Бизга боғланинг
Ноҳақ одам ўлдириш
سلسلة اجتنبوا السبع الموبقات
قتل النفس التي حرم الله
«Етти ҳалок қилувчилардан сақланингиз»
силсиласи
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.
Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд…
Маълумки, «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб бораётган эдик:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.
Бугунги суҳбатимиз мазкур ҳадисда зикр қилинган гуноҳи кабираларнинг учинчиси, яъни ноҳақ одам ўлдириш мавзусида бўлади.
Мавзунинг узунлигидан келиб чиқиб, уни қуйидаги моддаларга бўлиб олиб борамиз:
- Биринчи: Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида жон ва қоннинг ҳурмати.
- Иккинчи: Ўзини ўлдирган ва ўз жонига қасд қилган кишининг ҳукми.
- Учинчи: Билмасдан ўлдириб қўйишнинг ҳукми.
- Тўртинчи: Қасддан одам ўлдирган киши тавба қилса мақбул бўладими?
Биринчи: Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида жон ва қоннинг ҳурмати
Аллоҳ йўлидаги дўстларим!
Аллоҳ таоло инсонни ғоят мукаррам этди. Уни Ўз қўли билан яратиб, Ўз руҳидан киргизди, малоикаларини унга сажда қилдирди, еру осмонлардаги барча нарсани унга бўйсундирди.
Унинг қўлидан тутиб, тўғри йўлга йўллайдиган элчиларини юборди, у учун дунё ва охират саодатига кафил бўлувчи шариатни туширди.
Бу шариат инсонни тойилиш ва йўлдан озишдан сақлайдиган ва барча ёмонликлардан асрайдиган тўғри, ҳақ манҳаждир.
У инсоннинг қалбига шифо бахш этувчи, руҳини тирилтирувчи, ақлини қониқтирувчи ва баданини асровчи зилол чашма, сахий ва серфайз булоқдир.
Шу туфайли бу мукаммал шариат инсонга уни юксалтирадиган ва мукаррам этадиган барча ҳақ-ҳуқуқларга кафил бўлди.
Яшаш ҳуқуқи бу ҳақ-ҳуқуқлар ичида энг биринчи ўринда туради. У ҳеч ким оёқости қилиши ва ҳурматини поймол қилиши мумкин бўлмаган жуда катта ҳақ-ҳуқуқдир.
Ислом ноҳақ одам ўлдиришни гуноҳи кабира санайди.
У Аллоҳ таолонинг Китобида Аллоҳга ширк келтиришдан кейинги ўринда турувчи катта гуноҳ дейилган.
Бировнинг жонини уни яратган Зотдан бошқаси ёки У Зот халқлари учун машруъ қилиб қўйган шариат доирасида У томонидан бўлган амрсиз олишга ҳеч ким ҳақли бўлмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларини яхши билувчи, уларнинг ҳолларидан яхши хабардор Зот, уларни нима ислоҳ қилишини ҳам, нима бузишини ҳам Ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло айтади: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14).
Ҳамма нарсани билувчи ва ҳамма нарсадан хабардор Зот ноҳақ одам ўлдиришни ҳаром қилиб, айтади: «Айтинг: Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз: ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз — Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз — бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин)» (Анъом: 151).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалок қилувчи катта гуноҳларни санарканлар, айтганлар: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш…».
Одамни ҳақ билан қатл қилиш чек-чегараси шариатда аниқ қилиб белгилаб берилган. У бирон кишининг раъйига ташлаб қўйилмаган ё бировнинг хоҳиш-ҳавоси таъсирига тушмайди.
Бухорий, Муслим ва бошқалар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни шундай белгилаб берганлар: «Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқлигига ва менинг Аллоҳ элчиси эканимга гувоҳлик берадиган мусулмон кишининг қони(ни тўкиш) фақат уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: жонга-жон сифатида (яъни қасддан бировни ўлдирган киши), турмуш кўрган зинокор, ва (муртадлик сабабли) жамоатни тарк қилиб, (Ислом) динидан чиққан кимса» (Бухорий: №6878, Муслим: №1676, Абу Довуд: №4352, Термизий: №1402, Насоий: 8/90, 91).
Ўлдириш жоиз бўладиган биринчи ҳолат: Бу бировни қасддан ўлдирган кишини қасос сифатида қатл этиш бўлиб, бунда гарчи бир жонни қатл қилиш бўлса-да, шу билан жамият ҳаётини асраб қолиш кафолати бордир.
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар) сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди. Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир.
И з о ҳ. Яъни, қотилнинг ўлдирилмасдан товон тўлашига рози бўлган тараф қўполлик қилмай, қўрқитмай кутиши, қотил тарафи эса чўзмасдан, хиёнат қилмасдан товонни тўлаши лозимдир.
Бу (ҳукм) Парвардигорингиз томонидан енгиллик ва раҳм-шафқатдир. Кимки шундан кейин ҳаддан ошса (масалан, товон тўлангандан кейин ҳам қотилни ўлдирса), унинг учун аламли азоб бордир. Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар» (Бақара: 178-179).
Ҳа.. Одамлар жонига тажовуз қилиш ҳақидаги ўйни ҳатто хаёлига келтирадиган кимсаларни тийиб қўйиш орқали жамиятга ҳаёт бахш этиш бордир бунда..
Ўлдирилган кишининг яқинларини қотилнинг ўзинигина ўлдириш билан чекланмай, унинг атрофидаги бегуноҳ ва айбсиз кишиларга ҳам тажовуз қилишдан тийиб қўйиш орқали жамиятга ҳаёт бахш этиш бордир қасосда..
Ҳар бир шахс ўзининг тинч-омонлигига хотиржам бўладиган ва Аллоҳ белгилаб берган ҳад-ҳудудларни бузадиган ҳар қандай кимсадан одилона қасос олинишини аниқ биладиган хотиржам ҳаёт бордир бу қасос қонунида..
Ўлдириш жоиз бўладиган иккинчи ҳолат – жуфти-ҳалоли бор бўлган, Аллоҳ таоло ҳалол-пок йўл билан жинсий хоҳишини қондириш имконини қилиб бергани ҳолда зинога қўл урган ва ифлос разолат ботқоқига ботган зинокорни тошбўрон қилиш йўли билан ўлдиришдир.
Ўлдириш жоиз бўладиган учинчи ҳолат – Аллоҳ таоло Исломни таниш ва уни қабул қилиш неъматини берганидан сўнг динини тарк қилиб, муртад бўлган кишини қатл этишдир.
Муртадлик – мусулмоннинг қонини ҳалол қилиб қўядиган сабаб эканига иттифоқ қилинган.
Бухорий ва Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким динини алмаштирса, уни ўлдиринглар», деганлар (Бухорий: №5922, Аҳмад: 1/282, Термизий: №1458, Абу Довуд: №4351, Насоий: №7/104).
Мусулмон кишини мусулмон улул-амр (давлат бошлиғи) ё унинг вакили қўли билан ўлдирилишига имкон берувчи уч ҳолат мана шудир.
Аммо, бундан бошқа ҳолатларда одам ўлдириш асло жоиз бўлмайди. Аксинча, мўмин учун бу жуда хатарли иш бўлиб, уни Аллоҳнинг азобига дучор этади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).
«Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин киши модомики ҳаром (яъни ноҳақ) қон тўкмас экан, динида давомий кенгликда (хотиржамликда) бўлади». Ибн Умар айтдилар: «Киши ўзини унинг ичига ташлаганидан сўнг чиқиш йўли йўқ бўлган оғир-кўнгилсиз ишлардан бири ноҳақ қон тўкишдир» (Бухорий: №6862, 6863).
«Сунанун Насоий»да Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар қандай гуноҳни Аллоҳ кечириши мумкин, фақат мўмин кишини қасддан ўлдирган кимсани ёки кофир ҳолида ўтган кишини (кечирмайди)» (Насоий: 7/81, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№511) саҳиҳ санаган, «Саҳиҳул-жомиъ: №4524).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дунёнинг заволга юз тутиши Аллоҳ наздида битта мусулмон кишини қатл қилишдан кўра енгилроқдир» (Насоий ва Термизий ривоятлари).
Амр ибн ал-Ҳамиқ ал-Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир кишига ўз қонини (яъни жонини) ишонса-ю, у уни ўлдириб қўйса, гарчи ўлдирилган киши кофир бўлса ҳам, мен қотилдан покман (яъни у мендан эмас)» (Насоий, Ибн Можа, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 440).
Убайдуллоҳ ибн Адийдан ривоят қилинишича, унга Миқдод ибн Амр ал-Киндий – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Бадрда ҳозир бўлган саҳоба – айтган экан: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим: «Ё Расулуллоҳ, айтингчи, агар мен кофирлардан бир киши билан тўқнаш келсам ва у қилич уриб, менинг бир қўлимни узиб ташласа, кейин мендан қочиб, бир дарахт ортига яшириниб: «Аллоҳга таслим бўлдим (яъни мусулмон бўлдим)», деб айтса, шу сўзни айтганидан кейин уни ўлдирсам бўладими?». «Йўқ, ўлдирмайсан», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Ё Расулуллоҳ, ахир у менинг бир қўлимни узиб ташлаган ва кейин бу сўзни айтган-ку!», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни ўлдирмагин. Агар ўлдирсанг, у сенинг уни ўлдиришингдан олдинги манзилатингда (даражангда) бўлади, сен эса унинг ўша калимани айтишидан олдинги манзилатида бўласан», дедилар (Бухорий: №6865, Муслим: №95, Абу Довуд: №2644).
Абу Бакра ас-Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳажжатул-вадоъ куни) одамларга хутба қилиб: «Бугун қандай кунлигини биласизларми?», дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дейишди. У зот бироз жим турдилар, энди биз уни бошқача ном билан атасалар керак, деб ўйлаб турган эдик: «Қурбонлик куни эмасми?!», дедилар. Биз: «Ҳа, шундай ё Расулуллоҳ», дедик. «Бу қайси шаҳар? Баладул-ҳаром эмасми?!», дедилар. Биз: «Ҳа, шундай ё Расулуллоҳ», дедик. «Сизларнинг қонларингиз, молларингиз, обрў-номусларингиз мана шу шаҳрингиз, мана шу ойингиз, мана шу кунингизнинг ҳаромлигидек ҳаромдир. Огоҳ бўлингиз, етказдимми?!», дедилар. Биз: «Ҳа», дедик. «Парвардигоро, Ўзинг гувоҳ бўлгайсан. Шу ерда ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсинлар! Зеро, баъзи етказувчилар бўладики, ўзидан кўра яхшироқ англайдиган кишиларга етказадилар», дедилар. Яна айтдилар: «Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич соладиган кофирларга айланиб кетманглар!» (Бухорий: №1741, №5550, №4662, Муслим: №1679, Абу Довуд: №1947).
Қонлар Аллоҳ жалла ва ало наздида жуда ҳурматли бўлгани ва тўғри келган одам истаган пайтида тўкиб кетаверадиган арзон нарса бўлмагани учун ҳам қиёмат куни энг биринчи ҳукм қилинадиган нарса қонлар хусусида бўлади.
«Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис тўпламларида келганидек, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни одамлар ўртасида энг биринчи ажрим қилинадиган нарса қонлар хусусидадир», деганлар (Бухорий: №6864, Муслим: №1678, Термизий: №1396, Насоий: №8317).
Шунинг учун «Саҳиҳул Бухорий»да келгани каби, Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу: «Мен қиёмат куни хусумат юзасидан Раҳмон жалла ва ало ҳузурида биринчи бўлиб тиз чўкадиган кишиман», деганлар (Бухорий: №6527).
Бу сўзлари билан у киши ўзлари ва шериклари Бадр куни олиб борган мубораза (жанг бошланиши олдидан яккама-якка олишув)ни кўзда тутганлар, Аллоҳ таолонинг «Мана шу икки ғаним (яъни мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар» (Ҳаж: 19) ояти улар ҳақларида нозил бўлган эди.
Қиёмат қойим бўлиб, барча инсонлар Парвардигорлари чақириғи билан қабрларидан турсалар, ҳамма маҳшаргоҳда ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда турса (Бухорий (№6527) ва Муслим (№2859) шундай ривоят қилганлар), қуёш шундоққина бошлар устига яқин келса, инсонлар амаллари миқдорига қараб терга ботсалар, жаҳаннам пишқириб, ўкирса, унинг етмиш минг тизгини бўлиб, ҳар бир тизгинидан етмиш минг фаришта тортиб келса (Муслим (№2842), Термизий (№2576) шундай ривоят қилганлар), саҳифалар (амал дафтарлари) тарқатилса, тарозилар ўрнатилса ва сенга хитоб қилинса..
Бу хитоб юрагингни қалтиратиб юборса, вужудинг дағ-дағ титраб, ўзингни қўйгани жой тополмай, рангинг ўчиб, юрагинг тушиб, бир аҳволда бўлиб қолсанг, фаришталар сени Аллоҳ таоло ҳузурига ҳайдаб олиб келсалар..
Подшоҳлар подшоҳи ва самовоту ернинг Эгаси ҳузурида тургизиласан, шу ҳолда турганингда катта-ю кичик биронта ҳам амалингни қолдирмай битилган амалларинг китоби қўлингга берилади..
Эй жиноятчи қотил, эй мўминлар қонини тўккан хунрез, сен у куни Парвардигори олам ҳузурига ўзинг ёлғиз, на қўлингда ҳукмдорлигинг, на ўзингни қутқариб олиш учун сарфлайдиган мол-мулкинг бўлган ҳолда келасан! Чор-атрофингни дунёда сен ўлдирган кишилар ўраб оладилар, улар бўйинларидан қон оқиб турган ҳолда сенга ёпишиб, Парвардигори оламга: «Эй Парвардигор, бу қотилдан сўра, у бизни нега ўлдирди экан?!», деб хитоб қиладилар.
«Сунанун-Насоий»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳасан ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мақтул қотилга осилиб, томирларидан қон оқизиб келади ва: «Эй Роббим, бундан сўрагин, мени нега ўлдирган экан?!», дейди».
Бир ривоятда: «Қиёмат куни мақтул қотилни олиб келади, боши қўлида бўлади, бўйин томирларидан қон оқиб турган бўлади, у: «Эй Роббим, бу мени ўлдирган…», дейди».
Ибн Аббосга (қасддан одам ўлдирган кишининг тавбаси ҳақида) айтишганида у: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93) оятини ўқиди, сўнг: «Бу оят мансух ҳам бўлмаган, бошқасига алмаштирилмаган ҳам, қаердан унга тавба бўлсин?!», деди (Термизий (№3032), Насоий (7/85, 87) ривоят қилган, Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис деган, Аҳмад (№2142) ривоят қилган, шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (№8031) саҳиҳ санаган).
Шеър мазмуни:
Турасан қўрқиб, гангиб, вужудинг титраб..
Жаҳаннам даҳшат ва ғазабла, осийларни чорлар бағрига..
Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер:
«Эй банда, китобингни ўқи бирма-бир..
Кўрчи, бормикин унда лоақал,
Сен қилмаган биргина амал?!»
Номангни ўқиб, ундаги бор нарсага иқрор бўлганинг пайт,
Жалил нидо қилур: «Ушланг уни эй фаришталарим,
Бу осий бандани унга ташна бўлган дўзахга судранг!».
Мушриклар эртага дўзахда ёнарлар,
Мўминлар абадий жаннатда қоларлар».
«Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муфлис[1] нималигини биласизларми?» деб сўрадилар. «Бизнингча, муфлис – на дирҳами, на бирон матоси бўлмаган одам», деб жавоб беришди. «Умматим ичидаги муфлис шундай одамки, қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади, бироқ кимнидир сўккан, кимгадир туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнидир қонини тўккан, кимнидир урган ҳолда келади. Шунда савобларидан унга, бунга олиб берилади, савоблари зиммасидаги ҳақлардан қутулишга етмаса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунга юкланади, сўнг дўзахга отилади», дедилар (Муслим: №2581, Термизий: №2420).
Иккинчи: Ўзини ўлдирган ва ўз жонига қасд қилган кишининг ҳукми
Аллоҳ йўлидаги дўстларим!
Мазкур оғир азоб хабари ўз жонига қасд қилиб, ўзини ўлдирган кишига ҳам тааллуқли бўлиб, у ҳам – Аллоҳ сақласин – дўзахда абадий қолади. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким тиғ билан ўзини ўлдирса, қўлида тиғ билан уни қорнига урганича жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирган бўлса, жаҳаннам ўтида уни ичганича абадий қолади. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирган бўлса, жаҳаннам ўтида думалаган ҳолида абадий қолади» (Бухорий: №5778, Муслим: №109, Термизий: №2044).
«Саҳиҳайн»да Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга қарши жангга кирдилар. (Жангдан сўнг) у зот ўз қароргоҳларига, бошқалар ўз қароргоҳларига қайтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари орасида бир киши мушриклардан кўзига кўринганини қўймай, ортидан бориб, қиличдан ўтказарди. Саҳобалар: «Бугун ҳеч биримиз фалончига етадиган иш қилолмадик», дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бироқ, у дўзах аҳлидан», дедилар.
Қавмдан бир киши: «Мен ундан асло ажралмайман», деди.
Шундан сўнг у ўша киши билан бирга чиқиб, у тўхтаса тўхтаб, юрса юриб, бирга бўлди. У киши қаттиқ жароҳатланиб, (оғриққа чидай олмасдан) ўлимини тезлатди, қилични ерга қўйиб, тиғини кўкраклари ўртасига тўғрилаб, ўзини унинг устига ташлади ва ўзини ўлдирди.
(Унга ҳамроҳ бўлган) киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига келиб: «Сиз Аллоҳнинг Пайғамбари эканингизга гувоҳлик бераман», деб хитоб қилди.
«Нима гап ўзи?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
«Сиз боя бир кишини дўзах аҳлидан деб айтганингизда одамлар буни оғир олишди. Шунда мен бунинг тагига етаман, дедим ва унинг ортидан чиқдим. У қаттиқ жароҳатлангач, ўлимини тезлатди, қилични ерга қўйиб, тиғини кўкраклари ўртасига тўғрилаб, ўзини унинг устига ташлади ва ўзини ўлдирди», деди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Киши одамлар кўзида жаннат аҳлининг амалини қилиб юради, аслида у дўзах аҳлидан бўлади. Яна бир киши одамлар кўзида дўзах аҳли амалини қилиб юради, аслида у жаннат аҳлидан бўлади. Амаллар фақат хотималарига қарабдир» (Бухорий: №6606, Муслим: №112).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайн жангида ҳозир бўлдик. У зот мусулмон аталган кишилардан бирини: «Бу дўзах аҳлидан», дедилар. Урушга кирган пайтимизда ҳалиги киши қаттиқ жанг қилиб, жароҳатланди. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, сиз дўзах аҳлидан деган киши бугун қаттиқ жанг қилиб вафот этди», дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У дўзахга (равона бўлади)», дедилар. Шунда мусулмонлардан баъзилари ишонқирамагандек бўлишди. Шу аҳволда туришган пайтларида: «У ўлмаган экан, қаттиқ жароҳатланибди» деган хабар келди. Ҳалиги одам тунга бориб, жароҳатига чидаёлмасдан ўзини ўзи ўлдирди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилган эди, у зот: «Аллоҳу акбар, гувоҳлик бераманки, мен Аллоҳнинг бандаси ва элчисиман», дедилар. Сўнгра Билолга буюрдилар, у одамлар ичида: «Жаннатга фақат мусулмон киши киради, Аллоҳ таоло бу динни фожир одам билан ҳам қувватлайди», деб нидо қилди.
Учинчи: Билмасдан ўлдириб қўйиш ҳукми
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида бу ҳақда шундай баён қилади:
«Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва мақтулнинг эгаларига — агар кечиб юбормасалар — хун тўлаши вожибдир. Агар мақтул ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 92).
1-ҳолат: Ислом диёрида яшаб турган мўмин хонадон аҳлидан бўлган бир мўминга нисбатан қатл содир бўлиши.
Бу ҳолатда бир мўмин қулни озод қилиш ва ўлдирилган кишининг аҳли-оиласига дия-хун тўланиши лозим бўлади. Мўмин қул озод қилишдан мақсад мусулмон жамиятнинг ўлдирилган бир аъзоси ўрнини бир қул озод қилиш билан тўлдириб қўйишдир.
Дия – хун пули эса мақтул (ўлдирилган шахс) аҳли-оиласи дилидаги ғалаёнга таскин бериш, уларнинг кўнгил (розилик)ларини сотиб олиш ва йўқотган нарсаларининг қисман бўлса-да ўрнини тўлдириш учундир. Агар улар кечиб юборсалар ва олижаноблилик билан бу ҳақларидан воз кечсалар, дия тўланмаслиги ҳам мумкин. (Зилол: 2/736).
2-ҳолат: Ҳарб (куфр) диёрида яшаб турган, Исломга душман бўлган хонадон аҳлидан бўлган мўмин кишига нисбатан қатл содир бўлиши.
Бу ҳолатда қатл қилинган мўмин жоннинг ўрнини тўлдириш учун бир мўмин қулни озод қилиш лозим бўлади. Лекин, мақтулнинг қавми бўлмиш Исломга душман бўлган кишиларга дия тўланмайди. Чунки, улар бу пулларни Исломга қарши курашишга ишлатишлари мумкин. Қолаверса, бу ерда мақтулнинг аҳлини рози қилишнинг ўрни ҳам эмас. Чунки, улар Ислом ва мусулмонларга душмандирлар.
3-ҳолат: Мусулмонлар билан ўртада сулҳ шартномаси бўлган қавм аҳлидан бўлган муслим ё ғайри муслим кишига нисбатан қатл содир бўлиши.
Бу ҳолатда гарчи ўлдирилган шахс мўмин бўлмаса ҳам, унинг аҳлига дия тўлаш лозим бўлади. Чунки, мусулмонлар билан ўрталарида бўлган сулҳ шартномаси уларнинг қонларини худди мусулмонлар қонидек ҳаромга айлантириб қўяди. Бу ҳолатда қотил бир мўмин қулни озод қилиши ҳам лозим бўлади.
Бу айтилганлар хато қилиб, билмасдан ўлдириб қўйганнинг ҳукмлари эди.
Дия – хун пули ҳақидаги ҳукмлар ва диянинг миқдори тўғрисида батафсил айтиб ўтишга вақтимиз етарли бўлмагани боис истаган кишилар уламоларимизнинг фиқҳга доир китобларидан жиноятлар ва диялар ҳақидаги бобларига мурожаат қилсалар яхши бўлади.
Тўртинчи: Қасддан одам ўлдирган киши тавба қилса мақбул бўладими?
Уламолар бу масалада якдил бир фикрга келмаганлар. Имом Бухорий Саид ибн Жубайрдан шундай ривоят қилади: «Кўфа аҳли шу масалада ихтилоф қилишди, мен Ибн Аббосга бориб, бу ҳақда сўрадим. У: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93) оятини ўқиди, сўнг: «Бу охирги (даврларда амалда) қолдирилган нарсадир, бу оятни бирон нарса мансух қилмаган (яъни унга амал қилишни бекор қилмаган)», деди».
Насоий ривоятида Саид айтади: «Мен унга «Фурқон» сурасидаги тавбага доир қуйидаги оятларни ўқиб бердим: «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир. Ким тавба қилиб, яхши (амаллар) қилса, албатта у Аллоҳнинг (ризо-мағфиратига) қайтган бўлур» (Фурқон: 68-71).
Шунда у (яъни, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо): «Бу оятлар маккийдир, уларни маданий оят мансух қилган», деди».
Аҳли сунна ва салаф уламолари ичидан муҳаққиқ зотлар сўзларига кўра, қасддан одам ўлдирган шахс агар тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Чунки, «Нисо» сурасидаги «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса» ояти зоҳирини олиш «Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур» (Ҳуд: 114) оятини, «У бандаларидан тавба-тазарруъ қабул қиладиган зотдир» (Шуро: 25) оятини, «Шундан (яъни, Ўзига ширк келтирилишдан) бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48) оятини олишдан лойиқроқ эмасдир.
Қолаверса, «Нисо» ояти билан «Фурқон» оятини жамлаш мумкин, мансухлик ҳам, қарама-қаршилик ҳам йўқдир. Яъни, бунда «Нисо» оятидаги мутлақ ҳукмни «Фурқон» оятидаги муқайяд (чекланган) ҳукмга ҳамл қилинади. Хусусан, иккала оят ҳам ҳукмда ҳам, сабабда ҳам иттифоқ қилгандир. У ҳолда оятлар маъноси қуйидагича бўлади:
«Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).
«Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир. Ким тавба қилиб, яхши (амаллар) қилса, албатта у Аллоҳнинг (ризо-мағфиратига) қайтган бўлур» (Фурқон: 70-71).
Мана шу маънони англатувчи ҳадислар ҳам кўпдир. Жумладан, Бухорий ва Муслим Убода ибн Сомитдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликка, зино қилмасликка, ўғирлик қилмасликка, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмасликка менга байъат қилинглар. Сизлардан кимки (шу байъатига) вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким бу ишлардан биронтасини қилиб қўйиб, шу дунёда жазосини олган бўлса, бу унинг учун каффоратдир. Ким бу ишлардан биронтасини қилган, сўнг Аллоҳ уни яширган бўлса, у Аллоҳга (ҳавола), хоҳласа уни авф этади, хоҳласа жазо беради» (Бухорий: №18, Муслим: №1709, Термизий: №1439).
«Саҳиҳайн»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Сизлардан аввалги умматларнинг бирида тўқсон тўққизта одам ўлдирган бир киши бор эди. У ер юзидаги энг катта олим ҳақида сўради. Уни бир роҳибга йўллашди. Унинг олдига бориб: «Мен тўқсон тўққиз одамни ўлдирдим, тавба қилсам бўладими?, деб сўради. Роҳиб: «Йўқ», деган эди, уни ҳам ўлдирди. Шу билан ўлдирган одамларининг сони юзтага етди. Сўнгра ер юзидаги энг катта олим ҳақида сўради. Бир олим кишига йўллаб қўйилди. Унга юз одам ўлдирганини айтди ва ўзи учун тавба қилиш имкони бор-йўқлиги ҳақида сўради. Олим: «Ҳа (тавба қилсанг бўлади), ким ҳам банда билан тавба орасини тўса оларди?! Фалон юртга боргин, у ерда ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қиладиган одамлар бор, сен ҳам улар билан бирга ибодат қил, шаҳрингга қайтмагин, у ёмон ер», деди. У олим айтган юртга йўл олди. Ярим йўлга етганда вафот етди. Раҳмат фаришталари ва азоб фаришталари бу киши ҳақида тортишиб қолишди. Раҳмат фаришталари: «У тавба қилиб, Аллоҳга иқбол қилиб келди», дейишди. Азоб фаришталари эса: «У бирон яхши амал қилган эмас», дейишди. Шу вақт улар олдига бир фаришта одам шаклида келди, уни ўз ўрталарида ҳакам қилишди. Ҳакам: «Бу икки ернинг орасини ўлчанглар, қайси бирига яқин бўлса, у ўшаники бўлади», деди. Ўлчадилар ва қасд қилиб кетаётган ерга яқин топдилар. Шундан сўнг уни раҳмат фаришталари олиб кетдилар» (Бухорий: №3470, Муслим: №2766).
Ва ниҳоят.. Уламоларимиз айтишларича, ким бир мўминни қасддан ўлдирса, сўнг Аллоҳга тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Аммо, агар тавба қилмай, гуноҳда маҳкам туриб, гуноҳлар шумлиги ва куфр ичра Парвардигорига йўлиқса, «унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).
Парвардигоро, гуноҳларимизни Ўзинг кечиргайсан..
2011 йил 17-феврал
[1] Муфлис – қашшоқ,
сариқ чақасиз қолган, қарз узишга қодир бўлмаган қарздор.