Бизга боғланинг
Нажот кемасидан қолиб кетманг (5)
Қуйидагилар иймонга путур етказувчи энг катта ишлар жумласидандир:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини камситиш, уларни ҳақорат қилиш, ёки у зотнинг аҳли байтларини камситиш.
Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини яхши кўрамиз. Бироқ, улардан бирорталарининг муҳаббатларида ғулув кетмаймиз. На Алий розияллоҳу анҳунинг, на бошқасининг муҳаббатида .
Улардан бирорталаридан ўзимизни пок ва безор ҳам деб санамаймиз. Уларни ёмон кўрганларни ёмон кўрамиз.
Уларни фақат яхшилик билан тилга оламиз. Аллоҳ таоло айтади: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Тавба: 100).
Аҳли сунна вал-жамоанинг саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган ихтилофлар ва жанглар хусусида тутган йўллари – улардан тийилишдир. Улар ҳам инсон бўлишган, инсон хатодан холи эмас. Аллоҳ таоло ушбу фитналарга аралашишдан қиличларимизни сақлаган экан, энди биз тилларимизни ҳам ундан сақлашимиз лозим. Айтамизки, уларнинг қиёмат куни ҳаммаларини жамлаб, ўрталарида ҳукм қиладиган Парвардигорлари бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин халифаликни Абу Бакр розияллоҳу анҳуга исбот қиламиз. Зотан, у киши умматнинг энг пешқадами ва энг афзал кишиси бўлганлар. Сўнг Умар розияллоҳу анҳуга, сўнг Усмон розияллоҳу анҳуга, сўнг Алий розияллоҳу анҳуга исбот қиламиз.
* * *
Қуйидагилар ҳам иймонга путур етказадиган ишлардан
Баъзи мусулмонлар ўзларини Аллоҳга яқинлаштиради деган гумонда пайдо қилган бидъатлар.
Масалан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлудлари муносабати билан йиғилиш қилиш. Издиҳом асносида ўринларидан туришлари. У зотга салом беришлари.
Азиз-авлиёлар, солиҳларнинг мавлудлари муносабати билан йиғилишлар.
Булар ҳаммаси диндаги бидъатлар бўлиб, на Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на саҳобалари қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган бир ишни пайдо қилса, у мардуддир (рад этилажак)», деганлар (Имом Муслим ривояти).
У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «(Динда) янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир» (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Аллоҳ таоло айтади: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Бу каби мавлудларни пайдо қилиш – Аллоҳ бу динни мукаммал қилмаган, ҳатто кейинги асрлар аҳли ўзларини Аллоҳга яқинлаштиришини даъво қилган ушбу маросимларни пайдо қилиш билан динни мукаммал қилганлар, деган маънони билдиради. Бу эса Аллоҳ ва Расулига бўлган эътироз бўлади.
Агар мавлудхонлик маросимлари Аллоҳ рози бўладиган диндан бўлганида эди, албатта Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга бу ҳақда хабар берган бўлардилар.
Ваҳоланки, уламолар мавлудхонлик маросимларини очиқ-ойдин инкор қилганлар, уни кейинчалик пайдо қилинган бидъатлигини эълон қилганлар.
Айниқса, улар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ғулув кетиш содир бўлса, эркак-аёллар орасида аралашиш ҳосил бўлса, ёки мусиқа асбоблари ишлатилса, унинг мункарлиги яна-да ортади.
Баъзан бу каби маросимларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуо-илтижо қилиш, у зотдан мадад тилаш, у зотни ғайбни билишларини даъво қилиш билан катта ширк ҳам юз беради. Бу эса куфр ишларидандир.
Айримлар Бувсирийнинг қуйидаги мазмундаги байтларини такрорлашади:
«Эй халқларнинг энг улуғи бўлган зот! Бошимга кўргуликлар тушган пайтда сиздан бошқа нажоткорим йўқдир.
Агар қиёмат куни сиз мени мағфират қилиб, қўлимдан тутмасангиз, қадамларим тойилиб кетиши аниқдир!
Дунё ва охират сизнинг фазлу карамингиздандир, лавҳу қалам илми сизнинг илмингиздандир».
Бу каби васфлар – ғайбни билиш, қиёмат куни мағфират қилиш, дунё ва охиратга ҳукм юритиш фақат ва фақат осмонлару ернинг мулки Қўлида бўлган Зотга тегишлидир.
Бу каби нарсалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлудлари ёки бошқа азиз-авлиёларнинг мавлудлари муносабати билан ўтказиладиган маросимларда кўп содир бўлади.
Агар бизга эътироз билдириб: «Бу мавлудхонлик йиғилишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни зикр қилинади, у зотнинг сийратлари ўқилади», дейилса, биз айтамизки: «Тўғри, бу яхши гап. Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни зикр қилишни, сийратларини ўқишни йилнинг маълум ой-кунларига чекламасдан, минбарларда, маърузаларда, умумий йиғинларда қилса ҳам бўлаверади-ку!».
Аллоҳ таоло айтган: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).
Биз шу амри илоҳийга бўйсуниб, мавлудхонлик маросимлари масаласида Аллоҳнинг Китобига мурожаат қилиб кўрдик. Аллоҳнинг Китоби бизни пайғамбаримизга эргашишга чақирибди ва ушбу диннинг комил қилингани ҳақида хабар берибди.
Шундан сўнг биз мавлудхонлик маросимларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан қидириб кўрдик. Бироқ, на у зотнинг ўзлари қилганларини, на бунга буюрганларини ва на саҳобалари қилганларини топдик. Шундан билдикки, бу нарса диндан эмас экан. Балки, у кейин пайдо қилинган бидъат экан.
Балки, бу яҳуд ва насороларга уларнинг байрамлари хусусида ўхшашга уриниш экан.
Оқил одам кўпчилик одамларнинг қилаётганлиги билан алданиб қолиши муносиб эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар» (Анъом: 116).
Энг қизиғи
Баъзи одамлар бидъат маросимларда иштирок этишга қаттиқ ҳаракат қилишади, бироқ жумъа ва жамоат намозларига жуда бепарво қарашади.
Баъзилар мавлудхонлик маросимига Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозир бўладилар, деб гумон қилишади. Шу боис марҳабо айтиб, ўринларидан туришади.
Бундай қилиш жаҳолат ва ботил ишдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қабрларидалар. У зот қиёматдан олдин ундан чиқмайдилар. У зотнинг руҳлари Иллиййинда, Раббилари ҳузуридаги Каромат ҳовлисидадир..
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен қиёмат куни қабри биринчи бўлиб ёриладиган кишиман», деганлар.
Аммо, у зотга салавот ва салом айтишга келсак, бу энг афзал ибодатлардан саналади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).
Ҳаммамиз биламизки, банданинг иймони то у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрмагунича ва улуғламагунича комил бўлмайди.
У зотни улуғлаш ва ҳурмат қилиш у зотни имом билиб, у зотга эргашиш билан ҳосил бўлади. У зот шаръий қилиб берган ибодатлардан тажовуз қилмаслик билан бўлади.
Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, меҳрибондир» (Оли Имрон: 31).
* * *
Қуйидагилар кенг тарқалган бидъатлар жумласидандир
Рамазоннинг 27-кечасини йиғилиш билан ўтказиш
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазондаги одати шарифалари ибодатни кўпайтириш эди. Айниқса, охирги ўн кунликда ибодатга зўр берардилар.
«Саҳиҳайн»да келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида (тунги намозда) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», деганлар, «Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида (намозда) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазондаги ва Қадр кечасидаги йўллари шу эди.
Аммо, энди йигирма еттинчи кечани Қадр кечаси деб йиғилишлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига хилоф, бу муносабат билан маросим уюштириш бидъатдир. Хоссатан, қадр кечаси баъзан йигирма еттинчи кечада бўлса, баъзан бошқа кечаларда ҳам бўлиши мумкин.
Исро ва меърож кечасида йиғилиш қилиш
Шубҳасиз, исро ва меърож Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбарликларига далолат қилувчи белгилардан.
Исро ва меърож Китоб ва Суннатда собит бўлган.
Исро ва меърож бўлиб ўтган кечанинг на Ражабнинг, на бошқа ойнинг қайси кечаси бўлганини аниқ билдирувчи саҳиҳ ҳадислар мавжуд эмас.
Мабодо, аниқ бўлган тақдирда ҳам, уни ибодат ё маросимларга хослаш жоиз эмас.
Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари бу кеча муносабати билан йиғилиш қилмаганлар, унга бирон ибодатни хосламаганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатни етказганлар, омонатни адо этганлар. Агар ушбу кечани улуғлаш ва шу муносабат билан маросим ўтказиш Аллоҳнинг динидан бўлганида, у зот албатта буни баён қилган бўлардилар.
* * *
Шаъбоннинг ўртасидаги кечада йиғилиш қилиш, унинг наҳорини рўзага хослаш
Бунга ҳам эътимод қилса бўлгудек далил келмаган. Унинг фазли ҳақида суянишга ярамайдиган заиф ҳадислар келган.
Аммо, бу кечада намоз ўқишнинг фазли ҳақида келган ҳадислар ҳаммаси мавзуъ (тўқима)дир. Бу ҳақда Ибн Ражаб огоҳлантирганлар.
Ибн Ваддоҳ Зайд ибн Асламдан ривоят қилади: «Машойихларимиздан ва фуқаҳоларимиздан бирорталарини Шаъбоннинг ўртасидаги кечага илтифот қилганларини билмадик».
* * *
Ва ниҳоят
Уламолар зикр қилишларича, мусулмон киши баъзан динни бузувчи бир қанча амаллар сабабли динидан муртад бўлиб, қони ва моли ҳалол бўлиб қолади. Шу билан Исломдан чиқиб қолади.
Улар ичида энг хатарлилари ва энг кўп содир бўладиганлари ўнта ишдир:
Биринчи: Ибодатда Аллоҳ таолога ширк келтириш. Бу ҳақда айтиб ўтилди.
Иккинчи: Ким ўзи билан Аллоҳ ўртасида воситачилар қилиб, уларга дуо қилса, улардан шафоат сўраса, уларга таваккул қилса, билиттифоқ кофир бўлади.
Учинчи: Ким мушрикларни кофир санамаса ё уларнинг кофирликларига шубҳа қилса ё уларнинг йўлларини тўғри санаса, кофир бўлади.
Тўртинчи: Ким Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан бошқа йўл у зотнинг йўлларидан кўра мукаммалроқ деб эътиқод қилса, ёки бошқанинг ҳукмини у зотнинг ҳукмларидан яхшироқ деб билса, масалан, тоғутларнинг (яъни золим ҳокимларнинг) ҳукмини у зотнинг ҳукмларидан яхшироқ деб билса, кофир бўлади.
Қуйидагилар ҳам шунга киради: Ким инсонлар тузган қонун-қоидаларни Ислом шариатидан афзал ё унга тенг деб кўрса, ёки ўша қонунлар билан ҳукм қилиш жоиз деб эътиқод қилса (ҳатто, агарчи шариат билан ҳукм қилиш афзал деб эътиқод қилса ҳам), ёки Ислом низомини татбиқ қилиш ҳозирги асрга ярамайди деб эътиқод қилса, ёки Ислом низоми мусулмонларнинг қолоқликка кетишларига сабаб бўлди деб ёки уни инсоннинг Парвардигори билан бўлган алоқасига чеклаб, ҳаётнинг бошқа тармоқларига аралаштирмаслик керак деб эътиқод қилса.
Шунингдек, ўғрининг қўлини кесиш ё турмуш кўрган бўла туриб, зинокорлик қилган кишини тошбўрон қилиш ҳозирги асрга тўғри келмайди деб эътиқод қилса.
Шунингдек, муомалаларда ёки ҳад (шаръий жазо)ларда ё бошқасида Аллоҳнинг шариатидан бошқа билан ҳукм қилиш жоиз деб эътиқод қилса, гарчи уни шариат ҳукмидан афзал деб эътиқод қилмаса ҳам. Чунки, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаган бўлади. Кимки, динда маълум-у машҳур бўлган, масалан, зинокорлик, маст қилувчи ичимлик ичиш, судхўрлик, Аллоҳнинг шариатидан бошқа билан ҳукм қилиш каби Аллоҳ ҳаром санаган нарсани ҳалол санаса, (юқорида санаб ўтилган эътиқодлардан биронтаси унда топилса) у мусулмонлар ижмоъи-иттифоқи билан кофирдир.
Бешинчи: Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шариатдан бирон нарсани ёмон кўрса – гарчи ўзи унга амал қилса ҳам – кофир бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Кофир бўлган кимсалар учун эса ҳалокат бўлур ва (Аллоҳ) уларнинг амалларини зое кетказур. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсаларни (яъни, Қуръон ва ундаги ҳукмларни) ёмон кўрганларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг амалларини беҳуда кетказди», деди (Муҳаммад: 8, 9).
Олтинчи: Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динидан ёки бу диндаги савоб ё иқобдан бирон нарсани масхара қилса, кофир бўлади. Далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66).
Еттинчи: Сеҳргарлик. Шу жумладан, иситма-совутма қилиш (яъни, эр-хотинни бир-бирига иситиш ё совутиш). Ким шу ишларни қилса ё унга рози бўлса, кофир бўлади. Далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» (Бақара: 102).
Саккизинчи: Мушриклар билан ҳамкорлик қилиш ва мусулмонлар зиддига уларга ёрдам бериш. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51).
Тўққизинчи: Кимда-ким айрим кишиларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларидан чиқиши жоиз бўлади, худди Хизрнинг Мусо алайҳиссалом шариатидан чиқиши дуруст бўлгани каби, деб эътиқод қилса, – айрим сўфийлар улардан шаръий таклифотлар соқит бўлганини даъво қилишгани каби – ундай одам кофир бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтган: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85).
Ўнинчи: Аллоҳнинг динидан юз ўгириш. Уни ўрганмаслик ва унга амал қилмаслик. Далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Ўз Парвардигорининг оятлари билан панд-насихат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олувчидирмиз» (Сажда: 22).
* * *
Бенамозликдан сақланинг!
Энг катта жиноят ва энг улкан гуноҳ – намозни тарк қилишдир!
Бенамозлар шайтоннинг ёрдамчиларидир. Раҳмоннинг душманларидир. Мўминларнинг рақибларидир. Кофирларнинг дўстларидир.
Улар қиёмат майдонида Фиръавн ва Ҳомонлар билан турадилар. Улар билан бирга дўзахга кирадилар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши билан куфр – ёки ширк – ўртасида намозни тарк қилиши туради», деганлар.
Имом Термизий ва Имом Ҳоким саҳиҳ санад билан Абдуллоҳ ибн Шақиқдан ривоят қилишларича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари амаллар ичида фақат намозни тарк этмоқнигина куфр деб билардилар», деганлар.
Шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Агар бенамозни куфрга ҳукм қилсак, бу унга муртадларга қўлланиладиган ҳукмлар қўлланиши кераклигини тақозо қилади. Уни никоҳлаш дуруст бўлмайди. Агар бенамоз ҳолида никоҳ қилинган бўлса, никоҳи ботил бўлади. Агар никоҳ ақди тузилганидан кейин намозни ташласа, никоҳи бекор бўлади, аёли унга ҳалол бўлмайди. У сўйган ҳайвонни еб бўлмайди, чунки ҳаром бўлади. Уни Маккага киритилмайди. Бирон қариндоши вафот этса, унинг меросда ҳаққи бўлмайди. Ўлса, ювилмайди, кафанланмайди, жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига қўйилмайди. Қиёмат куни кофирлар билан бирга туради. Жаннатга кирмайди. Аҳли-оиласи унга раҳмат ва мағфират тилаб дуо қилишлари дуруст бўлмайди, чунки у кофирдир».
Бенамозларнинг ўлим пайтидаги ҳолатлари жуда оғир ва қўрқинчлидир.
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ зикр қилади:
Гуноҳларга кўмилиб юрган ва тоат-ибодатларга бепарво бир одамга ўлим вақти яқинлашганда яқинлари унинг атрофига йиғилишиб, унга Аллоҳни эслатиб, «ла илаҳа иллаллоҳ»ни талқин қила бошладилар.
У кўз ёшларини базўр тиярди. Жон чиқиш пайти етгач, у бор овози билан ҳайқирди: «Мен «ла илаҳа иллалллоҳ» дейинми?! Энди менга «ла илаҳа иллаллоҳ» нима фойда етказа оларди?! Умримда Аллоҳ учун бир бор намоз ўқиганимни билмайман!!». Шундай деб унинг жони узилди.
Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр ўлим тўшагида ётиб, сўнгги нафасларини санаркан, аҳли-оиласи атрофида йиғлаб ўтиришарди. Ўлим билан олишаркан, муаззиннинг шом намозига азон чақираётгани унинг қулоғига кирди. Нафаси бўғзида хириллаб турганди. Жон бериши қийинлашиб, анча қийналганди.
Азонни эшитгач, ёнидагиларга:
– Қўлимдан ушлаб, тургизинглар, – деди.
– Қаёққа?! – дейишди.
– Масжидга.
– Шу ҳолда-я?!
– Субҳаналлоҳ!! Намозга чорловчининг овозини эшитиб туриб, ижобат қилмайманми?! Қўлимдан ушланглар!!
Икки киши унинг қўлтиқларидан олди. Имом билан бир ракъат намоз ўқигач, саждада жони узилди. Ҳа, саждада жон берди!!
Ато ибн Соиб айтади:
Абу Абдурраҳмон ас-Суламийнинг олдига кирдик. У бемор ҳолида масжидда жойнамози устида экан. Аҳволи анча оғирлашиб қолган, жон таслим қилиш олдида эди. Унга раҳмимиз келиб: «Тўшагингизга ётсангиз, анча енгил тортармидингиз.», дедик. У аранг нафас оларкан, деди: Менга фалончи сўзлаб беришича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биронтангиз (масжидда) намозни кутиб ўтирар экан, намозда тургандай (савобга эга) бўлади», деган эканлар. Мен мана шу ҳолда жоним олинишини истайман.
Ким намозни барпо қиларкан, Хожасининг тоатида сабр қиларкан, умрининг хотимасида Унинг ризосига етишади.
Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу солиҳ ва тоат-ибодатли зот эди. Тун уни тунги йиғилар билан таниган, кундуз эса намоз ва истиғфор билан таниган эди.
Бану Қурайза ғазотида жароҳатланди. Бир неча кун ётиб, вафот этди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг вафоти хабари етгач, саҳобаларга: «Юринглар уникига», дедилар. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «У зот (йўлга) чиқдилар, биз ҳам чиқдик. Қадамларини тезлатдилар, (у зотга етиб юрамиз деб) ҳатто оёқ кийимларимизнинг ипи узилиб кетди, ридоларимиз тушиб қолди. Асҳоблари у зотнинг шошилишларидан ажабланганларида: «Малоикалар биздан илгари бориб, уни ҳам худди Ҳанзалани ювгандек ювиб қўйишмасин деб қўрқаман», дедилар.
Саъднинг уйига етиб боришганда у вафот этган, асҳоблари уни ювишаётган, онаси йиғлаб ўтирарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир йиғловчи аёл ёлғондан йиғлайди, Саъднинг онаси бундан мустасно», дедилар.
Сўнгра уни қабрга элтиш учун кўтариб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уни кузатиб бордилар. Одамлар: «Ё Расулуллоҳ, бундан кўра енгилроқ маййитни кўтармаганмиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нега ҳам енгил бўлмасин, ахир шу кунгача (ер юзига) тушмаган шунча-шунча малоика тушиб келиб, уни сизлар билан бирга кўтардилар. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, малоикалар Саъднинг руҳига хушхабар бердилар, унинг вафотидан Арш ҳам ларзага келди», дедилар.
«Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур. Улар у жойларда мангу қолар эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар» (Каҳф: 107, 108).
* * *
Энг катта гуноҳлардан яна бири закот бермасликдир. Закот Ислом рукнларидан учинчи рукндир.
«Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бир тилла ва кумуш эгаси уларнинг ҳаққини (яъни закотини) адо этмаса, қиёмат куни ўтдан бўлган тамға қилиниб, уни жаҳаннам оловида қиздирилиб, у кишининг биқинига, пешонасига, орқасига босилади. Совуб қолса, яна қайтадан (қиздириб) олиб келинади, миқдори эллик минг йилга тенг бўлган бир кунда, то бандалар ўртасида ҳукм қилиб бўлингунча (шундай қилинади), сўнг у ўзининг ё жаннатга, ё дўзахга бўлган йўлини кўради».
Имом Бухорий ривоят қилан ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимга Аллоҳ мол-дунё берган бўлса-ю, унинг закотини адо этмаган бўлса, мол-дунёси Қиёмат куни кўзлари устида иккита нуқта бўлган, (заҳри кучлилигидан) боши ялтираб кетган катта илонга айланиб, уни ўраб олади, сўнг уни жағлари орасига олиб: «Мен сенинг молингман, мен сенинг хазинангман», дейди». Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни ўқидилар: «Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари Қиёмат Кунида бўйинларига ўралажак! (Барча жонли-жонсиз нарсалар кетар ва) осмонлару Ер мерос бўлиб Аллоҳнинг ўзига қолур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Оли Имрон: 180).
* * *
Сўзим охирида
Муҳтарам биродарим! Муҳтарама сингилжон!
«Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилувчи(нинг даъвати)ни қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур» (Аҳқоф: 31).
Аллоҳга қасамки, мен сизга холис насиҳат қилувчиман. Мана, ҳақ сизга равшан бўлди. Билдингизки, дин битта, бўлинмас экан. Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ. У абадий тирик ва барҳаётдир. Ягона ва беҳожат Зотдир. У Ўзига бошқа бировнинг шерик қилинишига рози бўлмайди.
Сиз «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат — дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топувчидирмиз» (Зухруф: 22) дейдиган кишилардан бўлиб қолманг, балки: «Биз муваҳҳидмиз, тоат-ибодат қилувчимиз, ҳақ динга эргашувчимиз» деб айтинг.
Мозорларга бориб қон чиқараётган, қабрлар олдида Аллоҳга ширк келтираётган кишиларнинг кўплиги сизни алдаб қўймасин!.
Мозорда ётган пирларининг мусибатларни аритишлари, дуоларни ижобат қилишлари ҳақида улар тўқиган қисса ва афсоналарнинг кўплиги бошингизни айлантириб қўймасин!.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толибни кўринг. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканларини, Ислом ҳақ дин эканини тасдиқлаган эди. Бут-санамларга сиғинишни ташлаган эди. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, қуйидаги мазмунда шеър ўқиган эди:
«Аллоҳга қасамки, улар ҳаммаси бир бўлиб ҳам то мен тупроққа бош қўймагунимча сизга тега олмайдилар.
Сиз мени даъват қилдингиз ва мен сизнинг холис насиҳатчи эканингизни билдим. Сиз рост айтдингиз ва сиз ичимизда энг омонатли кишимизсиз.
Сиз шундай динни намоён этдингизки, мен унинг оламдаги энг яхши дин эканини билдим.
Маломат ва ҳақоратлардан қўрқувим бўлмаганда эди, менинг бу динга қучоқ очганимни кўрган бўлардингиз».
Лекин, ота-боболарига хилоф қилишдан қўрқиши уни ҳақ динга эргашишига монеълик қилди.
Қаранг, кексайиб, мункиллаб қолган ҳолида, ўлим тўшагида ётганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бошида туриб, кўз ёшларини зўрға тийиб: «Эй амаки, «ла илаҳа иллаллоҳ» денг, «ла илаҳа иллаллоҳ» денг», дедилар.
Қурайш кофирлари ҳам унинг бошида туриб олишганди. У ҳар сафар энди тавҳид калимасини айтишга чоғланганида улар: «Абдулмутталибнинг динидан юз ўгирасанми?!» деб қайтаришарди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни калимаи шаҳодатни айтишга чорлашдан тўхтамас, улар ҳам ота-боболарининг динидан юз ўгирмасликка чорлашдан чарчашмас эди.
Шундай қилиб, у ота-боболарининг динида вафот этди. Бутпарастликда, Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўлди.
Ўлди. Ва бу дунёдан кетди. Унинг қароргоҳи энди жаҳаннам бўлди. Зотан, Аллоҳ таоло жаннатни кофирларга ҳаром қилган.
«Саҳиҳайн»да келган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, амакингиз сизни эҳтиётлар эди, сизга ёрдам берарди. Сиз ҳам ундан (Аллоҳнинг азобидан) бирон нарсани беҳожат қилдингизми?», деб сўралди. У зот дедилар: «Ҳа. Мен уни дўзах гирдоблари ичида кўрдим. Сўнг уни дўзахнинг юзасига чиқардим. Икки оёғи остида иккита чўғ бўлиб, улар билан унинг мияси қайнаб туради».
* * *
Бутларни майдалаб ташлаган, Байтуллоҳни бино қилган Иброҳим алайҳиссаломни кўринг.
Хожаси йўлида имтиҳонларга гирифтор бўлган, Аллоҳ йўлида азоб тортган зот эди. Шу киши ҳам қиёмат куни ўз отасига ҳам ёрдам беролмайди. Чунки, отаси Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўтганди.
«Саҳиҳул Бухорий»да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
Қиёмат куни Иброҳим отаси Озарга йўлиқади. Озарнинг юзида чанг-ғубор ва қоралик бўлади. Иброҳим унга: «Менга осий бўлманг деб айтмаганмидим сизга?!», дейди. «Мана, бугун сенга осий бўлмайман», дейди отаси.
Иброҳим айтади: «Эй Парвардигор! Сен қайта тириладиган кунда мени шарманда қилмасликка ваъда берган эдинг. (Раҳматингдан) узоқлатилган отамнинг шармандалигидан кўра ёмонроқ шармандалик борми?!».
Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Мен жаннатни кофирларга ҳаром қилдим».
Сўнг айтилади: «Эй Иброҳим! Оёқларинг остидаги нима?»
Қараса, (отаси) булғаниб ётган бир бўри(га айланиб қолган).
Унинг оёқларидан ушлаб, дўзахга ташланади.
Огоҳ бўлинг ва шуларнинг ҳаммасини ёдда тутинг.
«У Кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотини-ю, бола-чақасидан ҳам қочур! 37. (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур!» (Абаса: 34-37).
«У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуъаро: 88, 89).
Ҳаққа қайтувчи бўлинг, бошқаларга насиҳат қилувчи бўлинг, тавҳидга чорловчи бўлинг.
Барчамизга Аллоҳдан рушду ҳидоят сўрайман. Валлоҳу таъала аълам.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.
Доктор Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий ёзди
1.11.1430ҳ, 19.10.2009м.