Эй Аллоҳим! Биз Сенга пайғамбаримизнинг дуоларини восита қилардик ва Сен бизга ёмғир ёғдирар эдинг. Энди Сенга пайғамбаримизнинг амакиси дуосини восита қиламиз, бизга ёмғир ёғдиргин», дедилар. Сўнг Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳуга қараб: «Туринг эй Аббос, Аллоҳдан ёмғир ёғдиришини сўраб дуо қилинг», дедилар. Аббос ўринларидан туриб Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилдилар.. Одамлар унинг дуосига «омийн» дейишиб, йиғлаб, Аллоҳга ёлвордилар. Шунда Аллоҳ уларга ёмғир ато этди.

    Саҳобаи киромнинг қилган ишларини кўринг.. Улар биздан кўра фақиҳроқ, биздан кўра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатлироқ эдилар. Эҳтиёж етган ва бошларига кулфат тушган пайтда улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига бормадилар, «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ олдида бизга воситачи бўлинг», демадилар.. Йўқ.. Улар ўликдан дуо қилиб сўраш – гарчи у пайғамбар бўлса ҳам, валий бўлса ҳам – жоиз эмаслигини яхши билардилар.

    Улар бошларига иш тушганда солиҳ дуолар воситасида мусибатларини аритишни истардилар..

    Оҳ, яна оҳ бугунги кунда қабрлар атрофида тўлиб-тошган, ўликлардан мағфират ва раҳмат талаб қиладиган бечоралар ҳолига!!

    Шўринг қурғур қавмим! Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сурат ва ҳайкаллардан қайтарганларида бекордан-бекорга қайтарганлар деб ўйлайсизми?! Ё у зот мусулмонларга аввалги жоҳилиятлари қайтиб қолишидан, уларнинг сурат ва ҳайкалларга сиғиниб кетишларидан хавф қилганмидилар?

    Сурат ва ҳайкалларни улуғлайдиган кишилар билан мозор ва қадамжоларни улуғлайдиган кишилар ўртасида нима фарқ бор?!.. Модомики, ҳар иккиси ҳам ширкка судрайдиган бўлганидан кейин, тавҳид ақидасига путур етказадиган бўлганидан кейин?!..

    * * *

    Аллоҳдан бошқасига қасам ичиш ширкка олиб борувчи воситалардан

    Каъбага қасам ичиш ё омонатга, шарафга, кимнингдир баракасига, кимнингдир ҳаққи-ҳурматига, ҳатто пайғамбар ва валийнинг ҳаққи-ҳурматига, ота-онага қасам ичиш – булар ҳаммаси ҳаромдир. Чунки, қасам ичиш улуғлаш демакдир, у Аллоҳдан бошқасига дуруст бўлмайди.

    Имом Аҳмад Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан марфуан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Ким Аллоҳдан бошқасига қасам ичса, ширк келтирибди»..

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳга қасам ичсин ёки жим бўлсин», деганлар..

    Аллоҳдан бошқасига қасам ичган киши агар ўша бошқанинг улуғлигини Аллоҳнинг улуғлигича деб эътиқод қилса, бу иши катта ширк бўлади.. Агар унинг улуғлигини Аллоҳнинг улуғлигидан камроқ деб кўрса, кичик ширк бўлади.

    Кимнинг тилига қасдсиз қасам лафзи келса, унинг каффорати «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишидир. Чунки, имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қасам ичиб, қасамида «Лот ва Уззога қасам» деган бўлса, «Ла илаҳа иллаллоҳ» десин», деганлар.

    Аллоҳдан бошқасига қасам ичиш кимнинг тилига келадиган бўлиб қолган бўлса, у буни даф қилиш учун нафсига қарши курашиши лозим.

    Баъзилар бўладики, Аллоҳни ўртага қўйиб, бемалол ёлғон қасам ичаверади, аммо пирини ўртага қўйиб ёлғон қасам ичишга журъат қилолмайди.

    Айрим одамлар тилига ўрганиш бўлиб қолган ширк лафзларидан:

    «Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз», «Агар Аллоҳ ва фалончи бўлмаганида…», «Менинг сендан ва Аллоҳдан бошқадан умидим йўқ…», «Бу Аллоҳнинг баракотидан ва сенинг баракотингдан» каби иборалар.

    Тўғриси: «Аллоҳ хоҳласа, кейин фалончи хоҳласа», «Агар Аллоҳ бўлмаганида, кейин фалончи бўлмаганида», «Менинг Аллоҳдан сўнгра сиздан бошқадан умидим йўқ», «Бу Аллоҳнинг баракотидан сўнгра сенинг баракотингдан», деб айтилишидир..

    * * *

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963