Бизга боғланинг
Ошкоралик
1. Иброҳим алайҳис-салом улғайгач, қавмини ўзлари қўллари билан ўйиб ясаган бутларга сиғинаётганларини кўрди. Шунда у отаси ва қавмидан:
– Нима учун зарар ҳам, фойда ҳам келтиролмайдиган ушбу бутларга сиғиняпсизлар?- деб сўради. Улар унга бир маъқул жавоб беришмагач, улар қараб дедилар:
– Бу бутларга сиғиниш куфр ва залолат. Сиғинишга лойиқ бўлган зот ёлғиз Аллоҳ.
Ва бутларга қарши исён қилиб, уларни майда-майда қилиб синдириб ташладилар. Шундан кейин бўлган уларнинг ғазаби ва уни ўтга улоқтирилишига парво қилмадилар.
2. Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳис-саломни одамларга башоратчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборгач, у зот маломатчилар маломатидан қўрқмасдан ўз қавмини жоҳилиятда сиғиниб келган олиҳалари бўлмиш бутларини ташлашга чақирдилар. Ҳақни ошкора айтишда, уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақиришда давом этдилар. Улар эса пайғамбар алайҳис-саломга душманлик қилиш, озор етказиш, унга аҳмоқларини гиж-гижлаш ва унинг асҳобларига азоб беришни қўймасдилар. Бу қаршиликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақат ҳақда собит туришларини ва озорларга сабрларини зиёда қиларди. Ниҳоят Аллоҳ уларни исломга ҳидоят қилди. Улар сиғинаётган бутлар бекор бўлди.
Албатта Иброҳим алайҳис-салом отаси ва қавмига айтган гаплари, унинг ҳақ деб эътиқод қилган нарсасини ҳимоя қилиши, ўзига етаётган озорларга парво қилмаслиги ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бутларга сиғинишни қоралашлари, улар фойда ҳам, зарар ҳам бера олмаслигини айтишлари ва уларга сиғинишни куфр ва залолат деб айтишлари, қавмининг ғазабига, ундан нафратланишларига ва уларда қариндошлиги бўла туриб унга озор беришларига парво қилмаганлари ошкоралик ва маънавий шижоат намуналаридандир.
Ошкоралик – шижоатнинг бир туридир. У инсон ўзи ҳақ деб эътиқод қилган нарсани очиқ айтишидир ва фикрини очиқ айтиши унга олиб келадиган ҳокимлар ғазаби ёки одамларнинг норозиликлари ёки дўстларининг койишларидан қўрқмаслигидир.
Ҳаётимизнинг кўп ўринларида ошкоралик намоён бўлади.
1. Агар бир ўқувчи бошқасини мени урди деб ёки нарсамни олиб қўйди деб туҳмат қилса, сен унинг ёлғон гапираётганини билиб турган бўлсанг, кейин мактаб директори олдида тўғри гувоҳлик бериб, айбсиз ўқувчини туҳматдан қутқарсанг, шижоатли инсон бўласан.
2. Агар бир мункар иш кенг тарқалган бўлса, кейин олимлар ёки ёзувчилардан бири чиқиб гоҳ рўзномаларда ёзиб, гоҳ мавъизалар қилиш билан шу ёмон одатни ташлашга тарғиб қила бошласа, у ҳақни қўллаб, уни олий қилаётган очиқ гапирувчи кишидир.
3. Агар ҳокимларнинг халққа зулми кенг ёйилган бўлса, кейин унинг ичида
ҳокимларни ҳаққа чақирадиган, унга ўз халқига адолат қилишни насиҳат қиладиган
ва халқнинг ҳуқуқини талаб қиладиган қўрқмас киши чиқса ва шундан кейин ўзига
етадиган тазйиқ ва озорлардан қўрқмаса, бу одам очиқ гапириш ва шижоат билан
сифатланган ҳақ ёрдамчиларидан бўлади.