Бизга боғланинг
Мусулмон ҳаётига кинофильмларнинг таъсири
Мўминларни кўзларини ҳаромга қарашдан қайтарган Аллоҳга ҳамду санолар, «Кўзнинг зиноси – қараш», деб айтган Пайғамбаримизга, унинг аҳли байти, саҳобалари ва ул зотга қиёматгача яхшилик билан эргашганларга салавоту саломлар бўлсин.
Бу мавзуни машҳур бир даъватчи олим дарс қилиб ўтган. Устоз дарсни бошлашидан олдин ўқувчилардан бири қисқача кириш сўзи айтган, сўнгра дарс бошланган. Мазкур муқаддимадан бир бўлагини шу ўринда келтириб ўтамиз:
В.И.Ленин бир партия мажлисида: «Коммунистлар ичида коммунизмга энг кўп хизмат қиладиган ким?» деб савол беради. Шунда атрофидагилар баъзи бир фаол коммунистларни тилга олишганида, Лениннинг ўзи саволига жавоб бериб: «Коммунизм учун энг кўп хизмат қиладиган одам кинематографдир, чунки у мингта тартибли коммунистнинг коммунизмга қиладиган хизматини ёлғиз ўзи қилади», деб айтган. Унинг сўзидан киночиларнинг жамиятга таъсири қанчалик катта экани англашилмоқда. Ленин кинонинг таъсири ҳақида ўша замоннинг кинематографиясига қараб айтган. У замондаги кинолар бугунги киноларга солиштирилса, анча «тақводор» бўлиб кўринади. Ўша замонда, ўша жамиятда кинонинг жамиятга таъсири ҳақида шундай сўзлар айтилган бўлса, бугунги кинонинг жамиятга таъсири ҳақида нималар деса бўлади?!
Устоз дарсни бошлар экан, айтади: «Қадим-қадим замонлардан бери Одам алайҳиссалом билан Иблис лаъанаҳуллоҳ ўртасида кураш, бир-бирларига бўлган қарама-қаршилик давом этиб келмоқда. Ер юзида мусулмон бор экан, у билан шайтон ва унинг инсу жиндан бўлган лашкарлари ўртасида кураш давом этаверади. Кофирлар мусулмонларни Исломдан чиқариш, динларини йўқотиш учун, динларини қолоқ, ҳозирги замонга тўғри келмайдиган ёки оғир, амал қилиб бўлмайдиган қилиб кўрсатиш учун ва бундан бошқа ғаразлар йўлида турли-турли ҳийлалар қилишади. Кофирларнинг энг катта макр-ҳийлаларидан бири кинофильмлардир. Улар бутун жамиятга таъсир қилиб, ўзгартириб юбориши мумкин.
Бугунги кунда телевизор ва видеомагнитофонга эга бўлиш муаммо эмас. Йигирма, йигирма беш йил олдин кино кўрмоқчи бўлган одам кечқурунни кутар, кўчага чиқиб кинохона кассаси олдида навбатда турар, агар машҳурроқ кино бўлса, ур-тўполон билан чиптани ўз нархига ёки қимматроққа сотиб олар, сўнгра кино томошасига кирар эди. Аммо бугунги кунда хоҳлаган пайтда, исталган кинони кўриш чой ичишдан кўра енгилроқ бўлиб қолди. Бугунги кунда телеканалларнинг ҳисобига ҳам етиб бўлмаяпти. Телевизор қаршисига чиройли ўрнашиб ўтираётган одам, «мен бир иймонимни қувватлантириб олайин», деган нияти йўқлиги ҳам махфий эмас. Ундай бўлса нима учун ўтирдингиз, деб сўрашнинг ҳожати бўлмаса керак, чунки бу маълум нарса!
Бугун «АҚШ, Мексика, Буюк Британия, Франция, Ҳиндистон ва Русия кинофильмлари иймонни қувватлантиради», деган фикрни, алҳамдулиллаҳ, ҳеч ким кўтармайди. Ҳозирда кинофильмлар мусулмонлар хонадонларининг ич-ичига кириб кетди, ҳатто энг ичкари ётоқхоналаригача кузатиб, ухлатиб қўядиган бўлиб кириб келди. Шунинг учун ҳам халқни кинофильмлардан қайтариш у ёқда турсин, у ҳақда гап очишнинг имкони бўлмаяпти.
Биз бугунги дарсимизда кинофильмларнинг мусулмонга зарарлари ҳақида сўз юритамиз, кейин уларнинг фойдаси қанчаю зарари қанчалигини ўзингиз хулоса қилиб оласиз.
Фильм томоша қилиш мусулмоннинг қалбини тебратади
Биз: «Эй қалбларни тебратувчи Зот, қалбимни динингда мустаҳкам қил, саботли айла», яъни иймонимиз қалқиб турмасин, безовта бўлмасин, бизда яқин-қатъий ишонч қарор топсин, деб Аллоҳдан сўрашга буюрилганмиз. Кинофильмлар мусулмоннинг қалбини тебратиб юборади. Қандай қилиб тебратмасин?! Ҳолбуки, фильмлар энг дабдабали уйларда, энг гўзал маиший жиҳозлар рангида, энг чиройли одамлар иштирокида суратга олинади. Улар фильмда қатнашаётганларида ўзларини роса айш-ишратда яшаётганнамо қилиб кўрсатишади, нопок озиқ-овқатларга, эҳтиросларга берилиб ҳаёт кечиришади. Кинода шундай кўрсатилади. Уни кўраётган одамнинг миясига, ҳаётда шунча ноз-неъматлар бор экан, наҳотки шунча нарсадан маҳрум бўлиб яшасам, деган хаёл урилади. Бу хаёл уни тарк этмайди ва ақли қолиб, нафси билан фикр юрита бошлайди. «Шунча ноз-неъматлардан мени тўсаётган нарса нима?» У тўсиқ дини ва ақидаси бўлиб кўринади. Шайтон қулай фурсатдан фойдаланиб, унга дини ва эътиқодини ёмонлай бошлайди, ҳамма бало шунда, сени шунча нарсадан тўсаётган шу дин, одамларни қара, маза қилиб юришибди, деб васваса қила бошлайди. Шундан кейин унда олдин иккиланиш пайдо бўлади, дини, эътиқоди тебранишга тушади, қалқиб безовта бўлади. Дини тебранганидан кейин инсон субутини йўқотади. Натижада, ибодатларни дангасалик билан қиладиган, қилганда ҳам кино қаҳрамонларининг гап сўзлари, ҳатти-ҳаракатлари ҳақида хаёл суриб қиладиган бўлади ва бориб-бориб — Аллоҳ асрасин — намозни тарк қилиши ҳам мумкин.
Фильмлар туфайли мусулмон динига бўлган ғаюрлигини йўқотади
Кино томоша қилаётган мусулмондан динига бўлган ғаюрлик-қизғонч туйғулар кўтарилади, уларнинг ўрнини эса, ўша кўраётган фильмидаги ахлоқ ва одатлар эгаллайди. Кино кўраётган одам актёрлардан нафратланайин, башараларини кўриб, уларга бўлган ғазабимни бир янгилаб олайин, деб экран қаршисида ўтирмайди, балки роҳатланиб, ҳатто бутун вужуди кўз ва қулоқ бўлиб ўтиради. Аслида, соф мусулмон: «Энг ҳақ дин, энг олий хулқ ва энг олий ҳаёт тарзи, энг олий дунёқараш менда», деб қатъий эътиқод қилади. Агар бутун халойиқ бир томонда бўлиб, унинг ёлғиз ўзи бир томонда қолса ҳам ўзини ҳақ билади, чунки у мусулмон, унинг йўли жаннат йўли, энг тўғри ҳаёт тарзи уники. Бошқалар йўлларининг охири дўзах, ҳаёт тарзлари ботил, залолатдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ наздида мақбул бўлган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон сураси, 19).
Айни суранинг 85–89-оятларида бундай дейди: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўлади. Иймон келтириб, пайғамбарнинг ҳақ пайғамбар эканига гувоҳ бўлишганидан кейин ва уларга далил-оятлар келганидан кейин кофир бўлган кимсаларни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди. Уларнинг жазоси — устларига тушажак Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънатидир. Улар азоблари енгиллатилмаган ҳолда дўзахда абадий қолгувчилардир ва уларга (бу азоб бирон лаҳза) кечиктирилмайди».
Фильмларни томоша қилаётган одамда динга бўлган ғаюрлик кўтарилишига сабаб кино қаҳрамонлари кофир ва бадбахт инсонлар эканидир. Бу кинолар куфр оламидан кириб келган, у ерларда ароқ ва зино ҳаром ҳисобланмайди. Демак, мазкур фильмлар орқали кириб келаётган фалсафа, дунёқараш, турмуш тарзи мусулмонникининг ғирт акси. Ароқхўрлик базмлари, ярим яланғоч ойимлар билан ўйинга тушиш, бўса олишлар, «тунги клублар»дан лавҳалар… Буларга термилиб ўтирган мусулмоннинг диний ғайрати қандай ҳам йўқолмасин?! Диний ғайрати бор одам Аллоҳ ҳаром қилган бирон иш содир бўлаётганини кўрса, Аллоҳ учун ғазаби келиб, дарҳол бу мункар ишни тўхтатишга ҳаракат қилади. Кино томоша қилиб ўтирган мусулмонда ғайрат қолмаганидан бировни қайтариш у ёқда турсин, ўзи қайтарилишга лойиқ бўлиб ўтирибди.
Аллоҳ ҳар бир мусулмоннинг қалбига диний ғаюрлик-жонкуярликни берсин!
Мусулмон одам кинофильм кўраётганида ғайридинларнинг ақидаларидан таъсирланади
Кинофильмларнинг аксарияти у ёки бу йўл билан уни ишлаб чиқарувчиларнинг динига тарғиб қилади ёки ўз ақидасини сингдиришга ҳаракат қилади. Масалан, кино қаҳрамон бирор ишга киришаётганида, ёрдамга муҳтож бўлиб қолганида ўзларининг ботил олиҳаларига сиғинади, ибодат рамзи бўлган ҳаракатларни қилади. Улар кинофильмлар орқали Яратувчи, ҳаётнинг бошланиши, ғайб олами; фаришталар, жинлар, жаннат ва дўзах ҳақидаги ўз ақидаларини тасвирлаб, томошабинларга сингдиришади. Натижада, мусулмон киши фаришталарни хаёлига келтирса, қайсидир фильмда кўрган нуроний (аёл шаклидаги) махлуқотни тасаввур қилса, жаннат ва дўзах ҳақида фикр юритганда дунёнинг энг гўзал манзараларини ёки қайнаб турган катта дошқозонни кўз ўнгига келтиради. Ҳолбуки, жаннат ва дўзах улар тасвирлаган нарсалардан минг чандон фарқли. Ҳаётнинг бошланишини эса, Дарвин назарияси бўйича тушунадилар. Мусулмон киши қандай қилиб Одам алайҳиссалом ва Ҳаво Момони ўз фарзандлари билан ибтидоий жамоа тузумида яшаган деб тасаввур этади?! Одам алайҳиссалом пайғамбар бўлган, Аллоҳ унга барча нарсаларнинг номини ўргатган, уларга кийим туширган, нимани емоқ ҳалол, нимани емоқ ҳаромлигини баён қилган. Буларнинг барчасига Қуръонда далил бор, рисоламиз чўзилиб кетмаслиги учун уларни зикр қилиб ўтирмаймиз.
Булардан ташқари, мусулмон киши кинофильмлар томоша қилиш сабабли ўзига кўплаб моддий, маънавий ва диний зарарлар юқтиради. Ахлоқи бузилади, ўрнакни солиҳ салафлар қолиб, киноактёрлардан олади. Биз зарарга одамлар тушунчаси билан эмас, Ислом тушунчаси билан қараймиз. Қиёмат куни савобни камайтирадиган, ундан маҳрум қиладиган ёки жазога дучор қиладиган ҳар бир ҳаракат ва амал зарардир. Абу Масъуд розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат кунида тўрт нарсадан сўралмай туриб одам фарзандининг оёқлари турган жойидан кимирламайди: умрини қандай ўтказганидан; йигитлигида нима амаллар қилганидан; бойликларини қаердан топиб, қаерларга сарф этганидан ва илмига қандай амал қилганидан», дедилар» (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис).
Мазкур ҳадис тарозисига фильм томоша қилувчи мусулмонни солиб қарайлик: кино унинг соатлаб вақтини олади-ку! Қайси оқил кино кўриш учун сарфлаган умрига, экран қаршисида ёшлик даврини хазон қилганига, кино учун сарфлаган жарақ-жарақ пулларига Аллоҳ менга ажр беради, деб айтади?!
Кинонинг маънавий зарарларидан: томошабин юриш-туришда, кийинишда, таомланишда, гап-сўзларда кино қаҳрамонларига тақлид қилади. Бу алфоздаги мусулмонни кўрган кишида унинг мусулмонлигига шубҳа уйғонади.
Сериалларни томоша қилиш орқали, хусусан, Мексика сериалларидан ака қандай қилиб уканинг хотини билан ўйнашишни, оталар ўғлининг жуфти ҳалолини ўзига маъшуқа қилиб олишни, хотин эри йўқ пайтларда кимлар билан, қандай қилиб дон олишишни, хуллас, турмушда қандай хиёнатлар бўлса, барини ўта намунали суратда таълим олади. Бу нарсалар мусулмоннинг дини ва ахлоқига қўшиб, охиратини ҳам барбод қилади. Фильм қаҳрамони кулса, кулади, қайғурса, қайғуради, ҳатто йиғласа, йиғлайди. Аслида, мусулмон киши Аллоҳ учун дўстлашиши ва Аллоҳ учун ёвлашиши керак бўлган ўринда кофирларни яхши кўриб, уларнинг душманларини ёмон кўра бошлайди.
Кўз қалбнинг туйнуги, дейилган. Инсоннинг қалби оқ қоғозга ўхшайди, ҳар бир қилинган гуноҳ сабабли унга бир қора нуқта тушади. Нуқталар тушаверади-тушаверади, охир-оқибат қалб қоп-қора бўлади. Ана энди у яхшиликка буюрмайдиган ва ёмонликдан қайтармайдиган бўлиб қолади. У Аллоҳ азза ва жалла «Мутаффифийн» сурасида хабар берган дил эгасидир: «Улар жазо (қиёмат) кунини ёлғон дейдиган кимсалардир! У (кун)ни фақат барча гуноҳга ботган тажовузкоргина ёлғон дер! Қачон (ундай кимсага) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, у: «(Бу) аввалгилардан (қолган) афсоналар», дер. Йўқ (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!» (12–14-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аъзоларнинг зиносини зикр этарканлар: «Кўзнинг зиноси (ҳаромга) қараш», деганлар. Мусулмон эркак ва аёл кўзини ҳаромдан сақлашга буюрилган: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта, Аллоҳ улар қилаётган ишлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда (зарурат сабабли) кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги одатий ҳижоб либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкларкларини (юзларига қўшиб бошларидан ташлаган) рўмоллари билан тўссинлар!» (Нур сураси, 30–31-оятлар).
Эй мусулмон биродар, шунча гаплардан кейин яна кинога қайтасизми ёки ўзингизни бир ҳисоб-китоб қилиб, сизни яратган, кўрадиган икки кўзни сизга инъом этган, тинч-тотувликда яшатиб қўйган Раббингиздан ҳаё қилиб, бу ишингизни ташлайсизми? Агар ташласангиз, сизга жаннат бўлсин! Ташламасангиз, Одил Парвардигордан қилмишингизга яраша жазо олишга ҳам тайёрланинг, У бандаларига зулм қилмайдиган адолатли Зотдир!
Суҳбатимизга «Қоф» сурасидан баъзи оятларнинг маъноларини келтириш билан якун ясаймиз. (Танбеҳ: Оятларда келган «кофир» калимаси мутлақ кофирга ҳам, мусулмонман деятуриб, Аллоҳнинг буйруқларидан юз ўгираётган, Унинг неъматларига нонкўр бўлаётганларга ҳам тегишлидир.)
«Аниқки, инсонни Биз яратганмиз, (демак) унинг нафси васваса қиладиган (яъни кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам биламиз. Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқмиз. Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилувчи (ёзиб турувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар. У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур). Мана ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб) келди. (Эй инсон,) бу (ўлим) сен қочгувчи бўлган нарсадир. (Қайта тирилишга даъват қилгувчи) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган Кундир! Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдагувчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик бергувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди. (Эй инсон,) аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни (яъни мана бу Қиёмат Куни ҳақидаги шак-шубҳаларингни) очиб юбордик. Энди бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир. Унинг (осийнинг) яқини-ҳамроҳи (бўлган, унинг қилиб ўтган гуноҳларини ёзиб-гувоҳлик бергувчи фаришта) деди: «Мана бу (номаи аъмол) менинг ҳузуримда ҳозиру нозир бўлган нарсадир». (Шундан кейин дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур): «Барча (Ҳаққа қаршилик қилгувчи) қайсар, яхшиликни манъ қилгувчи, зўравон ва (Аллоҳнинг динига шак келтиргувчи) кофир-кўрнамакни жаҳаннамга ташланглар! (Қай) бир кимса Аллоҳ билан бирга бошқа бир «илоҳ» қилиб олса (яъни ёлғиз Аллоҳга бирон нарса ё кимсани шерик қилса), бас, уни қаттиқ азобга ташланглар!» Унинг яқини (бўлган шайтон): «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (ҳақ йўлдан) йироқ-залолатда бўлди», деди. (Аллоҳ кофир ва унинг шайтонига) айтди: «Менинг даргоҳимда талашиб-тортишманглар, аниқки, Мен илгари сизларга (кофир ва осий бўлганлар охиратда азобга гирифтор бўлишлари тўғрисида) ваъда қилганман. Менинг даргоҳимда (ваъда қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга зулм қилгувчи ҳам эмасдирман». У Кунда Биз жаҳаннамга «тўлиб битдингми?» дермиз, у эса «Яна қўшимча борми?» дер.
И з о ҳ . Юқоридаги оятларда ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсаларнинг Қиёмат кунида кечадиган аҳвол-кўргуликлари батафсил баён этилгач, энди тақво эгалари учун тайёрлаб қуйилган жаннат манзаралари тасвирланади.
Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилди (ва уларга дейилди): «Мана шу (неъматлар) сизларга — ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи, (ўз аҳдини) сақлагувчи (риоя қилгувчи), ғайбдаги Раҳмондан қўрққан ва тавба-тазарру қилган дил билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир. Унга (жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу (кун) мангу (қоладиган) Кундир». Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир» (16–35-оятлар).
Нашрга Ислом Нури таҳририяти тайёрлади.
05.08.2005 й.