Бизга боғланинг
Мусулмон одам ҳижрат ниятида тарк қилган юртига қайтиб боришининг ҳукми
Савол:
Мусулмон одам яқин қариндошларини зиёрат қилиш учун ҳижрат ниятида тарк қилган давлатига қайтиб бориши жоизми? Агар жоиз бўлса, ўша давлатда қолиш муддати белгиланганми?
Жавоб:
Аллоҳ таолога ҳамдлар, Расулуллоҳ, у кишининг оиласи ва саҳобаларга салоту саломлар бўлсин! Аммо баъд:
Мусулмон одам куфр ва мункар ишлар авж олиши (устувор бўлиши) ёки ислом шиор (маросим, ибодат)ларини адо қила олмаслик каби муайян сабабларга кўра ҳижрат қилган давлатдан мазкур сабаблар кетса, у ерга қайтиб боришининг зиёни йўқ. Зеро, ҳукм сабабнинг бор ёки йўқлигига боғлиқ бўлади. Нафақат яқин қариндошларни зиёрат қилиш учун, балки, у ерда яна қайта истиқомат қилиш учун қайтса ҳам бўлади. Бироқ, мазкур одам у ерга доимий истиқомат қилиш учун қайтмагани афзал, чунки салафи солиҳлар Аллоҳ таоло учун тарк қилган нарсаларига қайтишни ёқтирмасдилар.
Ҳижрат ниятида тарк қилинган юртда уч кунгина қолишнинг жоизлиги, куфр диёрлари фатҳ бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳижрат қилган мусулмонларга хос бўлган. Агар улардан бири қариндошларини зиёрат қилиш ёки бошқа эҳтиёжлари учун ҳижрат ниятида тарк қилган диёрига борса, эҳтиёжларини тамомлагандан сўнг у ерда уч кундан ортиқ қолиши мумкин эмас эди.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар: “Маккадан ҳижрат қилган муҳожир ҳаж ибодатини бажариб бўлганидан сўнг у ерда уч кун қолиши мумкин”[Муслим: 1352].
- Имом Нававийроҳимаҳуллоҳ айтади: “Гўёки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч кундан ортиқ қолиши мумкин эмас”, дедилар. Ҳадиснинг маъноси: Макка фатҳ бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига у ердан ҳижрат қилиб келган муҳожирлар Маккада қайта истиқомат қилишлари ва у ерда яшашлари ҳаром қилинган эди. Сўнгра ҳаж, умра ёки бундан бошқа мақсадда у ерга борсалар эҳтиёжларини тамомлаганларидан сўнг Маккада уч кунгача қолишларига рухсат берилди”.
- Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, инсон бирон куфр давлатни ҳижрат ниятида тарк қилса, то ўша давлат мусулмонлар қўлига ўтиб, фатҳ бўлмагунга қадар у ерга қайтиб бориб, яшаши ҳаром саналади. Бордию мусулмонлар қўлига ўтиб, фатҳ бўлса, баъзи уламоларнинг фикрига кўра, у ерга қайтиб бориб, яшаши жоиздир. Имом Нававий ўзининг “Шарҳи Муслим” китобида ушбу фикрни Қози Иёздан нақл қилиб шундай дейди: “Қози Иёз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур ҳадис Макка фатҳидан олдин у ердан ҳижрат қилган муҳожирлар, Макка мусулмонлар қўлига ўтиб, фатҳ бўлгандан сўнг қайтиб у ерда яшашаса бўлмайди, деган уламоларнинг далилидир.Бу жумҳур уламоларнинг фикри. Бир гуруҳ уламолар эса Макка фатҳидан кейин мазкур муҳожирлар у ерга бориб, қайта яшаши жоиз, дейиш билар бирга, Макка фатҳидан олдин Маккада яшовчи ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз жони билан ёрдам бериши учун Мадина шаҳрида яшаши вожиблигини таъкидлаганлар. Аммо муҳожир бўлмаган ва Макка фатҳидан кейин иймон келтирганлар истаган шаҳарларида яшашлари жоизлигига иттифоқ қилишган, хоҳ у Макка бўлсин, ё бошқа шаҳар”.
- Шунга биноан мусулмон одамнинг дини ва жонига бирон хатар бўлмаса, ҳижрат ниятида тарк қилган шаҳарига қайтиб бориб у ерда муайян муддатга чекланмаган ҳолда яшаши жоиз, валлоҳу аълам.