Ота-онага оқ бўлиш (5)

    Учинчи: қайин онанинг рўли

    Бир-бир оналар борки, — Аллоҳ ҳидоят қилсин —, сезмасдан ўғлини қийин ҳолатга солиб қўяди. Ҳолбуки, у ўғлини яхши кўради, уни бахтиёр қилиш учун тиришади, эҳтимол уни уйлантириш учун совчиликка боргандир, югуриб елгандир. Бироқ, нотўғри тасарруфи ўзига ҳам, ўғлига ҳам зарар олиб келади. Чунки у, ўғли уйланганида ўғлининг тортиб олингани ва ўғлининг ундан кўнгли совиганини «ҳис қилади»-да, уни ўзига қайтариб олиш учун ҳаракат қила бошлайди. – Гоҳида, муҳаббат, одамни ҳалок қилиши мумкин –Натижада, ўғлини келинига қарши гиж-гижлай бошлайди: унда хотинидан воз кечиш туйғуларини жонлантиради. Хотинини талоқ қўйишини гўзал қилиб кўрсатиши, бу хотинидан кўра яхшироқ бошқа бир қизга уйлаб қўйишни ваъда қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ҳолбуки, келиннинг ахлоқи ва чирой-чиммати жойида бўлади.

    Бир-бир оналар борки, ўғлининг хотини билан бахтиёр экани ёки хотинига ҳурмат кўрсатаётганини кўрса, қалбида қизғаниш туйғуси аланга олади ва бу ҳолат уни гоҳо оқибати нохуш ишларни қилишга ундайди.

    Баъзи оналар келин билан муомала қилишда шафқатсиз бўлади: айбларни бўрттириб, қилинган яхшиликларни яширади. Гоҳида келинга ёмон гумон қилиб, оддий ҳаракат ва сўзларни нотўғри изоҳлашга ҳаракат қилади.

    Эй, муҳтарама она!

    Эй, ўз фарзандини суюб, унинг саодатини истаган она, ўртани бузманг, вайрона қилманг! Ичингиздаги қизғаниш туйғусини оилани кул қиладиган оловга айлантирманг! Хаёлингизга келаётган васвасага бўйсуниб, оила софлигини булғаманг ва фитналарни қўзғаманг! Келинингизга қилаётган муомалангизни кундош ёки тенгқурлар муомаласи қилманг. Сиз унга она бўлинг у сизга қиз бўлади. Сизнинг уни суюшингиз ва ундан содир бўлган баъзи камчиликлардан кўз юмишингиз яхшилик аломатларидандир. Унинг хатоларини кўрсангиз, мулойимлик билан насиҳат қилиб тузатишга ҳаракат қилсангиз ўзингиз бахтиёр бўлиб, бошқаларни ҳам бахтиёр қиласиз.

    Сизга келинингиз учун совғалар беришингиз, кенг бағрингизни очиб, жўшган меҳринигиздан насиба айришингиз, чин мақтовлар айтиб ва уни холис дуоингизда ёд қилишингиз ярашади. Аллоҳ сизни Ўз паноҳида асрасин ва Ўз лутфидан айирмасин!

    Ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги ҳикоялардан намуналар

    Юқорида ота-онага яхшилик қилиш, уларга нисбатан қилиниши керак бўлган одоблар ва бу яхшиликка ёрдамчи бўладиган омилларни айтиб ўтдик. У одобларга риоя қилсак ва у сабабларни ушласак қандай яхши. Кошки, биз ҳам Роббиларига дуо қилсалар ижобат қиладиган, истиғфор айтсалар гуноҳларини кечирадиган солиҳ бандалардан бўлсак! Уларнинг шарафи, бахти ва дунё ва охиратдаги насибалари нақадар буюк!

    Биз бу ишларда пайғамбарлар ва расуллар ҳамда уларга яхшилик билан эргашган кишиларни чиройли намуна қилайлик. Улар ота-оналарига яхшилик қилишда зарбулмасал бўлдилар. Натижада, Аллоҳ уларнинг икки дунёдаги мақомларини кўтарди ва мангу қолувчи бандалари ичида номларини олий қилди.

    Қуйида, сизга, ота-оналарига яхшилик қилишга муваффақ қилинган хайрли инсонларнинг замонлар ўтишига қарамай бўйлари уфурган ҳайратомуз қисса ва намуналарини тақдим этамиз. Шояд бу қиссалар қалбимизда яхшилик жиҳатларини жунбушга келтириб, эҳсон ва яхшилик қилишга ундаса.

    Пайғамбарларнинг ота-оналарига қилган яхшиликларидан намуналар
    1 – Аллоҳнинг пайғамбари – Нуҳ алайҳис-салом

    Аллоҳ таоло бизга Нуҳ алайҳис-саломнинг ҳақларига дуо қилиб, истиғфор айтар экан ота-онасига қилган яхшилигидан намуна келтирди. Аллоҳ таоло айтди:

    «رَبِّ اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِمَنْ دَخَلَ بَيْتِي مُؤْمِناً وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ»

    «Роббим,Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилгин»! (Нуҳ: 28).

    2 – Муваҳҳидларнинг имоми – Иброҳим алайҳис-салом

    Иброҳим алайҳис-салом отасига унинг ҳидоятини хоҳлаб, нажотига ҳарислик қилиб, адашиши ва ҳалокатидан хавф қилиб, мулойимлик ва шафқат билан хитоб қилмоқда. Аллоҳ таоло буни бизга шундай баён қилди:

    «وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقاً نَبِيّاً (41) إِذْ قَالَ لأَبِيهِ يَا أَبَتِ لِمَ تَعْبُدُ مَا لا يَسْمَعُ وَلا يُبْصِرُ وَلا يُغْنِي عَنْكَ شَيْئاً (42) يَا أَبَتِ إِنِّي قَدْ جَاءَنِي مِنْ الْعِلْمِ مَا لَمْ يَأْتِكَ فَاتَّبِعْنِي أَهْدِكَ صِرَاطاً سَوِيّاً (43) يَا أَبَتِ لا تَعْبُدْ الشَّيْطَانَ إِنَّ الشَّيْطَانَ كَانَ لِلرَّحْمَنِ عَصِيّاً (44) يَا أَبَتِ إِنِّي أَخَافُ أَنْ يَمَسَّكَ عَذَابٌ مِنْ الرَّحْمَنِ فَتَكُونَ لِلشَّيْطَانِ وَلِيّاً (45)»

    «(Эй Муҳаммад), ушбу Китобда Иброҳим (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди. Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сиз эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сизга бирон фойда бера олмайдиган бутга ибодат қилаяпсиз? Эй ота, сизга келмаган илм-маърифат менга келди. Бас, сиз менга эргашинг, сизни ҳақ йўлга ҳидоят қиламан. Эй ота, энди шайтонга ибодат-қуллик қилманг. Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир. Эй ота, ҳақиқатан мен сизга Раҳмон тарафидан азоб етиб, (жаҳаннамда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингиздан қўрқаман».» (Марям: 41 – 45). а=Ра=мон томон Р

    Иброҳим алайҳис-салом отасига қалбнинг тубларига қадар етиб борадиган ушбу таъсирли сўзлар ва иборалар билан хитоб қилди.

    Агар бу сўзлар муҳрланган ва қорайиб қотиб кетмаган қалбга йўлиқмаганда эди, унга таъсир этар ва унинг ҳидояти ва нажот топишига сабаб бўлар эди.

    3 – Исмоил ибн Иброҳим алайҳис-салом

    Исмоил алайҳис-салом башарият тарихида танҳо бўлган отага бўлган яхшилик намунасини кўрсатди. Бу намуна отасининг унга:

    «يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانظُرْ مَاذَا تَرَى»

    «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», (Соффот: 102) деганида содир бўлди.

    Солиҳ фарзанд отасининг бу саволига нима деб жавоб берди? У қўрқоқлик ёки сустлик қилдими? Йўқ, у, Аллоҳ таоло айтганидек:

    «قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنْ الصَّابِرِينَ»

    «У айтди: «Эй отажон, сизга (тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилинг. Иншо Аллоҳ мени сабр қилувчилардан топасиз». (Соффот: 102)- деди.

    Ривоятларга кўра Иброҳим алайҳис-салом кўрган тушига аниқ ишонганидан сўнгра ўғли Исмоил алайҳис-саломга: «Ўғлим, арқон ва пичоқни ол, анави дарага бориб ўтин териб келамиз»- деди. «Сабийр» дарасига етганларида Иброҳим алайҳис-салом ўғли Исмоил алайҳис-саломга Роббиси буюрган нарсадан хабар берди. Иброҳим алайҳис-салом ўғлини бўғизламоқчи бўлганида у отасига шундай деди: «Отажон, мени қимирламаслигим учун маҳкам боғланг. Мени бўғизлар экансиз кийимларингизни мендан узоқроқ тутинг. Чунки, қон сачраса, онам уни кўриб қолади. Қийналмаслигим учун пичоқни яхши қайранг ва ҳалқумимга тезлик билан тортинг. Онамнинг ҳузурига қайтганингизада, мендан унга салом айтинг».

    Иброҳим алайҳис-салом: «Ўғлим, сен қандай яхши ёрдамчисан!»- деди-да, унга қараб юрди. Икковлари ҳам йиғлардилар. Иброҳим алайҳис-салом ўғлининг бўғзига пичоқни қўйди, бироқ кесмади. Пичоқни икки-уч марта қайроқ тош билан ўткирлади ва бўғизламоқчи бўлди, бироқ пичоқ ўтмади. Шунда ўғил отага: «Отажон, мени юзтубан ётқизинг, чунки, юзимга қарасангиз менга раҳм қиласиз ва сизни Аллоҳнинг амридан тўсиб қўювчи шафқат ҳосил бўлади. Юзтубан бўлсам пичоқни кўрмайман ва менга қўрқинч келмайди, деди. Иброҳим алайҳис-салом ўғли айтганини қилиб пичоқни унинг бўйнига қўйган ҳам эдики, пичоқ терсига айланди ва: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат сиз (кўрган тушингизни) рост-бажо қилдингиз!» (Соффот: 104, 105) дея нидо қилинди.

    4 – Ийсо алайҳис-салом

    Бешикдаги Ийсо алайҳис-саломга Роббисидан: «Онасига яхшиликлар қиладиган банда» деб, катта мақтовлар келди. Ва бу Роббисига қулчилик қилиш билан боғлаб зикр қилинди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Шунингдек (Аллоҳ) мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади» (Марям: 32).

    Салаф солиҳнинг ота-оналарига қилган яхшиликларидан намуналар

    Салаф солиҳ ҳаётига чуқурроқ назар ташлар эканмиз, уларнинг ота-оналарига яхшилик қилишга берган эътиборларига далолат қиладиган ёрқин саҳифаларни кўрамиз. Мана бу улар ҳаётидан баъзи намуналар:

    1 Абу Толибнинг қизи Умму Ҳонеънинг мавлоси Абу Мурра айтди: «Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан Ақиқдаги ерига бирга бордим. У ерига кириб келганида: «Онажон, сизга Салом, Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин!»- деди.

    — Онаси унга жавобан: «Сенга ҳам салом ва Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин!»- деди.

    — Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Мени гўдаклигимдан буён тарбия қилганингиз учун сизга Аллоҳ раҳм қилсин!»- деди.

    — Буни эшитган онаси: «Ўғилгинам, менга ёшим улғайганда қилган яхшиликларинг учун Аллоҳ сенга яхши мукофотлар бериб, сендан рози бўлсин!»- деди.

    2 – Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Макка кўчаларининг бирида бир аъробийга дуч келиб, унга салом берди-да, у одамни ўзи минадиган эшакка миндирди ва унга бошидаги салласини ечиб берди.

    Ибн Динор раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Биз унга: «Аллоҳ сизни кечирсин, у аъробийлардан ва оз нарсага ҳам рози бўлаверади-ку»- дедик. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Унинг отаси (отам) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга дўст эди. Мен эса расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Яхшиликларнинг яхшироғи – фарзанднинг отасининг дўстларига қилган алоқасидир»- деганлари эшитгандим»- деди.

    3 – Мўъминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатга кирдим ва уерда бир қироат эшитдим-да: «У ким?»- дедим. (Менга) «(У) Ҳориса ибн Нўъмон, дейилди.» Яхшиликнинг самараси будир. Яхшиликнинг самараси будир.- дедилар» У одамлар ичида онасига энг яхшилик қилувчироғи эди».

    4 – Абу Абдурраҳмон Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Каҳмас ибн Ҳасан уйда юрган чаённи кўриб, уни ўлдирмоқчи ёки ушламоқчи бўлди. Бироқ, чаён қочиб, тешикка кириб кетди. У қўлини тешик ичига тиқиб чаённи ушламоқчи бўлганди чаён унга озор бера бошлади. Ундан: «Бу ишни нимага қилдингиз?»- деб сўралганида: «Чаён тешикдан чиқиб, онам олдига келиб уни чақиб олишидан қўрқдим» деб жавоб берди».

    5 – «Зайнул-обидийн» номи билан машҳур бўлган Абу Ҳасан ибн Али ибн Ҳусайн ибн Алий ибн Абу Толиб

    У – тобиинларнинг улуғларидан бўлиб, онасига кўп яхшилик қилар эди. Унга: «Сизнинг ўз онасига кўп яхшилик қилган фарзандлардан бири эканингизни биламиз. Шундай экан, нега онангиз билан бирга овқатланмайсиз?»- деб сўраганларида у: «Қўлларим онамнинг кўзлари (олиш учун) тушган луқмани олиб, унга оқ-итоатсиз бўлиб қолишдан қўрқаман»- деб жавоб берди.

    6 – Ҳишом ибн Ҳассон раҳимаҳуллоҳ айтди: «Менга Ҳафса бинт Сийрийн раҳимаҳаллоҳ айтдики, Муҳаммад ибн Сийрийннинг онаси Ҳижозлик бўлиб, бўялган нарсаларни суяр эди. Шунинг учун ҳам, Муҳаммд ибн Сийрийн онасига энг мулойим газламаларни сотиб олар, ҳайит куни келганида эса уларни бўятиб берар эди. Мен унинг онасига овозини кўтарганини ҳеч кўрмадим. Агар гапирса тинглаётган одамдек турар эди».

    Сийрийн оиласидан биттаси айтди: «Муҳаммад ибн Сийрийннинг онасига доимо тавозеъ билан гапирганини кўрардим»

    Ибн Авн раҳимаҳуллоҳ айтди: «Муҳаммадни онаси олдида кўрган киши, овозининг пастлигидан, уни касалмикин, деб ўйлар эди».

    Ибн Авн раҳимаҳуллоҳ айтди: «Бир одам онаси ҳузурида турган Муҳаммад ибн Сийрийн олдига келди ва (атрофдагилардан): «Бунга нима бўлди, касалми?»- деб сўради. Унга: «Йўқ, касал эмас. У онаси ҳузурида доимо шундай туради»- деб жавоб бердилар.

    7 – Жаъфар ибн Сулаймон раҳимаҳуллоҳ ривоят қилди: «Муҳаммад ибн Мункадир юзининг бир тарафини ерга қўяр ва онасига: «Онажон, оёқларингизни юзимга қўйинг!»- дер эди».

    8 – Ибн Авн ал-Музаний раҳимаҳуллоҳни онаси чақирди, онасига «лаббай» деб жавоб берганди, унинг овози онасининг овозидан баландроқ чиқди, бунинг бадалига икки қулни озод қилди.

    9 – Умар ибн Зар раҳимаҳуллоҳдан: «Фарзандингизнинг сизга қилган яшлиги қандай эди?»- деб сўралганида, у: «Кундузлари орқамда, кечалари олдимда юрар ва мен остида бўлган уйнинг устига чиқмас эди».- деди.

    10 – Солиҳ ал-Аббосий раҳимаҳуллоҳ халифа Мансурнинг ҳузурига келиб, у билан гаплашди. У суҳбат асносида «отам, Аллоҳ раҳмат қилсин,…» жумласини кўп истеъмол қилди. Унга Рабийъ: «Амирулмўминийннинг ҳузурида отангга кўп раҳмат тилайверма!»- деди. У эса: «Мен сени маломат қилмайман. Чунки, сен оталар мазасини тотмагансан»- деди.

    Халифа Мансур раҳимаҳуллоҳ мийиғида кулди ва; «Бани Ҳошимга қаршилик қилган одамнинг жазоси шудир!»- деди.

    11 – Ота-онасига кўп яхшилик қилганлардан бири – муҳаддис Бундор раҳимаҳуллоҳдир. Заҳабий раҳимаҳуллоҳ у ҳақда шундай деди: «У Басрадаги ҳадисларни жамлади, онасига яхшилик қиламан деб ҳадис йиғиш сафарига чиқмади.»

    Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Хоқон ал-Марвазий айтади: «Бундор раҳимаҳуллоҳ айтди: «Мен илм излаш учун чиқмоқчи бўлдим. Бироқ, онам бунга рози бўлмадилар. Мен онамга итоат қилдим ва менга илмда барака ато этилди»- деди».

    12 – Асмаъий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Аъробийлардан бири менга айтди: «Мен ота-онасига энг оқ бўлган ва ота-онасига энг яхши бўлган одамларни излаб йўлга равона бўлдим. Қабилаларни айланиб, пешин жазирамасида бўйнига арқон ташлаб, қудуқдан пақирда сув тортаётган қария олдига етиб келдим. Бир ёш йигит унинг орқасига қайишдан қилинган арқон билан урар, зарба олган ерлар моматалоқ бўлган эди. Мен: «Бу кучсиз қарияни ургани Аллоҳдан қўрқмайсанми?! Аслида, унинг бўйнидаги шу арқонни тортиш, урганингдан баттар-ку?!»- дедим.

    Йигит: «Шундай бўлишига қарамай, у – менинг отам»- деди. Мен: «Аллоҳ сенга яхши мукофотлар бермасин!» деганимни биламан ҳалиги йигит: «Овозингни ўчир! Бу ҳам бобомга, бобом эса отасига шундай қилар экан!»- деб қолса бўладими! Буни эшитиб: «Бу – одамларнинг энг оқи-ота-онасига итоатсизроғи экан»- деб хулоса чиқардим.

    Сўнгра, яна қабилаларни айлана бошладим ва бир ёш йигитнинг олдига етиб келдим. У бўйнига бир замбилсимон нарсани осиб олган, унинг ичида эса полопондек бир чол бор эди. У замон-замон отасини олдига қўйиб, полопонларни едиргандек, овқатлантирар эди. Мен ундан бу ким деб, сўрадим, у: отам, у қариб қолди, мен эса уни ўз қарамоғимга олдим, деди. Мен: «Бу йигит араблар ичида ота-онасига энг кўп яхшилик қилган одам экан»- деб хулоса чиқардим».

    13 – Талқ ибн Ҳубайб раҳимаҳуллоҳ обид ва олимлардан бири эди. У онасининг бошидан ўпар ва онасини ҳурмат қилиб, у турган уйнинг томига чиқмас эди.

    14 – Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ айтди: «Отам вафот этди ва мен Аллоҳ таолодан унинг гуноҳларини кечиришини сўраб бир йил дуо қилдим».

    Сўзимиз сўнггида: «Барча оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин».

    Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.-деб дуо қиламиз.

    Китобнинг арбчадан ўзбекчага ўгириш 2006 милодий йилнинг 17 январь сешанба куни ниҳоясига етди.

     – Мавло деб бирон қулни озод қилган ёки бирон кишининг исломга киришига сабаб бўлганига айтилади. Озод қилган ва исломга сабаб бўлган кишига Валий дейилади.

    – Имом Бухорий, «ал-Адабул-муфрад», 14. Албоний бу ҳадиснинг «исноди саҳиҳ» эканини «Саҳиҳул-адабил-муфрад» китобида айтиб ўтди.

    – Имом Муслим: 2562; Абу Довуд: 51443.

    – Имом Аҳмад, 6/151; Абдурраззоқ «ал-Мусаннаф», 20119; имом Бағавий, «Шарҳус-сунна»: 13/7; Ҳоким ҳадисни саҳиҳ деди, 3/207. Имом Заҳабий Ҳокимнинг фикрига қўшилди.

    – «Ҳилятул-авлиё», 6/211; «Сияру аъламун-нубала», 6/317.

    – «Уйунул-ахбар», 3 / 97.

    – «Сияру аъламун-нубалаъ», 4 / 619.

    – Иброҳим Байҳақий, «ал-Маҳасин вал-масавиъ», 614; «Ҳилятул-авлия»: 2/ 273.

    – Сияру аъламун-нубалаъ», 6 / 128.

    – «Сияр аъламун-нубалаъ», 4/620.

    – «Сияру аъламун-нубалаъ», 6 / 366.

    – «Уюнул-ахбар», 3 / 97.

    – Ҳановий, «Биррул-волидайн», 98; «Муҳозаротул-удабо ва муҳаваротул-ш-шуаро» дан иқтибос қилинди: 1/203.

    – «Сияру аъламун-нубалаъ», 12 / 145.

    – Иброҳим Байҳақий, «ал-Маҳасин вал-масавиъ», 614.

    – Ҳофиз Тартуший, «Биррул-волидайн», 78.

    – Ҳофиз Тартуший, «Биррул-волидайн», 78.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962