Мева ҳосили савдосига тегишли ҳукмлар ҳақидаги боб

    Мева ҳосили деганда хурмо ва бошқа мевали дарахтлар ҳосили тушунилади.

    Агар мева ҳосилининг ўзи – дарахтидан ташқари – сотилса, пишиб-етилишидан олдин сотиш дуруст бўлмайди. Чунки, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳосилни салоҳи (етилиши) кўзга кўринишидан олдин сотишдан қайтардилар, сотувчини ҳам, харидорни ҳам (бундан) қайтардилар» (Бухорий (2194) ва Муслим (1534) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам молни ботил йўл билан ейиш бўлиб қолмаслиги учун сотувчини мева ҳосилининг етилиши кўзга кўринмасидан туриб сотишдан қайтардилар, сотиб олувчини эса молни ботил билан ейишга ёрдамчи бўлиб қолмаслик учун сотиб олишдан қайтардилар. «Саҳиҳайн»да келганки:

    عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم نَهَى عَنْ بَيْعِ الثِّمَارِ حَتَّى تُزْهِيَ فَقِيلَ لَهُ وَمَا تُزْهِي قَالَ حَتَّى تَحْمَرَّ {أَوْ يَصْفَارَّ}.< /p>

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мева ҳосилини то ранг олмагунича сотишдан қайтардилар. (Анас розияллоҳу анҳудан:) «Ранг олиши қандай бўлади?», деб сўралди. «Қизаради ё сарғаяди», дедилар» (Бухорий (2197) ва Муслим (1555) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Ҳар иккала ҳадисдаги қайтариқ байънинг фосидлигини ва дуруст эмаслигини тақозо қилади.

    Шунингдек, бошоқли экинларни дони қотмасидан туриб сотиш жоиз бўлмайди. Чунки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда:

    عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- نَهَى عَنْ بَيْعِ النَّخْلِ حَتَّى يَزْهُوَ وَعَنِ السُّنْبُلِ حَتَّى يَبْيَضَّ وَيَأْمَنَ الْعَاهَةَ نَهَى الْبَائِعَ وَالْمُشْتَرِىَ.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмони ранг олишидан олдин, бошоқни оқармасидан ва бало-офатдан омон қолмасидан туриб байъ қилишдан қайтардилар, сотувчини ҳам, олувчини ҳам (бундан) қайтардилар» (Муслим (1535) ривояти). Ушбу ҳадис далолатига кўра, экиннинг етилиши кўзга кўринмадан туриб сотиш ман қилинган. Унинг етилиши оқариши ва қотиши ҳамда офатдан омон чиққани маълум бўлиши билан билинади.

    Мева ҳосилини ранг олишидан олдин, бошоқли экинларнинг дони қотмасидан туриб сотишдан қайтарилишдаги ҳикмат шуки, ушбу экинлар кўпинча шу даврда офатларга ва талафотга дучор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Нима дейсиз, агар Аллоҳ ҳосилни ман қилиб қўйса, сизлардан бирингиз биродарининг молини нима эвазига олади?!» (Бухорий (2197) ва Муслим (1555) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бошоқли экин ҳақида: «… ҳатто оқармагунича ва офатдан омон бўлмагунича», дедилар. Бунда одамлар учун раҳм-шафқат, уларнинг молларини асраш, айрим ҳолларда ўзаро адоват ва нафратга олиб келувчи низонинг олдини олиш бордир.

    Шундан биз мусулмоннинг молининг ҳурмати қай даражада эканини билиб оламиз. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима дейсиз, агар Аллоҳ ҳосилни ман қилиб қўйса, сизлардан бирингиз биродарининг молини нима эвазига олади?!», дедилар. Ушбу сўзларда одамларнинг моллари ҳар турли ҳийлалар билан қўлга киритишга ҳаракат қиладиган кишилар учун танбеҳ ва қайтариқ бор. Ундан ташқари бу ҳадисда мусулмон кишини ўз молини асрашга ва уни зое қилмасликка ундаш бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам харидорни ҳосилнинг етилиши кўзга кўринмасдан туриб ва офатдан омон чиққани билинмасидан туриб сотиб олишдан қайтардилар. Чунки, сотиб олганидан сўнг ҳосил офатга дучор бўлиб, талафотга учраса, унинг моли зое бўлади ва сотувчидан молини қайтариб олиши қийин ёки имконсиз иш бўлади.

    Шунингдек, бу ҳадисдан ҳукмнинг ғолибо (яъни, аксарият) ҳолатга боғланганини билиб оламиз. Чунки, аксарият ҳолатларда мева ҳосилига унинг етилиши кўзга кўринишидан олдин офат ва талафот етади, шу боис уни сотиш мумкин бўлмади. Аксар ҳолларда етилиши кўзга кўринганидан кейин ҳосил офат ва талафотдан омон қолади, шу боис уни сотишга рухсат берилди.

    Ҳадисдан шу ҳам маълум бўладики, киши оқибати ишончли бўлмаган олди-берди йўллари билан ўз молини хатарга қўйиши ва зоеликка кўндаланг қилиши жоиз бўлмайди.

    Юқорида биз айтиб ўтган масала, яъни, ҳосилни унинг етилиши кўзга кўринмасдан туриб сотиб бўлмаслиги уни ўз аслларидан (яъни, дарахтидан) алоҳида сотиб олиш ва (то йиғим-терим пайтигача дарахтида) қолдириш шарти бўлган ҳолга тегишлидир.

    Аммо, агар аслларига тобеъ бўлса ёки қолдириш шарти бўлмаса, у ҳолда сотиш жоиз бўлади. Бу эса фуқаҳолар раҳимаҳумуллоҳ зикр қилган учта суратда бўлади:

    Биринчи сурат: Агар ҳосил етилиши кўзга кўринишидан олдин ўз асллари, яъни дарахти билан бирга сотилса, бундай қилиш дуруст бўлади ва ҳосил (байъга) тобеъ бўлади. Шунингдек, бошоқли экинни ҳали кўклик пайтида ерига қўшиб сотса, бу ҳам жоиз бўлади ва кўк экин (байъга) тобеъ бўлади.

    Иккинчи сурат: Агар мева ҳосили етилиши кўзга кўринишидан олдин ўша дарахтнинг эгасига ёки кўк экин ўша ернинг эгасига сотилса, бу ҳам жоиздир. Чунки, у уларни аслнинг эгасига сотган бўлади ва байъ саҳиҳ бўлади. Бироқ, бу сурат хусусида ихтилофлар бор бўлиб, баъзи уламолар уни етилиши кўзга кўринмаган ҳосилни сотишдан қайтариш остига киради, дейдилар.

    Учинчи сурат: Мева ҳосилини етилиши кўзга кўринишидан олдин ва бошоқли экинни дони қотмасидан туриб сотиш (ўша дарахт ёки экинни) дарҳол кесиб ташлаш шарти билан ва уларни кесиш билан фойда ҳосил бўладиган ҳолатда жоиз. Чунки, уларнинг савдосидан қайтариш уларга талафот ёки офат етиши хавфи борлиги учун эди. Дарҳол кесиб ташланадиган ҳолатда бу хавф бўлмайди.

    Аммо, агар уларни кесиш билан фойда ҳосил бўлмаса, байъи дуруст бўлмайди. Чунки, бу бузғунчилик ва молни зое қилиш бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам молни зое қилишдан қайтарганлар (Бухорий (2408) ва Муслим (593) Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Уламоларнинг сўзлари ичидан саҳиҳроғига биноан, бир неча бор узиб-териб олинадиган йўнғичқа, тарра, бақлажон ва бошқа сабзавотларнинг ҳозирги ва келажакдаги йиғим-теримларини байъ қилиш жоиз бўлади.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Саҳиҳ гап шуки, бу нарса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қайтариқлари остига кирмаган, балки ҳозирги йиғим-теримни ҳам, келгусидаги то полиз экини қуриб кетгунича бўладиган йиғим-теримини ҳам байъ қилиш саҳиҳ бўлади. Чунки, ҳожат шуни тақозо қилади, полиз экинини унинг аслларидан (яъни еридан) алоҳида байъ қилиш жоиздир» (Ал-фатавал-кубро: 5/392).

    Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фақатгина то етилиши кўзга
    кўрингунча сотишни кечиктириш мумкин бўлган мева ҳосилларининг байъидан наҳий
    қилинди, полиз экинлари бу наҳий остига кирмади» (Иъламул-муваққиъийн:
    2/31).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962