Мен кимман?!!

    من أنا ؟!!

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

    Мен кимман?!! Ушбу саволнинг жавоби ўта муҳим бўлгани боис унга батафсилроқ тўхталмоқчиман. Сўзимни қисқа муқаддима билан бошласам.

    Албатта, ҳар қандай билимсизликни, гарчи у ҳар қанча оғир оқибатларга олиб келса ҳам, кечириш мумкин. Бироқ, ақида жиҳатидан бўлган билимсизликни, яъни инсон ўзининг яратувчисини билмаслигини, ўзининг вужудга келиши сирини англамаслигини ва нима мақсадда яратилган эканини билмаслигини кечириб бўлмайди. Аллоҳ таоло ақл ва хоҳиш-ирода бериб қўйган, борлиқдаги барча жонзотдан имтиёзли қилиб яратиб қўйган бу инсонга Аллоҳни танимасдан яшашлиги, ҳайвонлардек еб-ичиб юриши ва яратувчиси ҳақида фикр юритмаслиги, ўзининг дунёга келишидан бўлган ғоя ҳақида, бу ҳаётда ўзига қандай вазифани бажариб ўтиш топширилгани тўғрисида ўйламаслиги, шу ҳолда яшаб, шу ҳолда ўлиб кетиши, ўлимига ҳозирланмагани боис охир-оқибат умри якунида ғафлат, билимсизлик ва ҳидоятсизлик самарасини кўриши ўта оғир шармандалик саналади. Пушаймонлик фойда бермайдиган кунда, ўзини Аллоҳ таборака ва таоло ҳузурида тилсиз ва ақлсиз ҳайвонлардан ҳам тубан даражада кўрган кунида қаттиқ пушаймон бўлади. Чунки, ҳайвонлар ҳам Парвардигорларини танийдилар ва Унга сажда қилиб яшайдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Сиз осмонлардаги ва ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўпдан-кўп инсонлар (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми? Кўп (одамларга эса кофир бўлганлари сабабли) азоб ҳақ бўлгандир. Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, уни (ҳеч ким) азиз қилувчи бўлмас. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур» (Ҳаж: 18).

    Аллоҳ таоло ўз яратувчиларини ҳам танимайдиган, ўзларининг дунёга келишлари остидаги ҳикматни англамайдиган мазкур турдаги кимсалар ҳақида айтади: «Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» (Аъроф: 179).

    Бу хил хабис-нопок одамлар айтишади:

    Келдим, қаерданлигини билмайман.. Келганим рост.. Олди тарафимда бир йўлни кўрдим, шу йўлдан юрдим, истасам-истамасам яна шу йўлимда давом этаман.. Лекин, қандай келдим?.. Қандай қилиб йўлимни кўрдим?.. Билмайман!!

    Ҳайвоннинг ўзи!! Ҳа, ҳайвоннинг ўзгинаси! На яратувчисини билади, на дунёга келиши остидаги сирру синоатни ва на бундаги ҳикматни англайди!.. Аллоҳ таоло айтганидек: «Кофир бўлган кимсалар эса (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари еганидек еб-ичурлар ва дўзах уларнинг жойлари бўлур!» (Муҳаммад: 12). Ўз ақли билан ғурурланадиган, моддий ихтиролари билан ўзини юқори тутадиган инсон ўз Парвардигорини танимаслигидан, ўзини яратган ва йўқдан бор қилган холиқини билмаслигидан кўра ҳам каттароқ жаҳолат (билимсизлик) бўладими?!! Бу асло кечириб бўлмайдиган жаҳолатдир.

    Шунинг учун ҳар бир оқил инсон шошилиши ва ўзига ўзи қуйидаги саволларни бериши лозим: «Нега яратилдим? Ҳаётга келишимдан бирон мақсад борми?». Табиийки, ушбу икки саволни беришдан олдин ўзингизга: «Мен кимман? Мени ким вужудга келтирди? Мени ким яратди?» деб, яна: «Дунёдан ўтгач, қаерга бораман? Оқибатим нима бўлади?» деган саволларни беришингз керак бўлади.

    Мазкур саволларга жавоб қидириш орқали яратувчингиз кимлигини ва бу дунёга келишингиздан мақсад нималигини билган бўлсангиз, шундагина сиз ўзингизни таниган, оқибатингиз ва борар жойингизни билиб олган бўласиз. Демак, ҳар бир киши: «Қаердан келдим? Қаерга бораман? Нима учун яралдим?» деган саволларга жавоб қидириши зарурдир.

    Бу саволлар инсонга умрбод ҳамроҳ бўладиган, қаерда бўлмасин, ундан ажралмайдиган саволлардир. Улар Одам алайҳиссалом яратилганидан тортиб то қиёматгача ҳар бир инсондан ҳаётининг ҳар бир босқичида ва ер юзининг ҳамма жойида қониқарли жавоб талаб қиладиган саволлардир. Қаердан келдим? Қаерга бораман? Оқибатим қаерга? Ҳаётга келишимдан мақсад нима? Нима учун яратилдим? Бандаликнинг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳақида сўз юритишдан олдин ушбу муқаддимага зарурат бор эди.

    Бу саволларнинг биринчи қисми, яъни, кимман, қаердан келдим, мени ким вужудга келтирди, деган саволар жавоби атеист моддапарастлар учун бир умр ечилмас жумбоқ бўлиб қолаверади. Моддапараст фақат сезгилари илғаган, яъни кўзи кўрган нарсаларга ишониб яшайди. Мисол учун, чироққа унинг нур таратиб турганини кўргани учун ишонади, бироқ ушбу чироқнинг нур таратиши сири бўлган, кўзга кўринмас электр токидан кўз юмади. Ундайлар ўз даъволари бўйича, ақл мантиқини ҳаққа ва ҳақиқатга етказувчи йўлчи қилиб олишади ва шундан келиб чиқиб, ушбу борлиқ ва унда бўлган барча махлуқотлар ўз-ўзидан пайдо бўлган, борлиқдаги ақлни лол қилувчи шу қадар ҳайратомуз тартиблар (табиат қонунлари) тасодиф самараси, деб қайсарларча, кўр-кўрона қаттиқ туришади!!.

    Аммо, барча замон ва маконларда фитрат (табиий хилқат) чақириғига жавоб берувчи инсонлар албатта бу борлиқнинг яратувчиси, буюк ва доно Парвардигори борлигига иқрор бўлиб келадилар, диллари улуғлаш, умидворлик, қўрқув, таваккул, тавба-инобат ва умумий суратдаги ибодат билан Унга юзланади. Улар ушбу коинотнинг яратувчисини ҳис қиладилар, Унга моддийчилик, шак-шубҳалар ва нафс шаҳватлари булғатмаган тоза ва соф табиатлари билан юзланадилар. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз! Аллоҳнинг яратиши ўзгартирилмас. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмаслар» (Рум: 30).

    Лекин, ушбу чақириқ – фитрат чақириғи – овози баъзан инсоннинг қалби ва ақлида ўчиб қолади ёки эгаси унинг овозини кибр билан, қасддан ўчиради. Мушриклар ушбу ҳақиқатни инкор қилишмаган, улар Аллоҳ азза ва жалланинг яратувчи эканини инкор қилишмаган, балки кўр-кўрона кибр ва қайсарлик билангина Унга кофир бўлишганди. «Чунки улар ўзларича: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар» (Соффат: 35).

    Аллоҳ таоло айтади: «Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар. Энди (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг» (Намл: 14).

    Улар бу ҳақиқатга иқрор бўлишади, бироқ кўп ҳолларда кибр ва қайсарлик билан уни инкор қилишади. Яхшилаб тушуниб олиш керак – бу жуда муҳим гап – фитрат овози баъзан инсоннинг дили ва ақлида унинг эгаси тарафидан қасддан ўчирилади. Аммо, қачонки бу инсон бирон тангликка дуч келса ё оғир бир мусибат ва муаммо қаршисида чорасиз қолиб, атрофдаги ҳамма одамлардан умиди узилса, қалбининг туб-тубида ўрнашган ҳалиги овозга – фитрат ва табиий хилқат чақириғига – беихтиёр жавоб айтади, Аллоҳ азза ва жалладан мадад сўрашга мажбур бўлади.

    Мана бу гўзал ва нафис суҳбат ҳақида тафаккур қилиб кўринг. Бир киши Имом Жаъфар Содиқ раҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таоло ҳақида сўради. «Кемага минганмисан?», сўрадилар Жаъфар ундан. У: «Ҳа», деди. «Минган кемаларинг қатиқ шамолга дуч келганми, ҳеч?». «Ҳа». «Кемачилардан ҳам, қутқарув воситаларидан ҳам умидинг узилганми?», «Ҳа». «Агар истаса, сени қутқариб қолишга қодир бир зот борлиги ҳақидаги фикр кўнглингга келганми ва дилингдан ярқ этиб ўтганми ўшанда?». «Ҳа». «Худди ўша зот Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бўлади», дедилар у киши.

    Қуръони каримда ҳам айни шу ҳақиқатни исботловчи жуда кўп оятлар мавжуд. Келинг, бир тафаккур қилиб кўрамиз:

    «Қачон инсонни бирон зиён ушласа, у Парвардигорига тавба-тазарру қилган ҳолида дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон (Аллоҳ) Ўз томонидан унга бирон неъмат ато этса, (инсон) илгари (Аллоҳга) қилган дуо-илтижоларини унутиб қўюр…». (Зумар: 8).

    «Қачон инсон зотига бирон зиён-мусибат етса, ётган ҳолида ҳам, ўтириб ҳам, туриб ҳам Бизга дуо-илтижо қилур. Энди қачонки ундан мусибатини кеткизсак, гуё (ҳеч қачон) ўзига етган бало-мусибатдан Бизга илтижо қилмагандек (юз ўгириб) кетур. Ҳаддан ошувчи кимсаларга ўз қилмишлари мана шундай чиройли қилиб қўйилди» (Юнус: 12).

    «Қачон (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар чин ихлос билан Аллоҳга дуо илтижо қилурлар. Энди қачонки, (Аллоҳ) уларга нажот бериб, қуруқликка (чиқарса), у ҳолда улардан (айримларигина) тўғри йўл тутувчидир» (Луқмон: 32).

    «Қачон денгизда сизларга бирон мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. Энди қачонқи, У зот сизларга нажот бериб қуруқликка чиқариб қўйгач, сизлар Ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат қилувчидир» (Исро: 67).

    Ҳа, инсон табиати шундай! Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсон, нима сени улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?! У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб, қўйган зот-ку! У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса (ўша сурат — шаклда) таркиб топтирди — ижод қилди-ку!» (Инфитор: 6-8).

    Фитрат мантиқининг ўзи кишини Аллоҳ таолога йўллар экан, ваҳоланки фитрат холис виждоннинг ўзи ҳам эмас, холис ақлнинг ўзи ҳам эмас, балки иккаласининг, яъни виждон-қалб ва ақлнинг аралашмасидир.

    Шу билан бирга, соғлом ақлнинг ўзи ҳам Аллоҳ таолога иймон келтиришни инсон усиз яшаши мумкин бўлмаган зарурат деб кўради. Зотан, ақл ҳеч қандай таълим-тарбиясиз ҳам сабабият қонунига аниқ ишонади. Яъни, қўлимдаги мана бу варақ мен уни қимирлатаётганим сабабли қимирлаяпти, сабабият қонуни шудир. Инсон ақли айни шу қонунга – яъни сабабият қонунига – ҳеч қандай қўшимча ўқиб-ўрганишларсиз ҳам ишонади, унга далил-исботга муҳтож бўлмайдиган бирламчи нарсаларга ишонганидек ишонади. Яъни, ақлли инсон самода нур сочиб турган қуёшни кўриб: «Қуёш чиқиб турганига нима далил бор?» деб сўраши муносиб бўлмайди, балки: «Бошимда ақлим борлигига нима далил бор?» деб сўраши тўғри бўлади. Кўпчилигингизга маълум бўлган бир воқеий ҳикояни бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Бир мактаб ўқитувчиси бир куни ўқувчиларига мазкур сабабият қонунига биноан тескари бир нарсани исботламоқчи бўлибди ва: «Болалар! Ўқитувчингизни кўраяпсизми?», деб сўрабди. «Ҳа», деб жавоб беришибди болалар. «Демак, ўқитувчи бор. Энди мен ёзаётган мана бу синф тахтасини кўраяпсизми?», деб сўрабди. «Ҳа», дейишибди болалар. «Демак, синф тахтаси ҳам бор экан. Энди мен ўтирадиган мана бу курсини кўраяпсизми?», сўрабди. «Ҳа», дейишибди болалар. «Демак, курси ҳам бор экан. Хўш, энди Худони кўраяпсизларми?», сўрабди. «Йўқ», дейишибди болалар. «Демак, Худо йўқ экан!», дебди устоз. Шунда Аллоҳнинг илҳоми билан ўқувчилардан бири туриб, устозидан изн сўраб, унинг ёнига чиқибди. Синфдошларига юзланиб: «Болалар, сизлар устознинг ақлини кўраяпсизми?», деб сўрабди. «Йўқ», дейишибди болалар. «Унда устознинг ақли йўқ эканда», дебди бола.

    Ҳа, ақл ҳеч қандай ўқиб-ўрганишсиз ҳам сабабият қонунига худди исбот талаб қилинмайдиган бирламчи нарсаларга ишонгани каби ишонади. Соғлом ақл ҳеч қачон бир ишнинг бажарувчисиз ўз-ўзидан ҳосил бўлишига ишонмайди.

    Ўтмишда ўтган, соф фитрат дорулфунунидан бошқа ҳеч қандай дорулфунунни битирмаган оддий бир аъробий ўта содда услубда бу ҳақиқатни ифодалаб берганди. Ундан Аллоҳнинг борлигига далил сўралганида у сабабиятнинг мазкур бошланғич қонунига ишонган ақли билан шундай жавоб беради: «Туя тезаги туяга, оёқ изи шу ердан кимдир ўтганига далолат қилади. Хўш, шундай экан, юлдузларга тўла осмон, улкан тоғларга эга ер ва тўлқинли денгизлар Ёлғиз яратувчининг борлигига қандай далолат қилмасин?!».

    Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ўта содда бўлган шу қонуниятга кўра улкан ҳақиқатни ифодалаб берганлар. У киши бир куни қўлларига тухумни олиб туриб айтдилар: Қаранг, бу бир сип-силлиқ, на эшиги, на туйнуги бўлган мустаҳкам қўрғон, ташидан оппоқ кумушга, ички томони қизил тиллога ўхшайди. Шу ҳолда турганида бирдан девори ёрилиб, ичидан кўзи кўрадиган, қулоғи эшитадиган, чиройли шаклдаги, майин овозли бир жонивор чиқиб келади.

    Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айни шу қонуниятни шундай ифодалаганлар. У киши тут баргига қараб туриб айтганлар: Тут баргини кийик еб, мушкка айлантириб беради, ечки еб, сутга айлантириб беради, ипак қурти еб, ипак чиқариб беради!!

    Емиш тури битта. Агар ишлар кўр-кўрона тасодифга кўра бўлганида, бир хил емишнинг шираси бир хил бўлгани боис, унинг маҳсули ҳам бир хил бўлиши керак эмасмиди?! Лекин, бир хил барг ечки жисмида сутга, кийикда мушкка, қуртда ипакка айланмоқда! «Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкракларидаги қалблар кўр бўлур» (Ҳаж: 46).

    Машҳур физик олим Исаак Нъютон айтади: Яратувчининг борлигига асло шубҳа қилмангиз. Зеро, ёлғиз тасодифларнинг ўзи бу борлиқ пойдевори бўлиши ақлга сиғмайди!

    Бу борлиқ шунча ажойиблиги ва гўзаллиги билан, шу қадар улуғворлиги билан тасодифан пайдо бўлиб қолиши асло мумкин эмас!

    Аллоҳга қасамки, ўша Аллоҳга ишонмайдиган олимлардан бирортаси агар оддий бир маккажўхорининг сўтасига диққат билан назар солса ҳам, албатта Аллоҳнинг ягоналигига иймон келтирган бўлар эди. Қаранг, оппоқ, маржондек жўхори доналари нақадар гўзал, нақадар пухталик, нақадар текислик, нақадар маҳорат билан териб қўйилган!!

    Спенсер бошқа бир Ҳертсел номли олимдан нақл қилиб келтиради: Бир томчи сувга боқиб, унинг кислород ва водороддан хос нисбат (ўлчов) билан – яъни, битта кислород ва иккита водород заррасидан – таркиб топганини, агар шу нисбат салгина бошқача бўлиб қолса, унинг умуман сувдан бошқа нарса бўлиб қолишини билган олим киши яратувчининг буюклиги, қудрати, ҳикмати ва ҳад-ҳудудсиз илмига шу сув томчисига қараб туриб, унда бир томчи сувдан бошқа нарсани кўрмайдиган оддий бир инсондан кўра анча кучли ва анча қаттиқ иймон келтиради.

    Франсис Пекон айтади: Фалсафанинг озгинаси ҳам инсон ақлини илҳодга (худосизлик, динсизликка) мойил қилади…

    Фалсафа илҳодга олиб борувчи йўлдир. Ўрта мактабда ўқиб юрганимизда бизларга «Мен шубҳа қиляпман, демак мен мавжудман» қоидасини ўқитишарди. Қизиқ, шак-шубҳанинг мавжудликка нима алоқаси бор?! Яъни, у ҳаётини аввал-бошдан шак-шубҳа билан бошлади, шак-шубҳа эса ҳеч қачон мутлақ ҳақиқатга олиб бориши мумкин эмас. Аксинча, шак-шубҳа бўронлари қалбга ёпирилса, халқлар албатта адашиб кетади. Шунинг учун ҳам Парвардигоримиз субҳанаҳу ва таоло мўминларни шак-шубҳа бўронлари уларнинг қалбларини силкита олмайди, деб сифатлаган: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир» (Ҳужурот: 15).

    Инсон ҳақиқатга етиб бориш учун йўлни шак-шубҳадан бошласа?!! Бу фарзандларимиз ақлларини йўлдан оздиришдан бошқа нарса эмас!! Атрофимизда қанча-қанча одамлар мана шундай пуч фалсафий назарияларга ишониб юришибди! Биз, минг афсус, қалбларимиз ва ақлларимизни ўшалар измига топшириб қўйганмиз, уларни ўз хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайди, деб ишониб қолганмиз. Агар бир гап ғарб олимидан келган бўлса, биз уни мутлақо хатосиз санаб, дилларимиз ва ақлларимизни таслим қиламиз!!

    Франсис Пекон айтади: Фалсафанинг озгинаси инсон ақлини илҳодга (худосизлик, динсизликка) мойил қилади. Лекин, унга чуқурроқ кириб бориш – яъни, ақл бу нарсаларга инсоф билан чуқурроқ кириб бориши – ақлларни иймонга олиб боради. Сабаби, инсон ақли баъзан тарқоқ иккиламчи сабабларга тўқнаш келганида тўхтаб қолади ва унинг ортидаги нарсаларни англаш сари йўлини давом эттиролмайди. Аммо, агар диққат билан назар солишда давом этса, сабаблар занжири ҳалқалари қандай қилиб бир-бирига боғланаётганига гувоҳ бўлади ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таслим бўлмай иложи қолмайди.

    Юқорида келтирганларим борлиқ ҳақидаги – биология, физика каби – илмларда машҳур бўлган олимларнинг сўзлари эди. Мен биология, геология, фалакиёт, риёзиёт ва бошқа фанлардаги машҳур олимларнинг сўзларини шу билан Аллоҳ ва Расулининг сўзлари ҳақлигини исботлаш мақсадида келтирмайман, оламлар Парвардигори ва башарият саййидининг сўзларига илмий назарияларни гувоҳ қилиб келтирмайман. Балки, фақатгина одамлар ичида – минг афсус – ғарбдан келадиган гапларни Аллоҳнинг Каломи ва Пайғамбарининг сўзларидан кўра кучлироқ тасдиқлайдиган кишилар борлиги учунгина ўшаларнинг сўзларидан ҳам келтираман. Ҳа, шундай одамлар бор, мен муболаға қилмаяпман, ҳис-туйғуларни қўзғотиш мақсадим ҳам йўқ.

    Қуйидаги мазмундаги сўзларни айтган шоирни Аллоҳ раҳматига олсин:«Уфқларда Аллоҳга йўлловчи аломатлар бисёрдир,
    Эҳтимолки, сиз улардан жуда камини биларсиз.
    Унинг вужудингизда жойлашган аломатлари ҳам
    Жуда ҳайратомуздир агар очиқ кўз билан боқсангиз.
    Борлиқ сир-асрорлар билан тўладир,
    Уларга ечим қидирсангиз, ожиз қоласиз.
    Ўлим чангалига тушган табибдан сўранг:
    Эй дардларни даволовчи, сени ким ўлдирди?
    Тиббиёт фани даволашдан ожиз қолганидан сўнг
    Буткул тузалиб кетган бемордан сўранг, сени ким тузатди?
    Соппа-соғ туриб ўлиб қолган кишидан сўранг:
    Эй соғлом инсон, сени ўлимга ким маҳкум этди?
    Тиқилинчда туртинмай бораётган кўрдан сўранг:
    Эй кўзи ожиз, сени ким йўлга солмоқда?
    Кўзи очиқ бўла туриб чуқурга йиқилган
    Кишидан сўранг: Сени ким қулатди?
    Ташқи оламдан узилган, озуқасиз яшаётган
    Ҳомиладан сўранг: Сенга ким ризқ берди?
    Туғилиш пайти чинқириб йиғлаган
    Гўдакдан сўранг: Ким сени йиғлатди?
    Заҳар сочаётган илонни кўрсангиз
    Сўранг ундан: Ким сени заҳарга бой қилди?
    Сўранг: Оғзинг тўла заҳар бўла туриб,
    Ўзинг қандай ўлмай, омон юрибсан?
    Асаларидан сўранг: Қандай бол ясайсан?
    Асалдан сўранг: Сени ким тотли қилиб қўйди?
    Тезак ва қон орасидан отилиб чиқувчи
    Тоза сутдан сўранг: Ким сени мусаффо қилди?
    Ўликдан чиқиб келаётган тирикни кўрсангиз
    Сўранг ундан: Ким сенга жон бахш этди?
    Саҳрода ўсиб турган ёлғиз бутадан
    Сўранг: Ким сенга озуқа берди?
    Уруғни ёриб чиққан ниҳолни кўрсангиз
    Сўранг: Данагингни ким ёрди?
    Атрофга нур сочаётган ойни кўрсангиз
    Сўранг ундан: Ким сенга нур берди?
    Булутларга юзлашган тоғни кўрсангиз
    Сўранг: Сени ким бунчалар пурвиқор этди?
    Алангаси кўкка ўрлаган ўтни кўрсангиз
    Сўранг: Сенга ким бунчалар ҳарорат берди?».

    Мен кимман, деган биринчи саволнинг жавоби шудир..

    Ушбу дақиқ ва жуда муҳим сўзлардан катта бир ҳақиқатни хулоса қилиб чиқарамиз. Яъни, Аллоҳ таборака ва таолога иймон келтириш фитрий ғариза (яъни тоза хилқат талаби)гина эмас, балки у ақлий зарурат ҳамдир. Мана шу иймон келтириш бўлмаса, бу савол очиқ қолаверади.

    Бу Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларидаги абадий саволдир: «Бал­ки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Ват-тур: 35, 36).

    Ушбу савол анави худосиз қайсар кимсалардан жавоб кутиб, очиқ қолаверади.

    Оқил одамнинг жавоби эса албатта: «Йўқ, мен ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолмаганман!», бўлиши аниқ.

    Иккинчи савол: Улар ўзларини ўзлари яратдиларми?

    Жавоб: Йўқ, дунё бинога келганидан тортиб, ер юзидаги биронта ҳам оқил инсон ўзини яратганини ёки еру осмонни яратганини даъво қилган эмас. Демак, бу савол ҳам очиқ қолади ва ер юзидаги ҳар бир инсофли инсондан жавоб кутади: «Бал­ки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?!» (Ват-тур: 35, 36).

    Бу кабилар инсоннинг бу дунёдаги ҳаётидан кейин борадиган оқибати ҳақида жуда ҳам саёз ва ўта жўн тасаввурларга эгалар. Уларга кўра, инсоннинг борар жойи мутлақ йўқликдан иборат, миллионлаб жонзотларни ўз бағрига жойлаган ер уни ҳам бағрига олади ва унинг жасади бирламчи моддаларга айланиб, тупроққа сингиб кетади, шамолларга совурилади ва шу билан тамом бўлади!!

    Бу ҳаётнинг моддапарастлар наздидаги баҳосидир. Яъни, инсон туғилади, яшайди, кейин ерга ем бўлади, бас! Ҳисоб-китоб ҳам, жазо-ю мукофотга эришиш ҳам, роҳат ҳам, азоб ҳам йўқ!! Улар наздида умр бўйи яхшиликлар қилиб ўтган кишининг ҳам, умрбод ёмонликлар қилиб яшаган кимсанинг ҳам оқибати бир хил! Бир умр нафсининг майлларидан воз кечиш эвазига одамлар учун яшаган инсон ҳам, одамларга зиён етказиш ҳисобига ўз шаҳватлари учунгина яшаб ўтган кимса ҳам бир хил! Ҳаётини ҳақиқат йўлига қурбон қилган киши ҳам, ўз ҳаёти учун ҳақиқатни қурбон қилган кимса ҳам баробар! Ботил йўлда бошқаларнинг ҳаётига тажовуз қилган кимса ҳам, ботилни даф қилиш учун ўз жонини хатарга қўйиб яшаган инсон ҳам баробар улар наздида! Шериксиз ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиб ўтган инсон ҳам, ботил илоҳларга сиғиниб ўтган кимса ҳам улар учун бир хилдир! Тавҳид аҳли билан ширк аҳли баробар! Золимлар билан мазлумларнинг фарқи йўқ! Азоб берувчилар ва азоб чекувчиларнинг фарқи йўқ!

    Бундан катта зулм бўлиши мумкинми?!!

    Аммо, Аллоҳ таоло иймон неъматига мушарраф этган ва Қуръон билан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари билан мукаррам қилган мўмин инсон бу савол жавобида бир лаҳза ҳам ўйланиб ўтирмайди. Мўмин киши ҳаётдаги юрар йўлини ҳам, ўлимидан сўнг борар оқибатини ҳам яхши билади. У Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларига иймон келтирган: «(У Кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир» (Шуро: 7).

    Юқорида айтиб ўтганим икки турли одамларнинг ҳаммасини бир хил санайдиган худосиз моддапарст билан Аллоҳ азза ва жалланинг адолатли ва ҳақ Зот эканини билувчи мўмин киши ўртасида жуда катта фарқ бор!! Мўминлар абадийлик ҳаёти ва боқийлик ҳовлиси учун яратилган эканларини биладилар, улар бу дунёда фақат ўзларини ислоҳ қиладилар, нафсларини поклайдилар, тозаланадилар, бу дунё ҳовлисини охират ҳовлисидаги абадий ҳаётга таёргарлик деб биладилар, Парвардигорларининг жаннатига лойиқ бўлиш ва жаннатда малоикаларнинг саломларига муносиб бўлишга ҳаракат қиладилар. Зеро, малоикалар жаннат аҳлини: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Унга мангу қолувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», (Зумар: 73) деб кутиб оладилар.

    Мусулмон биродарлар! Борлиқни ажиб бир мўъжизакор кўринишда яратган, ундаги ҳар бир нарсани ўта ҳайратомуз ҳикмат билан ўчлаб-белгилаб қўйган Буюк ва Ҳикматли Яратувчининг борлигига иймон келтирган соғлом ақл соҳиби бу ҳаёт бозори ўлим билан бутунлай ёпилишига, кимдир умрини ўғирлик қилиб, кимдир талончилик билан шуғулланиб, яна кимдир зулм ўтказиб, кимдир тажовузкорлик қилиб, кимдир кофир бўлиб ўтказган бўлса-ю, кейин уларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ҳузурида У зот золимдан мазлумга ўч олиб бериши учун, муваҳҳидни тавҳидида, обидни ибодатида собит қилиши учун турмаслигига ишониши маҳол иш бўлур эди. Соғлом ақл эгаси бундай бўлишига асло ишонмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мана бу сўзлари нақадар ажойиб:

    «Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)! Зотан Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар У – улуғ арш соҳиби ҳақдир» (Муъминун: 115, 116).

    «Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?!» (Қиёмат: 36).

    «Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).

    «Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас кофир бўлган кимсалар учун дўзахдан иборат ҳалокат бўлгай! Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!) » (Сод: 27, 28).

    «Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар. (Ҳақ билан ботилнинг) ажралиш Куни (яъни Қиёмат Куни) барчаларининг (инсонларнинг) ҳисоб-китоб вақтидир» (Духон: 38-40).

    Ибн Можа «Сунан»да Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Денгиз (яъни Ҳабашистон) муҳожирлари қайтишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳабашистонда кўрганингиз қизиқ нарсалар ҳақида бизга сўзлаб бермайсизларми?!», дедилар. Шунда улар ичидаги бир йигит деди: «Хўп, ё Расулуллоҳ! Бир куни ўтирган эдик, уларнинг роҳибаларидан бир роҳиба кампир бошида бир катта кўзада сув билан ўзларидан бўлган бир бир йигитнинг ёнидан ўтиб қолди. Шунда ҳалиги йигит кампирнинг елкасидан ушлаб, итариб юборди. Кампир чўккалаб қолди, бошидан кўзаси тушиб, синиб кетди. Шундан сўнг у ўрнидан туриб, йигитга қараб деди: «Яқинда биласан, эй ғаддор! Аллоҳ курсийни қўйганида, аввалгилару охиргиларни жамлаганида, қўл ва оёқлар қилган ишлари ҳақида сўзлаб берганида, эртага Унинг ҳузурида сен билан менинг ишим нима бўлишини билиб оласан!». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўғри айтибди, тўғри айтибди. Зўравонларидан заифларига ҳақларини олиб берилмайдиган умматни Аллоҳ қандай покласин?!», дедилар (Ибн Можа (№4010) ривояти, Албоний ҳасан санаган).

    Ўша аёлнинг фитратига (тоза табиатига) қаранг, қиёмат куни кўринишларини – ҳисоб-китоб кўринишини, мезон-тарози кўринишини яққол ифодалаб берди. Ҳа, бу ҳаққи-рост кўринишлардир.

    Эй золимлар! Зулм қилувчилар ўз оқибатлари қандай бўлишини яқинда билиб олишади! Эртага қиёматда барча-барчамиз Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳузурида туришимиз ва ҳар бир киши ўз амалига яраша жазо ва мукофот олиши аниқдир! «Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7-8).

    Аллоҳ таоло айтади: «Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур:) «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Исро: 13-14).

    Мўмин киши юрар йўлини ва оқибатда борар жойини яхши билади, мўминларнинг оқибати кенглиги осмонлар-у ерларча бўлган жаннат эканини, кофирларнинг оқибати эса дўзах бўлишини яхши биладилар. Аллоҳ таоло барчамизни жаннат аҳлидан қилсин ва дўзахдан асрасин.

    Сўнгги ва муҳим савол қолди: Инсон холиқини таниганидан, юрар йўлини ва борар оқибатини билганидан сўнг энди ўзига шундай савол бермоғи лозим бўлади: Мен нега яралдим? Мени бу дунёга келишим ортида нима ғоя-мақсад бор?

    Мўмин киши ушбу саволга яратувчисининг ҳузуридан жавоб қидириб кўрса, жавобни аниқ-равшан ҳолда топади. Зотан, ҳар бир ҳунарманд ўз ҳунари ҳосилининг сирини, уни нимага ясаганини, нима учун айни шу шаклда ясаганини яхши билади. Мен нима учун яратилдим, деб сўраб кўринг, жавоби сизни яратишидан бўлган ғоя-мақсадни Ўзи яхши билган Зот томонидан келади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз берувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Зарият: 56-58).

    Келинг, қуйидаги бир оятни биргалашиб тафаккур қилиб кўрайлик. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ етти осмонни ва Ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни етти қават Ерни) яратган зотдир. (Аллоҳнинг) амри фармони уларнинг (яъни етти қават осмон ва етти қават Ернинг) ўртасига нозил бўлиб-тарқалиб турур. Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)». Ушбу оят Аллоҳ таолонинг осмонлару ерни яратишидан бўлган мақсади Унинг Ўзини танитиш ва барча нарсага қодир эканини билдириш эканини баён қилмоқда. Демак, ғоя-мақсад – Аллоҳ таолони таниш, Унинг улуғ исмларини ва комил сифатларини билиш, Унинг қадрини билиш, Унинг улуғворлигини ҳис этиш, Уни ёлғиз билиш ва Унгагина ибодат қилиш учун яратилган эканимизни билишдир.. Ундангина қўрқиш, Ундангина умидвор бўлиш, Унгагина таваккул қилиш, ибодатни фақат Унинг Ўзигагина холис қилиш учун яратилган эканимизни билишдир. «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим». (Зарият: 56).

    Таассуфки, инсон борлиқдаги ҳамма нарсанинг нима учун яратилган экани ҳақида савол қилади, аммо ўзининг нима сабабдан дунёга келгани ҳақида савол қилишни унутади.

    Эй инсон, борлиқдаги ҳамма нарса сен учун яратилган. Сен: «Осмонлар нега яратилган? Ер нима учун яратилган? Аллоҳ нима учун денгизларни чиқариб қўйган? Нега дарёларни оқизиб қўйган? Нега дов-дарахтлару ўт-ўланларни яратиб қўйган? Нега шундай?», деган саволлар ҳақида ўйланасан. Бироқ, ўзингнинг нима мақсад учун яратилган эканинг ҳақида сўраш эсингдан чиқади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло сувни ер учун яратди, ерни ундириб-ўстириш ва ҳаёт учун яратди, набототларни инсон ва ҳайвонлар учун яратди, ҳайвонни инсон учун яратди, инсонни эса Ўзи учун яратди. Ҳа, сен ҳой инсон, Аллоҳнинг Ўзига қуллик ва ибодат қилиш учун яратилгансан. Ибодатни ўз яратувчингдан бошқага қилишинг асло жоиз эмас. Бу Аллоҳ таоло ўз бандаларидан олган энг катта аҳду паймондир. Аллоҳ таоло айтади:

    «Мен сизларга «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри йўлдир», деб буюрмаганмидим?!» (Ёсин: 60, 61).

    «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини ол( зарралар мисоли чиқар)иб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувоҳлик — аҳд-паймон олишимиз) Қиёмат Кунида: «Бизлар бундан бехабар эдик», демасликларингиз учундир. Ёки: «Ахир илгари ота-боболаримиз мушрик бўлган эсалар, бизлар улардан кейин келган (ва уларнинг ўргатган йўлларига эргашган) авлод бўлсак, ўша ноҳақ йўлда ўтган кимсаларнинг қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қилурмисан», демасликларингиз учундир» (Аъроф: 172,173).

    Шундай экан, ҳар бир набийнинг энг биринчи чақириғи ва ҳар бир расулнинг энг биринчи йўлланмаси ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга қаратилган эканида ажаб йўқдир. Ҳар бир набий ва ҳар бир расул ўз қавмини фақат ягона Аллоҳнинг ибодатига чақирди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз, сизлар учун Ундан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир». Одам алайҳиссаломдан тортиб, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо алайҳимусссаломларнинг, то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача ўтган барча пайғамбарларнинг даъвати шу бўлди.

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут-шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Менгина (барҳақдирман), бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).

    «(Эй инсонлар), сизларнинг миллатингиз-динингиз ҳақиқатда бир диндир (яъни Исломдир). Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар!» (Анбиё: 92).

    Аллоҳ таоло барча бандаларини ва шу қаторда бандаларининг саййидини ҳам Унинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этди: «(Шунингдек) то сизга аниқ нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр: 99).

    Ибодатга буюрилиш ер юзидаги барча инсон зотига тааллуқлидир. Аллоҳ таоло насронийлар худо қилиб олишган Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг ҳам Ўзига банда эканини баён қилди: «Масиҳ ҳам, Аллоҳга яқин қилинган фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмайдилар. Кимки Унга бандалик қилишдан ор қилса ва кибру ҳаво қилса, бас, уларнинг барчасини Ўз ҳузурига жам қилажак» (Нисо: 172). Демак, Аллоҳ таоло халқларни яратишидан асосий мақсад – улар фақат Унинг Ўзига ибодат қилишлари экан.

    Бугунги суҳбатимизни шу билан якунлайман.

    Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963