Мусулмон киши ҳаётини қандай ўтказиши лозим?

    Шайх Муҳаммад Ошиқ Илоҳий
    Ўзбек тилига Умму Жамол ўгирган

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Аллоҳга ҳамдлар айтамиз ва улуғ расулига салавотлар йўллаймиз.

    Islom dini – e`tiqodlar, ibodatlar, yil amallari, guzal axloq va yuksoq odoblar diniy demakdir. Agar bir inson Islomni din deb qabul qilsa, o’zini musulmonman deb atasa, u Islomning barcha buyurtmalarini qabul qilishini xohlaydi. Olloh taolo aytadi:  «Ey mo’minlar, to’la holatdagi islomga kiring! (Yani, islomning bazi xukmlariga itoat kilib, bazilariga itoat kilmayidigan kimsalardan bulmaniz)! Va shaytonning izidan ergasmanglar! Shubhasiz, u sizlarning ochik dushmanizdir »  (Baqara: 208).

    Кўпчилик одамларнинг ишлари қизиқ. Тилда мусулмонлик даъво қилишади-ю, бироқ Исломнинг рукнлари, амаллари, аҳлоқлари ва одобларидан ўзларини бехабардек тутишади, уларни қилишдан воз кечишади. Уларнинг бу қилмишлари даъволарига бутунлай зид. Ваҳоланки, мусулмоннинг ҳолати бундай бўлмаслиги керак, мусулмонликни даъво килар экан, Исломга комил амал қилиши лозим. Бу рисоламни мусулмон оммасига динлари хусусида муҳтож бўладиган нарсаларини билдириш учун ёзмоқдаман. Бунда ёзилганларни ўқиб, уларга амал қилишларини умид қиламан.

    1. Аҳли сунна вал-жамоа ақидаси бўлмиш соф Ислом ақидаларини ўрганинг ва уларни ўзингизга чин ақида қилиб олинг. Шиа, қодиёния, оғахония, бувҳария, дурзия, нусайрия, ибозия каби адашган фирқалардан четланинг ва барча бидъатлардан йироқ бўлинг.

    2. Эркак ва аёл, болиғ ва оқил хар бир мусулмон бир кеча-кундузда 5 вақт намозни – бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон намозларини ўз вақтида адо қилмоғи фарздир. Намозни ўз юртингизда ҳам, мусофирликда ҳам, касаллигингизда ҳам, олди сотди-ю, иш пайтларингиз орасида ҳам, ҳамма-ҳамма ҳолатда адо қилингиз, бирор фарз намоз қазо бўлиб қолмасин. Аёллар уйда ўқийдилар[1], эркаклар эса жамоат бўлиб масжидда ўқийдилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан 27 даража афзалдир» (Бухорий ва Муслим ривояти).

    Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз хақида гапира туриб айтдилар: «Кимки намозига маҳкам бўлса, намози унга қиёмат кунида нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Кимки унга бепарво бўлса, намози унга нур ҳам, ҳужжат ҳам бўлмайди, у қиёмат кунида Қорун, Фиръавн, Ҳомон ва Убай ибн Халаф билан бирга бўлади» (Аҳмад, Байҳақий ривояти).

    Хуфтон намозидан сўнг витрга бепарво бўлманглар. Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: «Витр хақ, ким витр ўқимаса биздан эмас, витр хақ, ким витр ўқимаса биздан эмас, витр хақ, ким витр ўқимаса биздан эмас». (Абу Довуд ривояти, Албоний заиф деган.). (Витрга тарғиб қилувчи саҳиҳ ҳадислардан намуна: Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Витр ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақдир, ким витрни беш ракъат ўқимоқчи бўлса, ўқисин. Ким витрни уч ракъат ўқимоқчи бўлса, ўқисин. Ким витрни бир ракъат ўқимоқчи бўлса, ўқисин». (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган) [мазкур қўшимча ИНТдан].

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозлари олдидан ва ортидан ўқиладиган суннат намозларга тарғиб қилиб айтдиларки: «Қай бир мусулмон банда Аллоҳ таоло учун ҳар куни фарздан ташқари 12 ракъат намозни ихтиёран ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади» (Муслим Умму Ҳабибадан ривоят қилган).

    Яна айтдилар: «Ким бир кеча кундузда 12 ракъат намоз ўқиса жаннатда унга бир уй қурилади: пешиндан олдин 4 ракъат ва кейин 2 ракъат, шомдан кейин 2 ракъат, хуфтондан сўнг 2 ракъат, бомдоддан аввал 2 ракъат» (Термизий ривояти).

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоддан аввалги 2 ракъатга қаттиқ аҳамият берардилар. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл намозлардан бомдоднинг 2 ракъатига маҳкам турганчалик бирор нафлга маҳкам турмаганлар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

    Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бомдоднинг 2 ракъати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир» (Муслим ривояти).

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асрдан олдинги 4 ракъатга ҳам тарғиб қилиб: «Асрдан илгари 4 ракъат намоз ўқиган кишини Аллоҳ раҳматига олсин» дедилар (Термизий ва Абу Довуд Ибн Умардан ривоят қилганлар).

    Нафл намозлар ичида яна таҳийятул масжид намози, қуёш чиққандан сўнг ўқиладиган 4 ракъат намоз, зуҳо намози, таҳажжуд намозларига ҳам аҳамият бериш лозим.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Банданинг қиёмат куни энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали намозидир. Агар намози дуруст бўлса, зафар қучади, нажотга эришади. Агар намози фосид бўлса ноумид ва зиёнкор бўлади. Агар фарз намозларида камчилик бўлса, Раб таборака ва таоло: «Қарангларчи, бандамнинг нафл намозлари ҳам борми?» дейди, фарздан кам бўлганига улардан тўлатилади. Сўнг бошқа амаллари ҳам шундай қилинади». Бир ривоятда: «Сўнг закоти ҳам шу каби ҳисобланади ва қолган фарз амаллар ҳам шу равишда ҳисобга олинади» дейилган (Абу Довуд ривояти).

    Демак, мусулмон киши охирати учун фарз, суннат ва нафллардан захира жамғариб олиши керак бўлади.

    3. Намозларингизни яхши тузатиб ўқинг, намоз ичида ўқиладиган нарсаларга аҳамиятли бўлинг, тажвид қоидаларига мувофиқ ёд олинг ва болаларингизга ҳам шундай таълим беринг, «س» син, «ث» се ва «ص» содни «ت» те ва «ط» тони, «ذ» зол, «ز» зе ва «ظ» зо харфларини яхши ажратинг, уларни ўз махраж (ўрин)ларидан чиқариб ўқинг. Айримлар бўладики, ҳатто калимаи шаҳодат ва калимаи тавҳидни ҳам тўғри ёд олмаганлар, намозларни кўп хатолар билан ўқийдилар, сабаби – оталари яхши таълим бермаган, бундай оталар учун охиратда катта зиён бордир.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Болаларингизни 7 ёшидан намозга буюринглар ва 10 ёшда (ўқимасалар) уринглар, ётар ўринларини ажратиб қўйинглар» (Абу Довуд ривояти).

    4. Жума намозига эътиборли бўлинглар. Аллоҳ таоло айтди: «Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига — Жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир» (Жума: 9).

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки жума намозини заруратсиз адо қилмаса, асло ўчмайдиган ва алмаштирилмайдиган китобга уни «мунофиқ» деб ёзиб қўйилади (Шофеъий ривояти, Албоний заиф деган). (Бу хусусдаги саҳиҳ ривоятлардан бири: Абул Жаъд аз-Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким уч жумани бепарволик билан тарк қилса, Аллоҳ унинг қалбини муҳрлаб қўяди» (Аҳмад, Абу Довуд,Термизий ривояти саҳиҳ ҳадис). ИНТ)

    Ким жумани бирор узр сабабли, масалан: сафардалиги, касаллиги туфайли адо қилолмаса пешинни ўз вақтида адо қилсин.

    5. Балоғатга етгандан кейин бирон сабабли ёки бесабаб ўқилмай қолган намознинг қазоси ўқилади. Мусулмоннинг қалби қазо намозлари йўқ экани билан хотиржам бўлиши керак. Агар қолдирилган намозлар 5 вақтдан ортиқ бўлса, уларнинг қазосида тартиб шарт эмас ва қазони адо қилиш учун муайян вақт ҳам таъйин қилинмаган, фақат қуёш кўтарилаётган пайтда ва асрдан кейин қуёш ботгунча қазо ва нафл намозларни ўқиш мумкин эмас. Аммо 5 вақт ва ундан оз бўлган қазо намозлари тартиб билан ўқилади.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир намозни унутса ёки ундан ухлаб қолса, унинг каффорати ёдига тушганда ўқишлигидир (Муттафақун алайҳ).

    Масала: Агар бир киши пешин, аср ёки хуфтон намозини ўз шаҳрида қазо қилса, қазосини сафарда ўқиса 4 ракъат қилиб қаср қилмай тўла ўқийди. Агар сафардалигида шу намозлардан бирини қазо қилса – сафар масофаси 48 мил – қазосини уйига қайтганда ўқиса 2 ракъат қаср қилиб ўқийди. Қазо намозни қанча эрта ўқиса, шунча афзал. Чунки ҳеч ким ўлими қачон келишини билмайди.

    6. Кишининг мол-давлати нисобга етганидан сўнг шаръан бир йил ўтгач, унга закотни адо қилиш лозим бўлади. Бунда мелодий йил эътиборга олинмайди. Закот вожиб бўлиши учун киши катта бойлик эгаси бўлиши шарт эмас. Балки кимки 85 г соф тиллага молик бўлса ёки унинг қийматидаги пул ё тижорат молига эга бўлса, унга закот вожиб бўлади. Эътибор беринг, бу катта маблағ эмас. Демак, шу маблағга эга бўлганига 12 ойдан зиёда вақт ўтса, унинг қирқдан бир миқдорини чиқариб, закотга ҳақли бўлган, яъни мазкур нисобга молик бўлмаган кишиларга беради. Шу ўринда закотга ҳақли кишиларни ҳам ажрата билиш керак. Баъзи ҳолларда закот беришга нисоби етган айрим кишилар ҳам закот сўраб бойларнинг закотидан ейишади. Ваҳоланки уларга бу ҳалол эмас.

    Бойликка нисбатан бошқа баъзи вожиботлар ҳам бор. Масалан, фитр садақаси, қурбонлик, шаръий қоидалар асосида аҳли аёл ва ота-она нафақаси ва агар қасамини бузса қасамнинг каффорати кабилар.

    Қодир одам молини фарз, вожиб ва нафл бўлган яхшилик йўлларига инфоқ-эҳсон қилиши лозим, бу нажотга ва даражаларнинг юксалишига сабаб бўлади.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимга Аллоҳ мол-дунё берган бўлса-ю, унинг закотини адо этмаган бўлса, мол-дунёси Қиёмат куни кўзлари устида иккита нуқта бўлган, (заҳри кучлилигидан) боши ялтираб кетган катта илонга айланиб, уни ўраб олади, сўнг уни жағидан олиб: «Мен сенинг молингман, мен сенинг хазинангман», дейди» (Бухорий ривояти).

    Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Яримта хурмо билан бўлса-да, ким буни ҳам тополмаса, ширин сўз билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар». (Бухорий ривояти).

    Инсон қиёмат кунида яхши амалига муҳтож бўлиб турган пайтида дунёда эканида қилган заррача бўлсин Аллоҳ азза ва жалла учун холис қилган ҳар бир амалининг савобини топади.

    7. Рамазонда рўза тутишга қаттиқ риоя қилинглар. Агар қодир бўлишса, болаларни рўза тутишга одатлантиринглар. Нафл рўзаларни тутиш ҳам фазилатли амаллардан. Масалан, исломий – ҳижрий ойларнинг 13, 14, 15- кунларида, ҳафтанинг душанба ва пайшанбасида, Шаввол ойида 6 кун, Зул-ҳижжанинг 9-куни, Муҳаррамнинг 9 ва 10-куни кабиларда нафл рўза тутишнинг фазилатлиги ҳадисларда келган.

    8. Ҳаж фарз бўлган одам уни адо этишга шошилсин. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимни ҳаж қилишдан зарурий ҳожат ёки золим подшоҳ ёки қаттиқ касаллик тўсқинлик қилмаган ҳолида ҳаж қилмасдан ўлса, истасин яҳудий, истасин насроний бўлиб ўлсин». (Доримий ривояти, Албоний заиф деган).

    Ҳаж вожиб бўлган одамларнинг кўплари дунёвий машғулликлари сабабли ҳажни кечиктиришади. Гоҳо баъзилари адо қилолмай ўлиб ҳам кетишади. Бу эса ғоят афсусланарли ҳол, чунки бу дунёни охиратдан афзал билиш ва мазмум амалдир.

    9. Ҳар куни Қуръондан бир ё икки жузъ (пора) ўқишга одатланинг. Чунки, унинг ҳар бир ҳарфига битта ҳасана (ажр) ва бу битта ҳасанага 10 баробари қўшилган бўлади. Фарзандларингизни Қуръон ўқишга буюринг.

    Эрталаб Ёсин сурасини ўқинг, чунки уни бир бор ўқиган кишига 10 марта Қуръон тиловат қилганнинг савоби ҳосил бўлади (Термизий ва Доримий ривояти)

    Танбеҳ: Албоний ҳадисни мавзуъ – тўқима деган «Заиф ва мавзуъ ҳадислар силсиласи: 169. Рисола соҳиби бу ҳадиснинг тўқималигини билмаган бўлишлари мумкин, акс ҳолда уни келтирмас эдилар. ИНТ

    Қуръонни тажвид билан ўқишга ҳаракат қилинг, махражларни ўз ўрнидан чиқаришга урининг.

    10. Аллоҳ азза ва жаллани кўп зикр қилинг. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч У зотни поклаб тасбеҳ айтинглар!» (Аҳзоб: 41, 42).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига: «Тилинг мудом Аллоҳнинг зикри билан намланиб турсин», дедилар. (Термизий ривояти).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Субҳаналлоҳ, валҳамду лиллаҳ ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар демоғим қуёш нури етган барча нарсалардан мен учун суюмлироқдир» (Муслим ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Икки калима борки, тилга енгил, тарозида оғир, Раҳмонга севимлидир: Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил азиим» (Бухорий ва Муслим ривояти).

    Эй мусулмонлар, ҳаётингизни ва вақтингизни беҳуда кетказманг. Ҳар ҳолатда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилинг. Бирор мажлис Аллоҳнинг зикридан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишдан холи бўлмасин. Аллоҳни туриб ҳам, ўтириб ҳам, юриб ҳам ёдга олинг. Маъсур дуоларни ёд олиб, ўз вақтларида ўқиб юринг. Ҳар бир фарз намозидан сўнг 3 марта «Астағфируллоҳ», 33 марта «Субҳаналлоҳ», 33 марта «Алҳамду лиллаҳ» ва 33 марта «Аллоҳу акбар» денглар.

    11. Мусулмонлар ўзаро муҳаббат, бир-бирига ёрдам, риоя-андиша билан яшамоқлари лозим. Кичикларга шафқат, катталарга ҳурмат билан муомалада бўлишлари керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўминларнинг ўзаро дўстлашиш, бир-бирига раҳм-шафқат кўрсатиш ва меҳр-оқибатли бўлишдаги мисоллари битта жасад мисолидирки, жасаднинг бир аъзоси оғриса, бошқа барча аъзолари бедорлик ва иситмада шерик бўлади» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

    Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўминлар битта одамга ўхшайдиларки, агар кўзи оғриса ҳаммаёғи оғрийди, боши оғриса ҳаммаёғи оғрийди». (Муслим ривояти).

    Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўмин мўмин учун (бўлаклари) бир-бирини маҳкам тутиб турадиган бино кабидир» деб бармоқларини бир-бирига кириштирдилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, хорламайди, камситмайди, тақво мана бу ердадир» – уч бор шундай деб кўкракларига ишора қилдилар – «Мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоя. Ҳар бир муслим бир-бирига қони, моли, номуси ҳаромдир» дедилар (Муслим ривояти).

    Абу Саид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар осмону ер аҳли бир мўминнинг қонини тўкишга иштирок этсалар, Аллоҳ уларнинг барчасини дўзахга юзтубан улоқтирган бўларди» (Муслим ривояти).

    Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар икки мусулмон қиличлари билан тўқнаш келса, ўлдирилган ҳам, ўлдирган ҳам жаҳаннамдадир». Сўрадим: «Буниси-ку қотил, лекин ўлдирилганнинг нима айби бор?!» Айтдилар: «Чунки у ҳам биродарини ўлдиришга ҳарис эди» (Муттафақун алайҳ).

    12. Ҳар бир эркак ва аёл исломий шаръий либосларни кийсин ва шаръан ўрашлиги жоиз бўлган аъзоларини ўрасин. Кийими ҳаё кийими бўлсин.

    Эркак киши белдан пастга кийиладиган кийимни тўпиққача кийиши мумкин, аммо тўпиғини беркитмаслиги лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Изорнинг тўпиқдан пастга тушгани дўзахдадир» (Бухорий ривояти).

    Аёллар аъзоларини сифатлаб бермайдиган қалин ва кенг кийим киядилар, қалин рўмол ўрайдилар, маҳрамларидан бошқалардан ҳижобланадилар ва имкон қадар уйларидан чиқмайдилар. Аллоҳ Таоло айтади: «Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!» (Аҳзоб: 33).

    Агар бирон зарурат сабабли уйларидан чиқсалар, шаръий ҳижобланган бўлишлари шарт, ёпинчиқлари киши назарини тортадиган зийнатли бўлмаслиги керак.

    13. Ҳар бир мўмин хоҳ қарз бўлсин, хоҳ бошқа бўлсин, зиммасида лозим бўлган бандаларнинг хақларини адо қилиб юриши вожиб. Агар бировнинг молига хиёнат қилган бўлса ёки бировнинг молидан рухсатсиз олган бўлса, гарчи мол эгаси билган бўлса ҳам, билмаган бўлса ҳам хаққини адо қилиб қўйиши, хақ эгасини рози қилиши керак. Агар бўйни ёр бермаса, хақдорга: «Мана бу сеннг молинг, мен уни хиёнат билан ёки алдов билан олган эдим» деб айтиши шарт эмас, балки адо қилатуриб: «Бу сенга ҳадя» дейди. Агар хаққини адо қилишга қодир бўлмаса, кечирим сўрайди. Ғийбат қилган ё ғийбатни эшитган ва ё ғийбат қилинган кишига хабарни етказганлардан кечирим сўраш талаб қилинади.

    Ҳар бир инсон охиратга сафар қилувчидир. Кимки қарздор бўлса ёки яқинлари ва бошқаларнинг ҳақлари унинг елкасида бўлса ўз эгаларига адо қилиб қўйсин. Бировнинг ҳаққи жуда оғир масала. Чунки уни ҳақ эгаси кечирмагунча ёки ҳақдорга ҳаққи етиб бормагунча Аллоҳ таоло уни кечирмайди.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ё бошқасига нисбатан қилган зулми бўлса, динор ва дирҳам бўлмайдиган кун келишидан аввал дарҳол ўтаб қўйсин. Агар унинг солиҳ амали бўлса, зулми миқдорича ундан ундириб олинади ва агар ҳасанотлари бўлмаса, мазлумнинг ёмон амалларидан олиниб унга юклатилади» (Бухорий ривояти).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биласизларми, муфлис ким?» «Бизнингча, муфлис дирҳами ҳам, матоси ҳам бўлмаган киши», дейишди. Айтдилар: «Умматимнинг муфлиси – қиёмат кунида намоз, рўза, закот билан келади-ю, лекин уни уриб, буни сўкиб, бунинг молини еб, бунисининг қонини тўкиб, унисига туҳмат қилиб яшаган бўлади. Бас, бундай инсоннинг яхшиликларидан унга-бунга олиб берилади. Агар ҳаққини адо қилишдан илгари яхшиликлари етмай қолса, уларнинг гуноҳларидан бунга олиб берилади. Унинг устига юклатилади-да, ўзини дўзахга улоқтирилади» (Муслим ривояти).

    Мусулмон одам ҳамманинг ҳаққини, қарзларини ҳаётлигида, шу дунёда адо қилиб қўйсин.

    14. Ҳалолдан касб қилиб, ҳалол енглар. Уламолардан ҳалол-ҳаромга олиб борадиган нарсаларни сўраб билинглар. Судхўрлик қилманглар, фоиз муомаласига аралашманглар, ундан узоқлашинглар, мутлақо эҳтиёт бўлинглар.

    15. Қалбларингизни ширк амаллардан, кофирона ақидалардан пок тутинглар. Нафсларингизни риё жозибаларидан, кераксиз ғазабдан, ҳасаддан, такаббурликдан, ҳаром касб ва уни ейишдан, тарозидан уриб қолишдан, ўғирликдан, хиёнатдан, талон-тарождан сақланглар. Оёқларингизни ёмон ишларга юришдан, кўзларингизни ёмон қарашдан сақланглар, фаржларни маъсиятдан, қулоқларни мусиқа, ғийбат эшитишдан ва шу каби ёмонликлардан сақланглар. Тилни бўҳтон, туҳмат, эрмак, камситиш, ёлғон, сўкиш, ёлғон қасам ва бемаъни сўзлардан тийинглар. Яъни, барча жисмингизни барча маъсиятлардан сақланглар.

    16. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурат ва сийратларига ҳам ташқи, ҳам ички тарафдан эргашинглар. Муборак соқоллари қалин, кўкракларигача тушган эди, яхшилаб тушуниб олинглар, душманларга мойил бўлиб соқолларинигизни қириб юрманглар.

    17. Фарзандларингизга Қуръони Каримни ёд олдиринглар, уларга дин илмини ўргатинглар, ҳадис, тафсир, фиқҳ, фатво мадрасаларини қуринглар. Кофирлар ва фосиқлар билан ҳамсуҳбат бўлишларидан четлатинглар, уларга ўхшаб қолишларидан қайтаринглар.

    18. Агар болаларингиз балоғатга етсалар, суннатга мувофиқ ҳолда, риё ва дабдабадан холи ҳолда уйлантиринг ва турмушга узатинг, дунё аҳлининг тўйлари каби тўй қилманглар, тўй қилиш учун қарз олманглар. Ўғил ва қизлар учун солиҳ ва солиҳа жуфтларни танланглар.

    19. Катта олимларга ҳамсуҳбат бўлинглар, болаларингизни уларнинг олдига бирга олиб бориб туринглар, солиҳ кишиларга боғлиқ қилиб қўйинглар. Яхши дўстларни танлаб беринглар. Шунингдек, аҳли сунна уламоларининг китобларини мутолаа қилсинларки, уларнинг қалбларида дин муҳаббати зиёда бўлиб, охират муҳаббати барқарор бўлсин.

    Агар суннатга эргашган солиҳ кишини топсангиз уларга яқин бўлинглар, зиёрат суҳбатларига ҳарис бўлинглар. Бу албатта динингизга ёрдам беради. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!»(Тавба: 119).

    20. Аллоҳ азза ва жаллага холис тавба қилинглар. Сиздан гуноҳ содир бўлса тез тавбага шошилинг ва «астағфируллоҳ аллазий ла илаҳа илла ҳува ва атубу илайҳи»ни кўп айтинг, уйқуга ётишдан аввал ҳам уч марта айтинг.

    Мусулмоннинг вазифаси Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишдир. Аллоҳ азза ва жалла айтди: «Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришгувчилардир» (Нур: 52).

    Бизнинг елкамизда фақат етказиб қўйишлик вазифаси бор. Мен фақат қодир бўлганимча етказишга харакат қилдим. Тавфиқим фақат Аллоҳ билангинадир. У зотга таваккул қилдим ва унга қайтаман. Амийн.

     – Agar imkoni bylsa ayollar ham masjidda ado etishi mumkin. (tahr).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963