Ота-онага оқ бўлиш (3)

    Оқ бўлганлар ҳаётидан қиссалар

    Асмаий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Араблардан бири менга шундай ҳикоя қилди: Кўчаларда айланиб юргандим, бир чолга дуч келдим, унинг бўйнида арқон, туянинг ҳам кучи етмайдиган катта пақир билан сув тортяпти, кун тиккага келган, ҳаво жуда иссиқ, унинг орқасида бир йигит теридан бўлган қамчини қўлига ўраб олган, чолни ўша билан урмоқда, чолнинг елкалари калтакдан ёрилиб кетган. Мен йигитга дедим: бу заиф чол ҳақида Аллоҳдан қўрқмайсанми?! Унга бўйнидаги арқоннинг ўзи етмайдимики, сен уни урасан ҳам?! Йигит деди: У мана шу билан бирга менинг отамдир. Сен барака топмагин!- дедим. У менга: жим бўл, бу отасига шундай қиларди, отаси ҳам бобосига ҳудди шундай қилган, деди. Мен: бу энг оқ одам экан, дедим.

    1 – Асмаий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Араблардан бири менга шундай ҳикоя қилди: Абдулмалик ибн Марвон раҳимаҳуллоҳнинг халифалик даврида бир ёш йигит ва унинг Фаръон исмли қари отаси бор бўлиб, у йигит отасига оқ бўлган эди. Йигитни «Мунозил» деб, аталар эди. Ота шу байтларни ўқир эди, маъноси:

    Қариндошлик мен ва Манозил ўртасини

    Худди қарз берган қарзни қайтариб олгандек қирқди.

    У улғайиб кучга тўлиб, етилганда

    Тик турганда бўйи басти нор туядан кам бўлмаганда

    У молимни тортиб олди, қўлимни ҳам қайирди.

    Доим Ғолиб Аллоҳ унинг қўлларини қайирсин.

    Мен унга шундайин бад дуолар қилдимки.

    Агар уни Райён тоғига қилсам, унинг бир тарафи ўпириларди.

    Бу байтлар халифага етиб борганида, йигитни қўлга олиш учун одам юборди. Қария ўғлига хабар бериб, уни уйнинг орқасидан қочириб юборди. Бироқ, Мунозил ҳаётининг охирида ўзига оқ бўлган Жулайҳ исмли фарзанд билан мубтало бўлди.

    Волий Жулайҳни жазоламоқчи бўлди. Шунда ўғил волийга: Тўхтанг! Бу отаси у ҳақда мана бу байтларни айтган Мунозил ибн Фаръондир:

    Қариндошлик мен ва Мунозил ўртасини

    Худди қарз берган қарзни қайтариб олгандек қирқди.

    Шунда волий: «Ана холос, отангга оқ бўлган экансан боланг ҳам сенга оқ бўлибди!»- деди.

    3 – Доктор Муҳаммад Саббоғ айтди: «Бир пасткаш ўғилнинг мени ва хотинимни қийнамасин дея отасини қариялар уйига олиб борганини эшитдим».

    4 – Устоз Абдуррауф Ҳановий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Менинг бир яқиним бор эди. Унга отасидан кўплаб пул, тилло ва турар-жойлар мерос қолган эди. У – моҳир савдогар эди. Кунларнинг бирида онаси ундан аччиқланиб, қаттиқ баддуо қилди. Бирдан у одамни ҳар тарафидан ёмонликлар ўрай бошлади. Охири фақирликда ҳаётдан кўз юмди. Ҳолбуки у, на ҳаром ишларни қилар ва на фаҳш йўлларга юрар эди.

    Отам раҳимаҳуллоҳ унга садақа қилар ва менинг қўлимга уйда тайёрланган овқатлардан бериб у, хотини ва болаларига олиб боришим учун юборар эди».

    Оқ бўлиш сабаблари

    Ота-онага оқ бўлишнинг кўпгина сабаблари бўлиб қуйидагилар шулар жумласидан:

    1 – Жаҳолат.

    Жаҳолат-билмаслик ўлдирувчи касалликдир. Жоҳил эса, ўзига ўзи душмандир. Агар одам ота-онага оқ бўлишнинг эртами-кечми келадиган оқибатларини ҳамда уларга яхшилик қилишнинг эртами-кечми келадиган самараларини билмас экан, бу жаҳолат уни ота-онага яхшилик қилишдан буриб, оқ бўлиш тарафга етаклайди.

    2 – Ёмон тарбия

    Ота-оан фарзандларини тақво, эзгулик ва қариндошлик ришталарини боғлаш ва олийжаноблик асосида тарбия қила олмаган бўлсалар, бу ҳам уларни оқ бўлиш ва итоатсизликка етаклайди.

    3 – Номувофиқлик

    Агар ота-она фарзандларига бир нарсани ўргатсалар, лекин ўргатган нарсаларига ўзлари амал қилмасалар, балки ўргатганларининг аксини қилсалар. Бу ҳам фарзандларни оқ бўлишга бошлайди.

    4 – Ёмон дўстлар

    Бу ҳам, болалар тарбиясини бузиб, уларни оқ бўлишларига катта омилдир. Бундай дўстлик ота-онани ҳам қийнайди ва улар бераётган тарбияга салбий таъсир кўрсатади.

    5 – Ота-онанинг ўз ота-оналарига оқ бўлишлари

    Бу – фарзандларнинг оқ бўлишини тақозо қиладиган асосий сабаблардан биридир. Кўпинча, ота-онасига оқ бўлган одамлар фарзандларидан жазоларини оладилар. Бунинг икки жиҳати бор:

    Биринчи: оқ бўлишда фарзандлар ота-оналарига эргашадилар.

    Иккинчи: «Экканингни ўрасан» қабилидан бўлади.

    6 – Ота-она ажрашгандан кейин Аллоҳдан тақво қилмасликлари

    Баъзи ота-оналар ажралишгандан кейин Аллоҳдан қўрқмайдилар ва яхшилик билан айрилмайдилар.

    Сиз уларнинг ҳар бири фарзандларини иккинчисига қайраётганини кўрасиз. Агар улар онасига борсалар отасини қоралаб, ундан узоқлашишни уқтиради. Шунингдек оталарининг ҳузурига боришса у ҳам она қилган «насиҳат»ни қилади. Натижада, фарзандлар ҳам оталари, ҳам оналарига оқ бўладилар. Абу Зуайб Ҳузалий айтганидек, ота-оналарнинг ўзлари бунга сабабдирлар:

    Ўзинг юрган йўлдан ғазаб қилма сен

    Чунки аввал юриш розиликдандир

    7 – Болаларга турли муомала қилиш

    Болаларга турли муомала қилиш уларда нафрат ва адоватга сабаб бўлиб, уларнинг ўрталарида нафрат ҳукмрон бўлади. Бу эса ўз навбатида ота-онадан нафратланиш ва улардан узоқлашишга олиб боради.

    8 – Роҳат ва хотиржамликни суйиш

    Айрим одамлар, фақатгина роҳатлари учун, олдиларидаги кексайган ёки касалванд ота-оналаридан қариялар уйига жойлаштириш ёки бошқа бир уйга қўйиш ёхуд бошқа бир йўл билан «қутулмоқчи» бўладилар. Ҳақиқий роҳат ота-она билан бирга бўлиш ва уларга яхшилик қилишда эканини билмайдилар.

    9 – Ўта нозик табиат бўлиш

    Баъзи фарзандлар ўта нозик табиат бўлиб, уйдаги бирон кишининг хато қилишини таҳаммул қила олмайди: ойна синса ёки уй жиҳозларидан бири бузилса ўта қаттиқ аччиқланади ва уйни остин-устин қилади.

    Бу ҳам ота-онани безовта қилиб, уларни ҳафа қилади.

    Шунингдек айрим одамлар ота-онанинг буйруқларидан хусусан ота-онанинг ҳар иккиси ёки улардан бири қўпол бўлса, бош тортадилар. Натижада, улар сабабли бола сиқилади ва улардан узоқлашади.

    10 – Ота-оналарнинг фарзандларига яхшилик қилишларида етарли ёрдамчи бўлмасликлари

    Баъзи ота-оналар фарзандларининг яхшилик қилишларига кўмак бермайдилар. Фарзандлари яхшилик қилса, уларни рағбатлантирмайдилар.

    Ота-онанинг зиммамиздаги ҳақлари бениҳоя кўпдир. Уларни адо этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

    Бироқ, фарзандлар ота-оналари тарафидан кўмак, тарғиб ва дуони кўрмас эканлар сустлашиб, ота-онага яхшилик қилишни тарк қилишлари ёки бу ишда эътиборсиз қолишлари мумкин.

    11 – Рафиқанинг ёмон хулқи

    Инсон Аллоҳдан қўрқмайдиган, ҳақларни риоя қилмайдиган, бетгачопар ва эрини ота-онасига қарши чиқиш, уларни уйдан чиқариш ёки уларга қилаётган яхшиликларини кесишга ҳаракат қиладиган ва эри ўзи учун холи бўлиши ва унинг яхшиликларидан ўзигина фойдаланишни хоҳлайдиган хотинга мубтало бўлиши мумкин.

    12 – Ота-онанинг дардларини яхши ҳис қилмаслик

    Баъзи ўғиллар оталик ва айрим қизлар оналикни бошларидан кечирмаганликлари учун ҳам, ота-оналарига эътибор қилмайдилар: улар учун уйга кеч келишлари ёки ота-оналаридан узоқда қолишлари, ёхуд уларга ёмонлик қилишларининг ҳеч фарқи йўқдир.

    Бу, юқорида зикр қилинган сабаблар – ота-онага оқ бўлишга олиб борадиган сабаблардан айримларигина, холос.

    Тузалиш йўллари

    Биз юқорида ота-оналарнинг зиммамиздаги ҳақлари, уларга яхшилик қилишга тарғиб, уларга оқ бўлишдан огоҳлантириш, оқ бўлиш кўринишлари, шакллари, ҳикоялари ва сабабларини айтиб ўтдик.

    Демак, оқил одам Аллоҳ таъоло ҳузуридаги мўл савобларга рағбат ва эртами-кечми келадиган қаттиқ азоблардан қўрқиб, ота-онага яхшилик қилиши, уларга оқ бўлишдан узоқ бўлишга тиришиши керак экан.

    Хўш, ота-онага яхшилик қилиш нима дегани? Уларга нисбатан қандай одобларга риоя қилиниши керак? Уларга яхшилик қилишга ёрдамчи бўладиган омиллар нима?

    Ота-онага яхшилик қилишнинг таърифи

    Ота-онага яхшилик қилиш уларга оқ бўлишнинг зиддидир. Ибн Манзур раҳимаҳуллоҳ айтди: «البِرُّ» «ал-Бирр» (яхшилик қилиш) – оқ бўлишнинг зиддидир. «المَبَرَّةُ» «ал-Мабаррату» ҳам шу маънодадир. «بَرِرْتُ والِدِي» «Барирту волидий (касра билан)» ва «أَبَرُّهُ بَرًّا» «Абарруҳу барран» – отамга яхшилик қилдим, қиламан, итоат этдим, этаман». «بَرِرْتُ» «Барирту»нинг ҳозирги ва келаси замон феъли «يَبَرُّ» «ябарру», «بَرَرْتُ» «барарту» ники эса «» «ябирру» дир.

    «Рожулун баррун мин қавмин аброрин», ва «Боррун мин қавмин бараратин» (мазкур икки жумланинг таржимаси: «Яхши қавмдан бўлган яхши одам»).

    Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло уларни «аброр» деб атади. Чунки улар, ота-оналари ва фарзандларига яхшилик қилган эдилар»;

    «Фарзандингиз зиммасида сиз учун ҳақлар бўлганидек, сизнинг зиммангизда ҳам улар учун ҳақлар бор»».

    Ота-онага нисбатан риоя этилиши керак бўлган одоблар

    Баъзи одоблар борки, ота-оналаримизга муомала қилаётганимизда уларга риоя қилишимиз керак. Шояд шу билан уларга бўлган бурчимизни ва Аллоҳнинг улар ҳақида бизга юклаган вазифаларни адо этсак, кўнглимиз очилиб, ҳаётимиз қувончга тўлса, ишларимиз енгиллаб, Аллоҳ умримизга барака бериб, бу ишларимизнинг асарлари ҳаётимизда кўринса.

    Бу одобларнинг баъзилари қуйидагилардир:

    1 – Ота-онага итоат қилиш ва уларга осий бўлишдан сақланиш

    Мусулмонга ота-онасига итоат қилиши, уларга осий бўлишдан сақланиши вожибдир. Уларга бўлган итоатни, модомики Аллоҳ ва расулига осий бўлишга буюрмас эканлар, бошқа ҳар қандай инсоннинг итоатидан муқаддам қўйилади. Фақатгина хотин эрига бўлган итоатни ота-онасининг итоатига муқаддам қўяди.

    2 – Ота-онага яхшилик қилиш

    Бу гапдаги, феълдаги ва барча турдаги яхшиликларни қилишни ўз ичига олади.

    3 – Ҳалимлик

    Бу — ота-онага ҳокисорлик, тавозеъ ва уларни хотиржам қилиш билан бўлади.

    4 – Ота-онага дашном беришдан сақланиш

    Бу – ширинсуханлик, мулойимлик, уларни жеркимаслик ва олдиларида овозни кўтармаслик билан бўлади.

    5 – Ота-онага қулоқ солиш

    Бу – уларга гапирган пайтларида очиқ юз билан лаббай дейиш, уларнинг сўзларини бўлмаслик, улар билан тортишмаслик, уларни ёлғончига чиқармаслик ёки гапларини қайтармаслик билан бўлади.

    6 – Ота-онанинг буйруқлари билан қувониш, ғазабланмаслик ва «уф» тортмаслик

    Аллоҳ таоло айтди: «Уларга «уф» дема ва уларни хафа қилма!».

    7 – Ота-онага очиқ юзлик бўлиш

    Бу – уларни очиқ юз билан кутиб олиш, хўмрайиш ва пешонани тириштиришдан узоқ бўлиш билан бўлади.

    8 – Уларни суйиш ва уларга муҳаббат изҳор қилиш

    Бундай ҳолатлардан баъзилари: уларга салом бериш, уларнинг қўллари ва бошларидан ўпиш, бирга ўтирганда улар учун кенгроқ ер ажратиш, улардан олдин овқатга қўл узатмаслик, кундузлари уларнинг орқаларида, кечалари эса, хусусан кеча ўта қоронғу ва кўча ўнқир-чўнқир бўлса олдиларида юриш, агар йўл равон ва ёруғ бўлса орқаларида юриш.

    9 – Ота-она олдида одоб ва ҳурмат билан ўтириш

    Чиройли ўтириш, ота-онага оздир, кўпдир ҳурматсизликни ҳис эттирмаслик. Бу оёқларни узатиш, ҳузурларида қаҳқаҳа отиш, ёнбошлаш, яланғоч бўлиш, ёмон ишларни қилиш ёки бундан бошқа одобсизликларни қилишдан сақланиш билан бўлади.

    10 – Қилинган хизмат ёки берган нарсани миннат қилмаслик

    Миннат – ёмон одатлардан бўлиб, қилинган яхшиликни вайрон қилади. Агар у ота-онага қилинган бўлса, унинг қабоҳати каттароқ бўлади.

    Фарзанд ота-онасига қўлидан келган хизматни қилиши ва доимо етарлича хизмат қила олмаганини эътироф этиши ва ота-онасининг ҳаққини тўла адо эта олмагани учун улардан кечирим сўраши керак.

    11 – Онанинг ҳаққини муқаддам қўйиш

    Онага меҳру-шафқат кўрсатиш ва унга яхшиликлар қилиш, отага меҳу-шафқат кўрсатиш ва унга яхшиликлар қилишдан муқаддам эканини унутмаслик керак. Чунки Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Бир киши расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб: «Ё расулуллоҳ, менга чиройли суҳбатдош бўлишга ҳақлироқ бўлган одам ким?»- деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Онанг»- дедилар.

    — «Кейингиси-чи?»- деди.

    — «Онанг»- дедилар.

    — «Кейингиси-чи?»- деди.

    — «Онанг»- дедилар.

    — «Кейингиси-чи?»- деди.

    — «Отанг»- дедилар.

    Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан шундай деди: «Бу ҳадиснинг хулосаси шуки, онага отага қилинадиган яхшиликнинг уч баробари қилиниши керак. Сабаби, ҳомиладорликнинг оғирлиги, туғиш ва эмизишдир. Бу уч хусусият онагагина хос бўлиб, улар билан угина қийналади ҳамда тарбиялашда отага шерик бўлади».

    Мана бундай деса ҳам бўлади: яхшилик, эҳсон ва меҳрибонлик қилишда онани муқаддам қўйилса, отани итоат қилишда муқаддам қўйилади. Чунки, ота – оиланинг бошлиғи ва кеманинг капитанидир.

    12 – Ота-онага ишларида ёрдам бериш

    Фарзанд ота-онасининг бирон бир ишни қилишаётганини кўрса, оғзини очиб қараб туриши яхши эмас.

    13 – Ота-онани безовта қилишдан сақланиш

    Ота-онани ухлаётганларида бўладими ёки тўполон қилиш ва овозни кўтариш билан ёки қайғули хабарларни етказиш ва бошқа нарсалар билан безовта қилиш.

    14 – Ота-онанинг олдида жанжал ва тортишишдан сақланиш

    Ака-укалар ва уйдагилар ўртасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун ота-онанинг кўзларидан йироқ ерларни танлаш керак.

    15 – Ота-онанинг чақириқларига «лаббай» деб жавоб бериш

    Фарзанд бирон бир иш билан банд бўлсин, бўлмасин, ота-оналарнинг ҳар иккиси ёки бирининг чақириғини эшитиши биланоқ «лаббай» деб жавоб бериши керак. Баъзи фарзандлар отаси ёки онаси чақирса, ўзи бирон иш билан банд бўлса, ўзини эшитмаганликка солади. Агар бўш бўлса, жавоб беради.

    Ҳоҳламаган ишим бўлса, яхшидир кардек турмоқ.

    Ҳоҳлаган ишим бўлса, йўқдир мендек динг қулоқ!

    Фарзанд, ота-онасининг чақириқларини эшитгани он, «лаббай» деб жавоб берсин.

    16 – Фарзандларни яхшилик қилишга ўргатиш

    Ота имкони борича, фарзандлари билан ўзининг ота-онаси ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилиб, фарзандларига намуна бўлиши керак.

    17 – Ота-онанинг ўзаро муносабатлари бузилганида, улар ўртасини ислоҳ қилиш учун тиришиш

    Ўрталари бузилганида ота-она ўртасини ислоҳ қилиш учун тиришиш ва икки тараф тушунчаларини бир-бирига яқинлаштириш, фарзандлар қилишига лойиқ бўлган ишдир.

    18 – Ота-она олдига рухсат сўраб кириш

    Чунки баъзида ота-онанинг ҳар иккиси ёки улардан бири бировнинг кўзи тушиши ноқулай бўлган ҳолатда бўлиши мумкин.

    19 – Ота-онага доимо Аллоҳни эслатиш

    Ота-онага Аллоҳнинг динидан билмаганларини ўргатиш, агар фисқ ва гуноҳ ишлардан баъзисини қилаётган бўлсалар, уларни яхшилкка буюриш ва гуноҳ ишлардан қайтариш. Буларнинг барчасини ўта мулойимлик, мушфиқлик, эҳтиёткорлик ва қабул қилмасалар сабр қилиш билан адо этиш.

    20 – бир жойга чиқишдан аввал руҳсат сўраш

    фарзанд ҳоҳ дўстлари билан дам олиш учун чиқсин, ҳоҳ ўқиш учун хорижга сафар қилсин, ҳоҳ жиҳод, ҳоҳ уйдан чиқиб, бошқа ерда яшаш учун чиқсин, ота-онадан рухсат сўраб, уларнинг фикрларини олиш керак.

    Агар ота-она изн берса уйдан чиқсин, бўлмаса ўз истагидан воз кечсин. Хусусан, ота-онанинг фикрлари билим ва тажрибадан келиб чиққан бўлса.

    21 – Ота-онанинг обрўсини ҳимоя қилиш

    Бу – солиҳ одамлар билан аралашиш ва ёмон одамлар ҳамда шубҳали ерлардан узоқ бўлиш билан бўлади.

    22 – Ота-онани маломат қилмаслик ва камситмаслик

    Айрим фарзандлар ота-оналари тарафидан суюшмаган бир иш содир бўлса ота-оналарини маломат қилиб, камситадилар. Бунинг сабаби, берилган тарбиядаги камчилик ёки ота-она эшитишни ҳоҳламайдиган, бундан олдин улардан содир бўлган нарсалар бўлиши мумкин.

    23 – Талаб қилмаган бўлсаларда, ота-оналарни севинтириш

    Масалан, укаларга қараш, қариндошлик алоқаларини тиклаш, уй ва ҳовлидаги ислоҳотлар, совғалар бериш учун шошилиш ёки бундан бошқа уларга яхшилик ва қалбларига сурур киритадиган нарсаларни қилиш.

    24 – Ота-она табиатини билиш ва унга қараб муомала қилиш

    Ота-онанинг ҳар иккиси ёки бири ғазабнок, қўпол ёки фарзанд суймайдиган бирон бир сифатга эга бўлиши мумкин. Бундай пайтда фарзанд ота-онасидаги бу сифатни тушуниши ва унга қараб муомала қилиши керак.

    25 – Ота-она учун ҳаётлик даврларида кўп дуо қилиб, истиғфорлар айтиш

    Аллоҳ таоло айтди: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил) (Исро: 24);

    «Роббим,Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилгин!» (Нуҳ: 28)

    26 – Ота-онага ўтганларидан кейин ҳам яхшилик қилиш

    Вафотларидан кейин ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг тўхтамаслиги – ота-она ҳаққининг нақадар катталиги ва Роббул-Оламийн раҳматининг ўта буюклигига далолат қилади.

    Чунки, баъзи одамлар ота-оналарига ҳаётлик даврларида яхшилик қила олмаганлари ва уларнинг ҳақларини адо эта олмаганлари учун пушаймон ва уларга яхшилик қилиш учун бу дунёга яна қайтиб келишларини умид қиладилар.

    Мусулмон одам қилолмай қолган нарсаларига етишиши ва ота-онасига ўлганларидан кейин ҳам яхшилик қила олиши мумкин. Бу қуйидагича бўлиши мумкин :

    • Фарзанднинг солиҳ бўлиш;
    • Ота-она учун кўп дуо қилиб, истиғфор айтиш;
    • Ота-онага боғланган қариндошлар билан алоқа қилиш;
    • Ота-онанинг орзуларини рўёбга чиқариш;
    • Ота-она номидан садақа қилиш.

     – Ибн Қутайба «Уюнул-ахбор»: 3 / 87; ал-Ҳановий «Биррул-валидайн»: 138,139.

     – Муҳаммад ибн Лутфи Саббоғ, «Назаротун фил-усратил-муслима»: 49.

    – ал-Ҳановий, «Биррул-валидайн»: 135.

    – «Лисонул-араб»: 4 / 53.

    – «Қазоуд-дайн», 13 – 21; «Ва билволидайни эҳсана», 63 – 66.

    – Имом Бухорий, 5971; Имом Муслим, 2548.

    – «Фатҳул-Борий», 1 / 416.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962