Пайғамбаримизнинг уйида бир кун (7)

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматкори

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бечора ва заиф хизматкорни қилган иши ёки заифлигига қараб эмас, балки дини ва тақвосига қараб ўзига лойиқ мақомга қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хизматкор ва қуллар ҳақида шундай дедилар: «Улар сизларнинг биродарларингиздир. Аллоҳ таоло уларни сизларнинг қўл остингизда қилиб қўйди. Уларга еган нарсаларингиздан едирингиз, кийган нарсаларингиздан кийдирингиз ва оғир бўлган нарсаларни уларга юкламангиз! Агар оғир нарсаларни юкласангиз ёрдам берингиз» (Имом Муслим ривояти).

    Сиз ўз хожаси ҳақида ҳайратомуз сўзлар мақбул гувоҳлик ва мақтовларни ҳикоя қилиб берувчи хизматкорнинг ушбу сўзлари ҳақида тафаккур қилиб кўринг! Сиз биронта ҳизматкорнинг ўз хожасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматкори айтгани каби мақтовни айтганини эшитганмисиз?! Анас ибн Молик дейди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил хизмат қилдим, ул Зот менга бирон марта «Уф» демадилар, биронта қилган ишим учун: «Нега бундай қилдинг!», қилмаган ишим учун: «Нега бундай қилмадинг!» демадилар» (Имом Муслим ривояти).

    Тўла ўн йил, кунлар ёки ойлар эмас, балки, қувонч ва қайғу, ғазаб ва маҳзунлик, руҳий изтироб ва ўзгариш, камбағаллик ва бойлик билан ўтган узоқ умр давомида — Ул Зотга ота-онам фидо бўлсин — хизматкорини жеркимади, балки, уни тақдирларди, қалбига таскин бериб, унинг ва оиласининг эҳтиёжларини қондирарди ҳамда уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қиларди!!

    Анас розияллоҳу анҳу деди: «Онам: «Ё Расулуллоҳ, хизматкорингиз ҳақига дуо қилинг!» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳим, унга бойлик ва фарзандларини сероб қил ва унга берган нарсаларингда барака ато эт!» — дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шижоатли бўлишларига қарамай, ҳақли ўринлардагина хўрлаганлар ва урганлар. Қўл остидаги хотинлари ва хизматкорларидан иборат заифларга ҳеч қачон қаттиқлик қилмаганлар!

    Оиша розияллоҳу анҳо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан бирон нарсани урмадилар, на бир хизматкорни ва на бир хотинни магар Аллоҳ йўлида жиҳод қилганларидагина (душманларни) урдилар.» (Имом Муслим ривояти).

    Ана, уммулмўминийн Оиша розияллоҳу анҳо яралмишларнинг афзали ва одамларнинг сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун яна бир бор гувоҳлик бермоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал ҳаёти ҳақида кўп гапришган. Ҳатто, Қурайш кофирлари ҳам Ул зотга яхши гувоҳлик берган эдилар.

    Оиша розияллоҳу анҳо: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзига қилинган зулм, модомики, Аллоҳнинг ҳаромларини қилиш билан бўлмас экан, бирор бир кимсадан ўч олганларини кўрмадим. Агар Аллоҳнинг ҳаромларига қўл урилган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра ғазаблироқ одам йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга икки ишни танлаш ихтиёри берилса, модомики гуноҳ бўлмас экан, қулайини танлар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мулойим ва оғир-босиқ бўлишга даъват этар ва: «Аллоҳ ҳалимдир ва ҳар бир ишда ҳалимликни яхши кўради» — дер эдилар» Бухорий ва Муслим ривояти.

    Совға ва меҳмон

    Ҳиссий қувончга бўлган эҳтиёж ва истаклар жамият, оила ва хонадонда доимо мавжуддир. Қалбларни бир бирига яқинлаштирадиган ва улардаги гина-кудуратларни эритиб юборадиган нарсалардан бири — совғадир.

    Оиша розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совғаларни қабул қилар ва унга муносиб мукофотлар берар эдилар» — деди (Имом Бухорий ривояти). Зеро, совға бериш ва миннатдорчилик изҳор этиш, қалб саховати ва юрак тозалигининг нишонасидир.

    Саховат — набийлар ва расулларнинг ахлоқидан бири бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада ҳаммадан пешқадам эдилар. Ахир қуйидаги сўзларни айтган у зот эмасми?!

    «Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини сийласин. Меҳмонни сийлаш ҳаққи бир кеча-ю, бир кундуздир. Меҳмондорчилик уч кундир. Ундан кейингилари садақадир. Мезбонга оғирлак бўлгунича қадар қолиш, меҳмон учун ҳалол эмасдир» (Имом Бухорий ривояти).

    Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, тоғлар, чўллар, Ҳижоз ва Араб ярим ороли , ҳатто, бутун дунё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби олий ахлоқли ва олижаноб биронтасини кўрмади. Ҳурматли китобхон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг — ота-онам унга фидо бўлсин — ўта муҳим ҳолатларидан бирини кўриш учун тайёр бўлинг!

    Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу деди: «Бир хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мато келтириб: «Буни сизга кийдираман деб ўз қўлларим билан тўқидим» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга муҳтож бўлган ҳолларида олдилар. Бизнинг олдимизга уни лунги шаклида ўраб чиқдилар. Бир одам: «Бу жуда ҳам чиройли экан. Уни менга беринг» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Майли» — дедилар ва бир оз ўтиргач уйига қайтдилар, матони тахлаб, уни ҳалиги одамга жўнатдилар. Саҳобалар у одамга: «Яхши иш қилмадинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳтож бўлганлари учун кийган эдилар, сен бўлсанг уни сўраб ўтирибсан, биласанки ул зот сўраган одамнинг қўлини бўш қайтармайдилар» — дедилар. У одам: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, мен у кийимни кийиш учун эмас, кафанлик қилиш учун сўрадим» — деди. Саҳл айтади: Ҳақиқатан ҳам, у кийим ўша одамга кафан қилинди» (Имом Бухорий ривояти).

    Сиз Аллоҳ таоло саралаб олган ва ўзи тарбиялаган ва намуна қилган зотнинг хулқидан ҳайратланманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саховат бобида ҳайратомуз ишларни қилдилар. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим, бердилар. Яна сўрадим, бердилар. Яна сўрадим, бердилар кейин: «Эй Ҳаким, бу мол яшнаган ва шириндир! Уни қалб саховати билан олган одамга баракали қилинади. Нафс очкўзлиги билан олган кишига эса баракали қилинмайди. Унинг мисоли ейдию бироқ, тўймайдиган одамга ўхшайди. Юқори қўл қуйи қўлдан яхшироқдир..» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

    Жобир розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон нарса сўралса, ҳеч қачон «Йўқ» – деб айтмадилар» (Имом Бухорий ривояти:6034).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидаги мисли кўрилмаган бу саховат ва олийжаноблик билан бирга, ул зотнинг қалбларидаги самимийлик, содиқ муҳаббат ва чиройли муомаларининг ҳам мисли йўқ эди. Ул зотнинг бирга ўтирган ҳар бир кишига табассум қилиш ва яқин тутиш одатлари бор эди. Бу билан ҳар ким ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг севимли кишиман деб ўйлар эди.

    Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу деди: «Исломни қабул қилганимдан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айрилсам ёки у зотга дуч келсам, доимо таббасум билан кутиб олар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

    Шоҳидларнинг сифатида сиз учун кифоя ва ибрат бордир.

    Абдуллоҳ ибн Ҳорис: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра сертабассум бошқа бировни кўрмадим» — деди Имом Термизий ривояти.

    Севимли дўстим, сиз бундан нега ҳайратланасиз? Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дўстингиз юзига қилган табассумингиз — садақадир» — деган бўлсалар! (Имом Термизий ривояти).

    Хизматкори Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдаги сифатларни шундай тарифладики, у сифатлар бир одамда эмас- ҳатто бир неча одамда ҳам жам бўлмайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўта илтифотли зот эдилар. Эҳтиёжини сўраган ҳар бир одамга қулоқ солар, у одам бурилиб кетмагунича ўгирилмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини олмоқчи бўлган ҳар кимсага қўлларини узатар, қўл берган одам қўлини бўшатмагунича қўлларини тортиб олмас эдилар.» (Абу Нуайм «Далоил» китобида нақл қилди).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳсонли ва хушмуомала мезбон бўлишларига қарамай, гуноҳ ишларни кўриб қолсалар қайтарар ва унинг бўлишига рози бўлмас эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг қўлида тилло узукни кўриб қолдилар, уни (унинг бармоқларидан) чиқариб отиб юбордилар ва: «Сизлардан бирингиз жаҳаннам чўғини олиб, уни бармоғига тақиб оладимия?!» — дедилар» (Имом Муслим ривояти).

    Болаларга шафқат

    Тошбағир инсонлар меҳрибонликни билмайди. Уларнинг қалбида меҳрнинг асари ҳам йўқдир. Улар қаттиқ тошга ўхшаб, на бера оладилар ва на ола оладилар. Улар энг оддий инсоний туйғу ва ҳиссиётлардан ҳам маҳрумдирлар. Аммо Аллоҳ таоло юмшоқ қалб ва жўшган меҳр берган кимсалар — намунали ва меҳрибон қалб соҳибидирлар-ки, уларни раҳмат ўраб, туйғулар ҳаракатлантиради.

    Анас розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳимни қўлларига олиб ўпдилар ва ҳидладилар» (Имом Бухорий ривояти).

    Бу меҳр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқинларигагина хос эмас, балки, барча мусулмонларнинг фарзандлари учун эди.

    Жаъфар розияллоҳу анҳунинг хотини Асмо бинти Умайс шундай деди: «Менинг олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кирдилар ва Жаъфарнинг болаларини чақирдилар. Мен ул зотнинг (уларни бағирларига босиб), ҳидлар ва кўзларидан ёш қуйилар эди. Мен: «Жаъфарга бирон нарса бўлдими?» —деб сўрасам: «Ҳа у буган ҳалок бўлди» — дедилар. Барчамиз йиғлай бошладик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтиб кетдилар ва аҳлига: «Жаъфар хонадонига таом тайёрланглар, чунки, уларнинг бошига машғул қиладиган нарса келди» — дедилар» (Ибн Саъд, Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).

    Болаларининг ўлими сабабли кўз ёшлари келган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, бу нимаси?» деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу — Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига қўйган раҳм-шафқатдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ бандалари ичидан раҳмлиларигагина раҳм қилади» — дедилар (Имом Бухорий ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзлари ўғиллари Иброҳимнинг вафоти сабабли ёш тўкканида Абдуроҳман бин Авф розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, Сиз-а?!» —деб савол берганида: «Эй Авфнинг ўғли, бу — раҳматдир» — деб жавоб бердилар ва шуни қўшимча қилдилар: «Кўз ёш тўкади, қалб қайғуради, биз фақат Раббимизни рози қиладиган сўзларни айтамиз. Эй Иброҳим, биз сендан ажралганимиз учун қайғудамиз» (Имом Бухорий ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюк хулқи, намуна олиш ва у зотнинг изидан боришимизга чақирмоқда. Зеро, биз бу асрда болаларга бўлган шафқат ва уларни ўз мақомига қўйишни унутдик. Ахир улар эртанинг оталари, Умматнинг кишилари ва келажаги эмасми?! Биздаги жаҳолат, калтафаҳмлик ва кибр шу даражага етиб бордики, болаларнинг қалбларини очадиган калитни йўқотдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг калити эса қўли ва тилидадир. У зот болаларни севишлари, қадрлашлари ва уларни баланд мартабага қўйганларини кўрмадингизми?!

    Анас розияллоҳу анҳу болалар олдидан ўтар экан, уларга салом берар ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар эдилар» — дер эди (Бухорий ва Муслим ривояти).

    Табиийки, болаларни ўзига хос қийинчиликлари ва тўполонлари бўлар, бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни жеркимас, сўкмас ва уларга дашном бермас, балки, уларга хотиржамлик ва мулойимлик билан муомола қилар эдилар.

    Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига болаларни олиб келинар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ҳаққига дуо қилар эдилар. Бир болани олиб келганларида у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларини «хўл» қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сув олиб келишни буюрдилар ва у сувни «хўллик» устидан қуйдилар. Бироқ, «хўллик» ни (сиқиб) ювмадилар» (Имом Бухорий ривояти).

    Ҳурматли китобхон, сиз Пайғамбарнинг уйида ўтирар экансиз, болаларингизни эркалаш, ўғилларингиз билан ҳазиллашиш ва уларнинг кулгилари ва ширин сўзларини эшитиш хаёлингизга келмадими?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларнинг ҳаммасини қилар эдилар! Ота-онам Унга фидо бўлсин!

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ибн Алийга тилини чиқарар, бола уни қизиллигини кўриб кулар эди» («Ас–силсилатул-саҳиҳа», ҳадис: 70).

    Анас розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму саламанинг қизи Зайнабни эркалатар эканлар: «Зайнабча, Зайнабча» — деб бир неча марта такрорладилар» (ал-Аҳадисус-саҳиҳа»: 2141. «Саҳиҳул-Жомеъ»: 5052).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг болаларга бўлган шафқати шу даражада эдики, ибодат асносида қизлари Зайнабнинг қизи Умомани кўтариб намоз ўқир, сажда қилмоқчи бўлсалар, ерга кўяр эдилар» Бухорий ва Муслим ривояти.

    Маҳмуд ибн Рабиъ розияллоҳу анҳу деди: «Мен беш ёшда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳовлимиздаги қудуқдан челакда сув олиб, юзимга бир ховуч сепганларини хотирлайман» Бухорий ва Муслим ривояти.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катта-ю, кичикка таълим берар эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деди: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида эдим (менга) «Ҳой бола, мен сенга шу сўзларни ўргатаман: Аллоҳни ёдингда тут, сени сақлайди, Аллоҳни ёдингда тут, Уни олдингда кўрасан, (эҳтиёжингни) сўрасанг, Аллоҳдан сўра, ёрдам сўрасанг Аллоҳдан сўра!» Имом Термизий ривояти.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак шамоиллари ва уфурган сийратларининг баъзиси билан яшагандан сўнг, шояд биз ҳам улар билан қалбларни тирилтирсак ва улар ортидан юриб ҳаётда бир из қолдирсак. Шундагина уйларимиз оталар муҳаббати, оналар шафқати ва жажжи қалбларига сурур киритишга муҳтож бўлган болалар билан гуллаб, яшнайди. Натижада, кичкинтойлар руҳияти мутаносиб, ахлоқи гўзал бўлиб етишадилар-да, Умматга мард кишилар каби йўлбошчилик қиладилар. Унутмангки, уларнинг Аллоҳнинг тавфиқидан сўнг, оталар ва оналаргина ярата оладилар!!

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962