Бизга боғланинг
Муғтариб (эммигрант)лар ҳаётидан (3)
Саккизинчи насиҳат:
Азиз биродарим! Сиз неча йилдан бери бу ерда, ғурбат ва мусофирлик юртида, кофирлар ичида яшаб келасиз?!
Баъзи муҳожирлар ғурбат диёрига ўнлаб йиллар муқаддам келишган, баъзилари йигирма йиллар олдин келганлар, ҳатто қирқ йиллар олдин келганлари ҳам бор десам муболаға қилмаган бўламан. Шунча вақт мобайнида улар орасида яшаб келадилар, иш ва хизматда, бозорларда, кўчаларда, емакхоналарда улар билан аралашиб юрадилар..
Лекин, битта саволим бор, унга очиқ жавоб беришингизни истайман:
Шунча узоқ муддат давомида неча нафар киши сизнинг қўлингизда Исломни қабул қилди?
Ёки сиз қанча одам билан Ислом ҳақида мунозара қилдингиз ва унинг дилидаги Ислом тўғрисидаги нотўғри шубҳа-гумонларни аритиб ташладингиз?
Исломга даъват қилувчи нечта китоб ё кассета тарқатдингиз?
Динига лоқайд нечта мусулмонга насиҳат қилдингиз?
Бунинг муқобилида бошқа бир саволим ҳам бор:
Қанча мол-дунё жамғардингиз? Нечта квартира сотиб олдингиз?
Қанча гуноҳи кабирага қўл урдингиз деб сўрашдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман..
Азиз биродар! Вайроналик келтирувчи залолат йўлидагилар Европада ва бошқа жойларда ўз йўлларига тарғиб-ташвиқ қилишда мусулмонлардан анча ўзиб кетганлар. Мана, «Иегова шоҳидлари» фаолиятига ёки бўлмасам, шийъалар ҳаракатига ё шунга ўхшаган бошқа йўллардагиларнинг фаолиятига қаранг. Ҳолбуки, сиз ҳақ устида, улар эса ботилдалар.. «(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?» (Фуссилат: 33).
Қаерда бўлманг, ҳидоят машъали бўлинг, ўзингиз билан даъватга доир китоблар ва кассеталар олинг. Бу сиздан ҳеч қанча маблағ талаб қилмайди, Аллоҳ бунинг эвазига сизга кўп яхшиликлар ато этади.
Бир мусулмон биродар катта ширкатда ишларди. Доим даъват қилиш ҳақида ўйлаб юрар, бироқ хижолат бўлиб, бунга ботинмас экан. Бир куни ширкатнинг каттароқ амалдаги хизматчиларидан бири нафақага кузатилиб, дўстлари шу муносабат билан хайрлашув тадбири ташкиллаштирибдилар, ҳар ким уни кузатишга бирон ҳадя ҳозирлабди.
Биродар айтади: Мен унга нима ҳадя қилсам экан деб ўйланиб қолдим. Сўнг бу ходим қадимий идишларни йиғишни яхши кўриши эсимга тушиб, унга чиройли бир туҳфа сотиб олдим ва унинг ичига Ислом ҳақидаги кичик бир китобни жойладим, унга ўз манзилим ва телефон рақамимни ёзиб қўйдим. Совғани чиройли қилиб ўраб, унга ҳадя қилдим..
Орадан бир қанча вақт ўтди…
Икки ойлар чамаси вақт ўтгач, тўсатдан нафақага чиқиб кетган ходим қўнғироқ қилиб, ўзининг Исломни қабул қилганини билдирди. Айтишича, ҳалиги китобни ўқиб чиқибди… Сўнгра Ислом ҳақида кўпроқ маълумотлар олишга қизиқиб, сўраб-суриштирибди, охир-оқибат қалбига ҳидоят кириб, Исломни қабул қилибди. Бунга ўша мен қимтинибгина идиш ичига жойлаб қўйган ўша китобча сабаб бўлибди!!
Қизиғи, нафақага чиққан ўша танишим нега шунча йилдан бери ҳидоятни ундан яшириб юрганимни айтиб, мени маломат ҳам қила бошлади!!
Азиз муҳожир биродар!
Ҳиндистонга, Покистонга, Хитойга, Африканинг кўпгина мамлакатларига ва рисолат бешигидан узоқдаги яна бошқа бир қатор юртларга Ислом қай тариқа кириб келганини биласизми??
Ислом бу юртларга даъватчилар орқали кириб келмаган.. Жиҳод орқали кирмаган.. Ёзишмалар орқали кирмаган.. Йўқ.. Ислом бу юртларга на олим, на мужоҳид бўлган оддий мусулмонлар воситасида, ўша юртларга тижорат мақсадида борган тожирлар орқали кириб борган. Улар у ўлкаларга матолар олди-сотди қилиш мақсадида боришган, мол-дунё топиш қасдида боришган эди.. Бироқ, натижада Аллоҳ таоло уларга дунёни ҳам, охиратни ҳам жамлаб берди. У диёр аҳллари мусулмонлардан таъсирландилар.. Уларнинг намоз ўқишларини, чиройли ахлоқларини кўрдилар.. Улардан Ислом ҳақида сўрадилар, улар Исломни тушунтирдилар ва унга даъват қилдилар. Саноқсиз одамлар шу савдогарлар воситасида Исломни қабул қилганлар.
Ҳиндистонда юз миллиондан ортиқ мусулмон бор.. Ким уларнинг ҳидоятига сабабчи бўлди?!
Хитойда юз миллиондан ортиқ мусулмон бор.. Ким уларнинг ҳидоятига сабабчи бўлди?!
Африка мамлакатларида юз миллионлар мусулмон бор.. Ким уларнинг ҳидоятига сабабчи бўлди?!
Бу ўлкаларга дунё талабида кириб борган, натижада эса Аллоҳ таоло уларга дунё ва охират яхшилигини жамлаб берган ўша тожирлар сабабчи бўлганлар!
Мусулмон биродар!
Сизнинг ҳолатингиз ҳам ўша тожирлар ҳолатидан кўп ҳам фарқ қилмайди. Улар ҳам у диёрларга дунё талабида келгандилар, сиз ҳам бу ўлкага дунёвий роҳат, яхши ҳаёт, жон ва бола-чақа тинчлигини кўзлаб келгансиз. Нега энди сиз ҳам худди уларга ўхшаб ҳам дунёни, ҳам охиратни қўлга киритиб олмайсиз?!!
Азиз биродар!
Шояд Аллоҳ таоло бу диёр аҳлининг ҳидояти сизнинг қўлингизда ва сиз каби бошқа муҳожир биродарлар қўлида бўлишини ёзган бўлса!..
Шояд Аллоҳ таоло бу диёр аҳлининг ҳидоятига сабаб бўлиб қолишингиз учун бошларингизга ҳар турли кўргуликларни солиб, сизларни бу ўлкаларга чиқаргандир!! Шундай экан, нега энди Парвардигорингизга даъват қилувчилардан бўлмайсиз?! «Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» (Юсуф: 108).
Даъват фақат кофирларгагина бўлмайди, динига бепарво бўлган мусулмонларни ҳам даъват қилиш зарур! Улар гарчи маъсиятларга ботиб ва гуноҳи кабираларга қўл уриб юришган бўлса ҳам, барибир вужудларида иймон, динга муҳаббат ва унга қайтиш рағбати сақланиб қолган.
Даъватчи биродарлардан бири айтади:
Европа давлатларидан биридаги ислом марказида маъруза қилдим. Маърузадан сўнг ҳузуримга бир йигит келди, ундан гуп этиб тамаки ҳиди келар, вужудида маъсиятлар асорати билиниб турарди. У мен билан жуда илиқ кўришди. Сўнг Чеченистондаги жиҳодга қандай қилиб борса бўлиши ҳақида сўради. Мен унга: «Жиҳодга бормоқчимисан?!», дедим. «Ҳа», деди у ишонч билан. «Жиҳод нималигини биласанми?! Жиҳод ўлимга бориш демак, аҳли аёл ва фарзандлардан ажралиш демак», дедим. «Мукофоти жаннат эмасми ахир?!», деди у. «Шундай», дедим. «Ундай бўлса арзийди», деди.
Тўққизинчи насиҳат:
Европа давлатларидан бирида эдим. Таровиҳ намози ва маърузадан сўнг биродарлардан бири уйига бир пиёла чойга таклиф қилди.
Биздан ташқари яна ўттиз чоғли муҳожирлар ҳам йиғилган экан..
Бошида улар суҳбатига қулоқ солиб, жим ўтиришни афзал кўрдим.
Гурунг фалон мамлакатнинг босиб олиниши, фалон мамлакатга уруш очилгани, нархларнинг кўтарилиб кетгани, солиқларнинг ошиб кетгани каби мавзуларда кетди.
Кейин ўртада тортишув бошланиб кетди, овозлар кўтарилиб, бақир-чақир бўлиб кетди.
Охир бориб ҳатто бир-бирларини ҳақоратлашгача етдилар.
Мен оғзим очилиб, ҳали унисига, ҳали бунисига қарардим. Аввал бошда нима бало, БМТ мажлисида ўтирибманми, деб ўйладим.
Атрофимда ўтирганларга назар солгач, оддий муҳожир биродарлар даврасида ўтирганим эсимга тушди.
Бошида уларни гапдан тўхтатишга бироз хижолат бўлдим. Ўзлари овозларини пастлатишар деб кутдим. Бироқ, ундай бўлмади.
Шовқин-сурон чўзилгандан чўзилгач, ёнимдаги кишига қараб:
– Шу ҳолда давом этаверадими энди?!, – дедим.
– Ҳали буниси ҳолва! Бугун гурунг анча тинч ўтаяпти, бу аҳвол тонг отгунча шу зайлда давом этади, – деди у. Сўнг: – Нима дейсиз, уларни тинчлантирайми?, – деди.
– Тинчлантириш қўлингиздан келадими? Қўлингиздан келса, шундай қилинг, – дедим.
Шундан сўнг у бор овози билан қичқирди:
– Ҳой жамоат! Шайхдан фойдаланиб қолайлик! Ҳой жамоат, жим бўлинглар!
Унинг гапидан кейин сал хижолат бўлишиб, бир-бирларини жимликка чақиришди.
Сўнг мен гап бошладим:
– Сизлардан битта нарсани сўрайман. Ҳаммангиз «Ихлос» сурасини ёд биласиз-а?!
– Ҳа!
– «اللَّهُ الصَّمَدُ» («Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир») нима дегани, биласизларми?
Жим бўлиб қолишди.
– Ҳаммангиз «Фалақ» сурасини ёд биласиз-а?!
– Ҳа!
– «غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ» («зулматга чўмган кечанинг ёмонлигидан…») нима дегани, айтиб бера оласизларми?
Ҳамма жим.
Кейин айтдим:
– Биродарлар! Агар шу йиғинларингизда бир оятнинг тафсирини ё биргина ҳадис ўқисангиз ёки болаларингизнинг тарбияси ҳақида бош қотирсангиз, қизларингизнинг муаммоларига ечим истасангиз, бу гаплардан кўра ўзингиз учун анча фойдали иш қилган бўлардингиз. Сизларнинг бундай гурунгларингиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига жуда мос тушади: «Қай бир қавм бир йиғинда ўтириб, унда Аллоҳни зикр қилмаса ва пайғамбарларига саловот айтмаса, уларга ҳасрат ва надомат бўлади. Аллоҳ истаса уларни азоблайди, истаса кечиради» (Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).
У зот яна айтганлар: «Қай бир қавм бир мажлисда Аллоҳни зикр қилмай туриб кетса, худди ўлиб сасиб кетган эшакнинг жасади устидан тургандек бўлади ва бу улар учун ҳасрат бўлади» (Абу Довуд ривояти, саҳиҳ).
Кейин айтдим: – Мана, Ибн Касирнинг тафсирлари олдингиздаги стол устида ётибди, нега ундан фойдаланмайсизлар?! Ўзингиз диннинг асосларини яхши билмайсиз, қандай қилиб унга ёрдам берасизлар, қандай қилиб одамларни унга даъват қиласизлар?! Агар ҳозир намознинг ё рўзанинг баъзи аҳкомларидан сўрасам, кўпчилигингиз билмайсиз!.
Кейин ҳақларига дуо қилиб, мажлисни якунладим.
Даъватчи биродарлардан бири айтади:
Рамазон ойида Америкада эдим. Оила, болалар тарбияси, динда мустаҳкам туриш воситалари мавзусида араб тилида маъруза қилдим. Маъруза ҳали якунига етмасдан туриб, бир киши ўрнидан туриб: «Нега фалончи ҳоким фалон-фалон ишларни қилади?!», деб сўради.
Мен унга босиқлик билан: «Саволлар маъруза мавзусига тааллуқли бўлса яхши бўларди», дедим.
Бошқа бир киши туриб: «Нега фалон давлат фалон давлатга уруш қилаяпти?!», деди.
Мен узр айтиб, жавоб бермадим. Чунки, жавоб беришнинг фойдаси ҳам йўқ эди ўзи.
Шунда улардан бири қизишиб, мени жавоб беришдан қўрқаяпти деган гумонда деди:
– Эй шайх! Қўрқоқлик қилманг! Шаҳидларнинг саййиди зўравон ҳоким олдида туриб, ҳақ гапни ошкор айтгани учун ўлдирилган киши бўлади! Ҳақни айтаверинг, султонга етиб борса, нари борса ўлдиради-да!! Ё сиз шаҳидлар саййиди бўлишни истамайсизми?!
Мен дедим:
– Унда мана бундай қилсак, нима дейсиз? Сизга йўлкирага пул йиғиб берсак, сиз эса юртингизга қайтиб бориб, президент … олдида ҳақ сўзни айтасиз. У сизни ўлимга ҳукм қилади ва сиз шаҳидлар саййидига айланасиз. Биз эса сиздан кейин, иншооллоҳ…
Гурр этиб кулги кўтарилди. Ҳамма қотиб-қотиб куларди… Кейин эса масжидда шовқин-сурон ва эътирозлар кўтарилди.
Мен баланд овозда хитоб қилдим:
– Ҳой жамоат! Мен сизларга бугунги ҳаётларингизга тааллуқли бўлган, алам-аччиғини тортиб турганингиз масалада гапирсам, сизлар ўн йиллар гапирилса ҳам бекорга кетадиган гаплар билан вақтни бекорга кетказаяпсизлар.
Сўнг овозимни яна ҳам баландлатиб, дедим:
– Қай бирингиз қизини зинодан тўсишга қурби етади?!
– Қай бирингиз хотинини ўйнаш тутишдан ман қила олади?!
– Қай бирингиз боласини ароқ ичишдан ё фаҳш ишдан тўса олади?!
– Қай бирингиз фарзандларини намозга ё рўзага ё ҳаромлардан тийилишга ё бошқа жинс вакили билан аралашмасликка мажбурлай олади?!
Ҳамма жим бўлиб қолди.
Кейин улардан бири ўрнидан туриб деди: «Бу айтганларингиздан биронтасини қилишга ҳеч биримиз ботинолмаймиз, эй шайх! Қасам ичиб айтаманки, ҳеч кимимиз қилолмаймиз! Агар қизимни ё ўғлимни бирон нарсадан тўсадиган бўлсам, у устимдан полицияга арз қилади.. Ҳатто аёлим ҳам!».
Мен айтдим:
– Азиз дўстлар! Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳеч бирингиздан фалон ҳоким ё фалон давлат ҳақида ё нефтнинг нархи тўғрисида, ундан келаётган фойдалар қаёққа сарф бўлгани ҳақида сўрамайди. Бундай ишлар ҳақидаги гаплар атрофимизни ўраб турган воқеъни билиш бобидан бўлганда ҳам ҳеч қандай фойда келтирмайди. Энди йиғинлару мажлисларни фақат шу мавзудаги гаплар билан ўтказиш бизнинг аҳволимизга ҳеч муносиб келмайди! Бу гаплар фақат жанжал ва хусуматга сабаб бўлади, холос! Бунинг эса ҳеч кераги йўқ. Бу нарсалар ҳақида билмаслик қиёмат куни сизларга зарар келтирмайди.
Лекин, Аллоҳга қасамки, сизлардан ҳар бирингиз қиёмат куни фарзандлари тўғрисида, уларнинг тарбияси ҳақида саволга тутилади. Аёли ва қизларининг номусини сақлаганми, йўқми эканидан сўралади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло ҳар бир бошлиқни ўзининг раияти ҳақида, уларни асрадими ё зое қилдими, сўроққа тутади. Ҳатто, киши ўз хонадони аҳли ҳақида сўроққа тутилади» (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари, саҳиҳ).
Шу гапларни айтганимдан кейин ҳаммаси жим бўлиб қолишди.
Севикли биродарим! Илм олишга, динингиздаги аҳкомларни билишга рағбат қилинг. Бунинг учун фойдали китоблар мутолаа қилиш, фойдали кассеталар тинглаш, толиби илмлар билан суҳбатлашиш, илм мажлисларида иштирок этиш керак бўлади. Кунингизни битта бўлса ҳам янги бир фойдали нарсани ўрганмасдан ўтказиб юборманг. Ўзингизга савол беринг: Қуръонингизни пухталаб олаяпсизми? Бир кунда қанча вақтингиз фойдали китоблар ўқишга сарф бўлаяпти-ю, қанча вақтингиз телевизор қаршисида ўтаяпти? Кейин иккаласини таққослаб кўринг ва ўзингизга: «Бу дин кўп вақтимни уни ўрганиш, ўргатиш ва даъват қилишга бахш этишимга лойиқми?!» деб савол беринг.
Азиз дўстим! Ўзингиз учун фойдали ишларга қизиқинг, Аллоҳдан мадад сўранг, ялқов ва ожиз бўлманг. Фаол ва таъсир ўтказувчан бўлинг. Бирон йиғинга чақирилсангиз, бирон фойдали китоб кўтариб бориб, ўн дақиқа бўлса ҳам уларга шундан ўқиб беринг. Тунги намознинг фазли ҳақидами, Аллоҳнинг зикри ҳақидами, садақанинг фазли ҳақидами, майли, қандай мавзуда бўлса ҳам, уларга манфаатли бўлсин.. Токи шу билан бу мажлис малоикалар қанотлари билан ўраб турадиган ва раҳмат қамраб оладиган, Аллоҳ таоло Ўз ҳузуридагиларга сизларни зикр қиладиган мажлисга айлансин.
Аллоҳ таолодан сизни қаерда бўлманг, баракотли кишилардан қилишини сўрайман. Амийн.
Ўнинчи насиҳат:
Бекорчилик кўп ёмонликларга олиб боради. Улардан энг ёмони кўп гапириш, ғийбат ва миш-миш гапларга берилишдир. Кўрасизки, бир талай муҳожир биродарлар ора кунда йиғилишиб, бировнинг ғийбатини қилиб ё обрўсига чанг солиб ё шахсий ҳаётини титкилаб ё ўзларидан сўралмаган ва бировларга тааллуқли бўлган гаплардан гаплашиб ўтиришади.
Баъзан бунга ҳасад сабаб бўлади..
Баъзан қалблардаги мараз ва адоват тўлиб-тошади..
Азиз биродар! Битта шаҳарда яшаб турган мусулмонлар ўзаро сафларимизни бирлаштиришга қодир бўлмаймиз-у, қандай қилиб ислом умматини бирлаштиришни орзу қиламиз?!
Мусулмонларга нисбатан дил софлиги ва кўнгил тозалиги ҳам энг катта ибодатлардан ва жаннат аҳлининг белгиларидан саналади: «Биз (жаннатлардаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига рўбарў ўтирган зотларнинг дилларидаги ҳар қандай гина-кудуратларни чиқариб ташладик» (Ҳижр: 47).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзлари нақадар ажойиб:
У зотдан: «Одамларнинг энг афзали ким?» деб сўралганда «Дили тоза ва ростгўй киши», деб жавоб бердилар. «Ростгўйликни биламиз, дили тоза одам қандай бўлади?», дейилганда: «Тақводор, покиза, гуноҳ, тажовуз, ғиллу-ғашлик ва ҳасаддан тоза одам», дедилар (Ибн Можа ривояти, саҳиҳ).
Мусулмонларга яхшилик қилинг, гарчи улар сизга ёмонлик қилсалар ҳам…
Уларга ҳалимлик кўрсатинг, гарчи улар сизга қўполлик қилишса ҳам…
Мусулмон биродарларингизга нисбатан бағрикенглик қилинг…
Дунё ўткинчи, ғирр этиб ўтиб кетади.
Жуда кўп одам намоз билан, садақа билан, рўза билан Аллоҳга қурбат ҳосил қила олиши мумкин. Бироқ, мусулмонларга нисбатан дилини соф қилиш билан Аллоҳга қурбат ҳосил қила оладигани жуда кам бўлади.
Аллоҳ таоло сизнинг қалбингизга боқиб, унда мусулмонларга нисбатан ғиллу-ғашлик ва ҳасадни кўришидан ҳазир бўлинг!!
Ўн биринчи насиҳат:
Насроний аёлга уйланишдан эҳтиёт бўлинг! Сиз: «Бундай қилиш ислом шариатида жоиз-ку!» деб менга эътироз билдиришингиз мумкин. Тўғри, жоиз… Лекин, бундай турмуш қуриш ортидан келган ва келаётган оқибатларга назар солинг… Аксарият ҳолларда болалар тарбиясининг зое бўлиши… Эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар… Баъзан эрнинг диндан чиқиб кетиши ва номигагина мусулмон бўлиб қолиши… На намоз, на Аллоҳга даъват, на ҳижоб, на аралашиб юришдан сақланиш…
Қасам ичиб айтаманки, насроний аёлларга уйланган мусулмон эркаклар ҳаётида буларнинг ҳаммасини мен ўз кўзим билан кўрдим.
Ўн иккинчи насиҳат:
Сиз динингизни кимдан ўрганасиз, кимнинг фатволарини оласиз?!
Бу жуда муҳим савол.. Чунки, эътибор берсангиз, кўпчилик муҳожир биродарлар кўпроқ рухсатлар ортидан қувишади.. Хоҳиш-ҳаволарига мос келадиган фатво берадиган муфтийларни хуш кўришади.. Айримлар ҳаволарига мувофиқ келувчи фатвони эшитсалар, бошлари осмонга етиб: «Мана шу олим ҳақиқий олим-да! Бу шайх воқеликни яхши тушунади.. Мусулмонларнинг алам-ташвишлари билан яшайди», дейишади. Улар учун фарқи ҳам, қизиғи ҳам йўқ, ўша шайхнинг фатвоси Китобу Суннатга зид келадими.. Динни емиришга хизмат қиладими.. Шаръий далилларга нисбатан енгил қараш мавжудми.. Рухсат қидириб, ҳужжати заиф гапларни ушлаб олиш борми.. Муҳими, фатво бор, вассалом!!..
Мусулмон биродар!
Қиёмат куни Аллоҳ таоло сиздан фақат бир нарсани сўрайди: «(Аллоҳ) уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» дейди» (Қасас: 65).. Фалон-фалон шайх тўғрисида сўрамайди.. Фақатгина Китобу Суннатга эргашиш ҳақида сўрайди.
Бояги муҳим саволимни яна бир бор такрорлайман: «Сиз динингизни кимдан ўрганасиз?!»
Салла-чопон кийган ва телеканалларга чиқадиганларнинг ҳаммаси ҳам муфтий бўлавермайди! Дин учун манба бўлишга ярайвермайди!
Муфтийликнинг меъёри ва миқёси шуки, берган фатвоси Китобу Суннатга мувофиқ келсин. Хоҳиш-ҳавога эргашиб, сизни Аллоҳнинг йўлидан адаштирадиган бўлмасин.
Ислом марказларидан бирида маъруза қилдим. Маърузадан сўнг бир киши олдимга келиб: «Шайх, сиз нега (эркак-аёллар ўртасидаги) аралашиб юриш масаласида қаттиқлик қиласиз?! Фалон телеканалда доктор унвонли фалон шайх тўй-маросимларда, йиғинларда эркагу хотинлар аралашиб юрсалар бўлаверади, ниятлари яхши бўлса бўлди, бир-бирларига шаҳват назари билан боқмасалар бўлди, деди-ку?!!», деб қолди.
Бошқа бир жойда маърузадан сўнг бир киши: – Шайх, судхўрликнинг ҳукми нима?, – деб сўради.
– Ҳамма шакли, ҳамма кўриниши ҳаром, – деб жавоб бердим.
– Фалон телеканалда фалон шайх чиқиб, судхўрлик ҳозирда аср заруратларидан бирига айланган, шуғулланишнинг зарари йўқ, деб айтди-ку!!, деди у.
Бошқа бири мендан куй-қўшиқ ва мусиқанинг ҳукми ҳақида сўради. Жавобимни эшитгач, фалон шайх уни ҳалол деб фатво берганини айтди.
Азиз биродар! Динингизни унга чанг солмоқчи бўлган ва уни бузишга интилган ҳар кимнинг ўлжасига айлантириб қўйманг! Қиёматда ўзингизга ўзингиз жавоб берасиз! Аллоҳ таоло сиздан: «Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» (Қасас: 65) деб сўрайди.
Охирги насиҳат:
Аллоҳ таолонинг ҳузурида туришингизни ёдда тутинг ва билингки, бу дунё ўткинчидир, абадий қароргоҳ эмас!.. Аллоҳ таолодан чиройли хотима сўранг.
Бир биродар ҳикоя қилади:
Канадада тиббиёт факултетида ўқирдим. Шифохонада жонлантириш (реанимация) хонасидаги беморлар устида навбатчилик қилган бир куним асло эсимдан чиқмайди. Учинчи рақамли каравотда ётган беморнинг исми диққатимни ўзига тортди: Муҳаммад…
Мен унинг оғзи ва бурнига уланган кўплаб ускуналар ва резина ичаклар орасида кўринмай кетган юзига энгашиб қарадим. СПИД касалига чалинган йигирма беш ёшлар чамасидаги йигит, икки кун олдин ўпкасида ўткир яллиғланиш билан шифохонага келтирилган экан. Аҳволи жуда-жуда оғир эди. Ундан ҳол-аҳвол сўраш мақсадида қулоғига оғзимни яқинлаштириб, оҳиста: «Муҳаммад! Муҳаммад!» деб чақирдим. У мени эшитди, лекин жавоб беришга қурби етмай, бир нималар деб шивирлади. Мен унинг уйига қўнғироқ қилдим, телефонга онаси жавоб берди. Лаҳжасидан унинг келиб чиқиши Ливанлик экани сезилиб турарди. У билан сўзлашувдан маълум бўлишича, Муҳаммаднинг отаси катта савдогар бўлиб, бир неча қандолатчилик моллари дўкони эгаси экан. Онага ўғлининг аҳволини тушунтирдим. У билан сўзлашувим асносида бирдан йигитга улаб қўйилган жиҳозлардан чийиллаб, қон айланиши кескин тушиб кетганини англатувчи огоҳлантириш сигнали кела бошлади. Мен онаси билан суҳбатни узиб, унга: «Тезда етиб келмасангиз бўлмайди», деб қичқирдим. У: «Ҳозир бандман, бўшаганимдан кейин бораман», деди. «Унда фурсат ўтган бўлиши мумкин!», дедим ва гўшакни ташладим. Ярим соатлардан кейин ҳамшира бемор йигитнинг онаси келиб, мен билан учрашмоқчи бўлаётганини айтди. Мен унинг киришига изн бердим. Ўрта ёшли бир аёл, кўринишидан мусулмон деб ўйламайсиз.. У ўғлининг аҳволини кўргач, бўғзидан фарёди отилди. Мен уни тинчлантиришга уриндим ва: «Аллоҳга боғланинг, Ундан ўғлингизга шифо сўранг!», дедим. У ҳайрат ичра: «Сиз мусулмонмисиз?!», деб сўради. «Алҳамду лиллаҳ», дедим мен. У: «Биз ҳам мусулмонмиз», деди. «Жуда яхши.. Нега унинг боши устида ўтириб, Қуръон ўқимайсиз, шояд Аллоҳ дардини енгиллаштирар?!», дедим. Она бир оз гарангсиб қараб тургач, овозлари титраганча: «А?! Қуръон?! Билмайман!! Қуръондан ҳеч нарса ёд олмаганман!!», деди. Мен: «Унда қандай намоз ўқийсиз?! «Фотиҳа»ни ҳам ёд билмайсизми?!», деб сўрадим. «Биз бу мамлакатга кўчиб келганимиздан бери фақатгина ҳайит намозларини ўқиймиз», деди. Мен ундан ўғли ҳақида сўрадим. «Туппа-тузик эди, ўша қиз сабабли шу аҳволга тушди», деди у. «Намоз ўқирмиди?», деб сўрадим. «Йўқ, лекин умримнинг охирида ҳажга бораман деб ният қилиб юрарди», деди.
Огоҳлантириш ускунаси тобора қаттиқроқ овоз чиқара бошлади. Мен бечора йигитга яқинлашдим.. У ўлим талвасасини бошдан кечирарди.. Ускуна тобора чийиллар, онаизорнинг йиғиси атрофни тутганди.. Ҳамширалар гарангсиб қараб туришарди. Мен йигитнинг қулоғига оғзимни яқин қилиб: «Ла илаҳа иллаллоҳ, де.. Ла илаҳа иллаллоҳ, де», дедим. Ундан овоз чиқмади. Мен яна: «Ла илаҳа иллаллоҳ, де», дедим. У мени эшитаётган эди. Бироз ўзига келгандек бўлиб, менга қарашга уринди. Бечора, бутун вужуди қийналар, кўзларидан ёш оқар, юзи қорайиб кетган эди.. Мен яна: «Айт: Ла илаҳа иллаллоҳ, де», дедим.. Шунда у қийналиб, узуқ-юлуқ қилиб гапира бошлади: «О-о-ҳ.. О-о-ҳ.. Чидай олмайман.. О-о-ҳ.. Оғриқ қолдирувчи беринг.. О-о-ҳ.. О-о-ҳ..».. Мен эса ўзимни йиғидан зўрға тутиб, тинмай унга ла илаҳа иллаллоҳ дегин деб ёлворардим.. Бирдан унинг лаблари қимирлай бошлади. Мен суюниб кетдим.. Эй худойим, ниҳоят айтадиган бўлди.. Ҳозир айтади.. Бироқ унинг лабларидан: «I cant.. I cant.. Маъшуқам.. Маъшуқамни кўришни истайман.. Чидолмайман.. Чидолмайман…» деган сўзлар чиқди.. Онаизор эса тинмай, ўксиб-ўксиб йиғларди… Томир уриши сусайиб борар, сўнгги нафаслар кириб-чиқаётган эди.. Мен ўзимни тутолмай, ҳўнграб юбордим ва унинг қўлидан ушлаб: «Ўтинаман сендан.. Ла илаҳа иллаллоҳ дегин», деб ялина бошладим. Бироқ, ялинишларим бефойда кетди. Юрак уриши тўхтади.. Йигитнинг юзи қоп-қорайиб кетди.. Унинг жони узилганди. Она унинг устига ўзини отиб, фарёд чека бошлади. Мен бу манзарани кўриб, ўзимни тўхтатолмай қолдим.. Барча тиббий урфларни унутиб, онага қараб қичқирдим: «Сен!! Сен жавобгарсан!! Сен ва отаси жавобгарсизлар!! Омонатни зое қилдинглар, Аллоҳ сизларни зое қилсин!! Омонатни зое қилдинглар, Аллоҳ сизларни зое қилсин!!».. «Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).
Муҳожир биродар!
Шу бечоранинг аҳволи ҳақида бир фикр юритиб кўринг. Унинг ўрнида сизнинг ўғлингиз ё қизингиз, инингиз бўлса, ё ўзингиз бўлиб қолсангиз нима бўларди?! Шундай экан, Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиб қолинг.. «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102)..
Барча ҳолатингизда Аллоҳга илтижо қилинг, барча ишларингизда Ундан мадад ва тавфиқ сўранг. Ундан солиҳ зурриёт сўранг. «Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир» (Фурқон: 74).
Ундан динда саботли қилишини, фитналардан нажот беришини сўранг.. «Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102)..
Барча ҳолатингизда Аллоҳ таолонинг зикрига маҳкам бўлинг.. «Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар» (Аҳзоб: 41).
Нафсингиз маъсиятга чорлаганда Аллоҳнинг кўриб турганини ҳис қилинг. Билингки, У сизни кўриб ва кузатиб турибди!
Қисқаси, ўзингиз билан Парвардигорингиз ўртасида махфий алоқа ўрнатинг, у тунги намоз, махфий рўза ё садақа, даъват ва одамларга насиҳат кўринишида бўлиши мумкин.. Унутманг, ким фаровонлик пайтида Аллоҳга танилиб олса, машаққатлар пайтида Аллоҳ уни танийди! Аллоҳдан сизни ҳифзи-ҳимоясида асрашини ва сизга тавфиқ ато этишини сўрайман.
Сўзим охирида айтаманки: Эй муҳожир мусулмон! Эй биродарим! Мен бу насиҳатларни чин қалбимдан, сизга фақат яхшилик истаб айтдим. Мен бу сўзларга қалб қўримни ва жон торларимни қўшдим.
Сиздан фақат ғойибона дуодан бошқа ҳеч қандай тилагим йўқ. Раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зот мени ва сизни Ўз раҳматига олсин.
Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Сизни севувчи биродарингиз Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий.
1.02.1420ҳ, 4.05.2000м.
Араб тилидан таржимаси 9.09.2009. ниҳоясига етди.