Бизга боғланинг
Охират ғами
Ибн Сирож тайёрлади
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Унинг росулига салоту саломлар бўлсин!
Кейин:
Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, сизлар (эй кофирлар), ҳаёти дунёни устун қўясизлар! Ҳолбуки, Охират яхшироқ ва боқийроқдир» (Аъло: 16,17)
Мана шу икки оятнинг мазмунини чуқур англаб етган инсонлар доимо охират ғамини ейдилар. Улар наздида охират ғами дунё ғамидан устун туради. Бу дунёнинг ишларини эса, охиратни унутмаган ҳолларида қиладир. Улар дунёни охиратга етказадиган йўл ва бу дунёдаги барча нарсаларни яратилишнинг асл мақсади бўлмиш «ибодат»га восита деб биладилар. Шунинг учун ҳам улар ўзларини дунёга топшириб қўймайдилар. Шу билан бирга улар дунё ва унинг аҳлини тарк этиб, нодон суфийлар каби йўл тутмайдилар ҳам. Балки улар: «дунё —охират экинзоридир», деган сўзга биноан, бу дунёда охират ғамини еб, амал қиладилар.
Биз бу дунёда охират учун ғам еб яшашни саҳобаи киромлардан ўрганишимиз керак. Чунки, улар бу дунёдан фақат охират ғамида яшаб ўтдилар. Зеро, улар бундай яшашни пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан, бевосита таълим олдилар. Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат ва ундаги неъматлар ҳакида эшитганларида бу дунёни унутиб, охиратга шу қадар муштоқ бўлар эдиларки, унинг йўлида жонларини фидо қилардилар.
Биз бугунги суҳбатимизда охират ғамида яшаган зотларнинг ҳаётларидан бир неча мисоллар келтирамиз. Аввало мислсиз ўрнак, тенгги йўқ намуна бўлмиш пайғамбарларнинг саййиди ва охиргиси, яралмишларнинг энг афзали бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидан бир мисол келтирайлик:
Оиша разияллоҳу анҳо деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ётадиган тўшак, хурмо япроқлари тўлдилирган тери эди» (Имом Муслим ривояти).
Саҳобаларнинг бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига кирди. Умар розияллоҳу анҳу ҳам кириб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ётган эдилар сўнгра турдилар. Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биқинларидаги бўйра изларига кўзи тушиб йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳой Умар, нега йиғлаяпсиз» — деб сўраганларида Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ номига онт ичиб айтман-ки, Кисро ва Қайсарлар дунё ичида сузиб юрибдилар. Сиз бўлсангиз бу ҳолатдасиз» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар учун дунё, биз учун охират бўлишига рози эмасмисиз?!» — дедилар. Умар разияллоҳу анҳу: «Албатта, (розиман)» — деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат шундай!» — дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ана энди Умматнинг энг яхшилари, саҳобалардан мисоллар келтирайлик:
1– Абуд Дардо розияллоҳу анҳу
Абуд Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: Уч нарса бўлмаганда, мен Ернинг бетида эмас Ернинг остида бўлишни истар эдим. Менинг ҳузуримга келиб ҳудди яхши хурмоларни танлагани каби фойдали гапларни гапирадиган биродарларим, ёки Аллоҳга сажда қилиб юзимни тупроққа белашим ёки Аллоҳ йўлида чиқиш ва қайтиш бўлмаганида.
Муҳаммад ибн Каъб ривоят қилади: Бир нечта одам совуқ кечаларнинг бирида Абуд Дардо розияллоҳу анҳунинг уйига меҳмон бўлиб тушибдилар. У меҳмонларга иссиқ таом чиқарибди, бироқ уларга ўранчиқлар чиқармабди. Буни кўрган меҳмонлардан бири: У бизга таом чиқардию, совқотишимизни ўйламади, мен унга бориб буни айтаман, деди. Бошқаси: қўявер, деди. У қайсарлик қилиб Абуд Дардо розияллоҳу анҳунинг эшиги олдига борди. Абуд Дардо розияллоҳу анҳунинг ўтирган ҳолда, хотинини эса устида айтарли кийими йўқ эканини кўрди. Эртасига Абуд Дардо розияллоҳу анҳу билан кўришганда: «сиз ҳам биз каби тунадингиз шекилли-а?» деди. Абуд Дардо розияллоҳу анҳу: «Бизнинг кўчиб ўтадиган бошқа ҳовлимиз бор, биз ҳамма тўшакларимиз ва ёпинчиқларимизни у ёққа жўнатиб юборганмиз. Агар бизнинг ҳузуримизда улардан биронта бўлсайди биз уни сенга чиқариб берган бўлардик. Бизнинг олдимизда баланд довон бор ундан ўтишда юки енгил одам юки оғирдан кўра яхшироқ, англадингми?» деди. У «Ҳа» деб жавоб берди.
2 – Умайр ибн ал-Ҳамам розияллоҳу анҳу
Умайр ибн ал-Ҳамам розияллоҳу анҳу «Бадр» жанггида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни Жаннатга тарғиб этаётганларини эшитдилар. Ўша вақтда қўлларида бир неча хурмо бўлиб улардан еяётган эди. Хурмоларни еб ўтирсам жаннатга киришдан кеч қоламан деб, уларни улоқтириб: «Бахин, бахин (бай, бай) мен билан жаннатга киришим ўртасини ана уларнинг мени ўлдириши тўсиб турибди, холос эканда» – деб, кофирларга қарши жанг қилишга киришдилар ва ўша жангда шаҳид бўлдилар. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин! (Усдул-ғоба: 4/143)
3 – Анас ибн ан-Назр розияллоҳу анҳу
У зот ҳам, доимо охират учун ғам чекардилар. Уҳуд жангида шаҳид бўлишларидан аввал, жангга кириб кетаётиб жаннатнинг ҳидини ҳидлаб турганларини билдириб, дўстлари Саъд ибн Муозга шундай дегандилар: «Эй, Саъд! Мен жаннатнинг ҳидини Уҳуд тоғи томонида топмоқдаман». Аллоҳ у зотдан рози бўлсин! Мана шу жангда шаҳидлик шарафига мушарраф бўлдилар. (Усдулғоба: 1/152)
4 – Жаъфар ибн Аби Толиб
«Мўъта» жангида қатнашган, Баний Авф қабиласидан бир киши ўз кўзи билан кўрганларини мана бундай ривоят қилади: «Мен Жаъфар ибн Аби Толибни Мўъта жангида ўзининг сариқ туслик отидан ирғиб тушиб, аввал отини сўйиб ташлаб, кейин кофирлар билан жанг қила-қила қуйидаги икки байтни айтган ҳолда шаҳид бўлганини ўз кўзим билан кўрдим:
Байтнинг маъноси:Эҳ, на қадар гўзал салқин сувли, хуш ҳаво жаннатда бўлмоқ
Румлик кофирларга муқаррардир аламли азобда қолмоқ
(ал-Бидая ван-Ниҳая: 4 /244)
5 – Абдуллоҳ ибн Масъуд
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам бошқа саҳобалар каби, бу дунёда кўрган – шоҳид бўлган нарсаларини охиратга боғлардилар. Ривоят қилинишича у зот бир куни, темирчилар катта олов билан темир эритишини кўриб қолиб, ўша даҳшатлик манзара таъсирида, дўзах оловини эслаган ҳолларида, йиғлай-йиғлай ҳушларидан кетиб йиқилдилар. (Амад ибн Ҳанбалнинг аз-Зуҳд номли асари: 160)
6 – Ҳамама ибн Абу Ҳамама
Ушбу улуғ саҳобанинг сийратларини ривоят қилган тобиин Ҳарам ибн Ҳайён ал-Абдий айтади: «Ҳамама розияллоҳу анҳу бир кеча менинг уйимда тунаб колдилар. Туни билан ухламасдан йиғлаганларини кўриб: «нега бунчалар безовталаниб, кўп йиғлайсиз»? деб – сўрадим. У зот: «қабрдагиларни тирилтириладиган тонгни эслаб йиғлаяпман», деб – жавоб бердилар. Кейинроқ яна бир бор меникида қолганларида аввалги сафардагидек туни билан йиғлаб чиқдилар. Сўрасам, «юлдузлар тўкилиб тушадиган кун ёдимга тушди», деб – жавоб қилдилар.
У зотнинг охират учун ғам еб яшаганларига Умар розияллоҳу анҳу замонларида Исфаҳон шаҳрига қилинган исломий жангда айтган мана бу сўзлари ҳам далолат қилади: «Эй, Аллоҳим! Ҳамама сенга йўлиқишни яхши кўраман деб даъво қилади. Аллоҳим! Агар у ўз даъвосида содиқ бўлса, уни муродига етказ. Агар у бу даъвосида содиқ бўлмаса, агар у ҳоҳламасада уни Ўзингга йўлиқишга мажбур эт»! Аллоҳим! Уни ушбу сафаридан ўз манзилига қайтарма (яъни, ушбу жангда уни шаҳид эт)», деб – дуо қилиб мана шу жангда шаҳид бўлдилар» (Усдулғоба: 2 /53)
Юқоридаги сатрлар баъзи саҳобаларнинг ҳаётларидан кичик мисоллар эди. Сўзимиз давомида салафларимиздан Суфён ас-Саврий ва Робия аш-Шомия ҳақларида айтилган баъзи сўзларни нақл қиламиз:
7 – Суфёни Саврий
Машҳур тарихчи, забардаст олим, Шайхулислом, Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Суфён Саврий рахматуллоҳи алайҳи охиратга қаттиқ боғланганлари ҳамда, охират ғами у зотга ғолиб бўлганидан, охират ҳақида сўзласалар, гўёки у ерни кўрган, ўша томондан келган киши мисоли охиратни кўз ўнгингизда гавдалантириб қўярдилар». (Сияру аъломун-нубалаи: 7/40)
Абу Нуайм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи агар ўлимни эслагудек бўлсалар бир неча кунгача ўзларига келмасдилар». (Аввалги манба: 7/276)
Ибн Маҳдий айтади: «Суфён Саврий разияллоҳу анҳу ҳузурларига борардик, биз у зотни гўёки, охиратда ҳисоб-китоб учун тайёр тургандек кўрардик». (Аввалги манба: 7/276)
8 – Робия аш-Шомия
Биз таништираётган зоҳида, обида аёл машҳур Робия Адавия эмас. Робия Шомия Робия Адавиядан анча кейин яшаган аёл. Бу аёл зоҳид Аҳмад ибн Абул Ҳаворийнинг хотинидир. Охират ғамида яшаган бу зоҳида аёлнинг ибратли мана бу сўзлари диққатга сазовордир: «Қачонки, муаззиннинг азон нидосини эшитсам Қиёмат кунидаги мунодийнинг овози ёдимга келади. Паға-паға ёғаётган қорларни кўрсам қиёмат кунида саҳифалар учиши ёдимга тушади. Сон-саноқсиз чигирткаларни кўрганимда маҳшаргоҳдаги ҳисобсиз оломон ҳақида ўйлайман». (Сифатус-сафва: 4/302)
Қадрли суҳбатдошим! Юқоридаги сатрлардан салафларимиз охират учун қай даражада ғам еганларини билиб олган бўлсак керак деб ўйлайман. Ушбу сатрларни келтиришдан қасдимиз; сизу-биз ҳам аввалда ўтган улуғларимиз каби охират ғамини еб яшашда улардан ўрнак олишдир. Суҳбатимиз аввалида келтирилган ояти кариманинг маъносини улар англандек англаб, биз ҳам улар каби Аллоҳ таолонинг розилигига мушарраф бўлсак деган умиддир.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни охират учун ғам еб яшашга муваффақ айласин!