Шижоат ва жасорат

    Бир йигит денгиз қирғоғида кетаётиб бир тўда одамларни денгизга қараб ишора қилиб: “Одам чўкяпти, ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар!” деб бақираётганларини кўрди. Кейин улар ишора қилган тарафга қаради. У ерда бир киши гоҳ сувнинг бетига қалқиб чиқиб, гоҳ сув остига чўкиб кетарди. Ниҳоят унинг қувати заифлашди. Турганлар йиғлаб, бир-бирларига қарадилар. Гўё улар бу кишини қутқариш учун ўз ҳаётини хатарга соладиган бир улуғ шижоатли одам ҳақида бир-биридан сўраётгандек эдилар.

    Тўсатдан бу йигит денгизга ўқдек отилиб ташланди ва сузиб кетди. Ниҳоят чўкаётган одамнинг олдига етиб бориб, унинг орқа томонидан сувга шўнғиди. Бир лаҳза ўтмасданоқ, улар сув юзига қалқиб чиқдилар. Одамлар бу шижоатли йигитнинг ҳимматидан ҳайратланиб ва чўкаётган одамнинг қутулганидан хурсанд бўлиб такбир айтдилар. Йигит қирғоққа етиб келгач улар унга раҳмат айтиш ва уни табриклаш учун олдига келдилар.

    Чўкаётган одамни қутқариб қолган бу йигит шижоатли ҳисобланади. Чунки шижоат дегани вазифани бажариш йўлида довюраклик билан хатарга муқобил чиқишдир. Баъзида у жасорат деб номланади. Чунки у қўрқмасдан хатарга боришликдир.

    Қуйидаги ишларда шижоат намоён бўлади:

    1. Агар бир кишини ёнғиндан ёки чўкишдан ёрдам сўраётганини эшитсанг ва сен бунга қодир бўлган ҳолда уни хатардан қутқаришга шошилсанг, сен шижоатли одам бўласан. Чунки сен ёрдам бера оладиган ва қодир бўлган кишилардан ёрдам сўраётган заиф инсонга нисбатан ўз вазифангни бажардинг, жисмингга етадиган зарардан қўрқмадинг.

    2. Агар бир ўғрини ўғирлик қилаётганини кўрсанг ва уни ушлаб, жазосини олиши учун керакли жойга топширсанг, сен шижоатлисан. Чунки сен мол ўғирланишидан сақлаш йўлида ўзингга етадиган ўғрининг озорига парво қилмадинг.

    Қуйидаги ишларда ҳам шижоат намоён бўлади:

    1. Вабога қарши курашиш: агар одамларнинг орасида юқумли касаллик тарқалса, табиблар ва уларнинг ёрдамчилари унга қарши кураш олиб борадилар. Касаллар билан аралашиб юрадилар. Натижада ватан фарзандларини қутқариш йўлида уларнинг ҳаёти хатарга юзма-юз келади.

    2. Ёнғинга қарши курашиш: агар бирон уйда ёки дўконда ёки корхонада ёнғин содир бўлса, ўт ўчирувчилар келиб тирик қолган жонларни ва молларни ёнғин озоридан қутқарадилар.

    3. Тинчликни муҳофаза қилиш: давлатдаги тартибни сақлаш ходимлари, яъни миршаблар одамларга ҳужум қилиб ноҳақ уларнинг молларини тортиб оладиган ўғри ва қароқчилардан шаҳар ва қишлоқларни ҳимоя қиладилар. Агар уларнинг шижоати бўлмаганда ҳамма жойда бошбошдоқлик бўлиб, шаҳарлар тартиби бузиларди.

    4. Жангда қатанашиш: мужоҳид аскарлар қонли жангларда қатнашиш учун борадилар
    ва ўз бурчларини адо этиш учун ўз ҳаётларини ўлимга рўбарў қиладилар.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963