Муҳаммад ибн Восеъ ал-Аздий (2)

    Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо
    Таржимон: Абу Туроб

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Муҳаммад ибн Восеъ Аздий ҳаётларидан яна бир лавҳа

    Басранинг обиди ва фуқаҳоларнинг зийнати

    “Муҳаммад ибн Восеъ Аздийнинг бир бармоғи, мен учун мингта яланғочланган қилични кўтариб турган мингта паҳлавон йигитдан яҳшироқдир”. (Қутайба ибн Муслим)

    Ҳозир биз ҳижратнинг саксон еттинчи йилида турибмиз… Бу эса мусулмонларнинг фахри, фотиҳ қўмондон Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий ўзининг кўп сонли қўшини билан Марв шаҳридан Бухоро минтақаси томон йўлга чиққан, у Мовароуннаҳр ерларидан қолганларини ҳам фатҳ қилишни, ундан сўнг Хитой тарафларга ўтиб у ерларда ҳам ғазот қилиш ва унинг аҳлидан Исломга бўйсинмаганларига жизя солишни мақсад қилган пайтдир.

    Қутайба ибн Муслим Сайҳун дарёсидан (Амударё) кечиб ўтиб бўлмади ҳамки, Бухоро аҳли буни билиб қолдилар ва уруш ноғораларига уриб, ҳар ёнда урушга тайёргарликларини бошладилар. Улар яна атрофларидаги Суғд, Турк, Чин ва булардан бошқа қавмларни ҳам ёрдамга чақирдилар. Ранги, ирқи, тили ва дини турли бўлган тўп-тўп жангчилар уларнинг сафига келиб қўшилди ва мусулмонлардан сонда ҳам тайёргарликда ҳам бир неча баробар кўп бўлган душман мусулмон лашкарининг қаршисига чиқди. Жангга моҳир душман тезлик билан мусулмон лашкарлар юрадиган тоғ оралиқ йўлларни, дара ва сойларни беркитиб ташлади. Ҳаттоки, Қутайба ибн Муслим душманнинг ҳолини ўрганиб, унинг хабарини билиб келиш учун юборадиган махфий одамларини ҳам душман тарафга киргиза олмади ва аввалда душманнинг ичига киргизиб юборилган одамларидан биронтаси ҳам у ердан чиқиб келишни уддасидан чиқа олмади.

    Қутайба ибн Муслим ўз лашкарлари билан Бойкент шаҳрига яқин ерни ҳарбий лагер қилиб олди ва мана шу жойида олдинга ҳам орқага ҳам силжиёлмай михланиб қолди.

    Душман ҳар тонг отиши билан ўзининг илғор гуруҳини чиқарар ва улар кун бўйи Қутайбанинг лашкарлари билан жанг қилиб, кеч тушиши билан яна мустаҳкам қўрғонларига қайтиб кетарди. Мана шу ҳол тўлиқ икки ой давом этди. Қутайба ҳайрон эди, у бостириб боришми ва ё орқага қайтиб кетишми, нима қилишни билмай қолди.

    Қутайба ва унинг лашкарининг хабари ҳамма ердаги мусулмонларга ҳам етиб борди. Одамлар  енгилмас, буюк қўмондон ва унинг мағлубият нималигини билмайдиган катта қўшинидан ташвишландилар. Шаҳар волийларига Мовароуннаҳр диёрида шундай ҳолда қолган лашкар ҳаққига ҳар намоздан сўнг дуо қилиш кўрсатмаси берилди. Мусулмонларнинг дуолари, ёлвориш ва илтижолари билан масжидлар ларзага тушди. Имомлар ҳар намозни Аллоҳдан нусрат ато этишини сўраб тугатар эдилар. Талайгина мусулмонлар эса кучли қўшинга ёрдамга отландилар. Ёрдамга отланганларнинг олдинги сафида улуғ тобеин Муҳаммад ибн Восеъ ал-Аздий турардилар.

    Қутайба ибн Муслимнинг ўта тажрибали ва донолиги билан машҳур бўлган “Тайзар” исмли ажам айғоқчиси бор эди. Душманлар уни ўзларига мойил қилиб олишга муваффақ бўлдилар, унга кўп мол-дунё бериб, ўзининг бор қобилияти ва заковатини мусулмонлар куч-қувватини заифлаштириш ва жанг қилмай бу ерларни ташлаб кетишларига сарфлашини талаб қилдилар.

    Тайзар Қутайба ибн Муслимнинг ҳузурига кирди. Унинг мажлиси кибор қўмондонлар ва лашкардаги обрўли кишилар билан тўла эди. Тайзар Қутайбанинг ёнига келиб ўтирди ва охиста қулоғига пичирлаб: “Эй амир, одамларни чиқариб турсангиз, холи қолсак” — дейди. Қутайба мажлисдагиларга ишора қилган эди, уларнинг ҳаммалари чиқиб кетдилар. Зирор ибн Ҳусайннинг қолишини Қутайбанинг ўзи талаб қилгани учун у қолди. Учовларидан бошқа ҳеч ким қолмагач, Тайзар Қутайба қараб: “Эй амир, мен сизга муҳим хабар олиб келдим” — деди. Қутайба бетоқатлик билан:

    —    “Айтақол нима хабар бор?”

    —    “Мўминлар амири Дамашқда Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийни ва унга тобеъ бўлган барча қўмондонларни ишдан четлатибди, шу жумладан сизни ҳам. Лашкарларга янги қўмондонларни тайинлаб ҳаммаларини ўз жойларига юборибди. Сизнинг ўринбосарингиз ҳам бугун-эрта келиб қолса керак. Шунинг учун лашкарни олиб бу диёрлардан кетганингиз ва Марвага қайтиб, жанг майдонларидан узоқроқда ишингиз тадбирини қилганингиз маъқулдир, деб ўйлайман”. Тайзар сўзини тугатиши билан Қутайба ибн Муслим ғуломи Сиёҳни чақирди. Сиёҳ кириши билан унга деди: “Эй Сиёҳ, бу хоиннинг калласини ол”! Сиёҳ унинг калласини танасидан жудо қилдию тезда хонадан яна чиқиб кетди. Қутайба Зирор ибн Ҳусайнга юзланиб: “Бу хабарни Ер юзида сен билан мендан бошқа ҳеч ким эшитмади. Мен Аллоҳга қасам ичиб айтаман, агар олиб бораётган мана шу жангимиз тугашидан олдин, бу гап тарқаб қолгудай бўлса, сени ҳам мана шу хоинга қўшиб қўяман. Агар жонингдан умидинг бўлса, тилингни тийиб юр! Шуни ҳам билиб қўй, бу хабарнинг тарқалиши, лашкарнинг қувватини кетказиб, енгилишимизга сабаб бўлади” — деди. Сўнгра чиқариб юборган одамларни киришларига изн берди. Улар киришиб Тайзарнинг боши танидан жудо бўлиб, қонига беланиб ётганини кўришиб ҳайрат ва қўрқувдан ёқаларини ушладилар ва нима дейишларини билмай, жим бўлиб қолдилар. Шунда Қутайба ибн Муслим уларга: “Ғаддор хиёнатчи кишининг қатлидан нега қўрқасизлар?”— деди. Улар: “Биз уни мусулмонларга холис, деб ўйлар эдик” — дейишди. Қутайба деди: “Мусулмонларни алдаган эди, Аллоҳ унинг гуноҳига яраша жазолади”. Сўнг овозини баланд қилиб: “Энди душманга қарши жангга чиқинглар ва шу кунга қадар жанг қилаётган юракдан бошқа юрак билан душманга қарши жанг қилинглар!” — деди.

    Лашкар ўз қўмондонининг амрини бажариш мақсадида ҳаракатга тушди. Душман билан тўқнашиш учун тўсиқлардан ошиб ўтди. Икки томон лашкарлари саф бўлишгач, мусулмонлар душманинг сон жиҳатдан кўплигини ва қурол-аслаҳалари ҳам мукаммал, тўлиқ эканини кўриб, қалбларига бир оз улардан қўрқув ва ҳайбат оралагандек бўлди. Лашкарнинг бу ҳолини пайқаган Қутайба ибн Муслим шахсан ўзи катибалар орасида юриб ҳамиятни қўзғатиб, куч-ғайрат ва иродани маҳкамлай бошлади.

    Жангдан олдин Қутайба ёнидагиларга қараб: “Муҳаммад ибн Восеъ Аздий қаердалар?” — деб сўради.

    —    “Шайх ўнг қанотдалар, эй амир” — дедилар.

    —    “Нима қиляптилар?”

    —    “Найзаларига суяниб, кўзларини бир ерга тиккан ҳолда, кўрсаткич бармоқларини осмонга қаратиб турибдилар. Ҳузурингизга чақирайликми?”

    —    “Йўқ, ўз ҳолларига қўйинглар дуо қилаверсинлар. Аллоҳга қасамки, унинг бир бармоғи, мен учун мингта яланғочланган қилични кўтариб турган, мингта паҳлавон йигитдан яҳшироқдир, биз у кишининг дуолари мустажоб зотлардан, деб биламиз”.

    Ваҳший шерлар бир-бирига ташлангани каби, мусулмон лашкарлари билан куфр лашкари бир-бирларига ташландилар… Бўронли кундаги жўшқин денгиз тўлқинларининг бир-бирига тўқнашиши каби, икки лашкар ҳам шундай тўқнашдилар…

    Аллоҳ таоло мусулмонларнинг қалбларига ором туширди ва уларга Ўз томонидан бўлган Руҳ билан мадад берди. Мусулмонлар кун бўйи душманни қиличдан ўтказдилар. Кеч киргач эса Аллоҳ таоло мушрикларнинг оёқларига титроқ, қалбларига эса қўрқув солди. Орқага қарамай қоча бошладилар. Мужоҳидлар уларнинг устларидан қатл қилган, асирга олган ва қувғин қилган ҳолда тантанали юриш қилдилар. Ана шунда улар Қутайба ибн Муслимдан сулҳ ва фидя олишни сўрадилар, у рози бўлди.

    Душманларнинг асирга олинганлари ичида ўта ярамас, кўп ёмонликлар қилган, қавмини мусулмонларга қарши тинмай гиж-гижлаган бир киши ҳам бор эди. У Қутайба ибн Муслимга:

    —    “Эй амир, мени қўйиб юборишингиз эвазига фидя бермоқчиман” — деди. Қутайба ибн Муслим:

    —    “Қанча бермоқчисан?”

    —    “Чинда тайёрланган, қиймати бир миллионга тенг беш минг ипак кийимлик бераман”. Қутайба лашкарнинг обрў-эътиборли кишиларига қараб:

    —    “Нима дейсизлар?”

    —    “Бунча мол мусулмонларнинг ғаниматини бойитади, ундан ташқари биз бундай ғалабага эришганимиздан сўнг, бу ва бунга ўхшаш кишиларнинг ёмонликларидан қўрқиб ўтирмаймиз, деб ҳисоблаймиз” дедилар. Қутайба ибн Муслим Муҳаммад ибн Восеъ Аздийга қараб:

    —    “Сиз нима дейсиз, эй Абу Абдуллоҳ”

    —    “Эй Амир, мусулмонлар ўз диёрларидан ғаниматни кўпайтириш ва мол жамғариш учун чиқмаганлар. Улар Аллоҳнинг розилигини истаб, Унинг динини ерда ёйиш ва душманни мағлуб этиш учун чиққандирлар” — деди. Қутайба ибн Муслим: “Аллоҳ сизни яҳши мукофотлар билан сийласин. Аллоҳга қасамки, агарчи ўзини қутқариш учун бутун дунё мол-мулкини фидя қилса ҳам, бу кимсанинг бугундан кейин бирон муслима аёл қалбига қўрқув солишига йўл қўймайман” — деди-да, уни қатл қилишга амр қилди.

    Муҳаммад ибн Восеъ Аздийнинг Умавийлар амирлари билан алоқаси Язид ибн Муҳаллаб ва Қутайба ибн Муслимда чегараланиб қолмаган, балки булардан бошқа амир ва волийларга-да боғланган эди. Ана шу боғланишнинг энг кўзга ташлангани Басранинг волийси Билол ибн Абу Бурда билан бўлган эди. Муҳаммад ибн Восеънинг бу волий билан одамлар орасида тилдан-тилга кўчиб юрган, тарихларда битилган ва кенг тарқалган воқеъа ва ҳодисалар кўп бўлган. Улардан бирини келтирамиз: “Кунларнинг бирида Муҳаммад ибн Восеъ волийнинг ҳузурига кирди, эгнига жунли дағал бир жубба (чопон) кийиб олган эди. Волий унга: “Эй Абу Абдуллоҳ, нима учун эгнингизга бундай дағал кийим кийиб олдингиз?” — деб сўради. Шайх ўзини эшитмаганга олиб жавоб бермади. Волий шайхга қараб: “Эй Абу Абдуллоҳ, нега жавоб бермаяпсиз?” — деб, қайта сўради. Шунда Муҳаммад ибн Восеъ: “Зуҳд қилиб шундай кийим кийиб олдим дейишни хоҳламаяпманки, бу билан даражамни кўтаргандай бўлиб қоламан. Йўқчиликдан дейишни ҳам истамайманки, бу билан Раббимдан шикоят қилиб қўяман. Мен унисини ҳам, бунисини ҳам хоҳламайман” — деди. Волий: “Бирон эхтиёжингиз борми, бажарамиз, эй Абу Абдуллоҳ?” Муҳаммад ибн Восеъ: “Инсонларнинг биронтасидан сўрайдиган менинг бирон ҳожатим йўқ. Фақат мен бир мусулмон биродаримнинг ҳожати учун сизнинг олдингизга келдим. Аллоҳ шу ҳожатни ўташга изн берган бўлса, сиз шунга сабаб бўласиз ва мақтовга эга бўласиз, аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, бу ҳожатни сиз ҳам ўтай олмайсиз ва узрли бўласиз” —  деди. Волий: “Иншааллоҳ Аллоҳнинг изни билан ўтаймиз” — деди ва шайхга қараб: “Қазо ва қадар ҳақида нима дейсиз?” — деб сўради. Муҳаммад ибн Восеъ: “Эй амир, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бандаларидан қазо ва қадар ҳақида сўрамайди, балки улардан амаллари ҳақида сўрайди” деди. Волий ҳижолат бўлганидан жим бўлиб қолди. Муҳаммад ибн Восеъ волийнинг ҳузурида ўтирганларида, тушлик вақти бўлиб таом ҳозирланди. Волий шайхни дастурхонга таклиф қилди. Шайх қабул қилмадилар. Волий қаттиқ туриб олди. Шайх бир қанча узрларни келтирсаларда, волийнинг аччиғи чиқиб: “Бизнинг таомимиздан тановул қилишни кароҳатли биляпсизми дейман?” — деди. Муҳаммад ибн Восеъ: “Бундай деманг, эй амир… Аллоҳга қасамки, сиз амирларнинг яхшиларингиз, биз учун ўз болаларимиздан ва яқинларимиздан ҳам суюклидир” деди.

    Муҳаммад ибн Восеъ Аздий бир неча маротаба қозилик мансабига таклиф қилиндилар, лекин ҳар сафар ҳам буни қаттиқ туриб рад қилардилар. Қозиликни қабул қилмаганлари боис ўзлари озорларга ҳам дуч келардилар. Шулардан бири: Басранинг миршаблар бошлиғи Муҳаммад ибн Мунзир шайхни чақиртириб: “Ироқнинг амири, сизни қозиликка тайинлашимни мендан талаб қилди” — деди. Муҳаммад ибн Восеъ: “Саломат бўлгурлар, мени бундай ишлардан озод қилинглар”. Миршаблар бошлиғи қайта-қайта талаб қилаверди, шайх ҳам бош тортиб туравердилар. Шунда бошлиқ: “Аллоҳга қасамки, қозиликни қабул қиласиз ё бўлмаса уч юз дарра урдириб сазойи қилдираман” — деди. Муҳаммад ибн Восеъ: “Эркинг қўлингда, хоҳлаганингни қилавер. Дунёда азобланиш, охиратда азоблангандан кўра яхшироқдир” — дедилар. Миршаблар бошлиғи қилган ишидан хижолат бўлиб, у кишини яхшилик билан қўйиб юборди.

    Басра масжидидаги Муҳаммад ибн Восеънинг илм мажлислари толиби илмлар учун бир бошпанадек, ҳикмат ва насиҳат талабгорлари учун эса мусаффо булоқ каби эди. Тарих ва сийрат китобларида бу мажлисларнинг хабарлари йиғиб, жамлаб қўйилгандир. Ана шулардан: “Бир киши: “Менга насиҳат қилсангиз, эй Абу Абдуллоҳ,” — деганида. Муҳаммад ибн Восеъ: “Дунё ва охиратда шоҳ бўлишингни насиҳат қиламан” — деб айтганларида, насиҳатталаб ҳайрон бўлиб: “Бунга қандай эришаман?” — деди. Муҳаммад ибн Восеъ: “Ўткинчи дунё матоларидан ўзингни тийсанг, одамлар қўлидаги нарсалардан беҳожатлигинг билан дунёда шоҳ бўласан ва Аллоҳнинг ҳузурида гўзал ажру-савобларга эришишинг билан охиратда шоҳ бўласан”— деб жавоб бердилар.

    Бошқа бир киши: “Мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман, эй Абу Абдуллоҳ”, — деганида. Муҳаммад ибн Восеъ: “Мени У учун яхши кўрганинг Аллоҳ ҳам сени яхши кўрсин” — дедилар-да, ўгирилиб: “Парвардигоро, мени Сен ёмон кўриб, одамлар мени Сен учун яхши кўришларидан Сендан паноҳ тилайман” — деб дуо қилдилар.

    Одамларнинг мақтовларини эшитиб қолсалар ёки тақво ва ибодатларини гапирсалар, уларга: “Агар гуноҳларнинг тараладиган ҳиди бўлганида, мендан келаётган ҳиднинг бадбўйлигидан, биронталарингиз менга яқин кела олмас эдингиз” — дер эдилар.

    Муҳаммад ибн Восеъ шогирдларини Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини маҳкам ушлашга ва унинг соясида ҳаёт кечиришга қизиқтиришдан ҳеч тўхтамас эди. Айтардики: “Қуръон мўмининг бўстонидир. Унинг қаерига тушса ҳам, бир боғга тушган бўлади”. Яна кам таомликка тарғиб қилиб: “Ким кам таом бўлса идрокли бўлади, бошқага ҳам тушунтира олади, очиқ ва феъли юмшоқ бўлади. Кўп таом ейиш эса, кишининг ўзи истаган кўп нарсалардан тўсиб қўяди” — дер эдилар.

    Муҳаммад ибн Восеъ тақво ва парҳезкорликда юқори даражаларга эришдилар. Бу ҳақда кўп хабарлар ривоят қилинган. Шулардан: «Бир куни Муҳаммад ибн Восеъ эшакларини сотгани бозорга олиб чиқдилар. Бир киши: “Шу эшакни менга раво кўрасизми?” — деган эди. Муҳаммад ибн Восеъ: “Агар уни ўзимга раво кўрганимда сотмаган бўлар эдим” — деб жавоб бердилар.

    Муҳаммад ибн Восеъ ҳаётларининг ҳаммасини гуноҳларидан ташвишланиб, Роббиларига йўлиқишдан хатарнок бўлиб ўтказдилар. “Қандай тонг оттирдингиз, эй Абу Абдуллоҳ?” — деб сўралсалар. “Ажалим яқин, орзуйим катта ва амалим ёмон ҳолда” —дер ва агар ҳол сўраган кишининг кўринишида ажабланиш аломатларини кўрсалар: “Ҳар кун охиратга бир босқичдан яқинлашиб бораётган кишининг ҳолини қандай, деб ўйлайсизлар?” — дердилар.

    Муҳаммад ибн Восеъ касал бўлиб, ўлим тўшагида ётиб қолганларида, зиёратчилар сони кўпайиб, манзилларига кириб чиқувчилар, турган ва ўтирганлардан уйлари тиқилиб қолди. Буни кўрган шайх ёнларида турган яқинларидан бирига: “Менга айтчи, эрта Қиёмат кунида пешона ва оёқлардан тутилсак, булар мени сақлаб қола оладиларми. Агар дўзахга улоқтирилсам, булар менга нима фойда бера оладилар?” — дедилар ва Раббиларига юзланиб муножот қила кетдилар: “Эй Раббим, мен Сендан бирон ёмон жойда турган бўлсам ёки бирон ёмон жойда ўтирган бўлсам ёки бирон ёмон жойга кирган бўлсам ёки бирон ёмон жойдан чиққан бўлсам ёки бирон ёмон амални қилган бўлсам ва ёки бирон ёмон сўзни айтган бўлсам Аллоҳим шуларнинг барчасини кечиришингни сўрайман, мени кечиргин. Сенга шуларнинг баридан тавба қиламан, тавбамни қабул этгин. Ҳисоб-китобга йўлиқишимдан олдин, Сенга таслим бўламан” — дедилар. Сўнгра жонларини топширдилар.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962