Йигит уйланмоқчи бўлган қизи билан қандай учрашади?

    Савол:

    Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳ Мен бир муслима билан учрашувга чиқмоқчиман шунга маслаҳат беришларингизни сўрайман. Саҳобалар нима қилишган шу масалада. Масалан қанақа савол беришган шунга ўхшаш. Хуллас нима қилсам суннатга мувофиқ бўлади?

    Жавоб:

    Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала росулиллаҳ.

    Ислом дини ор-номусни сақлаш, қалбларни пок тутиш мақсадида номаҳрам аёлларга кўз тикишни ҳаром қилди. Баъзи ҳолатларни бундан мустасно қилиб, бегона аёлга зарурат юзасидангина қарашга рухсат берди. Шу ўринлардан бири, уйланмоқчи бўлган одам қўлини сўраган аёлининг баъзи жойларига қарашидир. Чунки киши муҳим ҳаётий ишга қарор қилиш олдида турибди. Шундай экан у аёлни кўрса ва у билан ҳаётини боғлашига рағбатлантирувчи баъзи турткиларни топса, бу ҳар иккиси учун келажакда тотув ҳаёт кечиришларига сабаб бўлади.

    Қуйида совчи бўлинган аёлга қарашга рухсат берадиган далиллардан айримларини келтирамиз:

    1- Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар сизлардан бирингиз биронта аёлнинг қўлини сўраган бўлса, имкон қилса ўша аёлдан уйланишга рағбатлантирадиган жойларига қарасин.” Бошқа бир ривоятда айтади: Салама қабиласидан бир қизга совчи қўйдим. Мен яшириниб уни пойладим, мени қизиқтирадиган нарсани кўрганимдан кейин унга уйландим. (Саҳиҳ Аби Довуд: 1832, 1834).

    2- Муғийра ибн Шуъба айтади: Бир аёлга совчи қўйдим, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни кўрдингми?” дедилар. Йўқ, деб жавоб бердим. “Уни кўргин, бу сизлар ўртангизни яхши бўлишига сабаб бўлади” дедилар. (Ибн Можа: 1/574)

    Имом Абу Ҳанифа икки оёқ, юз ва икки кафтга қарашга рухсат берганлар.

    Ибн Обидин Ҳошиясида 5/325 да айтади: Юзга, икки кафт ва оёққа қараш мумкин, бундан ортиғига қарамайди.

    Имом Шофеий айтадилар: Агар бирон аёлга уйланмоқчи бўлса унга (аёл) бошяланг ҳолатида қарамайди, аёл ўранган ҳолатида юзи ва икки кафтига қарайди. Бунда аёлнинг изни бўлиши ёки бўлмаслиги баробар.

    Юқорида келтирилган сўзлар “кўриш” келишилган учрашувли ёки учрашувсиз бўлса. Масалан, ўша аёлнинг бирон сабаб билан уйдан чиқиш пайтида кўриб олса. Бундай ҳолатда йигит учун қизга бир марта қарашга рухсат берилади, агар яхши кўра олмаса, яна бир марта қараши мумкин. Бундан ортиқ қараш мумкин эмас, чунки бу қарашга никоҳ зарурати учунгина рухсат берилган. Бунда аёл билан маҳрами бўлиши шарт эмас. Чунки уни кўрмоқчи бўлган йигит аёл билмаган ҳолатда бу ишни қилган бўлади ва у билан учрашмайди ҳам ёлғиз ҳам қолмайди. Аммо қизни учрашув орқали кўрмоқчи бўлса, бу ҳолатда қизнинг биронта маҳрами (отаси, акаси) бирга бўлиши шарт. Чунки бегона аёл билан ёлғиз қолишдан динимиз қайтарган.

    Бу ерда бир савол туғилиши мумкин, юртимиз қизларининг аксарлари шундоқ ҳам бошларини очиб юришадику! Уларнинг сочига қараш мумкин эмасми? Улар шундай ҳам маҳрамларсиз кўчага, бозорга, ўқишга ёлғиз чиқадилар ўша ерларда кўришиб, гаплашаверсак бўлмайдими?

    Биз бу жавобни Ислом динига амал қилаётган, Исломий оила қурмоқчи бўлаётган, иймонли, тақволи йигитларга бермоқдамиз. Мана шундай сифатдаги йигитлар боши очиқ, кўчада бемалол юрадиган, (телефон ва мессенжерларда хотиржам гаплашадиган) қизларни бутун гўзалликлари, мафтункорликлари билан ташлаб, Аллоҳ учун диндор, иффатли, Роббининг шариатига бўйсунувчи, ҳижобли, юзларини бегоналарга кўрсатишдан тақво қиладиган диндор қизларни танласинлар ва уларни кўрмоқчи бўлсалар юқоридагиларга амал қилсинлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл тўрт нарсаси учун никоҳланади; бойлиги, насаби, чиройи, диндорлиги. Барака топгур, диндорини танлагин! деганлар” Ҳадисни имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар. Агар бу тўрт сифат жамланса нур устига нур, акс ҳолда асосий талаб қилинган сифат дини бўлиши керак.

    Зайлаий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Йигитга қизнинг кафтлари ва юзини ушлаб кўриши — агарчи шаҳватдан холи бўлса ҳам — мумкин эмас, чунки бунинг зарурати йўқ ва улар бир-бирлари учун ҳаромдирлар. (Раддул-Мухтор: 5/237).

    Ибн Қудома айтади: У билан ёлғиз қолиши мумкин эмас, шариат фақат қарашга рухсат берди. Хилватда қолиш ножўя ишларни содир бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

    Йигит қизни кўриши мустаҳаб ва у фойдадан холи эмас. Агар қизни кўришнинг иложи бўлмаса ёки бундан кўра нозикроқ томонларини билмоқчи бўлса, йигит аёл қариндошларидан биронтасини қизни кўришга юборади. У кўриб бунга айтиб беради.

    Анас ибн Моликдан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аёлга уйланмоқчи бўлдилар. Уни кўриб келиши учун бир аёлни юбордилар ва шундай деб тайинладилар: “Оғзининг бўйини ҳидланг, товонларига қаранг” (Мустадрак, Ҳоким: 2/166 Муслим шартига кўра саҳиҳ).

    Бу ҳадис юборилган аёл кўриладиганидан кўра кўпроқ нарсани билиб келиши мумкинлигини ифдаламоқда.

    Ҳадисда аёлнинг тозалик томонига этибор қаратилган. “Товонларига қаранг” деб таржима қилганимиз бу иборанинг аслида товоннинг юқориси, тўпиқнинг орқасидаги чуқурча назарда тутилган. Агар шу жой кир бўлган бўлса, бошқа жойи кир бўлиши авлороқдир.

    Ҳадислар ва уламоларнинг сўзларидан кўриниб турибдики, йигит қизни кўришга ҳақли холос, кўриш ҳам чекланган миқдорда. Аммо сўзлашиш, келажак турмуш учун режалар тузиш ва ҳоказоларга ўринг йўқ. Агар воқеъда шундай учрашувлар бўлаётган бўлса, бу илмсизликдан, шариатни яхши тушуниб етмасликдан.

    Шу ўринда қизга тааллуқли бир масалани айтиб қўймоқчимиз. Қиз учрашув пайтида ўзини содда, табиий тутиши ва пардоз-андоздан четланган бўлиши керак. Чунки кейинчалик миси чиқиб қолса, яхши бўлмайди.

    Жавоб Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжиднинг шу хусусда берган жавоби асосида тайёрланди.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962