Бизга боғланинг
Коинотнинг ибодати (3)
Бешинчи мартаба: Одамларга эҳсон, садақа ва яхшилик қилувчилар мартабаси бўлиб, улар одамларнинг турли эҳтиёжларини қондирадилар, уларга ёрдам берадилар, ғамларини кетказиб, оғирларини енгил қиладилар. Улар Аллоҳнинг олдидаги нарсага қизиқадилар ва бойликларидан эҳсон қилаётган нарсалари Аллоҳнинг олдида зиёда бўлиб, кўпайиб туришига аниқ ишонадилар. Садақа туфайли моллари камайган пайтда Аллоҳ азза ва жалланинг сўзини ёдга оладилар: «Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда.) Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир (Бақара: 261).
«Мол-дунёларини кечаю кундуз, яширин ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар учун Парвардигорларининг ҳузурида улуғ ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Бақара: 274).
Бандаларнинг бу синфи ўзларида бўлган барча мол-дунёлар тугаб битишига, Аллоҳнинг ҳузуридаги ажр савоблар эса боқий эканлигига, қилаётган эҳсонлари аслида ўз молларидан эмас, балки Аллоҳ уларнинг қўлида қилиб қўйган Аллоҳнинг моли эканига, Аллоҳ уларни бу бойликка эгадор қилиб қўйганига ва қандай садақотлар қилишларига, қайси йўлга сарф қилишларига, кимларга нафақа қилишларига, қандай иш юритишларига қараб, кузатиб туришига чин дилдан эътиқод қиладилар. Агар бирор масжид қурилишини эшитсалар, мол сарфлашга бир-биридан ўзишиб кетадилар, агар бирор бева-бечорани эшитсалар, хизматига шошиладилар, агар шаръий хайрия лозим бўлган ўринларни билиб қолсалар, уларга сарф қиладилар. Офарин уларга! Фарзларни бажаришда одамлар билан тенг, баб-баробардирлар, қилган эҳсонлари билан эса одамлардан юксалиб кетдилар. Булар ҳаммаси фақат Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага рағбат бўлиб, инсонлардан бирор мукофот ёки раҳмат кутмайдилар.
Сиз ҳам уларданмисиз, эй Аллоҳнинг бандаси?
Олтинчи мартаба: Аллоҳ азза ва жаллага даъват қилувчилар мартабаси. Улар илм толиблари, яхшилик ва ислоҳ даъватчилари. Аллоҳ таоло уларни яхшилик ва тўғрилик йўлига ҳидоятлаб қўйган. Бемаъни кўнгил очадиган нарсалар кўпайган, бузуқлик ва ёмон ишлар кенг тарқалган даврда Аллоҳ азза ва жалла уларни сақлаган кишилардир. Улар яхшиликни фақат ўзлари учун қилмайдилар. Зиммаларига Аллоҳ таолога даъват вазифасини олганлар. Гуноҳу маъсият ботқоғига ботиб, ҳалок бўлаётганларни қутқаришни елкаларига олганлар. Одамлар орасида юриб бунисига илм берадилар, унисига тўғри йўл кўрсатадилар, намоз ўқимайдиганларга бу ишнинг хатарини тушунтирадилар, эътиборсизларга шаръий ҳукмларни шарҳлаб берадилар. Ичиш, чекиш ва ҳаром нарсаларга ўралашиб қолганларни ундан халос қилишга ва Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилишнинг катта гуноҳ эканини уларнинг дилларига етказишга ҳаракат қиладилар. Ким динда ноқис бўлса, ноқислигини комил қиладилар ва ким тойилса тургизиб қўядилар. Бу ишларнинг барчасини ҳикмат, чиройли панд-насиҳатлар ва намунали мисоллар билан олиб борадилар. Бир қарасангиз дарс ўтаётган, яна бир қарасангиз мақола ёзаётган бўладилар. Кимларгадир китоблар, яна кимларгадир кассеталар тарқатадилар. Ғамлари фақат одамларнинг ҳидояти бўлиб, дам олиш, истироҳат вақтларини даъват йўлига бағишлаганлар.
Еттинчи мартаба: Аллоҳнинг бандалари эришадиган мартабалардан яна бири – солиҳлар мартабасидир. Улар Аллоҳнинг фарзларини бажарадилар ва Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини очган қадар нафл ибодатларни ҳам зиёда қиладилар. Баъзилари кўп вақтларини рукуъ-сужудлар билан ўтказадилар, баъзилари Қуръонни кўп ўқийдилар, баъзилари эса кўп рўза тутадилар. Улар ичида кўп зикр қилувчилари, ўта сабрлилари бор. Баъзилари эса турли яхшиликларни кўпайтиришда, адашганларни йўлга солишда ижтиҳод қиладилар. Улардан биронтаси гуноҳ қилиб қўйса, тез қайтиб тавба қилади. Улар Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларига лойиқдирлар:
«Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар» (Сажда: 16).
«Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар» (Ваз-Зариёт: 17).
Аллоҳ таоло ҳадиcи қудcийда айтган:
«Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам унга фарз қилган амалларимдан кўра Менга суюмлироқ бўлган бошқа бирон нарса билан Менга яқинлашмаган. Бандам Менга нафл амалларни қилиш билан яқинлашиб бораверади, ҳаттоки Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар яхши кўриб қолсам, Мен унинг эшитадиган қулоғига, кўрадиган кўзига, ушлайдиган қўлига ва юрадиган оёғига айланаман. (Яъни, у фақат мен хоҳлаган ва мени рози қиладиган нарсаларни эшитади, кўради ва ҳоказо.) Агар сўраса, албатта бераман, паноҳ тиласа, албатта паноҳимга оламан». (Бухорий ривояти).
Бизнинг бу замонимизда ҳам шундай инсонлар бормикин?! Аллоҳга қасамки, улар анқонинг уруғидек бўлиб қолдилар. Аллоҳ азза ва жалла бизларга Ўзи раҳм қилсин.
Саккизинчи мартаба: Нажот аҳлининг мартабасидир. Улар Аллоҳ таолонинг фарзларини адо қиладилар, ҳаром қилган нарсаларидан тийиладилар ва шуларгагина чекланадилар, бундан озайтирмайдилар ҳам, кўпайтирмайдилар ҳам. Ана ўшалар қуйидаги ҳадисга мувофиқ нажотга эришган кишилардир:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир аъробий келиб у зотдан: «Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ менга фарз қилган намоз ҳақида айтиб беринг» деб сўради. У зот: «Беш вақт намоз. Агар хоҳласанг нафл намозларни ўқи» дедилар. «Аллоҳ менга фарз қилган рўза ҳақида айтиб беринг», деди. «Рамазон рўзаси. Агар хоҳласанг нафл рўза тут», дедилар. … Ва ҳоказо ислом арконларини сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Ислом асосларини баён қилиб бердилар. Шунда у: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга фарз этган нарсалардан ҳеч нарсани зиёда ҳам қилмайман, камайтирмайман ҳам», деди. «Агар (ўз сўзида) содиқ бўлса, нажот топди!», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Бир ривоятда: Агар (ўз сўзида) содиқ бўлса, (аниқ) жаннатга киради» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Демак, нажот беш вақт фарз намозни, закотни, рўзани, қодир бўлса ҳажни адо қилишда, ҳаромлардан узоқлашиш ва унга тушиб қолмасликдадир. Агар улардан биронтаси кичик гуноҳлардан бирор гуноҳни қилиб қўйса, қилаётган бошқа нафл ибодатлари унга каффорат бўлади. Аллоҳ азза ва жалланинг сўзига мувофиқки: «Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо қилинг! Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур, бу қулоқ тутгувчилар учун эслатмадир» (Ҳуд: 114).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига мувофиқки: «Ёмонлик кетидан яхшиликни эргаштир, уни ўчириб юборади». (Термизий ривояти).
Эй биродарим, мен ва сиз ўзимизни ҳеч бўлмаганда шу синфга лойиқ дея оламизми? Нажот аҳлидан бўла оламизми? Ё аросатда қолиб кетамизми? Раҳматингни дариғ тутма, раҳматингни дариғ тутма, эй меҳрибонларнинг Меҳрибони!
Тўққизинчи мартаба: Жонларига жабр қилганлар мартабаси. Улар Аллоҳ таоло фарз қилган амалларни қиладилар, лекин маъсияту гуноҳга ўралашиб қоладилар. Аллоҳ қайтарган нарсаларни қиладилар. Бир тарафдан бандаликни адо қиладилар, бир тарафдан қосирлик қиладилар. Гуноҳларига тавба қиладилар-у, лекин шайтоннинг қамрови доимий, қалблари унга мойил. Улар гуноҳлар содир қилиш билан ўзларига зулм қилувчидирлар. Улар Аллоҳ таолонинг: «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар!» деганини эшитадилар, қалблари тавбага ва Аллоҳга қайтишга мойил бўлади, сўнг яна гуноҳга қўл уриб қўядилар.
Мусулмон биродар! Бу бандаларнинг убудият поғонасидаги баъзи мартабалари бўлиб, бошида айтганимдек барча мартабаларни қамраб олган эмас, балки улардан айрим намуналар холос. Ҳар биримиз ушбу мартабалардан қай бирига мансублигимизга бир қараб кўрайлик. Масалан, сиз ўзингизни нажот аҳлидан дея оласизми? Ёки ўзингизни олимлар жамоасида кўрасизми? Ёки сиз хайру эҳсон, садақа аҳлиданмисиз? Ёки солиҳ бандаларданмисиз? Яъни, кечалари қоим, кундузлари соим, шулар орасида зокир, тасбеҳ айтувчию истиғфорлар қилувчимисиз? Ёки мен ва сиз ўз жонига жабр қилган сўнгги мартаба эгаларига кўпроқ яқинмизми?
Хулоса шуки, инсон огоҳ ва ҳушёр бўлиши, яхши амаллар қилиши, Аллоҳ ҳаром
қилган нарсалардан четланиши, ҳаётлик пайтида ўз Ҳожасига бўлган бандалигини
тўла рўёбга чиқариб олиши лозим.