Ҳижрат ва унинг ҳукмлари (4)

    Тўртинчи масала: Бугун кўпчилик мусулмонлар ғарбга ҳижрат қилишаяпти. Уларнинг ана шу сафарлари ҳам Аллоҳ йўлидаги ҳижрат ҳисобланадими?

    Бу ерда асосан икки нарсага қараб хулоса чиқарилади.

    Биринчидан улар нима сабабдан ғарбга йўл олдилар? Иккинчидан, мазкур сафардан кўзланган ниятлар қандай?

    Агар шаръий эътиборга молик ва муҳим сабаб туфайли ҳижрат қилишга мажбур бўлган бўлса, бу шаръий жоиз сабаблардандир. Масалан, муслим ўз ватанида динини зоҳир эта олмаса ёки ўлим, қамоқ каби зулм тури унга таҳдид солаётган бўлса, бошпана бўладиган исломий диёр топилмаса ва фақат бегона ғарб юртида динига, жонига ибодатига омонлик ҳамда имконият берилса, ушбу ҳижрат сабаби шаръан саҳиҳдир.

    Албатта мўминнинг ҳижратидан ва кофирлар юртида яшашидан мақсад фақат дини, жони ва аҳли оиласини омон сақлаб, Парвардигорига яхшироқ ибодат қилиш бўлмоғи керак. Ҳижрат мол-дунё ёҳуд бир аёл жамолига етишиш учун қилинган бўлмасин.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    Амаллар ниятлар биландир (яъни, амал ниятга қараб бўлади). Ҳар кимга ният қилгани бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учун бўлса, бас, унинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учундир. Кимнинг ҳижрати мол-дунё учун ёки бирон аёлни никоҳга олиш учун бўлса, бас, унинг ҳижрати ўша ҳижрат қилган нарсаси учундир.

    Хуллас, агар ният тўғри, сабаблар яроқли бўлса, кишининг ҳатто ғарбга қилган сафари ҳам ҳижратдир. Агар ният нотўғри, сабаблар фосид бўлса, ундай кимсанинг сафари Аллоҳ йўлидаги ҳижрат дейилмайди. Бошқа мақсадлар учун кофир юртни ватан тутиб, динидан тойилиб кетган кимсалар гуноҳкор бўладилар.

    Биз юқорида бир қанча далилларни келтириб ўтдик. Саҳобалар ҳам куфр юртига – Ҳабашистонга ҳижрат қилганлар. Уларнинг ниятлари тўғри, сабаблари ўринли эди. Шу боис улар Аллоҳ йўлидаги муҳожирлар номини олишди.

    Ибн Ҳазм бошқа имконият топа олмаган киши муайян зулмдан қутулиш учун дорул ҳарбга қочиб ўтса ва мўминларга қарши кофирларга ёрдам бермаса, унинг ҳижратида ҳеч қандай ҳараж йўқ, деб фатво берди.

    Машҳур ислом олими Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб Зуҳрий халифалик замонида, ислом ерлари кенг пайтда яшаган бўлишига қарамасдан, зулм кўрмаслик учун рум юртларига кетишга азм қилган эди. Зеро, Ибн Ҳазм таъкидлаганидек, унинг бошқа чораси қолмаганди. Сабаби – ўша даврдаги шаҳзода Валид ибн Язид ҳукм тепасига келиши билан уни қатл қилишга онт ичганди.

    Шундай экан, ҳатто соқол қўйиш ёки исломий кийинишни улкан гуноҳ санаб, буни жиноятчилик аломати деб биладиган, ўз мусулмон халқига қарши ҳақиқий зулм сиёсатини олиб бораётган золим ҳокимлар қўл остида яшашни тасаввур қилиб кўринг. Боз устига, диний эркинликка шароит яратилган ислом юртининг ўзи бўлмаса – мўмин қаерга ҳижрат қилиши мумкин?!

    Ушбу мажбурлик ҳолати Имом Зуҳрийнинг қийин аҳволидан бир неча баробар ёмонроқ эмасми?!

    «Муставрид ал-Қураший Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳузурида шундай деди:

    – Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Қиёмат қоим бўлганда одамларнинг кўпи Румликлар бўлади», деганларини эшитганман».

    – Нима деяётганингни ўйлаб гапир!- деди Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу.

    – Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганимни айтдим.

    – Агар айтганларинг рост бўлса, мен Румликларда бор тўртта хислатни айтай:

    1. Улар фитна вақтида энг ҳалим бўладиган;

    2. Мусибатдан сўнг ўзларини энг тез ўнглаб оладиган;

    3. Чекингандан кейин энг тез фурсатда ҳужумга қайтадиган;

    4. Мискинларга, етим ва заифларга энг яхши муомала қиладиган одамлар бўладилар.

    Яна жуда чиройли бешинчи хислатлари ҳам бор – улар подшоҳлар зулмидан энг узоқ одамлар бўлади». (Муслим ривояти).

    Улуғ саҳобийнинг 1400 йил муқаддам билдирган мулоҳазаси бугун айрим ғарб давлатларида ўз тасдиғини топган. Хусусан, подшоҳлар зулмидан узоқ бўлиш.

    Бизнинг «мусулмон» ҳокимларимиз айнан мана шу зарур ҳислат билан хулқланишлари керак эди, агар улар мусулмон бўлсалар.

    Модомики Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтган сифатлар душманларимизда мавжуд экан, уларга бўлган нафратимиз туфайли бу шаҳодатни инкор этмаслигимиз лозим. Биз ҳатто душманимизга нисбатан ҳам адолатли бўлиб, улардаги бор сифатни тан олмоғимиз лозим. Чунки ислом ҳамиша адолат қилишга буюради.

    «Эй мўминлар, Аллоҳнинг ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка чорламасин. Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ҳабардордир». («Моида»-8)

    «Эй мўминлар, адолат билан тургувчи, (шунингдек), ўзларингнинг ёки ота-она ва қариндош уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик бергувчи бўлинглар! У (яъни, гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Аллоҳнинг ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан нафс-ҳавога эргашиб кетманглар!». («Нисо»-135)

    Бешинчи масала: Америка ва бошқа ғарб давлатларида яшовчи айрим мусулмонлар ана шу давлатларнинг қуролли кучларида ҳизмат қилаяптилар. Уларнинг ҳукми нима бўлади? Агар ана шу қўшинлар сафида туриб мўминларга қарши жанг қилишга мажбур бўлсалар уларнинг мажбурликлари эътиборга олинадими?

    Жавоб: Кофир давлатлар қуролли кучларида (ўз хоҳиши билан) ҳизмат қилиш мутлақо мумкин эмас. Чунки бу кофирларни дўст тутиш ва мўминларга қарши уларга ёрдам беришдан бўлиб, шариат ҳукмига биноан кишини исломдан чиқаради.

    «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас». («Моида»-51)

    Қуртубий ёзади: «Аллоҳ таъоло «Бас, у ўшалардандир» деди. Яъни унинг ҳукми яҳудий ва насороларнинг ҳукмидек бўлади. Кофирларга қарши урушилганидек, у ҳам душман саналади. Унинг ҳам жойи жаҳаннам бўлади».

    Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб юқоридаги оятга таяниб мусулмонларга қарши мушрикларга ёрдам бермоқ ва уларнинг ёнини олмоқ кишини диндан чиқаради, дейди.

    Шайх Сулаймон ёзади: «Куфр юртида кофирлар билан дўст-иноқ бўлиб, улар сафида жанг қилмоқ каби амаллар куфрдир».

    Ибн Ҳазм ҳам юқоридаги оятга таяниб шундай дейди: «Оятдан кўриниб турибдики, яҳуд ва насороларни дўст тутган кимса кофирлар жумласидан саналади. Ушбу ҳақиқат хусусида биронта мусулмон бошқача фикр билдирмаган».

    Савол: Агар мусулмон ўз биродарига қарши жангга чиқишга мажбурланса, унинг ҳукми нима бўлади?

    Жавоб: Аввало унинг мажбурланиши шаръий эътиборга молик бўлмоғи шарт. Яъни у то мажбурлангунга қадар ўзини бу жиноятдан қутқаришга қодир эдими? Агар қодир бўла туриб юртини, мол-давлатини, аҳли оиласини хуллас, дунёни яхши кўргани учун ўзини қутқармаган бўлса, унинг мажбурлиги шаръан эътиборга олинмайди. Дунёда ҳам, охиратда ҳам унинг ҳукми кофирларнинг ҳукми билан бир хил бўлади.

    Қуртубий Икримадан ривоят қилади:

    «Исломни қабул қилсалар-да, лекин ҳижрат қилмасдан Маккада қолган айрим мусулмонлар Бадр жангига мушриклар сафида чиқишга мажбур бўлдилар. Ораларида кимлардир ўша жангда ҳалок бўлишди. Шунда Аллоҳ таъоло қуйидаги ояти каримани улар хусусида нозил қилди:

    «Албатта (мусулмонлар билан бирга «ҳижрат» қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: «Қандай ҳолда эдингиз?», деганларида: «Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик», дедилар»… («Нисо»-97)».

    Агар мушриклар сафида жанг қилишга мажбурланганлар Аллоҳ таъоло санаб ўтган кекса, ногирон, чорасиз эркак-аёллар ва гўдаклардан бўлишса, уларнинг ҳукми қуйидагича:

    Мажбурланган мусулмонлар мусулмонларга қарши фитна-тузоқ қўймайдилар, уларга қарата ўқ отмайдилар. Бироқ мужоҳидлар уларни ўлдириб қўйишлари мумкин. Мажбурланганларнинг бу ҳатти-ҳаракати кофирлар томонидан уларнинг ўлдирилишига ёки ҳибсга олинишига олиб борса ҳам, мажбурланганлар ҳеч қачон биродарларига қарши иш қилмайдилар. Чунки мушриклар сафида жанг қилишга мажбур бўлган мусулмоннинг қони мужоҳид биродарларининг ҳаётидан қимматроқ турмайди. Мажбурлик айрим ўринларда узр саналса-да, у ҳеч қачон бошқа бир мусулмоннинг қонини тўкишга рухсат бермайди. Чунки ҳар иккисининг қони бир хилда ҳаром.

    Мусулмонлар ўзаро урушаётган фитна жангида эса ҳеч кимга қўшилмасдан жангни тарк қилмоқ лозим. У чекиниш ҳатто унинг ўлдирилишига сабаб бўлса ҳам, мўмин қўлига қурол олмасин, ўшанда барча гуноҳ қотилнинг зиммасида бўлади. Фитна жангида ёки кофирлар сафида мажбуран мусулмонларга қарши жангга чиққан пайтда мусулмонга қарши қурол кўтармаслик керак.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    – Ҳали фитна, фирқаланиш ва ихтилоф бўлади. Ана шу кунлар келганида қиличингни Уҳуд тоғига уриб синдириб ташла! Сўнг сенга то бир хатокор қўл ёки ажалинг етгунга қадар уйингда ўтир!». (Ибн Можа ривояти).

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    – Мусулмонлар ўртасида фитна чиққан пайтда қиличингни ёғочдан (қилиб) ол. (Яъни фитна жангида иштирок этма)». (Ибн Можа ривояти)

    Савол: Мусулмонлар ўқидан ҳалок бўлган мажбурланганларнинг ҳукми нима бўлади?

    Жавоб: Кофирлар сафида жанг қилишга мажбур бўлган мусулмонлар ўз диндош биродарлари ўқидан ҳалок бўлсалар, ниятларига кўра тириладилар. Уларни ўлдирган мусулмонлар гуноҳкор бўлмайдилар. Чунки жангда кофирлар сафида турган кишини ҳеч ким мусулмон деб ўйламайди.

    Ибн Таймийя ёзади: «Биз кофирлар сафида жангга чиқишга мажбур бўлган мусулмонни душмандан фарқлай олмаймиз. Агар уларни ўлдириб қўйсак, биз узрли саналамиз ва қилган ҳаракатимизга ажр оламиз. Улар эса ниятларига яраша бўладилар. Чиндан ҳам мажбур бўлгани учун кофирлар сафида жангга чиққан бўлса, қиёматда ниятига кўра тирилади. Агар дин учун ўлдирилса, унинг ўлими мусулмонлар сафида ҳалок бўлаётганларнинг ўлимидан улканроқ (мусибат) эмас… Агар бир киши бошқа бир мусулмонни ўлдиришга мажбурланса, унинг мажбурланганлиги билиттифоқ узр саналмайди. Чунки у ўз жонини сақлаб қолиши учун бошқа бир бегуноҳ биродари қонини тўкиши мумкин эмас..».

    Агар мусулмон киши кофирлар сафида мусулмонларга қарши – ҳаттоки номига бўлса ҳам – жангга чиқиш билан қамоқа олиниш ўртасида ихтиёрли бўлса, ўз диндош биродарларига қарши кофир сафида урушгандан кўра қамоқни афзал билмоғи шарт.

    Олтинчи масала: Муслима аёл инсон қиёфасида юрган махлуқлар тазйиқига учраса, жони, шаъни ва аёллик шарафига қилинадиган тажовуздан хавотирга тушса, ўзга юртларга маҳрамсиз ҳижрат қилиши мумкинми?

    Жавоб: Ана шундай мушкул аҳволда қолган муслима агар зулмдан қутулишнинг бошқа чорасини топа олмаса, маҳрамсиз ҳам ҳижрат қилаверади. Иншааллоҳ, бу масалада ҳараж йўқ. Чунки заруротлар маҳзуротларга рухсат беради.

    Ибн Қудома ёзади: «Муслима аёл ёки қиз кофирлар орасидан чиқиб кетишга йўл қидирса, ҳар қандай мусулмоннинг уни кофирлар орасидан чиқариб қўйиши жоиз. Бунга қуйидаги ривоят далил бўлади:

    «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани тарк этдилар. Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қизи йўл бўйида ўтирарди. Йўлдан Али розияллоҳу анҳу ўтиб қолди.

    – Эй Амакимнинг ўғли, мени кимга ташлаб кетяпсиз?- деди Ҳамзанинг қизи.

    Али розияллоҳу анҳу қизни олиб, Фотима розияллоҳу анҳуга топширдилар. Улар Мадинага бирга ҳижрат қилишди».

    Бироқ ҳижрат фарз эмас мустаҳаб бўлса, маҳзуротларга йўл очадиган зарурот йўқлиги туфайли аёлнинг маҳрамсиз ҳижрат қилиши мумкин бўлмайди.

    Еттинчи масала: Барча кофирлар бир ҳилда ҳажр қилиниб четга суриб қўйиладими?

    Жавоб: Кофирлар билан муомала қилишдаги асл асос уларни ҳажр қилиш – четга суриб қўйишдир. Кофирнинг исломга адовати қанчалик ортса, уни ҳажр қилиш ҳам шунчалик қаттиқлашади. Шунга биноан Аллоҳ каломини эшитишни истаб, омонлик сўраган кофир билан душман мақомида турган ашаддий кофирга бир ҳилда муомала қилинмайди. Қалби исломга ошно этилаётган ғайридин билан исломга қарши курашувчи кофирга ҳам бир хил муомала қилинмайди.

    Хуллас, куфр, даҳрийлик ва ҳақдан юз ўгириш қанчалик ашаддий кўриниш олса, ҳажр ва алоқани узиш ҳам шунчалик кескинлашади. Аксинча, кофирда ҳаққа мойиллик, динга рағбат уйғонишига қараб унга бўлган муносабат ҳам юмшайди. Ушбу ҳолатларда кофир билан алоқа боғлашнинг ўзига хос сабаблари ва шаръий оқловлари бўлади. Яна Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир.

    Кофир билан муомала қилишдаги асл – ҳажр ва ўртани узишликдир. Бироқ айрим мустасно ҳолатларда маълум маънода алоқа қилишга рухсат берилади. Масалан:

    а) Муслим фарзанд кофир ота-онасига яхшиликлар қилади. Фақат дин ва ақида масаласида уларга бўйсунмайди.

    «Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма!». («Луқмон»-15).

    Албатта кофир ота-онани ҳикмат ва чиройли мавъиза билан мудом ҳақ йўлига даъват этмоқ ва Аллоҳдан ҳидоят тиламоқ уларга қилинадиган энг улкан яхшиликлардандир. Шояд Аллоҳ таъоло уларни фарзандлари сабабли ҳаққа йўллаб, жаҳаннам ўтидан халос этса.

    «Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан: Онам – у мушрика эди – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида меникига келди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нима қилиш кераклигини сўрадим:

    Онам (бирон нарса беради деб) умидвор бўлиб келибди. У билан алоқа (яхшиликлар) қилсам бўладими?

    Ҳа- дедилар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Унга силаи раҳм қилгин».

    б) Бирон мушрик ёки кофир Аллоҳ каломини эшитиш учун омонлик сўраса, уни ҳимояга олиш мумкин.

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ўз ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг! Бу (ҳукм) уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир». («Тавба»-6).

    в) Агар қўшнингиз кофир ёки мушрик бўлса, унга ҳам чиройли муносабатда бўлиб, яхшиликлар қилишга мажбурсиз. Чунки қўшнининг – ҳатто кофир бўлса ҳам – ҳақлари бор. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қўй сўйди ва:

    – Менинг яҳудий қўшнимга ҳам гўшт чиқариб бердингларми?- деди у – Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Жаброил менга қўшнига яхшилик қилишни айтаверганидан, қўшни ҳам мерос олса керак, деган гумонга бордим. (Яъни, қўшни ҳам меросхўр қилинса керак…)».

    г) Исломга мойиллиги кўриниб турган, қалби динга ошно этилаётган кофирни ҳаққа етаклаш мақсадида у билан яхши муносабатда бўлиб, яхшиликлар қилинади.

    «Албатта садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошно қилинувчи кимсаларга…». («Тавба»-60).

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам садақа-эҳсонлар билан айрим мушриклар қалбини эгаллаганлари ва уларнинг исломни қабул қилганлари тарихдан маълум.

    д) Ислом даъватчилари динсиз кимсалар орасига киришга мажбурлар. Улар кофирларни исломга даъват этиш, амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш учун уларнинг давраларига кириб, озорларига сабр қиладилар. Иншааллоҳ, бунинг асло зарари йўқ. Аксинча бундай ҳатти-ҳаракат Аллоҳ таъолога яқинлаштирувчи энг яхши амаллардан саналади.

    «(Одамларни) Аллоҳ (нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «шак-шубҳасиз, мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?» («Фуссилат»-32).

    Бироқ, ушбу муҳим вазифага киришувчи киши қуйидаги муҳим шартларга эътибор қилмоғи лозим:

    – Даъватчи нимага буюриб, нимадан қайтараётганини яхши тушуниши керак. Ўзи ҳеч нарсани тушунмайдиган киши бошқаларга бирон нарсани ўргатиши маҳол. У бир мункарни ундан ҳам ёмонроқ мункар билан инкор этса ёки бир фитнага ундан ҳам улканроқ фитна билан қарши чиқса, буни илм ёҳуд тушунча деб аташ мумкин эмас.

    – Кофирлар даврасида – уларга Аллоҳ даъватини етказиб, устларига ҳужжатни қоим қилиш учунгина – ўтириш мумкин. Улар орасида бундан ортиқ ушланиб қолмаслик керак.

    – Мункарни кўрганида жим турмасин. Чунки унинг сукути тасдиқ маъносида тушунилади.

    – Агар наҳйи мункар қила олмаса ёки кофирлар унинг гапларига қулоқ солишмаса, ўзи ҳам кофирлар билан бир хил бўлиб қолмаслиги учун мўмин киши уларнинг даврасини дарҳол тарк этсин.

    Демак, Фақат юқоридаги шартларга биноан динсизлар даврасига кириш мумкин.

    е) Кофирнинг яхшилигига яхшилик билан жавоб қайтармоқ. Жавоб тариқасида кофирга яхшилик қилмоқнинг иншааллоҳ, ҳаражли жойи йўқ.

    Оғир кунларда Мутъим ибн Адий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз ҳимоясига олиб, яхшилик қилганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг яхшилигини зиёдаси билан қайтаришга тайёр эканликларини Бадр жангидан сўнг қуйидагича ифодаладилар:

    – Агар Мутъим ибн Адий ҳаёт бўлиб, манави бадбўйлар (асир тушган мушриклар)ни деб ўртага тушганида, унинг учун асирларни озод қилиб юборардим. (Абу Довуд ривояти)

    (Мутъим ибн Адий Бадрдан анча олдин мушрик ҳолида вафот этган).

    Бу яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш қабилидандир.

    Юқоридаги васл, чиройли муомала ва яхшилик қилиш ҳақида келтирилган мисолларни ҳиссиётга берилиб, ислом ақидасига зид ҳаракат ёки мушрикларни дўст тутиш, деб тушунмаслик лозим. Биз қайси кофирларга қачон ва нима учун яхши муомала қилинишни баҳоли қудрат баён этиб ўтдик. Яна Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир.

    Золим ва фожир султонларни ҳажр қилинади.

    Золим султонлар зулми куфр даражасига чиқмаган бўлса-да, зўравонликлари ва мункар ишларида ёрдамчи бўлиб қолмаслик учун суннатга биноан улар ҳажр қилинади.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    Ҳали бошингизга ўз атрофига фақат ёмонларни тўплайдиган, намозни вақтидан кечиктирадиган амирлар келади. Ким ўша кунларга етса, асло раҳбар, миршаб, солиқ йиғувчи ёки ҳазиначи бўлмасин». (Ибн Ҳиббон ривояти).

    «Мендан кейин тепангизга фақат билган нарсасини гапирадиган, маъруф амаллар қиладиган ҳокимлар келади. Уларга итоат қилиш чин итоатдир. Бир қанча вақт ана шундай яшайсизлар. Сўнг тепангизга шундай амирлар келадики, улар билмаган нарсаларини гапириб, билмайдиган ишларини қиладилар. Ким уларга ҳамфикр ва ёрдамчи бўлиб кучларига куч қўшсалар, ана ўшалар (ўзлари ҳам) ҳалок бўлибдилар, (ўзгаларни ҳам) ҳалок қилибдилар. Сиз уларнинг орасида таналарингиз билан аралашиб юринг ва амалларингиз билан улардан ажралиб туринг». (Табароний ривояти).

    Илм, шараф ва адолат билан танилган ҳақиқий мўминлар золим ҳокимларнинг ёнларида юрмасинлар, уларнинг зулм-зўравонликларига беихтиёр ёрдамчи бўлиб қолишмасин. Чунки авом халқ уларни кўриб, «Агар бу ҳоким яхши одам бўлмаганида бундай яхши зотлар унинг ёнида ёрдамчи бўлиб юрмасди», деган нотўғри хулосага келади. Ана шунда золимнинг ёрдамчиси бўлганлар ўзлари ҳам ҳалок бўладилар, ўзгаларни ҳам ҳалок қиладилар».

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    «Сизлар (улар қилаётган айрим ишларини) маъруф деб, (айримларини) мункар деб биладиган амирлар бўлади. Ким уларга қарши курашса, нажот топади. Ким улардан йироқ юрса, саломат қолади. Ким улар билан аралашиб юрса, ҳалок бўлади».(Табароний ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    «Яхшилаб қулоқ солинглар: Мендан кейин шундай амирлар бўладики, ким улар орасига кирса, ёлғонларини тасдиқласа ва зулм-зўровонликларига ёрдам берса, у мендан эмас, мен ҳам ундан эмасман. У (охиратда) менинг ҳавзимдан сув ичмайди. Ким уларнинг орасига кирмаса, зулмларига ёрдам бермаса ва ёлғонларини тасдиқ этмаса, у мендан, мен ҳам унданман. У ҳавзимдан сув ичади».(Термизий ривояти)

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    «Ким султон эшигига келса, фитналанади. Киши султонга қанчалик яқинлашса, Аллоҳдан шунчалик узоқлашади». (Аҳмад ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    «Ким ботил ёрдамида ҳақни инкор қилишда золимга ёрдам берса, Аллоҳ ва расулининг зиммаси ундан покдир».

    Золим ҳокимлардан йироқ юриш хусусида яна бир қанча ҳадисларни келтириш мумкин. Эътибор беринг, Аллоҳни бир деб биладиган, намоз ўқийдиган золим раҳбарларга ёрдамчи бўлиш қанчалар қаттиқ қораланган. Энди ўзларини исломнинг ашаддий душманлари деб биладиган муртад ва кофир ҳокимлар ёнини олиш хусусида нима дейиш мумкин?!

    Бироқ, золим ҳокимлардан четланиш лозим экан, деб уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиш ярамайди. Хусусан илм эгалари золим раҳбарларни ҳаққа чақириб турмоқлари, уларга амри маъруф наҳйи мункар қилмоқлари лозим.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    «Шаҳидлар саййиди – Ҳамза ибн Абдул Муттолиб ва золим раҳбар қаршисига чиқиб, уни маъруфга буюргани ва мункардан қайтаргани учун ўлдирилган киши!». (Ҳоким ривояти, Ас-Саҳийҳа 374).

    «Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтади: «Биз қаерда бўлсак ҳам маломатчининг маломатидан қўрқмасдан ҳақни айтамиз деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат бердик!». (Муттафақун алайҳ)

    Фақат золим ҳокимлар ёнига ҳақни айтгани чиққан биродарларимиз қўрқиб ёки мол-дунё таъмасида уларнинг ёнини оладиган маддоҳларга айланиб қолишдан ҳазир бўлсинлар. Чунки, қанча олимлар амри маъруф, наҳйи мункар қилмоқ қасдида саройга бориб, бутунлай ўзгариб қайтди. Энди улар аксинча, золим ҳокимларни ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтаришга тушдилар. Бу оғир имтиҳондан фақат Аллоҳ асраган бандаларгина саломат чиқадилар, холос!

    Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича золим ҳокимлар бошчилигида ҳам душманга қарши жиҳод қилинаверади. Мусулмонлар ёмон ҳокимларнинг ёмонликларидан четланишади. Лекин улар маъруф ишларга буюришса, албатта итоат қилишади. Жиҳод яхши амир раҳбарлигида ҳам, фожир амир бошчилигида ҳам қиёматга қадар қилинаверади. Чунки, жиҳоднинг тарк этилиши жуда ҳунук оқибатларги олиб келади.

    Гуноҳкор-осий золимларни ҳам ҳажр қилинади.

    Гуноҳкор осийларни ҳажр қилиш маълум маънода фиқҳ ва тақвога боғлиқ. Чунки ҳажр гуноҳкорларни гуноҳ-маъсиятдан тўсишда фойдали бўлган ҳолатларда уларнинг гуноҳларига яраша қилинади. Ҳажр гуноҳкорлар учун ҳам, бошқалар учун ибрат бўлмоғи лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотидан узрсиз қолган уч нафар саҳобани бошқалардан ажратиб қўйдилар – ҳажр қилдилар. Ушбу ҳажр улар учун жуда фойдали бўлди.

    Бироқ ҳажр фойда ўрнига зарар келтирса, гуноҳкорларни фисқу-фасодда баттар бўлишларига олиб борса, ҳажр қилинмайди. Чунки ҳажр бу ерда фойда бермайди ва ислом аҳди – диний биродарлик борлиги учун улар четга суриб қўйилмайди.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    Биродарини уч кеча (кундуз)дан ортиқ ҳажр қилмоқ мусулмон учун ҳалол бўлмайди». (Муттафақун алайҳ).

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    Мусулмонни уч (кун)дан ортиқ ҳажр қилмоқ мусулмонга (ҳалол) бўлмайди. Учрашиб қолишса, (биродари) уч марта салом берса-ю, у биронтасига жавоб қайтармаса, (ҳажрнинг) гуноҳи унга бўлади».

    Саккизинчи масала: Шариатда ҳижрат қилишга маълум бир жой тавсия этилганми? Ватан тутиб яшаш афзал саналган юрт мавжудми?

    Жавоб: Айрим юрт ва минтақаларни ватан тутмоқнинг ҳамда мазкур ерларда яшашнинг фазли хусусида бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Ана шундай афзал юртлар сирасига Шом ерлари ва Мадина шаҳри киради. Қуйида Шом ва Мадина ҳақида айтилган ҳадисларнинг бир қисмини келтириб ўтамиз.

    Биринчи: Мадина ва унда яшаш хусусидаги ҳадислар:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    «Агар билсалар, Мадина улар учун яхшироқдир. Ким Мадинадан юз ўгириб, уни ташлаб кетса, Аллоҳ таъоло Мадинага ундан яхшироқ кишини беради. Ким Мадинанинг кўргулик ва қийинчиликларига сабот билан турса, қиёматда мен унга шафоатчи ёки гувоҳ бўламан». (Муслим ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    «Мадинанинг бошига шундай замонлар келадики, одамлар қишлоқларга кетишади. Улар (ўзлари учун) қулай жойни излашади, қулай жойни топадилар ҳам. Сўнг Мадинага келиб, оилаларини ҳам олиб кетадилар. Агар улар билсалар, Мадина улар учун яхшироқдир». (Аҳмад ва бошқалар ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    «Қай бирингиз Мадинада (яшаб, шу ерда) вафот этишга имкон топса, шундай қилсин. Ким Мадинада вафот этса, қиёмат куни мен унга гувоҳ ёки шафоатчи бўламан». (Термизий ва бошқалар ривояти).

    Иккинчи: Шом хусусидаги ҳадислар.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    Шомга барокотлар ёғилсин! Шомга барокотлар бўлсин!

    – Ё Расулуллоҳ, нима учун бундай деяпсиз?- сўрашди саҳобалар.

    Шом узра Аллоҳ фаришталари қанотларини ёзиб турибди!-дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам».

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    Агар Шом аҳли бузилса, сизларда хайр-яхшилик қолмайди. Умматимдан бир тоифа то қиёмат қойимга қадар ғолиб бўлиб туради. Ёрдамсиз ташлаб кетганлар уларга зарар беролмайди». Бир ривоятда: «Улар Шомда бўлади», дейилган.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    Ҳали ҳижрат кетидан ҳижрат бўлади. Ер аҳлининг энг яхшилари Иброҳим соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилган ерларни ватан тутганлардир».

    Иброҳим соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фаластин ва унинг атрофига ҳижрат қилганлар.

    Ҳадисдаги Шом калимаси бугунги Фаластин, Сурия, Ливан ва Урдун ерларини ифодалайди.

    Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, У зотнинг аҳли оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин! Сўзимиз сўнгида Аллоҳ таъолога ҳамду санолар айтиб қоламиз.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963