Намозда тўпикни очиш шартми?

    Савол:

    Намоз ўқиётганда оёқдаги тўпиқ суяги очиқ туришлиги шартми, яъни шимни пойчасини қайтариш керакми?

    Жавоб:

    Саволда “шарт” калимаси истеъмол қилинибди. Ибодатда бир нарсани шарт қилинган бўлса, усиз ибодат тўғри бўлмайди. Масалан, таҳорат намоз учун шарт, таҳорат бўлмаса ўқилган намоз намоз бўлмайди.

    Оёқдаги тўпиқни намозда ҳам намоздан ташқарида ҳам устки кийимлар билан ёпилиши гуноҳ экани ва қаттиқ ваъид-жазо ваъда қилингани ҳадисларда собитдир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кийимнинг тўпиқдан пастда бўлгани дўзахдадир». Яъни, шу кийимнинг эгаси дўзахда. Бухорий ривояти. Бошқа ривоятда расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам лунгисини тўпиғидан пастга тушуриб намоз ўқиётган кишини қайта таҳорат қилишга буюрдилар. Бунинг сабабини сўраганларида «У изорини осилтириб намоз ўқиётган эди, Аллоҳ мусбилнинг намозини қабул қилмайди»- деб жавоб бердилар. Абу Довуд ривояти, заиф ҳадис. Уламолар бу ҳадис заиф бўлгани учун унинг ҳукмини олмаганлар, яъни лўнгисини тўпиғидан пастга осилтириб намоз ўқиган одамнинг намоз ботил демаганлар. Лекин бу ҳадис мазкур амалнинг қабиҳлиги ва ундан қайтариш учун айтилган дейишган. Булардан бошқа умумий исбол ҳақида ривоятлар жуда кўп, биз битта намоздан ташқари ва битта намозга хос ривоятни келтириш билан кифояландик.

    Пойчани ҳар намозда қайтариб қийналгандан кўра уни бира тўла тўпиқни устида турадиган қилиб қирқиб ташлаш афзалроқ ва суннатга мувофиқроқ деб биламиз. Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Бу кийимингиз учун тозароқ, роббингиз учун тақволироқ». Бу ярашмайдида дейиладиган бўлса, биз айтамиз: Шўртик кийган кишиларга ярашяпти-ку! Улар тўпиқларинигина эмас, исломда аврат, уни очишлик ҳаром ҳисобланмиш тиззаларининг кўзларини ҳам очиб юрибдиларку!

    Аллоҳ барча мўмин мусулмонларни ўз динига чиройли қайтарсин!

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962