Муғтариб (эммигрант)лар ҳаётидан (2)

    Биринчи насиҳат:

    Асло ёддан чиқармаслик керакки, кофирлар мусулмонларга ҳар қанча адолат ва муҳаббат кўрсатмасинлар, уларга нисбатан ҳар қанча меҳр-мурувватли бўлмасинлар, ҳеч қачон мусулмонларга садоқатли дўст бўлмайдилар.. Сиздан улар кофирликдан бошқани кутишмайди, бундан бошқаси уларни асло рози қилмайди:

    «Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар» (Бақара: 120).

    «Улар ўзлари кофир бўлганлари каби сизлар ҳам кофир бўлиб, улар билан баробар бўлиб қолишларингизни истайдилар» (Нисо: 89).

    Ҳа, Аллоҳга қасамки, шундай!!!

    Агар кофир бўлсангиз – бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин – сизни бир нави ўзларига дўст тутишлари мумкин. Чунки, улар ўз ичларидан бўлган кофирлар билан уларнинг динларига ўтган кишилар ўртасини ҳам ажратишади.

    Сиз менга айтишингиз мумкинки, улар бизни яхши кутиб олишмоқда, бизга одамлардек муомалада бўлишмоқда, бизга пул-мол беришмоқда, роҳат-фароғатли ҳаёт бахш этишмоқда…

    Бунга жавобим шуки, улар бу ишларнинг ҳаммасини ўзлари учун сизлардан ҳосил бўладиган манфаатларни кўзлаб қилмоқдалар!! Улар сизларни қабул қилиш билан талайгина фойдаларга эришадилар. Сизлар билан мамлакатлари аҳолиси сони ошади, табиийки бунинг ортидан иқтисодлари кучаяди, давлатлари тараққий этади. Сизлар билан ишчи-хизматчилар сони ортади, аҳолининг ўсиш даражасини камайтирмасдан ушлаб туришади. Чунки, ўзларининг фарзандлар кўришга, болаларни кўпайтиришга на рағбатлари, на тоқатлари бор! Улар оила қурмай, фарзанд кўпайтирмай, бир умр ўйнаш билан яшаб ўтишни афзал кўришади. Мабодо, бола кўришни истаган тақдирда ҳам битта ё иккита бола билан кифояланишади. Маълумотларни кузатсангиз, уларда кекса ёшлилар ёшларга қараганда анча кўп эканини кўрасиз.. Ҳа, улар узоқ келажак режасини тузишга мажбурлар.. Сўзим исботи учун, яқинда Америка эммиграция хизмати идораси тарафидан чиқарилган маълумотномада қайд этилишича, Америка келажакда мамлакат аҳолиси сонини бир хил тутиб туриши учун йилига йигирма миллион муҳожирни қабул қилиши зарур экан.. Ҳа, улар сизни яхши кўрганидан ё сизга меҳр кўрсатиш учун қабул қилишмаяпти.. Асло ундай эмас! Улар сиздан фойдаланишади, холос. Бор гап шу!!

    Мабодо, сиздан фойдаланиша олмаган тақдирда ҳам – чунки сизда мусулмонлик сақланиб қолган, шариатга хилоф ишларга рози бўлмаслигингиз мумкин, баъзан намоз ва ибодатга ҳарислигингиз уларнинг жиғига тегиши мумкин – улар болаларингиздан фойдаланишади. Башарти, болаларингизда ҳам исломий тарбия асоратлари қолган бўлса ва улардан ҳам ўзлари кутгандек фойдалана олишмаса, болаларингизнинг болаларидан албатта фойдаланишади!! Чунки, улар ўша ерда туғилишади, уларнинг таълим-тарбиясини олишади, уларнинг фуқаролигига эга бўлишади.

    Биласизми, ўтган эллик йил мобайнида Бразилияга бир миллион мусулмон келиб ўрнашган, ҳозиргача улардан ярим миллиони насроний бўлиб кетган!!

    «Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар» (Бақара: 120).

    «Улар ўзлари кофир бўлганлари каби сизлар ҳам кофир бўлиб, улар билан баробар бўлиб қолишларингизни истайдилар» (Нисо: 89).

    «Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва ёмон ҳолга тушишингизни орзу қиладилар. Уларнинг сизларни ёмон кўришлари оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги адоватлари эса янада каттароқдир» (Оли Имрон: 118).

    Уларнинг энг катта мақсадлари сизни Исломдан чиқариш, аслида! Насронийликни қабул қилиш-қилмаслигингиз эса иккинчи даражали иш саналади. Сўзимга исбот шуки, уларнинг ўзлари ҳам насронийликдан тобора узоқлашиб боришмоқда!

    Бир ўйлаб кўринг, ер қитъасида қанчадан-қанча мусулмон насронийлар қўли билан қатл этилмоқда!! Боснияда, Косовада, Чеченистонда, Эритрияда, Суданда, Индонезияда… (Афғонистонда, Ироқда…)…

    Нима, ё бу ердаги насронийлар у ердаги насронийлардан фарқ қилади деб ўйлайсизми?!!

    Куфрнинг ҳаммаси битта миллат эканини унутманг!!

    Диққат билан қараган одам мусулмон қочқинларни қабул қилаётган ва уларга меҳр кўрсатаётган ўша давлатлар таълим-тарбия, хизмат ўринларидаги аралаш система орқали уларни ўз динларидан узоқлаштириб боришини, буни ҳар қадамда оғиз кўпиртириб: «Эркинлик!!» деб номлашларини кўриши мумкин. Эркинлик ва ахлоқий тубанлик – улар наздида – бир танганинг икки томони саналади.. Ахлоқини маҳкам тутиб қолган одам уларда қолоқлик намунаси деб кўрилади!!

    Иккинчи насиҳат:

    Сиз бу мамлакатда туришингизни вақтинчалик истиқомат деб эътибор қилинг. Воқеълик қандай бўлмасин, ўзингизни ҳам, оилангиз ва фарзандларингизни ҳам шунга ишонтиринг!!

    Шундай қилсангиз, ўзингизни куфр диёрига эмас, мусулмон диёрига нисбатлашингиз осон бўлади. Бир кун келиб, албатта мусулмон диёрига қайтиб келасиз, яна қайта азон товушларини эшитасиз, намозхонлар қаторида саждага бош қўясиз!!

    Қуйидаги фатво билан яхшилаб танишиб чиқинг, у шайх аллома Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳга тегишли:

    Савол: Мусулмон кишининг кофир мамлакатларда яшаши ҳукми қандай?

    Жавоб: Кофирлар диёрида яшаш мусулмон кишининг дини, ахлоқи, одоби ва ҳаёт йўли учун катта хатар туғдиради. У мамлакатларда яшаб турган кишилардан кўпларини йўлдан чиқиб кетишганини, қанчалаб мусулмонлар фосиқ бўлиб кетишганини, айримлар эса бутунлай диндан чиқиб, муртад ва кофир бўлиб кетишганини, динни ва диндорларни масхара қилувчиларга айланиб кетишганини кўриб турибмиз. Шунинг учун имкон қадар бундан сақланиш, ҳалокат жарликларига қулаш йўлидан тўсиб қолувчи бир неча шартларни қўйиш зарур бўлади.

    Куфр диёрида яшаш учун унда қуйидаги асосий икки шарт топилиши зарур саналади:

    Биринчи шарт:

    У ерда яшаб турувчи киши ўз динига хотиржам бўлиши, яъни унда динида сабот билан туришига имкон берувчи ҳамда тойилиб кетишдан асраб қолувчи илм, иймон ва азм топилиши, қалбида кофирларга адоват ва нафрат ўрнашган бўлиши, уларни дўст тутиш ва яхши кўришдан узоқ бўлиши шарт бўлади. Чунки, кофирларни дўст тутиш ва уларни яхши кўриш иймонга зид ишдир. Аллоҳ таоло айтади:

    «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилган кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да — дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22).

    «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар Сизлардан ким уларга дўст бўлса, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас. Сиз дилларида мараз бўлган кимсалар: «Бизга бирон бало етишидан қўрқамиз», деган ҳолларида улар (кофирлар) томонга шошаётганларини кўрасиз. Шояд Аллоҳ мусулмонларга ғалаба берса ёки Ўз ҳузуридан (бу мунофиқ кимсаларни шарманда қиладиган) бирон ишни келтириб, улар ичларида яширган нарсаларига надомат қилувчиларга айланиб қолсалар» (Моида: 51, 52).

    «Саҳиҳ» тўпламларда келганки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир қавмни яхши кўрса, у ўшалардандир», деганлар, «Киши ўзи яхши кўрган кишиси билан биргадир», деганлар. Аллоҳнинг душманларига муҳаббат қўйиш мусулмон киши учун жуда катта хатардир. Чунки, уларни яхши кўриш уларга мувофиқ келиш ва уларга эргашишни тақозо қилади, ҳеч бўлмаганда уларга инкор қилмасликни лозим тутади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир қавмни яхши кўрса, у ўшалардан», деганлар.

    Иккинчи шарт:

    Ўз динини изҳор қилиши имкони бор бўлиши, исломий ибодатларни ҳеч қандай монеъликсиз адо эта олиши, намоз ўқишдан ва агар биргаликда жумъа ва жамоат намозлари ўқийдиган кишилар бўлса, жумъа ва жамоат намозидан тўсилмаслиги, закот, рўза, ҳаж ва бошқа динимиз арконларидан ман қилинмаслиги шарт бўлади.

    Агар бунинг имкони бўлмаса, у ерда яшаб туриш жоиз бўлмайди, албатта у ердан кўчиб кетиш фарз бўлади. «Ал-муғний»да (8/458) айтилишича, одамлар ҳижрат борасида бир неча қисмга бўлинади:

    «Биринчиси: Ҳижрат вожиб бўлган кишилар. Улар ўз динини изҳор қилишга қодир бўлмайдиган, кофирлар ичида яшаб туриб, динининг буйруқларини адо қилиш имконига эга бўлмаган кишилар бўлиб, ўзлари ҳижрат қилишга қодир бўладилар. Бундай кишига ҳижрат фарз бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Албатта (мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофир­лар қўл остида яшашга рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: «Қандай ҳолда яшадингиз?» — деганларида: «Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик», дедилар. (Шунда фаришталар): «Ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)» — дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир. Қандай ёмон жойдир у!» (Нисо: 97). Бу жуда оғир огоҳлантириш бўлиб, ҳижратнинг фарзлигига далил бўлади. Чунки, динидаги фарз амални бажариш унга қодир бўлган ҳар бир кишига фарздир. Ҳижрат эса фарзни бажариш учун зарурий бўлган ишдир. Фарз нима билан адо топса, ўшани қилиш ҳам фарз бўлади».

    Мазкур икки шарт тўла-тўкис топилганидан кейин кофирлар диёрида яшаб туриш бир неча қисмга бўлинади:

    Биринчи қисм:

    Исломга даъват ва тарғиб қилиш мақсадида яшаб туриш. Бу жиҳоднинг бир тури бўлиб, қодир бўлган киши учун фарзи кифоя саналади. Шарти шуки, даъват ҳақиқатда амалга ошиши керак, ундан ман қиладиган ёки уни ижобат қилишдан тўсадиган моне бўлмаслиги лозим. Чунки, Исломга даъват қилиш диндаги вожиблардан бўлиб, пайғамбарларнинг йўли шундан иборат бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма замон ва маконда ўзлари олиб келган динни етказишга буюриб: «Мендан бир оят бўлса-да етказинглар», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

    Иккинчи қисм:

    Кофирларнинг аҳволларини ўрганиш, уларнинг бузуқ ақидаларини ва ботил ибодат йўлларини билиш, тубан ахлоқлари ва шармандали ҳаёт тарзларини таниб, улардан одамларни огоҳлантириш, уларнинг ҳаётларига маҳлиё бўлувчиларга бу ҳақда тушунтириш бериш мақсадида яшаб туриш. Бу мақсадда туриш ҳам жиҳоднинг бир тури саналади. Чунки, бу билан куфр ва унинг аҳлидан огоҳлантириш ва шу билан бир қаторда Исломга йўлланишга тарғиб ҳосил бўлади. Зеро, куфрнинг фосидлиги Исломнинг салоҳиятли эканига далил бўлади. Лекин, бунда ҳам шарти шуки, кўзда тутилган мақсад ундан кўра каттароқ ёмонликсиз ҳосил бўлсин. Агар мақсад ҳосил бўлмаса, яъни уларнинг бузуқ ақида ва ҳаёт тарзларини ёритиш ва ундан огоҳлантириш ман қилинган бўлса, ёки бошқа бирон каттароқ ёмонлик эвазига ҳосил бўлса, яъни масалан унинг ишига жавобан Исломни ё Ислом пайғамбарини ё исломий йўлбошчиларни сўкиш ва ҳақоратлаш билан жавоб берсалар, у ҳолда у ерда туришдан фойда бўлмайди ва бу ишдан тийилиш лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар. Ҳар бир миллат-дин аҳлига ўзлари қилган амални мана шундай чиройли кўрсатиб қўйганмиз. Сўнгра Парвардигорларига қайтмоқлари бор. Бас, У зот уларга қилиб ўтган амалларининг хабарини берур» (Анъом: 108).

    Кофирлар диёрида уларнинг мусулмонларга қарши тадбир қилаётган фириб-найрангларини ўрганиш ва бу ҳақда мусулмонларни огоҳлантириш мақсадида туриш ҳам шу турга киради. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Хандақ урушида Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуни мушрикларнинг хабарини билиб келишга юборганлар.

    Учинчи қисм:

    Мусулмон давлатнинг ҳожати учун, унинг куфр давлати билан алоқаларини тартибга солиб туриш учун – элчихона хизматчилари каби – яшаб туриш. Унинг ҳукми нима мақсадда турганига қараб бўлади. Масалан, маданий атташе у ердаги талабаларнинг ишларини бошқариш, уларни назорат қилиб туриш, уларни Исломга ва исломий одоб-ахлоқларга амал қилишга ундаш ва тарғиб қилиш учун туради, унинг ўша ерда туришидан катта фойда ҳосил бўлиб, кўп ёмонликларнинг олди олинган бўлади.

    Тўртинчи қисм:

    Мубоҳ саналган хос эҳтиёжи учун, масалан тижорат ё даволаниш мақсадида яшаб туриш. Бу ҳолда эҳтиёжи миқдорига қараб туриш мубоҳ бўлади. Аҳли илмлар кофирлар диёрига тижорат мақсадида кириш жоизлигини айтганлар ва бу ҳақда баъзи саҳобалардан ривоят қилганлар.

    Бешинчи қисм:

    Ўқиш ва таълим олиш мақсадида туриш. Бу ҳам юқоридаги айтилгани каби – яъни ҳожат учун – туриш турига киради. Бироқ, бу нав яшаб туриш аввалгидан кўра хатарлироқ, кишининг дини ва ахлоқига ёмон таъсири кўпроқ бўлади.

    Олтинчи қисм:

    Бутунлай яшаб қолиш мақсадида туриш. Бу юқорида айтиб ўтилганларнинг ҳаммасидан кўра хатарлироқ. Чунки, ортидан кўп ёмонликлар келиши кутилади. Чунончи, кофирлар билан тўла аралашиб юриш, шу давлатнинг фуқароси (граждани) сифатида барча фуқаролардан талаб этиладиган ўзаро муҳаббат ва дўстлик, кофирларнинг саноғини кўпайтириш, фарзандларнинг куфр ичида тарбия топиши ва уларнинг ахлоқ ва одатларидан таъсирланиши, ақида ва ибодатларда уларга тақлид қилишлари каби. Шунинг учун ҳам ҳадисда келганки: «Ким мушрикка қўшилса ва у билан бирга яшаса, у ҳам худди ўша (мушрик) кабидир» (Абу Довуд ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган). Яъни, кофирлар билан давомий аралашиб юриш ва бир жойда бирга туриш охир-оқибат юриш-туриш ва гап-сўзда уларга ўхшашликка олиб келади.

    Қайс ибн Аби Ҳозим Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен мушриклар орасида яшаб турадиган ҳар қандай мусулмондан покман (безорман)», деганлар (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

    Шундай экан, очиқдан-очиқ куфрона ҳаёт тарзи тарғиб қилинадиган, ҳукм Аллоҳ ва Расулидан бошқаники бўладиган кофирлар диёрида яшашга, унинг фуқаролигини қабул қилишга, унда аҳли-оиласи ва фарзандлари билан ҳаёт кечиришга мўмин кишининг дили қандай хуш бўлиши мумкин?! Ахир у буларнинг ҳаммасини ўз кўзи билан кўриб, қулоқлари билан эшитиб турган бўлса, қандай қилиб бундай ҳаётга рози бўлиши мумкин?! Бу билан у ўзини ҳам, оиласи ва фарзандларини ҳам жуда катта хатарга дучор қилган бўлади! (Фатво Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳга тегишли).

    Учинчи насиҳат:

    Мусулмон киши энг биринчи навбатда динига эътибор қаратиши лозим. Бутун оламнинг подшоҳи бўлмиш Аллоҳ жалла жалолуҳунинг тоатидан ташқарида бўладиган мол-дунёнинг, уй-жойнинг, яхши маошли вазифанинг, юқори даражали шифохонанинг, фаровон ҳаёт кечиришнинг нима қиймати бор?!

    Қаерда бўлманг, албатта исломий ибодатларни очиқ адо этишга қаттиқ ҳаракат қилинг! Бу диннинг хусусиятларидан бири унинг очиқ-ошкор дин эканидир. Намоз вақти қаерда эканингизда кирмасин, бозордами, ишхонадами, бошқа жойдами, албатта ўқинг, ҳеч тортинманг!! «Биз айтдик: Қўрқмагин. Албатта сен ўзинг ғолиб бўлувчисан» (Тоҳа: 68).

    Мен (муаллиф) Швецияда бўлганимда, бир куни у ерда яшайдиган иккита муҳожир биродар билан биргаликда қадимий битиклар ва осори атиқаларни томоша қилгани музейга кирдик. Кириш ҳақини тўлаб, ичкарига кирганимиздан кейин бир неча дақиқа ўтгач, аср намози вақти бўлиб қолди. Шунда биродарлардан бири:

    – Шайх, келинг, ташқарига чиқиб, намоз ўқиб кирамиз, – деб қолди.

    – Нега шу ерда ўқиб қўя қолмаймиз? – сўрадим мен ажабланиб.

    – А?! Уларни олдида-я?! Йўқ, йўқ!! Қандай қилиб?! Бу жуда қийин!!

    – Бунинг нимаси қийин экан?!

    – Шведларнинг кўзи олдида намоз ўқиш?! Қўйсангизчи!!

    – Ҳа, шведларнинг кўзида намоз ўқиймиз! Нега энди уларнинг кўзи олдида ўқимаслигимиз керак?! Ахир улар бизнинг кўзимиз олдида бир-бири билан ўпишиб юришибди-ку!! Биздан уялишмаяпти-ку!! Ҳеч кимдан хижолат чекмай бемалол қучоқлашиб ўтиришибди-ку?!! Шундоққина кўчаларда ичкилик ичиб ўтиришибди-ку?!! Авратларини очиб юришибди-ку?!! Очиқдан-очиқ беҳаё ишларни қилишаяпти-ку?!! Буни улар эркинлик деб аташади!! Биз эса уларга маҳлиё бўлиб, эркинликларига оғзимизнинг суви келади!! Нега энди биз ҳам улар кўзи олдида намозимизни ўқимаслигимиз, ўз эркинлигимизни намойиш қилмаслигимиз керак?!!

    Шеригим ноиложликдан рози бўлди..

    Музейнинг бир четига ўтдик, мен қиблага юзланиб, қўлларимни қулоқларимга олиб бораётган эдим, ҳалиги шеригим жонҳолатда: – Ҳой, ҳой!! Нима қилмоқчисиз?! – деди.

    – Азон айтмоқчиман, – дедим мен хотиржамлик билан.

    У қаттиқ безовталик ичра: – Азон?! Шу ерда-я?! – деди.

    – Ҳа, шу ерда! Ахир бу ерда эркинлик (Free) ҳукмрон эмасми?! Улар кўчаларда қўшиқ айтиб юришибди-ку!! Буни Free деб аташади-ку!! Сиз ҳам бу ишимизни Free атаб қўя қолингда!!

    Шундай деб мен паст овозда азон ва иқомат айтдим, сўнг намозимизни ўқиб, томошани давом эттирдик. Одамлар бизнинг жамоат бўлиб намоз ўқиётганимизни, такбир ва тасбеҳ айтганимизни, руку ва сужуд қилганимизни кўришди. Полиция келиб, қўлимизга кишан солмади, жарима ҳам тўламадик, қамоққа ҳам тиқиб қўйишмади.. Осмон узилиб ерга тушмади ҳам. Нега энди айрим биродарлар бировлар кўзи олдида намоз ўқишга уялишади?!! Паркларда, жамоат жойларида намоз ўқишга хижолат бўлишади?! Ҳатто, айрим мусулмонлар на сафар, на касаллик узри бўлмагани ҳолда, фақатгина одамлар кўзи олдида намоз ўқишдан уялишгани учунгина намозларини жамлаб ўқиб олишади!!

    Азиз дўстим! Бу ибодатни изҳор қилиш Ислом динига бўлган энг катта даъватлардан бири эканини унутманг!! «Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмасдир)» (Бақара: 45, 46).

    Албатта, Исломнинг бошқа белгилари ҳам, масалан, номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришмаслик, улар билан ёлғиз қолмаслик кабилар ҳам ошкора изҳор қилиниши зарур..

    Аллоҳдан сизни ношаръий ишлардан пок қилишини, дину иймонингизни асрашини сўрайман. Амийн..

    Тўртинчи насиҳат:

    Муҳожир биродар, хонадонингиз сизнинг биров дахл қилолмайдиган мамлакатингиздир. Сиз қиёмат куни ўз хонадонингиз аҳлидан бирма-бир масъул бўласиз! Ким фарзандларига нисбатан тўғри ва чиройли муомалада бўлса, уларни ёшликларидан солиҳ тарбия билан ўстирган бўлса, улар унинг дунёсига ҳам, охиратига ҳам манфаатли бўладилар. Ҳаётлик даврида уларнинг меҳру мурувватларига, итоату иноятларига сазовор бўлади. Вафотидан кейин эса унинг ҳаққига қилган дуоларидан, айтган истиғфорларидан нафланади. «Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир» (Фурқон: 74). Закариё алайҳиссаломнинг дуоларини эсланг, у зот: «Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан бир покиза фарзанд ато эт! Албатта Сен дуо-илтижоларимни эшитувчисан», (Оли Имрон: 38) дедилар, Парвардигорларидан қандай бўлса ҳам бир фарзанд беришини сўрамадилар, балки унинг покиза зурриёт бўлишини тиладилар. Чунки, фосид зурриёт сизга ғам-ташвиш ва машаққатдан бошқа нарсани олиб келмайди!!

    Шу борадаги айрим муҳим йўл-йўриқларни диққатингизга ҳавола этмоқчиман:

    · Намозларни болаларингиз ҳамроҳлигида масжидда жамоат бўлиб ўқишга аҳамият беринг. Агар бунинг имкони бўлмаса, уйда бўлса ҳам вақтидан кечиктирмай, улар билан бирга ўқишга ҳаракат қилинг, болаларингиздан биронтасининг жамоат намозида ҳозир бўлмаслигига бепарво қараманг. Бу гап ҳамма намозларга тегишли.

    · Ҳар бир намозга азон айтишга аҳамият беринг. Уйда намоз вақтлари ёзилган варақ осиб қўйилса, болаларингиздан бирини намозга азон учун масъул қилиб қўйсангиз, яна яхши. Намозни доим битта хонада ўқилса, ўша хонада азон айтиб, ўша хонага намозга йиғилсангизлар, яхши бўлади.

    · Уйда чоғроққина бўлса ҳам, кутубхона бўлиши, унда шаръий аҳкомлар, фойдали ҳикоялар ва шу каби китоблар ва овозли ёзувлар бўлиши зарур. Бунинг учун пул сарфлашга асло бахиллик қилманг. Чунки, бу Аллоҳ йўлига мол сарфлаш бўлиб, бунинг учун ажрга эга бўласиз.

    · Уйда ҳафтада камида бир марта диний дарс бўлишига аҳамият беринг, унда оиланинг ҳамма аъзолари жамланиб, «Риёзус-солиҳийн» китобидан ё тафсирдан ё салафлар ҳаётидан ибратли ҳикоялардан ўқилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бу оиланинг ўзаро алоқасини маҳкамлаш учун жуда зарур тадбир ҳисобланади. Қолаверса, малоикалар устингизга соя ташлаб турадилар, сизларни раҳмат ўраб олади ва Аллоҳ таоло ўз ҳузуридагилар ичида сизларни зикр қилади. Оила аъзоларингизнинг ушбу дарсдан қолишларига бепарво бўлманг. Ушбу оилавий ички дарслар ислом марказларида олиб бориладиган дарсларга қатнашиш ўрнини босмайди, албатта.

    · Вақти-вақти билан болаларни олиб, намоз ва илм мажлисларига қатнашиш учун ислом марказига бориб туриш уларнинг иймонларини кучайтиради, мусулмон биродарлар билан алоқаларини мустаҳкамлайди, қалбларида исломий иззатни ҳис қилиш уруғларини экади.

    · Болалар билан уйда фақат араб (ўзбек) тилида сўзлашинг, бунга қаттиқ қаранг. Фарзандларингизни бошқа ажнабий тилда гапиришдан ман қилинг. Мактаб ё кўча тилида сўзлаган болангизга жазо белгиланг. Бу ҳам жуда муҳим!!

    Бешинчи насиҳат:

    Болаларингиз сизнинг қўлингиздаги хамирдир, гўдаклик даврида уларни ўзингиз хоҳлаган шаклга сола оласиз. Ана шу даврда уларнинг тарбиясига лоқайдлик билан қарашни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бинобарин, қуйидагиларга эътибор беринг:

    Болангиз уч яшарлик пайтида «Фотиҳа» сурасини ёд олган бўлсин, агар уни яхши ёдлаб олган бўлса, «Ихлос» каби майда сураларни ёдлатишга ҳаракат қилинг.

    Беш ёшлик пайтида майда сураларни тўла ёд олган бўлсин.

    Ўн ёшга етганида камида уч-тўрт пора Қуръон ёдлаган бўлсин.

    Бу аввал-бошда қийин кўринади, лекин бола одатланиб олганидан кейин осонлашиб кетади: «Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик» (Қамар: 17). Бошида озроқ қийин бўлади, жаннатга эришиш осон эмас-да!!

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннат макориҳ (оғир-қийин кўринган нарсалар) билан ўралгандир, дўзах эса шаҳватлар (нафс ёқтирган нарсалар) билан ўралгандир», деганлар (Имом Муслим ривояти).

    Сиз қачон бу дунёни тарк этиб, бола-чақаларингиздан ажралишингизни билмайсиз. Шундай экан, қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида яхшиликларингиз палласини оғир бостирувчи захира бўлиб қолиши учун уларга Қуръонни ёдлатиб қўйинг.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Инсон вафот этса, унинг барча амаллари тўхтайди, фақат учта амалидан (савоб етиб туради): садақаи жория ёки фойдаланиб туриладиган илм ёки унга дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан» (Имом Муслим ривояти). Аллоҳнинг Каломини ёд олган фарзанддан кўра ҳам солиҳроқ фарзанд бўладими?!

    Ўзингиз ё болаларингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан шикоят қилган кшилардан бўлиб қолишдан ҳазир бўлинг: «Пайғамбар айтди: «Эй Парвардигорим, дарҳақиқат менинг қавмим (Қурайш қабиласи) ушбу Қуръонни тарк қилиб (ундан юз ўгирдилар)» (Фурқон: 30).

    Фарзандингизга Қуръон ёдлатишнинг бир неча усули бор:

    · Овозли ёзувдан фойдаланиш. Бола тасмага ёзилган Қуръон тиловатини то ёдлаб олгунича қайта-қайта эшитади.

    · Хос бир мударрисга бериш. Бир неча оталар Қуръонни яхши билувчи бир кишига болаларини йиғиб берадилар, у ҳафтасига бир неча марта уларни бирма-бир ўқитади.

    · Болани мукофотлаш орқали Қуръон ёдлашга тарғиб қилиш.

    · Болани ёдлашдан тўсадиган компютер ўйинлари каби ҳар хил ўйинларни камайтириш.

    Олим биродарлардан бири ҳикоя қилишича, даъват учун Швециянинг бир шаҳрига борганида араб тилидан бир калима ҳам билмайдиган ажам биродарлардан бирининг икки қизи ва бир ўғли Қуръонни тўла ёд олганини кўрган экан, болаларнинг энг каттаси энди ўн иккига кирган экан!! Ҳа, у буни ўз кўзи билан кўрган ва уларни текшириб ҳам кўрган экан. Ўша биродарнинг қасди тўғри ва нияти холис бўлганидан Аллоҳ таоло унга тавфиқ берган, ўзига ҳам, фарзандларига ҳам баракаот ато этган!!

    Данияда бир кишини кўрдим, ўзи яқингинада Исломни қабул қилган экан, бир калима ҳам арабча билмайди. Бироқ, Қуръонни ёдлашга ва дин ўрганишга иштиёқи жуда баланд, ёнида доим кичкинагина мусажжил (магнитафон) олиб юради, арабчани яхши биладиган одамни кўрса, ундан Қуръондан бирон сурами, дуоми ё шунга ўхшаш нимадир ёзиб олади, кейин уни қайта-қайта эшитиб ёдлаб олади. «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

    Бошқа бир даъватчи биродар ҳикоя қилишича, у Австралияда асли келиб чиқиши Сингапурлик бўлган, ҳозирда Австралия фуқаролигига эга бўлган иккита ёшгина болани кўрган экан, бири беш ёшда, иккинчиси етти ёшда экан, иккиси ҳам Қуръонни тўла ёд олган экан!! Қизиғи, ҳар иккиси ҳам араб тилидан бир калима ҳам тушунмас экан!

    Шу биродар яна айтишича, у уларни имтиҳон қилиб кўрган ва ҳофиза қувватларидан таажжубга тушган экан. У айтади: Мен улардан бирига инглиз тилида сўзлаб, Қуръондаги «жаҳаннам» калимаси бор бўлган оятларни айтиб беришини сўраган эдим, у шариллатиб санаб кетди. Сўнг «жаннат» калимаси бор бўлган оятларни сўрадим, уларни ҳам тўхталмай айтиб берди.

    Болаларга Қуръонни ёд олишларига ўгай оталари қаттиқ аҳамият қаратибди, у уларга Қуръон ёзилган овозли тасмани такрор-такрор эшиттириш орқали ёдлаттирибди. Аллоҳ уни хайрли мукофотлар билан мукофотласин.

    Сиз ҳам уларга ўхшашга ҳаракат қилинг, яхшиларга эргашиш ҳам нажотга етаклайди.

    Олтинчи насиҳат:

    Фарзандларингизга гўдакликларидан исломий одобларни ўргатишга ҳаракат қилинг, улар шу одоблар устида ўсиб-улғайсинлар.

    Шаръий одобларнинг тури кўп:

    Масалан, ейиш-ичиш одоби, таомдан олдин «бисмиллаҳ», таомдан кейин «алҳамду лиллаҳ» дейиш, ўнг қўл билан ейиш….

    Суҳбат одоби, кириш ва чиқишда салом бериш, каттани ҳурмат қилиш каби…

    Сўзлаш одоби, ёлғон сўзламаслик, ахлоқсиз сўзларни айтмаслик каби…

    Хожатхона одоби, киришдан олдинги дуони ўқиш, қазои ҳожат пайтида қиблага юзланиб ўтирмаслик каби…

    Ва бундан бошқа одобларни ўргатиб боринг. Мен фақат мисол тариқасида зикр қилиб ўтдим.

    Болангизга гўдаклигидан шаръий одобларни ўргатишга аҳамият бермасангиз, биласизми, бунинг натижаси нима бўлади?! Натижаси шуки, унинг таълим-тарбияси бошқалар қўлига ўтиб кетади… Болалар боғчасида у санчқини чап қўли билан ушлаб овқат ейишга ўрганади.. Хожатхона эшигини ёпиб олмасликка, қазои ҳожат пайтида авратларини яширмасликка одатланади.. Кўчада сўкинишни, ахлоқсиз сўзларни ўрганади..

    Энди иккала тарбия ўртасидаги фарқни ўзингиз ажратиб олаверинг.

    Эллик ёшлар чамасидаги даъватчи биродарлардан бирининг айтиб беришича, у Италиядаги ислом марказларидан бирида маъруза қилибди. Маъруза асносида болалар тарбияси ва ота-оналарнинг бу борадаги масъулиятлари ҳақида сўзлабди. Ҳозир бўлганларнинг аксарияти муҳожир араблар экан.

    Шайх айтади: Тўсатдан саксонни қоралаган бир мўйсафид ўрнидан қўзғолиб, маърузани бўлиб, бор овози билан қичқирди: «Эй шайх! Сиз менинг қизимга уйланинг! Уни ўзингиз билан олиб кетинг! Илтимос қиламан! Ўтинаман!». Шундай деб у йиғлаб юборди.

    Мен бундан қаттиқ ажабландим, лекин унга жавоб қилмасдан, маърузани давом эттирдим. Маърузадан сўнг уни ёнимга чорладим ва менга қилган яхши гумони учун ташаккур айтдим, уйланишга рағбатим йўқлигини айтиб, ундан бу қадар безовталиги ва йиғиси сабабини сўрадим.

    У деди: Эй шайх! Биз тўртта оғайни оилаларимиз билан бу мамлакатга яхши ҳаёт илинжида келиб қолган эдик. Болаларимиз ўсиб-улғайишди, бир-бир қўлларимиздан чиқиб кета бошладилар. Йиллар ўтиб, дўстларим вафот этиб кетдилар, уларнинг ҳамма болалари насроний бўлиб кетишди.. Мен ҳам кексайиб қолдим, ажалим ҳам яқинлашиб қолди.. Қизимдан қаттиқ ташвишдаман. У бугун масжидда ўтирибди. Эртага нима бўлади, билмайман.

    Шундай деб у ўзи ҳам йиғлади, мени ҳам, атрофдаги бошқаларни ҳам йиғлатди..

    Еттинчи насиҳат:

    Болаларингиз тарбиясида уларнинг онаси билан ҳамкорлик қилишингиз, уни болалар тарбиясига қаттиқ эътиборли бўлишга чорлашингиз, бу борада сабр-матонатли бўлиш ва ажру-савоб умид қилишга тарғиб қилишингиз зарурдир. Энг аввал яхши турмуш ўртоқ танлаш, унинг иффатли ва ҳижобга маҳкам бўлган мўмина бўлишига аҳамият бериш зарур. Турмуш қургандан кейин унинг иймони юксалишига, диний билимлари ортиб боришига аҳамият қаратинг, уни шаръий маъруза ва дарсларга қатнашишга, фойдали китоблар ўқиш ва кассеталар эшитишга қизиқтиринг..

    Зеро, она солиҳа бўлса, фарзандлар ҳам унга эргашиб, салоҳият йўлини
    тутадилар.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962