Мусибат пайтида ўқиладиган қунут дуоси ҳақида

    Доктор Юсуф ибн Абдуллоҳ Аҳмад
    Исмоил Ёқуб таржимаси

    Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига ҳамда то қиёматгача уларга яхшилик билан эргашган кишиларга салавоту саломлар бўлсин.

    Ислом уммати ернинг шарқу ғарбида жуда оғир мусибатларга дучор бўлиб турибди. Мусулмон биродарларимизга уларнинг кофир душманлари зиддига ёрдам беришимиз, бошларидан зулм кўтарилиши йўлида уларга ёрдам кўрсатишимиз, улар ҳақларига дуо қилишимиз биз мусулмонларнинг зиммамизга шаръан вожиб бўлган ишлардан саналади. Ана шундай ҳолларда қилинадиган дуолардан бири мусибатлар пайтида ўқиладиган қунут дуосидир.

    Ушбу мавзу ғоят муҳим ва зарур мавзулардан бўлгани ҳамда кўпчилигимиз унга тааллуқли ҳукмларни билмаслигимизни назарга олиб, мен унга доир ҳукмларни мўжаз суратда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келганидек баён қилиб бериш мақсадида қўлга қалам олдим ва ушбу ҳукмларни қуйидаги кўринишда тартибладим:

    Биринчи: Мусибатлар пайтида беш вақт намознинг ҳаммасида қунут дуоси ўқиш машруъ (шариатда жорий этилган)дир. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Жумладан:

    1) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ва Расулига осий бўлган Раъл, Заквон ва Усайя қабилаларини лаънатлаб, бир ой қунут ўқидилар» (Муттафақун алайҳ. Ҳадис лафзи Имом Муслимга оид).

    2) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Раъл, Заквон, Усайя ва Бани Лаҳён қабилалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзларининг душманлари зиддига ёрдам сўрадилар. У зот уларга етмиш нафар ансорийни мададга юбордилар, биз уларни ўз замоналарида «қорилар» деб атардик. Улар кундузлари ўтинчилик қилиб, тунлари намоз ўқирдилар. Биър Маъуна деган жойга етиб борганларида бу тўрт қабила уларни ўлдирди ва уларга хиёнат қилди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келгач, бир ой бомдод намозида арабларнинг Раъл, Заквон, Усайя ва Бани Лаҳён қабилаларини дуоибад қилиб қунут ўқидилар». Анас айтади: «Биз улар ҳақида (нозил бўлган): «Қавмимизга биз ҳақимизда етказинглар, биз Роббимизга йўлиқдик, у биздан рози бўлди, биз ҳам Ундан рози бўлдик» деган Қуръон (оятларини) ўқидик, сўнг (у оятлар) кўтарилди» (Имом Бухорий ривояти).

    3) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қунут шом ва бомдод намозларида эди» (Имом Бухорий ривояти).

    4) Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод ва шом намозларида қунут ўқидилар» (Имом Муслим ривояти).

    5) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозининг охирги ракаатида «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганларидан сўнг қуйидагича қунут дуосини ўқирдилар:

    اللَّهُمَّ أَنْجِ عَيَّاشَ بْنَ أَبِي رَبِيعَةَ اللَّهُمَّ أَنْجِ الْوَلِيدَ بْنَ الْوَلِيدِ اللَّهُمَّ أَنْجِ سَلَمَةَ بْنَ هِشَامٍ اللَّهُمَّ أَنْجِ الْمُسْتَضْعَفِينَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اللَّهُمَّ اشْدُدْ وَطْأَتَكَ عَلَى مُضَرَ اللَّهُمَّ اجْعَلْهَا عَلَيْهِمْ سِنِينَ كَسِنِي يُوسُفَ

    «Эй Аллоҳ, Айёш ибн Аби Рабиъага нажот бергин. Эй Аллоҳ, Салама ибн Ҳишомга нажот бергин. Эй Аллоҳ, Валид ибн Валидга нажот бергин. Эй Аллоҳ, заиф-бечора мўминларга нажот бер. Эй Аллоҳ, Музорга азобингни қаттиқ қилгин. Эй Аллоҳ, уни Юсуф (даврида бўлган қаҳатчилик) йилларидек кўп йиллар (қаҳатчилик) қилгин» (Имом Бухорий ривояти).

    6) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у деди: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларига ўхшатиб намоз ўқиб бераман». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу пешин, хуфтон ва бомдод намозларининг охирги ракаатида «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганидан сўнг қунут дуосини ўқиб, мўминлар ҳаққига дуо қилар ва кофирларга лаънат ўқир эди (Муттафақун алайҳ).

    7) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ой узлуксиз пешин, аср, шом, хуфтон, бомдод намозларида ҳар намознинг охирги ракаатида «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганларидан сўнг Бани Сулаймнинг Раъл, Заквон, Усайя қабилаларига дуоибад қилиб, қунут ўқидилар, орқадагилар «омин» деб турардилар»[1].

    Бу ҳадислардан талай масалалар маълум бўлади:

    1) Мусибатлар пайтида қунут ўқишнинг машруълиги. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусибатлар пайтида қунут ўқиш суннатдир. Аҳли ҳадиснинг уламолари шу фикрда бўлган ва бу рошид халифалардан ҳам ривоят қилинган»[2].

    2) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибатлар пайтида беш вақт намозда қунут дуоси ўқиганлар. Улардан бомдод, пешин, шом ва хуфтонда ўқиганлари ҳақида «Саҳиҳи Бухорий»да собит бўлган, асрда ўқиганлари ҳақида имом Аҳмад ва Абу Довудда «жаййид» (ҳасан) санад билан собит бўлган.

    3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қунутлари ҳақида саҳобалар энг кўп ривоят қилгани – юқоридаги ва бошқа ҳадисларда кўриниб турганидек – бомдодда ўқиган эканлари, ундан кейин шом ва хуфтонда, кейин пешинда, кейин асрда ўқиганликлари ҳақидаги ривоятлардир.

    Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусибатлар пайтида бомдод ва бошқа намозларда мўминлар ҳаққига ва кофирлар зиёнига дуо қилиб, қунут ўқиш машруъдир. Умар розияллоҳу анҳу насронийлар билан жанг қилаётган паллада ўқиган қунутида: «Эй Аллоҳ, аҳли китобнинг кофирларини Ўзинг лаънатлагин» деб дуо қилган»[3].

    Яна айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аксар қунутлари бомдод намозида эди»[4].

    Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутган йўллари хусусан мусибатлар пайтида қунут ўқиш ва мусибатлардан бошқа пайтда қунутни тарк қилиш эди. Қунут ўқишларини бомдодга чекламаганлар, балки кўпроқ қунутлари бомдодда бўлган»[5].

    4) Мусибатлар пайтида ўқиладиган қунут охирги ракаатда, рукуъдан бош кўтаргандан кейин ўқилади.

    Иккинчи: Қунут дуоси енгил бўлиши ва узун бўлмаслиги машруъдир. Анас розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдодда қунут ўқиганмилар?» деб сўралди. Анас: «Ҳа, рукуъдан кейин енгил кўринишда», деб жавоб берди (Имом Муслим ривояти). Юқоридаги ҳадислардан маълум бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қунутлари қисқа жумлалардан иборат эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига муваффақ бўлган киши бахтли инсондир.

    Учинчи: Дуода ўша пайтда мусулмонлар бошига тушиб турган мусибатнинг ўзига чекланиш ва қунутида бошқа дуоларга ўтмаслик. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганларидек, бошга тушиб турган мусибатнинг ўзига чекланилади.

    Юқорида ўтган ва бошқа далиллардан маълум бўлишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ой қунут ўқиганларида ҳамма қунутларида ўша битта дуонинг ўзини такрорлаганлар, орада айрим енгил фарқлар бўлган бўлиши мумкин.

    Тўртинчи: Қунутни унинг сабаби мавжуд бўлиб турган вақтда, яъни мусулмонлар бошига мусибат ёғилган пайтда ўқиш машруъдир. Сабаб барҳам топгач, қунут ҳам тарк қилинади. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ой қунут ўқишларидан мурод унинг вақтини чеклаш бўлмаган. Чунки у зот уларнинг ҳаққига қунут дуоси ўқиган кишилар озод бўлиб келишлари билан сабаб йўқолгач, қунутни ҳам тўхтатганлар. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ой намозларида рукуъдан сўнг қунут ўқидилар. «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дегач, қунутларида қуйидаги дуони ўқирдилар: «Эй Аллоҳ, Айёш ибн Аби Рабиъага нажот бергин. Эй Аллоҳ, Салама ибн Ҳишомга нажот бергин. Эй Аллоҳ, Валид ибн Валидга нажот бергин. Эй Аллоҳ, заиф-бечора мўминларга нажот бер. Эй Аллоҳ, Музорга азобингни қаттиқ қилгин. Эй Аллоҳ, уни Юсуф (даврида бўлган қаҳатчилик) йилларидек кўп йиллар (қаҳатчилик) қилгин». Сўнг мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кейинроқ ушбу дуоларини тарк қилганларини кўрдим ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ҳақларига дуо қилишни тарк қилганларини кўрмоқдаман» деган эдим, менга: «Билмадингми, улар қайтиб келишди», дейилди (Имом Муслим ривояти).

    Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибатлар пайтида бир қавмнинг ҳаққига дуо қилиб, бир қавмга эса дуоибад қилиб қунут ўқидилар, сўнг ҳақларига дуо қилган кишилари асирликдан қутулиб келишгач ҳамда дуоибад қилган кишилари тавба қилиб, Исломни қабул қилиб келишгач, дуони тарк қилдилар. У зотнинг қунутлари фавқулодда сабаб туфайли бўлиб, бу сабаб йўқ бўлгач, қунутни ҳам тўхтатдилар»[6].

    Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан розияллоҳу анҳуга таълим берган: «Аллоҳуммаҳ-дина фийман ҳадайта» деб бошланувчи қунут дуоси фақат витр намозидаги қунутда ўқилувчи дуодир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибатлар пайтидаги қунутларида бу дуони ўқиганлари саҳиҳ ҳадисларда келмаган.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусибат пайтида қунут ўқиш ва унда душманга муносиб келадиган сўзлар билан дуо қилиш суннатдир»[7].

    Яна айтади: «Қунут ўқувчи киши ҳар бир мусибат пайтида ўша мусибатга мос келувчи сўзлар билан дуо қилиши мақсадга мувофиқдир. Агар ҳақларига дуо қилаётган мусулмон кишиларнинг ва зарарларига дуо қилаётган кофир душманларнинг исмларини айтса, яна ҳам яхшироқ бўлади»[8].

    Яна айтади: «Умар розияллоҳу анҳу мусулмонлар бошига мусибат келганида қунут ўқиди ва қунутда ўша мусибатга мос келувчи дуо қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам аввалда қориларни қатл қилган Бани Сулайм қабилаларига қарши дуо қилганларида мақсадларига муносиб келувчи дуо қилгандилар. Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам заиф-ночор саҳобалари ҳақларига дуо қилганларида ҳам мақсадларига муносиб келувчи дуо билан дуо қилдилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва у зотнинг рошид халифаларининг суннатлари икки нарсага далолат қилади:

    1) Қунут дуоси уни тақозо қиладиган сабаб топилган пайтда машруъдир, намоздаги доимий суннат эмасдир.

    2) Унда ўқиладиган муайян дуо йўқ, балки ҳар бир қунутда ўзига муносиб бўлган дуо билан дуо қилинади. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи ва иккинчи қунутларида ана шундай қилганлар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам фитна пайтида у кишига қарши жангга кирганлар билан урушаётиб, мақсадга муносиб бўлган дуо билан дуо қилган»[9].

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари билан дуо қиламан деган одам бизнинг ушбу кунларимизда: «Эй Аллоҳ, Ғаззадаги мусулмон биродарларимизга Ўзинг нажот бергин, Парвардигоро, уларга Ўзинг нусрат ато этгин, Парвардигоро, яҳудларга ҳамда уларни қўллаб-қувватлаётган ва уларга ёрдам бераётганларга азобингни қаттиқ қилгин, Парвардигоро, уларни Ўзинг лаънат қилгин, Парвардигоро, уларнинг азобини Юсуф (даврида бўлган қаҳатчилик) йилларидек кўп йиллар (қаҳатчилик) қилгин» деб дуо қилса, энг яхши дуони қилган бўлади.

    Олтинчи: Мусибат пайтидаги қунут дуосини имом овозини чиқариб ўқиши суннатдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировнинг зарарига ёки фойдасига дуо қилмоқчи бўлсалар, рукуъдан сўнг қунут ўқирдилар, кўпинча «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакал ҳамд» деганларидан сўнг овозларини чиқариб: «Эй Аллоҳ, Валид ибн Валидга, Салама ибн Ҳишомга, Айёш ибн Аби Рабиъага нажот бергайсан. Эй Аллоҳ, Музорга азобингни қаттиқ қилгайсан. Эй Аллоҳ, уни Юсуф (даврида бўлган қаҳатчилик) йилларидек кўп йиллар (қаҳатчилик) қилгайсан», дердилар (Имом Бухорий ривояти).

    Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қорилар – розияллоҳу анҳум – қатл қилинганда ўқиган қунутлари ҳақидаги ҳадис уни барча намозларда овоз чиқариб ўқиганларини тақозо қилади. Бу Рофиъийнинг сўзидир. Саҳиҳ ёки тўғрироғи овоз чиқаришнинг суннатлигидир»[10].

    Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Менга маълум бўлишича, сажда ҳолати дуолар ижобат бўладиган пайт бўлгани, ҳадисда «Банданинг Парвардигорига энг яқин вақти саждадаги ҳолатидир», дейилгани ва саждада дуога буюрилгани ҳолда мусибат пайтидаги қунут дуосини саждадан аввал тик турган ҳолда ўқишдаги ҳикмат шуки, мусибат пайтидаги қунутдан матлуб (кўзда тутилган иш) муқтадийнинг имомга дуода «омин» дейиш билан бўлса-да шерик бўлишидир. Шунинг учун ҳам уни овоз чиқариб ўқилишига иттифоқ қилганлар»[11].

    Еттинчи: Мусибат пайтидаги қунутда муқтадий имомнинг дуосига «омин» деб туриши суннатдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қунутлари ҳақидаги ҳадисда айтилишича: «У зот Бани Сулаймнинг Раъл, Заквон ва Усайя қабилалари зарарига дуо қилардилар, у зотнинг орқаларида турганлар «омин» деб туришарди»[12].

    Саккизинчи: Мусибат пайтида ўқиладиган қунут дуосида қўлларни кўтариш суннатдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳеч бир ишга уларга (яъни, қориларга) изтироб чекканларича қаттиқ изтироб чекканларини кўрмаганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғадот (бомдод) намозида қўлларини кўтариб, уларни (яъни, қотилларни) дуоибад қилганларини кўрдим»[13].

    Абу Рофиъдан ривоят қилинади: «Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг орқасида намоз ўқидим, у рукуъдан кейин қунут ўқиди, қўлларини кўтариб, овоз чиқариб дуо қилди»[14].

    Имом Нававий айтади: «Абу Усмондан ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу қунутда қўлларини кўтарар эди. Асваддан ривоят қилинишича, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қунутда қўлларини кўтарар эди. Бухорий буни «Намозда қўлларни кўтариш ҳақидаги китоб»да саҳиҳ санад билан ривоят қилган, сўнг охирида (яъни, Бухорий): «Бу ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳоблари томонидан келгани саҳиҳдир», деган» («Ал-мажмуъ», 3/490).

    Эслатмалар:

    1) Қунут дуосидан сўнг қўлни юзга суртиш машруъ эмас. Қўлни юзга суртиш ҳақида келган ривоят заиф, ҳужжатликка ярамайди.

    Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қунут дуосида дуодан фориғ бўлгач, қўлларни юзга суртишни салафлардан бирон кишидан эшитмадим. Намоздан ташқаридаги дуода баъзи ривоятлар билан заиф ҳадис келган бўлса ҳам, бу намознинг ташқарисидаги дуога хосдир. Аммо намоз ичида бундай қилиш на саҳиҳ хабар, на собит асар ва на қиёс билан собит бўлган. Бундай қилмаслик ва салафлар розияллоҳу анҳум қилган ишга чекланиш, яъни намоздаги дуода қўлларни кўтариш ва уларни юзга суртмаслик авлодир»[15].

    Нававий раҳимаҳуллоҳ намоз ичида дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш ҳақида келган фикрнинг заифлигини баён қилиб, бундай деди: «Унинг – яъни, Байҳақийнинг – Шайх Абу Муҳаммад Жувайнийга унинг баъзи ишларини инкор қилиб ёзган машҳур рисоласи бор. Қунутдан кейин қўлни юзга суртиш масаласи ҳам шу жумладандир»[16].

    Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: « Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини юзларига суртганлари борасида битта ё иккита ҳадис бор, улар ҳам ҳужжатликка ярамайди»[17].

    2) Айрим кишиларнинг қунутда: «Эй Аллоҳ, Ўз раҳматинг билан жиноятчи яҳудларга азобингни қаттиқ қил, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи» деб дуо қилишаётганига гувоҳ бўламиз. Бундай дуо қилиш, яъни Аллоҳнинг раҳмат ва мағфират сифатини восита қилиб, душманларга Унинг лаънати ва азобини сўраш муносиб эмас.

    3) Мусибатлар пайтида ўқиладиган қунут дуосини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш билан тугатиш хатодир. Чунки бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон хабар келмаган. Ибодатлардаги асл-асос тавқиф (яъни шариат соҳиби белгилаб берган нарсага чекланиш)дир, бирон сабаб топилганда ёки муайян бир вақтда бирор зикр ё дуони қилиш фақат далил билан бўлиши лозим. Баъзи саҳобалардан (салавот айтиш) содир бўлган, бироқ у витр намозининг қунутига оиддир.

    4) Саҳиҳи ҳадислар ила собит бўлган иш – беш вақт жамоат намозида қунут ўқишдир.

    Аммо жума намозида ва нафл намозларда, шунингдек, ёлғиз ўқилган намозда мусибат пайтидаги қунутни ўқиш ҳақида бирон ҳадис ё маъноси очиқ асар топмадим.

    Абдурраззоқ «Мусаннаф»да (3/194) «Жума куни қунут ўқиш ҳақида боб», Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да (2/46) «Жума кунидаги қунут ҳақида боб», Ибн Мунзир «Авсат»да (4/122) «Жумадаги қунут зикри» деб боб ажратганлар ва баъзи саҳобалардан, шунингдек тобеинлардан жумада қунут ўқиш яхши эмаслиги ва уни тарк қилиш кераклиги ҳақидаги асарларни зикр қилганлар. Лекин улардан бирортасида ўқиш дуруст бўлмаган ва тарк қилиш керак бўлган қунут мусибат пайтидаги қунут экани очиқ айтилмаган. Мазкур асарлар мусибат пайтида ўқиладиган қунутни жума намозида ўқишни ман қилишга очиқ далил бўла олмайди.

    Мардовий айтади: «Жумадан бошқа барча фарз намозларда қунут ўқилади, бу мазҳабдаги саҳиҳ ва ҳужжатли сўздир. Мажд шарҳида ва Ибн Абдус «Тазкира»да шу фикрни танлаганлар, шайх Тақийюддин ҳам шу фикрни ихтиёр этган. Жумада ҳам қунут ўқилади, деган сўз ҳам бор. Қозий шу фикрни танлаган, лекин ҳужжат унинг зиддигадир»[18].

    Ибн Таймия ёлғиз намоз ўқувчи кишининг қунут ўқиши жоизлигини ихтиёр қилган[19].

    Ибодатлардаги асл-асос бир амалнинг жоизлиги очиқ маълум бўлмагунча уни тарк қилиб туришдир. Ушбу масала (яъни, жума, нафл ва ёлғиз ўқилган намозда қунут ўқиш масаласи) қўшимча тадқиқ этиш ва ўрганишга муҳтождир. Валлоҳу аълам.

    5) Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муқтадий ижтиҳод қилса бўладиган ўринларда имомига эргашиши яхшидир. Агар имом қунут ўқиса, у ҳам бирга қунут ўқийди, қунутни тарк қилса, бирга тарк қилади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом унга эргашилиши учун имом қилингандир» ва «Имомларингизга ихтилоф қилманглар», деганлар, «Саҳиҳи Бухорий»да келишича, «(Имомлар) сизларга (имом бўлиб) намоз ўқийдилар. Агар тўғри ўқисалар, савоби сизларга, агар хато ўқисалар, савоби сизларга, гуноҳи уларга», деганлар»[20].

    6) Баъзи уламолар мусибат пайтидаги қунут дуосини мусулмонларнинг имоми (яъни, давлат раҳбари) қилади, оддий мусулмонлар қилмайдилар, дейишган. Аммо бу фикр тўғри эмас. Чунки:

    а) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган амаллар барча мусулмонлар учун умумийдир. Қачон уни у зотнинг ўзларига хослашга очиқ далил келсагина ўша амал умумийликдан мустасно бўлади. Қунутнинг у зотга хос экани ҳақида бирон далил келмаган, демак, бу амал мусулмонлар учун ҳам машруъ эканлигича қолаверади.

    б) Молик ибн Ҳувайрисдан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоздаги амаллари барча мусулмонлар учун умумий эканига очиқ далил бўлади.

    в) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қунут ўқиган, ваҳоланки у мусулмонларнинг имоми эмас эди. «Саҳиҳайн»да келади: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Мен сизларга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларига ўхшатиб намоз ўқиб бераман», деди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу пешин, хуфтон ва бомдод намозларининг охирги ракаатида «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганидан сўнг қунут дуосини ўқиб, мўминлар ҳаққига дуо қилар ва кофирларга лаънат ўқир эди» (Муттафақун алайҳ).

    7) Замондош уламолардан баъзилари намозда мусибат пайтида ўқиладиган қунут учун имомнинг (давлат бошлиғининг) изни бўлишини шарт қилади. Бу борада кўп савол тушади. Шу боис бу масалани босимлардан холи тарзда уламолар илмий жиҳатдан ўрганиб чиқишлари лозим бўлади. Мен изланиш ва текширишлар орқали мутақаддим (аввалги) уламолардан бундай шарт қўйган кишини топа олмадим, шунингдек, бу гапнинг далилидан ҳам воқиф бўлмадим. Ибодатлардаги асл-асос тавқифдир. Ибодатга бирон бир зиёда шарт, сабаб, адад, кайфият ё васфни Қуръон ва Суннатдан бўлган бирон далилсиз асло қўша олмаймиз. Акс ҳолда, қўшган зиёдамиз бидъат бўлиб қолади.

    Тавфиқ Аллоҳдандир. Сўзимизнинг охирида оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз.

    [1] Абу Довуд, Аҳмад, Ҳоким учови Собит ибн Язиддан, у Ҳилол ибн Хаббобдан, у Икримадан, у Ибн Аббосдан ривоят қилган ва бу «жаййид» (ҳасан) санаддир. Нававий («Ал-мажмуъ», 3/482) айтади: «Абу Довуд бу ҳадисни ҳасан ёки саҳиҳ санад билан ривоят қилган». Ибн Қаййим («Зодул-маод», 1/280): «Саҳиҳ ҳадис» деган, Ибн Ҳажар («Натоижул-афкор», 2/130): «Ҳасан ҳадис» деган, Албоний ҳасан санаган.
    [2] «Мажмуъул фатово», 23/108.
    [3] «Мажмуъул фатово», 22/270.
    [4] «Мажмуъул фатово», 22/269.
    [5] «Зодул маод», 1/273.
    [6] «Зодул маод», 1/272.
    [7] «Мажмуъул фатово», 21/155.
    [8] «Мажмуъул фатово», 22/271.
    [9] «Мажмуъул фатово», 23/109.
    [10] «Ал-мажмуъ», 3/482.
    [11] «Фатҳул Борий», 2/570.
    [12] Имом Аҳмад ва Абу Довуд жаййид санад билан ривоят қилган.
    [13] Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Нававий («Ал-мажмуъ», 3/479): «Байҳақий саҳиҳ ёки ҳасан санад билан ривоят қилган», деди.
    [14] Байҳақий «Сунан»да (2/212) келтирган ва саҳиҳ деган.
    [15] «Сунани Байҳақий», 2/212.
    [16] «Ал-мажмуъ», 3/480.
    [17] «Мажмуъул фатово», 22/519.
    [18] «Ал-инсоф», 2/175.
    [19] Аввалги манба, 2/175.
    [20] «Мажмуъул фатово», 23/115-116.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963