Бизга боғланинг
Маҳрумларv
Иброҳим ад-Дувайш
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар бўлсин.
Аммо баъд:
Ушбу суҳбатимизнинг мавзуси «Маҳрумлар» бўлишига мени ундаган нарса, ушбу калиманинг хатарли бўлишига қарамай хотиржам эканимиз бўлди. Кўпчилигимиз маҳрум эканимизни сезамиз. Киши тоат-ибодатда Аллоҳдан қанча узоқ бўлса унга шунча маҳрумлик етади. Ушбу сўзим билан маҳрумларга хитоб ўлароқ, уларга қўшиб ўзимга ҳам нидо қилиб айтаман: Асло хотиржам бўлмайлик, чунки мен маҳрум бўлишим мумкин, сиз маҳрум бўлишингиз мумкин, фалончи ёки пистончи маҳрум бўлиши мумкин, балки, барчамиз маҳрум бўлишимиз мумкин.
Маҳрумлик шахслар ва ҳолатларга қараб хар хил бўлади. Гоҳо роҳат ва фароғатдан маҳрум бўлинади. Гоҳо сажда ва рукуъ лаззатидан маҳрум бўлинади. Гоҳо Қуръон тиловати ва оятларининг тадаббуридан маҳрум бўлинади. Гоҳо зикр ва истиғфордан маҳрум бўлинади. Гоҳо хушуъ ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлашдан маҳрум бўлинади. Гоҳо ота-онага яхшилик қилишдан маҳрум бўлинади. Гоҳо оила қуришдан маҳрум бўлинади. Гоҳо Аллоҳ йўлида биродар бўлишдан маҳрум бўлинади. Гоҳо ҳалол ейиш ва унинг лаззатидан маҳрум бўлинади. Гоҳо тавба қилиш ва қилмишларига надоматдан маҳрум бўлинади. Гоҳо ҳусни хотимадан маҳрум бўлинади.
Азиз биродар, мухтарама синглим! Гоҳида юқоридагиларнинг барчасидан маҳрум бўлишимиз мумкин, гоҳо кўпидан, гоҳо озидан. Ҳақиқий бахтли инсон, буларнинг барчасига эга бўлиб, улардан маҳрум бўлмаган кишидир, бундайлар нақадар оз-а! Агар сиз шулардан бўлсангиз, Аллоҳнинг сизга берган неъматини қадрлаб шукр қилинг. Шуни билинг-ки мусулмонларга насиҳат қилиб, уларни тўғри йўлга йўлламагунингизча, комил шукр қилувчилардан бўлмайсиз. Шундай экан ўзингизни таблиғ (даъват) ажридан маҳрум қилманг. Яхшиликка далолат қилувчи киши, ўша яхшиликни қилувчидек ажрга эгадир. Агар шундай бўлмасангиз, демак сиз ҳам оз бўлсада маҳрумликдан насибадор экансиз. Шунинг учун менинг бу хитобимга, бу нидоимга аҳамият беринг, уни беэътибор қолдирманг. Менинг мақсадим меҳрибонлик, муҳаббат, шафқат ва насиҳатдир, холос. Сизнинг маҳрумлигингиздан шодланиш эмас — Аллоҳ асрасин— чунки ўзим ҳам маҳрумларнинг бириман.
Кўринишдан бахтлига ўхшаган аксар кишилар маҳрумдирлар. Улар иймон халоватини, ҳидоят ва истиқомат ҳақиқатини тотмаганлар. Истиқомат (ҳақда собит туриш)шакл-шамоил ва ташқи кўринишгина эмас, балки у амал ва ботиний ҳоллардир.
Эй мансаб ва бойлик эгалари, тижоратчи ва муҳандислар, табиб ва котиблар, барчангизга шуни айтаман: қачон шариатга мувофиқ амал қилсангиз, шундагина яхшиликка эга бўласиз. Шубхасиз дунёни обод қилувчисиз, бунёдкорсиз, лекин бахт-саъодат, роҳат-фароғат ҳамда очиқ қалблиликдан қандай улушга эгасиз? Сиз билан Аллоҳ ўртасидаги алоқа қай даражада? Иймон ҳаловати ва сажда лаззатидан, Аллоҳга муножот қилиш ва Ундан қўрқиб йиғлаш лаззатидан нечоғли насибадорсиз? Бу саволларга жавоб қониқарли бўлмаса, демак сизларнинг ҳам маҳрумликдан насибангиз бор экан. Солиҳ, амал қилувчи кишиларнинг ҳоли шу бўлса, ғофил, жоҳил кишиларнинг ҳоли не экан?!
Шундай инсонлар борки, улар дунёни ҳам охиратни ҳам қўлга киритадилар, Аллоҳ бизларни ҳам ана шундайлардан қилсин. Яна шундайлари борки, улар дунёни қўлга киритиб, охиратни бой берадилар. Дунё-ю охиратни қўлдан кетказадиганлари ҳам бор, мана шулар хақиқий маҳрумлардир. Шулардан бирининг менга айтишича: у Аллоҳ учун икки ракъат намоз ўқимаган, бирон кун ҳам рўзадорлик лаззатин тотмаган, Рамазон деганда кечаларни ибодатсиз, лағв билан ўтказиб, кундузи билан уйқуга ғарқ бўлишдан бошқа нарсани билмаган экан. Яна бири эса: ўзи ва улфатлари кечаларни фаҳш, фасод ва мункар ишлар билан ўтказганлигини қулоғимга пичирласа, бошқаси соатлаб, балки кунлаб вақтини телевизор олдида, бир каналдан бошқа каналга олиб вақтини зое қилганини, ўзининг эътирофича вақтини қатл қилганини айтади. Айтадики: “Мен хақиқатни айтсам; шаҳвоний кўрсатувларни излаб, ёмонликка бошловчи нафсимнинг хоҳишларини қондирардим. Сўнгра қилган қилмишимдан мени надомат, сиқилиш ва ғам босарди-ки, бунинг миқдори ёлғиз Аллоҳнинг ўзига аён. Билмадим, қачонгача умримни қатл қилиб, кунларимни зое қилган шу ҳолимда қолар эканман. Нафсимни, ғайратимни, иймонимни ва бурчимни зое қилдим. Қисқаси, зоҳиран мен бахтиёрликда яшаётгандек кўринсам ҳам, хақиқатда бахтсизликда ҳаёт кечираётган одамман”.
Бу эътирофларни эшитгач, қуйидаги сўзни айтган Аллоҳ таоло нақадар рост сўзловчи эканига яна бир бор амин бўлдим: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур…» Тоҳа:124.
Кўзидаги ёшини яширолмай, ичидаги дардини менга очиқ айтганлари ҳам бўлди: “Сиз уламолар биз ёшлар хақида Аллоҳ олдида масъулсиз. Ёшларни кўряпсиз… наркоман, фаҳш филмларни кўриб, мусиқалар эшитиб тонг оттирган, баччавоз, зинокор… бу ҳолатга чидаёлмай йиғлаб юборди… хўнграб йиғлади, сўнг бошини эгган ҳолда сўзида давом этди: бир неча бор ўзимни ўлдирсаммикин, деб ўйлаб ҳам қолдим. Уламоларнинг бирига узун хат ёздим: “Ёшлар масаласи жиддий масала бўлишига қарамай, минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик тарафидан эътиборсиз қолиб кетмоқда. Мен ёшларнинг хозирги кундаги муаммоларининг қайсинисидан бошлашни билолмаяпман? Вақтларини, пулларини зое қилаётганлариданми ёки ёшликларини, гулдек умрларини хазон қилаётганлариданми? Сўнг ёшлар ичидаги айрим нарсаларни санаб, бу айтганларим ёшлар орасидаги фасодлар денгизидан бир томчиси, холос. Бунга агар соқолни қириш, мусиқа эшитиш, шимни тўпиқдан пастга тушириш, ахлоқсиз филмлар кўриш, кашандалик, қимор, интернет ва телефондаги ҳар-хил ўйинлар, сўкиш, хақорат, ғийбат, чақимчилик ва ёлғончиликни ҳам қўшсак фасод устига фасоддир. Аслида намозни тарк қилишларини эслашнинг ўзи етарли бўларди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, У менга душманлар уммат ёшларига қўйган тузоқдан нажот берди. Мен бу гапларни ўзим шоҳид бўлган воқеъликдан гапиряпман. Эшитиш кўришдек бўлмайди, бориб кўринг! Ёшларнинг аҳволига ўзингиз шоҳид бўлинг! ”.
Бир синглимизнинг менга айтганларидан шуни мулоҳаза қилдимки, қизларнинг аҳволи ҳам бундан қолишмас экан. Улардан бири афсуслар билан менга ёзишича, у ғафлатда, ўйин-кулги билан кунларини ўтказар экан: «Мен қаттиқ бир ғамда яшар эдим, буни Ёлғиз Аллоҳ билади. Уйқудан уйғонганимдан йиғи келиб, юрагим сиқилиб, ёрилиб кетгудек бўлар, дунё кўзимга тор бўлиб кетарди. Бу хис-туйғу мени Аллоҳнинг раҳматидан умидсизликка олиб бориб қўйишидан қаттиқ қўрқардим, чунки мен буни хоҳламасдим. Сидқидилдан қилган тавбамни сабр, ишонч, таваккул, Аллоҳдан ёрдам сўраш билан рўёбга чиқаришни ва У менинг маъсиятларимдан менга нажот бериб, гуноҳларимни кечириб, ҳаётимни яхшиликка айлантиришини жуда-жуда хоҳлардим. Ҳатто мана шу сўзларни ёзаётган лаҳзаларда ҳам, ўтмишим ёдимга тушиб дард-алам, сиқилишдан ўзимни йиғидан тўхтатолмаяпман. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки намоз, дуо ва Қуръон тиловати билан роҳат ва хотиржамликни топдим. Ушбу онларда менинг қаршимда турган кечинмалар шулардир. Аллоҳдан гуноҳларимни кечиришини сўрайман. Зеро, мен Аллоҳ ҳақида ноқислик, гуноҳларга бепарволик қилдим. Ўзимга-ўзим айтардим, наҳотки бир илмий суҳбат ёки маъруза ёки бир дона кассета тинглаб киши гуноҳларига тавба қилиб, Аллоҳга қайтса! Шундай бўлиши мумкинмикин? Ҳа, мумкин экан, Аллоҳ таолодан мени ҳидоят қилганидан кейин — энди қалбимни ҳақ йўлдан оғдирмаслигини сўрайман».
Бу синглимиз ўзининг «Аллоҳга қайтган қизнинг қайноқ ёшлари» номли рисоласида ёзишича, олийгоҳида бўлган бир диний суҳбат сабабли ҳидоятга келган экан.
Мен «Маҳрумлар» мавзусидаги рисоламни, иймон неъматидан маҳрум, унинг ҳаловати, роҳатини ёқотганларга…
— Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш ва дуо лаззатидан маҳрумларга…
— Аллоҳга муножот ва сажда қилиш лаззатидан маҳрумларга…
— Қуръон тиловати, оятларининг тафаккури ва маънолари завқидан маҳрумларга…
— Биродарлик ва Аллоҳ учун яхши кўриш лаззатидан маҳрумларга…
— Ҳалол ризқ ейиш ва унинг баракасидан маҳрумларга…
— Шаҳват ва ҳою-хавас билан ўтказиб юборилган умр баракасидан маҳрумларга…
— Қалб хотиржамлиги ва бахт-саодатдан маҳрумларга…
— Ота-онага яхшилик қилиш, улар билан сухбатлашиб ўтиришдан маҳрумларга…
— Хуллас калом истиқомат, тоат-ибодат ва собитқадамликдан маҳрумларга…
— Васваса ва шубҳаларга йўлиққан, муаммо ва камчиликлар чарчатган, хавф-хатар ва зулмлар толиқтирган ва ғам-ташвишлар кўмиб ташлаган маҳрумларга…
— Иймон озуқасидан, Ислом нуридан маҳрумларга…
— Гарчи тўкин-сочин яшасалар-да қашшоқ бахтсизларга…
— Иймон неъматидан маҳрумларга…
— Мол-дунё, мансаб-мартаба топган бўлсалар-да, барча нарсани йўқотган, хотиржамлик лаззатидан маҳрумларга…
— Барча нарсани қўлдан бой бердингиз, гарчи дунёга эга бўлсангиз ҳам…
— Мана шуларнинг барчасига ҳадя қиламан.
Сўранг!! Тавба қилиб, иймон таъмини тотган ва хақиқатни эътироф этган кишилардан сўранг!! Аллоҳга қасамки, уларнинг ҳаммалари тан олиб айтган сўзлари мана шу бўлди: ,,… озгина муддат шаҳватимизни қондираётган, гуноҳга шўнғиётган вақтинча дамлардагина роҳат… сўнг… сўнг чексиз изтироб, пушаймонлик, надомат, қалб сиқилиши, гумон, шикоятлар, кўз ёшлар, касалликлар … э-э-эҳ… Аллоҳ таоло рост сўзлаган экан: ,, … ким Менинг Тўғри Йўлимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас”. Тоҳа:123.
Ҳидоят, истиқомат ва Тўғри йўлга эргашиш билан залолатдан яъни адашишдан ва бахтсизликдан омондалар. Нафс-ҳавога эргашишнинг самараси эса бахтсизлик ва залолатдир, гарчи дунё матоларига тўлиғича эга бўлинса ҳам. Зеро ҳар бир харом ишнинг ортидан таъқиб этувчи фалокат ва унга изма-из эргашувчи ғам-ташвиш, юрак сиқилишлари бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло юқоридаги оят давомида: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур…» деди. Ибни Касир роҳимаҳуллоҳ ушбу оятни тафсирлаб: ,, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур… яъни у инсонда хаёти дунёда яшаркан хотиржамлик, қалб фаровонлиги бўлмайди, балки дунё унга тор, қалби танг бўлади. Гарчи зоҳири неъматда бўлса ҳам, хоҳлаганини кийиб, хоҳлаганини еб-ичса ҳам ва хоҳлаган жойида яшаса ҳам унинг қалби ишонч ва ҳидоятдан фориғ ва унга лойиқ эмасдир. У ҳаловатсиз, ҳайрон ва ишончсиздир, мана шу ишончсизлигида тараддудланиб юриши- “танг – бахтсиз ҳаётдир”. Ибн Касир.
Маҳрумларга савол: Нима учун Аллоҳнинг зикридан юз ўгирдингиз? Нима учун ўзингизни маърузалар эшитишдан, диний суҳбатларда ўтиришдан маҳрум қилдингиз. Чақирилса келмайсиз, насиҳатга қулоқ солмайсиз ғофиллик қиласиз, аксинча масхара-мазах қиласиз, лекин натижа қандай бўлишини, бу ҳолатнинг қочиб қутилиб бўлмайдиган ниҳоясини кўриб қўйинг! Аллоҳ таоло деди: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур…». Бу мана шу дунёдагиси, охиратда эса: ,, … Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз. У Парвардигорим нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўрар эдим-ку, деган эди. (Аллоҳ) айтди,,, Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни (кўрмадинг) – унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай унутилурсан.,, Тоҳа: 124-125.
Уни унутаман, ундан юз ўгираман, унга бепарво бўламан. Ана шундай, жазо амалга қараб бўлади, “қилмиш-қидирмиш”, “экканигни ўрасан”.
Бугун сен ҳам ана шундай унутилурсан…, …Бас, бу Кун улар бугунги учрашувни унутиб қўйганлари каби, Биз ҳам уларни ,,унутиб қўярмиз,,…,“Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган (яъни, У Зотнинг амр-фармонларига итоат этмаган), бас, (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган (яъни ўзларига Охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиртириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир”.
Эй маҳрумлар нима учун Роббингизга йўлиқишни унутдингиз, бу юз ўгиришнинг боиси нима? Бу билан сиз ўзингизни саодатдан, роҳатдан ва барқарорликдан маҳрум этдингиз. Нима учун эртанги кунни унутдингиз? Нима учун ғафлатдасиз? Нима учун гуноҳу-маъсиятлардан ғафлатдасиз? Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига қулоқ солинг! ,,Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилингач, улардан юз ўгирган, ўзи қилиб ўтган гуноҳларини унутиб қўйган кимсадан ҳам золимроқ ким бор.!” Каҳф:57. Қаерда маломатгўй нафс, қаерда гуноҳнинг ҳиси, қаерда яхшилик фитрати, қаерда мулойим юмшоқ қалб ва ниҳоят қаерда қайноқ кўз ёшлар… қаерда… жон қулоғингиз билан эшитинг! ,,… Дарҳақиқат Биз сизларни яқин(да воқе бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У Кунда ( ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани(яъни, барча яҳши-ёмон амалларни) кўрур ва кофир кимса: ,,Эҳ, кошки эди (қайтадан) тупроққа айланиб кетсам(у, муҳаққақ бошимга тушадиган азобдан қутулсам), деб қолур”. Набаъ:40.
Тавба қилганларнинг айримлари хатто ҳаёти давомида бирон маротаба ҳам Аллоҳ учун рукуъ ва сажда қилмаганликларини эътироф қилдилар. Бунданда маҳрумлик борми дунёда?!
Эй маҳрумлар! Қалб учун роҳат ва барқарорлик, фақатгина Аллоҳга қайтишда, ҳидоятда, истиқоматда ва Аллоҳнинг буйруқларига жиддий қарашдадир. Баъзи маҳрум ва маҳрумалар, роҳат ва саъодат мол-дунё, мансаб-мартаба ва хорижга сафар қилишда деб ўйлайдилар ва ҳоланки шу нарсаларга эга бўлганларнинг қанчалари бахтсиз эканликларини, ҳақиқий бахт бу нарсаларда эмаслигини эътироф этганлар.
Тарих саҳифаларида зикр қилинишича, халифа Маъмун Аббосийнинг ўғли Алий хашаматли қасрда мол-дунёга ғарқ бўлган ҳолда тўкин-сочин яшар эди, кунларнинг бирида қаср дарчасидан қараган халифа ўғлининг кўзи бир хизматчига тушди. Хизматчи кун бўйи мехнат қилар, намоз вақти бўлса таҳорат қилиб намоз ўқир, кун ботишига яқин эса оиласи хузурига қайтарди. Халифанинг ўғли бу ҳолатни бир неча бор кузатгач, хизматчини хузурига чақиртириб ҳол-аҳвол сўради. Хизматчи ҳолини баён қилар экан, унинг онаси, хотини ва икки синглиси борлиги, уларни боқиш учун кун бўйи мехнат қилиши, бирон даромад келадиган жойи йўқлиги, ўзи камбағал экани, мана шу қилаётган касбидан рўзғор тебратиши, ҳар куни рўза тутиб кун ботгач оиласи билан топган нарсасини баҳам кўриб бирга ифтор қилишини айтди. Халифанинг ўғли: “Шикоятинг борми?” деб сўраган эди. Хизматчи” “Йўқ, алҳамду лиллаҳ”, деб Аллоҳга ҳамд айтди. Бундан таъсирланган халифанинг ўғли қаср ва молу-мулкни ташлаб, боши оққан тарафга кетиб қолди ва бир неча йиллардан сўнг вафот топганлиги ҳақида хабар эшитилди. Хуросон тарафларда дурадгорлик қилиб яшаган экан. Субҳаналлоҳ, шоҳликдан дурадгорликга… Сабаби қасрларда топмаган бахт-саъодатни шунда топган эди. Маҳрумларнинг яна шундайлари борки, улар ҳақида Аллоҳ бундай деган: ,,Сўнг, уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар)албатта ёмонликка (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар”. Марям:59.
Намозни зое қилишдан ҳам ёмонроқ маҳрумлик борми? Эй маҳрум! Намозни зое қилиш куфр ва залолат эканини биласанми? Билмасанг, билиб ол! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Биз билан уларнинг ўрталаридаги фарқ намоздир, ким намозни тарк қилса бас у кофирдир”. Термизий, Насоий, Аҳмад, Ҳоким.
Яна бир ҳадисда эса бундай деганлар: ”Киши билан ширкни ораси намозни тарк қилишдир”. Имом Муслим.
Эй маҳрум! Бахт-саъодат ва хотиржамликни мўл қиладиган хазина калити бўлган алоқа, яъни Аллоҳ таоло билан ўзингнинг ўртангдаги алоқани узган кун нақадар нотовон бўлдинг. Аллоҳ учун бўйин эгиш, пешонани саждага қўйиш, эзилган, парчаланган қалб учун йўл озуқаси, руҳ мадади ва қалб нуридир. Таҳорат, хушуъ ва хузуъ билан ўқилган икки ракъат намоз, ғам-ташвиш ва таназзулга юз тутишни қайтаришга кафилдир. Аллоҳ каломида хабар берган ушбулар, мўъминларнинг бахт-саъодатлари сабабларидандир: “Улар, йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур”. Исро:109. “Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда-тик турган ҳолда тоат-ибодат қилувчи, Охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши(билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)”. Зумар:9.
Ҳаёти-дунёдаги энг гўзал ва энг бахтли лаҳзалар, банда ўзининг Ҳожаси Аллоҳ таолога сажда қилиб, Унга дуо-илтижолар қилиб, Ундан қўрқиб қиём ва саждаларда йиғлаб турган лаҳзалардир. Ана шу дамда қалб мунаввар, юз нурли бўлади: “Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) сиймо-аломатлари бордир”. Фатҳ:29.
Аммо маҳрумчи, қалби зулумотда, юзи қаро, нафси эса тараддудда, бу ҳали мана шу дунёда. Охиратдаги ҳоллари хақида Аллоҳ таоло хабар бериб шундай деган: “Болдир очиладиган (яъни, оғир ҳисоб-китобга чоғланиладиган) ва улар кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида сажда қилишга чорланишиб, (лекин саждага) кучлари етмай қоладиган Кунни (эсланг. Чунки ҳаёти дунёдалик пайтларида) улар соғ-саломат бўлган ҳолларида сажда қилишга чақирилар эдилар (аммо саждага қодир бўла туриб ундан бош тортар эдилар)”. Қалам:42-43.
Охиратда сажда қилишдан маҳрум қилинадилар, чунки улар мана шу дунёда сажда қилишга даъват қилинганларида, бу чақириқга эътибор бермадилар, ман-манлик қилдилар, балки хатто даъват қилганларни масхара қилдилар, мана оқибати… Аллоҳ билан алоқасини узган одамга қаердан ҳам нажот бўлсин, нимадан ҳам умид қилсин, бундай ҳаёт ҳаётми??? Кўз очиб юмгунча миқдор ҳам Ундан бехожат бўла олмайдиган Ҳожасидан алоқани узса-я, банда бу узилишдаги алам ва озорларни билса эди… .
Эй маҳрум! Сен намоз ўқимасанг, ўзинг билан Аллоҳ ўртасини узган бўлсанг-да, яна қандай қилиб тавфиқ, нажот ва бахт-саъодатни ҳоҳлайсан? Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига қулоқ сол! “Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар бўйин эгувчи кишиларга(оғир эмасдир)”. Бақара:45.
Ва яна ушбу сўзига: “Дарҳақиқат мўъминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир”. Мўъминун: 1-2.
Меҳроблардаги саждалар, саҳарлардаги истиғфорлар ва муножотлардаги кўз ёшлар, мўъминлар ўзлаштирган сиймолардир. Чунки мўъминнинг жаннати унинг меҳробидадир. Маҳрумларнинг ҳаёли, дарду-фикри эса дунё боғлари, аёллар ва хашаматли қасрларда экан, уларга намоз эслатилса масхара ва хақоратлар қиладилар. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи мана шундайларга қаратилгандир: “Сизлар қачон намозга чорласангиз улар ўша (намозни) масҳара ва ўйин қилиб оладилар. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз-жоҳил қавм эканларидир”. Моида:58.
“Жинояткор-кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масҳара қилиб) кулувчи бўлдилар”, яъни бу дунёда, “Қачон (мўъминлар) уларнинг олдидан ўтсалар, улар бир-бирларига кўз қисишиб имо-ишоралар қилурлар”, аммо ҳақиқий бахтлик ва ғолиб охирида кулган кишидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:“Энди бу (Қиёмат) Кунида иймон келтирган зотлар кофирлардан кулурлар”, деди. Мутаффифун: 34.
Намозга бепарво одам кўп яхшиликлардан маҳрумдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: “Ким намозни сақласа (яъни ўз вақтида адо қилса) у учун нур, ҳужжат ва Қиёмат Куни нажот бўлади. Ким уни сақламаса унга хужжат ҳам, нур ҳам ва нажот ҳам бўлмайди, балки у Қиёмат Кунида Қорун, Ҳомон, Фиръавн ва Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади”. Имом Аҳмад, Доримий.
Эй маҳрум! Гарчи сен дунёдаги энг қиммат нарсага эга бўлсанг ҳам, дунё хазиналари қўлингда бўлса ҳам, ўзингни дунёдаги энг гўзал лаҳзалар, саждадаги Аллоҳ учун пешонани ерга қўйишдек гўзал лаҳзалардан маҳрум қилдинг. Ўзингни энг гўзал лаззатлар, Аллоҳга муножот қилиш, Унга ялиниб-ёлвориш, ўзни ҳор тутиб Унга бўйин эгиш лаззатидан маҳрум қилдинг… Беш вақт намоз, кечанинг учдан бирининг охирги дуолар ижобат бўладиган қисми…буларнинг барчасидан маҳрум бўлдинг. Содиқ намозхонлардан сўра, иккиланма намоз ўқишларида нима топадилар? Сўра улардан! Улар сенга хотиржам, рози бўлган ва дунё ҳаловатини топган сокин нафс билан: “ Биз роҳат-ҳаловатни топдик, дунёдаги ғам-ташвиши, юрак сиқилиши кўп бўлган инсонлар, намозга бепарво, намозни зое қилувчи инсонлар деб топдик”, дейишади. Хақиқатда ҳам шундай, лекин сен ноумид бўлма азиз дўстим! Сенга ҳушхабар бор, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи бор: “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яҳши амаллар қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар”. Марям:60.
Тавба қилувчи ўзини нафс-ҳаво асирлигидан халос қилади, қалбини маъсият қамоғидан озод этади. Тавба қилувчи тоат ҳаловатини, ибодат роҳатини, иймон таъмини, Аллоҳга юзланиш лаззатини топади. Тавба қилишдан маҳрум эса қалбда сиқилиш, юзда қайғу, беҳаловатлик, нафс-ҳавога қулликдан бошқа нарса топа олмайди. Содиқ тавба қилган кишининг қалби орқали тилидан чиққан рост сўзини кўринг: Шеър мазмуни: Бугун янги туғилган кундир, ўтгани мен балоланган ўлимдир… .
Эй маҳрум! Аллоҳга тавба қил, тавба таъмини тот, қалб сиқиб чиқарган кўз ёшлар ҳаловатини тот. Бу кўз ёшлар кўздан сизиб, яноқлардан оқсин, гуноҳлар ўтини ўчирсин. Ўзинг билан ҳоли қол, гуноҳларингни эътироф эт, Парвардигоринга дуо қил. «Эй Аллоҳим! Сен Роббимсан ва Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Мен Сенинг қулингман. Мен қурбим етганича Сенинг аҳд паймонинг ва ваъдангда турибман. Ўзим қилган нарсалар ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Мени мағфират этгин. Албатта, фақат Сенгина гуноҳларни кечирувчисан».
Хатоларинга йиғла, муножот лаззатини ўзингда хис қил, Аллоҳ таолога хорлик ва қулликни эътироф эт, Аллоҳга сидқи дилдан тавба қил, Унга муножот қилиб айт: “Парвардигоро! Албатта мен ўз нафсимга кўп зулмлар қилдим. Гуноҳларни ёлғиз Сенгина кечирувчисан. Мени Ўз марҳаматинг – Ўз томонингдан бўладиган мағфират билан кечиргин, раҳм этгин! Албатта Сен кечирувчи ва раҳмли Зотсан».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одат қилганларидек, сен ҳам бу дуоларни айтиб юришни одат қилиб ол. Аллоҳни Яратувчи деб, Исломни дин деб ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Пайғамбар деб рози бўлган киши иймон таъмини тотади.
Шоҳлар подшоҳига қулоқ сол, осмонлару Ерни яратган Зотни эшит, Мағфиратли, Муҳаббатли Зот сенга нидо қиляпти, ўта Меҳрибон, жуда Раҳмли Зот сенга хитоб қиляпти: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Мағфиратли, Меҳрибондир». Зумар: 53.
Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло деди: “Эй бандаларим, сизлар кечаю-кундуз гуноҳ қиласиз. Мен эса барча гуноҳларни кечираман, бас Менга истиғфор айтинг, Мен сизларни кечираман”. Муслим.
Бошқа бир ҳадиси қудсийда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Эй Одам фарзанди, мудом Менга дуо қилар экансан ва Мендан умид қилар экансан, нима қилган бўлсанг ҳам (қандай катта гуноҳ бўлишидан) қатъий назар кечираман. Эй Одам фарзанди, агар гуноҳларинг осмондаги булутларга қадар етиб борса ва Мендан мағфират сўрасанг, (қандай катта гуноҳлигидан) қатъий назар, мағфират қиламан. Эй Одам фарзанди, агар Менинг ҳузуримга ер юзичалик гуноҳлар билан келсанг-у, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқсанг, Мен сенга ер юзичалик мағфират билан рўбарў бўламан». Термизий.
Эй маҳрум! Осмонлару Ернинг Парвардигоридан ушбу нидоларни эшитдинг. Хўш, нима узринг бор энди? Дунёдаги энг бахтли лаҳзалар, Аллоҳга бўйин эгиб, Унга зорланиб, Ундан қўрқиб, йиғлаб, истиғфор айтиб, тавба қилган кундир. Сўзлари содиқ, кўз ёшлари қайноқ, ғам-ташвишлари оғир тавба қилувчилар, маҳрумлик аччиғидан сўнг иймон ҳаловатини тотинг, хайрат ўтидан сўнг ишонч роҳатини топинг, изтиробли йўллардан сўнг хотиржам ҳаётда яшанг. Мана шундай яхшиликлардан, бахт-саодат ва роҳатлардан нима учун ўзингизни маҳрум қилишингиз керак? Гуноҳ қилиб қўйсангиз тавба қилиб истиғфор айтинг, хато қилиб қўйсангиз тўғриланг, тузатинг. Раҳмат кенгдир, эшиги очиқдир.
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ “ал-Фавоид” китобларида шундай деганлар: “Барака топкур, ўзингни камситма, тавба қилувчи севиклидир, синиқ одам саломатдир, муҳтожликка иқроринг айни бойликдир, надоматдан бош эгишинг олийликдир, хатони тан олишинг тўғриликдир”. Демак Аллоҳ учун қуллик қилиш азизлик ва олийликдир.Бошқага қуллик эса хорлик ва пастликдир.
Ҳабибим! Мен сенинг тавба қилишинг билан ҳурсанд бўламан, Аллоҳга қайтишинг билан шодланаман. Менда бундан бошқа нарса йўқ. Шеърнинг маъноси:
Содиқ тавба қилиш билан Аллоҳ таолога қайтайлик.
Биз тавба қилувчилар билан биргамиз,
уларга қўлимизни чўзамиз, молимиз ва дуоларимиз билан ёрдам берамиз.
Бизнинг қўлимизда бундан бошқа нарса йўқ.
Қуръон тиловати, унинг оятларини тадаббур қилиш ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш лаззатидан маҳрумлар ҳам, маҳрумлар жумласидандир.
Ато ибн Аби Рабоҳ айтадилар: “Мен ва Убайд ибн Умайр Оиша розияллоҳу анҳонинг хузурларига кирдик. Умайр Оиша розияллоҳу анҳога: “— Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан cиз кўрган энг ажабланарли нарcа ҳақида гапириб беринг,- деб илтимоc қилдилар. Шунда Оиша онамиз йиғладилар ва дедилар:”Бир кеча намоз ўқиш учун турдилар ва: «Эй Оиша мени ҳоли қўйинг, Парвардигоримга ибодат қилай»,- деб айтдилар. Мен: «Аллоҳга қаcамки мен cизга яқин бўлишни cуяман ва cизни нима хурcанд қилса, мен ҳам ўшани яхши кўраман»,- дедим. Cўнгра ул зот туриб таҳорат олиб келдилар-да, намоз ўқий бошладилар. Ул зот йиғлайвердилар, хатто этаклари хўл бўлиб кетди. Йиғлайвердилар, йиғлайвердилар хатто ерни ҳам хўл қилдилар. Билол розияллоҳу анҳу Раcулуллоҳни намозга чақиргани келган эди, у зотни йиғлаётган ҳолда кўриб: «Ё Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, йиғлаяпcизми? Ахир Аллоҳ таоло cизнинг ўтган ва кейинги гуноҳларингизни барини мағфират қилган-ку?!»- дедилар. Шунда Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Менга бу кеча бир неча оятлар нозил бўлдики, уларни ўқиб, тафаккур қилмаган кимcаларга вайл бўлcин:
«Оcмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир Яратувчи ва Бошқариб турувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эcлайдилар ҳамда оcмонлар ва Ернинг яралиши хақида тафаккур қилиб (дейдилар) «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ!». Оли Имрон:190-191. Ибн Ҳиббон.
Демак, ким Қуръон ўқимаса у маҳрумдир. Алҳамдулиллаҳ Рамазонда Қуръон ўқилади, лекин минг афсуски шунда ҳам хушуъ ва тадаббурсиз ўқилади. Ҳабибим, ўзингдан бир сўра! Бир кеча ва кундузда қанча оят тиловат қиласан? Балки бир ҳафтада қанча оят ўқийсан? Мумкин балки кунлаб, ойлаб ва ҳатто йиллар мобайнида Қуръон ўқимасдан яшаётгандирсан. Нечоғли маҳрумлик… Қуръон ўқийдиганларга савол: Қуръонни ўқиётиб неча маротаба кўзингиздан ёш оқизгансиз?
Одамлар орасида Қуръонни ўқиётиб ёки уни эшитиб, бирон марта ҳам кўз ёш тўкмай, аммо яхши кўрган ашуласи ёки филмини кўриб эса бир неча бор кўз ёш тўкадиганлари ҳам бор. Аллоҳ асрасин! Ҳаётни ўйин-кулги, бахт-саодатни эса яхши еб-ичиш деб биладиганлар қандай ҳам маҳрумлар. Маҳрумларнинг кечалари мусиқа ва ўйин-кулгидан иборат бўлса, солиҳларнинг кечалари зикр, дуо ва йиғилардан иборатдир.
Эй йиғлаш лаззатидан маҳрум! Билгинки, Аллоҳдан қўрқиб йиғлашдан кўзингни хўлланмаслиги, бу қалбнинг қаттиқлиги бўлиб, Аллоҳдан энг узоқ қалб эса, қаттиқ қалбдир, буни унутма! Ўзингга айт! нафсингга айт! Эх аттанг, минг афсус! Қалб Қуръондан баҳраманд бўлишдан, уни бўйини ҳидлашдан мастур, маҳрум бўлган ҳолда, қандай қилиб замон, умрни ўтказиб юборябсан? Дунёдаги энг яхши нарсани тотмай, дунёга келиб кетсанг-а? Балки дунёда хайвонларча яшаб, ундан ҳамма нарсани бой берган ҳолда ҳечвақосиз ўтсанг-а? Ҳаётда ожиз-нотавон… , вафот этаётганда ғам, алам, хасрат… .
Эй маҳрум! Эй маҳрума! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир”, деган сўзларини эшитмаганмисан? Қайси бирини танлайсан? …фойдангганими? ёки … зарарингганими? Солиҳ кишилардан бирлари айтган экан: “Аллоҳнинг Ўзигина биладиган бир ғам мени ўраб олди, нима қиларимни билмай қолдим. Кўнглимга Қуръон ўқиш келиб, қўлимга Мусҳафни олиб тиловат қила бошладим. Қанча ўқиганимни билмайман, қалбимдан бу ғам кетиб, ўрнига Аллоҳ шодлик ва хурсандликни солди”.
Азиз биродарим! Аллоҳ таоло сифатлаганидек, бу Қуръон раҳмат, ҳидоят, нур ва қалбдаги нарсаларга шифодир. Шундай экан Қуръонни ўқинг, уни эшитинг! Қуръонни тадаббур билан, маъноларини англаб ўқиш, дунё-ю охиратдаги бахт-саодат сабабларидандир.
Аллоҳ Йўлида биродар бўлиш лаззатидан насибасизлар ҳам маҳрумлар жумласидандир. Чунки бундайлар, яхшиликка чорлаб шу йўлда кўмакдош дўстдан маҳрумдирлар. Солиҳ биродардан фақат яхши фойдалик сўз ёки хайрли дуо ва ёки шаън-обрў ҳимоясигина топилади.
Эй Аллоҳ йўлида биродарликдан маҳрум! Сен яхши суҳбатдошга, яхши сўзга мухтожсан, ичингдаги дард-аламларингни тўкиб сочадиган омонатдор-содиқ дўстга мухтожсан, сенга кимлигингни нима учун яралганингни, жасур-мард эркаклар авлоди эканингни эслатиб турадиган ҳолис насиҳатгўйга нақадар мухтожсан. Мана шу нарсаларни сен, ўйин-кулги, ош-овқат ва кайф-сафодаги ошналарингда топасанми? Кўз олдинга ҳар бир ошнангни бирма-бир келтир-да, ўзингдан сўра! Сизларни боғлаб турган нарса нима? Дунёвий манфаъатми, шайтоний шаҳватми…? ёки бу исломий биродарликми…? Нима? Аллоҳ Йўлида биродарликдан бошқа ҳар қандай ошна-оғайнилик саробдир, охири ташвиш ва адоватдир. Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг шундай сўзи бор: “ У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ Йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)”. Зухруф: 67.
Эй Аллоҳ Йўлидаги биродарлик лаззатидан маҳрум, Қиёмат Куни: “ Ўлим бўлсин менга, қани эди мен фалончини дўст тутмаганимда эди. Аниқки, менга Эслатма- Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди”. (У Кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир”. Фурқон:28-29. деб қолишингдан аввал, бой берган нарсаларни қайтаришга харакат қилиб қол! Аллоҳ учун бўлган биродарларинга қайт! Шунда сен Қиёматда улар билан жамланасан. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Киши ўзи яхши кўрганлар билан биргадир”. Сен яхши кўрадиганлар кимлар?
Шеърнинг мазмуни: “Дунёдаги яқининг Маҳшарда ҳам яқиндир. Сен менга ҳамиша яқинсан. Агар сен дўзахга тушсанг демак мен ҳам дўзахийман”.
Эй маҳрум! ёмон ошналаринг сабаб ўзинга қанча разил сифатларни ортириб, яхши сифатлардан мосуво бўлдинг. Нима учун, дейсанми? Чунки инсон табиъати шундай “ўғри”, сен менга ошналаринг кимлигини айт, мен сени кимлигингни айтиб бераман.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Киши ўз дўстининг динида бўлади. ҳар бирингиз ким билан дўст бўлиб юрганига қарасин” деганлар. Аллоҳ учун биродарликни ўзига яраша ажойиб бир ҳаловати ва лаззати бор-ки, бундан шундай биродарликдан маҳрумлар бебахрадир. Саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Уч нарса бор-ки, кимда шулар бўлса иймон ҳаловатини топади” деб, шулардан бири “Киши кимни яхши кўрса Аллоҳ учунгина яхши кўриши”ни зикр қилганлар.
Асарларда келган: “Агар уч нарса бўлмаганида дунёда қолишни истамаган бўлардим: “Ширин хурмоларни териб-териб олганларидек, яхши гапларни танлаб-танлаб гапирадиган биродарлар билан ҳамсуҳбат бўлиш”… . Эх, қанча-қанча одамлар Аллоҳ учун биродарликдан маҳрум бўлиб юрибдилар-а?
Яна одамлар орасида ҳалол таъом ейишдан, натижада дуо ижобатидан маҳрумлар бор. Саҳиҳ Муслимда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Эй одамлар, Аллоҳ Покдир ва пок нарсанигина қабул қилади. Аллоҳ Пайғамбарларни нимага буюрган бўлса, мўъминларни ҳам шунга буюриб:
“Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман”,
“Эй мўъминлар! сизларга ризқ қилиб берганимиз-покиза нарсалардан енглар…” деди, сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, узоқ сафарда, сочлари тўзиган, кийимлари чанг тўзон, қўлини осмонга кўтариб: Эй Роббим, Эй Роббим (деб дуо қилаётган) аммо ейиши харом, ичиши харом, кийими харом ва харом билан озуқаланадиган кишини зикр қилиб: “ Қандай ҳам ундан (дуоси) ижобат бўлсин?” дедилар.
Қанча-қанча инсонлар ҳалол луқма ейиш лаззатидан, мол-дунё баракасидан ва фарзандлар роҳатини кўришдан маҳрумдирлар. Нима сабаб? Сабабчи ўзлари: Рибо-судхўрлик, макр-алдов, ўғрилик ва ёлғон қасам ичиш каби харом ишлар билан топилган харом луқмани ўзлари еб, фарзандларига ҳам едиришлари оқибатидир.
Айрим намозхонлар ҳам шундай ишларга мубтало бўлганлар. Эх бечора, намоз ўқиб, рукуъ-саждалар қилиб, қўлингни дуога кўтариб дуо қилсангда, қаердан ҳам сендан ижобат бўлсин?
Азиз биродарлар! Ўзимиз сезмаган ҳолда маҳрумлардан бўлиб қолишимиздан қўрқаман. Чунки биз ҳам қўлларимизни кўтариб дуолар қиламиз, Аллоҳга ёлвориб нолалар қиламиз, гоҳо кўзларимиздан оққан ёш яноқларимизни хўл қилади, айниқса Рамазондаги намозхонларнинг қиёмларига қаранг! Афсуски баъзида бу йиғиларнинг таъсирини кўрмаймиз. “Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас”… Раъд: 11.
“(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур”. Шўро: 30.
Мол-дунёни қаердан топаётганимизга қарайлик! Еб-ичишимиз, кияётган кийимларимизни ҳалол бўлишига харис бўлайлик! Ҳалол касб, ҳалол луқмани қалбга, қалб роҳати ва саодатига, фарзандларнинг солиҳ-солиҳа, ота-онасига меҳрли, уларга яхшилик қиладиган, ризқни эса кенг ва баракалик бўлишига катта таъсири бор. Гуноҳ-маъсият сабабли ризқдан маҳрум бўлиб юрган қанча-қанча одамларга мана бу ҳадисни эслатамиз: “Киши гуноҳи сабаб ризқдан маҳрум бўлади”. Имом Аҳмад, Насоий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган ва Ҳоким ривояти.
Мол-дунёнинг кўплиги унинг баракотли эканига далил эмас, балки баъзида кўп мол-дунё, эгасига бахтсизлик ва бало бўлади. Кўп мол-дунё ва қасрларга эга кишиларнинг, бахтсизлик, ғам-ташвиш ва дард-алам устида яшаётганларини кўп эшитганмиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Агар Аллоҳ азза ва жалла бир гуноҳкор бандага, унга ёқадиган мол-дунёни бераётганини кўрсанг, демак у истидрождир (яъни аста-секин ҳалокатга олиб бориш) сўнг Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини тиловат қилдилар: “Энди — ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутган вақтларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар”. Имом Аҳмад, Табарий.
Энди Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳга қулоқ тут: “Гуноҳ-маъсиятларнинг таъсири, оқибати шуки, улар умр, ризқ, илм, амал, тоат, дин ва дунё баракасини кеткизади. Умрида, дин-у дунёсида Аллоҳга осийлик қилган бандадан кўра ночор кишини топмайсан. Ердан баракани кўтарилиши ҳам одамларнинг гуноҳлари сабаблидир. Аллоҳ таоло айтган: “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот(дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик”.
“Албатта, агар улар (Тўғри) йўлда устивор турганларида, албатта Биз уларни имтиҳон қилиш учун мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик)”.
Ҳадисда эса: “Киши гуноҳи сабаб ризқдан маҳрум бўлади”, дейилган.
Одамлар орасида таҳлил, тасбиҳ ва ҳамд-у санолар билан Аллоҳни кўп зикр қилишдан маҳрумлари бор. Уларнинг тиллари Аллоҳнинг зикридан қуриб, сўкиниш, лаънатлаш, беҳуда гаплар ва беҳаё сўзлар билан намланган. Аллоҳ асрасин. Аллоҳни зикр қилишдан ғафлатда юрганларнинг нақадар маҳрум эканини билмоқчи бўлсанг, ушбу оят ва ҳадисларга қулоқ сол! Бунда катта фойда бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Фақир муҳожирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Бойлар олий даражот ва доимий неъматларга эга бўлиб кетмоқдалар. Биз каби намоз ўқийдилар, рўза тутадилар, аммо зиёда мол-дунёга эгаликларидан ҳаж ва умра, жиҳод ва садақотлар қиладилар”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Мен сизларга (бой) биродарларингизга ажр-савобда етиб оладиган, ўзингиздан кейингилардан ўтиб кетадиган ва сиз қилган (ушбу амални) қилган кимсадан бошқа бирон кимса сиздан афзал бўла олмайдиган нарсани ўргатайми?”, дедилар. Улар: “Ҳа ўргатинг! Эй Росулуллоҳ”, дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар намоздан кейин ўттиз уч маротабадан тасбеҳ,ҳамд ва такбир айтасиз, дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ровий Абу Солиҳдан қандай айтиш кайфияти ҳақида сўралганида: “Субҳаналлоҳ”, деб 33 марта, “Алҳамду лиллаҳ”, деб 33 марта ва “Аллоҳу Акбар”, деб 33 марта айтади”, деб жавоб берган. Муттафақун алайҳ.
Имом Муслим ўзларининг ривоятларида ушбу зиёдани келтирганлар: “Фақир муҳожирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб: Бой биродарларимиз биз қилаётган амални эшитиб, улар ҳам шундай қилишяпти”, дейишган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу Ўзи хоҳлаган бандасига берадиган Аллоҳнинг фазли-марҳаматидир”, дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким ҳар намознинг кетидан 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд ва 33 марта такбир айтиб юзинчисига “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ала кулли шай`ин қодийр” деб айтса, гарчи денгизнинг кўпигича бўлса ҳам гуноҳлари кечирилади”. Имом Муслим.
Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. У зот: “Биронтангиз бир кунда мингта ҳасанот касб қила оладими?” дедилар. Ўтирганлардан бири: “Мингта ҳасанотни қандай қилиб олиш мумкин?”, деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким юзта тасбиҳ айтса, мингта ҳасанот ёзилади ёки мингта хатоси ўчирилади”, дедилар. Имом Муслим. Бундай фазилатлар ҳақида келган ҳадислар ниҳоятда кўпдир.
Энди менга айтингчи, мана шундай зикрларни тарк қилган одам маҳрум эмасми? Ким денгизнинг кўпиги каби кўп бўлган гуноҳларининг кечирилишини хоҳламайди? Қай биримиз ҳар кун мингта ҳасанот касб қилишга ёки мингта хато ўчирилишига рағбат қиламиз. Бундай ҳадисларнинг фазилатидан баҳраманд бўлиш у ёқда турсин, буни эшитмаганлар қанча? Бу маҳрумлик эмасми? Бу зикрлар кўпгина фазилатлар муқобилида, оз вақт ичида айтиладиган қисқа калималар бўлса…, бундан ташқари, инс-у жин шайтонларидан ҳимоя қиладиган мўъминнинг қуроли бўлса…, яна бунга қўшимча қалб хотиржамлиги ҳам ҳосил бўлса… Аллоҳ таоло айтган: “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур”. Раъд:28.
Бошқа оятда: “Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат)тайёрлаб қўйгандир”. Аҳзоб:35.
Демак, Аллоҳни кўп ёд этувчи зокир бандалар ўзиб кетдилар, маҳрумлар эса зиёнда ва ортда қолдилар. Аллоҳнинг зикридан маҳрум эй банда! Зикрларга харис бўл! Шоят гуноҳларингга каффорат бўлса. Асло тилингни ёмон сўзларга одатлантирма! Беҳуда, ҳаёсиз-уят сўзлар, сўкиниш ва лаънатлашдан тилингни тийгин! Ёмонлик устига ёмонлик зиёда қилмагин!
Одамлар орасида оилавий бахт-саодатдан, тинч-тотув яшашдан маҳрумлари бор. Турмушида ҳаловат йўқ, доим келишмовчилик, жанжал-тўполон, қўйди-чиқди… Оиласидаги ўзаро ҳурмат ва муҳаббатсиз, роҳат ва фароғатсиз ҳаётдан, эр-хотин аразларидан шикоятлар қанча… Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
Салафлардан бирлари айтганлар: “Мен бир гуноҳ қилиб қўйсам, оқибатини уловим ва хотинимнинг хулқида кўраман”.
Демак, Эй, эр-хотинлар! Оилавий бахт-саодат ва халоватнинг йўқлигига икковингиз ёки бирингизни гуноҳга қўл уриши сабаб экан.
Хонадонингизга ва ундаги Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсаларга қаранг! Ҳамда фарз амаллар, тоат-ибодат, намозларни вақтида ўқиш ва уларга бўлган эътиборингизга қаранг! Инсоф билан қаранг! Шунда, буларнинг барчасига сабаб Аллоҳга бўлган осийликдан бошқа нарса эмаслигни биласиз.
Аллоҳ таоло деди: “(Эйинсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосинибермасдан) афв қилиб юборур”. Шўро:30.
Хуллас, эр-хотин ўртасидаги муаммоларга сабаб исён ва гуноҳ экан, қанча-қанча оилалар, оламларнинг Парвардигорига осийлик сабаб маҳрум бўлиб юрибдилар.
Одамлар орасида ота-онасига яхшилик қилиш, улар билан бирга бўлиш ва хизматларини бажаришдан маҳрумлар бор. Бундай бечоралар, Аллоҳнинг тавҳиди қаторида келтирилган ибодат фазлидан маҳрумдирлар. Аллоҳ таоло деди: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага… яхшилик қилинглар”. Нисо:36. Бу оят, ота-онанинг фазли ва хурматига, уларнинг хизматларини бажариш нақадар улуғ савоб эканига далолат қилади. Ота-онасига яхшилик қилишдан маҳрумлар, мана бу ҳадисни яхшилаб ўқиб олинг! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ота – жаннатнинг энг ўрта (олий) дарвозаcидир. Иcтаcанг бу дарвозани қўлдан бергин, иcтаcанг уни cақлаб қол”. Термизий ривояти.
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг оналари вафот этганда, У зот йиғлаган эканлар. Бунинг сабабини сўрашганда, “Мен ўлим ҳақ эканини биламан. Лекин (йиғлаётганимнинг сабаби) менда Жаннатга олиб кирувчи икки очиқ эшик бор эди, шуларнинг бири бекилганига йиғлаяпман”, деган эканлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-онасини; икковларини ё бирларини қариган чоғларида топиб, (хизматларини қилиб, розиликларини топмаган, натижада) жаннатга кирмаган киши хор бўлсин, хор бўлсин ва яна хор бўлсин” дедилар. Имом Муслим.
Бошқа ҳадисда эса: “Ким ризқи кенг ва ажали секин (умри узун) бўлишини хоҳласа силаи раҳм қилсин” деганлар. Муттафақун алайҳ.
Энди айримларни, қайси иш, нима нарса ота-онасига яхшилик қилишдан машғул қилмоқда. Ваҳоланки, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, биродарларини зиёрат қилиш, васиятларини бажариш билан, ота-онага вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкин-ку!
Ота-онасига итоатсизлик қилаётган, уларга оқ бўлаётган ноқобил фарзандларни эшитиш, юракларни эзиб, қалбга ўкинч ва хасратни келтиради. Ота-онага яхшилик қилишдан маҳрум Эй ўғил! Эй қиз! Шуни билки, ота-онага оқ бўлиш, жаннатга киришдан тўсадиган гуноҳи кабирадир. Ота-онасига оқ бўлган фарзанд шу дунёнинг ўзидаёқ тавфиқдан маҳрум бўлади, қилмишига яраша ўзининг фарзандларидан, ота-онасига қилган ёмонликларидан кўра бир неча бор кўпроқ ёмонликлар кўради. “Қилмиш қидирмиш”, “Экканингни ўрасан”, деган гаплар бежиз эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу уйдан чиқсалар ҳам кирсалар ҳам оналарига салом берардилар. Қариб кўзи кўрмай қолган оналарини кўтариб юрардилар. Ибн Ҳанафия оналарининг бошини ювиб, тараб, бошларидан ўпиб хизматини қилардилар.
Ота-онага кўп яхшилик қилувчилардан бўлган Али ибн Ҳусайн онаси билан бирга бир товоқдан таом емас экан. Бунинг сабабини сўрашганда: “Онамнинг кўзи тушган ва уни емоқчи бўлган луқмани мен билмай еб қўйиб, онамни ранжитиб қўйишдан қўрқаман”, деган эканлар. Бир кеча оналари сув сўрадилар, сувни олиб келиб қарасалар оналари ухлаб қолган экан. То тонг отгунга қадар тепаларида сувни кўтариб турдилар, — роҳимаҳуллоҳ.
Умар ибн Зардан ўғлининг яхшилик қилиши ҳақида сўрашганда: “Бирга юрганимизда кундузи орқамда юради, кечаси эса олдимга ўтиб олади ва мен ичида бўлган уйнинг тепасига чиқмайди” дедилар.
Бизчи?! Шундай фарзандлар (уларни фарзанд дейишга тил ҳам бормайди, махлуқлар) бор-ки, касалхонада ётган ота-онасидан хабар олмайдиган, онасини кўчага хайдайдиган, 80 га етган отасини қариялар уйига олиб бориб қўйган, онаси ёқтирган нарсани олиб беришга бахиллик қилган, ота-онаси бирга яшашини эшитиб жаҳли чиққан ва ҳоказо мана шундай қалбни зириллатадиган, жигарни тилка-пора қиладиган ҳолатлар… Инна лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиуун. Шундай фарзанд бўлиб қолишдан Аллоҳ асрасин! Бундайлар шубҳасиз дунё-ю охиратда азобга гирифтор бўлажаклар.
Биз ўзимизнинг ота-оналаримиз билан бўлган муомалаларимиздан Аллоҳга истиғфор айтамиз. Маҳрум бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ истаймиз. Аллоҳим бизнинг ва ота-оналаримизнинг гуноҳларини авф эт. Ота-оналаримизни яхши мукофотлар билан мукотлагин. Уларга яхшиликлар қилишимизга Ўзинг ёрдам бергин. Ота-оналаримизнинг даражотларини кўтариб, уларни Ўз раҳматинг билан Фирдавс жаннатларида неъматлантиргин! Эй, ўта Раҳмли ва жуда Меҳрибон Зот.
Одамлар орасида гўзал хотимадан маҳрумлар бор. Аллоҳ асрасин. Аллоҳдан гўзал хотимани сўраймиз.
Қизиқ… Қизиғи шундаки, Эй маҳрум! Сен ўлим ҳақ ва у ҳамма нарсанинг ниҳояси эканини биласан, билиб туриб шу ҳолатингда давом этасан-а…?! Эй биродар! Эй синглим! Хато қилиб қўйиш айб эмас, мана шу хатода давом этиш ҳақиқий айбдир. Қай бирини хоҳлайсан, яхшиликда вафот этишними ёки ёмонликдами? Буни айтишимдан мақсад, биз айрим маҳрумлар ҳаётининг ниҳоясини кўп эшитганмиз ва кўрганмиз ҳам жуда ачинарли ҳолат, Аллоҳ сақласин! Яна бир бор Аллоҳдан ҳусни хотимани сўраймиз.
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ “ал-Жавобул кофий” китобларида айтганлар: “Сўнг бундан-да қўрқинчлироқ, дахшатлироқ ва аччиқроқ ҳолат бўлади ва бу инсоннинг жони чиқаётган, Аллоҳга қайтаётган пайтидаги қалби ва тилининг хиёнатидир. Динга эътиборсиз бўлганларнинг кўплари ўлим келганида тилларига калима келмайди. Шаҳодат калимасини айтолмайдилар. Бунга одамлар шоҳид бўлишган”. Сўнг Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ шулардан баъзи кўринишларни зикр қилиб: “Шундай кишиларнинг бирига «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айт! дейилса, қўшиқ хиргойи қила бошлади: Тан, тана, танантана… . Яна бошқаси эса: “Айтаман десам тилим қимирламаяпти-да”, деган. Субҳаналлоҳ, бундай ибратларнинг қанчасига одамлар шоҳид бўлишган ва яна қанча-қанча жон таслим қилаётганларнинг ҳолатлари уларга махфий қолган”.
Биз ҳам шу кунлардаги ёмон хотималарни кўраяпмиз, эшитаяпмиз ва ўқияпмиз. Ана шу ҳолатлардан айримлари: Бир киши фисқу фасод билан танилган Ғарб шаҳарларидан бирига бориб, меҳмонхонада маст қилувчи ичимлик ича бошлабди… бир рюмка яна бир рюмка яна… ва яна, кейин кўнгли айниб қайт қилиш учун хожатхонага кирибди. Кейин нима бўлганини биласизми? Хожатхонада, боши унитаз ичида қолган ҳолда ўлиб ётган экан. Аллоҳ бундай хорликдан бизни асрасин.
Яна бири: Исломдан фақат исмини биладиган, намоз ўқимайдиган, ҳидоятдан йироқ бир йигитга ўлим мастлиги – хатарли, шиддатли, қўрқичли лаҳзалар – келганида: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дегин! деб айтилса, нима деб жавоб берганини биласизми? “Мен бу сўзга кофирман, мен бу сўзга кофирман” деб қайта-қайта айтиб жон берибди. Аллоҳдан ҳусни хотимани сўраймиз.
Йўл ходисасига учраган яна бир йигитга ёрдам бериш учун, йўловчилар машина олдига келиб қарашса, йигитнинг жони халқумига келган ғарғара ҳолатда ётибди, магнитафондан эса ғарб мусиқасининг овози баралла келяпди. Дарҳол магнитафонни ўчириб, йигитга “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дегин! дейишса, йигит динга хақорат сўзларни айтиб, охирида: “Намоз ўқишни ҳам, рўза тутишни ҳам хоҳламайман”, деганча ўлиб кетибди. Бундай ҳолатдан бизни Аллоҳ асрасин.
Йўл транспорт назорати ходимларидан бири ҳикоя қилади: “Тўсатдан қаттиқ тўқнашув товушини эшитдик. Қарасак икки машина бир-бири билан шундай қаттиқ тўқнашибдики, сифатлашга тил ожиз… Қаттиқ шикастланган икки кишини тезлик билан машинадан чиқариб ерга узала ётқизиб қўйдик. Кейин иккинчи машинага бориб қарасак, ҳайдовчи ҳаётдан кўз юмган экан. Ҳалиги икки кишининг олдига қайтдик. Улар ўлим талвасасида ётган эдилар. Шеригим уларга “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни талқин қила бошлади, лекин уларнинг тилларидан қўшиқ эшитиларди. Бу ҳолат мени даҳшатга солди. Менга акс ўлароқ шеригим бундай ҳолатлардан хабардор экан, шаҳодат калимасини уларга талқин қилиб турди. Аммо фойдаси бўлмади, улар қўшиқ айтишда давом этавердилар. Аста-аста товушлар пасайиб аввал биринчисининг товуши буткул тўхтади, уни кетидан иккинчиси ҳам жим бўлиб қолди. Ҳаётдан кўз юмишди. Бирон бир ҳаракат йўқ. Ҳаётимда бундай манзарани кўрмаган эдим. Уларни машинага жойладик. Шеригим: “Одамлар ўзларининг ички ва ташқи ҳолатларига кўра ё яхшиликда ёки ёмонликда вафот этадилар”, деди. Мен ўлимдан қўрқиб қолдим, бу ҳодисадан қаттиқ тасирландим. Ўша куни намозларни хушу билан ўқидим.
Бу ҳодисадан кўп ўтмай бошқа бир ҳодиса устидан чиқдик. Бир йигит ўзининг машинасида кетаётганда, тўсатдан машинаси бузилиб қолибди. Мадинага олиб борувчи ер ости йўлларнинг бирида, машинадан тушиб тузатиб турганида, орқасидан бошқа бир машина тезлик билан келиб, йигитнинг машинасини уриб юборган. Натижада йигит қаттиқ ва кўп жароҳатлар билан Ерда ётган эди. Зудлик билан машинага олдик ва бизни кутиб олиб, биринчи ёрдам кўрсатишлари учун касалхонага хабар бердик. Қарасам, ёшгина йигит, кўринишидан динда мустаҳкамлиги билиниб турарди. Машинага чиқариш учун кўтарганимизда, лаби қимирлаб нимадир товуш чиқарди, аммо тушунарсиз, нима деяётганини англаб бўлмади. Аммо касалхонага кетиш асносида, йигитдан чиқаётган товуш тушунарли бўла бошлади. Йигит Қуръон тиловат қилаётган экан. Субҳаналлоҳ! Шундай тиниқ тиловат қиларди-ки, уни кийими ўраб тургани учун кўринмай турганини айтмасангиз, суяклари синиб кетган, жароҳати қаттиқ, балки жон таслим қилиш арафасида турган одам деб ўйламайсиз. Гўзал овозда ўқиб турган йигит бирдан жим бўлиб қолди. Қарасам кўрсатгич бармоғини кўтариб, шаҳодат калимасини айтаётган экан. Сўнг боши эгилди. Қўлимни узатиб қўлини, юрагини ушлаб кўрсам, нафас олмаяпти… жим-жит. Ҳаётдан ажралди. Оламдан кўз юмди. Унга анча тикилиб қолдим. Беихтиёр кўзимдан ёшлар дув-дув оқа бошлади. Шеригимга йигитнинг жони узилганини хабар бергандим, у ҳам йиғлаб юборди. Иккаламиз йиғидан ўзимизни тўхтата олмадик. Манзара ўта таъсирли эди. Касалхонага етгач, йигитнинг ҳолатини гапириб бердик. Кўпчилик таъсирланиб йиғлашди, хатто бир киши ўта таъсирланганидан бориб йигитнинг пешонасидан ўпиб қўйди. Масъуллардан бири йигитнинг уйдагилари билан боғланиб хабар етказди. Қўнғироққа жавоб берган йигитнинг акаси экан. У укаси ҳар душанба қишлоқдаги бувисини бориб кўришини, у ердаги бева-бечора, етим ва камбағаллар ҳолидан хабар олиб туришини, қишлоқ аҳли уни яхши танишларини, уларга китоблар, марузалар ёзилган тасмалар олиб бориб беришини, бугун ҳам шу мақсадда уйдан чиқиб кетганини айтди. Дарҳақиқат, машинаси гуруч, шакар ва болалар учун ширинликларга тўла эди. Йўлнинг узоқлигини айтиб уни сафардан тўсмоқчи бўлганларга: “Мен йўлнинг узоқлигидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Қуръон ёдлайман, ёд олган сураларни такрорлайман, фойдали маърузалар эшитиб бориб келаман ва бундан ташқари ҳар бир босган қадамимга Аллоҳдан ажр умид қиламан”, деб жавоб берар эди. Ходисани айтиб берган ходим сўзида давом этиб: “Мен беқарор ҳаёт кечирардим. Бўш вақтим кўплиги, билимим озлиги ва Аллоҳдан узоқлигимдан, ҳайрат-кўрлик мени бемалол у ёқдан бу ёққа етакларди. Йигитга жаноза ўқиб, уни дафн қилгач, йигит охират кунларининг биринчи кунига истиқбол қилган бўлса, мен дунё кунларининг биринчи кунига юзландим. Шу кундан бошлаб Аллоҳга ҳақиқий тавба қилдим. Шояд Аллоҳ ўтган гуноҳларимни кечириб, тоат-ибодатда собит қилиб, чиройли-гўзал хотима билан вафот топтирса”, деб сўзини тугатди, йўл транспорт хизмати ходими.
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ тўғри сўзни айтган эканлар: “Субҳаналлоҳ, бундай ибратларнинг (яъни ёмон ўлим топишнинг) қанчасига одамлар шоҳид бўлишган ва яна қанча-қанча жон таслим қилаётганларнинг ҳолатлари уларга махфий қолган”.
Ўзини истиқоматдан, Аллоҳ таолога тоат-ибодатдан маҳрум қилган. Қалби Аллоҳдан узоқ, Ундан ғафлатда қолган ҳамда шаҳвати ва нафси-ҳавосига қул бўлган киши, гўзал хотимага қандай ҳам эришсин?! Аллоҳим, амалларимизнинг яхшиси, унинг охири бўлишини насиб эт. Тавбаларимизни қабул қил. Сен тавбаларни қабул қилувчи ўта Меҳрибон Зотсан.
Абу Абдуллоҳ шундай ҳикоя қилади: «Сизга ушбу воқеани қандай ҳикоя қилиб беришни ҳам билмайман… Бу воқеа менинг хаётимни тубдан ўзгартириб юборган. Бу ҳақиқатни, очишга хеч ботинолмасдан юрардим… Лекин Аллох олдидаги масъулиятни ҳисси мени ҳикоя қилишга ундади. Токи, Раббига осий бўлиб юрган йигитлар ва ясама, пуч хаёлларни «севги» номи билан атаб юрган қизларга бир огоҳлантириш, ибрат бўлсин.
Биз орамизни енгилтаклик ва манманлик жамлаган уч дуст эдик. Йўқ, тўртта эдик… Тўртинчимиз шайтон эди…
Биз содда қизларни ўзимизнинг мулойим, ширин сўзларимиз билан алдаб-сулдаб чекка далаҳовлиларга олиб чиқардик… У ерда эса биз тўсатдан йиртқич бўриларга айланар, уларни ялиниб ёлборишларига ҳам парво қилмасдик…Чунки бизнинг калбларимиз, хисларимиз ўлган эди…
То унутилмас ўша кун келгунча, бизнинг куну-тунларимиз мана шундоқ тарзда, далаларда, чодирларда, денгиз кирғоқларида машиналарда ўтиб борарди…
Бир куни одатимиз бўйича, далаховлига чиқдик… Ҳамма нарса ҳозирланган эди…Ҳар биримизда биттадан «ниҳол», лаънати ичкилик ҳам етарли… Лекин егулик олиш ҳаммамизнинг ёдимиздан чиқибди… Бироздан cўнг ичимиздан биттамиз кечки овқат олиб келиш учун ўз машинасида кетди. Соат тахминан, кечки еттилар эди. Негадир, орадан бир неча соат ўтса-да ундан дарак бўлавермади… Соат ўнларда безовта бўла бошладим ва машинамда уни ахтаришга чиқдим… Бир вақт не кўз билан кўрайки, йўлда… Етиб борганимда дўстимнинг машинаси бир ёнга ағдарилган кўйи алангага бурканиб ёниб ётарди… Эсим оғиб қолаёзган алфозда, югуриб, машина ичидан дўстимни чиқаришга ҳаракат қилдим… Деярли танасининг ярми кўмир каби қорайиб, куйиб кетган дўстимни кўрганимда, бир муддат серрайиб қотиб қолдим… Ҳали ҳаёт аломати билиниб турган танани кўтариб, ерга етқиздим… Бир неча дақиқалардан cўнг у кўзини очди ва «Олов! Олов!», дея алахсирай бошлади. Машинамга ётқизиб, касалхонага олиб боришга аҳд қилдим, лекин у: «Фойдаси йуқ… Барибир етиб боролмайман…», деди инграган овоз билан. Кўз олдимда жон бераётган дўстимга қараб турарканман, кўз ёшларим сел каби оқарди… Бирдан у бақира бошлади: «Энди нима дейман унга… Нима дейман унга?» Унга даҳшат билан қарадим ва: «Ким у?», деб cўрадим. Чуқур қудуқ каъридан келаётган каби овоз билан: «Алло-о-о-ҳ!», деди. Ток ургандек сесканиб кетдим…. Кутилмаганда дўстим охирги нафасларини жамлаб, бир қичқирди-да, бўшашиб қолди… Кунлар ўтсада, ёдимдан ёнаётган олов ва вафот этган дўстимнинг: «Энди нима дейман унга… Нима дейман?» деб қичқираётган манзараси чиқмас, қайта-қайта хаёлимга қуйилиб келаверарди. Ўзимга ўзим савол бера бошладим: «Мен нима дейман Унга?» Кўзимдан ёшлар қуйила бошлади. Шу вақт муаззиннинг бомдод намозига айтаётган нидоси таралди: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар… Ҳаййа алас солат… Бу нидо хоссатан мен учун, мени нур ва ҳидоят йўлига чақириш учун деб ҳис қилдим….Гусл қилиб ювиндим ва таҳорат олдим. Йиллар давомида тўпланиб қолган разилликлардан жисмимни покладим… Намозни адо этдим… Ўша кундан бошлаб фарзларни тарк этмай адо қила бошладим. Аллоҳга ҳамд айтаман чунки, Ундан бошқаси ҳамдга лойиқ эмас… Бутунлай бошқа инсонга айландим… Аҳволларни ўзгартирувчи Зот қандай ҳам пок!… Аллоҳ изни ила умрага тайёрланаяпман…Иншааллоҳ, ҳажга ҳам ният бор, яна қайдам, ахир умрлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қўлида-ку.»
Энди шундан сўнг шояд ҳар бир маҳрум: “Тўғри Йўл қаерда? Иллатларимизга даво нимада экан?” деб ўйлаб қолар. Мен уларга: “Даво Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафийга айтган сўзларида” деб айтаман. Суфён розияллоҳу анҳу: “Эй Росулуллоҳ, менга Исломдан шундай бир сўз айтингки, сиздан бошқадан қайтиб сўрамай” деганида. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Аллоҳга иймон келтирдим дегин-да, кейин истиқоматда — исломга тўла амал қилишда мустаҳкам — бўл”, дедилар.
Эй маҳрумлар! Биз ҳам сизга мана шу сўзни айтамиз: “Аллоҳга иймон келтиринг ва истиқоматда — Исломга тўла амал қилишда собит — бўлинг!
Аллоҳ азза ва жалла биздан талаб қилган амалларни бажаришда собит турайлик, ўнгга ва чапга бурилмасдан Тўғри йўлни лозим тутайлик. Баъзилар истиқоматни – қилмаса зарари йўқ бўлган – нафл деб ўйлайдилар. Бу хато тушунча бўлиб, ҳар бир мусулмонни истиқоматда туриши матлубдир. Аллоҳ таоло деди: “Бас (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри йўлда бўлингиз!…”. Ҳуд:112
Тўғри Йўлда мустаҳкам бўлишнинг самараси жуда катта бўлиб, у соҳибини Аллоҳнинг шариатини лозим тутишга ва нафсга қарши курашишга ундаб туради. Аллоҳ азза ва жалла айтган: “Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!. Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир». Фуссилат: 30-32. Бошқа оятда эса бундай деган: “Албатта, агар улар (Тўғри) йўлда устивор турганларида, албатта Биз уларни имтиҳон қилиш учун мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик). Кимки Парвардигорининг зикридан — Қуръондан юз ўгирса, У зот уни қаттиқ азобга йўллар”. Жин:16-17.
Қанча-қанча маҳрум ака-укаларимиз ва опа-сингилларимиз Аллоҳнинг қаттиқ азобига лойиқ бўлиб туришибди… Аллоҳдан уларга ҳидоят сўраймиз.
Араблар саҳрода хор-зор ҳолда яшар эдилар. Уларга Тўғри Йўл келиб ва мана шу Тўғри Йўлда устивор туришгач, уларга Ер – ундаги мўл-кўл хосиллар ва зилол сувлари – билан фатҳ қилиб берилди. Сўнг улар Тўғри Йўлдан бурилишган вақтда, улардан барча яхшиликлари тортиб олинди. Аллоҳ таоло деди: “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик”. Аъроф: 96.
Юқорида ўтган барча маҳрумликларнинг сабаби, истиқоматдан узоқ бўлишдир. Инсон Аллоҳнинг тоатидан қанчалик узоқ бўлса, маҳрумлиги ҳам шунга қараб бўлади.
Азиз биродар! Муҳтарама синглим! Бир оз шошманг! Ўзингиз билан ёлғиз қолинг! Дунёни олтин-у қаср ва мансаблари билан бир четга қўйинг! Ошна-оғайнингиз ва бола-чақангиздан узоқ бўлинг-да! Ўзингиз билан ҳоли қолинг! Ўзингиздан сўранг: “Сен нима учун яшаяпсан? Нима хоҳлайсан? Охири нима бўлади? Қаердан келдинг? Қаерга қайтасан? Шу саволларни ўзингизга беринг! Лекин, асло-асло мана бу маҳрум насроний шоир каби бўлманг! У ўзининг тараддуд ва хайратга тўла қасидасида: “Келдим ва лекин қаердан келганимни билмайман. Лекин келдим. Рўпарамда йўл кўрдим, хоҳласам хоҳламасам шу йўлда юраман. Қандай келдим, йўлни қандай кўрдим билмайман… . Иймон неъматидан маҳрум, ақли лол-хайронлар ана шундайдирлар.
Аммо биз мўъмин-мусулмонлар бундай саволларга Алҳамду лиллаҳ тараддудланмай жавоб бера оламиз. Чунки биз динимизда бунга муфассал жавоб топа оламиз. Қуръонимиз ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида бу ҳақда тўғри ва етарли сўзларни топа оламиз. Қуръон бизларни нима мақсад ва қандай ғоя билан яшашимизни таълим берган: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. Зориёт:56.
Сиз ҳам мана шу мақсад ва ғоя билан яшайсизми?
Яна Қуръон бизларни ҳаётимиздаги барча нарса Аллоҳ учун бўлишини таълим берган: “Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир…”. Анъом:162.
Сизнинг ҳам ҳаётдаги барча нарсангиз Аллоҳ учунми? Бас фақат Аллоҳ рози бўладиган амалларнигина қиламиз, Аллоҳ рози бўладиган сўзларнигина сўзлаймиз. Гарчи барча инсонлар норози бўлсалар ҳам, биз Аллоҳни рози қиламиз. Ҳар лаҳзада “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб юрамиз. Зеро биз, бу калимада содиқ ва ҳолис яшаган киши бахт-саодатда азиз бўлиб яшашини, вафот этганда кенглиги осмонлар-у ерчалик бўлган жаннатда бўлишини биламиз.
Шундай экан, Эй маҳрум қулоқ сол! Ва шуни билгинки – ким мақсад билан яшаса ҳаракат қилади, амал қилади, рукуъ ва саждалар қилади, вақтини ғанимат билади, бекорчиликка бир дақиқа ҳам қолдирмайди, чунки бекорчилик қотилдир. Энг ғам-ташвишли одамлар бекорчилардир. Бекор бўлган кунинг сени ғам-ташвиш, васваса ва ёмон ҳаёллар ўраб олади ва шайтонлар ўйнайдиган тўп-коптокка айланиб қоласан.
Эй биродар! Эй синглим! Ғам-ташвишларни бир ғам – Аллоҳга рўбарў бўладиган, Унинг хузурида турадиган – охират ғами қилиб ол!: “Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас”. Ал-Ҳааққо: 18. Барча амалларингни Аллоҳ учун ҳолис қилгин! Аллоҳнинг розилигига харис бўл! Одамлардан миннатдорлик кутма!
Эй инсон! Эртанги кунга нимани хозирлаб қўйдинг? Аллоҳ таоло айтган: “…ва ўзингиз учун яхши амаллар тақдим қилинг! Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар Унга рўбарў бўлувчисиз”. Бақара: 223. Ким бекорчилик ва сусткашлик отига минса, тезда ундан ҳасрат ва надомат билан қулайди. Бундай одамга, истиқомат ва илтизом ҳақида жиддий тафаккур қилиш тез ёрдам бўлиб, унга даво бўлади.
Эй биродарлар, мақсадли бўлинглар! Шунда ҳаётнинг қийматини хис қиласиз. Доимо, бошқани эмас, фақат Ёлғиз Аллоҳни рози қилишни, бошқага эмас, фақат Аллоҳга итоат қилишни ўйланг!
Истиқомат сабабларидан яна бири, Аллоҳ таоло бандага ҳидоятни ирода этишидир. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр”. Анъом: 125.
Баъзи жоҳиллар: “Аллоҳ мени ҳидоятда бўлишимни ирода қилмаган бўлса мен нима қилай? дейдилар. Бу шубҳа кўп маҳрумлар мубтало бўлган нафснинг ҳийласи ва шайтонинг кириш ўрнидир. Бунга биз қуйидагича жавоб берамиз: Сиз ҳидоят сабабларини қилинг, ҳидоят сўранг, нафсга қарши курашинг! Шунда Аллоҳнинг хоҳиши билан тезда натижасини кўрасиз. Бирон бир иш қилмоқчи бўлсангиз сабабини қиласиз-ку, тўғрими? Масалан, имтиҳондан яхши ўтмоқчи бўлсангиз, унга тайёрланасиз, ўқийсиз, ёзасиз, ёдлайсиз… шундайми? Мен сизга масалан, “Имтиҳонга тайёрланмай қўявер, ўқима, ёзма, ёдлама, агар Аллоҳ имтиҳондан яхши ўтишингни ирода қилган бўлса ўтиб кетасан” десам, шунга рози бўласизми? “Йўқ” албатта. Демак, сабабларини қилиш лозим. Ёмон улфатларни ва фасодга олиб борувчи йўлларни тарк қилиш керак. Яхши, солиҳ инсонлар билан бирга бўлиш, кўп зикр қилиш ва Аллоҳдан қалбингизни очиб, Ҳақ йўлда собит қилишини тинмай дуо қилиб сўрашга харис бўлиш керак. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зот саждаларида: “Эй қалбларни айлантирувчи Зот, қалбимни динингда собит қил!” деб кўп дуо қилардилар. Энди сиз-у биз ва бизга ўхшаган иймони заифларчи? Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни истиқоматда қилсин.
Сиз ҳам агар фарз намозларини адо қилувчилардан бўлсангиз, бир кунда 17 мартадан ортиқ: “Бизларни Тўғри йўлга йўллагин” деб дуо қиласиз. Лекин минг афсус, ғофил қалб билан ва маъносини тушунмай айтасиз. Сиз ҳидоят талабида Аллоҳга содиқ бўлинг! Нафсга қарши жиҳод эълон қилинг! Буни эвазига Аллоҳнинг шундай сўзи бор: “Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир”. Анкабут: 69.
Демак, ҳидоят босқичидан аввал, нафсга қарши кураш, нафсни шаҳватлардан тийиш босқичи бор экан, сиз Аллоҳ билан бирга бўлиш ҳаловатини ёдда тутсангиз, бу босқичдан ўтиш сизга осон бўлади. Ҳавони ютиш осон, лекин у оғизни қуритиб қўяди. Сиз ҳидоятни Аллоҳдан сидқи дилдан сўранг! Сабабларини қилишга харис бўлинг! Шояд бахт-саодат ва роҳат-фароғатни дунё-ю охиратда топасиз.
Ҳидоят топиш сабаблари жуда кўп. Мен қуйида шуларнинг айримларига ишора қилиб ўтаман, сиз шуларни қилишга бел боғланг!
1) Мақсад ва ғоя билан яшанг, нима учун дунёга келганингизни билинг!
2) Аллоҳнинг иродаси ҳамма нарсадан юқори, бунда шак йўқ, лекин бу илми ғайб. Сизга лозим иш, яхшиликка харис бўлинг ва унга етиш сабабларини қилинг! Шу билан бирга, нафс ҳийлаларидан ва шайтон кирадиган ўринлардан хазир бўлинг!
3) Тинмай дуо қилинг ва Аллоҳни кўп ёд олинг!
4) Солиҳлар билан ҳамсуҳбат бўлинг! Фисқ-фужур аҳлидан йироқ юринг, чунки улар сизни ҳам ўзларига ўхшатишни хоҳлайдилар. “Зинокор, ҳамма аёллар зинокор бўлишини хоҳлайди” деб тўғри айтилган.
5) Нафсга қарши курашинг! “Сен ўлимга тайёрмисан ёки йўқми?” деб нафсни сарҳисоб қилинг!
6) Ёмонликка уни ўчириб юборадиган яхшиликни эргаштиринг! Бирон бир гуноҳ-маъсият қилиб қўйсангиз, дарҳол яхши амалларни кўпайтиринг! Камбағалларга садақотлар беринг, ота-онага яхшиликлар қилинг, намоз ўқинг. Ҳар қандай катта-кичик яхши амаллар қилишга интилинг. Аллоҳ таоло деган: “Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур”. Ҳуд: 114.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ёмонликка яхшиликни эргаштиргин-ки, у уни ўчириб ташлайди”.
7) Гуноҳ ва маъсиятга тушиб қолсанг тавба қил! Бир гуноҳга минг бор тавба қилсанг ҳам, асло тавба қилишдан малолланма! Нафснинг заифлиги ва шайтоннинг ҳийлаларидан хазир бўл, чунки гоҳида шайтон: “кўп тавбанг билан мунофиқлик қиляпсан ёки Аллоҳни алдаяпсан” деган сўзни қалбингга келтириши мумкин. Муҳими сен тавбанг ва қилмишингга надомат-пушаймонингда содиқ бўлишингдир. Заифлик қилиб гуноҳга қайтиб қолсанг, дарҳол тавбага қайт!
Имом Нававий “Гуноҳлар такрорланса ҳам тавбанинг қабул бўлиши” бобида: «Саҳиҳ Муслимдаги “Тавба боби”ни ўқишни насиҳат қиламан. Шунда сен ундаги Аллоҳ раҳматининг буюклиги, бандасининг тавба қилишига хурсанд бўлишини кўрасан ва ҳолбуки Аллоҳ мендан ҳам, сендан ҳам ва барча оламлардан ҳам бехожатдир. Лекин асло-асло Аллоҳнинг кенг раҳмати билан мағрурланиб, гуноҳда давом этмагин! Билгинки Аллоҳ Кечирувчи, ўта Раҳмли бўлиши билан азоби қаттиқ Зотдир”.
Хулоса: Истиғфор ва тавбани кўпайтир! Башариятнинг яхшиси ҳабибимиз ва етакчимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кунда етмиш марта, бошқа бир ривоятда юз марта истиғфор айтардилар. Гуноҳкор, заиф биз бандаларчи? Тавбани кўпайтирайлик! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Аллоҳ азза ва жалла, гуноҳни такрор содир қилиб яна қайта тавба қилган киши ҳақида: “Бандам, унинг гуноҳларини кечирадиган ва гуноҳларига азоб берадиган Парвардигори борлигини билади. Бандамни кечирдим, бандамни кечирдим, хоҳлаганини қилсин”, дейди. Муттафақун алайҳ.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Расулуллоҳ! Бизлардан биримиз гуноҳ қилади” деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёзиб қўйилади» дедилар. У: «Сўнг истиғфор айтиб, тавба қилади” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гуноҳи кечирилиб, тавбаси қабул қилинади” дедилар. У: “Яна гуноҳ қилади” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёзиб қўйилади. То сизлар гуноҳ ва ортидан тавба қилишда малолланиб қолмасангизлар Аллоҳ таоло ҳаргиз малолланмайди.”, дедилар. Ҳоким ривояти.
Азиз биродар, гуноҳга ботган бўлсанг ҳам тавба қилишга бепарво бўлма, муҳими тавбани жиддий, содиқ ҳолда қил, шайтоннинг эшик, дарчаларини ҳаммасини беркитиб, сабабини қил! Шунда бунинг самарасини қалбингда топасан. Сен узоқ эмас, балки жуда яқинсан. Бахт-саодат, роҳат-фароғат, истиқомат… бу нарсаларга сен яқинсан, муҳими сенда азму қарор ва эътибор бўлса, бас.
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ “Фавоид”да айтганлар: “Азму қарор ила, офатлар билан қопланган бу тор диёрдан, кўз кўрмаган нарсалар бўлган у кенг диёрга чиқгин. У ерда матлуб нарса топилмай қолмас, маҳбуб нарса қўлдан кетмас”. Аллоҳ барчамизни ёмонликлардан сақлаб, Ўзига холис тавба қилишга тавфиқ берсин.
Азизим, фитратга, нафсингдаги яхшиликларга қайт, шунда сен ўзингни ҳидоятга, ҳидоятни эса ўзингга яқин эканини топасан. Дунё ўзининг моллари, мансаб-у қасрлари билан сенинг бир томчи кўз ёшингга, хавотирингга ё хўрсинишингга ҳам арзимайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Дунё малъундир ва ундаги нарсалар ҳам лаънатлангандир, магар Аллоҳнинг зикри ва шунга кўмак берувчи, олим ва таълим олувчи бундан мустаснодир”. Термизий.
Аллоҳ азза ва жалла деди: “Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир”. Анкабут: 64
Азиз биродарим! Сени жонинг қадрлидир. Бугунми, эртами-индинми “Фалончи вафот этибди” дейилиши аниқ, чунки ўлим ҳақ. Лекин яхшилик ва ҳидоятда вафот этиш билан, фисқ-фужур ва залолатда ўлиб кетишнинг фарқи бор албатта. Шундай экан ғафлат, орзу-ҳавас ва соғломлигинг билан алданиб қолмагин! Қанча-қанча тани соғлар бирон касалсиз вафот этса, қанча-қанча касаллар узоқ йиллар ҳаёт кечирмоқдалар. Кўпинча, шод-хуррам, хурсанд ҳолда кулиб ётасан, бироқ тонг оттиролмай оламдан ўтасан. Шеърнинг мазмуни:
“Эй тун бошида масрур ётувчи, ходисалар сахарларда эшик қоқувчи”.
Эй биродар! Эй синглим! Яхши сифатлар, гўзал амаллар ва фазилатларга шошилинг! Буларнинг барчаси эса Аллоҳ азза ва жаллага содиқ иймон билан бўлади. Аллоҳ таолодан барчамизнинг тавбаларимизни қабул этишини ва бизларни содиқ, солиҳ ва яхши амал қилувчилар жумласидан қилишини сўраб қоламиз. Аллоҳим тавбаларимизни қабул эт, гуноҳларимизни кечир ва Ўз раҳматинг ила бизларга раҳм қил! Парвардигоро! Сен барча айбу нуқсондан покдирсан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз. Гувоҳлик берамизки, сендан ўзга ҳеч бир ҳақ илоҳ йўқдир. Сендан гуноҳларимизни кечиришингни сўраймиз ва Сенга тавбалар қиламиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, аҳли оилаларига ва асҳоби киромларига салавот-у саломлар ва баракотлар бўлсин.
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.