Омонат (2)

    Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат

    Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва уларнинг ҳақларига риоя қилишни ўз ичига олади. Машҳур ҳадисда айтилганидек хиёнат мунофиқликнинг энг катта белгиларидандир. «Мунофиқнинг аломати учта бўлади; сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъда берса вафо қилмайди, унга омонат қўйилса хиёнат қилади.» (Бухорий ва Муслим ривояти)

    Омонатга хиёнат этиш мунофиқлик аломатларидандир. Яъни агар унга биров омонат қўйса омонатдорлик қилмайди. Балки, унга омонат қўйилган ҳақларга хиёнат қилади.

    ( فَإِنْ أَمِنَ بَعْضُكُمْ بَعْضاً فَلْيُؤَدِّ الَّذِي اؤْتُمِنَ أَمَانَتَهُ وَلْيَتَّقِ اللَّهَ رَبَّهُ) (البقرة:283)

    «Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз омонат қўйилган киши омонатни адо қилсин ва Рабби Аллоҳдан қўрқсин!» (Бақара: 283)

    Баъзилар сизга ишонгани ва сиз ҳақингизда яхши ўйда бўлгани учун ўз ҳақини бериб қўяётганида гувоҳ чақирмайди, сиздан васиқа-ишонч қоғози олмайди. Бу кишининг ҳаққига риоя этишингиз ва унга хиёнат қилиб қўйишдан жуда-жуда эҳтиёт бўлишингиз лозим.

    Агар бир киши сизга қарз берса ва у сизга ишонса, гувоҳ чақирмаса, қарзни ёзмаса бу омонатни мазкур оятдаги омонат деб билинг; «Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз» яъни агар унга молини қарз ёки шунга ўхшаш бирон нарсани омонат қўядиган бўлса, омонатдор бу омонатни ўз эгасига саломат етказсин. У қуйидаги оятда ҳам зикр қилинган;

    (إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا) (النساء:58)

    «Албатта Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради.» (Нисо: 58)

    Бу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида шундай ривоят қилинади: Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам Каъба калитини Усмон ибн Талҳадан олганларида нозил этилган. Каъбанинг ҳижобати (Каъба пўшини янгилаб туриш) Бани Абдуд-дор қўлида эди. Усмон ибн Талха мана шу қабиладан эди. Макка фатҳ этилганида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам Усмондан калитни талаб қилдилар. Усмон «омонатгами» деганида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам «ҳа» деб жавоб бердилар. Калит Расулуллоҳ қўлига ўтгач Аббос уни пайғамбаримиздан ўзига беришларини сўради; «Уни менга беринг, токи сиқоят ҳам садонат (ҳожиларга сув-овқат бериш) ҳам менда бўлсин.» Шунда Аллоҳ юқоридаги ояти каримани нозил қилди. Чунки, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам калитни Бани Абдуд-дордан омонатга олган эдилар. Аллоҳ таоло бу омонатни эгасига қайтариб беришни буюрди. Чунки, Бани Абдуддор Каъба садонати ва ҳижобатига бошқалардан кўра ҳақлироқ эди.

    Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга омонатни қайтардилар, оят гарчи мана шу ҳодисага хос тушган бўлсада у барча омонатларга умумий тааллуқлидир. Чунки, хусусий сабаб эмас, лафзнинг умумий маъноси эътиборга олинади. Ҳар ҳолда инсонлар ўртасидаги нарсаларда омонатлар кўп. Бунга сир-асрорлар, молу давлат ҳам киради. Агар биров ичидаги сирни ёки ўзи билан аҳли орасидаги гапни сизга омонат қилиб айтса ва уни ёйишдан сизни қайтарса, сиз бу сирни умуман ташқарига чиқарманг. Чунки, бу омонат. Ҳалиги киши сизга ишонди, бу сирни ҳеч қачон очмаслигингиздан хоритжам бўлди ва шунинг учун уни сизга омонат қилди, унга хиёнат қилиб қўйманг. Сизнинг омонат қўйган сирингизни очиб юборган кишига сиз ҳам хиёнат билан жавоб берманг. Бу мумкин эмас. Расулуллоҳдан қуйидаги мазмундаги ҳадис ривоят этилган: «Сенга омонат қўйганнинг омонатини адо эт, сенга хиёнат қилганга хиёнат қилма». (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари)

    Биров сизга молини қўйиб кетади ёки қарз беради-да гувоҳларни чақирмайди, васиқа тилхат олмайди. Ёки ўзининг ҳақларидан маълум бир ҳақини сизга бериб уни сақлаб туришингизни сўрайди. Сиз юқоридаги барча ишларда омонатни ўз эгаларига топширишга буюрилгансиз. Бу сиз ва биродарингиз ўртасидаги омонат. Уни адо этмоғингиз вожибдир.

    Мол, қарз, обрў ёки шунга ўхшаш нарсаларда сизга хиёнат қилиб кетган кишини сиз ҳам унга хиёнат қилиш билан жазоламанг. Балки, кечириб юборинг Аллоҳ сизни гўзал мукофотлар билан тақдирлайди. Сизни афв этади. Хиёнатни эса агар қасддан-атайлаб қилган бўлса хиёнати учун жазолайди. У сизнинг бу муомалангизни кўриб надомат чекиши мумкин. Ахир у сизга хиёнат қилганди-ку! Сизнинг бу муомалангиз унинг афсус-надоматлар қилиб келгусида омонатни адо этишдек гўзал хулқ билан хулқланишига сабаб бўлиб қолади.

    Инсонларнинг ҳақлари

    Инсонларнинг ҳақлари; моллари, сирлари, обрў-эътиборлари ва шунга ўхшаш нарсалари учун албатта жавоб берилади. Аллоҳ ҳузурида шак-шубҳасиз бу нарсалар ҳақида савол – жавоб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг ҳақлари ҳақида шундай дедилар: «Қиёмат куни ҳақлар албатта ўз эгаларига топширилади. Ҳатто шохли қўчқордан шохсиз қўчқорга қасос олиб берилади.» (Имом Муслим ривояти)

    Бу инсонлариннг бир-бирлари ўртасидаги ҳақларини ҳам ўз ичига олиши шубҳасиздир. Ким бирон нарса олган ёки бировга зулм қилган бўлса бу ҳақлар учун албатта қасос олинур. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан «Муфлис (ифлос) кимлигини биласизларми?» – деб сўрадилар. Муфлис на дирҳами ва на бирор нарсаси бор бўлган кишига айтилади – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менинг умматимдаги муфлис қиёмат куни намози, рўзаси ва закоти билан келади. Лекин у бу одамни сўккан, унисига туҳмат қилган, бировнинг молини еган, бошқасининг қонини тўккан яна кимнидир урган бўлади. Ҳалиги кишининг яхшиликларидан уларга олиб берилади. Агар яхшиликлари тўлашга етмай қолса уларнинг хатоларидан олиб бунга юкланади. Сўнг уни дўзахга ташланади.» (Имом Муслим ривояти)

    Бу бировларнинг ҳақларига хиёнат қилган кишининг ҳолидир. Қиёмат кунида унинг амаллари тоғлардек бўлса ҳам, бутунлай ҳеч нарсасиз бўлиб қолади. Кимки хиёнат қилган бўлса унинг яхши амаллари ҳақ эгаларига бўлиб берилади. Ўзига берилган ҳақлар ва омонатларга хиёнат қилган киши қиёмат куни уларни шу тарзда тўлайди. Бу омонатлар кийим-кечак, идиш-товоқ каби нарсаларда бўлиши ёки муомалот турлари ҳисобланган; қарзлар, гаровга қўйилган нарсалар ва ёки бошқа ишониб топширилган омонатлар бўлиши мумкин. Агар омонатларга хиёнат қиладиган бўлса Аллоҳ ҳузурида туриб хиёнатига жавоб беради.

    Омонатга хиёнат қилишнинг бир қанча кўринишлари бор:
    1. Эгаси ишлатишга рухсат бермаган нарсани ишлатиш

    Масалан, кийими ёки пояфзалини кийиш, уловни, машинасини мишин. Шунингдек, эгаси сизга яшашга рухсат бермаган омонат қўйилган уйда яшаш.

    2. Омонатдан тониш

    Бу тўланадиган куни белгиланган омонатларга хиёнат қилиш. Ибн Касир Аҳзоб сурасининг 72-оятини тафсирида қуйидаги машҳур ҳадисни Ибн Жарирдан, Абдуллоҳ ибн Масъуддан нақл қилади; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ йўлидаги ўлим омонатдан бошқа барча гуноҳларни-ёки «барча нарсаларни»- каффорот қилади яъни ювиб юборади. Қиёмат куни омонат қўйилган киши олиб келинади «омонатингни бер-адо қил, дейилади. У – эй раббим, ахир қандай қилиб бераман дунё тугади-ку.» – дейди. Унга яна «омонатингни адо қил» – дейилади. У яна – эй раббим, ахир қандай қилиб бераман дунё тугади-ку.» – дейди. Унга яна «омонатингни адо қил» – дейилади. У яна – эй раббим, ахир қандай қилиб бераман дунё тугади-ку.» – дейди. Сўнгра айтади: «Уни онаси Ҳа-а-вия (Дўзах)га олиб боринглар. У онаси Ҳовияга олиб борилади ва унга ташланади. Ҳатто дўзахнинг қаъригача тушади. У ерда берилган омонатни ўз ҳолича турганини топади. Уни олиб елкасига қўяди ва жаҳаннам лабигача кўтарилиб келади. У энди чиқдим деганида қадами тойилиб кетади ва омонат ортидан абадул-абад тушиб кетади.» Айтиб ўтганимиздек инсонларнинг ҳақлари устида албатта ҳисоб-китоб ва қасос бўлади. Мусулмон киши Қиёмат кунида қасос таъйин бўлган мана шу ҳуқуқлардан жуда – жуда эҳтиёт бўлмоғи лозим.

    3. Бадандаги ёки мол-мулкдаги хиёнатлар

    а) Бадандаги хиёнат.

    Бировни кимсасиз жойда уриб, бошини ёриб ёки ўлдириб яна ҳеч нарса кўрмагандек юриш ҳам баданга қилинган хиёнатлардан. Бу йўл ҳодисаларида кўп учрайди. Йўлда ҳеч ким бўлмаганида ёки кишилар назаридан чет жойда ўз айбини яшириб кетишга уринади. Жароҳатланган ёки ўлдирилган киши ҳаётдаги ҳаққидан фойдалана олмайди. Аммо Аллоҳ таоло барча нарсани билиб туради ва хиёнат қилган кишини қиёматда ҳисоб-китобга рўпара қилади. Жабр кўрган биродарига унинг яхшиликларидан олиб беради. Агар яхшиликлари бўлмаса жабрланган кишининг гуноҳлари унга қўйилади ва уни дўзахга ташланади.

    б) Ҳақ ва мулклардаги хиёнат:

    Шундай кишилар борки, бировдан нарса сотиб олади ёки қарз кўтаради ва буни расмий васиқаларга ёзишади. Мабодо мол эгаси ёки қарз берувчи бошига бирон иш тушса; дейлик васиқалари ёниб кетса ёки йўқолиб қолса, бу ҳам инкор ва тониб кетишга тайёр бўлиш учун ўзидаги мол олганлиги ҳақидаги васиқаларни йўқотишга шошилади. Шу билан ҳақиқатни бутунлай яшираман, деб ўйлайди. Лекин Аллоҳ уни кўриб турибди. Қиёматда ундан биродарининг ҳаққини тўлиқ қилиб олиб беради.

    Агар инсон бу ҳақни унутиб қўйган бўлса, Аллоҳ уни афв этади. Ҳақ эгаси агар ҳаққидан воз кечса кечиб юборгани учун мукофотлар берар эди. Киши ўзига хиёнат қилган муслимга нисбатан ҳам яхши фикрда бўлмоғи унинг хиёнатига хиёнат билан жавоб бермаслиги лозим. Мусулмон киши одамлар билан чиройли муомалада бўлсин. Унга оғир қилганлар юкини у енгил қилсин, афв этсин, кечиб юборсин ёки ундан баъзи нарсаларини енгиллаштирсин. Шояд Аллоҳ ундан кечиб юборса.

    Омонатдор бўлишга ёрдам берадиган сабаблар

    Инсонни омонатни адо этишга олиб борадиган бир қанча сабаблар бор. Уларнинг энг муҳим ва катталарини қуйида санаб ўтамиз.

    1. Инсон ўзини Аллоҳ яратган эканини билмоқлиги. Яралмиш Яратувчининг қули бўлади. У ўзи ва Парвардигори ўртасидаги алоқа ҳақларини адо қилмоғи лозим.

    2. Инсон Аллоҳ таолонинг унга неъмат ва фазлу марҳаматлар қилувчи зотлигини ва ўзининг Аллоҳ неъматларига бурканганини билиши-англаб етиши. Қул Парвардигори томонидан омонат қўйилган ҳақни адо қилишдан бош тортиши мумкин эмас.

    3. Мазкур омонатлар Аллоҳ тарафидан унга фарз қилинганини ва бу фарзларни адо қилиш шартлигини ҳис қилиши.

    4. Инсоннинг Рабби барча нарсани кўриб-билиб турувчи зотлигини, Ундан ҳеч нарса махфий бўлмаслигини ва инсон елкасидаги мазкур омонатлар ҳам шулар жумласидан бўлиб уларни адо этиш лозимлигини ҳис этиши.

    5. Инсон қачон-ки мана шу ҳақни бажарса ва бу омонатларни хоҳ махфий бўлсин, хоҳ ошкора бўлсин, ҳақиқий адо этса дунё ва охиратда улкан ажру-савобга эга бўлишини тушуниб етиши. Дунёда бериладиган яхшилик; қалбининг очилиши хотиржамлиги ва Аллоҳ унинг ризқини кенг –мўл қилиб қўйиши. Охиратда бериладиган яхшилик; Ухровий ажр бўлган улкан савоб.
    Бундан бошқа сабаблар ҳам бор. Лекин биз уларнинг энг муҳимларини санаб ўтдик. Аммо сиз кўриб турган баъзи бир кишилар зиммаларидаги ҳақларини адо қилмасликлари ёки уни чала адо қилишлари, Аллоҳ ҳаром этган чегараларни бузишлари қалбларида Аллоҳни яхши танимаганликлари ёки Аллоҳ неъматларини тўлиқ ҳис этмаганлари, Аллоҳнинг Холиқ ва Молик зотлигини билмаганликлари ёки жазо ва мукофот бераман деган ваъдасини тасдиқ этмасликларидир. Ёки шунга ўхшаш бошқа бир сабаблардир.

    Диний омонатларга хиёнат қилаётган кимсалар ёки уларнинг адо қилмаётганлар қалбларида иймонлари заиф бўлган кишилардир.

    Биз Аллоҳдан қалбларимизни ўзининг тоатида жамлашини сўраймиз. Аллоҳ таоло мусулмонларнинг қалбларини ва сўзларини бир қилсин! Уларни ҳақ йўлга чиройли суратда қайтарсин. Уларга ҳақни ҳақлигини кўрсатиб унга эргашишни, ботилни ботиллигини кўрсатиб, ундан узоқлашишни насиб этсин!

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963