Бизга боғланинг
Мустаҳкам қоялар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилиб жўнатилган аввалги кунлари. Мусулмонлар сони эндигина ўттиз саккиз кишига етган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Исломни эълон қилишни таклиф қилди.
– Эй Абу Букр биз ҳали жуда озчиликмиз! – дея рад қилдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу таклифларини қайтаравергач рози бўлиб Масжидул Ҳаромга йўл олдилар. Орқаларидан мусулмонлар ҳам эргашиб Масжидул Ҳаромга боришди. Ҳамма ўз қавми даврасига қўшилди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўртага чиқиб одамларни Исломга даъват қила бошлади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб Исломга даъват қилган киши бўлди.
Мушриклар олиҳалари камситилиб, динлари ёмонотлиққа чиқарилаётганини кўришган пайт, бунга чидаб тура олмадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва бошқа мусулмонларга ташлана кетишди. Масжидул Ҳаромнинг ҳар томонида мусулмонларни дўппослашга тушишди. Шу ҳолда ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу дин шиорларини эълон қиларди. Унинг овозини ўчириш мақсадида кўплашиб ташланишди ва уни ерга ётқизиб олиб тепа бошлашди. Утба ибн Рабийъа исмли бадбахт келиб Абу Бакрни — розияллоҳу анҳу — ерда ётганидан фойдаланиб кўксига ўтириб олди. Хурмо баргларидан тўқилган ковиши билан юзларига ура бошлади. Айлантириб ҳар урганида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бетларини тилиб ташларди. Юзлари қонталаш бўлиб шишиб кетди. Бадбахт фосиқ эса Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳушидан кетганига қарамай савалашда давом этарди.
Ахийри Масжидул Ҳаромда бўлаётган ишлардан хабар топган Абу Бакрнинг қавми Бану Тайм бир-бирларини чақириб тўпланиб келишди ва кўплашиб Абу Бакр розияллоҳу анҳуни фосиқнинг қўлидан қутқаришди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳуни уйига келтиришганда ўлганида шубҳа қилишмасди. Унда на бир ҳаракат ва на бир овоз бор. Шу алфозда кун ботгунча ётди. Кейин аста ўзига келиб бир нарсаларни пичирлади. Ёрилиб кетган лаблари бўйсунмас эди. Ўғлиниг ҳолига йиғлаб ўтирган отаси сергак тортиб дарров қулоғини тутди. Ёрилган лаблар аранг пичирлаётган сўз: – Расулуллоҳга нима қилди? – эди. Буни эшитган отаси шарт турдию норозиларча жўнаб қолди.
– Ношуд! Аҳволини қара-ю дардини қара! Ўзининг ҳолини билармикин!?
Онаизори бошида ўтириб ҳолижонига қўймай гоҳ овқат, гоҳ сув тутқазарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса фақат ўша саволни қайтарарди: – Расулуллоҳга нима қилди?
Охири онасини жонидан ўтди шекилли:
– Мен дўстинг ҳақида ҳеч нарса билмайман! Ахир ўзингни ўйласангчи!?, деди захарханда оҳангда.
– Онажон! Хаттобнинг қизи Умму Жамилни — розияллоҳу анҳо — биласиз, сиздан илтимос Умму Жамилдан билиб келинг!
Талабини қондирмаса овқат татимаслигини эшитгач, норози ҳолда Умму Жамилникига жўнади.
Умму Жамил розияллоҳу анҳо Исломга кирганини яшириб юрарди. Эшик олдида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳволини сўраб турган Баррага жавоб беришга тутилди. Кейин баланд овозда:
– Мен ҳеч қанақа Абу Бакрни ҳам, Муҳаммадни ҳам билмайман. Боринг кетинг! – кейин паст овозда илова қилди: – лекин жуда истаётган бўлсангиз ўғлингиз олдига бирга борай, кўрайчи нима истаркин. Мумкин ёрдамим тегар!
– Қандай яхши! Юринг! – йўл бошлади Барра.
Умму Жамил Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзлари шишиб моматалоқ бўлиб қонлари оқиб ётганини кўриб қўрққанидан қичқириб юборди: – Сизга нималар қилиб қўйишди! – йиғиси сал босилгач заифлик ўрнини ғазаб эгаллади: – сизни бу аҳволга солган кишилар фисқ ва куфрга лойиқ кишилар. Умидим Аллоҳдан! Аллоҳим албатта сиз учун ўч олади.
– Умму Жамил мени қўятур! Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандайлар, шундан гапир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшимилар?
Умму Жамил розияллоҳу анҳо Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг онасидан ҳадиксираб, жим қараб тураверди.
– Қўрқма, айтавер онамга ишонса бўлади!
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши. Арқам уйидалар.
– Ана истаган нарсангни эшитдинг, қани энди бирор нарса еб олчи! – орага суқилди онаси.
– Йўқ онажон! Мен то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўзларим билан кўрмас эканман Аллоҳга қасамки, томоғимдан ҳеч нарса ўтмайди!
– Шартларинг бирам кўпей! – деди онаси ноилож талабига рози бўларкан.
Қоронғи яхши тушиб, одамлар тинчигунча кутишди. Сўнг икковлари Абу Бакр розияллоҳу анҳуни икки ёнидан суяб Арқам ҳовлисига йўл олдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳолини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзлари жиққа ёшга тўлди. Қучоқлаб ўпдилар. Ҳозир бўлган мусулмонлар ҳам бирин-бирин қучоқлай кетдилар.
– Ота-онам сизга фидо бўлсин эй Расулуллоҳ! Менга – фосиқнинг юзимга урганини айтмасак – ҳеч нарса қилмади! Мен яхшиман! Эй Расулуллоҳ! Бу киши менинг онам бўладилар. Исми Барра. Сиз муборак инсонсиз! Сиздан илтимосим унга дуо қилинг ва ҳаққига Аллоҳдан ҳидоят сўранг, шояд Аллоҳим сиз сабабли уни дўзахдан қутқарса!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Барра ҳаққига дуо қилдилар, кейин Исломга даъват қилдилар. Ўша тун мусулмонлар яна бир кишига кўпайишди.
Тоғдек мустаҳкам бу мусулмонга қаранг! Шунча қаршиликка тик бордилар, ҳақни баралла айтдилар. Оғир аҳволларига қарамай бир кишини бўлсада Исломга киришига интилдилар.